Ушбу китоб муаллифи таниқли драматург, ёзувчи ва сценарист Эдвард Радзинский номи ва асарлари дунёга машҳур. У 1936 йил Москва шаҳрида туғилган. Э. Радзинский ўзини тарих ҳақида ёзадиган ёзувчи деб ҳисоблайди.
Унинг “Лунин ёки Жакнинг ўлими”, “Суқрот билан суҳбатлар”, “Нерон ва Сенека даври театри”, “Жаллод: гильотина томон йўл-йўлакай гурунглар” пьесалари, “Николай II: ҳаёти ва ўлими”, “Назокат асрининг ҳалокати”, “Распутин: ҳаёти ва ўлими”, “Наполеон: ўлимдан кейинги ҳаёт”, “Тарих жумбоқлари”, “Сталин”, “Зулмкор ва соя”, “Жаллод билан сайр”, “Империя ҳалокати” сингари илмий, бадиий ва тарихий-публицистик асарлари дунёнинг жуда кўплаб тилларига таржима қилинган. Айниқса, унинг тарих ҳақида мароқ билан ҳикоя қилувчи телевидение орқали чиқишлари катта шуҳрат қозонган.
Муаллифнинг “Қонсираган илоҳлар”[1] тарихий асари 1789 йил бўлиб ўтган ва тарихга Буюк француз инқилоби номи билан кирган ҳамда 1917 йил Россияда юз берган Октябрь инқилоби туфайли минг йиллик монархия ва империянинг емирилиш жараёнида содир бўлган ёвузликлар, беҳуда қон тўкишларни ҳокимият ва шахс, ғоя ва ахлоқ, ақл ва туйғу контекстида таҳлил ҳамда ҳикоя қилади. Француз якобинчилари (Буюк Француз инқилоби даврида сиёсий клуб. Инқилобнинг ўта радикал ва таъсир доираси кенг сиёсий кучларидан бири. Таржимон) ва рус большевикларининг инсон ҳаётига беписанд муносабати табиатини очиб беришга ҳаракат қилади. Россияда содир бўлган октябрь тўнтариши доҳийлари ҳар бир ишда якобинчиларни ўзларига устоз деб билганлиги, улардан андаза ва иқтибос олишганини тарихий фактлар асосида таҳлил қилади.
Муаллиф тарихий воқеаларни инсон тақдири, улар ўртасидаги муносабатлар ва эврилишлар орқали баён этади. Эдвард Радзинский “тарих ҳақида ёзадиган ёзувчи” сифатида тарихий воқеалар марказига инсон ва унинг ўй-хаёллари, изтироб ва ожизликлари, мақсад ва муддаоларини қўяди. Инсон тақдири ва фожиалари орқали давр ва жамиятнинг энг ўткир муаммоларини очиб беради.
Инқилоблар давлат, жамият, халқ ва алоҳида шахслар ҳаётини издан чиқариб, барбод этиши инсоният тарихидан яхши маълум. Асрлар давомида шаклланган давлатчилик анъаналари, халқ қадриятлари ва ижтимоий муносабатларни қадрсизлантириш инқилоб табиатига хос хусусият. Энг ёмони, инқилоб инсоннинг энг тийиқсиз туйғуларини жунбишга келтиради. Жамиятни, миллатни, оила ва одамларни кескин ва қарама-қарши томонларга бўлиб ташлайди. Одамлар онг-тафаккурини ўткинчи ғоя ва шиорлар билан заҳарлайди. Давлат ва жамият ривожини табиий ўзанидан чиқариб юборади. Инсон ҳаёти учун энг зарур товар ва хизматларнинг тақчиллиги ва танқислиги, масъулият ва жавобгарликнинг йўқолиши, оммавий тартибсизлик ва зўравонликлар инқилоб туғдирадиган дастлабки “фарзандлар”дир.
“Инқилобни амалга оширганлар, инқилобни бошқаролмай қолишганди. Биз инқилобнинг отасимиз, деб ўйлашарди улар.
Эслаб қолайлик: инқилобнинг отаси бўлмайди. Унинг фақат ночор ва нотавон фарзандлари бўлади холос.
Инқилобни бошлаш мумкин, лекин уни қандай якунлашни ҳеч ким билмайди?!” деб ёзади муаллиф.
Инқилобдан сўнг ғоялар кураши тўхтайди. Ҳокимият учун кураш бошланади. Ёлғон, нафрат, ўч олиш майдонга чиқади. Худди шу дамдан бошлаб инқилоб ўзи нима учун амалга оширилганлиги ҳамманинг эсидан чиқади. Зўравонлик ва террор бошланади.
Эшафотда (Ўлим жазоси ижро этиладиган тахта супа. Таржимон) туриб, ўлими олдидан куни кеча Миллий мажлиснинг раиси бўлган инқилобчи-жирондист Верньо ўлмас бир иборани айтади: “Худди илоҳ Сатурндек, Инқилоб ўз болаларини еб юборади”. Кейин эса уларни эшафотга жўнатган бошқа луғат барча буюк инқилобчиларга қарата: “ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ИЛОҲЛАР ҚОНСИРАГАН” сўзини қўшиб қўяди”.
Орадан бир муддат вақт ўтиб жирондистлар (Буюк француз инқилобини амалга оширган сиёсий кучлардан бири. Ташкилот етакчиларининг катта қисми Франциянинг Жиронда департаментидан депутат этиб сайланганлиги боис улар ўзларини “Жирондистлар” деб аташган. Таржимон)ни ўлимга йўллаган якобинчиларнинг ўзлари гильотина томон йўл олишади.
Инқилоб ана шу тариқа узлуксиз шармандали қон тўкиш билан давом этади.
Муаллиф инқилобни образли қилиб тантиқ, суюқоёқ ва ўжар аёл – Хонимга ўхшатади. Китобда ҳикоя қилинган воқеалардан келиб чиқиб бунинг ёнига Инқилоб – ўтакетган масъулиятсизликдир деган таърифни қўшиш мумкин.
Ҳудуди жиҳатидан дунёдаги энг катта мамлакат ва қудратли империя бўлган Россияда қонуний ҳокимиятни масъулиятсизлик ва зўравонлик билан ағдариб ташлаб – большевиклар энди нима иш қилиш кераклигини билмай бошлари қотган экан. Буни инқилоб доҳийларидан бири Каменевнинг қуйидаги фикри тасдиқлайди. Большевиклар Марказий Комитети Смольнийдаги хира ёритилган бир хонада турган стол атрофига йиғилишади. Каменев шундай дейди: “Ҳокимиятни олишдек аҳмоқликка йўл қўйдикми, демак, энди ҳукумат тузишимиз зарур”.
Бу – инқилоб туғдирган сиёсий масъулиятсизликка ёрқин мисол.
Давлат ва жамиятнинг тараққиёти тадрижий йўл асосига қурилиши зарурлиги, ҳар қандай инқилоб – у қандай эзгу мақсадлар ёки баландпарвоз шиорлар остида амалга оширлмасин, инсон ҳаётини табиий ўзанидан чиқариб юбориши, одамлар бошига сон-саноқсиз кулфатлар келтириши, ёвузлик ва адолатсизликка кенг йўл очиши китобнинг асосий хулосаларидандир.
Биз таржима жараёнида Эдвард Радзинскийнинг ўзига хос ҳикоя қилиш услубини сақлаб қолишга ҳаракат қилдик.
Таржимон
I ҚИСМ
Инқилобдан бир неча йил ўтиб, 1803 йил Жан-Франсуа де Лаграп вафот этди. У таниқли ёзувчи ва ёшлик чоғларида ашаддий даҳрийлиги билан ном чиқарганди. Инқилоб саросималарида бошидан кўп машаққатларни ўтказиб, динга қаттиқ ихлос ва эътиқод билан дунёдан кўз юмади. Ўлимидан сўнг унинг қоғозларининг ичидан бутун Европани қаттиқ ҳаяжонга солган бир сирли матнни топишади. Бу – унинг хотирномаси эди.
Лаграп инқилобдан бироз олдин бўлиб ўтган бир воқеани ёзганди. Катта бир амалдорнинг уйида жамиятнинг олиймақом ва энг муҳими, эркин фикрловчи (дарвоқе, ўша пайтда барча ўзини эркин фикр қучоғига отганди) инсонларидан – Академия аъзолари: Вольтернинг дўсти, машҳур олим маркиз Кондорсе, файласуф Шамфор, ўзининг либерал дунёқараш ва ғоялари билан маълум бўлган министр Мальзерб ва бошқалар жам бўлишади. Суҳбатда бир нечта гўзал хонимлар ҳам иштирок этади. Ўша пайтда гўзал аёллар нафақат энг замонавий урф-одатларга риоя қилишлари ва сўнгги расмда кийинишлари, шу билан бирга ақл-фаросатда ҳам бировдан кам бўлмасликлари керак эди… Шу боис улар ҳам суҳбатга қизғин киришиб кетадилар.
Суҳбат хизматкорлардан тортиб, герцоглар саройларигача – барча-барча гапириб юрган мавзуда эди. Улар дастлаб Вольтер, Дидро, Руссо, Монтескье ҳақида баҳс-мунозара юритишади. Ҳозир машҳур футболчилар одамлар орасида қандай эътиборга эга бўлсалар, юқоридаги номлар ўша пайтда худди шундай – ҳамманинг оғзида эди. Эътиборсиз ва нуфузсиз қиролнинг устидан кулиб, уни масхаралайдилар. Кейин суҳбат ўзани динга бориб тақалади. Бу мавзуда ҳам дилхушлик қилишади. Вольтернинг “суюқоёқ илоҳа” (ўшанда уни шундай аташарди) ҳақидаги “Бокира”сидан иқтибослар келтиришади, Дидронинг “Охирги попнинг ичаги ичра сўнгги подшони кўрамиз” деган сатрларини эслашади. Инқилобдан кейин Ақл-идрок Подшолиги ўрнатилади, дин минг йиллар сарқити сифатида буткул йўқолади, деб ишонч билан сўз юритишади. Кейин суҳбат шак-шубҳасиз содир бўладиган Инқилоб ҳақида кетади. Инқилоб албатта бўлади, аммо бизнинг ёшимиз ўтиб қолди, афсуски, Инқилоб туғдирадиган Ақл- идрок ҳукмронлигини кўриш бизга насиб этмайди, деб бироз хафа ҳам бўлишади…
Худди шу жойда суҳбатга Казот аралашади. Одамлар орасида жуда машҳур бўлиб кетган “Ошиқ бўлиб қолган шайтон” мистик романининг муаллифи сифатида унинг номи ҳамманинг тилида эди. Энг муҳими, гап бунда ҳам эмасди. У машъум башоратчи сифатида ном чиқарганди. “Ошиқ бўлиб қолган шайтон” асаридан кейин башоратли шарпалар унинг борлиғини қамраб олган, деган гаплар юрарди.
Казот шундай дейди: – Жаноблар, жудаям орзу қилаётганларингиз – буюк Инқилобни албатта кўришингизни айтиб, сизларни хурсанд қилмоқчиман… Бироқ Инқилобдан кейин сизларнинг барчангиз билан, аниқроқ айтганда, барчамиз билан нима ишлар содир бўлишини биласизларми?
Худди шу ўринда у бирдан жим бўлиб қолади.
– Нега тўхтаб қолдингиз? Олим учун башоратчини эшитиш жуда мароқли… – дейди кулимсираб маркиз Кондорсе.
Башоратчи бироз иккиланиб туриб ва ниҳоят яна тилга киради:
– Сиз, жаноб Кондорсе, ўз ҳаётингиз билан қамоқхонанинг тош ётқизилган полида видолашасиз. Орзиқиб кутаётган Ақл-идрок подшолиги даврида сиз ва сизга ўхшаган жуда кўпчилик ўзи билан заҳар олиб юради. Сиз жаллоднинг қўлига тушмаслик учун заҳар ичиб ўласиз. Жаноб Шамфор, сиз эса ўзингизни сўйиб ташлайсиз… Жаноб Мальзерб эса ўлимини эшафотда кутиб олади. Сиз… сиз… – у суҳбатда иштирок этаётган барча машҳур одамларни бир-бир санаб чиқади, – барчаларингиз эшафотга чиқасизлар!
Ҳамма жим қотиб қолади.
– Ваҳимангиз қуриб кетсин! Мана, сиёсат билан шуғулланишнинг оқибати! Биз аёллар сиёсат билан шуғулланмаслигимиз ва ожизалигимиз боис ҳеч нарсага жавоб бермаймиз ва шу жиҳатдан сиз, эркакларга қараганда анчайин бахтлимиз… – дейди кулимсираб ва эшитганларини ҳазилга бурмоқчи бўлади герцогиня де Граммон.
– …Хоним, аёл бўлганингиз – сизга ҳимоя воситаси бўла олмайди, – деб кескин қайириб ташлайди Казот. – Сиёсатга қанчалик кам дахлдор бўлманг, сизни ҳам эркаклар қисмати кутиб турибди. Сизни ҳам эшафотга олиб чиқишади. Сизни ҳам… сизни ҳам… сизни ҳам, – у даврада ўтирган барча гўзал хонимлар номини бирма-бир санайди.
Хонимлардан бири чидаб тура олмайди:
– Қандай қўрқинчли ва даҳшатли нарсаларни айтаяпсиз! Ўзи нима содир бўлади? Бизнинг гўзал мамлакатимизни варварлар босиб оладими?
– Йўқ, – деб жавоб беради Казот. – Барчамизни ўлимга жўнатадиган одамлар худди сизу биздек фалсафанинг шайдоларидир. Сизу биздек улар ҳам дин, озодлик ва Ақл-идрок ҳукмронлиги ҳақида суҳбат қуришади, нутқлар сўзлайдилар. Аммо шу билан бирга улар ўлдиришади, қатл қилишади, маҳв этишади!
– Умид қиламанки, мени янги каретамда қайғули ва охирги сафаримга жўнатишади! – дейди ҳали-ҳамон Казотнинг гапларини ҳазилга йўймоқчи бўлаётган герцогиня де Граммон.
– Карета дейсизми? Қўйсангиз-чи, бу гапни, герцогиня! – бўғиқ овозда жавоб беради Казот. – Ҳеч қанақа карета бўлмайди! Жаллоднинг араваси, ҳа, айнан арава сизларнинг барчангизни эшафотга олиб боради… Каретада эшафотга фақат У боради…
– Каретада эшафотга борадиган бахтиёр инсон ким?
– Франция Қироли! – жавоб беради Казот.
– Бу гап энди жуда қуюшқондан чиқиб кетди! – деб хитоб қилади мезбон.
Бироқ тиниб-тинчимас герцогиня гапини давом эттиради:
– Жаноб қайғу пайғамбари, нега ўз қисматингиз ҳақида ҳеч нарса демаяпсиз?
Казот бир муддат жим туриб, кейин шундай дейди:
– Мен фақат Қуддус шаҳри қамалини ёзиб қолдирган Иосиф Флавий сўзлари билан жавоб беришим мумкин: “Сионнинг кулфати – менинг кулфатим!” Мен ўзимни ҳам ўша эшафотда яққол кўриб турибман.
Шундан сўнг у одоб билан барчага таъзим қилади-да, чиқиб кетади.
* * *
Австрия маликаси Мария-Антуанетта – ўша пайтда яқинлашиб келаётган халқаро сиёсий тангликнинг сабабчиларидан бири – биз ҳикоя қилмоқчи бўлган тарихнинг қаҳрамонидир.
У 1755 йилнинг иккинчи ноябрида дунёга келган. Чақалоқни Португалия қироли ва қироличаси чўқинтириши лозим эди. Бироқ улар маросимга кела олмадилар. Чунки бир кун олдин, биринчи ноябрь куни Португалияда худди охирзамонни эслатувчи даҳшатли зилзила юз бериб, тўқсон мингдан зиёд одам ҳалок бўлади. Шундан буён Европада бунга ўхшаш воқеа содир бўлмаган.
Мария-Антуанетта кейинчалик қирол Людовик Ўн олтинчи деб аталган Франция тахти ворисига турмушга чиқади.
Никоҳ тўйи муносабати билан байрам тантаналари ва ажойиб мушакбозлик бўлиб ўтади. Ўша пайтда халқнинг севимли қироли бўлган (қирол бир сафар киноя билан: “Қизиқ, халқ менинг нимамни яхши кўриб қолдийкин?” деб сўраган) Людовик номига қўйилган майдонда минглаб одамлар тўпланади. Хотинларнинг “кўп қаватли” соч турмакларига петардлар ёғилиб, аёлларнинг сочи ёна бошлайди. Саросима ичида қолган оломон тум-тарақай бўлади. Орқа-олдига қарамасдан қочиб бораётган одамлар олдидан тупроқ билан кўмилмаган хандақлар чиқиб қолади – худди бизнинг Ходин[2] майдонимиздагидек.
Айнан Ходин майдонида бўлганидек бу ерда ҳам кўплаб одамлар ҳалок бўлади. Бу қонли воқеани худди Ходин воқеасидан кейин бўлганидек халқ орасида бостириб келаётган фалокатлар аломати деб атай бошлашди.
Аммо Людовик Ўн олтинчининг ўзи энг қайғули аломат эди.
Унинг ўтмишдошлари: “Қуёш қирол” деб аталган буюк қирол Людовик Ўн тўртинчи ва Казонова “Европанинг энг чиройли қироли” деб таърифлаган Людовик Ўн бешинчи эди.
Ана шундай жозибали инсонлардан сўнг хунук, бесўнақай ва қоринчаси осилиб тушган Людовик Ўн олтинчи тахтга келганди. Унда қироллар ва зодагонларга хос ҳеч қанақанги фазилат йўқ эди. У бор-йўғи хўппа семиз оддий буржуа эди холос.
Энг асосийси бу буржуа ўзини киши ғашини келтирадиган даражада тутади. У – хотинига садоқатли чиқиб қолди. Яна француз қироли эмиш!
Франция қироллари анъаналари бузилмасдир. Анъанага ҳурмат билан қараб, уни асраш лозим!
Баъзи бир тарихчилар француз қиролларининг ҳукмронлик қилган йилларини уларнинг маъшуқалари номи билан даврларга ажратишади. Ҳақиқатан ҳам гўзал маҳбубалар нафақат қироллар қалбига ҳукмронлик қилишган – улар бутун бошли бир даврларни бошқаришган.
Мисол учун қирол Людовик Ўн бешинчини олайлик. Бир қатор гўзал хонимлардан кейин бутун бир даврнинг маъшуқасига айланган мадам де Помпадур қирол қалбининг танҳо ҳукмрони эди. Бугун мода усуллари, атир-упалар, мебеллар бу соҳибжамол хоним номи билан аталади.
Урушда қақшатқич мағлубиятга учраб, Франция бўлғуси тақдири устида маҳзун ўйлар гирдобига ғарқ бўлган қиролнинг кўнглини кўтариш учун “Биздан кейин дунёни сув босмайдими”[3], деб юпатган ҳам мадам Помпадур бўлади.
Людовик Ўн олтинчи йигирма ёшида тахтга чиқади. Бу пайтда хотини ўн тўққиз ёшда эди. Яхши тарбия кўрган ва фазилат эгаси бўлган буржуа нуқтаи назаридан ёш хотин нима ишлар билан машғул бўлиши керак? Энг аввало эрига қулоқ солиб, пулни тежаш лозим.
Хўш, ҳайратга тушган мамлакат қирол хонадонида нимани кўрди? Сарой жиннихонага айланганини ва қирол хотини айш-ишрат ва бўлар-бўлмасга пул сарфлайдиган пулхўр чиқиб қолганлигини кўрди. Ўн тўққиз ёшли қиролича Франция хазинасини ўзининг чек-чегарасиз сарф-харажатлари билан буткул хонавайрон қила бошлади! Халқ яна қирол тантиқ хотинчасининг гапидан чиқмайдиган, унинг барча хархаша ва инжиқликларини қондирадиган одамга айланиб қолганлигига гувоҳ бўлди.
Ҳар куни эрталаб қиролича ҳузурига шляпадўз ва тикувчи мадам Бертен келарди. Паст табақадан чиққан бу хонимнинг қироличанинг эрталабки ювиниш-тараниши ва ўзига оро бериб, кийинишида иштирок этишининг ўзи сарой тартиб-қоидаларини бузиш эди. Тикувчи ўзи билан бирга турли-туман матолар олиб келарди. Худди жуда муҳим жангга ҳозирлик кўрилганидек узоқ баҳс-мунозарадан кейин кийим танлаш ва кийиш маросими бошланарди. Қиролича ҳар куни янги либосларга бурканарди. Қимматбаҳо тақинчоқлар ҳам тикувчи аёл томонидан танланарди. Буларнинг барчаси давлат хазинаси ҳисобидан қопланарди. Соч турмаклаш-чи, буни айтмайсизми! “Аёл бузилган соч турмагидан бошқа барча нарсани кечириши мумкин”, деган гап ўша пайтда ҳаёт ҳақиқати эди. Бир марта соч турмаклаш бутун бошли ер-мулк баҳосига тенг эди.
Давлат хазинасини хонавайрон қилувчи Антуанетта бўйи баробар соч турмаги билан юрарди. Балга йўл олар экан ана шу соч турмаги учун каретанинг полида ўзи, ўриндиқда эса соч турмаги жойлашар, ана шу причёска учун сарой эшикларини бузиб уни анча юқорига кўтаришганди.
Тантиқ қиролича янги модаларга асос соларди. Бошидаги бир тўп соч уюми жонига теккач, ёшлар учун қисқа ва турли патлар билан безатилган соч турмагини урфга киритади. “Янги авлод патлар билан безатилган соч турмагига ўтсин!” Эҳ, бу патлар қанча туришини қиролича билганида эди!
Аммо бутун хавф-хатар бошқа томонда пусиб ётарди. Аввалги қирол олтмиш йил ҳукмронлик қилган ва шу боис сарой аъёнлари қариб-қартайиб қолганди.
Ўн тўққиз ёшли қиролича эса қариликни жинидан баттар ёмон кўрарди. Кексалик унинг кўзига хунук ва жуда сусткашлик бўлиб кўринарди. Қиролича жўшқин ҳаракатлар, ёшлик, гўзаллик ва рақсларни ёқтирарди. Кексалар эрта уйқуга кетишади, файласуфлик қилишади, қалин китобларни ўқишдан бошқа бир иш қилишмайди. Қиролича эса бирорта китоб ўқимаган ва зерикарли суҳбатларни ёмон кўрарди…
Антуанетта сарой аъёнларини яшартиришни бошлайди. Бу албатта саройнинг кекса хонимларига ёқмасди. Гўзаллиги билан ном чиқарган ёш бева герцогиня де Ламбаль қироличанинг энг яқин кишисига айланади.
Бироқ қайғули воқеалар шундан кейин бошланади. Қиролича ложувард кўзли, бежирим ва ниҳоятда гўзал Жюли де Полиньяк исмли бир қизни яхши кўриб қолади. Ламбалдан воз кечган қиролича туну кун Полиньякдан ажраёлмай қолади. Фожиа шунда эдики, Жюлининг ложувард кўзларидан бошқа ҳеч вақоси йўқ – ўта қашшоқ бир қиз эди! Бахтдан масрур Антуанетта севимлисини пул билан кўмиб ташлайди. Бу қиз ёлғиз ўзи бўлганида, қандай соз бўлур эди. Аммо у ёлғиз эмасди. Қашшоқ ва катта оиласини ҳам саройга олиб келади. Бу оила аъзоларига Антуанетта талаби билан қирол пул, мулк, мансаб ва мартабалар беради.
Бу оилага тааллуқли ҳужжатларда тасаввурга сиғмас рақамлар сақланиб қолган – Жюлининг ўн икки ёшли қизининг сепига саккиз юз минг ливр, оиланинг қарзларини қоплашга беш юз минг ливр ва Версал саройидан кўплаб хоналар ажратилсин… ва ҳоказо. Графиня Жюли энди герцогиня Жюлига айланади. Қиролича туфайли ушбу оила бошига мурувват ёмғири ёғилади!
Вақт ўтиши билан вазият янада ёмонлашиб боради.
“Кўнгилхушлик қилинг”! – қироличанинг бош шиори шунақа эди. Тунда Версалдаги ётоқхонасига қирол ухлагани кириб кетиши биланоқ, ёш аъёнлар ва ўша Полиньяк оиласи қуршовида Антуанетта Парижга йўл оларди. Париж операси балларида юзини ниқоб билан тўсиб олган қиролича мазза қилиб рақсга тушарди. Лекин ёшлар ва тан қўриқчилар ўраб олган ниқобли хонимнинг ким эканлигини ҳамма биларди. Саройда норозилик овозлари эшитила бошлайди, қиролича ҳақидаги ғийбатлар кўчага чиқади. Жюли де Полиньяк билан қироличанинг ўзаро муносабатларини беҳаёларча тасвирлаган дастлабки жирканч памфлетлар пайдо бўлади… Худди шу вақтдан бошлаб Антуанетта Версал саройида инқилобий ўзгаришларга қўл уради.
Версалда қиролдан ташқари яна бир қудратли ҳукмдор – Этикет (одоб-ахлоқ, юриш-туриш қоидалари) мавжуд эди. Қирол саройида юриш-туриш қоидаларини белгилаган Этикетни бузишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ эди. Саройда юз йиллардан буён шу тарзда яшаб келишарди. Ярим худо ҳисобланган қиролнинг бутун ҳаёти сарой аъёнлари кўз олдида кечиши лозим эди. Бутун Франциянинг эгаси бўлган қирол ўз-ўзига тегишли эмасди! Унинг уйқудан уйғониши, нонушта, тушлик қилиши, уйқуга кетиши – барча-барчаси ҳамманинг кўз ўнгида ва Этикет қоидалари асосида бўлиши шарт эди. Фақат рус мақолларидагина қирол ёлғиз ўзи ҳожатга чиқади. “Қуёш қирол” деб аталган Людовик Ўн олтинчи ҳожатхонага ҳам сарой амалдорлари иштирокида чиқарди ва ҳожатда ўтириб сиёсий масалаларни муҳокама этарди. Қиролнинг ҳожат ушатишига таклиф этилиш амалдорларнинг мансаб-мавқеини белгилар ва бу улар учун шараф эди.
Антуанетта ҳам этикет қоидаларига сўзсиз итоат этадиган ҳодисага айланиши – яъни у ўзига эмас, саройга тегишли бўлиши керак эди. У қудратли Этикет билан Францияга келган биринчи кунлардаёқ танишганди. Ўша куни Версалда қалин қор ёғиб, ҳаво кескин совиб кетади. Антуанетта совқотиб, иссиқ кўйлак олиб келишларини буюради. Иссиқ кўйлак кийиш учун ечиниб, совуқдан дир-дир титраб турган Антуанеттага кичик хизматкор кўйлак олиб келиб, уни катта хизматкорга тутқазади. Катта хизматкор кўйлакни энди кийгизаман деганда хонага герцогиня Орлеанская кириб келади. Таомил бўйича кўйлакни энди у кийгизиши лозим эди. Шу боис катта хизматкор кўйлакни герцогиня қўлига тутқазади. У ҳам ишни энди бошлайман деб турганда хонага қиролнинг синглиси Елизавета кириб келади. Энди қоида бўйича кўйлакни мартаба жиҳатдан юқори бўлган қиролнинг синглиси кийгизиши керак эди. Совуқдан титраб-қалтираб турган Антуанетта мени масхара қилишаяпти, деган хаёлга боради. Бироқ бу – бор-йўғи француз саройининг Этикети эди холос!
Буларнинг барчасининг устидан кулиб мактуб орқали онасига ёзиб юборади. Австриянинг буюк қироличаси, Антуанеттанинг онаси Мария-Терезия шундай жавоб ёзади: “Мен ҳам қуруқ расмиятчиликдан зерикиблар кетаман. Аммо унга бўйсуниш мажбуриятимиз ҳисобланади. Ишон, Этикет қоидаларига риоя қилмаслик ҳозир бошингдан кечираётган майда ноқулайликлардан кўра каттароқ кулфатлар келтириши мумкин. Айниқса французлардек қони жўшқин халқ Этикет таомилларига риоя қилмасликни кечирмасликлари мумкин”.
Антуанетта қариб-қартайиб қолган сарой мулозимларидан ва ҳашаматли Версалнинг жонга теккан Этикетидан бир йўла қутулишни ўйлаб топади.
Антуанетта қиролдан Трианон саройини ҳадя этишини илтимос қилади.
Бу башанг ва мўъжаз саройни Людовик Ўн бешинчи ўзининг маҳбубалари билан учрашадиган маскан сифатида барпо этганди. Шу боис уни Лаззат уйи деб аташарди.
Қирол келгусида Франция хазинасини буткул хонавайрон қиладиган бу саройни ғинг демасдан қироличага совға қилади.
Хушандом ва хушқад Антуанетта бу ерда ўз дунёсини барпо этишга қарор қилади. Миллионлаб пулларнинг кулини кўкка совуриш учун атиги еттита хонадан иборат ушбу сарой етарли эди. У хоналарни қайта қуради, мармар каминлар, венециан ойналари, махфий хона ва исм ва фамилиянинг бош ҳарфлари бир-бирига чатишиб кетган бронза тутқичларгача унинг талаби ва диди асосида ишланади.
У жуда ажойиб мебеллар ва пардаларга буюртма беради. Трианонда Версалнинг оғир бахмал, кимхоб пардалари ва қимматбаҳо тўқ қизил рангларига йўл қўйилмайди. Бу қасрда фақат енгил, майин ва сўлғин ранглар ҳукмрон бўлади.
Ландшафт (манзара) бўйича меъморлар қиролича қалби ва француз хазинаси учун ниҳоятда қиммат бўлган улуғвор боғ бунёд этишади. Версалда худди гвардиячи аскарларга ўхшатиб бир текис қилиб қирқилган майсазорлар, дарахтлар, атиргуллар ва кўплаб мармар ҳайкалчалар устунлик қилган бўлса – бу ерда табиатнинг ўзи танҳо ҳукмрон. У ўзи ҳеч қачон ўқимаган урфдаги Руссо таълимини олганди.
Бу ерда одамни зериктирадиган тўғри хиёбонлар йўқ. Ҳаммаси табиий. Тўғрироғи, табиатдан нусха олинган. Дарахтлар орасидан илонизи бўлиб кетган ариқчалар жилдираб оқади. Бироқ бу ариқларга жуда олисда жойлашган Марли қалъасидан сув олиб келинган.
Ўртасида кичик оролчалари бўлган суъний кўл худди табиатнинг ўзи яратгандек таассурот уйғотарди. Муҳаббат камонига мармардан тарошлаб ишланган Геркулес гурзисини ўқ сифатида жойлаётган Амур тасвирланган Аполлоннинг илоҳий ибодатхонаси, антик дунё харобалари ва денгиз қирғоғидаги тик қояларда ҳосил бўладиган ғорга ўхшатиб қурилган сунъий ғор; Африка, Ҳиндистон ва бутун Европада ўсадиган дарахтлар ва гуллар – барчаси Трианонда муҳайё эди. Бор-йўғи икки квадрат километрдан зиёд бўлган ушбу боғ ўз бағрида табиатнинг барча гўзалликларини сиғдирганди.
Айнан ана шу икки квадрат километр Европанинг энг бой хазинасини узил-кесил хонавайрон қилди.
Франция давлат хазинасини тор-мор қилишга сарой ёнида барпо этилган машҳур Қишлоқча жуда катта ҳисса қўшди.
Қишлоқчада қироличанинг кўнглига мос табиат қучоғидаги тинч-осойишта ҳаёт ва оддийлик ҳукм сурарди. Қадимий нақшлар ўйиб тикилган халқона кийимлар кийиб олган деҳқон ва деҳқон аёллар бошига гулдор бантиклар тақилган сигирларни боқиб юришарди. Кўлда оққушлар сузар, қадимий голланд тегирмони ғилдираги эса бир маромда чарх уриб айланарди… Деворлари бадиий безак учун шилинган мўъжаз ва шинам уйларда деҳқонлар истиқомат қилишарди.
Энг муҳими атрофдаги барча нарса ҳукмдор ойимчанинг дидига мос. Антуанеттанинг ўзи нафис ва бежирим – шу боис: саройи бежирим, боғи нафис, қишлоғи мўъжаз, сигирлари антиқа… Уйғунликни қаранг!
Қиролича Версалнинг ҳашамати ҳамда кўр-кўрона ва шафқатсиз Этикетидан қочиб бу ерда “жон сақлайди” (бу унинг сўзи).
Аммо у Версалда фақат Этикетни қолдирмаганди. У Версалда Франциянинг қадимий асилзодалари, хонадонлари ва кекса зодагон хонимлардан иборат сарой аъёнларини ҳам ташлаб келганди. Улар саройда нима иш қилишларини билмай гангиб қолишганлари боис қироличадан қаттиқ нафратланишарди.
Антуанетта Трианонни Айш-ишрат, Назокат ва у – Қиролича Рококо (санъатдаги услуб) ҳукмрон бўлган кичкина мустақил давлатга айлантиради. Бу ерда у “бизникилар” деб атаган яқинлари билан даври-даврон суради. (Россиянинг охирги маликаси ҳам ўзини қуршаб олган яқинларини “бизникилар” деб атаган эди). Антуанеттанинг таклифисиз бу ерга ҳеч ким қадам босолмасди.
Фақат аллақандай бир жанобдан бошқа!
Нафис кўллар ёнига қоровул минорасини ўрнатишади. Атрофни кузатиб туриш учун. Минорадаги қоровулнинг асосий вазифаси “бизникилар” зўрға тоқат қиладиган, жуда зерикарли жанобнинг келаётганлигини хабар қилишдан иборат бўлган. Жаноб ёлғиз ўзи ёш-яланглар даврасига кириб келаркан, жим ўтирар, “бизникилар” ҳам у билан нима ҳақда суҳбатлашишни билмасдилар. У на рақсга тушишни биларди, на қизиқарли воқеаларни ҳикоя қилишнинг уддасидан чиқарди ва на қарта ўйнашни қойил қиларди. Бир муддат жим ўтириб, сўнг жўнаб кетарди.
Бу зерикарли меҳмон, Антуанетта онасига ёзган хатларида “бизнинг бечорамиз” деб атаган инсон – Франция қироли эди.
Бу мактубдан қўрқиб кетиб, даҳшатга тушган онаси шундай жавоб ёзади: “Ўз Қиролини бечора, шўрлик деб атайдиган мамлакатнинг ҳолига вой”.
Ҳа, қирол ниҳоятда меҳрибон инсон эди. Бироқ, келинглар, Наполеоннинг гапини эсдан чиқармайлик: “Қайсидир мамлакатни меҳрибон қирол бошқараяпти, деб менга айтишса, мен: демак у ерда муваффақиятсиз, омадсиз бошқарув ҳукм суряпти, деб жавоб бераман”.
Хўш, энди яна қироличага келсак… Бирорта китоб ўқимаган, қариликни жинидан баттар ёмон кўрадиган, қироллик анъаналаридан нафратланадиган, можароли тунги балларга борадиган, орқа-олдига қарамасдан пул совурадиган, модага муккасидан кетган ёш нозанин… ҳозир ҳаёт бўлганида халқ ўлгудек яхши кўрадиган янги қиролича Диана бўларди!
Аммо Маърифат асрида Миллатнинг энг илғор қисми ундан нафратланарди. Трианон қиролича тақдирига нуқта қўйди – унинг зодагонлар, буржуалар ва оддий халқ билан орасини бузди.
Чунки мўъжиза-сарой деворининг ортида шафқатсиз ва оғир солиқлар юкидан хонавайрон бўлган қашшоқ қишлоқлар, пулхўр қироличани жуда ёмон кўрадиган буржуа бор эди.
Қирол солиқлар бўйича шикоятлар тушаётганлигини илк бор айтишга журъат қилганида, қиролича шодонлик билан шундай деб жавоб қайтаради: “Бу жанобларга тушунтириб қўйинг: монархия жуда гўзал, аммо жуда қиммат нарса. Марҳамат қилиб, солиқларни ўз вақтида тўлаб қўйишсин!”
Ва улар солиқларни тўлашади. Фақат ҳозирча.
Мамлакатда кучли мухолифатни тузиш бошланади. Францияда кўп марта бўлганидек мухолифатнинг раҳбарлари зодагонлар ичидан чиқади.
Томирида ҳақиқий шаҳзода қони оқаётган, Бурбонларнинг кичик авлодининг ажойиб вакили, герцог Филипп Орлеанский – зодагоний мухолифатнинг сардорига айланади.
Бироқ шуни эсдан чиқармангки, сиз билан биз ҳозир назокат ҳукмрон бўлган асрдаги воқеалар ичидамиз. Герцог Орлеанский мухолифат доҳийси бўлиши учун унинг ёнида аёл бўлиши лозим.
