Агар инсонларнинг ҳамма истаклари рўёбга чиқса, ўзлари учун унча яхши бўлмас эди.
Гераклит.
Борлиқнинг ҳукмдори, жумла форсларнинг фармонбардори, шаҳаншоҳ Ксеркс кўклам мавсумининг нишон ойида, Янги ойнинг иккинчи куни ўзининг маҳобатли қўшинининг кўригини ўтказишга шайланди. Учқур чопарлар бу хабарни мағлуб билмас форс лашкари турган барча шаҳар ва қалъаларга тарқатдилар: кўплар шодландилар, ундан-да ҳам кўплари хавотирландилар.
Туман бойликлар, зафарли олқишлардан умидвор бўлганлар шодландилар. Бундай маросимда эгарининг тортмаси узилиб, найзани тўғри ушлай олмай, оти тўғри йўлда қоқилиб йиқилганлар жазога тортилишини тажрибада кўрганлар қайғуриб хавотирландилар. Қайғурганлар ҳам ўзларини хурсанд кўрсатишга интилардилар, негаки, ҳар ерда ҳозиру нозир айғоқчилар, чақимчилар чақимидан изтиробга мубтало бўлмаслик учун эҳтиётини қилардилар.
Кўпчилик интиқиб кутган, ундан ҳам кўпи чўчиб кутган ўша кун ҳам етиб келди. Подшоҳнинг виқорли чодири ўрнатилган тепалик теварагига сонсиз лашкар тўпланди, чодирдан шаҳаншоҳ чиқиб кўринганида осмону заминни ларзага келтирган сурон қоплади. Ушбу сурон олдида қора булутлар момақалдироғию, бўронли денгиз шовқини бир “тиқ” этгандай ёхуд салқин шабада эсгандек эди. Минглаб аскарларнинг мис қалқонларига пўлат қиличлари билан уришидан ҳосил бўлган сурон эди бу.
Шаҳаншоҳнинг ўнг томонида сал орқароқда турган лашкарбоши ҳукмдор юзида қониқишлик ифодасини уқдики, бу шафқат аломати эди. Подшоҳ қўлининг ишорати билан бу сон-саноқсиз лашкар ҳаракатга келганида, бутун ер юзи – уфқдан уфққача қимирлагандай бўлди, чунки қир устида турганларга на камончилар, на суворилар, на қалқончилар бор эди, қурол-яроғини ярқиратиб силжиётган минглаб кишиларгина бор эди, холос. Ва буларни тўхтата оладиган бирон-бир пурвиқор қалъа, бас келадиган бирон қўшин оламда йўқ эди. Ушбу зафарли салоҳиятга дохиллиликдан сурур ҳисси шаҳаншоҳнинг ўнг қўл ва чап қўл томонида турганларнинг қиёфаларида ҳам акс этган эди.
Бироқ улар Ксеркснинг юзини кўра олмас эдилар. У юзини улар томон бурганида, шоҳлар шоҳининг бетидан ёш оқаётганлигини кўрганларида даҳшатдан қотиб қолдилар.
Шунда подшоҳ шоҳона амр оҳангида эмас, балки оддий бир инсон овозида деди:
— Инсон умрининг ниҳоятда қисқалиги мени ҳақиқатан ҳам ларзага солди. Атиги юз йилдан кейин ушбу турганларнинг лоақал бирортаси ҳам ҳаёт кишилар орасида бўлмайди. Шундай деб, подшоҳ ҳеч кимга боқмай чодирига кириб кетди. Сарой аъёнлари нима дейишини ва нима қилишини билмай лол эдилар. Лашкар эса йўлида давом этар, кўкнинг у бошидан бу бошигача тебранар, бу тебранишнинг сўнгги йўқдай эди.
Форслар фармонбардори, шоҳлар шоҳи ўша куни чодирдан қайтиб чиқмади. Бу сафар кўрикдан кейин на мукофотлар берилди, на дорга осишлар бўлди… Худди мана шундай, жуда бўлмаганда, шунга яқин ҳикояни юнон тарихчиси Геродотда ҳам кўриш мумкин. Бу воқеа кўклам мавсумининг нишон ойида, ойнинг иккинчи кунида, икки ярим минг йил аввал содир бўлган эди.
