Дилафрўз Қурбонова. Соҳибқироннинг ҳарбий санъати

Ҳарбий санъат тарихи соҳибқирон Амир Темурни ҳақли равишда жаҳоннинг энг буюк саркардаларидан бири сифатида эътироф этади. Буюк бобомизнинг ҳарбий истеъдоди асосан икки йўналишда: моҳир ҳарбий ташкилотчи ва атоқли саркарда сифатида ёрқин намоён бўлган. Амир Темур тузган армия ўта интизомли бўлиб, саркарда муҳораба чоғи қўшин қисмларини санъаткорона бошқаришга, жанг тақдири ҳал бўладиган жойларга ҳарбий кучларни ўз вақтида усталик билан йўллашга, ҳар қандай тўсиқ ва ғовни тадбиркорлик билан ошиб ўтишга, лашкарнинг жанговар руҳини зарур даражада сақлашга муяссар бўлган. Қўшинлар таркиби Мовароуннаҳр, Дашти Қипчоқ, Хуросон, Эрон, Бадахшон, Мўғулистон, Хоразм, Мозандарон, Жата сингари жойлардан йиғилган аскарлардан иборат эди. Қўшин сон жиҳатдан аниқ ва пухта ташкил қилиниб, унинг жанговар тартиби жангдан-жангга такомиллашиб борган, армия энг илғор қурол-аслаҳалар билан қуролланган, қисмлар бир-биридан кийим-боши, байроғи ва туғи билан фарқланган. Бу жанг пайтида қўшинни бошқаришда қўл келган.

«Темур тузуклари»да таъкидланишича, сафар чоғида оддий аскарларнинг ҳар ўн саккизтасига битта чодир берилган. Ҳар бир жангчи иккита от, ёй, совут, қилич, жуволдиз, қоп, ўнта нина, арра ва тери халтага эга бўлган. Сара жангчиларнинг ҳар бештаси бир чодирга жойлашган. Уларнинг ҳар бири дубулға, совут, қилич, ўқ-ёй, садоқ ва буйруқда кўрсатилган миқдорда от билан таъминланган. Ҳарбий санъат сир-асрорини билган, душман сафини пароканда қилиш йўл-йўриғини яхши эгаллаган, мушкул пайтларда дадил ҳаракат қиладиган, ҳеч қандай тўсиқдан тап тортмайдиган, қўшинда содир бўлиши эҳтимолдан холи бўлмаган тартибсизликни вақтида бартараф эта оладиган ёвқур ва моҳир жангчиларгина Темурбек томонидан лашкарбошиликка қўйилган.

Соҳибқирон бобомиз ўз қўшинининг ҳарбий такомилига катта эътибор бериб, “амир ва амирул-умаро”, яъни “бош амир” каби юқори даражали ҳарбий унвонлар жорий этади. Шу каби олий даражали унвонларга эга бўлган иқтидорли саркардаларга у ҳатто вилоят ҳокимлиги ёки ноиблигини инъом этган.

Лашкар “туман” – ўн минглик, “ҳазора” – минглик, “қўшун” – беш юзлик ва “айл” – ўнлик бирикмаларга бўлинган. Туманларда аскарлар сони ўн минг, қўшинда юз нафардан ортиқ бўлган. Амир Темур ўн минглик учун “туман оғаси”, минглик бўлинмалар учун “мириҳазора”, юзликлар учун “қўшунбоши” ва ўнликлар учун “айлбоши” каби ҳарбий мансаблар таъсис этган, уларнинг ҳақ-ҳуқуқи, маоши белгилаб берилган.

Ҳар вилоят асосий – “асл” ҳамда заҳира – “изофа” қисмларни тўплаб берган. Вилоятлар тош отар – сангандоз, девор бузувчи — манжанақ, ўт отар ёки тўп – раъдандоз ва нафтандоз ҳамда ўзи отар қуролларни ишлата биладиган жангчиларни тайёрлар эди. Аскарий қисмларни тўплаш билан тавочи вазифасидаги амалдорлар шуғулланган.