Герцог Людовик Ўн олтинчига қараганда аждодлари анъаналари асосида яшаётган ҳақиқий Бурбон эди – аёлларни худди қўлқопдек алмаштирарди. Албатта у пайдо бўлгунга қадар…
Графиня де Жанлис герцог болаларининг тарбиячиси эди. Болалар билан бирга герцог Орлеанскийни ҳам муваффақиятли равишда тарбия қила бошлайди.
Бу аёл герцогнинг маҳбубасига айланганидан сўнг уни Руссо, Вольтер ва маърифат дунёсига олиб кирди.
Энди герцог Орлеанский асрнинг энг илғор ғоялари билан тўлиб-тошганди. У шу қадар оммавий ва илғор одамга айландики, ўша замоннинг чўрткесар ёшлари Бурбонлар тарихида илк бор герцог ва де Жанлиснинг исми шарифидаги бош ҳарфлар асосида юраксимон татуировкани унинг баданига чекишди.
Севгилисининг танида бундай мўъжизавий санъатни кўрган графиня “кўзига ёш олди” деб ёзишганди унинг замондошлари. У ҳам дарҳол герцог фамилияси ва исмининг бош ҳарфлари асосида юракка наштардек суқилаётган кўринишдаги татуировка қилади. Тўғри, у бу татуировкани… сарой боғидаги дарахт танасига солдиради.
Графиня де Жанлис. Бугун бу ном қарийб ҳеч нарсани англатмайди. Аммо, ишонинг, Пушкин замонида ҳар қандай маърифатли инсон учун бу ном маълум эди. У герцог-ошиғига қараганда узоқ умр кўриб, Европанинг энг оммавий ёзувчиларидан бирига айланади.
Буларнинг барчаси кейин рўй беради… Ҳозирча эса у муваффақиятли тарзда герцогни тарбия қилмоқда.
Графиня герцогни француз масонлари билан таништириб қўяди. Масонлар ва графиня билан биргаликда герцог ҳаётида биринчи марта тахтни эгаллашни хаёлига келтиради. Ҳақиқатан ҳам тахтга ҳар томонлама муносиб инсон турганда нега уни бу аянчли хўппасемиз, хотинчалиш эгаллаб туриши керак?
Герцог ҳаракат қила бошлайди…
Отаси унга буюк кардинал Ришелье томонидан бунёд этилган Пале-Рояль саройини совға қилганди. Бу саройнинг каттакон боғи ҳам бор эди. Герцог (албатта графиня де Жанлис) энди нима иш қилиш кераклигини тушуниб етади.
Герцог “очиқ осмон остида” клуб тузади. У бугун биз кўриб турган қатор колонналарни барпо этади. Ота-онасининг қаршилиги ва кекса зодагонларнинг аччиқланишига қарамасдан ана шу колонналар атрофини дўкондорлар ва ресторан эгаларига сотади. Бу ерда қиммат дўконлар, ресторан ва қаҳвахоналар очилади.
Бу манзил дарҳол жамоатчилик ҳаёти ва мухолифат тўпланадиган марказга айланади. Пале-Рояль Парижнинг энг замонавий жойи сифатида шаклланади.
Пале-Роялнинг хиёбонларида эндиликда зодагонлар ҳам, суюқоёқ хонимлар ҳам сайр қилиб юришарди. Бу хонимлар фаолиятига ҳали шоҳид бўламиз. Ётоқда эмас, йўқ-йўқ, бутунлай бошқа соҳа – инқилобда!
Ҳамма сиғинадиган жойга айланган бу ердан Мария-Антуанетта ҳақида кўплаб памфлетлар тарқай бошлайди. Бу ерда ёзадиганлар ҳам аллақачон топилиб қолганди: нафосатли тарихлар устаси, машҳур “Хавфли алоқалар”нинг муаллифи, герцогнинг янги котиби ва бўлғуси ёзувчи месье Шодерло де Лакло хизматга ҳозиру нозир эди. Қисқаси Франциянинг олтин қалами тўпланганди!
Памфлетларни бутун мамлакат ўқир, эшитарди! Унда Франциянинг бош Дон Жуанлари ҳисобланган герцог Лозен, қиролнинг укаси граф д Артуа Антуанеттанинг ўйнашлари сифатида талқин қилинарди… Ва албатта Жюли Полиньяк билан лесбиянларга хос ишқий саргузаштларга ҳам кенг ўрин берилганди.
Оломон бу ишқий саргузаштларни берилиб тингларди.
Албатта, Антуанетта Полиньякнинг барча тантиқлик ва инжиқликларини ўйламасдан бажо келтириши памфлетга сахиёна озуқа берарди. Россияда ҳам 1917 йилдан аввал “ўзини буткул оилага бағишлаган” подшонинг хотинига ҳам айнан шунақа айб қўйилади. Анна Вирубовани маликанинг ёстиқдоши деб эълон қилишади.
Антуанеттанинг онаси, буюк қиролича Мария-Терезия Парижда бўлаётган воқеалардан тўла хабардор бўлгач – ортиқ кутиб ёки чидаб туришни бас қилади. Тажрибали сиёсатчи бўлган Мария-Терезия Парижда вазият тобора кескинлашиб бораётганлигини сезади. У буларнинг барчаси нима билан хотима топишини тушуниб турарди.
Антуанетта ҳузурига ўғлини жўнатади.
Мария-Антуанеттанинг акаси Иосиф онаси билан биргаликда мамлакатни бошқарар ва Европанинг энг ёрқин уч ҳукмдоридан бири эди. Иосифнинг Екатерина ва Фридрих билан ёзишмаларини ўқинг! Бизнинг Екатерина ва Пруссия қироли Буюк Фридрихдек у ҳам Маърифат ғоясининг шайдоси бўлган. Бироқ худди улардек кўпроқ қоғозда.
Иосиф Парижга етиб келади. Унга ҳашаматли жой ҳозирлашади. Аммо у камтарин бир уйни маскан тутади. Бу билан монарх тежамкор бўлиши кераклигини синглисига англатмоқчи бўлади.
Бу визитдан Антуанетта билан қилган суҳбатлари ҳақида онасига ёзган хатлар қолган.
“Сен энди ёш қизалоқ эмассан. Наҳотки атрофингда нималар бўлаётганлигини тушуниб етмасанг? Эринг Версалда уйқуга кетиши билан бир гуруҳ қаланғи-қасанғилар билан ниқоб кийиб операга югуриб қоласан. Бу ниқоб ортида ким яширинганлигини ҳеч ким билмайди, деб ўйлайсанми? Сен ҳақингда қанақанги гаплар тарқаб кетганлигини билсайдинг эди! Одамлар сен тўғрингда баралла айтиб юрган гапларни ҳузурингда ҳатто тилга ололмайман!” деган гапларни синглисининг миясига қуймоқчи бўлади. У яна бир гап айтади: “Умрингда бирорта китоб ўқимай туриб, эринг билан баҳслашиш ва давлат бошқаруви ишларига аралашишга қандай ҳаддинг сиғди?!”
У синглисига ақл-идрок ва истеъдод борасида унчалик бўлмаган эри билан қандай муносабатда бўлиши кераклигини эринмасдан тушунтиради. “Унинг олдида ўзингни юқори тутма”. “Ёрқин шахс бўлиб кўриниш майлингни жиловла”. “Унинг ожиз томонлари ҳақида ҳеч қачон гапирма ва бошқаларни ҳам жим юришга мажбур эт”. “Эрингнинг ҳузурида киноя, пичинг қилма, айниқса унинг устидан”. Ва ҳоказо…
Энг муҳими – атрофингдаги “қаланғи-қасанғилар”ни дарҳол қувлаб юбор!
Мария-Антуанетта севимли акасининг насиҳатларини жон қулоғи билан тинглайди. Бироқ Иосиф синглисининг характерини тушуниб етганди – кетиши билан ҳамма нарса эски тос, эски ҳаммом бўлишини.
Ақлсизларча ўйин-кулгига муккасидан кетган Антуанетта ёш муттаҳамлардан иборат “бизникилар” ташкил этадиган “қаланғи-қасанғилар”ни ўз атрофида сақлаб қолади.
Шу боис уларнинг суҳбати Иосифнинг даҳшатли мактуби билан якунланади: “Сен қалбимни тилка-пора қиляпсан. Мен сенинг тақдирингдан қўрқаяпман… Тушунсанг-чи, бу ишларингни давом эттириб бўлмайди. Сен ҳаммасини ўзгартиришга ўзингни мажбур қил”. Мактуб сўнгида ўн йилдан кейин тушуниб етиладиган бир жумла гап ёзади: “Бу кетишда Инқилоб жуда шафқатсиз кечади”.
Бироқ Иосифнинг асосий суҳбати қирол билан бўлиб ўтади. У энг аввало шу суҳбат учун келганди…
Синглиси турмушга чиққандан бери орадан етти йил ўтди. Аммо қиролнинг муҳаббат камонидаги ўқ нишонга ҳали тегмаганди. Етти йилдан бери Антуанетта бокира бўлиб қолмоқда эди. Австриянинг Париждаги элчиси Людовик Ўн олтинчининг эркаклик олати учида муаммо борлиги ва у аёлга яқинлашиши билан чидаб бўлмас оғриқ ҳис этишини Венага яширин тарзда етказганди.
Шу боис, душманлари “ишни пайсалга соладиган” деб атаган қирол ўзининг бу муаммоси ҳақида бировга гапиришга ва айниқса қироличага айтишга тортиниб, уялиб юрарди.
Худди шу нарса учун хотини олдида ўзини айбдор деб билган Людовик унинг ақлсиз юриш-туришини ва беҳуда сарф-харажатларини кечириб келарди. Бу унинг уятли аҳволи учун тўлаётган товони эди.
Қирол тўшагидаги етти йиллик азоб туфайли асабийлашиш, жиззакилик, ўйин-кулгида қутуриш даражасида ҳаддан ошиб кетиш, ҳар доим қаёққадир бориш, нимадир қилиш иштиёқи қиролича ҳамроҳига айланганди.
“Бизникилар” даврасига кирган ёш хонимлар мана шу етти йил ичида турмушга чиқиб, фарзанд кўриб, ўйнаш орттириб ва бир дунё “сир-синоат” тўплаган бир пайтда қиролича бокира ҳолатда ёқимсиз аёлга айланиб, ўз ёғида ўзи қоврилиб юрарди.
Шу ҳолатда Антуанеттанинг орқасидан энг ёрқин эркаклар чопиб юрарди. Нуфузи йўқ қиролнинг хотинини йўлдан уришни орзу қилиб юрганлар ҳам етарлича эди.
Людовик билан очиқчасига гаплашиб олишдан олдин синглиси билан суҳбатлашган Иосиф Антуанетта ҳақида юрган миш-мишлар ёлғон эканлигига ишонч ҳосил қилади. “Қаланғи-қасанғилар” қуршовида қолиб кетган бўлса-да, синглиси ҳали қизлик иффатини сақлаб юрганлиги уни қувонтириб юборади.
Шундан сўнг Иосиф қирол билан эркакчасига гаплашиб олади.
Ниҳоят қирол даволанишга қарор қилади! Кичик операция муваффақиятли ўтади… Узоқ кутилган муҳаббат камонидаги ўқ нишонга тегади – қирол эрлик вазифасини адо этади. Антуанетта икки ўғил ва икки қиз кўради. Бир ўғли ва бир қизи вафот этади. (Ўша пайтда ҳатто қироллар оиласида ҳам болалар ўлими тез-тез учраб турарди). Қиролича шаҳзодани ҳам, қизини ҳам жонидан азиз суярди – у меҳрибон она чиқиб қолди.
Антуанетта тунлари Парижда санғиб юришни бас қилган бўлса-да, лекин янги эрмак-овунчоқ ўйлаб топади.
Трианонда нафис ва мўъжаз театр қурилади. Ва шу ерда қиролича илк бор саҳнага чиқади.
Қиролича вазифасига қараганда актриса ҳунарини анча муваффақиятли уддалайди.
Туғма ишвагар ва танноз бўлганлиги боис улуғвор қироличалар ролидан инсоф билан воз кечади. “Севилиялик сартарош”даги Розина ролини ўйнашни хоҳлаб қолади. Бу пьесанинг мазмунини эслайсизми? “Жажжи оёқлар, келишган қад-қомат, лоладек лаблар, мафтункор қиёфа”. Қиролича гўё худди шу роль учун туғилгандек эди. Боз устига бу “мафтункор мавжудот” учун машҳур тикувчи мадам Бертен оддийгина кўйлак тикса, у қанчалар очилиб кетишини тасаввур қиласизми?
Шу пайтда Бомаршенинг[4] бошқа пьесаси – “Фигаронинг уйланиши” тақиқланганди.
“Бу одам биз ҳурмат қилишимиз ва қадрлашимиз керак бўлган барча нарсаларнинг устидан кулмоқда”, деганди Людовик.
Қироличанинг тақиқланган муаллиф асарида роль ўйнаши яхши эмасди…
Трианондаги саройнинг қаршисида павильон қад ростлаганди. Шу жойда қиролича пьеса муаллифи билан учрашиб унга ваъда беради ва ваъдасини бажаради. Антуанетта, Жюли Полиньяк ва “бизникилар” бир бўлиб қирол Людовикка босим ўтказишади. Қирол бу сафар ҳам ён беради: “Фигаронинг уйланиши”га рухсат тегади.
Сена дарёси қирғоқлари бўйлаб кареталар тирбанд бўлиб кетди. Яқинда қуриб битказилган Одеон театри биноси олдида одамлар тўдасиниг мисли кўрилмаган ур-йиқити. Тақиқланган пьесани кўриш иштиёқида ёнган оломон театр эшикларини бузиб юборишди.
Ғолибона намойиш бўлиб ўтади. Зодагонлар билан тўлиб-тошган зал мазахчи Фигаронинг луқмаларини зўр бериб олқишлаб туради.
Қанақанги луқмалар ташланганди?
“Сиз ўз зиммангизга фақат туғилиш машаққатинигина олгансиз”.
“Атрофимдагилар зўравонлик билан ҳамма нарсани ўзиники қилиб оларди, фақат мендангина ҳалолликни талаб қилишди…”
“Эга чиқиш ва олиш ва яна талаб қилиш – мана сизга ҳаётимизнинг уч ардоқли қоидаси!”
“Ҳисобчи зарур эди ва шу боис бу ўринга раққосни ишга олишди”.
Ҳар бир луқма гулдурос қарсаклар билан кутиб олинарди.
Қирол ғазаб отига минади. У шўрлик мамлакат овозини эшитганлигини тушуниб етмасди. Бу жар ёқасига келиб қолган мамлакат нидоси эди. Ушбу нидо сўнгги огоҳлантириш бўлиб янграрди. Наполеон тўғри айтганидек: “Фигаро – бу ҳаракатдаги Инқилобдир!” Бироқ буни қирол фақат фитна сифатида қабул қилади!
Антуанетта Трианон театри саҳнасидаги ўзининг энг яхши роли бўлган Розинани репетиция қила бошлайди.
Бомарше пьесасида қизиқарли ишқий саргузаштни ўйлаб топади. Антуанетта саҳнада машқ қилар экан, ҳаётда ўзини қандай ишқий саргузашт кутиб турганлигини ҳали билмасди.
Саҳнада машқлар қизғин давом этаётган пайтда Антуанетта бош қаҳрамонга айланган бошқа пьеса ҳаётда ижро этилади.
Бу “қиролича маржони” билан боғлиқ машҳур воқеадир.
Француз заргарлари Людовик Ўн бешинчининг ўйнаши графиня Дюбарри учун дунёдаги энг қиммат маржон ясашади. Аммо маржонни сотишга улгуролмайдилар – қирол вафот этади. Маржонни эса сотиб олишга ҳеч кимнинг қурби етмайди. Ҳатто Франциянинг энг пулхўр одами, деб ном чиқарган Антуанетта ҳам қиролдан маржонни сотиб олиб беришни сўрашга журъат этмайди. Маржон ҳануз заргарлар қўлида эди.
Кардинал Луи де Роганнинг ўйнаши бўлган авантюрачи аёл де ла Мотт маржонни қандай қўлга киритишни ўйлаб топади. Кардинал ақли ноқис бўлса-да, аммо келишган одам эди. Нафосат даври деб ном олган ўша пайтда ахлоқий бузуқликда давлат амалдорлари билан черков мансабдорлари ўзаро мусобақа қилардилар. Бузуқилар рўйхатида кардинал Роган биринчилар қаторида эди. Кардиналнинг сон-саноқсиз севгилилари ичида қиролича Антуанетта ҳам бор эди. У қироличани пинҳона севарди ва орзуси ушалишига умид қилмасди.
Де ла Мотт дастлаб бу аҳмоқ кардинални қироличанинг энг яқин дугонасиман, деб ишонтиради. Кардинални қаттиқ қувонтириб юборган хабарни етказади: қиролича сизнинг унга ғойибона ошиқ бўлиб юрганлигингизни билади ва у ҳам сизга бефарқ эмас; шу боис қиролича менга яширин бир ишни топширди – сиз унга ўша қимматбаҳо маржонни сотиб олиб беришингиз керак. Фақат бу ишни ҳеч ким билмаслиги лозим. Хазина хонавайрон бўлган. Ана шундай пайтда бундай сарф-харажат кераксиз гапларнинг кўпайишига олиб келади. Кейин эса қиролича маржоннинг пулини тезда қайтаради.
Бахтдан ёрилиб кетай деган Роган буюк кардинал Мазарини[5] тақдирини такрорлайман, деб ҳовлиқа бошлайди. У қироличанинг ўйнаши ва Франциянинг энг қудратли одамига айланади!
Де ла Мотт кардинални узил-кесил ишонтириш учун қиролича уни Версал боғида учрашувга таклиф этганлигини билдиради…
Қиролича Версалнинг кичик ўрмончасига ёлғиз ўзи келади. Бироқ кардиналга кўнгил изҳори қилишга улгуролмайди: аллақаердандир гвардиячи аскар келиб қолади ва учрашувни барбод бўлади. Албатта бу воқеада Антуанеттага жуда ҳам ўхшаб кетадиган ва Пале-Роялдан олиб келинган фоҳиша қиролича ролини ўйнаганди…
Ана шундай қилиб… бу пайтда қиролича машқ қилаётган “Севилиялик сартарош” пьесасидаги саҳнани де ла Мотт ҳаётда саҳналаштирганди.
Заргарларга тез орада пулини тўлайман деб, кардинал маржонни сотиб олади.
Де ла Мотт қироличага аталган маржонни қўлга киритиб, уни ўзига ўхшаш авантюрачи бўлган эрининг қўлига тутқазади.
Бу найранг фош бўлганидан сўнг Антуанетта гоҳ кулгидан нафаси етмай қолса, гоҳ ўзига ортиқ ишониб юборган галварснинг муҳаббатидан жаҳл отига минарди. Қироличанинг талаби билан кардинал қамоққа олинади.
Фитна фош бўлганидан сўнг қироличанинг бадахлоқлиги яна унга панд беради. Худди кардинал ишонганидек қимматбаҳо матоҳ учун австриялик фоҳиша танасини сотишга тайёр бўлганлигига жамоатчилик ҳам ишонади. Қиролича барча қилғиликни қилиб, бечора де ла Моттни обрўсизлантирмоқчи ва барча айбни унинг бўйнига қўймоқчи бўлган. Жамоатчилик бу воқеадан шундай хулосага келганди.
Мамлакатни хонавайрон қилган шарманда қироличани ва хотини хиёнат қиладиган шўрлик қиролни халқ яна бир бор қарғаб, уларга лаънат ўқирди.
Энди Антуанеттани “Дефицит Хоним” деб атай бошлашади.
Бу вақтда Парижда (худди ХХ аср бошида Петербургда бўлгани каби) ҳамма инқилоб ҳақида гапирарди. 1917 йил олдидан Петербургда бўлгани каби Париж ҳам ўз монархига муросасиз эди. “Ақлидан озган ҳайдовчи бизни жарга олиб бораяпти” – Николай ҳақида шундай дейишарди. Парижда Людовик ҳақида эса бундан-да баттар гапларни айтишарди…
Танқислик мамлакатни ўз домига тортиб борарди. Қирол министрларни тез-тез аламаштиришга мажбур бўларди. Инқилоб арафасида худди бизнинг Николайга ўхшаб.
Россияда ҳокимиятда турган вақтларида давлатни қутқариб қолган иккита буюк министр – Столипин ва Витте бор эди. Бироқ уларни етарли даражада эшитишмаганди. Виттени истеъфога чиқаришган, Столипинни ҳам шундай тақдир кутиб турган бир пайтда – ўлдиришганди.
Тюрго ва Неккер – Парижда ҳам улар икки нафар эди. Улар ҳам мамлакатни қутқариб қолишлари мумкин эди, бироқ… уларнинг маслаҳатига ҳам етарли даражада қулоқ тутишмайди.
Қирол дастлаб Тюргони ўз ҳузурига чорлайди. У мамлакатни қутқарувчи тежамкорликка асосланган ислоҳотлар режасини ишлаб чиқади. Режадан мамнун бўлган қирол хитоб қилади: “Бизда фақат икки киши халқни яхши кўради – мен ва сиз!” Тежамкорликка асосланган ислоҳотлар дворянлар ва черковга қўшимча солиқ солишни кўзда тутарди. Бундан ташқари Мадам Дефицит одат бўлиб қолган бемаъни сарф-харажатлардан воз кечиши лозим эди. Албатта, қиролича ҳам, “бизникилар” ҳам ва сарой аъёнлари ҳам оҳ-воҳ уриб, зорлана бошлашади.
Людовик яна Тюргони ўз ҳузурига чақиради ва шундай дейди: “Менинг меҳрибон дворянларим ва бизнинг черков нима айб қилишдики, биз улар бошига шунчалик мусибат солсак? Ҳеч ўйлаб ўйимга ета олмаяпман”. Қирол ислоҳотларни бекор қилади.
Тюрго истеъфога кета туриб барча ҳукмдорлар эслаб қолиши зарур бўлган бир гап айтади: “Жаноби олийлари, ишда изчилликнинг йўқлиги – энг даҳшатли хатодир. Бу халққа ҳам, қиролларга ҳам ҳалокат олиб келади”.
Аммо халқнинг сабр-бардоши тугаб борарди, шаҳарларда одамлар тўп-тўп бўлиб кўчаларга чиқа бошлашди.
Қирол бошқа бир ажойиб молиячи – Неккерни ҳукуматга чорлайди. У бир марта қарз кўтариб қиролни қутқариб қолганди. Кейин тежамкорликка ўтиб, қиролни асраб қолмоқчи бўлади. Бу хизматлари учун уни ҳайдаб юборишади. Икки оёқ бир этикка тиқилганда яна уни чақиришади, бироқ…
Бироқ энди қарз оладиган жой қолмаган ва тежамкорлик қилишнинг вақти ўтганди. Европанинг энг қудратли давлати узил-кесил хонавайрон бўлганди. Неккер ягона йўл деб – халққа мурожаат қилишни таклиф этади. Узоқ йиллардан буён йиғилмаган Генерал Штатларни[6] тўплаш, лозим дейди у. Генерал Штатларга сайлов эълон қилинади… Шундан сўнг нима бўлганлигини кўрсангиз эди! Ва қандай ижтимоий портлаш содир бўлганлигини тасаввур этсангиз эди! Халқ ва ниҳоят бизни ҳам давлатни бошқаришда иштирок этишга чақиришди, деган хом хаёлга ишонди. Номзодлар ўртасида аёвсиз кураш бошланади ва ҳамма ўзини сиёсатга уради. Франция сайловлар билан яшай бошлади…
Ниҳоят ўша кун келди – Генерал Штатлар сайланди!
Сайланган халқ ноиблари Версалда қирол олдидан тантанали равишда намойиш қилиб ўтишади. Генерал Штатлар депутатлари билан қиролнинг мазкур учрашуви бизнинг императоримиз (Россия подшоси Николай II назарда тутилмоқда. –Таржимон)нинг Биринчи давлат думаси билан учрашувига жуда ўхшаб кетади.
Эгнига духоба плаш ва бошига пар тикилган шляпа кийиб пўрим бўлиб олган зодагон-депутатлар дабдаба билан қадам ташлаб борардилар. Бундай ўрта асрларга хос ҳашамат католик руҳонийларининг бинафшаранг устки кийимини кийиб олган епископ ва бошига қизил мантия қўндирган кардиналларига ғоятда уйғун эди. Буларнинг ортидан учинчи табақа – авом омма вакиллари келарди.
Учинчи табақа билан герцог Орлеанский шахдам қадамлар билан ўтиб боради. Инқилоб билан ўйнашиш қанчалик хавфли эканлигини, инқилоб деганлари бу жуда инжиқ ва ўзига бино қўйган хоним эканлигини у билганида эди! Бироқ шу кун герцог бахтли ва бахтиёр эди.
Кейин воқеалар шиддат билан ривожланиб борди. Учинчи табақа ўзини Миллий кенгаш деб эълон қилди.
Миллий кенгаш депутатлари йиғилишга келиб эшиклар тақа-тақ берк эканлигини кўришади. Йўқ, бу сиёсий мақсадда қилинган ҳаракат эмасди – қатъиятсиз ва шўрлик қирол бу ишга жазм эта олмасди. Ўша кунлари қиролнинг катта ўғли вафот этганди. Франциянинг бошқа бир ҳукмдори – Этикет мотам кунлари Версалда ҳеч қандай йиғилиш ўтказишга изн бермасди. Шу боис сарой эшиклари ёпиқ эди.
Лекин депутатларнинг сабабларни эшитиш ва билишга тоқатлари йўқ эди. Улар ўзларини Халқ Иродасининг ифодачилари деб билишар ва Халқ Иродасига тўсқинлик қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ деб ҳисоблардилар! Бошқа залда ва дарҳол йиғилишни бошлашга қарор қилишади!
Бироқ Тарих кимнингдир устидан кулишни хуш кўради. Депутатлар кирган зал тўп ўйини ўйнаш учун мўлжалланганди. Бу зал қиролнинг укаси граф д Артуага тегишли эди. Укаси ҳақида қирол шундай деган эди: “У қиролга қараганда ҳам кўпроқ монархист!”
Ҳақиқий Инқилобга айланган воқеа айнан ана шу супермонархистга тегишли залда содир бўлади…
Депутатлар залга кириб келишади. Ҳа, тўп ўйинига мўлжалланган ана шу залда Конституция қабул қилинмагунча ҳеч ким ҳеч қаёққа тарқамасликка онт ичишади. Яъни маърифатчилар орзу қилган мамлакатни қонунлар орқали бошқариш ва самодержавияга асосланган монархия тугатилмагунга қадар.
Шу пайт қиролнинг вакили келади. У мажлис аҳлига Этикет қонунларини тушунтирмоқчи бўлади: “Қиролнинг оиласи бошига мусибат тушганда ҳеч қандай йиғинга йўл қўйилмайди!” Вакил депутатларга пўписа қилишга журъат этади.
Шундан сўнг ўша пайтдан бери нафақат Франция, шу билан бирга бутун дунё эшитиб турган довулдек овоз янграйди. Бу овоз учинчи табақадан депутат этиб сайланган граф Мирабонинг овози эди: “Биз бу ерга халқ иродаси билан тўпландик ва бизни фақат милтиқ найзаларигина тарқалишга мажбур этиши мумкин”.
Бунга жавобан шўрлик қирол болаларга хос одатда ўзини полга ташлаб, жонсиз нарсани жазолайди. Қирол Неккерни истеъфога жўнатиб уни жазолашга қарор қилади. Ҳали қиролни қутқариб қолиши мумкин бўлган ягона одам Неккер эди.
Неккернинг истеъфоси пиликка ўт ёқди…
Пале-Роялда ёш адвокат оломонга мурожаат қилади: “Мазлум халқни энди фақат бир нарсага даъват этиш қолди – Қўлингга қурол ол!”
Оломон қурол-аслаҳа омборларига ҳужум қилади. Қуролланиб олишади. 14 июль куни золимлик ва мустабидлик тимсоли бўлган Бастилия томон минглаб парижликлар йўл олишади.
Бастилия кўпдан бери бош сиёсий қамоқхона ҳисобланмасди. Унда бор-йўғи етти нафар маҳбус сақланаётган эди. Яқиндагина бу ерга саккизинчи ва жуда ғалати бир маҳбусни олиб келишганди. Қўзғолон арафасида у ҳам исён кўтара бошлайди. Камераси деразасидан халқни Бастилияга ҳужум қилишга даъват этиб, бақиради. Уни дераза ёнидан олиб кетиб, жиннихонага жойлаштиришади. Бу ғалати маҳбуснинг исми – маркиз де Сад[7] эди.
Қолган етти нафар маҳбусни (икки нафари ақлидан озган) саксонта ногирон-ветеранлар ва ўттизтача швейцариялик аскарлар қўриқлаб туришарди.
Қалъа томон минглаб одамлар бостириб кела бошлашади. Ҳимоячилар ўқ узиб туришар ва оломонни тўпга тутмоқчи бўлишади. Лекин энди ҳеч нарса қила олмайдилар…
Қалъа қамоқхонасининг коменданти маркиз Делоне эди. У Бастилия калитларини фақат қиролнинг вакилигагина бериш ҳуқуқига эга эди.
Комендант қирол вакили ҳам, ёрдам ҳам келмаслигини тушуниб турарди.
У қамоқхонани портлатиб бурчини адо этишга қарор қилади.
У қўлида олов билан порох ертўласида ўт қўйишга шай турганда ветеран офицерлар бунга йўл қўйишмайди.
Бастилия ҳимоячилари халққа таслим бўлишга қарор қилишади. Қўзғолончилар сардорлари билан музокара ўтказиб, ҳимоячилар хавфсизлиги ва афв этилиши эвазига қалъани уларнинг ихтиёрига топширишади. Бастилия узра оқ байроқ ҳилпирайди.
Бастилия қаршисида жойлашган ва икки юзта деразаси бўлган улкан уйидан буюк Бомарше штурмни кузатиб туради. Милтиқ, қозиқ ва таёқлар билан қуролланган унинг минглаб Фигаролари қадимий қалъага бостириб кирганларини ўз кўзи билан кўради. Халқ ғалабасининг сўнгги сўзини ҳам кўриш унга насиб этади.
Бастилия олинади. Аниқроғи, вайрон қилинади. Қадимий қамоқхонада инқилобнинг машҳур ёзуви пайдо бўлади: “Бу ерда рақсга тушилади”.
Бу халқ рақси эди!
Бастилия таслим бўлиши ҳамоноқ рақслар бошланиб кетди.
Ғолиб халқ қалъани талон-торож қилиб бу ерда сақланаётган қироллик архивини – минг йиллик бебаҳо қўлёзмаларни майдонга олиб чиқиб ташлайди. Бу қўлёзмаларда Франция ўтмиши, қироллар тарихи муҳрланганди. Бу хазинани майдон узра сочиб юборишди. Қўлёзмаларни халқ шодиёналик билан босиб-янчиб рақсга тушди. Қўлёзмаларнинг сақланиб қолган жуда оз қисмида халқ ботинкалари изи бор…
Бу қувноқ рақслар қуйидаги ҳикоямизнинг биринчи эпиграфидир. Бошқа бир эпиграф ҳам бор эди – бу қалъа коменданти маркиз Делоненинг узилган боши…
Ғазабдан жунбишга келган оломон комендантни қалъа қўриқчилари қўлидан зўравонлик билан олишлари биланоқ уни Ратушага (шаҳар бошқармаси) олиб келиб, тилка-пора қилиб ташлашади. Бастилиянинг бечора кекса комендантининг найза учига санчилган бошини Париж кўчалари бўйлаб сазойи қилиб олиб юришди.
Таслим бўлган офицер ва аскарлардан бир нечтасини Бастилия ҳовлисида осиб ўлдиришади.
Хўш, қирол бу пайтда нима иш билан банд эди? Версалга, Людовикка чопар елдек учиб келади. Шу куни ов пайти қиролнинг омади юришмаганди. Ов – “Пайсалга солувчи”нинг ягона овунчоғи эди. Людовик бароридан келмаган овдан жуда хафа бўлиб ўз кундалигига мана бу сўзни қайд этганди: “Ҳеч вақо”.
Бастилия олинган кун қирол кундалигида “Ҳеч вақо” деган сўз ягона ёзув эди!
Тарих яна бир бор кулимсираганди.
Овдан кейин қирол Париждан келган чопарни қабул қилади. Парижда бўлаётган воқеаларни эшитиб: “Сиз буни ғалаён деб ўйлайсизми?” сўрайди қирол.
– Йўқ, Жаноби олийлари, ғалаён эмас, бу – инқилоб, – деб жавоб беради чопар.
“Инқилоб рассоми” (уни шундай деб аташганди) буюк Давид кейинчалик инқилобнинг бош маданий лойиҳасини яратишга аҳд қилади – “Тўп ўйнаш залидаги қасамёд” полотносини чиза бошлайди.
Тўп ўйнаш учун мўлжалланган залда тўпланган барча депутатлар портретлари етмиш метрлик жуда улкан картинада акс этиши лозим эди. Юзлаб башаралар!
Давид ишни тўхтатиш зарурлигини англаб етгунга қадар тўрт йил давомида мазкур полотно устида ишлайди. Чунки полотнони кўргазмага қўйишнинг иложи қолмайди. Картина ўртасида депутатларни қаршилик кўрсатишга даъват этиб турган Миллий кенгаш раҳбари депутат Бальининг бу пайтга келиб гильотинада боши кесилганди. Ана шу тарихий залда инқилоб учун йиғилган ва Бальи томон қўл чўзиб турган бошқа депутатлар ҳам айнан инқилоб туфайли жаллод кундасига бош қўйишганди.
Ҳикоямизнинг яна бир эпиграфи ана шундан иборат.
II ҚИСМ
Кейин воқеалар дарёдек гувиллаб оқа бошлади!
Энди қулаб тушаётган пайтда майда ва арзимас одамга айланиш учун ҳокимият тепасига янгидан-янги баҳайбат кишилар кўтарила бошлайдилар…
Империя яксон бўлишидан аввал бизнинг маликамизда[8] уйғонганидек, айни шу пайт Антуанеттада ҳам тасаввурга сиғмайдиган ғайрат-шижоат уйғонади.
У барча давлат ишларига аралашади. Куни кеча асосий шиори “Кўнгилхушлик қилинг!” бўлган қиролича махфий белгилар қўйилган сирли хатлар ёзишга муккасидан кетади. Кечалари билан чет элларга мук тушиб хатлар ёзади. Сирли мактублар орқали акаси ва Европанинг бошқа монархлари билан доимий алоқада бўлади. Улардан Францияда бўлаётган воқеаларга аралашишни ўтиниб сўрайди.
“Миллий кенгашнинг ҳар бир декрети бизни ҳокимиятдан узоққа суриб ташламоқда”, деб ёзади қиролича.
Ҳақиқатан ҳам, Парижда инқилобий декретларнинг кети узилмайди. Одамларнинг табақага бўлиниши бекор қилинади. Маркиз, граф, герцог унвонлари тугатилади. Ҳамма тенг бўлган Янги тарих бошланади. Дарвоқе, инқилобий Францияда икки кишининг унвони сақланиб қолади: “Бутун Европа, жаҳон ва Франция мени граф Мирабо сифатида билади”, деган граф Мирабонинг ва албатта герцог Орлеанскийнинг.
Герцог унвонини сақлаб қолади, бироқ фақат инқилобий қўшимча билан – герцог Эгалите[9]. Яшасин Тенглик герцоги!..
Эътиқод эркинлиги. Матбуот эркинлиги. Ва ниҳоят, улуғвор декрет – Фуқаролик ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги декларация. Маърифатчиларнинг орзулари ҳаёт ҳақиқатига айланди. Декларация тантанавор эълон қилади: “Барча инсон озод ва тенг ҳуқуқли туғилади. Озод, тенг ҳуқуқли бўлиб яшайди ва зулмга қаршилик кўрсатиш ҳуқуқига эга”.
Марс[10] майдонида Озодлик меҳроби қад ростлайди.
Шу кунларда Версалга Фландрия полки етиб келади. Антуанетта учун ўтмишни эслаш ва унутилиб кетган “Яшасин қиролича!” деган сўзни эшитиш имконияти туғилади.
Етиб келган гвардиячи полк шарафига қабул маросими уюштирилади. Вино дарёдек оқади ва қирол ҳамда қиролича шарафига қадаҳлар кўтарилади. Тўғри, орада кимдир “Миллат учун!” деб қадаҳ кўтаради. Аммо уни шоҳона базм аҳли якдиллик билан қўллаб-қувватламайди.
Эртаси куниёқ Версалда бўлиб ўтган бу базми жамшид Парижга маълум бўлади. Очликдан силласи қуриган Парижга. Чунки Инқилоб сир-синоатли хоним – у пайдо бўлган жойда шу ондаёқ озиқ-овқат ғойиб бўлади.