- ЙЎЛГА ТУШГАНЛАР
Инсон доим ўз қисматидан нолиган; Яратган унга жуда қисқа умр ато қилибгина қолмай яна уни ўлимга маҳкум ҳам этган. Ўша Ксерксга қадар анча замонлар олдин ҳам Дажла ва Фрот дарёларининг бўйларида яшаган қадимги Шумер аҳолиси бу борада қайғуриб бош қотирганлар. Инсонга ақлдай бир улуғ неъматни ато қилган Худолар унга абадийликни ҳам тақдир этсалар бўлмасмиди? Беш минг йиллик тарих қаъридан миххат белгилари билан безалган сопол тахтачалар орқали ҳайронлик ва ачиниш ҳислари билан йўғрилган мисраларга тўқнаш келамиз:
Сасим чиқмасинми, йўли нечук таскиннинг?
Қора ерга қоришиб ётибди дўстим менинг,
Дўстим—Энкиду тупроққа айланмиш!
Мен ҳам бўлдим сенингдек, дея ёстанмасманми
Қайтиб зинҳор турмаслик учун.
Агар одамзот фақат нолишлару йиғлаб-сиқташ билангина ўтиб кетганида, ҳеч қачон ўз зуваласига лойиқ бўлолмасди. Шунинг учун ҳам дастлабки достоннинг қаҳрамони Гилгамиш яшартириб, умрни узайтирадиган “тоғолчага ўхшаш” чечакни излаб топиш учун денгизлар оша хатарли сафарга отланади. Йиллар, ҳатто минглаб йиллар ўтаверди, яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги тасаввурлар ҳам ўзгараверди, эски худолар ўлиб, янгилари туғилаверди. Бироқ бу умидбахш орзу — мангу яшаш истаги, унинг йўлини топиш иштиёқи ҳеч вақт армонга айланмади. Барча замонларда, инсоният шарафининг ҳимояси учунми, ҳарҳолда, ушбу йўлни изловчи девоналар топилиб турган. Гилгамиш изидан юришга таваккал қилиб йўлга тушган, манзилга етолмай йўлни йўқотиб адашган, нобуд бўлган исми номаълум, донғи чиқмаган қанчадан-қанча кимсалар бу дунёдан ўтганлигини ким билади дейсиз?
Гилгамиш достонида мангулик бахш этувчи гул ҳақида гап кетади. Қадимги Ҳиндистоннинг “Моҳабхорат” достонида бир дарахтнинг киши умрини 10 000 йилга узайтирадиган сели ҳақида гапирилади. Қадимги юнон тарихчилари Мегасфен ва Страбонлар ҳам бу ҳақда эслатадилар. II-III асрларда яшаган румлик Элиан қандайдир бир дарахтнинг меваси ёшартириш фазилатига эгалиги борасида ҳикоя қилади. Мозийнинг бошқа матнлари ҳам “мангулик суви” — “оби ҳаёт” ҳақида ишонч билан сўзлайдилар. “Мангулик суви” тушунчаси анъана тарзида африкалик элатларда, америкалик қавмларда, славянларда мавжуд бўлган. Рус достонлари “мангулик суви” булоғини уммонлар ўртасида жойлашган Буян оролига жойлаштиради. Уммон аҳли эса, мазкур сув маконини қуруқликда “кўп кунлик йўл”дан кейин етиб бориладиган манзилда, деб биладилар.
Худди шундай, Хитойга қўшни бўлган қавмлар мангулик суви Чашмасини Хитойда деб кўрсатсалар, хитойликлар эса айнан мана шу мантиқ асосида, бошқа жойларга, имкон қадар ўз мамлакатидан йироқ ўлкаларга ишорат қиладилар ва оби ҳаётни излаб йўлга тушадилар.
Ана шундай сафарлардан бирини хитой императори Цин Шихуанди (мил.авв.259-210 й.)номи билан боғлашади. Цин Шихуанди мамлакатни бирлаштирган ва Буюк Хитой деворини қуришни бошлаган император эди. Девор мамлакатни кўчманчилардан тўсиб туриш билан бирга, императорни ўтмиш ҳукмдорлар қисматидаги доимий ҳарбий таҳликадан қутқариши ҳам назарда тутилган эди. Бироқ дунё ташвишлари туганмасдир, биридан қутулсанг, иккинчиси пайдо бўлади. Шихуандининг ниятини бошқа императорлар хаёлига ҳам келтира олмасди: у абадий яшаб қолмоқчи эди. Ушбу ниятига эришиш йўлида ҳеч нарсани: вақтини ҳам, ҳаракатини ҳам аямади…
Император қароргоҳи жойлашган Ясоқ шаҳарига бирон-бир бегона кимса йўлай олмас эди. Ҳеч нарсадан ҳайиқмайдиган қизиқувчилар, агар дарвоза ёнига жуда яқин келиб қолса, шу ердаёқ боши кетарди. Ҳатто, қушлар ғафлат босиб шаҳар теварагини ўраб турган кенг сатҳли сувоқар ҳандақдан учиб ўтса, уларни камончилар қизил узун ўқлари билан отиб туширардилар. Бу тадбир жуда ҳам ҳаддидан ошган тадбир эмасди, зотан, ёмон руҳ ялмоғиз қушга айланиб императорга яқинлашиб зарар етказиши мумкин эди. Ёмон руҳ тўғри ёки тўғри бурчакли ҳаракат қилади, деб ҳисобланарди. Шунинг учун императорнинг Ясоқланган шаҳрига кирар ҳамма ўтаклар, йўлаклар шундай қилинган эдики, бирон-бир тўғри чизиқлиси йўқ эди. Ҳатто қаср томларининг учи ҳам ундан ёмон руҳлар ўта олмаслиги учун букик шаклда қурилган эди. Ушбу эҳтиёт чораларига қарамай, яна бир даҳшатли “ташрифчи” бор эдики, уни ҳеч нарса ва ҳеч қачон тўхтата олмасди. Император ҳар ону ҳар соатда уни эсдан чиқармаслиги даркор эди.
