Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад ал-Ҳусайний ал-Алавий ал-Бухорий (вафоти — 1697 йил) ал-Мавлавий лақаби билан машҳур бўлган олим XVII асрдаги Мовароуннаҳр мутафаккирларининг ёрқин намояндаларидан биридир. У ўз ижодида ёлғиз фалсафага оид билимнигина эмас, балки тарих, шеърият, ҳуқуқ, тилшунослик каби соҳаларни ҳам қамраб олган. Унинг бизгача йигирмадан ортиқ асари етиб келган ва улардан “Ар-рисола ад-давриййа” (“Даврийлик ҳақидаги рисола”) асари Бухорода ёзилган. Битилган йили номаълум. Қўлёзмасининг бир нечта нусхалари мавжуд. Шулардан бири “Рисолату истилзами давр мин тасалсул” (“Даврийликнинг муттасилликка зарурий тобеълиги ҳақида”) рисоласидир.
Рисола ниҳоялик ва бениҳоялик масалаларига бағишланган. Муаллиф бу масалани юқорига юксалувчи айланма ҳаракат кўринишида ҳал қилади. Олимнинг тасаввурича “юқорида турувчи” ва “қуйида турувчи” деган босқичлар мавжуддир.
Изчиллик занжиридаги юксалувчи айланма босқичларнинг узлуксиз қайтарилиши муаллифнинг фикрича, чексизликка олиб келади. Шундай қилиб, узлуксиз юксалиш занжирининг шарти доиравий изчиллик билан боғланган ниҳоялик босқичларнинг чексиз қатори ҳисобланади. Муаллиф бу билан қаноатланмайди. У ўз салафлари билан юқорида турувчи босқичнинг қуйида турувчи босқичдан сифат ўзгаришлари ҳақида ғойибдан мунозара қилади.
Унинг яна бир асари “Такаммул ат-татимма” (“Такмилнинг тўлдирилиши”). Асар Юсуф Қорабоғийнинг “Татимматул ҳавоши фи изолатил ҳавоши” (“Ноаниқликларни тузатишда ҳошияларнинг якунланиши”) номли фалсафий асарига тўлдириш, шарҳ тарзида ёзилган.
Муҳаммад Бухорийнинг фалсафий асарлари сирасига Шарқда машҳур бўлган асарларга битилган ҳошиялар ҳам киради. Булардан бири “Ҳошиятун ала шарҳил ақоид ал-адудиййа” (“Адудиййа ақидалари шарҳига ҳошия”) асарига ёзилган ҳошиядир. Асл рисола муаллифи Адудиддин ал-Иджий номи билан танилган Адуд ал-миллат вад дин Абдурраҳмон ибн Аҳмад ибн Абдулғаффор ас-Сиддиқий ал-Мутаразий аш-Шибанкорийдир. Сунний мазҳабдаги диний ақидалар ҳақидаги бу рисола муаллиф ўлимидан икки ҳафта олдин ҳижрий 13 рамазон 756 (1355 йил, 21 сентябр) йилда ёзилган.
Кейинги асрларда кўплаб муаллифлар унга шарҳ битганлар. Булар орасида XV асрнинг машҳур файласуфи Жалолиддин Даввонийнинг шарҳи диққатга сазовордир. Ана шу шарҳга Муҳаммад Бухорий ҳошия битган. Бу асар икки бобдан иборат: Даввоний шарҳига эски изоҳ, янги изоҳ. Иккала боб муаллиф томонидан ҳаётининг икки босқичида яратилган қўлёзма нусхадан кўчирилган. Шу номда кўрсатилгандан ташқари яна икки нусхаси мавжуд. Қадимги нусхалари сақланмаган. Бизгача XIX асрнинг 80-йилларида кўчирилган нусхалари етиб келган.
“Ҳошияи Мавлавий Шариф бар шарҳи таҳзиб” (“Мавлавий Шарифнинг таҳзиб шарҳига ҳошияси”)нинг тўлиқ номи “Мантиқ ва каломнинг тузатилиши” бўлиб, қарийб барча манбаларда у қисқа тарзда “Тузатилиш” (“Таҳзиб”) деб берилади.