Худди 1917 йил Петербургда бўлгани каби Парижда ҳам нон йўқолиб қолади. Версалда бўлиб ўтган шоҳона зиёфат ҳақида Парижда одамлар ғазаб билан гапиради. “Қиролича учун!” деб қадаҳ кўтаришган, аммо “Миллат учун!” қадаҳ кўтаришдан бош тортишга қандай журъат этишди, деб ҳамма жаҳл ўтида ёнарди.
Ғазаб оловида ёнган барча норозилар Пале-Роялда жам бўлишади.
Камиль Демулен ёзганидек: “Ғазабланган саккиз минг Юдиф[11]лар Версаль томон юриш бошлашди”. Чунки ана шу саккиз минг одам ичида Пале-Роялда эркаклар хизматида бўлган фоҳишалар ва Париж бозорларида савдо қилувчи шаддод аёллар жуда кўпчиликни ташкил қиларди. Демулен уларни тантанали равишда Юдифлар деб эълон қилади.
Ҳаво шу куни булутли эди. Совуқ ёмғир ёғарди. Ёмғирдан ўзларини тўсиш учун аёллар узун кўйлакларини бошларига соябон қилиб олишди.
Ўша замон муаллифлари баъзи юбкалар остидан сержун оёқлар намоён бўлди, деб ёзишганди. Оломон ичида хотинлар кийимини кийиб олган кўплаб эркаклар ҳам бор эди.
Ғазабга тўлган Юдифлар юришини машҳур Камиль Демулен ёзиб қолдирган.
Шу ўринда Демулен ҳақида ҳикоя қилиш учун кичик чекиниш қиламиз.
Камиль бизнинг Бухаринга[12] жуда ўхшаб кетиши ҳақида Ромен Роллан гапирганди. Ҳақиқатан ҳам Демулен Бухарин сингари жуда яхши таълим олган ва нозик қалб эгаси эди… Бу нозик қалб соҳиблари… шафқатсиз мақолалар ёзишарди! Демулен ўз мақолаларида фуқароларни Брут[13] каби иш тутишга ва инқилоб учун керак бўлса Неронга[14] айланишга даъват этарди.
Бу ашаддий инқилобчи Люсиль Дюплесси исмли қизни ғоятда назокат билан қаттиқ севарди.
Инқилоб учун тарки дунё қилганлар Камилнинг оташин муҳаббатига шубҳа билан қарашади.
“Биз осиб ўлдирган ва қамоққа ташлаган барча зодагонлар Ватан учун қанчалик хавфли бўлса, муҳаббат оловида бир тўшакка ётаётган эр-хотинлар ҳам шунчалик хавфлидир. Руҳан ва вужудан мустаҳкам бўлиш учун ҳар бир фуқаро хотини ёки ўйнаши билан севги майлларига берилмасдан, каравотда ёлғиз ўзи ухлаши лозим”, – деб ёзган эди инқилобий журналистлардан бири.
Аммо “руҳан ва вужудан мустаҳкам” инқилобчилар ичида республикага хос эр-хотин учун алоҳида-алоҳида каравот ғояси ўз издошларини топмайди.
Демулен ва Люсилнинг никоҳ маросими машҳур Сен-Сюльпис черковида бўлиб ўтади. Улар яшаган уй ҳам, хонадон ҳам сақланиб қолган. Бу уйнинг деразалари ҳали-ҳамон машҳур театрга тикилиб турибди.
Айни шу хонадонда никоҳ базми уюштирилади.
Маросимга энг машҳур инқилобчи ёру биродарлар тўпланади. Жиронда департаментидан депутат этиб сайланган ва депутатларнинг доҳийси, ажойиб нотиқ Бриссо ва Камилнинг энг яқин дўсти бўлган – У ҳам шу ерда эди…
Ўша оқшом қадимий никоҳ одатига кўра гўзал Люсилнинг оёғига пайпоқни тутиб турадиган резина боғични У кийгизиб қўяди.
У Авлиё Людовик лицейида Демулен билар бирга ўқиганди, У никоҳ маросимида Демулен тарафидан гувоҳ бўлганди… Ҳа, У пешонаси тиртиқ, кўзлари чуқур жойлашган кичкина одам. Миллий кенгашда унинг номини кўпинча адаштириб юборишарди, парикка мўл-кўл пудра сепганлиги ва ҳаяжонли нутқлари устидан кулиб юришарди… Ҳа, ҳа, топдингиз – У бутун инқилобий биродарларнинг барчасини бошини танасидан гильотинада жудо қиладиган Робеспьер эди. Тўйда шод-хуррам иштирок этиб турган олтмиш нафар меҳмоннинг бошини эшафотда гильотина тиғи кесади. У инқилобчи дўсту биродарларини ўлимга йўллар экан, дўсти Камилни ҳам, унинг гўзал хотинини ҳам эсдан чиқармайди…
Севишганларнинг никоҳ маросими бўлиб ўтган Сен-Сюльпис руҳонийлари ҳам Парижнинг барча руҳонийлари қаторида кундага бош қўйишади.
Люсилнинг бежирим оёқларига пайпоқ резинасини ўз қўли билан боғлаб қўйган айнан шу жаноб бу қонли базмни қўллаб ва қутлаб туради.
Бироқ, келинглар, яна ўша инқилобий Юдифчиларнинг юришига қайтайлик.
Улар Версалга яқинлашиб келишади. Тартиб сақлаш учун аёллар оломони ортидан Миллий гвардия юра бошлайди.
Америка штатлари озодлиги учун уруш қаҳрамони, генерал маркиз Лафайет Миллий гвардия бошида турарди. Бироқ маркиз Лафайет ўз гвардияси устидан ҳукмронликни тобора йўқотиб бораётганлигини ҳис этади. Чунки инқилобнинг янги югурдаги шитоб билан ишга тушиб кетганди. Улар инқилобчи-маркизлар гапига қулоқ солмай қўйишганди.
Шу куни булутли ҳаво бўлса-да, қирол севимли иши – ов билан банд эди.
Қирол ранжиб овни тўхтади. Саройдан чопар ва Париждан министр Сен-При келганди. Уларнинг каретасида йиғилиш бўлиб ўтади. Чопар улкан оломон саройга яқинлашиб қолганлигини хабар қилади. Министр Сен-При йиғилишга якун ясаб шундай дейди:
– Жаноби олийлари, улар сизни Парижга олиб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Бироз жим қолиб, кейин қўшимча қилади: – Агар сизни Парижга олиб кетишса, унда тожу тахтдан айрилдим деяверинг!
Қиролнинг олдида икки йўл қолганди.
Биринчиси – гвардиячиларга Юдифчилар оломонига қарата ўт отиш учун буйруқ бериш. Меҳрибон қирол ҳеч қачон бунга йўл қўймасди. У “Аёлни уриш мумкин, фақат гул билан” деган Людовик Ўн тўртинчининг авлодидан эди.
Аммо ўша вазиятда соғлом ақлга тўғри келадиган иккинчи йўл бор эди – Фландрия полки билан биргаликда Версални тарк этиш. Франция тарихида қироллар кўп маротаба қилган – исёнчи Париждан узоқроққа бориб туриш энг мақбул йўл эди. Кейинчалик армия билан пойтахтга келиб ғалаённи бостириш учун ҳам худди шу йўлни тутиш лозим эди. Аммо бу қирол “ишни пайсалга солувчи” эди. Гап бу ерда оддий қатъиятсизликда эмасди. Худди бизнинг охирги подшодек у ўзини қурбонликка аталган қўзичоқдек тутишида эди.
“Мен кўп азоб-уқубат чеккан Иова куни дунёга келганман… Мен даҳшатли синовларга маҳкум этилганман”, деган эди Николай Иккинчи.
Людовикнинг ҳам кулгили эртагининг муқаддимаси бор эди: “Нима иш қилмай – ҳаммаси бахтсизлик келтиради”.
Буюк тўнтаришларни амалга ошириш учун тарих ана шундай персонажларни танлайди.
Қирол саройга қайтади ва кута бошлайди. Ва оломон Версалга қадам қўяди.
Кучли ёмғирдан аъзойи бадани ивиб кетган, оч ва ғазабдан қони қайнаган тўда дастлаб Миллий кенгаш томон йўл олади.
Депутатлар Юдифчиларнинг бир неча вакиласини Версал саройи ичига олиб киришади.
Учрашув бўлиб ўтади: бир томонда Франция қироли, қарама-қарши томонда эса куни кеча бозорда балиқ сотиб юрган, оғзидан боди кириб шоди чиқадиган ва Пал-Роялда фоҳишалик билан кун кўриб юрган аёллар.
Қирол ниҳоятда назокат билан гаплашади. Сарой ертўлаларидаги барча ун захираларини Парижга, оч-наҳор одамларга юборишга ваъда беради. Қирол ҳузурига кирган оломон вакилларини қиролнинг каретаси уй-уйларига олиб бориб қўйишини билдиради. Қирол бу аёллар Версални тезроқ тарк этиши учун ҳамма ишни қилишга тайёр эди. Хонимлар қиролнинг илтифотига қойил қолишади. Бир хоним қиролнинг одоби ва меҳридан қаттиқ ҳаяжонланиб, ҳатто ҳушидан кетиб қолади.
Хонимлар оломон олдига чиқиб, ғалаба қозонганларини билдиришади. Бироқ Юдифчилар бақириб юборишади: “Йўқолсин сотқинлар!” Чунки тўда ичида мутлақо бошқа ишларни режалаштириб турган одамлар бор эди.
Шу орада етиб келган Миллий гвардия оломонни ўраб олади. Қоронғи тушиши билан Юдифчилар тунаш учун ҳар томонга тарқай бошлашади.
Париждан келган хонимлар бу тунни қандай ўтказишди? Камтарона жавоб берадиган бўлсак: ҳар хил…
Ёш жувонлар Фландрия полки ва Қирол гвардиясининг иссиқ казармаларида меҳмондўст солдат ва офицерлар қучоғидан ўзларига жой топишди. Ёши ўтиб қолганлар эса эрталабгача давом этган ёмғирдан устунлар тагида жон сақлашди.
Миллий гвардия қўмондони Лафайет ухлаш учун меҳмонхонага жўнаб кетади.
Бироқ инқилоб пайти ухланмайди. Инқилоб уйқусиз тунларни бошидан кечиради. Америка Штатлари озодлиги қаҳрамони, Миллий гвардия қўмондони мазза қилиб ухлаб ётган пайтда қутурган оломон Версал саройига бостириб киради. Энг ажабланарлиси, аввал ҳеч қачон саройда бўлмаган бу одамлар зинапоялар қаерда-ю махфий эшиклар қай томонда – аниқ билишарди.
Бундан ташқари саройнинг кўпгина эшиклари қулфланмаганди…
Манфур ва жирканч қиролича ётоғига олиб борадиган зинапоя томон тўда шитоб ва шиддат билан борарди. Йўл-йўлакай: “Австриялик аёлга ўлим!” (улар Антуанеттани “австриялик аёл”, “австриялик фоҳиша” деб аташарди. Бизда ҳам охирги маликани “немис аёли” деб аташгандек) деб бақириб боришарди.
Мария-Антуанетта ётоғини қўриқлаб турган гвардиячилар қиличларини яланғочлаб жангга шай туришади. Улар: “Қиролича, дарҳол қочиб қолинг!” дейишга улгуришди холос. Тўқнашув қисқа бўлди. Бир қўриқчи қорнига қилич санчилади, иккинчисининг боши найза учида ўйнай бошлади.
Бостириб кирган тўда Антуанеттанинг қулфланган ётоғи эшикларини бузаётган пайтда қиролига тўғри қирол ётоғига олиб борадиган яширин зинапоя орқали (аввалги Людовиклар шу зинапоя орқали ўйнашлари ёнига боришарди) хонани тарк этганди.
Бу пайтда уйқудан уйғониб кетган Лафайет отга ирғиб минади-ю сарой томон елдек учиб кетади.
Саройни эгаллаб олган оломон Миллий гвардия бошлиғини ичкарига ўтказиб юбориш учун қош-қовоғи уйилиб икки томонга сурилиб йўл очади.
Оломоннинг: “Қирол ва қироличани балконга олиб чиқинг!” деган ғазабнок бақир-чақирлари остида Лафайет қирол ётоғига кириб келади.
Ғазабга минган оломон ва гвардиячи аскарлар устидан изм-ихтиёрни йўқотган маркиз Лафайет: “Жаноби олийлари, оломонни ҳовуридан тушириш учун… балконга чиқишга тўғри келади…” дейди.
Ва улар саройнинг асосий эшиги устидаги балконга чиқишади. Биринчи бўлиб қирол кўриниш беради ва унинг ортидан болалари қўлидан ушлаб олган қиролича чиқиб келади.
Нафратга учраган ва одамлар ёмон кўрадиган пулхўр – “австриялик аёл” оломон қаршисида турарди. Оломон милтиқ ва найзалар билан қуролланганди. Ва албатта инқилобнинг севимли қуроли – тошлар ҳам одамлар қўлида эди.
У ҳамма нарсани тушуниб турса-да, лекин ғурур билан ва оломондан ҳазар қилиб бошини баланд тутади. У бош эгишни билмасди. Кейинчалик қироличани Консьержери қамоқхонасига олиб келишганида сал эгилиб кириши керак бўлган жойда, бошини тик тутгани учун пешонасини камера эшиги кесакисига уриб ёради.
У учун бу даҳшатли лаҳзалар умрининг охири бўлиши мумкин эди. Маркиз Лафайет қутқаради. Маркиз балконга чиқиб келиб қиролича қаршисида назокат билан бош эгади ва унинг қўлини ўпади. Оломон французлар эканлигини дарҳол эсга олади. Ўша пайт у охирги марта “Яшасин қиролича!” деган ҳайқириқни эшитади.
Кейин худди эс-ҳушини йиғиб олгандек оломон: “Қирол ва қироличани Парижга ҳайданг! Новвойхона ва новвойларни Парижга кўчиринг!” деб ҳайқира бошлайди.
Ва улар Париж томон йўл олишади. Бу мотам маросими эди. Олдинда тўпларни судраб Миллий гвардия борарди. Гвардиячилар милтиқлари учига байрамона гуллар қадалганди. Уларнинг ортидан ун ортилган элликта карета йўлга чиққанди. Энг охирида эса бир пайтлар тахтга уни олиб келган ва қудратли бўлган қирол Людовик олтин каретада йўлга тушади. Ҳокимиятдан жудо бўлган қирол ва таҳқирланган қиролича болалари қуршовида жим кетиб боришарди.
Саккиз юз йиллик монархия ана шу тариқа ўлиб борарди.
Улар Парижга кириб келишади. Қирол оиласи Тюильри саройига қўниши белгиланганди. Бу саройга қирол кўпдан бери қадам босмаган ва шу боис у қаровсиз аҳволда эди.
Бироқ Тюильри саройи томон боришаркан, йўл-йўлакай шаҳар мэрияси олдида тўхташга тўғри келади.
Бу ерда унутилмас демократия саҳнаси намойиш этилади: Франция қироли ва куни кеча Миллий кенгаш бошлиғи бўлган, бугун эса Париж мэри ҳисобланган Бальи биргаликда балконга чиқиб келади. Оломонни қойил қолдириб улар бир-бирларининг қўлларини маҳкам ушлаб олган эдилар. Қирол бошига машҳур қироллик шляпасини кийган ва шляпага инқилобнинг уч рангли нишони… қадалганди! Бўлғуси икки мурда ана шу тарзда қўл ушлашиб туришарди. Инқилобчи Бальига ҳам, тахтдан ағдарилган қиролга ҳам бир хил қисмат ҳозирлаб қўйилганди.
Қирол хонадонининг Тюильри саройидаги ҳаёти бошланади. Сарой атрофини Миллий гвардия аскарларидан иборат қоровуллар ўраб олади. Улар қиролни ҳам қўриқлаб, ҳам унга кўз-қулоқ бўлиб туришарди. Людовик де-юро ҳали-ҳамон Миллат қироли, де-факто эса унинг асири эди. Кечқурунлари гвардиячилар командири маркиз Лафайет келиб текшириб кўрарди: севимли халқидан қочиб кетмадимикин, жонажон халқини қирол тарк этмадимикин?
Тюильрида яшар эканлар, улар мактуб олишади.
Бу ҳозиргача тарихчиларни безовта қилиб, ҳаяжонга солиб келаётган машҳур мактуб эди. Қиролга хатни… буюк инқилобчи Мирабо ёзганди! Франциянинг энг баобрў ва таъсирчан одами. Унинг овози ва сўзи Миллатнинг овози ва сўзи ҳисобланарди.
Бироқ мард Мирабо – эътиқоди жиҳатидан конституцион монархист эди. Мирабо ва унинг издошлари учун инқилоб ўз мақсадига эришганди. Мустабид тузум ағдарилганди. Энди улар ўзларига зарур бўлган Конституцияни қабул қилишга қиролни мажбур этишади ва шу билан иш тамом-вассалом!
Инқилоб уйғотиб юборган иблисона кучлар қандай иш тутишини ва инқилоб оқими мамлакат ва халқни қай томонга оқизиб кетишини Мирабо сеза бошлаганди. Бироқ у бир нарсани тушунмасди: инқилоб ҳаракатга келтирган қора ва ёвуз кучни энди тўхтатиб бўлмасди…
Инқилобни амалга оширганлар, инқилобни бошқара олмай қолишганди. Биз инқилобнинг отасимиз, деб ўйлашарди улар.
Эслаб қолайлик: инқилобнинг отаси бўлмайди. Унинг фақат ночор ва нотавон фарзандлари бўлади холос.
Инқилобни бошлаш мумкин, лекин уни қандай якунлашни ҳеч ким билмайди?!
Мирабо ўзлари юзага келтирган шиддатли ва кучли оқимни тўхтатиш ихтиёримизда, деб ишонарди. У ўзининг меморандум-мактубида халқни қандай қилиб тинчлаштиришни Людовикка тушунтирганди. Энг аввало масъулиятни ўз бўйнига оладиган министрликлар тузиш лозим. Халқ ҳозир ишониб турган одамларнигина министр этиб тайинлаш керак. Табиийки, бу министрларнинг, яъни ҳукуматнинг раҳбари Мирабо бўлиши шарт. Чунки ҳозир Мирабо Франциянинг норасмий ҳукмдори – шу боис уни ҳукумат бошлиғи этиб тайинлаш адолатдан бўлади.
Бироқ хатда кишида жирканиш туйғусини уйғотувчи бир пункт бор эди – Мирабо қиролдан пул сўраганди.
Шу нарсага эътибор бериш лозимки, Мирабо нуқтаи назаридан бунинг ҳеч бир уяладиган жойи йўқ эди. Унинг наздида яширин бўлса-да, барибир ўз ҳукмдори хизматига қайтаётганди. Хизмат учун эса ҳақ тўлаш лозим. Аёлларни, аёл бўлганда ҳам жуда кўп аёлни яхши кўрадиган бу пулхўрга пул доимий ва катта миқдорда зарур эди.
Қиролича дастлаб бу мактубни такаббурлик ва ичиқоралик билан кутиб олади. Антуанетта: “Умид қиламанки, биз жаноб Мирабонинг ёрдамига муҳтож бўлар даражада бахтсизликка дуч келмасмиз?” дейди беписанд. Бироқ ҳаёт уни ҳам ўйлашга, ақл билан иш кўришга ўргатганди. Бироз ўйлаб, бошқа бунақанги иттифоқчи топилмаслигини тушуниб етади.
Қирол инқилобий Франция қиролининг ёрдамини қабул қилади.
Версаль боғида Мария-Антуанетта Мирабо билан яширин тарзда учрашади. У илк бор Мирабонинг ахлоқсиз, хунук ва чечакдан илма-тешик бўлган башарасини ва доимо худди от ёлидек ҳурпайиб турадиган сочини яқиндан кўради. Бу чеҳра аёлларни дастлаб қаттиқ қўрқитиб юборса, кейинчалик қаттиқ ўзига тортарди!
Улар нима ҳақида гаплашиб олганлари номаълум.
Аммо суҳбат якуни маълум: “У жуда ажойиб аёл, олийжаноб ва жуда бахтсиз. Бироқ мен уни қутқараман”, – деб айтганди Мирабо.
Қиролича ғалаба қилганди!
Мирабо монархияга ёрдам беришга шошилади. Якобин клуби тузилади.
Якобин клуби энг қудратли ташкилотга айланади. Якобинчилар – бу ном турдош номга айланиб, бутун Европага янграйди.
Конституцион монархист бўлган Мирабо бу клубнинг фаол аъзоси эди. Аниқроғи, унга аъзо бўлиб улгурганди. Чунки тез орада бу клубдан барча монархистлар ҳайдаб солинади. Клубда инқилобнинг янги босқичида Инқилоб исмли шафқатсиз ойимчага керак бўладиган инқилобчи-радикаллар қолади холос.
Тарихнинг ўзига хос ақл бовар қилмайдиган эврилишлари бор. Ўша пайтда Мирабо қиролга жуда катта ёрдам кўрсатиши мумкин эди. Аммо Тарихга қирол керак бўлмай қолганди. Ва Мирабо… вафот этади! Сиз кўпгина манбаларда уни меъёрни билмаслик ҳалок қилди деб ўқийсиз – у француз виносини жуда хуш кўрарди. Винодан кўра ҳам аёлларни яхши кўрарди. Ва аёллар ҳам уни ёқтирарди.
Унинг сеҳрли кучи ва мафтункор нутқларини эшитган аёл хунук башарасини ёддан чиқариб юборарди. Графнинг маҳбубалари сони жуда кўп эди. Ишонинг, унинг паҳлавонларга хос соғлиги бунга дош бера оларди. Бундан ташқари Мирабога ўхшаган одамларга аёлларнинг кўплиги заруратга айланганди – бу нарса унга зарар эмас, наф келтирарди.
Аслида эса меъёридан кўп вино ва аёл эмас – уни Инқилоб ўлдирганди!
Инқилоб – қон сўрадиган вампирдир. У инсоннинг қонини ичади, қонини сўради. Ҳозиргача тарихчилар Ленин билан қандай воқеа содир бўлганди, Ильич нима касалликдан вафот этганди, деб тахмин қилишади. Француз инқилобининг доҳийси Мирабодек, Ильичнинг ҳам Инқилоб номли вампир қонини ичганди.
Хўш, шундай қилиб Мирабо ўлади. У келажакни кўра билганди ва ўлим тўшагида: “Юрагимда монархиянинг вайроналари. Энди уни ғалаёнчилар битта-битта ташиб битиришади”, дейди.
У қуёш чарақлаб турган кунда, жуда қувноқ ҳолда бу дунёни тарк этади. Зангори осмонга узоқ тикилиб туриб, кейин кулиб шундай дейди: “Қандай гўзал бу олам! Тепада мабодо Худо бўлмаса, ҳеч бўлмаганда унинг амакиваччаси бўлса керак”.
Мирабонинг ўлимидан кейин қирол оиласи ихтиёрида бир йўл қолганди. Дарвоқе, бу йўлни Мирабо ҳам таклиф этганди: хорижга, инқилобий Франция душманлари ва қўшинлар олдига қочиш. Қирол иккиланиб қийналиб кетади. Қиролича қочиш ҳақида мардона бир тўхтамга келади. Мирабо ўз вақтида уни “бутун қирол оиласида ягона эркак” деб атаган эди.
Аллақандай бир жаноб қочишни ташкил қилишга киришади.
Шу ерда ҳам навбатдаги бир чекиниш қилсак. Инқилоб талотўплари пайтида қироличанинг ёнида садоқат билан ким қолганлигига назар ташлаш учун.
Сон-саноқсиз памфлетларда кўплаб эркаклар “шаҳватпараст австриялик аёл”нинг ўйнашлари сифатида тилга олинарди. Ҳақиқатан эса бу эркакларнинг бирортасини қиролича яқинига ҳам йўлатмаган. Бу ифлос памфлетларда қироличанинг ягона ўйнаши номи тилга олинмаганди…
Ўн тўққизинчи асрнинг ўрталарига келиб Антуанетта “мўъжизавий тарзда покдомон аёлга айланиб қолган” пайтда уларнинг фожиавий муҳаббатлари ошкор бўлади.
Бизда ҳам, жаҳон тарихида ҳам кўп маротаба бўлгани каби монархия тикланганидан сўнг бўлиб ўтган воқеаларга энди бошқа кўз билан қарала бошланади. Тириклигида Мессалина[15] деб эълон қилинган Антуанетта ўлимидан сўнг бироз вақт ўтиб фақат ўзининг шўрлик эрини севган садоқатли хотин, маъсума аёл қиёфасида намоён бўлади.
Бироқ ўн тўққизинчи аср ўрталарига келиб швед зодагони граф Ферзеннинг авлоддан авлодга ўтиб келаётган хонадонидан қизил лента билан боғланган ўн учта хат топилади. Бу мактублар граф Ферзенга йўлланган бўлиб, уни ўша бизга таниш ажи-бужи дастхати билан Мария-Антуанетта ёзганди. Бу хатлар нашр қилинган.
Ферзен авлодлари бу ажойиб севгини ошкор қилувчи жумлаларни ўчириб ташлашга уринишган. Лекин улар хатлардаги ана шундай ўринларнинг барчасини бутунлай ўчириб ташлашни ё уддалай олишмаган ёки хоҳлашмаган.
Ана шу тариқа Антуанетта томонидан ёзилган: “Дунёдаги мени энг яхши кўрадиган ва мен чин юракдан севадиган инсон!”, “Менга хат ёзинг! Сизнинг мактубларингизсиз мен ақлимдан озаман…” сингари иқрорлар дунё юзини кўради.
Ферзеннинг опасига ёзган хатлари ҳам топилади. Бу мактубларнинг бирида граф шундай деб ёзади: “Мен севган аёл ҳеч қачон менинг хотиним бўла олмайди. Шу боис мен бошқа ҳеч кимга ва ҳеч қачон уйланмайман”.
Графнинг кундалигидан ҳам кўп нарса ойдинлашади.
Улар бир-бирини кўрган куниёқ севишиб қолишганди. Граф қироличанинг шаънини булғамаслик учун қўлидан келган барча ишни қилади. Чунки, ўзи тан олганидек, “Антуанетта қалбимнинг қироличасига айланди”. Ўрталаридаги муҳаббат ва туйғулар барчага ошкор бўлишидан чўчиб, Ферзен Америкага қочиб кетади. Америка Штатлари мустақиллиги учун бўлиб ўтган урушда иштирок этади.
Парижга Лафайетнинг адвокати бўлиб қайтиб келади…
Қиролича тахт ворисини дунёга келтирганидан сўнг, инқилоб арафасида улар ошиқ-маъшуқларга айланишади. Трианон саройининг уй печкаси ортида Ферзен учун яширин хона бор эди…
Қиролича айнан унга – граф Ферзенга – қочишни тайёрлашни топширади.
Россиядаги инқилобдан кейин бизнинг охирги подшомиз тўғрисида – “Тарк этилган подшо оиласи” номли китоб чиқади. Бу сарлавҳа бемалол Людовик ва Антуанетта ҳаёти ҳақида ҳам ҳикоя қилиши мумкин. Худди бизнинг подшо оиласига ўхшаб француз қироли ва қироличаси ўзларини барча тарк этиши учун қўлларидан келган ҳамма ишни қилишганди. Қочиш учун ёрдам ва пулни граф Ферзен фақат… рус баронессасидан топади! Баронесса Корф нафақат пул, шу билан бирга Париждан чиқиб кетиш рухсати олинган паспортни ҳам граф қўлига тутқазади. Хаёлим паришон бўлиб паспортимни печкага ташлаб юборибман, деган баҳона билан баронесса янги паспорт олади.
(Кейинчалик Ферзен Антуанеттанинг Австриядаги қариндошларидан олийҳиммат баронессага пулни қайтаришни сўраб беҳуда илтижолар қилади. Ҳатто у бизнинг императрицамиз Екатеринадан ҳам ёрдам сўрайди. Аммо баронессага ҳеч ким бир тийин ҳам бермайди. Графнинг ўзи эса бу пайтга келиб бор-йўғидан айрилганди.)
Шундай қилиб, швед графи ва рус баронессаси қирол оиласи қочишини ташкил қилишади.
Бронесса биринчи бўлиб йўлга чиқади ва соғ-омон Россияга етиб келади. Улар-чи?.. Улар эса бўлғуси операцияда ролларни тақсимлашади. Трианон театрининг ёрқин актрисаси, Розина ролини муваффақиятли ижро этган Мария-Антуанетта Корф хонимнинг хизматкори ролини ўйнаши керак эди. Корфнинг ўзи эса қирол болаларининг тарбиячиси мадам де Турзель ролида чиқиши белгиланади. Корфнинг синглиси ролини қиролнинг синглиси малика Елизавета ўйнайди. Қирол билан аҳвол анчайин мушкул эди. Людовик баронесса Корфнинг камердини ролида чиқади. Қиролнинг машҳур шляпаси билан нима қилмоқ керак? Жаноби олийлари жуда қийинчилик билан бўлса-да хизматкорлар бош кийимини кийишга рози бўлади. Қиролнинг фарзандлари баронесса Корфнинг болаларига айланади…
Граф Ферзен каретани Париждан ташқарига олиб чиқишни таъминлаши лозим эди.
Бу қочиш аввалбошданоқ муваффақиятсизликка юз тутиб, барбод бўлиши аниқ эди.
Қирол оиласининг барча аъзолари бирга кетишга қарор қилганларидан гапни бошласак. Яна мадам Турзелнинг ҳам улар билан бир бўлишини айтмайсизми! Этикет шуни талаб қиларди – қирол болаларининг тарбиячиси доимо бирга бўлиши шарт.
Шу боис уларга жуда катта файтон керак бўлади. Ферзен оила аъзоларининг барчаси жойлашадиган файтонни топади. Бу Германияда ясалган машҳур “Берлин” эди. Бироқ улкан ва қимматбаҳо экипаж қаердан ўтмасин ва айниқса кичик шаҳарларда – дарҳол барчанинг эътиборини ўзига тортади. Бу файтонни тортиб бориш ва йўлда уларни алмаштириш учун жуда кўп от керак эди. Буларнинг барчаси қочиб бораётганлар учун анча ноқулайликлар туғдирарди.
Яна бир нарса… Барча француз генералларидан бу ишга бош қўшишга ягона бир генерал зўрға рози бўлади. Бу маркиз Буайе эди.
Хўш, нега у розилик билдирганди? Чунки унинг ихтиёрида немис драгун полки бор эди. Маркиз уларнинг садоқатига ва хиёнат қилмаслигига ишонарди. Француз аскарларига эса ишониб бўлмасди – қирол оиласига халқнинг “муҳаббати” шунақа эди.
Қочиш жаноб Бомаршенинг пьесалари воқеалари асосида кечади. Париж шаҳри жаллоди Сансон эътироф этганидек, Инқилобдан кейин хабар етказувчи пойлоқчилар “тасаввурга сиғмас даражада кўпайиб” кетганди. Тюильри саройи Миллий кенгаш хабаркашлари билан тўлиб-тошганди. Қирол кимга ишониб, кимга суянишни билмасди.
Вақт тун ярмига яқинлашганда Лафайет қирол оиласи саройда эканлигига ишонч ҳосил қилиб ухлагани кетади.
Этикет қоидаси бўйича қирол ётишдан олдин ипнинг бир учини камердинернинг қўлига боғлаб сўнг уйқуга кетиши керак – истаган вақтда ипни тортиб хизматкорни чақириш мақсадида.
Эндиликда эса қирол ҳатто ўз камердинерига ҳам ишонмасди. Шу кеча ипнинг бир учини каравот оёғига боғлаб қўяди. Кейин овоз чиқармай Людовик Ўн тўртинчи ўйнашлари ёнига чиқадиган яширин эшиккача эмаклаб боради. Людовик “Қуёш қирол”нинг маъшуқаси Луиза де Лавальер хонасига кириб ливрея (кучер, дарвозабон сингари хизматкорларнинг заррин уқали формаси) кийиб саройдан соғ-омон чиқади.
Қирол ўзининг иш хонасида халққа мурожаат ёзиб қолдиради. У депутатларни монарх ҳокимиятини ноқонуний тортиб олганликда айблайди ва ўзи ва оиласи бошидан кечирган ҳақорат ва сиқувларни бир-бир санайди…
Каррузель майдонига қиролдан сал олдин “қироличанинг хизматкори” чиқиб келади. Уни саройдан чиқиб кетаётган Лафайетнинг каретаси уриб кетишига бир баҳя қолади.
Қирол болаларининг тарбиячиси мадам де Турзель ва қиролнинг синглиси Елизавета шаҳзода ва унинг синглисини эсон-омон саройдан олиб чиқишади.
Жуда улкан каретага барчалари жойлашиб олишади.
Аравакаш ўриндиғига ўтирган граф Ферзен отларга қамчи босади. Қочиш бошланади.
Тунда ҳеч қандай можаросиз шаҳардан чиқишади. Шаҳардан чиқишлари биланоқ ягона ёрдам бера оладиган одам – граф Ферзен каретани тарк этиши керак эди. Ошиқ-маъшуқлар қиролнинг туйғуларига раҳм-шафқат қилишади. Кучер ўрнини гвардиячи формасини кийиб олган одам эгаллайди.
Жаноби олийлари қочишни сайру саёҳат сифатида қабул қилгани боис ўзи билан харита олганди. Ва ниҳоят ўзи бошқарган мамлакатни кўришни истаб қолади. Аниқроғи, аввал бошқарган. Каретага жуда кўп озиқ-овқат ва вино ортилганди – Жаноби олийларининг иштаҳалари карнай эди.
Кейин барча воқеалар қирол маросимларида воқеалар қандай ривожланиши керак бўлса, худди шу маромда ривожлана бошлади. Қочиш режаси аввалбошданоқ бузилганди. Қиролни шаҳарларда кутиб олиб, сўнг чегарача кузатиб қўйиши керак бўлган маркиз Буайе драгунлари уни кутиб олмасди. Баъзан улкан карета, баъзан эса уларни кутиб олувчилар кечикишарди… Чегарадан унча олис бўлмаган Сент-Менеу шаҳарчасига ҳеч бир хавфли можаросиз қандай етиб келишдийкин – ақл бовар қилмайди.
Бу шаҳарчада қизиқувчан қирол Ферзен қаттиқ тақиқлаган нарса – карета пардасини кўтаради. У шаҳарча билан танишишни истаб қолганди. Бурбонларнинг машҳур бурни карета деразасидан кўчага туртиб чиқади. Бу жуда катта бурун эди. Қиролнинг серсевги аждодлари даврида кўпгина хонимларнинг фарзандлари чеҳрасини ана шундай улкан бурун безаб турарди. Версалда қувноқ бир мақол тилдан тилга кўчиб юрарди: “Худо кечиради, бу дунё унутади, аммо бурун қолади”.
Почтмейстернинг ёрдамчиси, навқирон бир йигит шу заҳотиёқ қирол бурнини танийди. У хурсандлигидан қичқириб юборади: “ Э! Қаранглар, эллик ливрлик пулдаги башара-ку!”
Карета чегарада жойлашган Варенн шаҳри томон йўл олади. Почтмейстернинг ёрдамчиси, довюрак йигит Друэ отга сакраб миниб улар ортидан юради…
Тарих яна бир бор кулимсираб қўяди. Қирол оиласи Варенндаги “Буюк монарх” меҳмонхонасига бориб қўнишни мўлжаллаганди. Бу ерда уларни Буайе гусарлари кутиб олиши лозим эди… Меҳмонхона нариги қирғоқда жойлашганди.
Лекин Людовик Ўн олтинчи ҳеч қачон “Буюк монарх”га етиб боролмайди. Уларни қувиб ўтган Друэ ўз ишини қилиб улгурганди. Қирол каретаси ўтиши керак бўлган дарё кўприги тўнтарилган аравалар ва ёғочлар билан тўсиб қўйилганди.
Тез орада шаҳар қўнғироқлари бонг уради ва Миллий гвардия аскарлари кўчага чиқишади.
Машҳур қочиш саҳнасининг иштирокчилари охирги пардага етиб келишади. Қирол шармандали ниқобланиш, ясама тус ва ўзини бошқа одам қилиб кўрсатишни бас қилиб, уларни ўраб олган оломонга мурожаат қилади: “Ҳа, мен сизларнинг қиролингизман! Мен пойтахтдаги ҳақоратлардан чарчаб, провинцияга кетишга қарор қилдим. Бу ерда халқнинг ўз Ҳукмдорига муҳаббат билан муносабатда бўлишига умид қиламан… Халқим ўзининг қувноқ ва бахтли характерини намойиш этади деган умиддаман”.