Шихуанди давлатининг энг доно, билимдон инсонлари билан қурган суҳбатлари зое кетди. Улар ҳокимиятни эгаллаш ва қўлда олиб қолиш борасида, урушлар ва солиқларни ундириш юзасидан устаси фаранг эдилар-у, бироқ уларнинг ҳеч бири ўз ҳукмронига табиатни бўйсундириб, ўлимдан сақланиб қолиш йўлини айта олмасдилар. Шундан кейин император қасрининг хилват жойларига бориб, истагига жавобни оламдан аллақачон ўтиб кетганларнинг китобларидан излай бошлади.
“Айтишларича, Шарқий денгизнинг ўрталарида учта ғалати орол бор эмиш. Улар рубъи маскундан унча йироқ бўлмасалар ҳам, у ерга бирор қайиқ, кема яқин келса, қаттиқ шамол туриб, уни узоқ-узоқларга улоқтириб ташлар экан. Агар рост бўлса, қадимда бу оролчаларга қадами етган кишилар ҳам бўлган эмиш. Бу оролда ўлмаслар яшайди, уларни ўлимдан асрагувчи моддалар бор. Бу ердаги барча жонзотлар, ҳатто қушу ҳайвонларнинг ранги ҳам оқ. Ривоятга кўра, ушбу оролчаларнинг бирида нефрит рангидаги шароб қайнаб турадиган булоқ бор. Кимки ўша шаробдан ичса мангуликка дохил бўлади”, — деб ёзган экан жуда қадимги донишмандлардан бири.
Цин Шихуанди буни ўқиб, уни тақдирнинг ўзига қаратилган бир ишорати деб билди. Ўша кундан эътиборан, император буйруғига биноан катта денгизга чиқа оладиган ўнлаб йирик кемалар қурилиши бошлаб юборилди. Бу кўз кўриб қулоқ эшитмаган флотни нима учун қурилаётганини ҳеч бир киши — на оддий фуқаро ва на бир сарой аъёни билмас эди. Бироқ кемалар қурилиши қанчалик чўзилиб борса, императорнинг шубҳалари ҳам шунчалик ортиб бораверди: Ясоқ шаҳрини, ундаги қасрини ташлаб кетиши салтанатни қўлдан чиқишига олиб келмасмикан? Кемаларнинг бирида императорнинг борлиги аломати бўлмиш сариқ ипак елканли флотилия уфқда кўздан ғойиб бўлар-бўлмас пойтахтда исён кўтарилади. Ясоқ шаҳридаги бўшаб қолган тахтни тўлдириш учун узоқ-узоқ вилоятлардан тўда-тўда даъвогарлар ёпириларди. Император шундай бўлишини билганлиги учун ҳам кемалар қурилишини турли-туман баҳоналар топиб ўзи орқага сурарди. Унга тўсатдан аъёнлар бўлмаси ёқмай қолар ва дурадгорлар уни қайта қурар, баъзан эса, кема учидаги безак аждар унинг кўнглидагидек бўлмагани учун уни ясаган наққошнинг калласи олинарди. Аммо, барибир, қурилиш давом этар, у қачондир тугаши ва император бир кун охир бир қарорга келмай иложи йўқ эди.
