Босқинчиларга қарши муҳорибасининг энг чўққиси ва шафқатсизи — Синд дарёсининг Нилоб кечуви яқинида толеъ унга бир кулиб боққанди. Жасорат билан душманнинг темирдан ҳам мустаҳкам мудофаасини ёриб борди, Чингизхонга қилич сирпаб, белига арқон ташлаб, судраб жўнади. Фақат қисмат қиличи арқонни кесиб юборди, Чингизхон омон қолди. Лекин босқинчи ғолиб бўлгач, шафқатсиз қасос олди…
Туронзамин бағрида кўплаб буюк зотлар вояга етган. Хусусан, Султон Жалолиддин ва Амир Темур ҳақида ўйлаганда, кишининг кўз олдидан ҳаётнинг турли ҳикматлари кинолентадай ўтаверади. Зеро, бу икки инсон таржимаи ҳолида тирикликнинг жами синоатлари, одам боласи кечириши мумкин бўлган барча кушойиш ва оройишлар, табиатда мавжуд, илмий тилда гомосипиенс деб аталувчи энг мукаммал икки оёқли жонзотнинг нималарга чидаши-ю, нималарга қодирлиги, хуллас, ер юлдузининг нол нуқтасидан чексизликкача бўлган ўлчами мужассамлашган десак, хато бўлмайди. Шубҳасиз, бундай теран мазмунни, худди таёқнинг икки учини бир қўлда ушлаб бўлмаганидек, ягона қамровда тутиб бўлмайди. Бинобарин, аслида ҳам шундай, бу икки шавкатли аждодимиз ҳақида неча юз йиллардан буён неча юз саҳифали тарихлар ёзиб келинмоқда. Бизнинг бу саъй-ҳаракатимиз эса Турон осмонининг мазкур икки ёруғ юлдузини ёнма-ён тасаввур қилиб, улар ҳаётидаги муштарак жиҳатларни таққослаб, шу орқали зеҳнимизни ёритиш, унутилаёзган ва ҳамон ғуборлардан тўлиқ покланмаган қадриятларимизни ёдга олиб, бугун дунёга “Мустақил Ўзбекистон” номи билан дадил танилаётган юртнинг ўтмиши ҳам, тарихи ҳам, демак, келажаги ҳам ягоналиги, яхлитлигини яна бир бора эсга солишдир. Озод юртимиз туғросида акс этган Ҳумо тимсоли эртаклардаги афсонавий қушдан олинмаган, балки унинг қалби, ўнг ва чап қанотлари аждодлар тарихининг чиғириқдан ўтган чўнг мазмунини ифодалаб турибди.
Гўдакликдаги номлари Жалолиддин (бобоси Жалолиддин Отсиз шарафига) ва Темур (Қуръони каримдаги «Мулк» сураси 16-оятдан) бўлган боболаримизнинг туғилиш санасида 138 йил фарқ бор. Жалолиддин Урганчда дунёга келди, унинг отаси Аловиддин Муҳаммад 1077 йилдан ҳукмдорлик қилиб келаётган Хоразмшоҳларнинг еттинчи вакили эди. Онаси Ойчечак қайнотаси, ўша пайтда тахт соҳиби (1193–1220) Аловиддин Текиш истагига мос равишда тўнғич набирани ҳадя этганди. Шаҳрисабзда таваллуд топган Темурнинг отаси Муҳаммад Тарағай улуснинг обрўли бекларидан бўлиб, диндор ва маърифатли киши эди. Онаси Тегинабегим Моҳ Бухоро шариат қозиси Убайдуллоҳ Маҳмуд ал-Маҳбубийнинг қизи эди. Жалолиддиннинг туғилишини табриклаб, шайх Нажмиддин Кубро дуолар қилган бўлса, Темурга шайх Шамсиддин Кулол исм қўйиб, ёруғ иқбол тилаганди.