Шундан сўнг таҳдидли овозда кўприкни тозалаб, уни “Буюк монарх” меҳмонхонасига олиб боришга буйруқ беради.
Оломон юзинг-кўзинг демасдан хохолаб кулиб юборади.
Кейин портлаш овози эшитилади – кўприк портлатиб юборилганди.
Ва ниҳоят ўз отлиқ аскарлари билан етиб келган маркиз Буайе дарёни кечиб ўтишга журъат этмай нариги қирғоқда турарди. Аллақачон бутун Варенн Миллий гвардия аскарлари билан тўлиб кетганди.
Шу вақт Париждан депутатлар ҳам етиб келади. Улар Франция қироли Парижга қайтиши ҳақидаги буйруқ ёзилган декрет олиб келишганди.
Қирол декрет ёзилган қоғозни улоқтириб юбориб: “Францияда энди қирол йўқ”, дейди. У бор гапни айтганди.
Улар кун бўйи йўлда жуда ҳоригандилар. Шу боис Вареннда тунни ўтказиб, дам олишни ният қилишганди. Лекин бунга имкон беришмайди. Пойтахтдан етиб келган депутатлар дарҳол орқага қайтишни талаб қилишади. Қирол оиласини ўраб олган оломон: “Уларни каретага ҳайданг, каретага! Биз уларни каретага тиқамиз!..” деб ҳайқиради.
Қирол, қиролича ва уларнинг фарзандлари сўкиш ва қарғишларни эшитишга мажбур ва маҳкум эдилар.
Улар Париж томон йўлга чиқишади. Миллий кенгашнинг икки вакили – констутицион монархист Барнав ва якобинчи Петион ҳам қирол каретасидан жой олишади. Людовик билан Мария-Антуанетта ўртасига Барнав, қирол синглиси Елизавета билан мадам де Турзель орасига эса Петион ўтириб олади. Қирол оиласи Миллий кенгаш депутатларига ҳеч қачон бунчалик яқин бўлмаганди.
Болалар каретада шодон ўйнашарди. Барнав тезда, сўнг ҳатто Петион ҳам “монархнинг камтарона турмушига мафтун” бўлиб қолишди. Шу пайтгача кўп маротаба эшитиб келган қирол оиласининг такаббурлигини сира ҳам кўришмади. Болалар билан ота-она ўртасидаги муносабат оддий оиланинг туриш-турмушидан сира ҳам фарқ қилмасди.
Барнав кейинчалик шундай деб ёзади: “Бу жудда оддий оила!”
Париж томон келишар экан, кутилмаган таассуротлар ҳам содир бўлганди. Мисол учун, Петион йўл давомида қиролича Елизавета мени севиб қолди, деган тўхтамга келади. “Мабодо биз ёлғиз бўлганимизда табиат албатта ўз ишини қилган бўлур эди…” деб ёзади ҳам.
Улар ана шу тарзда пойтахт томон келишарди…
Бироқ тинч ва осойишта ҳаёт фақат каретада ҳукм сурганди. Халқ уларни лаънатлаб қарши олади.
Париж яқинида лаънатлар ёғдираётган оломон ўрнига жим ўқрайиб қараб турган одамлар тўдасига дуч келишади. Чунки бу пайтда Миллий кенгашнинг декрети ҳамма жойга ёпиштирилганди. Бу декретда шундай сўзлар бор эди: “Кимда-ким қирол ва қироличани олқишласа, у нафратга лойиқдир. Кимда-ким уларни сўкиб ҳақоратласа, хипчин билан саваланади”. Улар ана шундай қўрқинчли жимлик ичида Парижга кириб келишади.
Миллий кенгашда қонунчилар тўпланганди. Уларнинг кўпчилиги профессионал адвокатлар эди. Қиролнинг яккаҳокимлигини тугатадиган Конституцияни қонуний ҳокимият тасдиқлаши зарурлигини улар яхши тушуниб туришарди. Ҳозирча ана шундай қонуний ҳокимият қирол бўлиб, у бенуқсон бўлиши керак эди. Янги Конституцияни тасдиқлаганидан сўнг эса, яъни “мавр ўз ишини қилиб бўлганидан” кейин…
Ва Миллий кенгаш ҳеч қанақанги қочиш бўлмаган, деб эълон қилади. Қирол оиласини ўғирлаб кетишганди. Бунда қиролнинг сира айби йўқ. Бу мавзуда музокара очмаслик учун Миллий кенгаш қирол шахси дахлсизлигига таяниб қиролни айбсиз деб топади…
Шундай қилиб улар яна Тюильри саройига қайтишади.
Худди шу вақтда Миллий гвардия томонидан қуршаб олинган саройга ғалати бир одам ташриф буюради.
Қирол орқа ўгириб уни қабул қилади…
Инқилобдан кейин Миллий кенгашда депутат – доктор Гильотен сўзга чиқади. У йўл қўйиб бўлмас хатолик содир бўлаяпти дейди. Биз мамлакатда тенглик эълон қилган бўлсакда, аммо энг муҳим жойда, яъни эшафотда тенгликни кўрмаяпман. Амалдаги қонунга кўра фақат дворянларнинг калласи кесилади. Оддий одамларни эса осиб ўлдиришади. Тенглик шароитида бундай бўлиши мумкин эмас. Узоқ кутилган тенглик эшафотга ҳам кириб келиши шарт. Депутатлар ҳақиқатан ҳам жуда муҳим нарсада фаромушхотирликка йўл қўйилганини тан олишади…
Бу баҳс-мунозарани Париж шаҳри жаллоди Шарль Сансон қўрқув ичида тинглайди. Депутатлар зодагоний усулда қатл қилишни барча учун жорий этишга қаттиқ бел боғлаганларини у тушуниб етади. Инқилоб жуда қатъиятли хоним эканлигини жаллод ўшанда илғаб олади. Эшафотга мижозлар кўпайиб кетиши аниқ бўлиб қолади. Бунча кўп бошни кесаман деб қўли узилиб тушадику!
Сансон тенглик учун курашчи – депутат Гильотенга мурожаат қилади. У муаммони очиқ-ойдин айтади. Жаллод ҳақ эканлигини доктор Гильотен тан олади. Муаммони фақат техника ёрдамида ҳал қилиш мумкин. Қилич билан қатл қилиш эскирган усул.
“Биз эндиликда илғор миллатмиз ва шу боис одамларни илғор усул билан қатл этишимиз керак. Ўрта асрларга хос қилич ўрнига механизм ихтиро қилиниши зарур”.
Сансон Доктор Гильотеннинг илғор ғояларини кўтаринки руҳда қўллаб-қувватлайди ва ўзининг жуда кам сонли дўстларидан (инқилобга қадар Парижда жаллод билан дўстлашишдан ҳамма жирканарди) бирига ёрдам сўраб мурожаат қилади. Сансоннинг дўсти асли миллати немис бўлган, мусиқа асбоблари ихтирочиси Шмидт эди.
Немис бутун маҳоратини ишга солади. У қонли шарафга муяссар бўлганди – бўлғуси қатллар учун ойболта тиғини чизади ва барча механикани ишлаб чиқади. У шунга ўхшаш механизмни қадимий гравюрада кўрганди.
Тўғри, Шмидт янги ихтирога ўз номини беришдан қатъиян бош тортади. Аммо бу илғор механизмни ўзига нисбат беришларига доктор Гильотен хурсандлик билан рози бўлади.
Ҳокимиятдан жудо бўлган қирол ҳали ҳамон расмий равишда Миллат раҳбари бўлиб қолмоқда ва шу боис у янги ихтирони тасдиқлаши лозим эди.
Париж шаҳрининг жаллоди Шарль Сансон Тюильри саройига – Людовик ҳузурига келади.
Этикет талабига кўра қирол жаллодни орқа ўгириб қабул қилади.
Сансон механизм ва тиғни доскага чизиб, унинг қандай ишлашини тушунтириб беради. Людовик дурадгорликни жони дилидан яхши кўрганини айтиб ўтишимиз лозим. Версалда ҳатто унинг устахонаси бор эди. Хуллас, мамлакатни бошқаришдан кўра дурадгор сифатида анча моҳир эди…
Людовик ихтирони юқори баҳолайди, унга илғор усул жуда манзур бўлади. Бироқ бироз ўйлаб туриб, жиддий бир мулоҳазага боради ва жаллоддан сўрайди:
– Тиғ ўртаси нега кесилган?
Ҳақиқатан ҳам, уч қиррали тиғнинг паст қисми кесик эди. Сансон бу ўйиқнинг маҳкумнинг бўйни учун мўлжалланганини тушунтиради. Қирол эса: “Бўйинлар ҳар хил бўлади. Бу тиғ бир бўйинга тўғри келса, бошқасига тўғри келмаслиги ва кичкиналик қилиши, яъни маҳкумнинг бўйни йўғон бўлса, тиғнинг кесилган жойига сиғмаслиги мумкин”, дея эътироз билдиради.
Сансон ўзига орқа ўгириб турган қиролнинг бўйнига назар солади, ҳақиқатан ҳам, бу йўғон бўйин тиғнинг кесилган жойига сиғмасди, у қиролнинг ҳақлигини тушуниб етади.
Франция қироли қўлига бўр олиб тиғни текис қилиб чизиб қўяди. Ана шу тарзда Франция қироли гильотинанинг ҳаммуаллифига айланади.
Доктор Гильотен Миллий кенгашда маъруза қилади. У Буюк Инқилобга муносиб, энг инсонпарвар ва энг илғор қатл усули ўйлаб топилганини тантанавор эълон қилади. Эндиликда қатл “майин шабада эсгандек, у сизни силаб ўтади ва бошингиздан ажраганингизни ҳатто сезмай қоласиз”.
Миллий кенгаш депутатларининг кулгидан нафаслари етмай қолади. Улар узоқ кулиб, давомли қарсак чалишади. (Бу шодон кимсаларнинг тўртдан уч қисми тез орада “майин шабада”ни ўз бўйинларида ҳис этишади).
Тажриба ўтказишга қарор қилишади – дастлаб мурдада, кейин эса қўйларда.
Тажрибалар муваффақиятли ўтади. Энди бемалол эшафотга одамларни олиб чиқиш мумкин.
Биз “Гильотина” деб атаган Инқилобнинг охирги этапи ана шу тарзда бошланади.
1791 йилнинг ўн тўртинчи сентябрида қирол янги Конституцияга имзо чекади. Мавр ўз ишини қилиб бўлганди, энди мавр кетиши керак[16].
III ҚИСМ
“Маърифат асри! Мен сени танимай қолдим – қон ва олов ичида сени танимаяпман – қотилликлар ва вайронагарчилик ичида сени танимай қолдим!..”
Н.М. Карамзин
Конституция қабул қилинди, қирол унга имзо чекди ва конституцион монархистлар орзуси ҳаёт ҳақиқатига айланди. Конституция яккаҳокимликка чек қўйди, энди худди Англияда бўлгани каби Францияда ҳам монархия қонун билан чекланди. Конституцион монархистларнинг жарчиси Барнав (бу ўша Вареннадан қирол ва унинг оиласини Парижга олиб келган депутат) Миллий кенгашда сўзга чиқиб шундай дейди: “Умумий манфаатлар инқилобни тўхтатишни тақозо қилмоқда… Инқилобий ҳаракатнинг тўхтовсиз давом этиши бизга кўп зиён-заҳмат етказди – инқилоб нимани вайрон қилиши ва бузиши мумкин бўлган бўлса, барчасини вайрон қилиб бўлди. Инқилобни амалга оширганлар у ўзининг энг юқори босқичига чиқиб бўлганини тушуниб етишлари лозим. Ватанимиз шарафи инқилоб давом этмаслигини талаб қилмоқда”.
Бу шўрлик ҳам Инқилобни тўхтатишнинг иложи борлигига ишонарди. У Якобинчилар клубининг энг баобрў аъзоларидан бўлиб, буюк нотиқ ҳисобланарди. (“У сўзга чиқиши ҳамоноқ баҳс-мунозаралар тўхтарди”, дейишарди Барнав ҳақида). Аммо улуғ нотиқнинг гапи Инқилобнинг қулоғига кирмайди. У шиддат билан ривож топиб боради. Ва Якобинчилар клубида эндиликда монархистларга ўрин йўқ эди. Барнав ва унинг маслакдошлари клубни тарк этишга мажбур бўлишади.
Конституция қабул қилинганидан кейин Қонунчилик мажлисига сайлов бўлиб ўтади. Қуруқликдаги Франциянинг энг йирик департаменти бўлган Жирондадан парламентга энг кўп депутат сайланади. Маркиз Кондорседан бошлаб мамлакатнинг буюк интеллектуаллари жирондистларга қўшилади.
Жирондистлар таянчи мадам Ролан эди. Монархистлардан фарқли ўлароқ, бу бой ва маърифатли буржуа инқилобни тўхтатишга ҳали вақт эрта, деб ҳисобларди. Озроқ бўлса да, олға ҳаракат қилиш лозим. Янги Конституция бўйича ҳали ҳамон номигагина бўлса да, ҳокимиятсиз қирол Франция давлати бошлиғи ҳисобланарди – бу декорацияни (юзаки безак) олиб ташлаш керак.
Қиролни тахтдан ағдариш керак, лекин тинчгина ва қон тўкмасдан. Франция улар, яъни маърифатли буржуа бошқарадиган Республика тизимига ўтиши керак.
Ва улар ҳар хил нарсаларни ўйлаб топа бошлайдилар.
Бу пайтда Пруссия қироли билан Австрия императори Саксониянинг қадимий бир қалъасида учрашади. Улар ўзларининг ихтиёридаги барча воситалар билан Людовик ўн олтинчини қўллаб-қувватлашларини эълон қилишади.
Жирондистлар шу заҳотиёқ Франциянинг душманларига огоҳлантирувчи зарба беришни таклиф қилишади. Улар яна инқилобни қурол ёрдамида (кейинчалик худди большевиклар сингари) бутун Европага ёйиш таклифи билан чиқишади. Француз инқилобининг буюк байроғи – Озодлик байроғи – умумевропа инқилобини уйғотишига ишонишади.
Инқилобчиларнинг доғули режаси бўйича Австрия императори, яъни қиролича Антуанеттанинг туғишган акаси Миллатнинг расмий душманига айланиши керак эди. Австрия императори Францияга қарши урушга киради. Албатта, қиролнинг қочиб кетган қариндошлари ҳам душманлар армиясига бориб қўшилади. Ана шунда “австриялик аёл” – қироличани ҳам, қиролни ҳам хоинликда айблаш мумкин. (Биринчи жаҳон уруши даврида Александра Фёдоровнани “немис аёли” деб айблашганларидек). “Қиролнинг фитнаси” ҳақида бутун Миллат гапира бошлайди ва натижада қирол ўз ихтиёри билан тахтдан воз кечади. “Мавр кетади”.
Ана шундан сўнг инқилобни якунласа бўларди.
Аммо яна такрор ва такрор айтамиз: Инқилобни одамлар бошқармайди. Инқилоб одамларни бошқаради.
Учинчи табақа расмий Ҳокимият бўлишга тайёргарлик кўраётган бир пайтда, Тарих саҳнасига янги куч чиқади. Тарихчилар кўпинча уни тўртинчи табақа деб аташади. Бу – люмпенлар, жулдурвоқилар, жамиятнинг энг паст қатлами – қашшоқ Париж вакиллари эди.
Инқилобни амалга оширган эрксеварлар, зодагонлар, маърифатли файласуфлар, бой-бадавлат буржуазия вакиллари Инқилобнинг мажбурий қонуниятини тушуниб етмагандилар: кеча улар озод этган эзилган мазлумлар бугун ўзлари хўжайин бўлишни истаб қолишади, шу туфайли ҳам кечаги халоскорларини қаттиқ ёмон кўришади.
Ғазаб, нафрат, жаҳолат Инқилоби ва паст табақанинг ўч олиш саҳнаси бўлган Якунловчи саҳна яқинлашиб келарди.
Инқилобнинг кечаги севимли фарзандлари бўлган жирондистлар – эндиликда Инқилобнинг ноқонуний ва никоҳсиз туғилган болаларига айланишади.
Инқилоб маркази Якобинчилар клубига кўчиб ўтади.
Энди бу ерда радикаллар танҳо ҳукмрон эди. Уларнинг бошида янги илоҳлар – ғазаб, нафрат, жаҳолат Инқилоби ва паст табақа қасосининг доҳийлари турарди.
Хўш, булар кимлар эди? Робеспьер. У жуда ўзгариб кетганди. Унинг нутқларида кўтаринки оҳанглар буткул йўқолганди. Энди бу нотиқ одам тешиб юборадиган даражадаги сеҳрли нигоҳи ва паст овоздаги (албатта, тинглашади – у буни биларди) мантиқли нутқлари билан ажралиб турарди. Унинг ёнида баҳайбат-одам – Дантон турарди. Унинг сочлари тўнғизнинг жунига ўхшар, башараси худди Инқилобнинг ўзидек даҳшатли, овози бамисоли момақалдироқдек гумбурларди.
Учинчиси эса, ажойиб журналист ва куни кеча адвокат бўлган Камиль Демулен эди. Унинг қиёфасида аллақандай хаёлий гўзаллик, назокат ва нафосат зуҳур этарди.
Ва ниҳоят, доҳийларнинг тўртинчиси, энг обрўли ҳамда халқ дўсти деб аталган – Марат. Телбанамо кўзлар соҳиби бўлган бу кичкина одам истеъдодли шифокор эди. Парадоксни қаранг: энг инсонпарвар касб вакили бўлган бу кимсанинг бош туйғуси нафрат эканлигига нима дейсиз? Ким юқорида турган бўлса, ўшаларга нисбатан нафрат ўтида ёнарди у.
Марат ўзининг инқилобий фаолиятини бошлар экан, Вольтерга нафрат билан қарарди ва Европа тан олган донишмандни дадил фош этарди. Кейин шон-шуҳрат чўққисига чиққан қаҳрамон – Лафайетни фош этиб, ундан нафратланарди. Мирабо инқилоб овозига айланган чоғларида маркиздан ҳам нафратланиб, уни фош эта бошлади. Бироқ ўша даврларда Маратни ҳеч ким билмас ва танимасди, бинобарин, унинг нафрати ҳеч кимни қизиқтирмасди.
Энди эса уни бутун Франция биларди. У “Халқ дўсти” номли қаҳрли газетани нашр эта бошлайди. Бу газетанинг номи унинг лақабига айланади. Газета саҳифалари бой буржуа вакилларига нафрат билан тўлиб-тошганди.
Қонли ва қаҳрли даъватларга бой “Халқ дўсти”ни қашшоқлар ютоқиб ўқирди. Робеспьер шундай деганди: “Марат перони қонга ботириб ёзади”. Бу гапга “Халқ дўсти” истеҳзо билан жавоб қайтаради: “Эй, шўрлик, сен ҳали менинг даражамга етишингга анча бор”.
Ҳақиқатан ҳам, ўша пайтда Марат барча радикаллардан устун турарди. Унинг газетаси ҳар куни Миллатга мурожаат этиб, алоҳида таъкидларди: “Халқ кўр бўлиб қолган, аммо албатта кўзини очиши керак”. “Ҳозирда зодагонлар ўрнига янги зодагонлар пайдо бўлди – булар зодагон бойлар. Ҳақиқий инқилобчи кимда ким кюлот (тиззадан сал пастга тушиб турувчи шим. Бунақанги шим зодагонлар ва бой-бадавлат буржуа вакилларида бўлган) кийиб олган бўлса, ундан нафратланиши лозим. Ҳа, ҳа, ўлгудек нафратланиши!”
“Кимнинг хизматкори, каретаси, ипак матолардан кийими бўлса, ўшаларга ҳужум қилинг. Бундай одамлар душман эканига имонингиз комил бўлсин! Уларни аёвсиз ўлдиринг!”
“Янги пайдо бўлган бой дўкондорларнинг дўконларини таланг. Эй, буюк халқ, бундай қилишга сенинг ҳақинг бор!”
“Таланганни тала!” – Инқилобнинг абадий шиори!
Марат Миллатни огоҳлантиришга улгурмасди: “Озодликка қарши – ҳаммаёқ фитнага тўлиб-тошган”. “Инқилобнинг хавфсизлиги учун энг камида қирқ минг роялист (монархия тарафдори)ни ўлдириш керак”. Кейин бу рақам олтмиш мингга етади. Кейинчалик эса икки юз минг кишини ўлдириш ҳақида жар солинади…
Марат тўхтамай ёзарди: “Озодлик, бу – золим ҳукмдордир, эндиликда озодликнинг буюк золимлиги ҳаётимиз аъмолига айланиши шарт”. “Халқ дўсти” ватанпарварларни Инқилобнинг буюк дамлари бўлган дамлар – Бастилиянинг ишғол қилинишини эслашга даъват этади… Ҳақиқий инқилобчининг қалбини туғёнга келтирадиган туйғулар – қаҳр-ғазаб ва нафратни ёдга олишга чақиради.
Жирондистлар Қонунчилик мажлисида ажойиб нутқлар билан овора бўлиб юрганларида Марат ва Якобинчилар клуби қаҳр-ғазаб ва нафрат даврини тайёрлашади. Ҳақиқий Инқилоб даври!
Бу вақт мобайнида Париж кўчаларининг шакл-шамойили қанчалик ўзгариб кетганини бир кўрсангиз эди! Дворянларнинг камзуллари бутунлай йўқолди – уни кўчада кийиб юришга қўрқиб қолишганди. Кўчалар ёвуз ва мудҳишлик касб этди. Қўрқиб қолган одамлар камбағалларнинг курткаларини кийиб юришарди. Маратнинг аёвсиз мақолаларидан кейин дворянларнинг кюлотлари буткул ғойиб бўлди… Эндиликда кўчаларда санкюлот кийиб олганлар юрарди, яъни узун шим, қора куртка ва бошига фригий қалпоғини кийганлар… (Қадимги Римда озодликка чиққан қуллар бошларига фригий қалпоғини кийган). Энди ҳақиқий инқилобчини ана шу кийим бошдан таниш мумкин эди.
Бу пайтда инқилобий армия кетма-кет мағлубиятга учраётганди.
Жирондистлар нима ўйлаб, мақсад қилган бўлсалар – барчаси амалга ошади. Чунки халқ мағлубиятнинг сабаби – саройдаги хоинлик ва қирол оиласининг Парижга ҳужум қилаётган босқинчи душманлар билан алоқадорлигида эканлигига ишонади. Франциядан қочиб кетган шаҳзодалар босқинчилар армиясида хизмат қилаётганлиги бекорга эмас-да.
Жирондистлар Қонунчилик мажлисига қочиб кетган эмигрантларга қарши қатъий қонунлар қабул қилишни таклиф этишади.
Парижга ҳужум қилаётган Австрия-Пруссия армиясининг муваффақиятларини кўриб Людовик илк бор қатъият кўрсатади. У эмигрантларга қарши қаратилган қонунга имзо чекишдан бош тортади ва жирондистлар ҳукуматини истеъфога жўнатишга ўзида журъат топади. Бир пайтлар Неккерни истеъфога жўнатиш оловга керосин сепгандек бўлгани каби бу сафар ҳам пилик ўтга туташтирилганди.
1792 йил 20 июнь куни Париж атрофи ва шаҳардан тўпланган оломон Тюильри саройи томон юриш бошлайди. Қора халқ сарой боғи ва биноларини забт этади.
Шармандали саҳна юз беради. Франция қироли икки соат мобайнида авомнинг ҳақорат ва таҳқирлари остида қолиб кетади. Уни очиқчасига ҳақорат қилишар ва хоинликда айблашар, бошига фригий қалпоғини кийишни талаб қилишарди.
Ва Франция қироли мутеларча бошига римлик қулларнинг бош кийимини кияди.
“Миллатнинг соғлиги учун қадаҳ кўтаринг!” деб унга буйруқ беришади. Қирол ожизона бош эгиб ичади.
Саройнинг ишғол қилинишини Тюильри боғи пандусида туриб ҳали ҳеч кимга таниш бўлмаган бир артиллерия офицери кузатиб турарди. Бироқ Инқилоб – афсунгардир. Орадан бир неча йил ўтиб ана шу ҳеч ким билмаган ва танимаган офицер мазкур саройда – Қироллар саройида яшайди.
Ўшанда оломоннинг бебошлигини кўриб бу нотаниш офицер шундай деганди: “Бу қирол дегани қандай нодон, меров одам экан-а! Ахир, унинг тўплари бор-ку! Бу беш юз нафар шум шайтонваччаларни пар каби тўзғитиб юбориш учун тўплардан бир марта залп билан (бараварига) ўт очилса, бас, қолганлари тум-тарақай қочади”.
Бироқ бундай қилиш учун Наполеон бўлиш керак…
Қирол саройига биринчи юриш ана шу тарзда кечади.
Бироқ қирол “ғайратсиз жасорат” билан жирондист министрларни мансабига тиклашдан бош тортади.
Энди бутун мамлакат бўйлаб қироллик Ҳокимиятига қарши ҳаракат авж олиб кетади. Яна бир бор тиришқоқлик билан ҳаракат қилсак – қиролдан бутунлай қутуламиз, деб ишонишарди жирондистлар. Ана ўшанда Инқилоб ва Анархияни бутунлай тўхтатамиз!
Жирондистлар раҳнамоси бўлган Верньо Қонунчилик мажлисида сўзга чиқади: “…Француз шаҳзодалари қирол номидан Европанинг барча саройларини Миллатга қарши оёқлантиришга уринишмоқда… Ўз Ватани юрагига найза санчиш учун Австрия армиясида юқори мансабларни олган бу эмигрантлар қиролга ёрдам беришга ошиқмоқдалар… Бор-йўғи қирол учун Озодликка хуруж қилишмоқда… Бундай ҳолатда мен Конституцияга мурожаат қилмоқчиман… Армия бошида турган қирол унинг кучини халққа қарши қаратса ёки армиянинг халққа қарши ҳаракатларига тўсқинлик қилмаса – у қироллик ҳокимиятидан жудо бўлган деб ҳисобланади”.
Бу пайтда Франциянинг инқилобий армияси шармандаларча чекинишни давом эттирарди. Австрия ва Пруссиянинг шаҳзода Браунгшвейский бошчилигидаги бирлашган қўшинлари шиддат билан Парижга яқинлашиб келмоқда эди.
Антуанетта акаси император Леопольд, Ферзерн ва шаҳзода Браунгшвейскийга жазава билан хатлар ёзарди. Тезроқ ёрдамга етиб келинг, деб гоҳ ялиниб-ёлворар, гоҳ талаб қиларди. Тюильрига қора авомнинг юришидан кейин ҳаётимиз қил устида турибди, масала ё ҳаёт, ё мамот даражасига бориб етди – хабар берарди у ўз хатларида…
Шундан сўнг шаҳзода Браунгшвейский Париж аҳолисига Манифест билан мурожаат қилади.
Ғазаб ва таҳдидга тўла бу машҳур ҳужжатни тайёрлашда қиролича “ҳаётимдан ҳам ортиқ севаман” деб атаган граф Ферзен ҳам иштирок этади…
Ферзен ҳақида икки оғиз гап айтмасдан ўтиб кета олмаймиз. Қиролнинг муваффақиятсиз қочишидан сўнг у қиролни ўғирлашда айбланиб, қонундан ташқаридаги шахс, деб эълон қилинганди. Унинг боши учун жуда катта миқдорда пул тикилганди. Парижга келиш – ўз-ўзини ўлдириш билан баробар эди. Бироқ у севгилисига Парижга албатта бораман, деб мактуб йўллайди. Қиролича зинҳор кела кўрманг, дея зорланади – лекин келишини биларди!
Граф Ферзен Парижда пайдо бўлади. Энг ажабланарлиси, туну кун Миллий гвардия қўриқлаб турган Тюильри саройига киради…
Графнинг ўз кундалигида ёзганидек, Тюильрида улар тунни биргаликда ўтказишади. Уларнинг биргаликдаги охирги туни.
Эртаси куни у қирол билан кўришиб янгитдан қочишни ташкил қилмоқчилигини билдиради. Аммо қирол “ҳалол одам сифатида” бу таклифни рад этади. У Миллий кенгашга бошқа қочишга уринмайман, деб сўз берганди. Қиролнинг сўзи – бузилмас ваъдадир…
Париждан чет элга эсон-омон етиб келган Ферзен аёвсиз Манифестни тайёрлашда иштирок этади. Манифест Миллий кенгаш депутатларининг ҳарбий давр қонунлари бўйича судга тортилишини эълон қилганди. Қиролнинг бошидан бир тук тўкилса, бутун Париж боши билан жавоб беради. Қасос ўта шафқатсиз бўлади. Париж ер юзидан бутун аҳолиси билан супуриб ташланади.
Манифест муаллифлари Инқилобни англаб етмагандилар. Халқнинг оёққа туриши учун бундан ортиқ йўлни ўйлаб топиш мушкул эди. Француз халқининг шаънини ерга урувчи Манифест бутун Францияни ягона куч сифатида бирлаштиради. Бахтиқаро қирол оиласи учун ушбу Манифестга қараганда бошқа ёмонликни ўйлаб топиш мушкул эди…
Инқилоб драмасининг охирги пардаси яқинлашиб келарди.
10 август куни фожиали якун бошланади.
Августнинг биринчи кунларидаёқ авомдан иборат оломоннинг Тюильрига янги юришга тайёргарлик кўраётгани маълум бўлади.
Қирол Тюильри ҳимоячиларини санаб чиқади. Уларнинг сони жуда оз эди. Булар, энг аввало, мингтача жасур ва моҳир швейцариялик гвардиячилар эди. Бурч ва инсон шаъни нима эканини ҳали эсидан чиқармаган, аммо қариб-қартайиб қолган мингтача зодагон ҳам ёрдамга етиб келади.
Ва ниҳоят инқилобий Миллий гвардия. Унинг зиммасига нафақат қиролни қўриқлаш, шу билан бирга ҳамон номига бўлса да, Миллат бошлиғи бўлиб турган қирол ва унинг оиласини ҳимоя қилиш ҳам юкланганди. Манда гвардия командири эди… Инсоф юзасидан айтиш лозимки, у гвардиячиларга тартибни сақлаш ва ўз бурчларини бажариш тўғрисида буйруқ берганди. Бироқ гвардиячилар бу буйруқни бажаришадими ёки йўқми – тушунарсиз эди.
Бироқ Тюильрида энг муҳим нарсани билишмасди. Тунда собиқ инқилобий ҳукумат, жуда кўпчилик одамлар тақдири ва тарих йўналишини ўзгартириб юборган воқеа содир бўлганди.
Парижда Якобинчилар томонидан тайёрланган давлат тўнтариши муваффақият қозонганди…
Худди биздагидек – Октябр инқилоби арафасида большевиклар Петроград Советини қандай босиб олишган бўлса, Францияда ҳам Париж Коммунасини (мэрия) қурол билан қўлга киритишади.
Тунда секциялар (районлар)нинг қуролланган вакиллари Коммунага келишади. Улар ўзларини Парижнинг янги ҳокимияти деб эълон қилиб, эскиларни ҳайдаб юборишади. Коммуна бошлиғи Петион (муваффақиятсиз қочишдан кейин қирол оиласини Парижга кузатиб келган депутат)ни қамоққа олишади.
Ғолиблар Тюильрини қўриқлаб турган гвардиячилар командирини дарҳол ҳузурларига чақиришади.
Париж мэриясига кириб келган маркиз Манда ҳайратдан қотиб қолади. У шу пайтгача мулоқотда бўлиб, бирга ишлаб келаётган бирорта одамни учратмайди. У билан унга нотаниш ва бутунлай янги одамлар гаплашади. Тўғри, бу кимсалар ўз секцияларида анчайин танилиб қолишганди.
Коммунанинг қароргоҳи (де-Виль меҳмонхонаси) тоштарошлар, дўкон сотувчилари, пиво пиширувчилар, майда заргарлар, омадсиз журналистлар ва бошқалар билан тўлиб-тошганди.
Бу ўша Парижда ҳокимиятни эгаллаб олган тўртинчи табақа эди.
Булар эндиликда Инқилобнинг қонуний фарзандлари сифатида майдонга чиққанди.
Куни кеча люмпен (саёқлар, ялангоёқлар, қашшоқлар) бўлганларнинг доҳийлари – якобинчи Марат, Робеспьер, Дантон эди. “Қутурганлар” деб ном олган ўтакетган радикаллар улар билан ҳамкорликни бошлаганди.
Коммунага келган Миллий гвардия командири маркиз Манда Тюильрига қайтмайди. Қўзғолончи Коммуна бошқа маркизлар билан нима иш қилган бўлса – у билан ҳам шу ишни қилади. Миллий гвардия командири билан якобинчасига иш тутилганди – маркиз Манда ўлдирилади.
Миллий гвардияга командирлик қилиш учун ишончли одам – исёнчи Коммуна вакили жўнатилади. Шу вақтдан бошлаб Миллий гвардия исёнчилар қўлига ўтади.
Ўнинчи август тонги отади.
Парижда кун жуда қизиб кетади. Шу куни қуёш ҳам қон тусига киради…
Шу кун арафасида Антуанетта қиролдан сарой ҳимоячилари руҳини кўтаришни сўрайди. (Бизнинг малика ҳам ўзини худди шу тарзда тутганди… Царское селога қўзғолончилар келишидан бир кун олдин тунда у ҳам Александр саройи ҳимоячиларини бир-бир айланиб ўтиб, уларнинг руҳини кўтармоқчи бўлади).
Ва қирол сарой ҳимоячиларининг олдига чиқади. Бу ишни, яхшиси, қилмагани маъқул эди. У аянчли аҳволда бўлиб, аскарлар ундан ҳазар қилишади, холос…
Тонгда тўхтовсиз бонг урилади. Черковлар қўнғироғи янграйди. Сон-саноқсиз одамлар тўдаси саройга бостириб кела бошлайди.
Воқеалар шиддатли суръатда ривожланиб боради.
Қонунчилик мажлиси Тюильри саройининг ёнидаги Манежда тинимсиз йиғилиш ўтказарди.
У ердан саройга жирондистларнинг элчилари келади. Қирол ва унинг оиласига саройни тарк этиб, Қонунчилик мажлиси биносида яширинишни таклиф қилишади. Қонун чиқарувчи ҳокимият ҳимоясига ўтишни!
Бироқ бу йўл қирол ҳокимиятининг тугашини англатарди. Қирол даҳшатга тушади. Аммо у…
Людовик кўпам иккиланиб турмайди. У фақат биргина сўз айтади: “Кетдик”.
Ва улар Тюильри боғи ичра кета бошлашади.
Улар ўз боғлари – қироллар боғи ичидан охирги марта кетаётгандилар. Қизил курткали швейцариялик аскарлар боғ ичра йўлакча ҳосил қилишганди.
Ушбу тирик одамлар (ҳозирча тирик) йўлакчаси орасидан маросим йўлга чиққанди. Олдинда – семиз одам – қирол! Ўйинқароқ шаҳзода унинг қўлидан ушлаб олганди. Бу йил дархтлар эрта барг ташлаганди. Боғбонлар бир жойга тўплаб қўйган барги хазон тўдасини шумтака болакай оёқлари билан тепиб, сочиб борарди.
Эри ва ўғлининг ортидан эгнига оппоқ кўйлак, бошига қимматбаҳо парлар тикилган шляпа кийган ёш гўзалнинг қўлини тутганча Антуанетта кетиб борарди. Бу гўзал – герцогиня Ламбаль эди…
“Бизникилар”нинг қолганлари қаерга гумдон бўлди? Ложувард кўзли Полиньяк хоним, граф де Артуа ва бошқалар муваффақиятли тарзда аллақачон хорижга қочиб кетишганди. Герцогиня Ламбаль ҳам Лондонга кетган эди. Бироқ севимли қироличасини ёлғиз қолдирмаслик учун қайтиб келганди.
Уларнинг ортидан эса қирол қизининг қўлидан тутиб ёш бир аёл келарди. Бу Людовикнинг синглиси Елизавета эди…
– Йўлакларга жуда кўп барг тўкилиб, ҳаммаёқ ивирсиб кетибди. Саройга қайтиб келганимиздан сўнг боғбонларга танбеҳ бериб қўйиш керак, – дейди қирол.
Синглиси Елизавета шундай жавоб қайтаради:
– Жаноб, биз энди ҳеч қачон бу ёққа қайтмаймиз…
Улар Қонунчилик мажлиси залига кириб келишади ва Мажлис раиси:
– Қирол ва унинг оиласи Қонунчилик мажлиси ҳимояси остига ўтди. Қиролнинг ҳокимияти тўхтатилади, дея эълон қилади.