Қурилиш ниҳоялаб қолган бир паллада бош назоратчи Су Ше исмли императорга нотаниш кимса унинг ҳузурига киришга изн сўрагани айни муддао бўлди. Су Ше император ҳазратларининг муборак оёқлари остига ўзини ташлаб: “Бир тўда йигит-қизлар зарурий покланишлардан сўнг мангулик оролларини излашга отланиши учун ижозат беришингизни сиздан ўтиниб сўраймиз” — деди. Император тақдир яна менинг ишимни ўнглади, деган хаёлга келди. Белгиланган куни йигирма кеманинг бари сувга туширилди. Ёмон кўз, ёмон фикрлардан сақловчи сурнай наволари остида эшкакчилар эшкак эшиб, уч минг ёш-яланг ва ундан бошқа турли ишчилар, хизматкорлар ва усталарни ортиб олган кемалар Шарқий денгиз томон суза бошлади.
Кунлар ўтди, ҳафталар ўтди, ойлар ҳам ўтди. Су Шедан дом-дарак йўқ. Император кўп вақтини қирғоқда уфққа термулиб ўтказди. Кемалар қайтмади.
Ушбу сайёҳлар гуруҳи тақдири ҳақида бир хитой тарихчиси шундай, деб ёзади: “Су Ше денгиз саёҳатига чиқди. У янги ерларни очдики, у ерлар серҳосил, аҳолиси ювош эди. Ўша ерда қолиб, подшоҳлик қилди, қайтиб келмади”.
Су Ше ва унинг одамлари қайтмаслиги аниқ бўлгач, император ўлмасликнинг бошқа йўлларини излай бошлади. Махсус кишилар мамлакат бўйлаб қидириб, излаб қадимги билимларни яхши биладиган донолару сеҳргарларни топишга тушдилар. Бу соҳада у даос монахларини қадрларди, чунки, ўлмаслик сирларини улардан кўп ким билиши мумкин, ахир!
Императорнинг бундай хулоса чиқариши учун асоси бор эди. Қадимги Хитойда кўплар “мангулик хапдориси” сирларини даос монахлари қаттиқ яшириб юрадилар, деган миш-мишга ишонар эдилар. Бу дори киши умрини чексизликка қадар чўзиш қудратига эга, деб ҳисобланарди. Бу ҳақда ишонч билан ёзилган матнлар ҳозиргача сақланган. Бироқ бирортаси ҳам “хапдори” таркиби ҳақида ёзмайди. Биргина манбада нотайин бир тарзда, унинг таркибида бошқалари қатори “саккизта қимматбаҳо унсур” бор деб кетилади. “Мангулик хапдорисини” тайёрлаш узоқ давом этадиган мураккаб жараён экан: “Қуёш, Ой ва Юлдузлар ўз доирасида етти марта айланиши ҳамда йилнинг тўрт фасли тўққиз марта қайтарилиши керак. Сен қўшилмани оқаргунча ювиб туришинг ҳамда қизаргунча тугишинг лозим. Ана шундагина ўнг минг даврга тенг умр берадиган оби ҳаётга эга бўласан”.
Цин Шихуанди фармонига мувофиқ саройнинг ертўласи ғалати, индамас кишиларни жойлаш апартаментга айлантирилган эди. Улар император учун сири-асрори фақат ўзларигагина маълум бўлган дорилар тайёрлашарди. Император энг доно кишиларни йиғиб, ўзини мангу яшайдиган қилиш иложини топишни буюрганлигини мамлакатнинг етти яшаридан етмиш яшаригача биларди. Императорлик ҳудудида ҳукмдорининг истагини муқаддас деб ўйламайдиган инсон зоти топилмас эди. Оддий подачидан тортиб, вазиргача барчада бу истакни муқаддаслигига шак-шубҳа туғилмаслиги учун Цин Шихуанди ўзининг узоқ йиллар давом этган ҳукмдорлиги даврида, кимда бунга шубҳа ҳосил бўлган бўлса, унинг калласини сапчадай узиб турди.
Ана шунинг учун ҳам ажали етиб император ўлган вақтда унинг фуқаролари ва аъёнлари қийин бир танлов олдида қолдилар: абадий яшамоқчи бўлган императорнинг муқаддас истаги тўғрими ёки кўз олдиларида содир бўлган арзимас ўлим воқеасими. Иккиланиши узоқ давом этмади. Император истаги ютди, у тирик деб қабул қилинди. Унинг жасадини тахтга маҳкамлаб ўтқазиб қўйдилар, парда ортида ўтириб кўп кунлар маҳаллий ҳокиму сиёсатчилар билан сассиз қабул маросимлари ўтказди.
Тахтда индамай, қимирламай ўтирган ҳолда мамлакат бўйлаб саёҳат қилди. Фақат ойнинг охирига бориб яқинлари ва аъёнлари тахтда ўтирган ва қачонлардир император бўлган нарсани ерга беришга журъат этдилар. Тарих асарларида ана шундай ёзилган.