Рисола муаллифи ўрта аср Шарқида машҳур бўлган самарқандлик олим — мантиқ илмининг билимдони Саъдуддин Тафтазонийдир. Бу асар Мовароуннаҳр ва бошқа ўлкаларда ҳам маълум бўлган, унга олимлар XIX асрга қадар қатор шарҳ ва изоҳлар ёзганлар. Кейинчалик XX аср аввалларигача рисолага шарҳ ва изоҳлар тошбосмада нашр этилган.
Муаллифнинг ижтимоий-ахлоқий фикрларга бағишланган асари “Китоби фавоиди хоқониййа” (“Хоқонга фойдали маслаҳатлар китоби”) деб аталади. Асарда ижтимоий ҳаёт ва ахлокий муаммоларга оид аниқ маълумотлар ёритилган. Рисоланинг “Ҳукмронлик ва шариатга биноан у билан боғлиқ ҳамма нарсалар ҳақида” деган боби қулдорнинг фазилатларига оид сўзлар билан бошланади: “Халиф мусулмон бўлмоғи керак, оқил, балоғат ёшига етган, нутқ, кўриш ва эшитиш қобилияти бўлмоғи лозим. У шариат кўрсатмаларини бажара билиши зарур, ислом давлати ҳудудларини ғайридин ва босқинчилардан асраши, мазлумларни зулм ва ёвузлиқдан ҳимоя қилиши даркор. Агар Халиф ана шу сифатларга эга ва яна хушфеъл бўлса, у вақтда ҳукмронликка лойиқдир”.
Учинчи қисм Халифнинг одиллиги ҳақида бўлиб, жумладан муаллиф бундай деб ёзади: “Подшоҳлик қилишда адолат эзгулик саналади”.
Тўртинчи қисм исёнкорлар ҳақида. Муаллиф уларни шундай таърифлайди: “Қуръон ва пайғамбар ҳадислари асосида ҳукмронлик қилаётган одил мусулмон шоҳ билан ҳақиқат талашиш исёнкорлик ҳисобланади”.
Олтинчи қисм солиқ, тўловлар солиш ва улардан шоҳнинг фойдаланиши ҳақидадир. Жамиятнинг солиқ тузуми ҳақида қимматли маълумотлар бергани учун бу қисм ғоят аҳамиятлидир. Жазолар ҳақидаги қисмда муаллиф фаҳш ишлар билан шуғулланиш, май ичиш, ҳақорат қилиш ва ҳоказоларда айбланганларга қарши жазо белгилаш тўғрисида сўзлайди.
Файласуфнинг шеърий девони ҳам мавжуд. Унда шоирнинг адабий мероси тўпланган. Девон турли котиблар томонидан XX асрга қадар кўчирилиб келинган. Бу ҳол Бухорий шеъриятига Мовароун-наҳрнинг йирик шаҳарларида катга қизиқиш билан қаралганидан далолат беради. Девонни тадқиқ этиш бир жиҳатдан олим дунёқарашини ўрганишга ёрдам берса, иккинчи тарафдан адабиётимиз тарихини бойитади.
Муҳаммад Бухорийнинг араб тилшунослигига оид асари “Ҳошияи Мавлавий Шариф бар фавоиди Зиёиййа” (“Мавлавий Шарифнинг Зиёий фойдаларга изоҳи”) деб аталади. Изоҳлар “Ал-Кофия” номли Ибн ал-Ҳожиб қаламига мансуб бўлган грамматика ҳақидаги асар шарҳига битилгандир. Шарҳ муаллифи машҳур шоир ва олим Абдураҳмон Жомийдир. Шарҳ Жомийнинг ўғли Зиёвуддин Юсуф учун 1491 йилда тузилган ва ўша давр мадрасаларида дарслик сифатида қўлланилган. Оддий халқ орасида “Шарҳи мулло” номи билан маълум бўлган. Шундай қилиб, Муҳаммад Шариф Бухорий ўтмишда яшаб ижод этган ёрқин сиймолардан биридир. Олимнинг асарларида дин, шариат, фиқҳ, илоҳиёт, тасаввуфнинг муҳим жиҳатлари ёритиб берилган. Муҳаммад Шариф Бухорий меросини ўрганиш фалсафамиз тарихини тадқиқ этиш соҳасидаги илк қадамдир.
фал. ф.д. М. Нуриддинов