Парламент уларни қаерга жойлаштиришни билмасди. Конституцияга кўра Мажлиснинг йиғилишларида қиролнинг иштирок этиш ҳуқуқи йўқ эди. Уларни протокол олиб борувчининг хонасига жўнатишади. Бу ҳаво айланмайдиган мўъжазгина бир хона эди. Қирол оиласи нафаси сиқилиб, иссиқдан терлаб-пишиб, ўз тақдирлари қандай ҳал бўлаётганини эшитиб ўтиришади.
Бу вақтда бевосита сарой ичида жанг борарди. Қирол оломонга тўплардан ўқ узишни тақиқлайди. Оломон швейцарияликларни сиқиб келган бўлса да, улар моҳирлик билан қарши ҳужумга ўтиб, оломонни сарой ичидан ҳайдаб чиқади ва Каррузель майдонига улоқтириб ташлашга ва ҳужум қилувчиларнинг тўпларини қўлга киритишга муяссар бўлишади.
Худди шу пайт марселликлар етиб келишади. Бу полк бўлиб, инқилобий Марсель шаҳридан келганди. Улар қўшиқ куйлаб, ҳа, кейинчалик Франция гимнига айланган “Марсельёза”ни айтиб ҳал қилувчи ҳужумга ўтишади.
Қонунчилик мажлисида саройда жанг кетаётганини қиролга эслатишади. Фаромушхотир қирол бир парча қоғозга: “Қирол ўзининг садоқатли швейцариялик аскарларига қуролни ташлаб, казармага қайтишга буйруқ беради”, деб ёзади.
Бироқ кеч бўлганди. Швейцарияликларнинг ўқлари тугаб борарди. Улар сарой орқали боққа чекинишга уриниб кўришади. Бироқ уларни бу ерда пойлаб турган отлиқ жандармлар қиличдан ўтказишади. Айримлар таслим бўлади. Аммо асирга тушганларга ҳам шафқат қилинмайди. Асир аскарлар ҳам ўлдирилади. Ғалабадан маст оломон найза учига аскарларнинг кесилган бошини санчиб, мурдалар мундирини сувенир учун ечиб олишади.
Етти юз олтмиш нафар швейцариялик жанг майдонида, кейин эса қамоқхонада ҳалок бўлади.
Люцерндаги[17] қояда инсонникига ўхшаш кўзи ғам-ҳасратга тўлиб ўлаётган шерга ёдгорлик қўйилган. Унда : “Садоқат ва жасоратга бағишланади” деган сўз ёзилган. Ва 760 рақами.
Талон-торож қилинган, харобага айлантирилган Тюильри саройи пештоқига: “Ижарага берилади” деган Инқилобнинг шодон ёзуви илиб қўйилади.
Қонунчилик мажлиси қиролнинг тақдирини ҳал қилиши лозим эди.
Парижнинг янги коммунаси қирол оиласини дарҳол ҳибсга олишни талаб қилади.
Худди Николай тахтдан воз кечиши ҳамоноқ яқинда ташкил қилинган Петроград Совети подшо оиласини қамоққа олишни талаб қилганидек.
Подшо ва малика Муваққат ҳукумат томонидан ҳибс этилади. Уларнинг тақдирини эса умумий овоз бериш йўли билан сайланган Таъсис мажлиси ҳал қилиши керак эди.
Францияда ҳам умумий овоз бериш йўли билан сайланадиган Миллий конвет қирол тақдирини ҳал этиши керак эди.
Қирол оиласини шаҳзода Контининг мафтункор саройига олиб боришади. Бу ерда концертлар, баллар ташкил қилинарди, айнан шу ерда ўспирин Моцарт машҳур куйларини ижро этганди…
Бироқ қуролланган Коммунадан қўрқиб қолган Қонунчилик мажлиси уларни саройга эмас, қирол оиласи учун биринчи қамоқхона бўлган Тампль минорасига жойлаштиради.
Буюк француз инқилобининг қонли воқеалари билан жуда кўп алоқадор бўлган Тампль сақланиб қолмаган. Бу қадимий қалъа ўрнида ҳозир хиёбон ва кўприк тушган.
Марат халқ ҳақида хўп топиб, жуда муҳим гаплар айтган: “Халқни осон бошқариш учун халқнинг доимо асаби чақнаган бўлиши лозим”.
Ва “Халқ дўсти” ҳар куни нафрат кампаниясини давом эттирарди. У Ватан хавф остида, деб ёзади. Ватанпарвар санклюлотлар[18] душманга қарши жанг қилиш учун фронтга кетганлигидан фойдаланиб, Париж қамоқхоналарида ўтирган фитначи роялистлар озодликка чиқишади ва лаънати Оилани озод этишади.
“Улар сизларнинг болаларингизни ўлдиришади. Улар сизларнинг хотинларингизни зўрлашади!”
Марат ватанпарварларни “Қамоқхоналарда пайт пойлаб ётган душман устидан халқ судини ўтказмасдан туриб” фронтга йўл олмасликка чақиради.
Халқ Маратнинг қонли даъватига лаббай, деб жавоб берди.
Тампль минорасида сақланаётган Оила иккинчи сентябрь куни бонг садосини эшитди.
Шу куни Парижда янги Варфоломей туни[19] бошланади. Пойтахтнинг барча қамоқхоналарида бир юз йигирма соат роялистлар ва руҳонийларни ўлдиришади. Маҳбуслар тақдирини шитоб билан ҳал қилувчи ўзини ўзи тайинлайдиган сохта халқ судлари ташкил этилади. Қисқа саволлардан сўнг халқ судьясининг: “Аббатликка олиб чиқинг!” деган буйруғи янграйди.
Шўрлик маҳбус қамоқхонадан чиқиш томон йўл олади. Уни қамоқхона дарвозасидан ташқарига олиб чиқишади. Бу ерда бахтиқаро маҳбусни ойболта, найза ва тошлар билан қуролланган авом кутиб турарди. Улар қурбонни уриб ўлдириб, унинг кийимлари, қўлидаги узугини бўлишиб олишар ва чўнтакларини титкилашарди…
Қамоқхона олдида қон дарё бўлиб оқар ва мурдалардан тоғ ҳосил бўлганди.
Герцогиня Ламбални тунда уйқудан уйғотишади. Суд одатдагидек қисқа бўлади. “Аббатликка олиб чиқинг!” деган буйруқ янграйди.
Хоним қамоқхона дарвозасидан чиқиши биланоқ… ҳайвондек қутурган оломоннинг қўлига тушади. Уни тошбўрон қилишади, ўлаётган аёлни зўрлашади. Кейин “қассоблик” қилишди: юрагига ханжар санчишди, бошини танасидан жудо қилишди ва аёлнинг жинсий аъзосини ҳам кесиб ташлашди.
Гўнгга қорилган аёлнинг боши, юраги ва авратини найза учига санчиб Тампль минорасига олиб келишди – “австриялик фоҳишани хурсанд қилиш учун”. Кўриб қўй, фоҳиша!
Антуанетта дугонасининг найза учига санчилган бошини кўради-ю ҳушидан кетади.
Конвентга сайлов давом этаётган бир пайтда Қонунчилик мажлисида кураш авж олади. Бу албатта инқилобчиларнинг бир-бирови билан содир бўладиган кураши эди. Жирондистлар якобинчилар билан кураш олиб боришарди. Жирондистлар Марат ва Дантонни ҳимоясиз одамларни ўлдиришга қутқу солганликда айблашарди. Қамоқда ўтирган 2800 нафар маҳбусдан ярми ўлдирилганди…
Дантон бу айбловга шундай жавоб қайтарди: “Биз зодагонлар ва руҳонийларни ҳозир айби борлиги учун эмас, келажакда жамият ҳаётида уларга ўрин йўқлиги учун ўлдирамиз”.
Робеспьер шундай дейди: “Халқни қонунсиз иш тутганликда айблашга кимнинг ҳадди сиғди? Халқ зўравонлигининг чегарасини белгилашга ким журъат этди? Зўравонлик инқилобнинг ўзидек буюкдир. Инқилобнинг ўзи, тахтни ағдариш ва Бастилияни олиш қанчалик ноқонуний бўлса, зўравонлик ҳам шунчалик қонунга зид! Озодлик қанчалик ноқонуний бўлса, зўравонлик ҳам шу қадар ноқонуний!”
Нима ҳам дердик, Робеспьер ҳақ – буюк Инқилоб буюк зўравонликни вужудга келтиради.
Йигирманчи сентябрь куни Тамплда яна бонг ва барабан садолари, оломоннинг ҳайқириқларини эшитилади.
Генерал Дюмурье бошчилигидаги қашшоқ ва оч-яланғоч республика армияси герцог Брауншвейский бошчилигида ғолибона юриш қилаётган Пруссия ва Австриянинг бирлашган армиясини мағлубиятга учратганди.
Жангларда иштирок этган Гёте: “Биз янги дунё туғилаётганига гувоҳ бўлдик”, дейди.
Сайланган Миллий конвент йигирма биринчи сентябрь куни тўпланади ва “Қирол тахтдан ағдарилди”, дея тантанали суръатда эълон қилади.
Яна тўхтовсиз қўнғироқ чалинади ва оломон жунбишга келади…
Миллат монархияни дафн этади.
Сайланган Конвентда яна жирондистлар кўпчилик ўринни эгаллаган бўлсалар-да, бироқ улар ҳокимиятдан маҳрум эдилар. “Қурол кимнинг қўлида бўлса, куч ҳам ўша томонда”. Миллий гвардия Париж мэриясига бўйсунарди, яъни якобинчиларга.
Эндиликда Конвентни очиқчасига қуролланган озчилик – Якобинчилар клуби бошқарарди.
Конвентда якобинчи-депутатларнинг ўриндиқлари юқорида жойлашганди ва шу боис улар “Тоғ” деган лақаб олишади. Тепада, яъни Тоғда ҳалокатли чақмоқ чақа бошлайди. Якобинчиларга ҳам, жирондистларга ҳам қўшилмаган депутатларнинг қўрқувдан оёқлари қалтирашга тушади. Уларни жирканиб “Ботқоқ” деб аташди. Бечора “ботқоқ қурбақалари”.
Воқеалар кутилган ўзанда ривожланиб боради. Инқилоб қайта такрорланиш томон шошарди. Худди англиялик инқилобчилар Карл Биринчини жазога лойиқ кўрганидек, Республика Конвенти ҳам қиролни жазолашга қарор қилади.
Қирол Людовик Ўн олтинчи (энди гражданин Капет деб аташарди) устида суд рамзий маънода қироллар саройи бўлган Тюильрида бўлиб ўтади. Худди Тамплдек бу сарой ҳам ҳозирда сақланиб қолмаган.
Қирол адвокатларидан бирининг таъбири билан айтганда, бу суд жараёни “бутун бошли бир Миллатнинг бир одамга қарши қаратилган жараёни”га айланади.
Жирондист-қонунчилар “қиролни суд қилишга ваколатимиз йўқ”, деб яна баёнот беришади. “Амалдаги Конституцияга кўра қирол шахси дахлсиз ва у судга тортилмайди”. “Башарти биз бугун қиролни қонунга хилоф равишда судга тортадиган бўлсак, эртага ана шу тарзда оддий фуқароларни ҳам ноқонуний судга тортишимизга тўғри келади”.
Робеспьер бунга қарши чиқади: “Тақдирнинг киноясини қаранг! Мустабид қатли бизни бирлаштириш ўрнига орамизга адоват уруғини солмоқда… Бу ерда қонун ҳақида кўп ва хўп гапиришаяпти… Бироқ мустабид Цезарь йигирма маротаба кўксига ханжар урилиб, ҳеч қанақанги қонунсиз сўйиб ташланганди. Аниқроғи, олий қонун – озодлик қонуни асосида. Мен жирондист депутатларга мурожаат қилмоқчиман. Инқилоб ойболтасини тутган қўлларимиз қалтираса, душманларимиз қанчалик хурсанд бўлишини тасаввур қилаяпсизларми? Уни дахлсиз шахс деб атаб, оёқларингиздаги кишанлар хотирасига эҳтиром кўрсатмаяпсизми? Қирол – бу ўтмишнинг шарпаси. Шарпа йўқолиши шарт!”
Жирондистлар муҳокамага халқни ҳам жалб этишга уринишарди: “Гап давлат бошлиғини қатл қилиш устида кетяпти. Бу масала умумхалқ овози билан ҳал бўлиши керак… Бу овоз бериш бизнинг ҳукмимизни Миллат муҳофазасига олади… Англиядаги инқилоб сабоғини эсланг. У ерда халқнинг хоҳиш-иродаси сўралмаганди. Хўш, нима бўлди? Карл Биринчининг қатлидан кўп ўтмай Англия халқи монархияни тиклади… ва қиролни қатл қилганларни айбдор деб топди”.
Бу фикрлардан кейин минбарга Камиль Демулен югуриб чиқади: “Бизни бебурдлик билан қўрқитишга журъат этишаяпти. Яна кимни денг? Бизнинг буюк халқимизними? Бу Миллатни ҳақоратлашдир. Бизни мустабидликни ағдариш учун юборган ҳалол Миллатимиз, орадан вақт ўтиб бизни таъқиб этишини ҳатто хаёлимга ҳам келтирмайман! Французлар ҳеч қачон бундай адолатсизликка йўл қўйишмайди! Қирол иши бўйича Халққа ҳеч қанақанги мурожаат қилмаймиз. Унинг тақдирини ҳозироқ, шу ерда ҳал қиламиз!”
Ва овоз бериш жараёни бўлиб ўтади. Якобинчилар доҳийлари – Марат, Робеспьер, Дантон, Демулен, табиийки, қиролни қатл қилишни ёқлаб овоз беришади.
Қиролнинг яқин қариндоши герцог Орлеанский – Бурбонлар шажарасининг кичик бутоғи бошлиғи – овоз беришда иштирок этади. Ҳамма у бетараф қолишига юз фоиз ишонарди. Бунга унинг ҳақи бор эди. Бироқ у шундай дейди: “Халқнинг якка ҳокимлигига кимки раҳна солса, у ўлимга маҳкум. Мен бунга ишонаман. Шу боис, мен қиролнинг қатл қилинишини қўллаб-қувватлаб овоз бераман”.
Кўпчилик овоз билан гражданин Капет ўлимга маҳкум этилади.
Қирол оиласи билан видолашишга уч кун муҳлат сўрайди. Унга йигирма тўрт соат вақт беришади.
Тунда у васиятнома ёзади. Мен уни Париж архивида кўрганман. Васиятнома ҳайрон қоларли даражада бир текис ва эҳтиросга берилмасдан ёзилган.
Қирол васиятида хотинидан унга кулфат келтиргани учун узрхоҳлик қилади, ўғлига мурожаат қилиб, ўлими учун ҳеч қачон қасос олмасликни сўрайди…
Худди шу нарсани бизнинг охирги подшомиз ҳам сўраган. Улуғ княжна Ольга ёзганидек: “Ҳукмдор ўзи учун ҳеч кимдан ўч олмасликни сўради. У барчани кечирганини билдирди”.
Васиятномани ёзиб бўлгач, туннинг қолган қисмида ухлашга ётади. Камердинер ҳикоя қилишича, у хотиржам ва қаттиқ уйқуга кетади.
Тонг отиши билан Франция қироллари руҳонийси ҳамроҳлигида Людовик каретага ўтириб гильотинага жўнаб кетади.
Каретанинг икки томони гвардиячилар билан ўраб олинганди…
Гильотинани аввал халқнинг севимли қироли Людовик ҳайкали, эндиликда эса инқилобий Озодлик ҳайкали қўйилган Тюильридаги қироллар саройи ёнига ўрнатишади.
Майдон минглаб парижликлар билан тўлиб-тошиб кетганди.
Эшафот Миллий гвардия томонидан зич қуршаб олинганди.
Эшафотда қирол ўзини муносиб тутади. У эшафотнинг четига келиб халққа мурожаат қилади: “Французлар, мен бегуноҳ ўляпман. Яратган эгамдан сўрайманки…”
Аммо худди шу жойда Миллий гвардия қўмондони ишораси билан барабанлар садоси янграйди. Қирол яна нималардир демоқчи бўлади, аммо жаллод уни ўз ёрдамчилари билан судраб кетиб, тахтага тортади.
Жаллод ипнинг учини тортиши билан гильотина тиғи Франция қиролининг бошини кесди. Қиролнинг боши саватга тушди…
Дастлаб қиролнинг боши саватга тушаётган пайтда тўплардан бирваракайига ўт очишни режалаштиришганди. Бироқ Робеспьер эътироз билдириб шундай дейди: “Қиролнинг боши оддий одамнинг бошига нисбатан кўпам шовқин солмаслиги керак”.
Ва тўплардан ўт очиш бекор қилинади.
Тўплардан ўт очиш ўрнига жаллод Сансон қиролнинг бошини қўлида тутиб уни эшафот майдончаси узра бир айлантириб барчага намойиш қилади. Оломон ғоятда завққа тўлиб бақириб юборади ва рўмолчаларини қиролнинг қонига бўктириб олишади. Бошидан жудо қилинган танани Мадлен черковидаги умумий қабристонга аравада олиб бориб дафн этишади.
Шу вақтдан бошлаб майдондан гильотинани олиб кетишмайди. Ойболта осилган иккита қонли тўсин шаҳарга қўрқув солиб туради.
Воқеалар шиддат билан олға силжийди. Австрия-Пруссиянинг бирлашган қўшини устидан ғалабага эришган генерал Дюмурье қиролнинг қатлини қоралайди. У армиядан қочиб, Республикага хиёнат қилади. Унгача Америка мустақиллиги учун кураш қаҳрамонига айланган генерал Лафайет қочиб кетади…
Конвентда инқилоб фарзандлари ўртасида шаксиз кураш давом этади. Шу пайтга қадар ғоялар курашган бўлса, энди ёлғонлар баҳси бошланади.
Робеспьер ва бошқа якобинчилар жирондистларни сотқин Дюмурьега қўшиб хиёнатда айблашади… Робеспьер ёлғон айтаётганди ва унинг ўзи ҳам буни биларди. Шунингдек, уни ва Маратни хиёнатда айблашга уринган жирондистлар ҳам ёлғонни ўзларига байроқ қилиб олишади.
Бир бирови билан курашаётган инқилобчилар илк бор тўпларнинг кучини ҳис этишди! Якобинчилар қўл остида бўлган Париж коммунасининг буйруғи билан Миллий гвардия Конвент мажлис қилаётган бинонинг олдига тўпларни олиб келишади. Депутатларга тўплар стволи остида “хиёнаткор жирондистлар”ни Конвент аъзолигидан чиқариш таклиф қилинади.
Аввал инқилоб доҳийлари сифатида улуғланган ва кўкларга кўтарилганлар энди хиёнаткорлар, деб эълон қилинади…
Тўплар ўз ишини қилганди. Қўрқиб кетган Ботқоқлик Тоғни қўллаб-қувватлайди. Камгина депутат сал ўжарлик қилган бўлса-да, лекин айтилганидек овоз беришди.
Инқилобчи-жирондистларнинг инқилобий-гильотина томон йўллари худди шу тариқа бошланади. Жирондистлар қамоққа олинади ва улардан йигирма икки нафари Консьержери қамоқхонасига жўнатилади. Яқиндагина жирондистларнинг ўзлари шу қамоқхонага Инқилоб душманларини тиқишганди…
Улар ҳаётидаги сўнгги тун Консьержери қамоқхонасида ўтади. Жирондист-инқилобчилар вино ичишади, Робеспьернинг нутқларини пародия қилишади, бир-бирларига ҳазиллашадилар ва севиклиларига мактублар битишади.
Жаллод Сансон айтганидек, қатл қилиш шунчалик авж олиб кетдики – одамлар йиғлаш ўрнига кула бошлашди.
Уларни гильотина томон араваларда олиб боришаркан, жирондистлар йўл бўйи инқилобий қўшиқлар куйлаб, Инқилобни улуғлашади. Кўчаларни тўлдирган оломон уларга лаънат ёғдириб, айнан улар куйлаган инқилобий қўшиқларни айтишади ва улар ҳам Инқилобни улуғлашади.
Эшафотда туриб, ўлими олдидан куни кеча Миллий мажлиснинг раиси бўлган жирондист Верньо ўлмас бир ҳикматни айтади: “Худди илоҳ Сатурндек, Инқилоб ўз болаларини еб юборади”. Кейин эса уларни эшафотга жўнатган ва ҳозирча омон қолган барча буюк инқилобчиларга қарата: “ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ИЛОҲЛАР ҚОНСИРАГАН”, деб қўшиб қўяди.
“Қон босган гильотинанинг тахта полига оёқ босиш ўлимдан ҳам даҳшатли эди”, – деб эслайди жаллод Сансон.
Қатл маросими қирқ уч дақиқа давом этади. Республика ўз асосчиларидан жудо бўлиши учун шу вақт етиб-ортади…
Энди якобинчилар бошқарув жиловини ўз қўлларига олишганди. Конвент ҳокимиятдан маҳрум йиғинга айланганди. Тоғда навбатдаги чақмоқ чақилишини кутиб бечора Ботқоқ қурбақалари қўрқувдан қалтираб қолишганди.
Ана шу муддат ичида “Халқ дўсти” Марат қон ва ўлимга даъватини давом эттирди. Лекин у Қонга қон, жонга жон, деган ҳақиқатни унутганди.
Унинг нимқоронғи ҳовлисига узун бўйли, қизғиш сочли Шарлотта Корде кириб келади…
Инқилобчи-рассом Давиднинг машҳур картинасини эслайлик. Марат ваннада чўзилиб ётибди… У тирик чоғидаёқ дўзахий азобни бошидан кечирарди. Маратни асаб билан боғлиқ тери касаллиги адойи тамом қилганди. Фақат ваннада бироз ўзини енгил ҳис этарди.
Шарлотта, Республика душманларининг фитнасини фош этиш учун провинциядан келдим, деб мактуб ёзганди Маратга. Душманга ҳам, дўстга ҳам бирдек шафқатсиз бўлган ва одамларни мудом Нафратга чорлаган Марат “фош этувчи” қизни сабрсизлик билан кутади!
У ваннага кириб келади ва пичоқни Маратнинг кўксига санчади.
Нафрат ана шундай кучга эга!
Шарлотта Корде бурч ва адолат учун ўзларини қурбон қиладиган қаҳрамонлар ҳақида трагедиялар ёзган машҳур Корнелнинг авлоди эди.
Шарлотта сўроқда ўзини Корнелнинг қаҳрамонларига хос обрў-эътибор билан тутади.
Ундан шерикларинг ҳам борми, деб сўрашганида: “Наҳотки бу махлуққа нисбатан менинг нафратим камлик қилади, деб ўйласангиз? Чин юракдан туғилмаган иш ёмон ижро этилишини сиздек мўътабар ёш соҳиби яхши билсангиз керак. Айниқса, ўз ҳаётингизни қурбон қилишгача бориб етадиган иш бўлса. Мен махлуқни ўлдирдим. Минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бир одамни ўлдирдим… Мен Республика тарафдориман. Инқилобнинг буюк принциплари олдида бош эгаман, аммо унинг ҳаддан ошиб кетишидан нафратламан. Марат халқ қалбига доимо Нафрат уруғларини сочди… Ўзи ҳам нафрат қурбони бўлди! Мен арши аълога мамнуният билан йўл оламан… Ҳаётнинг мен учун қадри қолмади. Ватан учун ўзини қурбон қиладиган ватанпарварлар сони озайиб кетди, замондошларимиз қўрқоқ одамларга айланиб қолди”.
Уни жаллод аравасида гильотинага олиб боришди. Оломон лаънат ўқирди. У қарғиш ва сўкишларга бепарво, авомдан жирканиб борарди.
У жаллодга: “Кўпам шошилаверманг. Менинг Парижга илк бора келишим ва шаҳарни ҳам биринчи марта кўриб туришим”, дейди.
“Худди севимли ёри қучоғига отилгандек” ўзини эшафот тахтасига ташлайди.
У ўз бурчини бажарганига ишонарди.
Маратнинг ўлимидан сўнг инқилобий телбалик бошланади.
Бу пайтда Республика олов ҳалқаси ичида қолганди. Интервентлар қўшинлари ҳужумга ўтганди. Асосий аҳолиси деҳқонлар бўлган Вандеяда қўзғолон кўтарилади. Мамлакатнинг жуда катта ҳудуди ўт-олов ичида қолади. Фақат паншахалар билан қуролланган деҳқонлар инқилобий армия билан қаҳрамонларча жанг қиларди. Шу орада Лионда ҳам исён чиқади. Франциянинг бош порти Тулон инглизларга таслим бўлади. Ана шунда фавқулодда ва ақл бовар қилмайдиган воқеа юз беради…
Якобинчиларнинг таклифи билан Конвент қарори асосида давлатнинг ўзи террорга қонуний тус беради. “Озодликнинг енгилмаслигини таъминлайдиган энг ишончли дўсти – Террордир”, дейди Робеспьер. Эзгулик дея ақлидан озиб, савдойи бўлиб қолган Робеспьер “эзгуликнинг ўзи террорсиз ҳеч нарсага арзимайди, террор ҳам эзгуликсиз ҳеч бир аҳамиятсиз нарсадир… Террор душманларга даҳшат солади, дўстларни эса бирлаштириб, интизомли қилади”, дейди.
Мамлакатни эндиликда Конвент идора этмасди. Робеспьер бошчилигидаги Террорнинг бош ташкилоти – Ижтимоий нажот комитети Францияни бошқара бошлайди. Комитет қошида жамоат номидан айбловчи Фукье-Тенвиль раҳбарлигидаги Инқилобий трибунал ва Давлат хавфсизлик комитети ташкил этилади. Давлат хавфсизлик комитетининг бошлиқларидан бири инқилобчи-рассом Давид эди ва у бу ташкилот фаолиятида жуда муҳим роль ўйнайди.
Ана, энди томошани кўринг… Улар инқилоб нима мақсадда амалга оширилганини буткул эсдан чиқаришади. Улуғвор “Озодлик, Тенглик, Қардошлик ёки Ўлим” шиорларидан фақат “Ўлим” қолади.
Фикрлар хилма-хиллиги, йиғилиш эркинлиги – барча-барчаси бекор қилинади. Ҳатто Маърифат тимсолига айланган Академия ёпилади. Мухолифатчи газеталар нашри тўхтатилади…
Марҳум Марат ўргатганидек, террор инқилобий қирғинлардан омон қолган роялистлар (монархия тарафдорлари) бошига ёғилади. Франциядан қочишга улгурмаган зодагонлар оиласи билан жаллод аравасида гильотина томон йўл олишди.
Ўтган тузумнинг рамзига айланган графиня Дюбарри ҳам жаллод аравасида эшафот томон йўлга чиқади. “Аравамда жуда кўп оҳу нолалар эшитганман, лекин ҳеч қачон аёлнинг бу қадар юракни эзувчи ва чидаб бўлмас йиғиси ва фиғони қулоғимга кирмаганди”, деб эслайди жаллод Сансон.
Эшафотда графиня ўтиниб сўрайди: “Бир дақиқагина, ўтинаман, жаноб жаллод, яна бир дақиқагина ҳаётни кўриб қолай!”
Аёлнинг бу фиғони Достоевскийни ларзага солганди.
Ва албатта, яна Мария-Антуанетта мавзусига қайтсак. Собиқ қироличани Тампль минорасидан Консьержери қамоқхонасига олиб келишади. Шу воқеадан бироз аввал ундан ўғлини тортиб олишди.
Илк бор ғурурини унутиб ўғли учун қоровуллар билан худди шердек олишади, уни ўзи билан бирга қолдиришларини ялиниб-ёлвориб сўрайди. Барибир ўғли олиб кетилади.
Шаҳзодани этикдўз тарбиясига беришади[20]. Унга инқилобий қўшиқларни куйлашни, сўкинишни ва онаси ҳамда аммасини фоҳиша деб ҳақорат қилишни ўргатишади…
Тампль минорасида ўтирган чоғлари Антуанетта ўғлини сайрга олиб чиқишларини соатлаб кутарди. Узоқдан бўлсада бир кўриб қолиш учун…
Консьержери қамоқхонаси камераси деразаси ҳовлига қараганди. Ҳовлида ҳаёт қайнарди. Маҳбуслар сайр қилишар, ҳовлидаги кичкина фавворада ҳам ичиб, ҳам кир ювишарди. Баъзан фаввора ёнида ошиқ-маъшуқларнинг учрашувлари ҳам бўлиб турарди.
Бироқ қиролича дераза ёнига бормас ва ундан ташқарига қарамасди. У соатлаб стулда жим ўтирарди.
Эндиликда “Капетнинг беваси” деб аталаётган қиролича устидан суд унчалик узоққа чўзилмайди.
Баъзан: “У фаҳш ботқоғига ботиб, ўз ўғли билан эрига хиёнат қилган…” – деган энг қабиҳ айблар янграб қоларди.
Бироқ у бу ҳақоратга ҳам чидаб шундай дейди: “Мен бу жанобнинг айбловига жавоб беришни ўз шаънимга номуносиб, деб биламан”.
Уни ўлимга ҳукм қилишади. У ҳеч нарса сўрамайди, илтимос ҳам қилмайди. Бошини баланд кўтариб, жим чиқиб кетади.
У ўзининг охирги тунини бедор ўтказади. Дастлаб қиролнинг синглиси Елизаветага хат – васиятини ёзади.
Мен бу хатни кўрганман… Ҳарфлар тез-тез ёзилганидан бир бирига чаплашиб кетган… У ёзган ва йиғлаган.
“Соат тўртдан ўн беш дақиқа ўтди… Синглим, мени ўлимга ҳукм этишди. Бироқ ўлим фақат жиноятчилар учунгина шармандалидир. Мени эса сизнинг акангиз билан дийдор кўришишга ҳукм этишди… Худди у каби ўлимни мардонавор кутиб оламан, деган умиддаман. Ўғлим отасининг охирги гапини ҳеч унутмаслигини сўрайман. “Ўғлим, ҳеч қачон менинг ўлимим учун қасд олишга ҳаракат қилма”, деган васиятини. Бу гапни унга тез-тез эслатиб туришни унутманг, азизам”.
Кечиришни ўзи ҳам унутмаганди: “Менга ёмонлик қилганларнинг гуноҳидан ўтдим. Ўзим ҳам туғилганимдан буён қилган гуноҳларим учун яратган эгамга тавба қиламан. Парвардигори олам менинг тавба-тазаррумни қабул қилади, деган умиддаман. Ўлимим дўстларимга кўп азият етказади, деб ўйлайман. Дўстларим, ҳаётимнинг охирги дақиқаларида ҳам хаёлан сиз билан бўлганимни унутмаслигингизни сўрайман”.
У “дунёдаги мени энг яхши кўрадиган ва мен чин юракдан севадиган инсон!” билан шу тариқа видолашганди.
Хат охирида яна Елизаветага мурожаат қилади: “Оҳ худойим, Сиз билан видолашиш қанчалик оғир! Алвидо, алвидо, алвидо!”
Робеспьер юз йилликнинг бош модапарастига икки дона кўйлак қолдиришга буйруқ берганди. Бева сифатида ҳар куни қора кўйлак кийиб юрарди. Бир дона оқ кўйлакни эса бу дунёда одамлар олдига охирги марта чиқиши учун асраб қўйганди.
Франция маликасини гильотина томон жаллод аравасида олиб боришди. Унинг қўлларини орқага боғлаб, аравага тескари ўтирғизиб қўйишади.
Уни Сент-Оноре кўчасидан олиб боришаркан, қаҳвахонада бу маросимни ўз кўзи билан кўриш учун инқилобчи-рассом Давид кутиб турарди. Рассом инқилобнинг буюк лаҳзасини ўтказиб юборолмасди.
Ўша лаҳзалар ҳақида Давид ўлмас расм чизди: қўли боғланган Антуанетта аравада тескари ўтирар, бошида беваликнинг қора тасмали чепчиги. Чеҳраси-чи?.. Ақл бовар қилмас даражада ўзгариб кетган чеҳра! Инқилоб қойилмақом қилиб ўз ишини бажарганди – рококо маликаси қари кампирга айланиб қолганди.
Биз бугун унинг ўша пайтдаги қиёфасини кўриш имконига эгамиз. Тобутсозлар тушлик қилаётган вақтдан фойдаланиб мадемуазель Тюссо Антуанеттанинг кесилган бошини гипс қолипига қўйишга улгурганди. Малика Елизавета Антуанеттанинг хатларини олмайди – мактуб эгасига берилмаганди.
Инқилоб марҳум қиролнинг синглиси Елизаветани ҳам эсдан чиқармайди. Республикага қарши фитна иштирокчиси сифатида уни ҳам гильотинада бошини танидан жудо қилишади. Аслида камтарин, ўта ройиш малика Республика нима, фитна нима – ҳатто тасаввур ҳам қилолмасди.
Ва ниҳоят уларнинг ҳам вақти-соати келди.
Инқилобий гильотина томон инқилобчилар гуруҳ-гуруҳ бўлиб оқиб кела бошлашди. Инқилобнинг байромона “силлиқ” даврида иштирок этган конституцион-монархистларнинг барчаси жаллод Сансон аравасидан жой олишди. Албатта, улар орасида машҳур нотиқ Барнав ҳам бор эди…
Жирондистларнинг қолган-қутганларини ҳам топиш бўйича ов бошланади. Большевиклар даврида “троцкийчи” сўзи қандай ҳақоратли ва қўрқинчли эшитилган бўлса, “жирондист” ҳам шундай иборага айланади.
Жирондистларни бутун мамлакат бўйлаб изғиб излашар, қўлга олишар ва гильотинага жўнатишарди.
Буюк Кондорсе Париждан узоқ жойга бориб жон сақлаб турди. У кўп вақт яшириниб юргач, охири ортиқ чидай олмасдан бир куни қўлида Горацийнинг китоби билан сайрга чиқади ва тамадди қилиш учун ошхонага киради. Садоқатли гражданин қўлида Гораций китобини кўтариб юрмаслигини ошхонада овқатланиб ўтирган бир “ҳақиқий ватанпарвар” тезда англаб етади… Ва буюк Кондорсе қамоқхонага йўл олади, бу ерда эса эҳтиёт шарт деб асраб юрган заҳарни ичиб ўлади.
Бошқа бир файласуф, эрксевар ва жирондист Шамфор ўзини ўзи чавақлаб ташлайди.
Жирондистларнинг илҳом париси, гўзал Ролан хонимни ҳам албатта қамоққа олишади… Эндиликда жинси аёл эканлиги уни қутқариб қололмайди…
Ролан хоним қамоқда ўтирар экан ажойиб мемуарлар ёзади. Уни гильотинага олиб келишганда, менга қоғоз-қалам беринг, эшафотга чиққан инсоннинг ҳайратомуз фикрларини ёзиб қолдираман, дейди. Атрофда тўпланган одамлар кулиб, уни сўкишларга кўмиб юборишади (ўшанда Париж туманларидан чиққан жуда кўп оддий одамлар ҳокимиятни эгаллаб олишганди)… Қонли тахтага ётишдан олдин хоним гильотина қаршисида қад ростлаган Озодлик ҳайкалига қарата: “Озодлик, сенинг чеҳрангни ҳам қон сачратиб ифлос қилишди…” дейди.
Қамоқ ва қатл зодагоний инқилобчи, Тенглик герцоги – герцог Орлеанскийни ҳам четлаб ўтмади.
Уни қамоққа олиб, Консьержерига жўнатишади.
Бу ерда камералар янги тартиб асосида бўлинганди. Инқилобнинг кечаги доҳийлари ва бой-бадавлат инсонлар алоҳида камераларда – имтиёзли ўтиришарди.
Қатл белгиланган кун жаллод Сансон унинг камерасига кирганда герцог тушлик қилаётганди. Ҳақиқий галл[21] оч қорин билан ўлмаслиги керак ва шу боис герцог иштаҳа билан тановул қиларди. Жаллоднинг: “Хизматингизга тайёрман, гражданин”, деб хушмуомалалик билан айтган гапига жавобан у: “Хато қиляпсиз, дўстим, аксинча, мен бугун сизнинг хизматингизда бўламан”, деб истеҳзо қилади.
Ўша куни ўлимга ҳукм қилинган зодагонлар герцог билан бир аравада кетишдан бош тортадилар. Шу боис аравада гильотина томон ёлғиз ўзи йўл олади.
Кечагина унинг бюстларини қўлида кўтариб юрган оломон бугун герцогга лаънат ўқирди. У оломонга боқиб фақат кулимсираб қўйди, холос.
Робеспьернинг буйруғига биноан арава Пале Роялда тўхтаб ўтади. Ҳа, ўша Инқилоб туғилган жойда. Худди шундай – эндиликда уни гильотинага жўнатаётган инқилоб.