Цин Шихуанди ҳам, жўнатган сайёҳ кемадагилар ҳам мангулик сувини топа олмадилар. Кейинроқ Кўк остидаги императорликдан отланиб мангулик суви топиш учун интилганларни кўпгина бошқа мамлакатларда учратиш мумкин эди. Улар бу нарсани, айниқса, Ҳиндистондан излашга мойил эдилар.
Юзлаб йиллар ўтаверди, энди улар йўлида европалик иезуитлар ва католик миссионерларни ҳам учратиб турадиган бўлишди. Ана шундай миссионер-саёҳатчилардан бири 1291 йилда Ҳиндистондан жўнатган хатида кўп йиллик машаққатлари зое кетганлигидан нолийди. Айтгандай, ўша замонларда руҳонийларнинг мангулик суви қаердалиги борасидаги фикрлари бир хил эмасди, баъзилари уни Ҳиндистондан излашни маслаҳат берсалар, бошқалари ноаниқ жойларга ҳавола этардилар. Аниқ номлари аталган жойлар қаторида Цейлон ва Ҳабашистонлар ҳам борлигини айтиб ўтмоқ керак.
Жаноби олийлари, адмирал Христофор Колумб баҳри муҳит ортидаги ерларни кашф этгандан сўнг, ўлмаслик учун интилиш савдогарлар ва конкистадорлар воситасида Ғарбга тарқалди.
Буюк денгиз сайёҳининг замондоши, уни шахсан таниган италян инсонпарвари Педро Мартир Рим папаси Лев Х га бундай хат ёзган экан: “Эспаноладан шимолдаги ороллар орасида, уни излаб топганларнинг айтишича, ушбу ороллардан уч юз йигирма мил узоқликда яна бир орол бор экан. Бу оролда тинимсиз қайнаб турадиган бир булоқ бўлиб, суви ажойиб бир сифатга эга экан. Агар кекса киши унинг сувидан ичиб, муайян парҳезга амал қилса, бир муддатдан сўнг ёш болага айланиб қолар экан. Ҳазрати олийлари, ўтинаман, ўта аҳмоқлик қиляпти ёки лақиллатяпти деб ўйламанг, бу миш-миш саройда аниқ бир ҳақиқат сифатида тан олинган, бунга фақат қора халқ эмас, балки ақли идроки ва бойлиги жиҳатидан ундан юқори турадиганларнинг аксарияти ҳам ишонади”.
Мангу яшатувчи булоқ борлигига ишонувчилар қаторида кастилиялик таниқли (идалго) Хуан Понсе де Леон ҳам борлигига нима дейсиз? Элликдан ошган бир чоғида Пуэрто-Рикода яшовчи ҳинду чоллардан шимолдаги қайсидир бир ўлкада мангу ёшликка қайтарувчи булоқ борлигини билиб олади. Айтишларича, бундан бир қанча йиллар олдин Куба оролидан кўплаб ҳиндулар ўша булоқни излаб кетишгани бўйича бадар кетибдилар. Улар ўша ўлкани топганликлари ҳақида бошқа далилга ҳожат борми?!
Ҳиндуларнинг баъзилари бу фикрга қарши чиққанлар. Багам ороллари орасида ҳам айнан шундай бир булоқ бор бўла туриб, шунча узоқ сафарга чиқишга нима ҳожат.
Понсе де Леон мазкур миш-мишларни эшитган ягона испан эмасди. Бироқ ушбу хатарли ва таваккалли саёҳатга отланган ягона испан эканлиги аниқ. Агар гап олтин ҳақида бўлганида маблағ ҳам, кема ҳам ва кўнгиллилар ҳам шу заҳоти топиларди. Лекин гап олтин ҳақида эмас, балки арзимас бир мангу ҳаёт ҳақида кетаётган эди, ахир. Тўғри, Понсе де Леоннинг ёши бир ерга бориб қолган ва олтин билан мангу яшашнинг нисбий қимматини ҳис эта олар эди.
Шунинг учун ҳам, бор пулига учта кема сотиб олиб, денгизчилар ёллаб, 1512 йилнинг 3 мартида тўплардан ўқ отиб, лангар кўтаришни буюради. Қуёш омад ваъда қилгандай ярқираб нур сочар, елканларга тонгги еллар урилар, кемалар манзил сари еларди. Ўша кезларда не-не кемалар янги ерлару, олтин излаб йўлга чиқмаган дейсиз! Лекин буларнинг йўриғи бошқа эди. Буларнинг йўлбошчисини шуҳрат ҳам эмас, олтин ҳам эмас, салтанат ҳам эмас, балки абадий ҳаёт – мангу ёшлик чорларди. Уларнинг излагани ана шундай нарса эди! Кемалар уфқда кўзга зўрға илғанадиган нуқталарга айлангунча қирғоқда бир тўда кишилар сукут билан, термулиб кузатиб қолди.