Даврининг нуфузли, баланд мартабали оилаларида кўз очган шаҳзода ва бекзода болалик ва ўсмирлик йилларини тўкис муҳитда ўтказганлари, замонасининг таниқли кишиларидан сабоқ олиб, ҳарб илмида ҳам, маърифатда ҳам баркамол даражага етганлари тарих китобларида ишончли қайд этилган. Улар тийнатидаги жисмоний устунлик қилич чопиш, найза улоқтириш, мерганлик сингари жанговар машғулотларда тенгсиз бўлишларини таъминлаган, уларнинг зуваласида аввал бошиданоқ буюк саркардалик салоҳияти камол топаётган эди. Ишончли манбаларда Жалолиддин ҳам, Темур ҳам икки қўлда икки қилич билан баравар чопишгани, бундай маҳорат камдан-кам ҳарбийларга насиб этиши таъкидлаб ўтилган.
Улар улғайиб, сафга киргач, замоннинг оғриқли саволларига рўпара келдилар. Бири издиҳом (бу шароитни юмшоққина қилиб“маърака” ҳам деб аташ мумкин)нинг бошида турди, ва, ниҳоят, кейингиси босиб келган тун зулматини парчалаб, Ватанни озодликка олиб чиқди — Султон Жалолиддин бошлаган оламшумул юмушни Амир Темур охирига етказди.
Султон Жалолиддин тарих саҳнасига чиққанда Шарқдан қўзғалган бало чумоли галаларидек Хоразмшоҳлар салтанатини пайҳон қилиб келар, бу буҳронни тўхтатадиган куч майдонда йўқ, шон-шуҳратдан боши айланган ҳукмдорлар жиловни қўлдан қочирган эди. Жалолиддин тақдирнинг барча зарбаларига чидаб, ҳам ички ёв билан, ҳам ташқи душман билан муросасиз курашди. Босқинчиларга қарши муҳорибасининг энг чўққиси ва шафқатсизи — Синд дарёсининг Нилоб кечуви яқинида толеъ унга бир кулиб боққанди. Жасорат билан душманнинг темирдан ҳам мустаҳкам мудофаасини ёриб борди, Чингизхонга қилич сирпаб, белига арқон ташлаб, судраб жўнади. Фақат қисмат қиличи арқонни кесиб юборди, Чингизхон омон қолди. Лекин босқинчи ғолиб бўлгач, шафқатсиз қасос олди…
Амир Темур камолга етган паллада Чингизийлар авлодидан бошлиқлар ўзгарган, бироқ зулм, истибдод бурунгидай қолган, балки баттар кучайган эди. Ўша пайтда Мовароуннаҳрни идора қилиб турган Туғлуқ Темур Чиғатой улусини бошқарган Чингизхоннинг олтинчи авлоди эди. Темур вазиятни чамалаб, фурсат келишини кутиб, унинг хизматига боради. Худди шу йили у Жалолиддин сўнгги бор Чингизхон билан тўқнашган ва дарёдан ўтиб кетган ёшда эди. Тарихдаги эврилишни қарангки, ёвга қарши бир қасоскор ўйиндан чиқди ва орадан 138 йил ўтиб, ўша ёшда яна ўша завол топган мақсадини байроқ қилиб, қасос ўти билан пайдо бўлди. Бу тасодифларда қандайдир ички мантиқ борга ўхшайди ва у ўз ҳақиқати билан Султон Жалолиддин ва Амир Темурнинг ягона воқелик эканини, ягона халқ армонларининг ибтидоси ва интиҳоси — зулмга қарши курашнинг бошланиши ва охирга етказилишидаги икки нуқталигини тасдиқлаб турибди. Ҳақиқатан, Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг юзага келиши қоронғулик тугаб, ёруғлик бошлангани аломати эди. Султон Жалолиддин вафот этганига 138 йил тўлгач, Амир Темур унинг орзусини рўёбга чиқарди. Мовароуннаҳрда туркийлар давлатини тиклади (1370 йил).