Герцогнинг бу ердаги саройи узра “Халқ мулки” деган эълон осиғлиқ турарди. Франциянинг энг бой одами бўлган герцог бу эълонни кўриб яна кулимсираб қўйди…
Эшафотда ўзини дадил ва беписанд тутди. Зодагонлар кейинчалик инқилобий герцог ҳақида шундай дейишганди: “У худди итдек яшади, бироқ қироллар авлодига хос ғурур билан ўлимга бош қўйди”.
Инқилоб қамоқхоналари маҳбуслар билан тўлиб-тошиб кетади.
Инқилобий трибуналнинг амалдаги бошлиғи ва жамоатчилик айбловчиси, топқир Фукье-Тенвиль камераларни бўшатиш йўлини ўйлаб топади.
Қамоқхоналарда махсус юборилган иғвогарлар (провокаторлар) иш бошлайди. Бу ёлғондакам маҳбуслар фитна уюштириб, унга камерадошларини жалб этишади ёки очиқ-ойдин кимларгадир туҳматлар қилишади.
Шундан сўнг гильотина тўхтовсиз ишга тушиб кетади. Қурбонлар сони кун сайин ошиб боради. Баъзи кунлар юздан ортиқ одам қатл қилинади, жаллоднинг араваси маҳбусларни гильотинага ташиб улгурмайди.
Фукье-Тенвиль истеҳзо билан шундай дейди: “Яхшиси, гильотинани Инқилобий трибуналнинг ўзида ўрнатсак соз бўларди”. Ва яна бу гапига қўшимча қилади: “Мен одамларни ўлимга буюриш ҳадисини олдим. Олтмиш дақиқа ичида олтмиш нафар одамга ҳукм чиқаришим мумкин”.
Шубҳали шахслар тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши инқилобий телбаликнинг бир қисми бўлди. Ўзларининг инқилобга содиқликларини исботлаш учун фуқаролар оммавий равишда бир-бирларига қарши хабар етказа бошлайдилар. Ушбу қонун асосида қамоққа олинганлар сони тўрт юз мингдан ошиб кетади…
Провинцияларнинг бирида тўтиқушнинг эгасини қамоққа олишади. Тўтиқушга қачонлардир “Яшасин қирол!” деган сўз ўргатилганди. Инқилобдан кейин бечора тўтиқушнинг эгаси жониворнинг бу одатини йўқотишга ҳарчанд уринмасин, қуш барибир айтганидан қолмайди. Албатта, “содиқ” одамлар тегишли жойга хабар етказишади. Шўрликни гильотинада бошини олишади, қушни эса қайта “тарбиялаш”га жўнатишади.
Фоҳишаларнинг ҳам омади келмайди. Улар инқилобнинг қудратли захираси бўлиб, унга ҳамиша садоқат билан хизмат қилиб келаётгандилар (Юдифчиларнинг Версаль саройига юришини эсланг). Бироқ эзгуликнинг эътиқодли мухлиси ва қўриқчиси бўлган Робеспьер Жамоат хавфсизлиги комитетида сўзга чиқади: “Улар эзгуликни ҳақорат қилганлари етмагандек, қаҳрамон аскарларимизни таносил касалликларига гирифтор этиб, армиямизнинг жанговар руҳига путур етказмоқдалар”.
Ва жаллод аравасига ортилган фоҳишалар гильотина томон сўнгги сафарга йўл олишди.
Террор супургиси тинмай супурарди. Конвентда қиролнинг ўлимига қарши овоз берганларнинг барчаси “Республика душмани” сифатида гильотинага жўнатилади.
Қиролнинг адвокатларини ҳам назардан қочирмадилар. Қиролнинг энг либерал министри Мальзерб унинг адвокати бўлишдан қўрқмаган эди. Уни эшафотга олиб чиқишади. У билан бирга қизи ва куёви – машҳур ёзувчи Шатобрианинг укаси ҳам қатл қилинади…
Жирондистларни овлаш давом этади. Улардан бири, машҳур публицист Горза эшафотга кўтарилар экан, жаллод Сансонга шундай дейди: “Биз монархияни йўқотмоқчийдик, бироқ янги подшоликни, жаллод, сенинг подшолигингни барпо этибмиз!”
Ҳақиқатан ҳам, барча жирканиб юрадиган жаллод Республиканинг энг ҳурматга сазовор одамига айланганди.
Инқилобчи-рассом Давид жаллод Сансонга антик Рим усулида янги либоснинг расмини чизади. У ҳатто “жаллод” деган сўзни бекор қилишни таклиф этади. Эндиликда бу касб вакиллари улуғвор ном билан – “халқ қасоскорлари” деб аталади.
Террор даврида одамлар шафқатсизлик бўйича мусобақалашишни ўрганиб олишди. Террор: “Гражданин, мабодо аксилинқилоб ғалаба қозонса, осиб ўлдирилишим учун барча ишни қилдимми, деб ўз-ўзингдан сўра”, деган шиорни туғдиради. “Ўзингнинг ёвузлигинг, йиртқичлигинг билан ватанпарвар эканлигингни исбот эт”. Ва одамлар исботлашади.
Лиондаги исён бостирилиши биланоқ, Конвент комиссари Фуше[22] Лионни жазолаш учун жўнатилади. “Лион исён кўтардими, демак, энди Лион йўқ” шиори остида жазолаш бошланади. Шаҳарнинг энг гўзал иморатлари вайрон қилинади. Гильотина ишга тушиб кетади. Бироқ Фуше таъкидлаганидек: “Гуноҳкорлар жуда кўп, аммо гильотина жуда суст ишламоқда”. Ва устомон Фуше “Чақмоқ”ни ўйлаб топади: олтмиш нафар ёш йигитни арқон билан бир-бирига қапиштириб боғлаб, титраб турган гавдаларни тўпга тутишади…
Жазолаш давом этади. Энди ана шу тарзда олтмишта эмас, икки юзта одамни арқон билан боғлаб тўпга тутадилар. Мурдаларни дарёга улоқтиришади.
“Бу мурдалар Тулон шаҳригача сузиб бориб, Республика душманларини даҳшатга солсин”, дейди Фуше.
Тулон шаҳрида кўтарилган қўзғолон Наполеон деган офицер томонидан бостирилади. Шўринг қурғур шаҳарга республикачилар армияси бостириб киргандан сўнг қиёмат қойим қўпади.
Вандеялик қўзғолончилар ҳам қонли жазога маҳкум этилади.
Қатлу қирғинларга Робеспьер ижозат беради. Бу одам қатл чоғи ҳеч қачон майдонда шахсан иштирок этмасди. Гильотинада боши кесилишини кутиб турган инқилобчи маҳбуслар сақланаётган қамоқхоналарда ҳеч қачон бўлмаганди. Инқилобий армия ҳолидан ҳам бирор марта хабар олмаганди. Мажлис залларида инқилобий террорни яратган кабинет одами эди у. Одамларни ҳалок қилган барча қотилликлар унинг учун… шартли бир нарса эди.
Террор қутуриб, душманлар ва кечаги дўстлар Робеспьердан қўрқишгани сайин, у ўзини Миллат Овози сифатида ҳис қила бошлади. У инсоннинг барча ожизликлари устидан баландга кўтарилди. У фақат қон ва олов ичида қолган Инқилоб даҳшатини биларди, холос.
Камиль Демулен ва Дантон худди шу вақтдан бошлаб тўхташ кераклигини ҳис қилишади: етар энди! Инқилоб қон дарёсига чўкиб кетганди. Париждаги гильотина атрофида кун сайин томошабинлар сони камайиб борарди.
“Бизнинг кўплаб қонли комитетларимиз ўрнида ягона – Меҳрибонлик комитетини тузишга аллақачон вақт етилди”, деб ёзади Демулен.
Улар Миллатнинг ҳақиқий Овози бўлган Робеспьерни шафқатсизликда айблашга журъат этишади.
Бу иккиси билан бир вақтда “қутурганлар” деб аталган – ўта радикаллар ҳам овоз чиқара бошлашди. Уларнинг доҳийси Эбер: “ Гильотина тўхтовсиз ишлаб турсагина Республика хавфдан нари бўлади”, деб таъкидлайди. Қутурганлар Робеспьердан янада кўпроқ қон тўкишни талаб қилишади! Ўта радикаллар Робеспьерни кўнгилчанликда айблашга журъат этишади!
Уфқ ортига – ёруғ келажакка кўз ташлаган Миллат Овози нотавон одамчаларнинг ҳужумларига тоқат қилолмасди.
Бу икки айбловга жавобан Инқилобий диктаторнинг ваҳимали ва шафқатсиз овози янграйди: “Озодлик, икки армия сенга хавф солмоқда. Биттаси бизни заифликка бошламоқда, иккинчиси ҳаддан ошишга. Озодликни биттаси узлуксиз айш-ишратга, иккинчиси фоҳишага айлантирмоқчи…”
Итоаткор Инқилобий Трибунал дастлаб “қутурганлар”ни гильотинага жўнатади. Улардан биттаси, машҳур анархист Клотц ўзига чиқарилган ҳукмни эшитиб қаҳ-қаҳ отиб кулади: “Мени – Венада, Лондонда, Берлинда осиб ўлдиришлари мумкин бўлган одамни республикачилар Парижида гильотинада қатл этишяпти!”
Кейин эса ақл бовар қилмайдиган иш бўлиб туюлган ҳодиса содир бўлади! Бастилияни олишга халқни даъват этган, Инқилобнинг юзи деб ҳисобланган Демулен ва Инқилобнинг овози – Дантон ҳам қамоққа олинади!
Инқилобий трибуналнинг асосчиси Дантон ва трибунални тузишга жуда кўп хизмат қилган, Фукьени унинг раҳбари этиб тайинлаган Демулен трибунал ва унинг бошлиғи Фукье-Тенвиль қаршисига жавобгар ва айбланувчи сифатида олиб келинди.
Бу манзара Тарих табассуми эди.
Дастлаб трибуналнинг одатдаги саволлари ва айбланувчиларнинг машҳур жавоблари янграйди.
Дантондан яшаш жойини сўрашганда: “Бугун менинг яшаш масканим ҳеч жой, яъни дунё ташвишларидан қутулиб тинч-осойиш жойга бораман, номимни эса Тарих Даҳмасидан топасиз”, деб жавоб беради.
Трибунал раҳбари Демулендан неча ёшга кирдингиз, деб сўраганида: “Ёшим инқилобчига ҳалокат олиб келган Исонинг санкюлоти ёши билан тенг”, дейди.
Суд мажлиси бошланади. Тенгсиз нотиқ Дантон ва ажойиб мунозарачи Демуленнинг соқовланиб гапирадиган айбловчи Фукье-Тенвиль билан мусобақаси жуда кулгили кўриниш олади. Дантоннинг наъраси – машҳур овози гулдираб янграши билан суд залида тўпланган одамлар унинг таъсирига тушиб қолишади. Фукье қўрқиб кетади, Робеспьер эса вазмин тортади. Дантон ва Демулен трибуналда нотиқлик қилаётган пайтда, Миллат Овози Конвентда, трибуналда ва Якобинчилар клубида сўзга чиқади:
– Бизга икки йўлдан бирини танлашни таклиф этишмоқда – ўзини хато қилмайдиган ва айбсиз деб билган бир нечта кимса Миллатдан устун келадими? Ўзини сажда қилинишга лойиқ Саждагоҳ деб ҳисобловчилар Инқилоб олдига шарт қўйишга журъат этишди!.. Аллақачон чириб бўлган, сохта Саждагоҳни Конвент тор-мор қиладими ёки Саждагоҳ қулаб тушаётган чоғида Конвент ва француз халқининг устидан босиб қоладими – биз бугун шунга гувоҳ бўламиз! Одамлар ўзига ўхшаганларнинг қулашидан доимо қўрқишади. Айнан ана шундай қўрқоқлар келиб қулоғимга шивирлашди: “Нуфузли инсонларга дахл қилманг. Йўқса, бугун Дантон, эртага сиз қулайсиз…” Тентаклар! Ҳаётим халқ изми-ихтиёрида экан, мен бу ҳаётни сариқ чақага ҳам олмайман!
Бундай гапларни эшитиб, Тарих яна бир бор кулимсираб қўяди.
Конвент ва Ижтимоий нажот комитети керакли қарорни қабул қилганидан сўнг Инқилобнинг буюк фарзандлари гильотина томон равона бўлишди…
Жаллод аравасида кетиб боришар экан улар не кўйларга тушмади дейсиз! Шўрлик Демулен халққа мурожаат этиб, беҳуда қичқирарди: “Одамлар! Бу мен, озодликнинг даракчиси Демуленман! Менинг овозим олдида Бастилия таслим бўлганди! Ёнимга кел, халқим! Мен билан сенинг ҳимоячинг Дантон елкадош бўлиб турибди!”
Оломон қаҳқаҳа отиб кулар ва уларни лаънатларди. Дантон секингина Демуленга шундай дейди: “Наҳотки сен бу итоаткор ва қўрқоқ махлуқларнинг қалби уйғонишига ишонсанг?”
Демулен ўлимидан бир кун аввал Люсильга мактуб ёзади: “Мабодо душманларим менинг устимдан шундай иш қилганларида эди… аммо мени душманларим эмас, ўртоқларим… Робеспьер… ва Республика шу кўйга солди! Хизматларимдан сўнг ана шу аҳволга тушиб ўтирибман!.. Шу учун кўз ёш тўкиб, ожиз ва нотавонга айландим. Бироқ битмас-туганмас қайғу ичида ҳам қўлларим билан сени қучаман, танамдан жудо қилинган бошимни сенинг кўксингга қўяман… Ўлаётган бўлсам-да, севиб ўлаяпман”.
Гильотина томон йўл Сент-Оноре кўчасидаги Робеспьер уйи олдидан ўтарди. Бу уй ёнида Дантон бор овози билан қичқирди: “Эслаб қол, Робеспьер! Сен ҳам менинг ортимдан борасан, сени эшафотда Дантоннинг сояси кутиб олади!”
Дантон қатл олдидан ўзини жуда яхши тутди. У жаллодга: “Кесилган бошимни халққа кўрсат. Халқ шунга арзийди”, – дейди.
Жаллод Дантоннинг узилган боши билан эшафотни бир айланиб чиқади. Халқ бу қатлни олқишлар билан қарши олади.
Камиль Демуленнинг хатлари Люсилга етиб келмайди. Республикага қарши фитнада айблаб уни ҳам қамоққа олишади ва тез орада гильотинага жўнатишади. Қатл майдони томон кетиб бораркан Сансонга шундай дейди: “Бугун ҳаётимдаги энг бахтли кунлардан бири. Мени У билан учрашишга олиб боришмоқда”.
Энди Робеспьернинг ёлғиз ўзи қолганди. У ўзини ғолиб деб ҳис қилишига барча асослари бор эди, бироқ… Ҳаммаёқдан фитна хавфи кўзига кўрина бошлайди. Бу хавфни назарий жиҳатдан шундай ифода этди: “Инқилобнинг ғалабалари кўпайгани сайин, унинг душманлари баттар ғазабга тўлиб, ёвузлашиб бораверадилар”.
Ребеспьер энди ҳеч кимга ишонмасди.
Одамларни итоаткорлик билан ўлимга йўллаган Инқилобий трибуналнинг йигирма беш нафар судьяси ҳам гильотинага жўнатилади!
Робеспьер нима воқеа содир бўлганлигини тушуниб етди. Тушунишни истамаганди, бироқ барибир тушуниб етди… Энг муносиб, энг қатъиятли одамларни гильотина ҳалок қилди. Жирондистлар ҳам, Тоғ вакиллари ҳам қирилиб битди. Фақат қўрқувдан оёғи қалтираб турган Ботқоқ вакиллари қолди, холос. Ва севимли халқ ҳам ҳеч кимга ишонмай қўйди. Жуда кўп буюк инсонлар душман деб эълон қилинган ва жуда кўп улуғ номларга лаънатлар ёғдирилганди.
Энди Диктатор атрофини қўрқоқ одамлар ўраб олганди.
Бироқ қўрқувдан ҳам кучлироқ яна шу қўрқув бўлиши мумкин! Бу одамлар ундан ўлгудек қўрқишарди. Робеспьернинг ҳар нутқидан навбати келганнинг исмини излашарди. “Халқ қасоскори” Сансон аравасига ким чиқади?
Робеспьер жирканч “ботқоқ”ни йўқ қилишга қарор қилади.
“Ботқоқ қурбақалари” ичида тайёрланган янги рўйхатлар ҳақида миш-мишлар юрарди. Робеспьернинг Якобинчилар клубида сўзлаган нутқини бир-бирларига айтиб юришарди. Миллат Овози озодликка дахл қилаётган янги хавф-хатарлар ҳақида гапириб, уни албатта фош этишга ваъда берганди.
Ва Ботқоқнинг фитнаси бўлиб ўтади.
Бу аблаҳ ва пасткаш кимсаларнинг охирги қонсираган фанатикларга қарши фитнаси эди. Улар бошлашга қўрқишарди – инқилоб Саждагоҳига айланган Робеспьер қўл етмас одамдек таассурот қолдирарди.
Бироқ биз сиз билан Нафосат асри воқеалари ичидамиз, шу боис – Инқилобнинг Буюк Драмаси якунида “аёлни изланг!”
Худди шу пайт энг асосий фитначилардан бири, депутат Тальен мактуб олади. Бу унинг ўйнаши, гўзалликда тенги йўқ Тереза Кабаррюс йўллаган хат эди. У дугонаси (гильотинада боши кесилган генералнинг беваси Жозефина Богарне) билан қамоқда ўтирарди. Тез орада эшафотга чиқишларини ҳар иккиси тушуниб турганди…
Тальен уни озодликка олиб чиқадиган Конвентда фитна тайёрланаётганлигини Терезага хабар қилишнинг уддасидан чиққанди. Бироқ аёлга Тальеннинг қўрқоқлиги маълум эди ва шу боис уни дадил ҳаракат қилишга руҳлантирмоқчи бўлганди.
У хатида: “Ҳозиргина полиция комиссари мени Трибуналга, демак, эшафотга жўнатилишим ҳақидаги хабарни етказди… Бу ўтган тунда кўрган ажойиб тушимга сира ўхшамайди. Тушимда Робеспьер ўлган эмиш ва қамоқхоналар эшиги очилганмиш. Аммо ораларингда тушимни ўнгидан келтирадиган эркак йўқ.
Мен қўрқоққа тегишли бўлганим учун ўлаяпман”.
Тальен бу гапга чидай олмайди. У уриниб кўришга қарор қилади. Диктатор ботқоққа чўкиб кетиши керак эди…
Тез орда Тереза хатига жавоб олади:
“Хавотирланманг ва мен қандай дадил бўлсам, сиз худди шундай ҳушёр бўлинг”.
Инқилобий спектаклнинг охирги саҳнаси шиддат билан ва кескин тусда рўй берди. Қудратли диктатор нутқ сўзлаётган чоғда Конвент ғалаёнга келади. Фитначилар унинг гапини бўлиб қўйишади. Робеспьер сўзини давом эттиришга ҳарчанд уринмасин, бунга йўл беришмайди. “Қароқчилар, ҳамманг қароқчисан!” деб беҳуда қичқирарди у.
У ҳақ эди – Конвентда қароқчилардан бошқа ҳеч ким қолмаганди. Бошқаларни у аллақачон гильотинага жўнатиб улгурганди.
Диктаторнинг овози чиқмай, хириллаб қолади.
Худди шу пайт Буюк Инқилобга якун ясаган момақалдироқдек овоз гумбурлаб янграйди: “Эй бадбахт, сени Дантоннинг хуни тутди!”
Унинг иродасига биноан Инқилобнинг саждагоҳлари ўлимини кутган Консьержери қамоқхонасида Робеспьернинг ўзи ҳам ўлимини кута бошлайди. Франция қироличаси Мария-Антуанетта қамоқхонадаги ўзининг биринчи кечасини ўтказган камерада у ҳаётининг сўнгги тунини ўтказади.
Тарих кулимсираб қўядиган одатига бу сафар ҳам содиқ қолди.
Якобинчилар инқилоби 9 термидор[23] билан якунланди.
Термидорни Тереза Кабаррюс ҳақли равишда “Муқаддас Биби Марям” деб атайди.
Жаллоднинг ўша машҳур араваси Робеспьерни, унинг укаси Огюстни ва якобинчи сафдошларини эшафотга олиб келади.
Инқилобнинг охирги доҳийсининг бошидан жудо қилинган танасини Сансон бир соатдан кейиноқ яшикка жойлай бошлайди. Мурданинг икки оёғи ўртасига кўзига кўзойнак синиғи суқилиб қолган ва пудрали сариқ сочли каллани жойлаштиради.
Ҳамма нарса ойдинлашиб, жой-жойига тушди. Инқилобнинг бутун тарихи унинг асл қироли жаллод Сансоннинг исқирт аравасига сиғишиб кетди. Шунга шунчами?
Вақт эса ўтиб борарди. Ҳокимиятни эгаллаб олган термидор доҳийлари ўрнига ҳукумат тепасига Наполеон келади.
Тереза билан қамоқда бир ўтирган Жозефина Богарне императрицага айланади.
Халқнинг Империяга меҳр-муҳаббати тўлиб-тошиб кетади.
Кейин эса Наполеон тахтдан ағдарилиб, монархия тикланади.
Ва халқнинг… Монархияга меҳр-муҳаббати тўлиб-тошиб кетади.
Бу шундай “муҳаббат” эканки… қаранг, ҳатто бутун қирол оиласини гильотинадан ўтказган жаллод Сансон ҳам монархия тиклангач, яширин монархист бўлиб чиқади.
Барча фуқаролар қонли Инқилобнинг машъум ва даҳшатли воқеалари ҳақида завқ билан бир-бирларига ҳикоя қилишарди, бироқ…
Бироқ вақт ўтгани сайин инқилобнинг қонли қилмишлари ҳақидаги гап-сўзлар ҳамманинг жонига тегади. Янги авлод вояга етади. Кексаларнинг Инқилоб ваҳшатлари ва террор ҳақидаги ҳикоялари ёшларга чўпчак, бир қолипдаги афсона бўлиб туюлади…
Гильотинада барча яқинларидан ажраган, Тўнтариш даврида кўп машаққатларни бошидан кечирган машҳур ёзувчи Шатобриан XIX аср ўрталаридаёқ янги радикалларнинг Инқилоб арафасида янграган нутқларига икки томчи сувдек ўхшаш гап-сўзларини эшитади. Нима ҳам қилардик, ёшлар Тарихнинг асосий сабоғи – Тарихдан ҳеч қандай сабоқ ва хулоса чиқармасликни бажо келтираётганди!
Ва Шатобриан ёзади: “Бошимиздан ўтган воқеалар ҳали тубсиз чоҳ эмас. Бизнинг асримиз ана шу тубсиз чоҳ томон йўлнинг боши эканлигини ҳис қилиб турибман. Башарий фалокат тайёрланмоқда. Биздан ўрнак олиб бутун-бутун халқлар оёққа қалқийди. Яқинлашиб келаётган улкан қатлу қирғинни ҳис қилиш туйғуси мен ҳеч тарк этмаяпти”.
IV ҚИСМ
Ёзувчи Шатобриан башорат қилган “Башарий фалокат” Россияда содир бўлди.
Октябрь тўнтариши амалга оширилган тун… Смольнийнинг колонналар залида Советлар Иккинчи съезди бўлиб ўтмоқда. Минбарда овози хириллаб қолган меньшевик Абрамович залда тўпланганларнинг виждонини уйғотишга уринмоқда:
– “Аврора” қонуний ҳукумат иш кўраётган Қишки саройни тўпга тутмоқда. Биз бунга аралашишимиз керак… Ўзимизнинг қатъий сўзимизни айтишимиз лозим. Қон тўкишни тўхтатиш шарт!
Октябрь туни, соат иккидан ошган… Минбардан туриб Каменев эълон қилади:
– Қишки сарой қўлга олинди! Муваққат ҳукумат ағдариб ташланди!
Залда гулдурос қарсаклар янграйди.
Бутун ХХ асрда унутилмас из қолдирган буюк тўнтариш амалга ошади.
Шундан сўнг ҳориб-чарчаган ғолиблар уйқуга ётишади. Троцкий бу манзарани шундай ёдга олади:
“Биз Ильич билан полга ётдик. Кимдир бизга жой солиб қўйган экан. Биз ёнма-ён ётдик. Эрталаб Ильич гапириб қолди: “Жуда кескин бурилиш қилвордикми дейман, яширин ҳолатдан тўғри ҳокимият тепасига келиб қолдик. – Кейин немисчалаб қўшиб қўйди: – Бошим айланиб кетяпти”.
Умуман олганда Ильичнинг боши айланмаслиги керак эди. Чунки барча воқеалар у яхши кўрган Буюк француз инқилоби қонуниятлари асосида кечаётганди. Бир минг тўққиз юз ўн еттинчи йилнинг февраль ойида Россияда худди Париждагидек ҳокимиятга йирик буржуазия – рус жирондистлари келган эди. Бироқ инқилоб сира тиниб-тинчимайдиган хонимдир. У худди Париждагидек давом этди.
Февраль тўнтаришини амалга оширганлар тез орада худди жирондистлардек энг паст табақа ва авомнинг нафрату қасоси билан яккама-якка қолишди. Якобинчи-большевиклар худди Париждагидек бу инқилобнинг доҳийларига айланишнинг уддасидан чиқишди. Якобинчилар Париж коммунасини босиб олганидек, большевиклар ҳам Петроград советини эгаллаб олишди. Якобинчилар Коммунага бўйсунган Миллий гвардияга таяниб ҳокимиятни эгаллашганларидек, большевиклар ҳам Петроград совети гарнизони кучи билан ҳокимиятни босиб олишди.
Большевиклар Марказий Комитети Смольнийдаги хира ёритилган бир хонада турган стол атрофига йиғилишади. Каменев шундай дейди:
– Ҳокимиятни олишдек аҳмоқликка йўл қўйдикми, демак, энди ҳукумат тузишимиз зарур.
Ленин:
– Ҳукуматни қандай ном билан атаймиз? Фақат министрлар деб эмас. Бу ном ўта жирканч…
Шунда Троцкий большевик министрларни халқ комиссарлари деб аташни таклиф қилади. “Халқ комиссарлари совети…”
– Ҳа, ҳа, худди ана шундай, бу жуда соз, бундан Инқилоб ҳиди келиб турибди! – хитоб қилди Ильич.
Бироқ энг асосийси бундан Буюк француз инқилоби ҳиди келиб турганлиги Ильич учун муҳим эди. Чунки Ленин рус якобинчиси эди. Айнан шу нарсани тушуниб етмасак, большевиклар ҳокимиятининг биринчи йилларида содир бўлган воқеалар моҳиятини англаб етолмаймиз.
Ильичга қадар рус инқилобий ҳаракатида бир нечта ҳақиқий якобинчилар бўлган.
Владимир Ильич Ткачев фаолиятини маъқуллаб баҳо берганлигини Лениннинг яқин сафдоши – Бонч-Бруевич[24] эслаган. Рус якобинчиси Ткачев ботир инсонларнинг кичик бир ташкилоти томонидан амалга ошириладиган фитна муваффақият келтиришига ишонган. Улар минг йиллик самодержавия ва итоаткорлик ҳукмрон бўлган Россияда ҳокимиятни босиб олиб халқни социалистик жаннат томон бошлашга ишонишарди. Тўғри, эски тузумдан мерос қолган нодон омма қаршилик кўрсатиши мумкин ва шу боис уларни маҳв этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Порлоқ келажак йўлида қанча одамни йўқ қилиш керак, деган саволга Ткачев ҳақиқий якобинчи сифатида: “Улардан қанчасини тирик қолдириш кераклиги ҳақида ўйлаб кўриш лозим”, деб жавоб беради.
Талаба Ивановнинг қотили, Достоевскийнинг “Иблислар” романи қаҳрамони Верховенскийнинг прототипи – Нечаев яна бир машҳур якобинчи эди. Ўшанда рус инқилобий ҳаракатининг барча тарафдорлари Нечаевга лаънат ўқиганди.
Ильич эса унга қандай муносабатда бўлди?
Яна Бонч-Бруевич хотираларини ўқинг. “Инқилобнинг улуғ сиймоси, оташқалб инқилобчи”, – Ленин Нечаевга ана шундай таъриф берганди.
“Инқилобнинг улуғ сиймоси” Нечаев инқилобчининг чин якобинча Катехизисини ёзади.
“Инқилобчи, бу – ҳалокатга маҳкум инсон. Унинг на манфаати, на туйғуси, на дўстлари, садоқати, меҳри, ҳатто мулки ҳам, ўз исми ҳам йўқ. Ягона ва фавқулодда манфаати, ўй-хаёли, ягона эҳтиросини, яъни бутун борлиғини инқилоб қамраб олган… У бу дунёнинг маънавий-ахлоқий қадриятларидан, умум қабул қилган шартларидан, одатларидан ва барча қонунларидан, барча маърифат аҳлидан бутун борлиғи билан сўзда эмас, амалда ҳар қандай алоқани узган одам… Инқилобнинг ғалаба қозонишига кўмак берадиган ҳамма нарса у учун ахлоқ ва маънавиятга мосдир. Инқилобга халақит берадиган жамики нарсалар эса ахлоқсизлик ва маънавиятсизликдир…”
Бу сўзларнинг тагига Марат ҳам бемалол имзо чеккан бўларди!
Ва ниҳоят, Зайчневский. У Владимир Ильични жуда қизиқтириб қўйганди. Ёш Ленин у ҳақида унинг сафдошлари билан кўп суҳбатлар қурган. Рус инқилобий ҳаракатида энг қонли прокламацияни[25] айнан Зайчневский ёзган.
“Ҳозирги замон тартиботларига барҳам бериш учун XVIII асрнинг тўқсонинчи йилларида француз якобинчиларига қараганда уч маротаба кўп қон тўкишга тўғри келса, биз бундан сира чўчимаймиз…”
“Ҳозирги замон кишисини ҳалок этаётган ва мавжуд машъум аҳвол ҳамда бу жабр-жафодан қутулишнинг ягона бир йўли бор – у ҳам бўлса, Инқилобдир. Инқилоб бўлганида ҳам ҳозирги жамиятнинг истисносиз барча негизини ва ҳамма нарсани радикал ўзгартирадиган ҳамда ҳозирги тузум тарафдорларини ҳалок қиладиган қатъий ва қонли инқилоб. Биз бундай инқилобдан қўрқмаймиз. Албатта, дарё-дарё қон тўкилади, айбсиз одамлар қурбон бўлади. Биз буларнинг барчасини олдинда кўриб турган бўлсак-да, барибир инқилобни қучоқ очиб кутиб оламиз. Биз ўз бошимизни ҳам қурбон қилишга тайёрмиз – фақат ўша орзиқиб кутилган кун келса, бас… “Яшасин башарий социал ва демократик Россия Республикаси” деб қичқириб, қўлимизда қизил байроқ билан у ерда яшаётганларни қириб ташлаш учун Қишки сарой томон йўл оладиган кунларимиз тез орада келади…”
Зайчневский ўлими билан, унинг сафдошлари айтганидек, “рус якобинчилик ҳаракати барҳам топди”. Бироқ унинг ишининг бош давомчиси Мицкевич қўшимча қилади: “…Рус марксизми бўлган большевизмда янги шаклда бош кўтариш учунгина барҳам топди”.
Ленин ҳам ўзининг якобинча илдизи билан фахрланарди.
“Яхши буржуа инқилобини, инчунин, социалистик инқилобни якобинча тозалашни ўтказмай туриб амалга ошириб бўлмайди… Якобинча зўравонликсиз пролетариат диктатураси фикрнинг энг керакли мағзини олиб ташлашга ўхшайди”, – деб ёзганди “Бир қадам олдинга ва икки қадам орқага” асарида Ленин.
Унинг социал-демократ Валентинов билан эҳтиросли суҳбатига қулоқ тутайлик: “Улар бизни якобинчилик, бланкизм ва бошқа бало-баттарлар билан айблашмоқда. Аҳмоқ жирондистлар, бундай айбловлар аслида бизни алқаш эканини билишганда эди”.
Қаттиқ ҳаяжондан Лениннинг ёноғи қизариб, кўзлари ўт чақнаган нуқтага айланади.
“…Халқаро социалистик ҳаракатни айнан якобинчиликка муносабат икки лагерга ажратади – инқилобий ва ислоҳотчилик”.
“Якобинчилик нима эканлигини билмоқчи бўлсангиз, Француз инқилоби тарихини ўқиб кўринг. Бу ҳар қандай қатъий плебейча чоралар кўришдан қўрқмай, оқ қўлқоп киймасдан кураш олиб бориш, меҳр-оқибатни бир чеккага йиғиштириб қўядиган кураш, одамларни гильотинага жўнатишдан қўрқмайдиган, мақсад учун курашдир”.
Ўша октябрь тунида Россия ҳокимияти тепасига ҳақиқий якобинчи келганди.
Россиянинг янги ҳукмдори кабинети Смольнийда бир синф мураббияси хонасида жойлашганди. Тўсиқ ортида Ильич ва Надежда Константиновна Крупская тунашарди. Дарвоқе, Крупскаянинг ўзи тунарди. Бу пайтда Ильич кечалари қарийб ухламасди. Кабинетда жанглар кетарди. Баъзи вақтларда баҳс-мунозараларга Крупскаянинг эркакча хурраги аралашиб қоларди. Шунда уялиб кетган Ильич: “Надюша озроқ шамоллаб қолган”, деб тушунтириш берарди.
Лениннинг кўплаб сафдошлари учун қўрқинчли воқеа юз беради. Ильич тузган ҳукумат фақат большевиклардан иборат – бир хил бўлиб қолади. Бошқа партиялар большевикларни зўравонлик билан ҳокимиятни тортиб олишда айблаб, бу ҳукумат билан ҳамкорлик қилишдан бош тортадилар. “Ёлғиз ўзимиз ҳокимиятни сақлаб қололмаймиз” – Лениннинг яқин издошлари фикри шунақа эди. Ва Ленинни кенг демократик-коалицион ҳукумат тузишга кўндиришга урина бошлайдилар. Улар эсерлар, меньшевикларни ҳукуматга жалб этишни таклиф қилишади. “Ёлғиз ўзимиз ҳалок бўламиз, иттифоқчилар керак!”
Худди шу кунларда Луначарский Қишки саройда зиёлилар делегациясини қабул қилади. Ўзи аъзо бўлган большевиклар ҳукуматининг чорасиз аҳволини масхара қилиб: “Ҳа, албатта, биз бирмунча вақт… борингки, икки ҳафтача ҳокимиятни қўлда ушлаб турамиз! Кейин эса барчамизни симёғочларга осишади”, дейди.
Большевикларнинг жуда кўпчилиги ана шундай кайфиятда эди. Ильич олдига ультиматумлар қўйишади. Совет ҳукуматининг номига бўлса-да бошлиғи Каменев меньшевиклар ва эсерлар билан иттифоқ тузишни талаб қилиб, Бутунроссия марказий ижроия комитети раиси лавозимидан истеъфо беради. Григорий Зиновьев ва бошқа яқин сафдошлар – Риков, Ногин, Милютин сингари халқ комиссарлари ҳукумат ва Марказий Комитет таркибидан чиқамиз, деб таҳдид қилишади. Уларнинг барчаси коалицион ҳукумат тузишни талаб қилишади. Темирйўлчиларнинг Бутунроссия ижроия комитети ҳам коалицион ҳукумат тузилмаса, темир йўл ишини тўла тўхтатамиз, деб пўписа қилади.
Большевикларнинг ҳокимияти саноқли кунлардан кейин ағдарилиши аниқ бўлиб қолганди. Лекин Ильич букилмас, мустаҳкам ирода эгаси эди: “Фақат якобинчи-большевиклар ҳукумати бўлади – тамом-вассалом! Чириган меньшевик ислоҳотчилар билан ҳеч қанақанги иттифоқ тузилмайди!”
Петроград томон Керенский генерал Краснов билан ҳужумга ўтади.
Бу пайтда Ильичнинг сафдошлари ҳукумат таркибига кириш юзасидан меньшевиклар ва эсерлар билан яширин музокаралар олиб боришади.
Ленин буни билиб қолиб, ғазабдан қони қайнаб кетади. Сафдошлари бошига аёвсиз сўкишларни ёғдиради. (Ильич сўкишни қойиллатарди!) Унга ҳукуматда бошқа партияларнинг кераги йўқ эди. У ақл бовар қилмас нарсани мўлжаллаганди – тарихда илк бор улкан деҳқон мамлакатида коммунистик жамият қурмоқчийди. Фантастик лойиҳани амалга оширишга бу барча туғма муросасозлар ёрдам бера оладими?
Краснов ва Керенский мағлубиятга учрайди. Большевиклар ҳокимияти омон қолади. Лекин умри узоққа борадими?