Омад юришган экан, об-ҳаво ҳам сузишга ёрдам берди, тез орада Багам архипелагининг яшил ороллари кўзга ташланди. Оролларнинг ҳар бирида кемалар тўхташи учун жуда қулай жойлар кўп эди, бунинг устига ҳар бир орол улар истаган, излаган орол бўлиши ҳам мумкин эди. Эрта тонгдан кемалардан туширилган шлюпкалар қирғоқ томон интиларди. Кемада қолганлар ушбу кун бахти чопиб мангулик сувига кетганларга ҳавас қилишарди. Аммо ҳеч бир кимса уларнинг қайтишини капитанчалик интиқиб кутмасди. Кечқурунлари шлюпкалар кемага келиб жимгина тақалиб турар, қийшиқ Хуан — боцман оролда учраган барча чашмалар сувларидан тўлдирилган мис, шиша идишларни бирма-бир қабул қилиб оларди.
Команда ором ола бошлаган, навбатчилар ўз ўрнини эгаллаганига ҳам анча вақт бўлган бўлишига қарамай, капитан бўлмаси чироғи ўчмас эди. Понсе де Леон идишлар олдига қатор қилиб териб қўйиб, навбат билан ҳар биридан шошмасдан ҳўплаб кўрарди. Эмишки, икки ҳўпламнинг ўзи ҳам кишида кескин ўзгариш содир бўла бошлашига етаркан.
Эртаси тонгда бошқа денгизчилар — қуръа ташланганда омади юришганлар — бўш идишларни олганича, чайқалиб турган шлюпкалардан ўрин олардилар. Сўнг эса капитаннинг осмонга, қуёшга қарайвериб, кеч бўлишини сабрсизлик билан кутиши бошланар экан, денгизчилар тент остидаги сояга йиғилиб олишиб, қирғоққа бориб келганлардан эшитган гапларини бир-бирига қайта-қайта сўзлаб беришдан эринмас эдилар. Агар ер юзида жаннат бўлса, у албатта, шу ерда, мана шу оролларда. Ўрмон тўла овланадиган ҳайвонлар, сокин сойлар ғиж-ғиж балиқ, қўлинг билан истаганча тутишинг мумкин. Энг муҳими, бу ерлар жуда унумдор, мевалар тиқилиб ётибди, ундан ҳам муҳими эгаси йўқ. Испанлар қораси кўриниши билан ин-инига қочиб кириб кетган ҳадикчи ҳиндуларни ҳисобга олмаса ҳам бўлади. Андалусиянинг тошлоқ жойларидан Қуёш қовжиратиб ташлаган Кастилия ерларидан келганлар учун бундай ерлар орзудагина бор эди!
Қийшиқ Хуан бундай қуруқ гапларга аралашмасди. Уларнинг ёнгинасидан ўтганида қулоқ солиб ҳам кўрмасди. Бу Қийшиқ Хуан улар нима ҳақида гаплашаётгани, уларнинг барчасини нима кутаётганлигини билмаслигидан эмасди, албатта.
Яна капитан бўлмасида тун ярмидан оғган бўлишига қарамай, чироқ ўчмаган. Бутун команда ухлаб қолган бўлса ҳам, идишнинг “қулт-қулти” тўхтамаган. Қийшиқ Хуан оёғини қанчалик эҳтиёт бўлиб босмасин, у ёнидан ўтганида “қулт-қулт”тўхтаб қолади. Қоронғида Хуан мийиғида кулиб қўяди. Эртага эрталаб ҳамма нарсани, ҳаммасини билиб олади. Бурнининг шундоққина тагида бўлаётган нарсани кўролмайдиган бўлса, бекорга ўн етти йил денгизма-денгиз сузибдими, уч марта дорга осилишга осон чап берибдими, кўрган-кечирганларидан чиқарган яна бир хулосаси борки, бу бошқа яна ўнлаб умрларга етарли эди: ҳеч қачон шошма-шошарлик қилмаслик — тақдир тарозиси палласи қайси томонга оғишини охирги, энг сўнгги дақиқаларигача холис туриб кутиш. Ана шу сўнгги лаҳзани, тақдир танлови онини Қийшиқ Хуан барчадан олдин пайқаши лозим. Худди шу сонияда у тўппончасини чиқариб, жуда кўп марталаб бўлгани каби — “Яшасин капитан” ёки “Капитан шлюпкага ўтқазилсин” дейди. Бу ғолиб томонида бўлишнинг энг муҳим шарти.