Ҳақиқатан, Соҳибқирон Амир Темур, кейинчалик Темурийлар ҳукмронлиги даври миллатнинг, ватаннинг барча орзулари амалга ошган йиллар бўлганини бугунги хулосалар ҳам тасдиқлайди. Шунингдек, бу давр мўғуллар истилоси туфайли узилиб қолган ва яна тикланган (бугунги истилоҳ билан айтганда) ўзбек давлатчилигининг қад ростлаши ва изчил давом этиши даври бўлди. Амир Темур бир пайтлар Хоразмшоҳларнинг ҳам пойтахти бўлган Самарқандни ўз давлатининг маркази сифатида танлади. Соҳибқирон салтанати даврида Хоразм воҳасининг мавқеи юксалди, юрт обод бўлиб, гуллаб-яшнади. Амир Темурнинг бу ҳудудга алоҳида эътиборини шундан ҳам билса бўладики, Хоразм тўғридан-тўғри марказий бошқарувга қараган ва хазинадан маблағ ажратилганда пойтахт билан тенг мавқеда турган. Хоразм маликаси Хонзодахонимнинг тўнғич келин сифатида танланишида ҳам айрича меҳр уфуриб турибди.
Айни шу ўринда фикрдаги бир стереотипга муносабат билдириб кетишга тўғри келади. Кўпчилик Амир Темур Кўҳна Урганч қалъасини вайрон қилган, деган фикрга ортиқча урғу беради. Бугунги маълумот даражасида мазкур қарашга батафсил изоҳ бериш мумкин (негаки, тарихимизда оқ доғлар бўлмаслиги лозим)!
Маълумки, Амир Темур Самарқанд тахтига ўтирганда Хоразмда Сўфийлар авлоди ҳукмронлик қиларди. Улар мўғулларни худосидек кўрар, уларга сажда қиларди. Шу кайфият таъсирида кўп қутқуларни юзага келтирдилар, Амир Темур беш марта Хоразмга келиб, музокаралар олиб борди, лекин улар бузғунчиликларни авж олдиравердилар. Ана шундай шароитда қатъий чора кўрмасликнинг иложи йўқ эди. Қолаверса, Кўҳна Урганч қалъасининг бузилиши Соҳибқироннинг суронли юришлари масштабига солиб кўрилса, оддий воқеа бўлиб қолади. 1367 йилда Қарши, 1370 йилда Балх қалъаларига ҳам ҳарбий мақсад нуқтаи назаридан зарба урилган эди. Кўҳна Урганч қалъаси орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, аҳвол ўнглангач, олдингисидан ҳам баланд ва мустаҳкам қилиб қайта тикланган. Бу воқеага урғу бериб кўпиртирилишининг сабабини қидириб, узоққа бориб ўтириш шарт эмас. Бу иғвони шўро мафкурачилари ўйлаб топган ва халқни бўлиб ташлашнинг бир усули сифатида қўллаган. Аслида ким Султон Жалолиддинни ҳурмат қилса, Амир Темурни ҳам яхши кўради, негаки, бу икки улуғ зот бир-бирини тўлдирадиган, бир-биридан ажралмайдиган ҳодисадир.
Ҳақиқатан, қарийб бир ярим аср давом этган мўғуллар истилоси ва босқинчиларга қарши эрк кураши тарихини чамалаб кўрсак, йўллар бир неча ўринда кесишганини, лашкар бир кўприкдан бир неча марта ўтганини ҳис қилиш қийин эмас. Чунки топталган замин нажот кутар, унинг шер йигитлари майдонда от суриб, истибдоддан қутилиш йўлини излашарди. Гўёки улкан саҳнада ҳарбий ҳаракатлар давом этар, саҳна кўринишлари, томоша иштирокчилари ўзгариб турса-да, моҳият битта эди: Ватан озодлиги! Демак, ўз-ўзидан воқеаларнинг такрорланиши кузатилади. Султон Жалолиддиннинг изи қолган манзиллардан эрк истагида ёниб Амир Темур ҳам ўтган.
Мана, бир мисол.