Бошқа демократик партиялар қўллаб-қувватлашидан маҳрум Ильич нимага ва кимга таянишни ўйлаётганди? Ленин энг қийин ва таҳликали пайтда Парижда диктатура ва инқилобий террор жорий қилган севимли якобинчилар тажрибасига таянмоқчи эди. Ахир, улар худди шу йўл билан интервентлар устидан ҳам ғалаба қилишди ва асосий рақиблари жирондистлар ҳамда бошқа партиялар вакилларини эшафотга жўнатишди-ку!
Бонч-Бруевич ўзининг хотираларида Ильич ҳақида жуда муҳим гап айтган: “Пролетариат диктатурасини сақлаб қолиш учун нафақат қўлга қурол олиб курашиш, шу билан бирга бизнинг инқилобий курашимизда кучли таъсирга эга – қизил террорни ҳам қўллаш даври келишига биз аллақачон тайёр эдик”.
Шундай қилиб аввалбошданоқ Ильич келажакда нима содир бўлишини билган ва шу томонга юрган.
Келажакнинг номи – “Қизил террор” ва “Якобинча диктатура” деб аталган.
Бизнинг рус Робеспьери большевиклар ҳокимиятининг биринчи куниданоқ севимли якобинчиларининг тажрибасидан андаза ола бошлади.
Якобинчилар диктатураси кунларида бўлганидек, барча мухолифатдаги газеталар ёпилади. Уларнинг босмахоналарини ишчилар отрядлари ер билан яксон қилади. Буларни кўриб сўл эсерлар (ўнг эсерларга нафрати туфайли уларни Ильич вақтинча ҳукумат таркибига киритганди) норозилик билдиришганида, Ильич далил сифатида кимни келтиради? Худди шундай иш қилган якобинчиларни дастак қилади! Барча мухолиф партиялар фаолияти ва албатта йирик буржуазиянинг бош партияси – кадетлар тақиқланади.
Февраль инқилобини амалга оширган кадетлар – рус жирондистлари – “халқ душмани” деб эълон қилинади. Сўл эсерлар яна ғингший бошлашади, Ильич эса тағин якобинчиларни дастак қилади.У ҳақ эди: “буржуазиянинг бош партияси – жирондистларни якобинчилар гильотинаси ямламай ютганди”.
Ленин ҳамиша ўша томондан – якобинчилар терроридан кўзини узмасди. Бу масалада унинг сафдоши – якобинчиларнинг худди Лениндек садоқатли мухлиси – Троцкий эди. Куни кеча у Ленин билан курашганди, бугун эса большевиклар сардори. Аниқроғи, якобинчилар сардори.
Троцкий шундай изоҳ беради: “Бу аблаҳ мешчанлар бизнинг ҳам, душманларимизнинг ҳам томонига ўтмай кутиб туришипти, улар ҳокимиятимизнинг куч-қудратини кўришлари ҳамоноқ биз томонга ўтишади… Питер остонасида Краснов казакларини тор-мор этганимиздан кейин бизга ҳамдардларнинг сони кўпайиб қолди. Майда буржуазия бўйсуниш учун куч излайди. Кимки шуни тушунмаса, билингки, у ҳеч нарсани англаб етмайди”.
Бироқ олдинда янги синовлар кутиб турарди.
Ноябрь ойида Таъсис мажлисига ўтган сайловда жуда катта устунлик билан эсерлар ғалаба қозонади. Большевиклар иккинчи ўринни эгаллашади. Бироқ улар асосий ғалабани қўлга киритишган – Москва ва Петроград ҳарбий қисмларида муваффақият қозонишганди. Бу жойларда большевиклар биринчи ўринни олишганди. Нимасини айтасиз, аскарларга большевиклар ҳокимияти ёқиб қолганди. Фронтга боришнинг кераги йўқ, окоп қазиш ўрнига вақтичоғлик билан буржуйларни талаш – жуда мазали, шириндан-шакар ҳокимият.
Олдинда Таъсис мажлисининг очилиши кутилаётганди. Хўш, бунга муносабат қандай бўлади? Ленин сира иккиланиб ўтирмади. Бундай вазиятда якобинчи устозлар қандай йўл тутишган эдилар? Конвентни қай кўйга туширгандилар? Тўплар ва гильотина орқали итоаткор бўлишга мажбур этишганди. Бироқ Ильич бу тарихий сюжетнинг нима билан якун топганлиги яхши эсларди. Ўшанда Конвент итоатгўй бўлиб қолган эса-да, охир-оқибат депутатлар фитна уюштириб якобинчиларни йўқ қилишганди. Ҳеч нарсага арзимайдиган, разил Ботқоқ буюк инқилобчиларни ҳалок этганди. Чунки Конвент Конституция бўйича Республиканинг олий органи – Миллат парлементи ҳисобланарди.
Таъсис мажлиси – рус парламенти эди. Хатолари туфайли жонлари қурбон бўлган устоз якобинчилар Ленинни огоҳликка чорларди. Шундай қилиб, рус Робеспьери устозининг хатосини тўғрилайди – ҳеч қандай Таъсис йиғилишига йўл қўйилмайди!
Рус демократиясининг асрий орзуси – умумий овоз бериш йўли билан сайланган биринчи рус Парламентини йўқ қилмоққа Ленин журъат этади. У парламентни тарқатиб юборишга қарор қилади.
Қўрқинчлими? Ҳа, қўрқинчли, лекин якобинчига эмас.
Қизил гвардия, ишчилар, матрослар сафарбар қилинади. Шинел ва бушлат кийиб олган чаласавод омма демократик қадриятларни сариқ чақага ҳам олмаса-да, лекин “буржуйларни ур” шиорини қойилмақом қилиб ижро этишади.
Таъсис мажлисини ҳимоя қилиб зиёлилар намойиш уюштиришганда, матрослар тинч намойишни бамайлихотир ўққа тутишади. Худди яқиндагина, подшо замонида бўлганидек, намойишлар шафқатсизлик билан бостирилади. Йигирмадан зиёд одам ҳалок бўлади, юзлаб кишилар яраланади.
Рус якобинчилари “халқ душманлари”га қаттиққўлликда устозларидан ўтиб тушишади.
Аммо Таъсис мажлиси тўпланишига Ленин рухсат беради.
Биринчи йиғилишидаёқ мажлиснинг “дафн маросими”ни ўтказиш учун ҳам ижозат берганди.
Бутунроссия марказий ижроия комитети раиси, совет ҳукуматининг расмий бошлиғи Свердлов мажлисни оча туриб, “Эксплуатация қилинаётган халқнинг ва меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари Декларацияси”ни ўқиб эшиттиради. Бу ҳужжатда Россия Советлар Республикаси деб эълон қилинади. Таъсис мажлисига ўз ваколатларини Советларга бериб, шу тариқа фаолиятини якунлаш тавсия қилинади. Бу биринчи йиғилишни охирги йиғилишга айлантириш юзасидан таклиф эди.
Табиийки, бу таклифни Таъсис мажлиси ҳатто муҳокама қилишни ҳам ўзига раво кўрмайди.
Музокаралар бошланади. Ер тўғрисидаги қонун кун тартибидаги биринчи масала эди…
Мажлис ўз ишини ўн икки соат давом эттиради. Кечаси соат иккидан ошганда большевиклар мажлис залини тарк этишади. Йиғилишдан Ильич ҳам чиқиб кетади.
Бироқ Таъсис мажлиси йиғилишни давом эттиради.
Эрталаб соат бешга яқин рус парламентаризмининг хотимаси – ҳақоратли майнавозчилик содир бўлади. Таъсис мажлисига раислик қилувчи Черновга қоровуллар бошлиғи, матрос Железняков мурожаат қилди:
– Мажлиснинг ҳамма иштирокчилари дарҳол тарқалсин! Чунки қоровуллар чарчаб кетди. Биз бу ҳақда кўрсатма олдик.
– Қанақа кўрсатма? Ким берди бу кўрсатмани? – сўради ҳайрон қолган Чернов.
– Кўрсатмани комиссар Дибенкодан олдик, – деб жавоб берди матрос.
Энг уятлиси, бу гапни эшитиб депутатлар тарқаб кетади.
Матросчалар аҳён-аҳёнда гўё ҳазиллашиб депутатларга милтиқ ўқталардилар. Улар отишни бошлашлари ҳеч гап эмасди. Бироқ ўша куни ўқ узишмади. Хўш, ўқ ота бошлаганларида нима бўларди? Ахир, Сиёсатчи ўлим билан ҳам тўқнашади-ку!
Тарих тўп ўйини залини ва Мирабонинг овозини эслайди: “Биз бу ерга халқ иродаси билан тўпландик ва бизни фақат милтиқ найзаларигина тарқалишга мажбур этиши мумкин”.
Россиялик депутатлар-чи… Улар “милтиқ найзалари кучи”ни кутиб ўтиришмади. Бир-бирларини туртиб-суртиб залдан қарийб қочиб чиқишди. Шундай қилиб мамлакатда минг йиллардан буён ҳукм сурган мустабид тузум туфайли ҳосил бўлган Қўрқув бу сафар ҳам жуда яхши иш берганлигини Ильич ва бошқа яна бир якобинчи Троцкий ўз кўзлари билан кўришди.
Кечқурун Таврический саройига мажлис қилиш учун бир гуруҳ депутатлар қайтиб келишади. Уларни иккита тўп ва пулемёт билан қуролланган қоровуллар ва ёпиқ эшиклар қарши олади. Мажлис батамом интиҳосига етганди.
Худди бундай давлат органи ҳеч қачон мавжуд бўлмагандек, амалдаги қонунчиликдан Таъсис мажлисига оид барча меъёрларни чиқариб ташлаш ҳақида Халқ комиссарлари совети декрет қабул қилади.
Якобинчилар сабоғини яхшилаб ўзлаштириб олишлари учун кечаси матрослар касалхонада ётган Таъсис мажлисининг депутати, кадет Шингаревни ва кадетларнинг яна бир раҳбари Кошкинни ўлдиришади.
1917 йилнинг декабрь ойида Фавқулодда комиссия (ЧК) ташкил этилади.
Ильич яна ўша севимли якобинчиларига мурожаат қилди. У Бонч-Бруевичга шундай дейди: “Мана, чиновниклар (давлат хизматчилари)нинг саботажи бошланди. Наҳотки, аксилинқилобнинг ҳушини ўзига келтириб қўядиган бизнинг Фукье-Тенвилимиз топилмаса?”
Ва большевикларнинг ўз Фукье-Тенвили топилади. Бу Дзержинский эди.
“Темир Феликс” раҳбар бўлган Бутунроссия фавқулодда комитети (ВЧК)ни якобинчиларга хос дабдабали усулда – “Инқилобнинг жазоловчи қиличи”, деб аташади…
“Жазоловчи қилич” дарҳол ишга тушиб кетади.
Тез орада Дзержинскийнинг одамлар йўқолиб қоладиган даҳшатли кабинети ҳақида миш-мишлар тарқайди.
Ҳақиқатда эса гап собиқ шаҳар бошлиғини эндиликда Дзержинский эгаллаб олган кабинетида бахмал парда билан тўсилган эшик орқали яширин зинапояга олиб чиқадиган йўлак ҳақида борарди. Бизнинг Фукье-Тенвиль кимнидир қамоққа олса, маҳбусни айнан шу эшикдан олиб чиқиб кетишарди.
“ЧКнинг ертўла ва гаражларида содир бўлаётган даҳшатли воқеалар ҳақида одамлар ҳикоя қиларди. Ўқ овозлари эшитилмаслиги учун аввалдан юк машиналари моторларини ўт олдириб одамларни отишган”, деб ёзганди Зинаида Гиппиус[26].
Бироқ одамларнинг бундай ваҳимали ҳикояларидан Ленин хижолат тортмаган, аксинча, қувонган.
Янги ҳокимиятнинг биринчи кунлариданоқ эълон қилинмаган террор амал қилаётганлигини у тушуниб турарди. Оддий одамлар қўрқиб қолди. Давлат хизматчилари саботажни тўхтатиб, янги халқ комиссарликларига ишга қайтганлиги бежиз эмас.
Каменев ва Ленинга қарши чиққан бошқа халқ комиссарлари доҳий ҳақ эканлигини тан олишади. Шу муносабат билан Каменев: “Вақт ўтгани сайин Ильич ҳеч қачон хато қилмаслигига ишонч ортиб бормоқда”, деганди.
Бироқ мустаҳкамланиб бораётган большевиклар ҳокимияти ўз ҳукмронлигини Петроград кўчаси билан баҳам кўрарди.
Таъсис мажлиси тарқатиб юборилаётган пайтда айнан шу ишни ташкил қилиш учун Таврический саройига извошда келаётган қудратли большевик комиссари Урицкийни йўлда икки нафар йўлтўсар талончи тўхтатиб пальтосини ечиб олишади. Қаттиқ совуқ забтига олиб турганди. Совуқдан муз қотган комиссар аянчли аҳволда саройга югуриб келганида, унинг ҳолатини кўриб Ленин завқ билан кулади…
Аммо Лениннинг ўзи ҳам саройдан чиқиб кетаётганида пальтоси чўнтагидан тўппончасини ўғирлаб кетишганини сезиб қолади.
Такрор бўлса-да айтай: бундан большевиклар сира ҳам хафа бўлишмади.
Кўчаларда Троцкий “рус инқилобининг ғурури ва ҳусни” деб таърифлаган матрослар талончилик билан шуғулланиб изғиб юришарди.
“Республика” кемасининг матрослари Анатолий Железняк бошчилигида намойишчиларни ўққа тутиб, парламентни тарқатиб юборишганди. Шу кеманинг бошқа матрослари бошқа Железняк, яъни Анатолийнинг акаси Николай раҳбарлигида вақтларини анча хурсандчилик билан ўтказишарди. Уларнинг қилмишлари ҳақида Бонч-Бруевич хотираларини ўқинг: матрослар кўчаларда офицерларни ушлаб олиб, уларни уйларига олиб келишган ва товон пули талаб қилишган. Офицерлар пул берсак, янада кўпроқ ақча ундиришади, деган иштибоҳ билан товон тўлашдан бош тортишган. Шунда матрослар уйни талаб, офицерларни отиб ташлашган. Айрим пул берган офицерларни эса аввал таҳқирлаб, кейин “чиқит”га чиқаришган.
Кўчалардаги ўтакетган тартибсизлик большевикларни нега кам ташвишга солди? Шунинг учунки, улар бир нарсани яхши билишарди: кўчанинг ҳаддидан ошиб кетишидан тўйган аҳоли, албатта, тартиб-интизомни истаб қолади. Одамлар қаттиққўл ҳокимиятни соғинишади. Улар нафақат бундай ҳокимиятга бўйсунишади, балки шундай ҳокимият ўрнатилганига ҳатто хурсанд бўлишади. Одамларни отадиган даҳшат солувчи ҳокимиятни қучоқ очиб кутиб олишади!
Бироқ бизнинг “жазоловчи қиличимиз” бўлган ЧК одамларни отишга расман ҳуқуқи йўқ эди. Большевиклар давлат тўнтаришини амалга оширган кун бўлиб ўтган Советларнинг Иккинчи съездида ўлим жазоси бекор қилинганди. Ҳокимиятни босиб олган большевиклар ўша куни ўта сахийлик қилиб юборишганди…
Аммо отувсиз якобинчилик яшай олмайди. Ҳуқуқий жиҳатдан бекор қилишган бўлсалар-да, ҳокимиятни эгаллаб олган дастлабки кунларданоқ якобинчи-большевиклар отувни кенг қўлларди.
Ва 1918 йил 22 февраль куни ЧК отувга қонуний жиҳатдан ҳуқуқ олди.
Худди шу кунлари Германия ҳужумга ўтади[27]. Ленин ва Троцкий дарҳол якобинчиларнинг “Ватан хавф остида” Декретини қайта тирилтириб, ҳокимиятга фавқулодда ваколатлар беришади.
Большевиклар: “Социалистик ватан хавф остида!” деб эълон қилишади. Троцкий декрет ёзади, унга Ленин имзо чекади.
Декретнинг 8-банди: “Душман агентлари, чайқовчилар, бузғунчилар, безорилар, аксилинқилобий ташвиқотчилар, Германия жосуслари жойида отиб ташлансин”. Худди якобинчилар Парижида бўлгани каби судсиз ва сўроқсиз отиб ташлашга қонуний жиҳатдан ана шундай тарзда рухсат берилади.
Яна сўл эсерларнинг норозиликлари бошланади.
“Бунақада бизга Адлия комиссарлигининг нима кераги бор? Келинг, уни очиқ-ойдин Ижтимоий қириб ташлаш комиссариати деб атайлик, тамом-вассалом!” – деб норози бўлади адлия халқ комиссари, эсер Штейнберг.
Штейнбергнинг ўзи хотирлашича, бу бўшанг эсерга Ленин шундай жавоб қилади: “Жуда топиб айтдингиз… Айнан худди ана шундай аташ керак… Бироқ биз буни халққа очиқ-ойдин айтолмаймиз”.
Ленин якобинчасига тўғри жавоб қайтарган!
Немисларнинг ҳужуми давом этарди, улар Петроградга хавф сола бошлайдилар. Март ойида Ленин пойтахтни Москвага кўчиришдек инқилобий қадам қўяди.
Петроградга ҳарбий хавф мавжудлиги боис пойтахтни Москвага кўчиришни Муваққат ҳукумат ҳам режалаштирганди. Лекин ўшанда большевиклар советлари буни “Петербургни немисларга топшириш мақсадидаги қочиш”, деб аташганди.
Шаҳар бўйлаб большевиклар Петрограддан қочиб кетишмоқда, деган миш-миш тарқайди. Дарҳол аҳолига эълон қилинади: буларнинг бари душманлар ҳийласи ва “асоссиз миш-мишлардир”, Инқилоб Бешигини большевиклар ҳукумати ҳеч қачон тарк этмайди!
Шу пайт пойтахтни кўчиришга ҳамма нарса шай турганди. Махфий вазиятда Москвага кўчиб ўтишади.
Подшолар Кремлига Ленин ва ҳукумат жойлашади!
Спасский минорасининг соатида подшони улуғловчи мусиқа ўрнига якобинчиларнинг “Интернационал”и янграйди. Якобинчи ҳукмронлар автомобилларда Спасский минорасининг иконалари остидан Кремлга кириб келишарди.
ВЧК Лубянка майдонидаги катта бинода бемалол жойлашиб олади. Авваллари бу бино империядаги энг йирик “Россия” суғурта жамиятига қарашли эди. Бинонинг олдинги эгаларидан қимматбаҳо қизил ёғочдан ишланган мебеллар Лубянка хоналарида қолганди. Бино деразаларидан кейинчалик Дзержинскийга ҳайкал ўрнатилган фавворалар майдони яққол кўриниб турарди.
Кўчиб ўтилгач, большевиклар Француз инқилоби дастурини амалга оширишни давом эттиришди. Улар француз инқилобчиларининг ҳамма ҳаракатларини (сўзма-сўз иқтибос олгандек) лаззатланиб такрорлашади.
Инқилоб қиролларнинг Париждаги барча ҳайкалларини зўр бериб ағдарганди. Франция шарафи бўлган Людовик Ўн тўртинчига ҳайкал ўрнатилганди – ағдариб ташлашди. Қўшиқлар ва афсоналар қаҳрамони, француз халқининг севимли қироли Генрих Тўртинчининг от устида турган ҳайкали Янги кўприкда ўрнатилганди – ирғитиб ташлашди. Людовик Ўн учинчига ўн еттинчи асрда бунёд этилган саройи майдонида ҳайкал барпо этилганди – қулатишди.
Людовик Ўн олтинчини оиласи билан Тампль саройига олиб кетишаётганда инқилобчилар унга “Қуёш қирол” – Людовик Ўн тўртинчининг ағдариб ташланган ҳайкалини тантанавор кўрсатишади.
– Яхшиямки, кулфатлар тош ҳайкал бошига тушибди, – дейди тожу тахтдан айрилган қирол.
Бошланиб кетган Фуқаролар уруши ва интервенциянинг ташвишлари-ю кулфатларига қарамасдан якобинчилар шогирди Ленин “Подшолар ва уларнинг малайлари ёдгорликларини олиб ташлаш тўғрисида” декрет қабул қилади. Бу декрет ижроси таъминланишини шахсан ўзи назорат қилиб боради. Романовларнинг тош ҳайкаллари билан Ленин жуда кўтаринки руҳда кураш олиб боради.
“Мана бу бемаънигарчиликни олиб ташламабсизлар! – Буюк князь Сергей Александрович ўлдирилган жойда барпо қилинган эсдалик хочни кўрсатди Ленин”, – деб хотирлайди Кремль коменданти Маликов. Ва дарҳол иш қайнаб кетди! Арқонларни олиб келишди. Ильичнинг ўзи чаққонлик билан сиртмоқ ясаб уни хочга илинтирди. Тезда хочга ҳар томондан арқон солинди. Ленин, Свердлов, Ованесов ва Халқ Комиссарлари совети ва Бутунроссия марказий ижроия комитетининг бошқа аъзолари арқонларни забтига олиб торта бошлашди. Хоч ётқизилган тош устига қулади.
Хочга буюк князь беваси томонидан: “Бу зулмкорларнинг гуноҳларини ўзинг кечиргайсан, чунки бу бандаларинг нима иш қилаётганларини ўзлари билишмайди”[28], деган сўзлар ёздирилганди.
Ильич декрет ижросини диққат билан кузатиб боради.
Бутун мамлакат бўйлаб рус подшолари ҳайкаллари олиб ташланади. Император хонимлар – Екатерина ва Елизавета, императорлар – Александр Иккинчи ва Александр Учинчи ҳайкаллари бузиб ташланади…
Бироқ ҳайкал супалари жуда мустаҳкам чиқиб қолди. Уларни бузиш осон эмасди. Аслида бунинг кераги ҳам бўлмай қолди. Ленин вафотидан кейин бу супаларга… Ильичнинг ўзи кўтарилди.
Дарвоқе, Лениннинг ҳайкаллари ҳам узоқ турмади. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида подшоларнинг бузиб ташланган ҳайкаллари қайта тиклана бошланди. Ильич супаларни ўз эгаларига қайтариб беришига тўғри келди.
Ўн тўққизинчи асрда французлар ҳам айнан мана шунақанги ишлар билан шуғулланишганди. Биз ҳозир Людовик Ўн учинчи ва Янги кўприкда Генрих Тўртинчининг қўр тўкиб турган ҳайкалларини кўришимиз мумкин… Бу халқларнинг ҳазили, шекилли.
Ленин тошлар (Романовлар ҳайкаллари) билан курашишни бир чеккага суриб қўйиб, Романовларнинг ўзи билан машғул бўлишга киришиши керак эди. Севимли якобинчилари қандай васият қилган бўлса, у худди шу ишни қилади…
“Подшо оиласидан кимни йўқ қилиш керак?” деган саволга “оташқалб инқилобчи ва инқилобнинг улуғ сиймоси” Нечаев: “Катта оиланинг барча аъзоларини”, дея жавоб беради. Бундан ғоятда ҳаяжонланиб кетган Ленин: “Ҳа, бутун Романовлар авлодини қириб ташлаш! Ахир, бу – гениал ғоя!” деб завқланганлигини Бонч-Бруевич хотираларида ёзиб қолдирган.
Кекса большевик, драматург Иван Попов Ленинни жуда яхши билган ва Инесса Арманднинг[29] яқин дўсти эди. У Инессанинг бир хотирасини қоғозга туширган: “Инессанинг болапарварлигини кўриб қўрқиб кетган Ильич Пушкиннинг: “Сендан ва сенинг тожу тахтингдан нафратланаман. Ҳалокатингни ва фарзандларинг ўлимини шафқатсиз шодлик ичида кўраяпман…” шеърини шиддатли завқ билан ўқиб берди”.
Ленин Романовлардан икки ҳисса нафратланарди – ҳам жонидан ортиқ яхши кўрган акасининг ўлими учун, ҳам ҳақиқий якобинчи бўлганлиги боис.
Бироқ якобинчиларнинг Лениндан бўлак яна бир садоқатли шогирди – Троцкий ҳам бор эди.
У якобинчилар қирол устидан ўтказган суддан андаза олиб Россия подшоси устидан суд маҳкамасини ўтказишни орзу қиларди. Инқилобнинг буюк нотиғи ва рус Дантони Троцкий суд жараёнида башарий мустабидлик тимсоли бўлган рус подшосини бутун дунёнинг эзилган меҳнаткашларини қувонтириб фош қилишни кўнглига тугиб қўйганди.
Бироқ Ленин шошилиш керак, деган тўхтамга келади. Чунки ўша пайтда большевиклар ҳокимияти фронтларнинг оловли ҳалқаси ичида қолиб кетганди. Бундан ташқари, у фақат биргина подшо билан чекланиб қолмоқчи эмасди. Якобинчи устозлар ўша пайтда Франция ҳудудида бўлган барча Бурбонларни гильотинадан ўтказишганини Ленин яхши эсларди. Якобинчи Сен-Жюст айтганидек: “Қироллар дунёга келишларининг илк дақиқалариданоқ ўлимга лойиқ”. Якобинчилар герцог Орлеанскийни ҳам, қиролнинг синглиси, ҳокимият ишларидан йироқ бўлган ва художўй Елизаветани ҳам ёддан чиқармагандилар – уларнинг барчаси гильотинага жўнатилганди.
Ильич якобинчи Нечаевнинг ўгитини бажо келтириш ва якобинчилар ишини Россияда такрорлашга қарор қилади – подшонинг художўй катта оиласи барча аъзоларини қатл қилишга жазм этади.
Троцкий фронтларда тентираб юрган маҳал Ленин ўз қарорларининг садоқатли ижрочиси – Свердлов билан режани амалга оширишга киришади…
Дастлаб Романовларни Урал минтақасига – Екатеринбург, Пермь, Алапаевск – тўплашади. Урал, бу – Пугачёв қўзғолон кўтарган жойлар. Бу ерларда Романовларни жуда ёмон кўришарди.
Петербургда қолган Романовлар авлодидан бўлган буюк князлар Лениннинг акаси ўтирган Петропавловский қалъаси камерасида ўзаро юз кўришишди.
Романовлар авлодини жазолаш тадбири Уралда бошланди. Бу ёвузлик учун бутун жавобгарликни маҳаллий ҳокимият ўз гарданига олиши керак эди. “Ильич ва Москва бундан бехабар қолганди” – бу афсона, мана, юз йилдирки, яшамоқда. Бу афсона бизга узукка кўз қўйгандек ярашиб тушган – Россияда “отахон подшо” ҳеч қачон айбдор эмас, “ҳокимиятдаги иккинчи одам”, бу ўринда Уралсовет ёки ҳеч бўлмаганда Свердлов, яъни “ёмон ёрдамчи” айбдор. Албатта, “отахон подшо” бехабар ва айбсиздир.
Ленин подшо оиласининг отуви ташкил этилаётганлигини жуда яхши билишини исботлайдиган телеграммани мен биринчи бўлиб “Огонёк” журналида (кейинчалик Николай Иккинчи ҳақидаги китобимда) эълон қилганман.
Бу телеграммада Уралсовет подшо ва унинг оиласини отиш ҳақидаги қарорни Лениндан тасдиқлаб беришни сўраган…
Бунга Лениннинг жавобини ҳам билиб олдим.
Москва архитектура институти доценти Алексей Фёдорович Акимовнинг гувоҳлик кўргазмасини топиб, “Огонёк” журналида эълон қилганман. Акимов ўтмишда инқилобга хизмат қилган одам бўлган – у Кремлда дастлаб Я.М.Свердлов, кейинчалик В.И.Лениннинг танқўриқчиси бўлиб ишлаган.
У подшо оиласини отиш ҳақидаги Ленин ва Свердлов қарори ёзилган телеграммани 1918 йил 16 июль куни телеграфга қандай олиб борганлигини ўзининг гувоҳлик кўргазмасида ҳикоя қилган.
Бундан ҳам муҳим бир ҳужжат қўлимга тушди! “Махфий, кундузи соат 12, Екатеринбургдан ўртоқ Ленинга” ёзувли бўш конвертни собиқ партия Марказий архивидан топдим. Конверт ичида телеграмма бўлмаса-да, подшо оиласи отилган тонгда Уралсовет Ленинга нима ҳақида хабар берганлигини англаб етиш мушкул эмасди.
Конвертда: “Қабул қилиб олдим. Ленин” деган ёзув қолган.
Ўз кундаликларида бошқа бир якобинчи Троцкий Лениннинг якобинча қарорини изоҳлаган. У ўзининг Свердлов билан бўлиб ўтган суҳбатини келтирган (Троцкий ўша пайтда эндигина фронтдан қайтиб келганди).
“– …Подшо қаерда?
– Отиб ташланди, албатта.
– Оиласи-чи? Оиласи қаерда?
– Оиласи ҳам у билан бирга отилди.
– Ҳаммаси-я?
– Ҳаммаси. Нимайди?”
Троцкий орзу қилган бутун дунё кузатадиган суд жараёни кунпаякун бўлганди!
“– Ким бу ҳақда қарор қилди? (Ўзи билан ҳатто маслаҳат қилишмаганликлари боис дарғазаб бўлиб сўраган, деб ўйлайман).
– Биз бу ерда шундай қарорга келдик. Ильич, айниқса, ҳозирги қийин шароитда душманларимизга тирик байроқни қолдириш ярамайди, деб ҳисоблади”.
Ғазаб чекиниб, ҳовуридан тушган Троцкий Лениннинг бу қарорини – унинг якобинча моҳиятини баҳолаган: “Подшо оиласининг қатл этилиши нафақат душманни қўрқитиш, уни даҳшатга солиш ва умидидан мосуво этиш учун, шу билан бирга ўз сафларимизни ҳам бир силкитиб олиш ва олдинда ё тўла ғалаба ёйинки муқаррар ҳалокат борлигини кўрсатиш учун бизга керак эди. Ишчилар оммаси ва аскарлар бошқа ҳар қандай қарорни тушунмас ва қабул қилмасди. Буни Ленин жуда яхши ҳис этганди…”
Подшо бўлиш насиб этмаган – буюк князь Михаил Александровични ҳам отиб ташланганидан якобинчи Ленин хабардор бўлган. “Михаил ҳозирги қийин шароитда яна бир “тирик байроқ”қа айланиши мумкин эди”.
Буюк князнинг қотилларидан бири Андрей Марков қатл маросимидан кейин ошиғич Москвага келгани ва Лениннинг қабулида бўлгани, “Ильичга воқеа тўғрисида гапириб бергани”ни ўз кўргазмаларида ёзиб қолдирган.
Парижда якобинчилар қиролнинг художўй синглисини ўлдиришганди. Большевиклар ҳам Марфо-Маринский монастирининг асосчиси, подшонинг синглиси Елизавета Фёдоровнани ўлдиришди. У билан бирга буюк княз Константин Константиновичнинг ўғиллари ва буюк князь Павел Александровичнинг ўғли ҳам қатл этилди.
Романовлар оиласи қирғини империянинг собиқ пойтахтида якунланади. Якобинчилар рамзий ишора сифатида Людовик Ўн олтинчини қироллар сулоласи саройи – Тюильри қаршисида қатл қилишганди.
Охирги тўрт нафар буюк князь ҳам рамзий ишора сифатида – Романовлар сулоласи қабри ёнида жойлашган Петропавловский қалъасида қатл этилади.
Бизнинг якобинчилар отувлар билан бир қаторда санъатда ҳам французлар сабоғини олишади.
Инқилобчи-рассом, якобинчи Давид бошланиб кетган инқилобнинг қаҳрамонлари, Миллий кенгашнинг кўпгина депутатлари портретларидан иборат – “Тўп ўйини залида қасамёд” деб номланган машҳур картинасини чизади.
Бизда ана шундай инқилобий буюртмани рассом Бродский амалга оширди. У ҳам якобинчи Давидга монанд – “Коминтерннинг иккинчи конгресси мажлиси” номли улкан полотно яратади. Бу картинада ҳам жуда кўп қиёфалар – партия шон-шарафига айланган ва халқаро коммунистик ҳаракатнинг атоқли арбоблари акс этади…
Давидга ўз полотносини кўргазмага қўйиш насиб этмаганди. У картинани чизишни давом эттираётган чоғда унинг кўпгина қаҳрамонлари инқилобий бошларини инқилобий гильотинага қўйишганди.
Бродский омадлироқ чиқиб қолди – у ўз картинасини кўргазмага қўйишга муваффақ бўлди. Тўғри, фақат бир мартагина. Чунки Давид картинаси қаҳрамонлари бошига тушган кулфатлар унинг қаҳрамонларининг ҳам бошига тушади. Бродский қаҳрамонлари бошлари гильотина тиғига эмас, Лубянка деворларига қапишиб ўққа учишди!
Якобинчи Давид инқилобий монументал тарғиботи билан ҳам ажралиб турарди. Собиқ тузум ҳайкали ўрнига Она Табиат ҳайкалини барпо этади. Махсус супада улкан аёл – Табиат – ўтирибди ва унинг сўлқиллаган кўкрагидан сув оқмоқда… Давид яна бир улкан ҳайкал – Суверен халқ ёдгорлигини яратишни дилига тугиб қўйганди-ю, уни ясашга улгуролмайди. Аммо Людовик Ўн бешинчи ҳайкали ўрнига ўрнатилган Озодлик ҳайкали Парижда қўр тўкиб турибди. Уни ҳайкал ва эшафот биргаликда Террор ва Озодликнинг якобинча иттифоқи бузилмас эканлигининг рамзий ишораси сифатида гильотинага жуда яқин ерга ўрнатишади.
Бизнинг якобинчилар бу масалада ҳам французлар билан изма-из қадам босишди.
Монументал тарғибот бўйича ленинча режа қабул қилинади.
Буюк инқилобчилар (энг кўп сонли гуруҳ – ўттиз битта ёдгорлик), улуғ прогрессив ёзувчилар, маданият арбоблари ва бошқаларнинг… ҳайкаллари яратилиши керак эди. Спартак, Брут, Маркс, Радишчев ва уч қонхўр якобинчи – Марат, Дантон ва албатта, Робеспьер – дарвоқе, охиргисига ҳатто Парижда ҳам ёдгорлик ўрнатилмаган – шундай шарафга сазовор бўлишди. Ильич ўз устозларини унутмаганди…
Ҳайкали ўрнатилиши лозим бўлган ёзувчилар рўйхатида Достоевский ҳам бор эди. Ильич унинг “Иблислар”ини жуда ёмон кўрарди, Достоевскийнинг бутун ижодига лаънат ўқирди (“кўнгилни айнитадиган даражадаги насиҳатгўй”, “жазавали тавба-таззару”, “сассиқ китоблар”). Аммо унга ҳайкал қўймасликка журъат этмайди. Буюк ёзувчи худди Ильичдек инқилобий тўгаракларда иштирок этганди, бироқ доҳийдан фарқли ўлароқ ўлимга ҳукм қилиниб, ҳатто эшафотга ҳам чиққанди ва қўл-оёғи кишанланиб сургунга жўнатилганди. Шу боис унга ҳам…
Ёзувчи ҳайкалини машҳур Сергей Меркуров яратади. Ва дарров латифа урчийди:
“Луначарский ҳайкални очади. Ҳайкал устидан чойшаб сирғалиб ерга тушади, қарашса Достоевский ҳайкали остига: “Миннатдор иблислардан Фёдор Достоевскийга” деб ёзиб қўйилган экан”.
Шу орада Фуқаролар уруши қизигандан қизиб борарди.
1917 йилнинг октябрь ойидан большевикларга қарши ҳар жой-ҳар жойда бошланган қуролли қаршилик оммавий урушга айланади. Буларнинг барчаси тенгсиз ҳарбий телбалик бўлган Биринчи жаҳон уруши фонида кечади. Бу урушнинг барча иштирокчилари Россия устига ташланади.
Фақат икки пойтахт – Москва ва Петроград – большевиклар ҳокимияти остида қолади, холос.
Бироқ Ильичнинг руҳи тушмайди. У устоз якобинчилар устига ҳам бутун қуролланган Европа ташланганини яхши эсларди. Ахир, Францияда ҳам деҳқонлар Вандеяси қандай олов ичида қолганди, Франциянинг асосий шаҳарлари қандай бош кўтарганди? Бироқ якобинчилар ҳокимиятни қўлларида сақлаб қолгандилар-ку! Уларга нима ёрдам берган? Якобинча “ноу-хау” – террор!
“Террор – озодликни енгилмас кучга айлантирадиган энг яхши дўстдир!” – деб Ильичга сабоқ берарди Робеспьер. Террор туфайли Лион ва Тулон душман қўлидан қайтариб олинганди ва Вандеяда тинчлик ўрнатилганди…
Ва: “Фақат жуда қаттиқ терроргина бизни қутқариши мумкин”, дейди якобинчиларнинг садоқатли шогирди.