Ўзига бино қўйган Қийшиқ Хуан бечора, нодон капитаннинг қисмати равшанлашиб қолган бўлса-да, бу гал ҳам шошилмади.
Алқисса, улар оролдан оролга силжийвердилар, бироқ ҳеч кимда нолиш эшитилмади, чунки ҳар бир янги орол олдингисидан кўра ажойиброқ эди. Хуан ҳис этган, ҳамма нарсани алғов-далғов қилиб юборадиган ҳодиса ҳам бўлай-бўлай деб қолган эди.
Кечқурун капитан ҳар доимгидек, идишчаларини олиб ўз каютасига кириб кетганида, Қийшиқ Хуан бир идиш етмаслигини пайқаб қолди. Демак, кимдир қайтиб келгач, идишини бермаган. Нега? Капитан буни сезиши даргумон. Бутун кема бўйича фақат Хуангина буни билади. Бу унга қарта ўйинидаги бир ортиқча қарта берган имкониятни беради.
Идишчасини топширмаган киши кўп хавотирланмаса ҳам бўларди. Бироқ, наҳотки ўша киши қилган ишини Қийшиқ Хуан ҳам пайқамайди, деб ўйлаган бўлса?
Хуан эрталабоқ ким бу ишни қилганини аниқ билиб олган эди. Буни аниқлаш қийин эмас эди, қирғоққа кетишдан олдин идишчалар олиш учун келганларни бирма-бир билишнинг ўзи кифоя эди. Тулкича лақабли Родриго деган кимсалиги маълум бўлди. Бироқ Хуан ишни шоширмади. Фақат ушбу кун Тулкича бошқалар кўзидан нари – орқа бортда бўлишга ҳаракат қилди. Арқонларни ўраш, айниқса, тепангда тик офтоб иссиқ нурини сочиб турса, соя берадиган нарса бўлмаса, унча енгил ишлар сирасига кирмайди. Хуан мачтанинг сояси тентакнинг ақли мисоли калта бўлгунича сабр қилди ва кейин у томон юра бошлади. Тулкича боцманнинг яқин келиб қолганини дарров сезмади, сезиб қолгач, мумланган арқонни янада шашт билан ўрай бошлади. Хуан унга шу даражада тақалиб келдики, ораларида ҳеч қандай оралиқ қолмади, деса бўлади. Хуан нима қилишни биладиганлардан:
— Иссиқ эканми, кичкинтой?
Шундагина Тулкича гавдасини ростлашга ҳадди сиғди.
— Иссиқми? – Хуан тиржайди, ҳар қандай аҳмоқ тушунадиган қилиб тиржайди. — Бир қултум сув қолгандир? — деб Тулкичанинг белида осилиб турган идишчага чап қўлини, ҳа, чап қўлини чўзди. У ҳамон тиржаярди. Зарбга чап бериб, бутун гавдаси билан бир томонга чайқалди. Шу ондаёқ унинг ўнг қўли гўё ўз-ўзидан юқорига кўтарилди ва у урган пичоқ палуба тахтасига қадалди. Тулкича ундан анча ёш эди. Шу кезда у боцмандан чаққонлик қилди. Борт ортидан “шалоп” этган товуш эшитилди, Тулкича қўлларини катта-катта отиб қирғоқ томон сузиб кетарди. Қирғоққача анча олис бўлиб Тулкича айни маромда охиригача суза олмаслигини Хуан биларди. Бундай хаёл унинг миясидан кечар-кечмас, хаёлига уни эрталабдан роса ишлатгани эсига тушиб қувонди. Яна бир зум ўтиб, Хуан палубада бақириб-чақира бошлади ва борт ёнида ичида бир неча денгизчи билан шлюпка пайдо бўлди. Хуан то уни тутмагунларича идишча ҳақида ҳеч нарса демасликни маъқул кўрди.
— Бу аблаҳ мени ўлдирмоқчи бўлди, — деб изоҳлашга чоғланди-ю, бироқ капитан лабларини очмагунча, жавоб бермади. Хуан йўл қўйган хатосини англади, катта гап бошламагунча мурожаат қилиш шу вазиятда ноўрин эди.