Амир Темур Ҳиндистон сафари давомида (1398) Синд дарёси қирғоқларига яқинлашиб боради. Бу ҳақда тарихчи Шарафиддин Али Яздий шундай ёзади: “Соҳибқирон… Бонудин кўчуб, жумъа куни муҳаррам ойининг саккизинда (20.09) Синд суйига етиб тушди. Ва ўшул ердаким, Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ Чингиздин қочиб ўзини сувга ташлаб эрди, Чингизхон сувдин ўтмай қайтди, Соҳибқироннинг чодирини анда тиктилар”. Бу жой ўша таҳликали 1221 йил 23 ноябр куни Чингизхон аскарлари Жалолиддинга етиб олган ва муросасиз жанг бўлган Нилоб кечуви эди. Шу жойда уч кун ҳаёт-мамот кураши давом этади, кучлар тенг бўлмаган жангда Жалолиддин қўлга тушмай, дарёдан ўтиб кетади. Бу музаффар тарих, Чингизхондай тошюрак инсонни ҳам ҳайратга солган жасорат Амир Темурга маълум бўлмаслиги мумкин эмас эди. Узоқ аждоди, қолаверса, салафи (маслаги бир ўтмишдоши)нинг тақдирида ўчмас нуқта бўлиб қолган қирғоққа яқинлашар экан, Соҳибқирон бобомиз қандай кайфиятни кечирган, билмадик, лекин шу ўринда ўз дастхатини қолдиришга аҳд қилганини тарихчи шундай ифодалайди: “Ва ҳукм бўлдиким, “Синд суйиға кўфрук боғласунлар!” Бу қарор Жалолиддинга нажот берган сўқмоқдан авлодларга кенг йўл очилгани таъминланганига ишора эмасми?! “Ҳукм била Соҳибқироннинг черики икки кунда кўфрук боғладилар”. Лашкарга яна икки кун дам берилади, албатта, хотирлаш тадбирлари ўтказилгандир ва Соҳибқирон шу ерда бир қанча элчиларни қабул қилади. 24 сентябрда янги кўприкдан ўтиб, лашкар чўлга етиб боради. “Ва ул чўл асру йироқ чўл турур ва ани Жалолий чўли дерлар, ул сабабдинким, Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ Чингизхондин қутилиб, сувдин кечиб, бу чўлға кириб халос бўлди”, деб ёзилади Муҳаммад Али Бухорий таржима қилган “Зафарнома”да. Шунингдек, ҳазрат Соҳибқирон Ҳиндистондан қайтишда ҳам бу жойда тўхтаб (10 март), ўз ҳурматини изҳор этади: “Соҳибқирон келиб, кўфрукдин ўтуб, тушгача анда тушуб ўлтурди”.
Неча юз йиллар олдин воқе бўлган бу саъй-ҳаракатлар орадаги вақт масофасини енгиб, бизга сассиз-садосиз гўзал тарихни сўзлайди. Табиатида қаҳрамонлик ва жасоратни қадрлаш ҳисси бўлган, ўзи ҳам қаҳрамонлик ва жасоратда тенгсиз зот умрнинг шиддатли лаҳзаларига гувоҳ бўлган заминда туриб, балки ўтган кунларни, озодликнинг машаққатли йўлларини кўз олдидан ўтказгандир, балки ўз аждодининг аянчли қисматини эслаб, умр мазмунини тарозига қўйгандир, бироқ бир нарса аниқки, ўша лаҳзаларда Соҳибқироннинг тафаккурида ва тасаввурида Жалолиддин тимсоли пайдо бўлган, у билан хаёлан учрашган, балки бу дийдорлашув ўзаро рози-ризолик кайфиятида ўтгандир, балки Султон ўз халафи (ўринбосар янги авлоди) Амирга Турон заминининг шуҳратини янада юксалтириш йўлида ўз истакларини изҳор қилгандир… Нима бўлганда ҳам шундай руҳдаги мулоқот бўлиб ўтганига кишининг ишонгиси келади. Зеро, Амир Темур тузган салтанат теран илдизга асосланган эди, унда Тўмарис, Широқ, Спитамен, Муқанна сингари Туронзаминнинг шерюрак баҳодирлари орзу қилган эрк ва озодлик руҳи мужассам эди. Ана шундай руҳ амалда пароканда бўлиб кетган давлатнинг тимсолига айланган Султон Жалолиддинга ўн йиллар давомида куч бериб турди ва озодлик йўлида сўнгги нафасигача курашди. У 33 йил умр кўрди. Ўз мақсади йўлида қаттиқ жидду жаҳд қилган бўлса-да, унга толе кулиб боқмади. Балки Салжуқийлар билан зиддияти, ўз қондошлари билан тил топиша олмагани уни номурод этгандир. Соҳибқирон Амир Темур эса бу таҳликали кунларга чек қўя олди. Ватанни озод этиб, унда 35 йил музаффарона ҳукмронлик қилди, шу даврда 27 мамлакатни бирлаштириб, улкан салтанат яратди. Бобомиз асослаган давлат қарийб олти аср тарих саҳнасида собит турди.