Француз инқилоби сабоқларини бошқа бир инқилобий партия – эсерлар ҳам эсдан чиқармаганди. Большевиклар томонидан ҳокимиятдан четлаштирилган ва ўзининг жангарилари ва террори билан шуҳрат қозонган партия…
Қўлида ханжар тутган республикачи – Шарлотта Корденинг образи васвасага солиб, ўзига тортарди.
Ҳаммаси Моисей Володарскийдан бошланди – йигирма олти ёшли большевикларнинг биринчи рақамли ташвиқотчиси ўлдирилади.
Худди шу лаҳзадаёқ якобинча террор билан жавоб бериш имконияти туғилганди.
Кўпгина ҳолларда бўлгани каби Ильичнинг сафдошлари Доҳийнинг ўйлаб қўйган асосий фикр-ғояларини тушунмасдилар. Улар ҳақиқий якобинчилик даражасига ҳали етмагандилар.
Петроград партия ташкилоти йиғилишида ишчилар Володарский ўлимига жавобан “аксилинқилобий ярамасларнинг адабини бериб қўйиш” учун зиёлиларни кўчабезориларга хос усулда жазолашни таклиф қилишади.
Бироқ Петроград партия ташкилоти раҳбари Зиновьев бу таклифни рад этади.
Ва шу заҳотиёқ Лениннинг ғазабга тўлган телеграммасини олади: “Қатъиян норозилик билдираман! Омманинг тўғри ва асосли инқилобий ташаббуси йўлига тўғаноқ бўлиб, ўз-ўзимизни обрўсизлантирмоқдамиз. Бунга йўл қўйиб бўлмайди! Террорчилар бизни ландовур деб ўйлашади. Ҳозирги замон эса ўта ҳарбийлашган даврдир. Аксилинқилобчиларга қарши террорни қўллаб-қувватлашимиз керак…”
Аммо Шарлотта Корде ишини давом эттиришади…
Ёш шоир, Есениннинг дўсти Каннегисер Бош штабнинг собиқ биносида Петроград ЧКсининг раиси Урицкийни отиб ўлдиради.
Ва бари бошланиб кетади! Зиновьев Лениннинг талабини унутмаганди. Петроград бошлиғи ишчиларга аксилинқилобчиларни кўчаларда бемалол жазолашга рухсат беради.
Уни террорни тўхтатишга кўндирмоқчи бўлгандилар, ялиниб-ёлворишганди, аммо кечга бориб тўхтатишга кўндиришнинг иложи қолмайди: Москвадаги Михельсон заводида Ленинга ўқ узишади.
Энди большевиклар расман якобинчиларга хос йўлдан кетишади.
Сентябрь ойида якобинчилар шафқатсиз якобинча террор эълон қилишганди.
Бешинчи сентябрь куни Қизил террор эълон қилинади.
Европа тарихида иккинчи марта Ҳокимият давлат террорини тасдиқлайди…
Ички ишлар халқ комиссари Г.Петровский “Гаровга олинганлар тўғрисида буйруқ”қа имзо чекади:
“Маҳаллий советларга маълум бўлган барча ўнг эсерлар дарҳол қамоққа олинсин. Буржуазия ва офицерларнинг катта қисми гаровга олиниши шарт. Қаршилик кўрсатишга озгина уриниш содир бўлганда ҳам оммавий отув қўллансин”.
“Ағдариб ташланган синфларнинг” беш нафар вакили дарҳол отиб ташланди, бу фақат расмий маълумотда қайд этилгани.
Кронштадтда тўрт юз нафар собиқ офицерни учта хандақнинг олдига тизиб қўйилиб отиб ташланди…
Расмий қотиллик кампанияси бутун мамлакат бўйлаб давом этди.
Губерниялар ЧКлари отувлар тўғрисида “ЧК ҳафтаномаси”га рапорт бера бошладилар: “Новгородда – 38 нафар одам, Псковда – 31 нафар одам, Ярославда – 38 нафар одам, Пошехонскийда – 31 нафар одам…”
Террор қонхўрлик мусобақасига айланиб кетди. Губернияларда ўлимини кутиб турганларнинг узун рўйхатларини деворларга ила бошлашди. Ҳаммаёқда бир андазадаги эълонлар пайдо бўлди: “Озгина аксилинқилобий ҳаракат учун бу отиб ташланади” – остида гаровга олинган ўнлаб кишилар фамилияси турарди.
Гаровга олинган эрни қутқариш учун хотин ЧКга келиб жонини қурбон қилиши оддий ҳолга айланди.
“ЧК ҳафтаномаси”: “Кўпгина шаҳарларда гаровга олинганларни оммавий отиш бўлиб ўтди. Бу албатта яхши. Бу ишда энг ёмони чала-чулпаликка йўл қўйиш. Бу душманни заифлаштирмайди, балки қаҳр-ғазабини ошириб юборади”.
Лениннинг террорни “омма билиши” ана шундай таъминланганди. Мақола муаллифлари: “Кўнгилбўшлик ва муросасозлик қилиш етар! Мешчанлик мафкурасидан воз кечиш ва қийноқларга расман рухсат бериш керак…”
Бироқ ўшанда бунга журъат этишмайди.
Қийноқларни қўллашга бизнинг якобинча инқилобимизнинг қонуний ўғли – Сталин жазм қилади.
Инқилобий шиддатда якобинча мусобақа авж олади.
“Бу даврда бизнинг барчамиз – террорчилармиз!” – деб хитоб қилади Зиновьев. Ундан: “Агар армиямиз сонини кўпайтирмасак, бизни буржуазия қириб ташлайди. Ахир, уларнинг бундан бошқа йўли йўқ. Биз улар билан бир осмон остида яшай олмаймиз. Душманларимиздан устун келиш учун бизга ўзимизнинг социалистик милитаризмимиз лозим. Юз миллион одамдан 90 миллионини ўз ортимиздан эргаштиришимиз керак. Қолгани билан ади-бади айтиб ўтирмасдан, уларни қириб ташлаш шарт”, деган “ҳикматли” сўзлар қолган.
Газеталарда: “Нафрат ва қасос эндиликда ишчиларнинг мадҳиясига айланди”, “Буржуйлар баданидаги ёғни эритиб, ундан совун тайёрлаймиз ва бу совунлар билан меҳнаткаш қўлларимизни ювамиз” сингари гоҳ маҳзун, гоҳо қувноқ шиорлар бетўхтов босилиб турарди.
ЧК раҳбарларидан бири Лацис энг асосий нарсани тушунтириб берган:
“Биз айрим кимсаларга қарши уруш олиб бораётганимиз йўқ. Биз буржуазияни синф сифатида қириб ташламоқдамиз. Айбланувчи совет ҳокимиятига иши ёки сўзи билан қарши чиққан-чиқмаганини тергов материаллари ва исботларидан изламанг. Айбланувчига бериладиган биринчи савол қайси синфга мансублиги, келиб чиқиши, тарбияси, маълумоти ва касби ҳақида бўлиши керак. Бу саволлар айбланувчининг тақдирини ҳал қилиши лозим. Қизил террорнинг маъно ва моҳияти ана шунда”. Энди якобинчи Дантоннинг гапига қулоқ тутинг: “Биз руҳонийлар ва зодагонларни айби борлиги учун эмас, келажакда уларга ўрин йўқлиги учун ўлдирамиз”.
Ўша пайтдаги газеталар якобинча иқтибосларга бой эди. Каменев, Зиновьев, Троцкий террорни очиқ-ойдин шарафлардилар. Ҳатто гуманист сифатида танилган Бухарин ҳам: “Пролетарча мажбурлашнинг отувдан бошлаб бошқа барча шаклларини қўллаш капиталистик давр инсони материалидан коммунистик жамият инсонини ишлаб чиқиш усули ҳисобланади”, деганди.
Бироқ большевиклар террорининг асосий мазмун-маъноси Троцкий кундалигида акс этган. Подшо оиласининг ўлдирилиши муносабати билан нима деб ёзганлигини эслайлик:
“Подшо оиласининг қатл этилиши нафақат душманни қўрқитиш, уни даҳшатга солиш ва умидидан мусово этиш учун, шу билан бирга ўз сафларимизни ҳам бир силкитиб олиш ва олдинда ё тўла ғалаба ёйинки муқаррар ҳалокат борлигини кўрсатиш учун бизга керак эди”.
Бу гап партиявий маънога эга.
Шу кундалигида ижтимоий мазмунга эга гап ҳам ёзган: “Душманни қўрқитиш ва унга даҳшат солиш керак бўлганди”. Бироқ бу ўринда Троцкий қувлик қилиб, фикрини охиригача айтмаяпти. Аслида нафақат душманни, шу билан бирга бутун аҳолини қўрқитиш керак бўлганди.
Қизил террор – бу оддий одамлар доимо даҳшат ичра, Ҳокимият олдида тўла ҳуқуқсизлигини ҳис этишидир. Якобинчилар ва большевиклар террорининг қонли самараси ана шунда эди.
Қизил террор расман тугаган пайтда ҳам якобинчилар партиясининг қулаш сароби, Термидор сароби Ленинни таъқиб қилишда давом этарди.
“Террорни оммалаштириш”сиз ҳокимиятни қўлда сақлаб қола оламизми?
Шу боис, Фуқаролар уруши ғалаба билан якунланган 1922 йил Ленин адлия халқ комиссарига шундай деб ёзади: “Террорни иккиюзламачиликсиз ва муболағасиз қонунийлаштириш керак”.
Жиноят кодексида қонунийлаштириш зарур!
Доимий террор ва очлик фонида қотиллик ва ёвузликнинг улкан тўлқини одамларни буткул ўзгартириб юборди. Жамиятдан цивилизация пўстини шилиб олишди. Дераза ортидаги ҳаётдан жирканиб ўлаётган Блок шундай дейди: “Халқаро инқилоб халқаро юрак оғриғига айланмоқда”.
Расмий террор ва ундан кейинги даврда большевиклар ўзларининг иккита душманлари масаласини ҳал қилишади.
Биринчиси – Дин.
Бу ерда яна ўша француз инқилобидан андаза олинди…
Париж шаҳрининг илоҳий ҳимоячиси, муқаддас Женевьева саккиз юз йил шаҳарни душманлар босқинидан асраб келганлигига французлар ишонарди. Бироқ якобинчилар келиб муқаддас қоқ мурдани қиролларни жиноятчилар қатл этган Гревский майдонига, эшафотга олиб келишади.
Муқаддас қоқ мурдани бўлак-бўлакларга кесиб, Сена дарёсига улоқтириб юборишади…
Нотр-Дам авлиёларининг ҳам бошини кесишади.
Барча жойда динни таҳқирлаш авж олади. Лион шаҳрида Фуше чўчқага епископлар кийимини кийгизиб, думига Инжилни боғлаб қуяди.
Кейин одамларга навбат келади. Якобинчилар террори даврида юзлаб руҳонийлар ўлдирилади.
Большевиклар устозларидан ортда қолмасликка ҳаракат қилишди. Улар ҳам халқ учун энг азиз авлиёлар қоқ мурдаларини ахлатга ташлаб юборишди. Бу таҳқирловлар киноплёнкага муҳрланган. Черковларни портлатиб юборишади. Худди якобинчиларга ўхшаб руҳонийларни оммавий равишда қатл қилишади.
Якобинчи Ленин хулоса қилиб якунловчи дастур ёзади:
“Ўта махфий
Кўрсатма
…Иложи борича тезроқ дин ва попларга барҳам бермоқ керак. Попларни аксилинқилобчилар ва саботажчилар сифатида қамоққа олиб, барча жойларда шафқатсизлик билан отиб ташланг. Қанча кўп отилса, шунча яхши. Черковлар ёпилсин. Ибодатхоналар муҳрланиб омборхоналарга айлантирилсин…”
Большевиклар ҳал қилиши зарур бўлган иккинчи ўткир масала – зиёлилар масаласи эди.
Улар инқилобнинг бошидаёқ мухолифатдаги газеталарни ёпиб, зиёлилар билан уришиб қолишганди.
Бу ўринда ҳам Ильич якобинчилар тажрибасига таянади. Улар шафқатсиз бўлишганди. Жирондистлар ғояларини йўқлаб чиқишга жазм этган буюк Кондорсе ҳалок бўлади, Маратнинг илмий тажрибалари кулгили эканлигини исботлаб берган кимёгар олим Лавуазье гильотинага жўнатилади. Инқилобий Фигаро образини яратган Бомарше якобинчилар қамоқхонасига тушиб, аранг ўлимдан қутулиб қолади. Шарлотта Корде жасоратини мадҳ этган ва инқилобий ёвузликларни қоралаган шоир Андре Шенье ҳаётига гильотина нуқта қўяди.
Француз Маърифатчилиги тимсоли – Академия ёпилади.
Бизнинг Ильич ҳам зиёлиларга якобинчасига муносабатда бўлади:
“Буржуазия ва унинг ҳамтовоғи бўлган ва ўзларини миллатнинг ақл-идроки деб ҳисобловчи капитал малайлари зиёличаларни ағдариш курашида ишчи ва деҳқонларнинг интеллектуал кучлари ўсиб-кучайиб бормоқда”.
Йигирма иккинчи йил Штеттин шаҳри портига Россиядан пароход етиб келади.
Келганларни ҳеч ким кутиб олмайди. Улар бир нечта от-арава топиб юкларини ортишади. Аравалар ортида хотинлари қўлини ушлаб олган эркаклар шаҳар томон юришади. Қувғин қилинган одамлар кетиб борарди – йигирманчи аср бошида Россияда ижтимоий онгни белгилаган, рус фалсафаси ва ижтимоий фикрининг фахри ва гуллари бўлган: Лосский, Бердяев, Франк, Кизеветтер, князь Трубецкой, Ильин… Бир юз олтмиш нафар инсон – машҳур профессорлар, файласуфлар, ёзувчилар, Россиянинг буюк маънавий қудрати – бир силташда супириб ташланганди.
Троцкий: “Ҳа, уларни қамоққа олиш учун бизда асос йўқ эди. Аммо бизнинг улар билан бирга яшашимизнинг имкони йўқ”, деганди.
Бирга яшаш шунинг учун имконсиз эдики – улар фикр одамлари эди. Зиёлилар фикрлардилар.
Ўша йигирма иккинчи йил ЧКнинг раҳбарларидан бири Агранов шундай изоҳ берганди: “1921 йил Петроград зиёлиларининг бир оёғи душман қароргоҳида эди. Биз бу оёқни жонидан ўтказиб савалашимиз лозим”.
Савалаш учун душман тимсоли зарур эди.
Бу тимсол машҳур шоир бўлиб, у Шеньедек ўз маслагини яширмайди… У инқилобга қадар мана бу шеърни ёзганди:
Эл раҳнамоси Атрид, э воҳ, ўтди оламдан,
Мен-чи, фақир – бечора, ҳануз ҳаётман, афсус.
Бунча жозиб бўлмаса шаффоф ва чўнг бу кўллар,
Таънали – қон нигоҳин санчар кўксимга шафақ.
Бирам оғир, оғирдир бу шармандалик, биродарлар,
Яъни, подшоҳ ўлганда сабр этмак – яшамак![30]
Подшо оиласи ҳалокатидан сўнг Гумилевнинг бу мисралари чақмоқдек чақнади.
Шоирни Таганцев фитнаси бўйича айблаб қамоққа олишади. Фитначилар гўёки Кронштадт қўзғолони ортидан Петроград исёнини уюштирмоқчи бўлишган.
“Гўёки” – ўшандаёқ ҳеч қанақанги Таганцев фитнаси бўлмаганлиги версияси пайдо бўлади.
Бўлмаса, нима бўлганди ўзи?
Биринчи манбаларга, яъни устоз якобинчиларга мурожаат қиламиз. Ленин қайта тирилтиришни жудаям орзу қилган, Инқилобий трибуналнинг ҳақиқий раҳбари Фукье-Тенвиль нима ўйлаб топганлигини эсга олайлик.
Фукье аслида бўлмаган – иғвогарона фитналарни ташкил қилишни таклиф қилганди. Унга шу асосда кейин гильотинага жўнатиш учун бахтиқаро кимсаларни жалб этишади. Қамоқхоналардаги жой шу тарзда бўшатилган ва тузум учун номақбул кимсалардан ана шу тариқа қутулишганди.
Большевиклар дарҳол провакациянинг бу амалиётини ўзлаштириб олишди.
Машҳур “Трест” операцияси нима ўзи? Бу ёлғондакам фитна ва иғво. Ҳаётда ҳеч қанақанги “Трест” деган ташкилот бўлмаган. Чет элдан инқилоб душманларини алдаб Россияга олиб келиш учун большевиклар ўйлаб топган. Ва бунинг уддасидан чиқишади! “Трест” мавжудлигига ишониб, машҳур инглиз жосуси Рейли ва бизнинг Савинков қармоққа илинишади. “Трест” ёрдамида Россияга кириб келишади ва қамоққа олиниб, шу ерда ҳалок бўлишади.
Бизнинг охирги подшомиз-чи? Уни озод қилишга жазм қилган қандайдир фитначилардан кичкина мактуб олади. Бироқ бу ҳам навбатдаги ҳийла эди. Бу подшони тезроқ отиш учун далилга эга бўлиш мақсадида ЧК томонидан ташкил қилинганди.
Сохта фитналар ЧК амалиётида одатий ҳолга айланди. Бечора Таганцевнинг фитнаси ҳам ЧК томонидан ташкил этилган сохта фитналардан бири бўлса керак.
Гумилев бунга ишонган ва иштирок этиб, қамоққа олинган.
Энди машҳур шоирнинг тақдири зиёлиларни қўрқитиш ва яхшилаб “савалаш”и лозим эди.
Гумилевни сўроқ қилиш фожиали тус олади.
“Агар Петроградда исён бошланганда, сиз фитначилар сафида бўлардингизми?” деб сўради терговчи. Бироқ шоир образли фикр юритади. Бу савол у учун подшо Николай Биринчи ва Пушкин мулоқоти саҳнасини такрорлаганди.
“Петербургда бўлганингизда, Сиз ҳам Сенат майдонига чиқармидингиз?” – сўради подшо.
“Чиқардим!” – деб жавоб берди Пушкин.
Шоир Гумилев севимли Пушкини билан изма-из бориб “Бўлардим!” деб жавоб беради.
Аммо Пушкин билан Император мулоқот қилганди, Гумилев билан эса шоирни ўзига синфий душман билган якобинчи суҳбатлашганди.
Кутилган ҳукм янграйди: “Отилсин!”
Энди отувлар ҳақида гаплашсак… Тарихчилар кейинчалик ленинча “Отилсин!”ни ҳайратга тушиб ўқишади. Аммо бу ҳам узлуксиз такрорланган якобинча ва Робеспьерча “Гильотинага юборилсин!”дан олинган иқтибосдир.
Француз инқилоби даврида якобинчилар шафқатсизлик бўйича ўзаро мусобақалашгандилар. Большевиклар ҳам худди шу ишни қилишади.
“Фуқаролар! Аксилинқилоб ғалаба қозонгудек бўлса, осиб ўлдирилишингиз учун ҳамма ишни қилдингизми?” шиорида шогирд якобинчилар ўзларининг қонхўрлик бобидаги мусобақалари мазмунини акс эттиришди ва шакллантиришди. Ильич Тамбов деҳқонларини жазолаш ҳақида буйруқлар ёзар экан, якобинчиларнинг Вандея деҳқонларини йиртқичларча жазолаганларини эсга олган. У Лионда ёш йигитлар бир жойга тўплаб ва боғлаб тўпга тутилишини яққол тасаввур қилган.
Шу боис бизда ҳам: “Чекинишга йўл йўқ. Олдинда – ё ғалаба ёки ҳалокат”.
Петропавловский қалъасида отилган буюк князлар орасида ажойиб тарихчи буюк князь Николай Михайлович ҳам бор эди. Ҳур фикрли бўлганлиги учун уни худди инқилобчи герцог Орлеанскийдек подшо оиласида устидан кулиб “жаноб Эгалите” (Тенглик) деб аташарди.
Якобинчилар ўз эгалителарини гильотинага жўнатганидек большевиклар ҳам бизнинг Эгалитени отувга ҳукм қилишади.
Горький ва Фанлар академияси ҳукмни эшитиб Лениндан уни афв этишни сўрайди. Ильичга буюк князь ажойиб ва либерал тарихчи эканлигини эслатишади. Ильич истеҳзо билан жавоб қайтаради:
“Инқилобга тарихчиларнинг кераги йўқ”.
Бу жумлани баъзан афсона деб ҳам эълон қилишган. Бу ҳукм Ленинга тегишли эканлиги шак-шубҳасиздир. Аслида бу шунчаки жумла эмас, севимли якобинчиларидан Ленин олган иқтибосдир. Буюк Лавуазьени гильотинага ҳукм қилишганда у Инқилобий трибунал бошлиғидан қатлни бироз орқага суришни сўраган: “Мен ҳозир фан учун жуда катта кашфиётнинг остонасида турибман. Бор-йўғи бир ҳафтага қатл муддатини кечиктириш зарур… Улгуришга ваъда бераман, фуқаро”. Трибунал раиси якобинчиларга хос жавоб қайтаради: “Инқилоб сенинг фанингга зор эмас!”
Ильич ўзининг истеҳзоли жавобида бир сўзни ўзгартирган, холос. Бироқ у янглишганди. Фожиавий хатога йўл қўйганди.
Инқилобга тарихчилар жудаям керак!
Улар унутувчан Ильич ва унинг сафдошларига ҳар қандай инқилобнинг ўзгармас қонунини эслатган бўлур эдилар.
Буни бахтиқаро жирондист Верньо шундай ифода этганди: “Худди илоҳ Сатурндек, Инқилоб ўз болаларини еб юборади. Эҳтиёт бўлинг, илоҳлар қонсираган”.
ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ИЛОҲЛАР ҚОНСИРАГАН!
Эҳтиёт бўлишмади. Орадан йигирма йил ўтиб – инқилоб ҳеч нарсани ва ҳеч кимни эсдан чиқармайди – мен ҳикоя қилган Инқилобнинг барча иштирокчи шахсларини ёппасига маҳв этиш бошланади.
Риков, Каменев, Зиновьев, Лацис, Петрес ва бошқалар – большевистик ленинчи гвардия девор тагига турғазилиб отиб ташланади.
Ильич эркалаб “Бухарчик” деб атаган Бухарин чаласавод Климент Ворошиловга Француз инқилоби сабоқлари ва якобинчилар тақдирини эслатишга беҳуда уринади!
Бухарин худди Камиль Демуленга ўхшайди, деб ҳисобларди Ромен Роллан. Ёзувчи ҳақ – у жуда ўхшаб кетарди. Бухарин ҳам худди Демулендек қамоқда ўтирар экан, инқилобчи учун инқилоб қамоқхонасида ўтириш ҳақоратли ва қўрқинчли эканлиги ҳақида ёзади!
Ўлимини қарши олишга ҳозирлик кўрар экан у ҳам Демулендек бошқа қайтиб кўролмайдиган севимли рафиқаси ва гўдак фарзанди ҳақида аламли ўйлар гирдобига ғарқ бўлади!
ЭПИЛОГ
Қайғули Инқилоб Театримизни эзгу бир саҳна билан якунлашга ҳаракат қиламиз.
Француз инқилобининг икки юз йиллиги куни улар биргаликда рақсга тушишди.
Улар – Марат ва Шарлотта Корде қариндошларининг авлодлари эди.
Бу рақс орқали улар бизга Инқилоб ва унинг қонуний фарзандлари – Нафрат ва Қон – ўтмишда қолиб кетганини англатмоқчи бўлишди.
Бизга эса бугун фақат Кечириш ва Севиш қолди.
Рус тилидан Жалолиддин Сафоев таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 6-7-сонлар
[1] Манба: Радзинский Э. Берегитесь, боги жаждут. –Москва: Издательство АСТ, 2015.
[2] Россия императори Николай Иккинчининг тахтга чиққанлиги (1894) муносабати билан 1896 йил май ойида тож кийдириш маросими тантаналари чоғида Москванинг шимоли-ғарбидаги Ходин майдонида содир бўлган оммавий ур-йиқит назарда тутилмоқда. Ўшанда Ходин майдонида халқ сайли ташкил этилади. Бочкаларда бепул тарқатиш учун пиво, асал ва бошқа ширинликлар олиб келишади. Эсдалик совғалари ва тангалари ҳам халққа тарқатилиши эълон қилинади. Майдон атрофи қурилиш учун қум қазиб олинганлиги боис чуқур хандақ эди. Халқ сайли 18 май куни бўлиб ўтиши эълон қилинган бўлса-да, 17 май куни кечқурундан бошлаб майдонда одамлар тўплана бошлайди. Эрталабга бориб қарийб 500 минг одам тўпланади. Жуда кўпчилик оилалари, бола-чақаси билан келган эди. Шу пайт халойиқ ўртасида буфетчилар егулик ва пивони, дўкончилар эса тангаларни фақат ўз таниш-билишларига тарқатишаяпти деган миш-миш тарқайди. Оломон дўкон ва буфетлар томон шиддат билан ҳаракатга келади. Ур-тўполон бошланиб кетади. Тартиб сақлаш учун қўйилган 1500 полициячи қўлидан ҳеч нарса келмайди. Ур-йиқитда 1379 нафар одам ҳалок бўлади, 1000 га яқин киши эса оғир шикастланади (Таржимон).
[3] “Биздан кейин дунёни сув босмайдими?” Бу жумлани Франция қироли Людовик ХV айтган деб ҳисоблашади. Аммо ўша давр тарихчилари қиролнинг ўйнаши Маркиза Помпадур (1721–1764) Росбах ёнида қирол қўшинлари жангда мағлубиятга учрагандан сўнг, “Кўп азият чекманг, биздан кейин дунёни сув босса ҳам майли”, дея қиролни овунтирган, деб ёзишади (Таржимон).
[4] Пьер-Огюстен Карон де Бомарше (1732–1799) француз драматурги ва публицисти. Унинг “Евгения”, “Икки ўртоқ”, “Фигаронинг уйланиши”, “Севилиялик сартарош” сингари драмалари машҳур. У ўз ҳаёти давомида кўпгина машмашаларга аралашиб қолган ва бир неча бор судга тортилган (Таржимон).
[5] Кардинал Жулио Мазарини (1602–1661) черков ва сиёсат арбоби. 1643–1651 ва 1653–1661 йилларда Франциянинг биринчи министри. Людовик XIII нинг хотини қиролича Аннанинг ўйнаши бўлган. Айнан қироличанинг қўллаб-қувватлаши туфайли Франция ҳукумати раҳбарлигини қўлга киритган (Таржимон).
[6] Францияда 1302–1789 йиллар оралиғида фаолият кўрсатган табақавий вакиллик органи. Мамлакатда мушкул вазият юзага келганда қиролнинг ташаббуси билан ҳукуматга ёрдам сифатида чақирилган. Генерал Штатларда биринчи, иккинчи, учинчи табақалар вакиллари алоҳида-алоҳида мажлис қилишган. 1614 йилдан 1789 йилги инқилоб арафасига қадар Генерал Штатлар бирор марта ҳам чақирилмаган (Таржимон).
[7] Маркиз де Сад (1740–1814) – француз зодагони, ёзувчиси ва сиёсатчиси. У ўз асарлари ва ғояларида инсоннинг барча соҳада – ижтимоий, маънавий, сиёсий ва жинсий ҳаётда мутлақ эркинлигини тарғиб қилган. Унинг аёл ва эркак ўртасидаги жинсий алоқада бир-бирига жисмоний азоб бериш ва таҳқирлашни ташвиқ этган асарлари туфайли “садизм” атамаси пайдо бўлган. Маркиз де Сад умрининг кўп қисмини қамоқхоналар ва жиннихоналарда ўтказган. (Таржимон)
[8] Россия императори Николай II нинг хотини Александра Фёдоровна (1872–1918) назарда тутилмоқда (Таржимон).
[9] Эгалитаризм – жамиятда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий тенгликни таъминлаш ғояси (Таржимон).
[10] 1751 йил Людовик XV камбағаллашиб қолган зодагонларнинг ўғил фарзандлари учун Ҳарбий мактаб ташкил қилади. Ҳарбий мактабнинг олд қисмида парад ва маршлар ўтказиш учун жуда катта майдон барпо этилади ва бу майдон Марс илоҳи номи билан “Марс майдони” деб юритилади. 1790 йил 14 июль куни айнан шу майдонда Франциянинг биринчи конституциясига қасам ичиш маросими ўтказилади. (Таржимон)
[11] Яҳудийларнинг кўҳна Аҳд китоблари ичига кирувчи “Юдиф китоби” персонажларидан бири. Яҳудийларнинг зулмкорларга қарши курашининг рамзига айланган аёл. (Таржимон)
[12] Николай Иванович Бухарин (1888–1938) – рус инқилобчиси, коммунистик партия ва совет давлатининг сиёсий арбоби. 1937 йил қатағонга учраб, 1938 йил отиб ўлдирилган.
[13] Марк Юний Брут (милоддан аввалги 85- милоддан аввалги 42 йиллар) – Рим сиёсий арбоби ва ҳарбий саркарда. Юлий Цезарнинг яхшиликларини унутиб, хиёнат қилган ҳамда уни ўлдирган. (Таржимон)
[14] Нерон Клавдий (37–68 йиллар) – 54 йилдан Рим императори. Жуда шафқатсизлиги билан танилган. Орқа-олдига қарамасдан барчани ўлимга маҳкум этаверган. Унинг буйруғи билан Рим шаҳрига ўт қўйилган. (Таржимон)
[15] Валерия Мессалина (17/20–48 йиллар) – Рим императори Клавдийнинг учинчи хотини ва Бртианник ҳамда Клавдий Октавининг онаси. Унинг ахлоқсиз ва бузуқ турмуш тарзи суюқоёқ ва фоҳиша аёлларнинг образини ифода этувчи тимсолга айланган. (Таржимон)
[16] “Мавр ўз ишини қилиб бўлди, мавр энди кетса ҳам бўлади”. Ф.Шиллер (1759–1805) қаламига мансуб “Фиесконинг Генуядаги фитнаси” драмасидан олинган бу ибора кимнингдир хизматидан фойдаланиб бир нарсага эришгандан кейин, хизмат қилган одамни батамом унутиб қўйишдек разил ва ҳурматсиз муносабатни ифодалайди. Драмада мавр граф Фиескога кўмаклашиб, Генуянинг мустабид ҳукмдорига қарши республикачилар қўзғолонига ҳисса қўшади ва ғалабадан кейин уни бир четга суриб қўйишгандан сўнг шу гапни айтади. (Таржимон)
[17] Люцерен – Швейцариядаги шаҳар. Ҳозирги пайтда Швейцариянинг Люцерен кантонлиги пойтахти.
[18] Санклюлот – паст табақадан чиққан инқилобчиларнинг умумий номи. Кюлот (калта шим) кийган зодагонлардан фарқли ўлароқ камбағаллар узун иштон (санкюлот) кийган.
[19] “Варфоломей туни” – насронийларнинг авлиё Варфоломейга бағишлаб ўтказиладиган байрами арафасида, Парижда католиклар томонидан гугенотларнинг ялпи қирғин қилинишини англатувчи ибора. Бу қирғинбарот 1572 йил 24 августга ўтар кечаси содир бўлган. Парижда бошланган хунрезлик мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам давом этиб, уч мингдан зиёд киши ҳалок бўлган, охир-оқибат католиклар билан гугенотлар ўртасида уруш келиб чиққан. Бу ибора кейинчалик одамларни ваҳшийлик билан оммавий қирғин қилишнинг ифодаси ва тимсолига айланиб қолган. (Бу ва кейинги изоҳлар таржимонники)
[20] Шаҳзода Людовик Карл (Луи-Шарль) – Франция қироли Людовик XVI нинг кичик ўғли (каттаси 1789 йил вафот этган). Шаҳзода 1785 йил туғилган. Онаси Мария-Антуанетта қатл этилганидан сўнг у этикдўз Антуан Симонга “инқилобий руҳда тарбиялаш” учун фарзандликка берилади. Этикдўз саккиз яшар болани вино ичишга мажбур этар, оғир меҳнатга жалб қилар ва тинимсиз калтакларди. Бола азоб ва таҳқирлар натижасида ҳамда онасини қаттиқ соғингани туфайли касал бўлиб қолади ва 1895 йил ўн ёшида вафот этади.
[21] “Галл” сўзи лотинчада жангарилиги туфайли Марс илоҳига аталган хўрозни англатади. Кейинчалик Франциядаги галлар қабиласининг тимсолига айланган.
[22] Жозеф Фуше (1759–1820) – француз давлат ва сиёсат арбоби. Маълумоти ва касби бўйича руҳоний бўлса-да, доимо динни таҳқирлаб, масхара қилиб келган. Инқилоб пайти кимнинг қўли баланд келса, шу гуруҳни қўллаб-қувватлаган. Конвентда қиролнинг қатл қилиниши учун овоз берган. Инқилоб душманларини шафқатсиз жазолашда иштирок этган. Якобинчилар клубига бир муддат раислик ҳам қилган. Сўнг якобинчилар ва Робеспьерга қарши чиқиб, уни ҳокимиятдан ағдаришда фаол иштирок этган. Термидор даврида радикал ва террорчи сифатида қисқа муддат қамоқда ўтирган. 1799 йил ички ишлар ва хавфсизлик министри этиб тайинланади. Уни бу мансабга тайинлаган ҳукуматга хиёнат қилиб, Наполеонни тахтга олиб келган фитнада фаол иштирок этади. 1809 йил Наполеонни тахтдан ағдариш учун фитна тайёрлайди. Буни император сезиб қолиб уни истеъфога жўнатади. Наполеон ҳокимиятдан маҳрум бўлиб сургунга жўнатилган ва тахтга Людовик XVIII келганда яна ўша министрлик вазифасини эгаллайди. Наполеон тахтга қайтган юз кунда министрлик лавозимини сақлаб қолишга муваффақ бўлади. Наполеон мағлубиятга учраб буткул тожу тахтдан маҳрум бўлгандан кейин тахтга яна Людовик XVIII қайтади ва Фуше бу янги ҳукуматда ҳам ички ишлар министри этиб тайинланади. Тарихда бундай иккиюзламачи, бебурд ва ниҳоятда пихини ёрган “ўлмас-йитмас” бошқа бир сиёсатчини топиш мушкул.
[23] Термидор (фр. “иссиқ”) – 1793–1806 йиллар Францияда амалда бўлган Республика календари ойи (19 июль – 18 август). 1794 йил 27 июль куни Конвентдаги фитначилар якобинчилар ҳокимиятини ағдариб ташлайдилар, якобинчиларнинг асосий раҳнамолари қатл этилади, Ижтимоий нажот қўмитасининг кўпгина аъзолари Гвианага сургун қилинади. Бу воқеалар тарихда “давлат тўнтариши”, “аксилинқилобий термидорлар давлат тўнтариши” деб аталади.
[24] Владимир Дмитриевич Бонч-Бруевич (1873–1955) – рус инқилобчиси, большевиклар ва совет давлати арбоби, ёзувчи ва этнограф, Лениннинг ёрдамчиси. Тарих фанлари доктори. РСФСР Халқ комиссарлари советининг ишлар бошқарувчиси лавозимида ишлаган. Лениннинг вафотидан сўнг илмий фаолият билан машғул бўлган.
[25] Прокламация – сиёсий ташвиқот варақаси.
[26] Зинаида Гиппиус (1869–1945) – рус шоираси, ёзувчи ва драматург. Октябрь инқилоби ва большевикларнинг ҳокимият тепасига келишини “Антихрист” ҳокимиятга келди”, деб таърифлаган. 1920 йили турмуш ўртоғи ёзувчи Д.Мережковский билан бирга Россияни тарк этган ва Парижда яшаган.
[27] Бу пайтда 1914 йил бошланган Биринчи жаҳон уруши ҳали давом этар ҳамда Шарқий фронтда Германия ва Россия ўзаро уришарди.
[28] “Нима иш қилаётганларини ўзлари билишмайди”. Инжилнинг Лука ҳикояларидаги сатр. Исо Масиҳни чормих қилаётганларида у худога мурожаат қилиб шундай деган экан: “Бу зулмкорларнинг гуноҳларини ўзинг кечиргайсан, чунки бу бандаларинг нима иш қилаётганларини ўзлари билишмайди”.
[29] Инесса Фёдоровна Арманд (1874–1920) – рус инқилобий ҳаракатининг фаолларидан бири. Парижда туғилган. 1909 йил Ленин билан танишиб, унинг ишончли вакилига айланган. Баъзи маълумотларга кўра, Лениннинг маъшуқаси бўлган.
[30] Шеърни шоир Рустам Мирвоҳид таржима қилган.