Жангда баҳодирлик кўрсатиб ғалаба қозонган амир учун инъомлар ҳам белгилаб қўйилган. Қайси амир бирон қўшинни енгса ёки вилоятни фатҳ этса, у туғ, ноғора, баҳодирлик мартабаси, давлат кенгашларига кириш ҳуқуқи ҳамда бирон сарҳаднинг ноиблиги билан сийланган. Ҳар бир зобит жанг қилиш услубларини яхши билиши фарз саналган. Оддий навкар низомни қатъий бажаришга мажбур бўлиб, жангда у аёвсиз ва довюрак бўлиши, омонлик истаган душманга юмшоқ муомала ва адолатли бўлиши лозим эди.

Тактика жиҳатидан Амир Темур армияси қўшини еттита тактик қисм-кучларга бўлинган, разведка аъло даражада йўлга қўйилган, қисмларнинг жанггоҳда зарур даражада ҳаракат қилиши учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, уларни жанг чоғида бошқаришга алоҳида эътибор қаратилган. Қисмлараро алоқа юқори савияда бўлиши, ҳарбий бошлиқларнинг тўғри танланганлиги муҳораба натижасига самарали таъсир кўрсатган.

Клавихонинг таърифига кўра, темурий лашкарбоши тинчлик чоғида зарҳал ип билан тикилган ҳаворанг сатин кўйлак кийган. Унинг бошида дур ҳамда бошқа қимматбаҳо тошлар қадалган бўрк бўлган. Бўркнинг остидан уч қатор қилиб ўрилган икки кокил елкага тушиб турган. Элчи бу йўсинда ўрилган сочлар Темурбек аскарларининг нишони эканлигини алоҳида қайд этади.

Юриш олдидан Соҳибқирон аркони давлат, вазирлар, саркардалар, амирзодалар, беклар ва амирларни ҳарбий кенгаш — машваратга тўплаган, сўнгра аскар йиғиш учун махсус буйруқ эълон қилинган, қисмлар ҳарбий кўрикдан ўтказилган. Амир Темурнинг ҳарбий санъат ривожига қўшган улкан хизматларидан яна бири қўшин қанотларини жанг чоғида душман ҳужумидан муҳофаза қилиш ва, аксинча, ғаним кучларини ён томондан айланиб ўтиб, ортдан зарба бериш мақсадида тузилган отлиқ қисм — канбулнинг жорий этилишидир.

Амир Темур қўшинини Жаҳонгир Сайфуддин ва Пурҳусайн барлослар, Оқ Буға, Усмон Аббос, Муҳаммад Султон Қамарий, Ўрус Буға, Ҳамза Сулдуз, Амир Муризода, Муҳаммад Қазғон, Сариқ Атка ва Музаффар Уч Қаро каби жангларда шуҳрат топган маҳоратли ва жасур кишилар бошқарган.

Соҳибқирон Амир Темур ана шу тарзда ўз замонининг кучли ва энг жанговар лашкарини ташкил қилишга муваффақ бўлганди. Душман мудофаасини моҳирона яксон қилиш, ғанимларнинг йирик шаҳарларига қўққисдан зарба бериш, мустаҳкам қалъа, қўрғон ва ҳисорларни узоқ муддат қамал қилиш, ёв кучларини иложи борича кенг кўламда қуршовга олиш, рақибни таъқиб қилиш каби стратегик режаларни кўзлаб иш юритиш Соҳибқиронга фақат ғалаба олиб келарди.

Соҳибқирон яратган қудратли армия жаҳоннинг ўша вақтдаги энг илғор армияси сифатида тан олингани, кейинчалик ҳам буюк саркардалар, ҳарбий мутахассислар томонидан эътироф этилгани, бир неча асрлар мобайнида ибрат ва андоза вазифасини ўтагани ҳамда ҳарбий санъат тарихи сифатида кенг кўламда ўрганилгани бежиз эмас.

Шубҳасиз, бизнинг бугунги армиямиз — Ватанимиз ҳимоячилари учун ҳам буюк бобомиз яратган армия қўшинларининг ёвқурлиги, баҳодир жангчиларнинг довюраклиги чинакам ибрат тимсолидир.

 

Дилафрўз Қурбонова,

Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходими, тарих фанлари номзоди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 3-сонидан олинди.