Ҳа, Синд дарёси, ундаги Нилоб кечуви (гузари) икки буюк саркарданинг мангу хотирасига ўхшайди. Кейинчалик бу йўллардан Заҳириддин Муҳаммад Бобур юрди. Инсон болаларига кўп-да насиб этавермайдиган фазилат эгаси — Эрк ва Озодликка қалби ташна бўлган Бобур ўз истаги йўлида “Ҳинд сари юзланар” экан, бу юртнинг қай бир гўшаларида ёвқур ватандошларининг изи қолганини биларди. Ўзининг машҳур асари — “Бобурнома”да турли муносабат билан Синд дарёси (суйи)ни 15 ўринда қайд этиб ўтади: “Синд суйининг уч гузаридан ўтиб, бу йўллар била келурлар. Нилоб гузаридин ўтганлар”, “Синд суйини ёқалаб, сув қуйига боқа кўчулди”, “Қобул суви била Синд сувининг қотилишидин қуйироқ кўҳна Нилобдин юққорроқ…”, “Карк… Синд суви жангалларида… қалин бўлур” каби ва бир рубоий:
Юз шукр де, Бобурки, кариму ғаффор Берди сенга Синду Ҳинду мулки бисёр. Иссиқлиғига гар санга йўқтур тоқат, Совуқ юзини кўрай десанг Ғазни бор.Ҳам шукрона, ҳам изтироб ифодаланган бу рубоий Бобурнинг Ватан соғинчи ила ёзилган дардли шеърларидан бир намуна, Бобур ўз ижоди, ватанпарварлиги билан халқимизники, озод юртимизникидир. Бу ҳуқуқни бизга аждодларимиз минг йиллар оша орзу қилиб келган Мустақиллик хатлаб берди. Истиқлол кўплаб қадриятлар қатори халқимизнинг буюк фарзандлари қадрини жойига қўйди. Агар бир замонлар уларнинг номини тилга олиш ҳам тақиқланган бўлса, мустақил юртда уларга муҳташам ҳайкаллар тикланди. Юртбошимизнинг ташаббуси билан Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллиги, Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Бобур Мирзо таваллудининг 510 йиллиги халқаро доирада кенг нишонланди. Ватан озодлигидек буюк ҳикмат кўплаб шарафли аждодларимиз қатори тақдири бир-бирига анча ўхшаб кетадиган бу уч нафар бобомизнинг бошини ҳам бир жойга қовуштирди. Яна уларнинг чамбарчас барҳаёт руҳи озод юртимиз ҳудудларини ҳам ягона жисм сингари бирлаштириб турганга ўхшайди: агар Жалолиддин Мангуберди ғарбий ҳудудларимиз рамзи бўлса, Бобур Мирзо шахсида шарқий вилоятларимиз мужассамлашган, Соҳибқирон Амир Темур эса бу яхлит асарнинг қалбини ташкил этади.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).