Халифа ал-Маъмун даврида Бағдод ва Дамашқда фаолият кўрсатган йирик астроном ва математиклардан бири — ал-Аббос ибн Саъид ал-Жавҳарий аслида Фороб шаҳри (ҳозирда Гавҳартепа)да дунёга келган. Унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар сақланмаган. Ал-Жавҳарийнинг 830-йиллар атрофида Маъмун академиясидаги астрономик кузатишларда иштирок этганлиги инобатга олиниб, уни IX асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган деган хулосага келинган.
Ўрта acp Шарқ халқлари фани ва маданияти тарихига оид илк библиографик acap «Китаб ал-Фихрист»нинг муаллифи Ибн ан-Надим юнон олими Евклиднинг «Негизлар» («ал-Усул») номли китоби ҳақида гапирар экан, унга ёзилган шарҳлардан бирини ал-Жавҳарий битган, деб маълумот беради[1].
Ал-Жавҳарийнинг фаолияти ҳақидаги асосий маълумотлар Ибн ал-Қифтийнинг машҳур «Олимларни ҳакимлар ҳақидаги маълумотлар билан таништириш» («Ихбар ал-улама би ахбар ал-ҳукама») китобида сақланиб қолган. Унда шундай дейилади: «Ал-Аббос ибн Саъид ал-Жавҳарий мунажжим бўлиб, у астрономия ва астрономик ҳисобларда моҳир мутахассис ҳисобланган. (Шу билан бирга) у астрономик жиҳозлардан фойдаланишда ҳам ноёб истеъдод соҳибидир: У халифа ал-Маъмунга ҳамроҳ бўлган ва ал-Маъмун уни Боғдодда аш-Шамосия минтақасидаги тажриба ишларига масъул олимлар билан астрономик кузатишларни олиб боришга ундади. Ал-Жавҳарий баъзи сайёралар, Қуёш ва Ойнинг ўрнини аниқлаган. Натижада ушбу соҳа ахллари орасида машҳур бўлган ўз зижини ярата олди. Унинг ўзи ва ҳамкасблари — Санад ибн Али, Холид ибн Абд ал-Малик ал-Марваррудий, Яҳё ибн Абу Мансурлар мусулмон дунёсида биринчи бўлиб астрономик кузатиш ва тажрибалар олиб борган шахслардан бўлган.
Ал-Жавҳарий қуйидаги асарларнинг муаллифидир: «Зиж китоби», «Евклид китобига шарҳ» («Китаб тафсир китаб Уқлидис»), «Евклиднинг «Негизлар» асарининг биринчи китобига у (ал-Жавҳарий) қўшган шакллар» («Китоб ал-ашкал аллати задаҳа фи-л-мақала ал-увла мин Укдидис»)[2]. Ибн ал-Надим ва Ибн ал-Қифтийларнинг ал-Жавҳарий ҳақидаги юқоридаги маълумотларини XVII acp турк библиографи Ҳожи Халифа acoсан ўзгаришсиз қайтаради.
Ал-Жавҳарий ўз давридаги бошқа етук астрономлар билан ҳамкорликда халифа ал-Маъмуннинг топшириғига биноан режалаштирилган «ал-Маъмуннинг текширилган зижи»ни ёзишда фаол иштирок этган. У Бағдоддан ташқари, Дамашқ шаҳридаги астрономик кузатишларда қатнашиб астрономиядан ташқари математикада ҳам катта натижаларга эришди. Унинг Евклиднинг «Негизлар» китобига ёзган шарҳи ва бу асарнинг биринчи китобига қўшган шакллари, параллел чизиқлар ҳақидаги ғоялари олимни геометрия соҳасида ҳам чуқур билимлар соҳиби бўлганидан далолат беради. Бундан ташқари, ал-Жавҳарий «Heгизлар» китобини ислоҳ қилиш» («Ислаҳли китаб ал-Усул») асарининг ҳам муаллифидир. Мазкур acap бизгача етиб келмаган бўлса-да, унинг мазмуни ҳақидаги тўлиқ маълумотлар XIII асрда яшаган қомусий олим Насириддин Тусийнинг «Параллел чизиқлар ҳақидаги шубҳаларни даволаш» («ар-Рисола аш-шафиййа ан шакк фи-л-хутут ал-мутавазиййа») рисоласида баён этилади. Ал-Жавҳарий ўзининг бу китобида Евклиднинг «Негизлар» асаридаги V постулатни исботлашга ҳаракат қилади. Маълумки, «Негизлар» асарининг бу қисмида параллел чизиқлар ҳақида мулоҳазалар юритилади. Бу мавзу устида бош қотирган ал-Жавҳарий бурчак ичида жойлашган ҳар қандай нуқтадан бурчакнинг икки тарафини бирлаштирувчи чизиқ чизиш мумкин, деган хулосага келади. Муаллиф қўллаган параллел чизиқяар назарияси шуниси билан аҳамиятлики, ундан 1800 йили франциялик геометрияшунос олим А. М. Лежандр V постулатни исботлашда фойдаланган[3].
Ал- Жавҳарийнинг юқорида санаб ўтилган асарларидан ташқари яна икки acap ёзганлигидан далолат берувчи қўлёзмалар сақланган. Улардан биринчиси, «Евклиднинг «Негизлар» асарининг бешинчи китобига қўшимчалар» («Зийадат фил-мақала ал-ҳамиса мин китаб Уқлидис») номи билан аталиб, у ҳозирда Америка, Туркия, Эрон, Тунис ва Ҳиндистон кутубхоналарида мавжуд. Иккинчи, «Қуёшнинг ер марказидан узоқлигини аниқлаш» («Рисола фи маърифат буъд аш-шамс ан-марказ ал-ард») рисоласи ягона нусхада Байрутда сақланмоқда.
т.ф.н. Б. Абдуҳалимов
[1] Ибн ан-Надим. Китоб ал-Фихрист. Байрут, 1988, 327-бет.
[2] Ибн ал-Қифтий. Ихбор ал-улама би ахбар ал-Ҳукама. Қоҳира, 1908, 148-бет.
[3] Юшкевич А. П. История математики в средние века. М., 1961, С. 268.