Боцманга қўл кўтаришнинг ўзи Тулкичанинг оёғига кишан уриб, галерада ишлатишга етарли эди. Шуни яхши билгани учун ҳам жон-жаҳди билан сузарди. Шлюпка билан сузувчи қочоқ ораси тобора қисқариб борарди. Айни чоғда қирғоқдан кўриниб турган сариқ қум йўлкалари билан сузувчи қочоқ оралиғи ундан ҳам тезроқ қисқарарди. Понсе де Леон капитан учбурчагини пешонаси томон суриб, кўзини қуёшдан паналади. Ана шунда шлюпка орқада қолаётгани, эшкакчилар эшкак эшмай қўйгани кўриниб қолди. Хуан кўзини қисиб, қошини чимириб кўрдики, капитаннинг анча жаҳли чиққан. Тўғри, у катта, донг чиқарган киши, бироқ ўзи билан бирга сузаётган йигитлар нима қилаётганини тушунмаяпти. Мутлақо тушунмаяпти. Шунинг учун ҳам Хуан эҳтиромли оҳангда:
— Жаноб капитан, у қочиб кетолмайди. Йигитлар у билан ўйнашяпти. Бироз ўйнагиси келиб қопти-да йигитларни, — дейишга ўзида куч топди.
Бироқ капитан қиё ҳам боқмади: у яна қўполликка йўл қўйган эди.
Йигитлар ростдан ҳам қочоқ билан ўйин қилишаётган эди. У қирғоққа энди етдим деганида, эшкаклар шиддатли эшилиб, бир лаҳзада Тулкича билан қирғоқ ўртасида пайдо бўлишди. Бироз тўхтаб туриб, кейин қирғоқ томондан юриб, Тулкича очиқ денгиз томон суза бошлади. У буни англагани учунми, унинг қўллари зўрға, фақат чўкиб кетмаслик учун ҳаракат қилаётгандай эди. Бироқ шлюпканинг тезлиги ошгандан ошаверди, оралиқни кескин қисқариб кетишига йўл қўймаслик учун қочоқ ҳам сузишни тезлатишга мажбур бўлиб қолди.
Кейин шлюпка яна орқада қолгандай бўлиб, Тулкича уларни ёнлаб қирғоққа йўналмоқчи бўлади. Бу ҳолат бир неча марта қайтарилиб, қочоқнинг силласи қуриганлигини ҳатто кемадан туриб ҳам пайқаш мумкин эди. Шлюпка ушбу ўйинни яна бир такрорламоқчи бўлганида, у чўка бошлади. Эшкакчилар бор кучи билан эшиб, Тулкича чўкаётган жойда пайдо бўлганларида, Тулкича сув юзасида охирги марта кўриниб, қуёш нурида ярқираган нарсани отиб юборди. Яна бир лаҳзада қайиқ ҳозиргина Тулкича сувдан бош чиқарган жойда пайдо бўлди, бироқ Тулкича бошқа кўринмади.
Капитан Хуанга савол назари билан ўгирилиб қаради. Энди у тушунтириши ёки елкасини қисиши керак эди. Хуан тушунтиришни танлади ва бу унинг қисматини белгилади:
— Жаноб капитан, бу денгизчи кеча идишчасини яшириб олиб қолди, мен ундан талаб қилганимда…
Кишини бирданига бундай бўзариб кетишини Хуан умрида ҳеч кўрмаган эди.
— Шлюпка келтирилсин, – қуруқшаб қолган лаблари қимтилди.
Кемада шлюпка қолмаганди. Фақат икки ўринли ботик бор эди. Хуан ўзи эшкакка ўтирди.
Уларни кутиб турган шлюпкадаги денгизчилар булар етиб бориши билан ҳаммаси Тулкича идишчани отиб юборган жойни бирваракайига шовқин билан кўрсатишди.
— Топган кишига эллик реал!
Бундай оҳангда айтиш учун, бой бўлиб туғилиш камлик қиларди, яна ота-боболаридан қолган бойлик қўри ҳам бўлиши керак эди.
— Эллик реал? — қайтарди Хуан. Хуан ҳозир оддий денгизчи бўлиб, бошқалар қатори сувга шўнғиб кета олмаслигига ўкинди. Шунча пулни у қўлига ушлагангина эмас, кўзи билан ҳам кўрмаганди. Аслида ҳаётида кўп нарса кўрган одам эди.
Идишча охири топилди. Топган киши икки қўлида топилдиқни капитан ва бошқа денгизчилар аниқ кўрадиган даражада кўтариб бақирди (бошқалар унинг қўлидан тортиб олиб қўймаслигининг олдини олди).
Хуан идишчани капитанга беришдан аввал бир лаҳза қўлида ушлаб туришининг ўзиёқ, унинг ичида нима борлигини фаҳмлашига етарли бўлди. Фаҳмлагач эса, капитан унинг билишини пайқаб қолишидан хавотир олди. Бу хавотир уни бир ҳолатга солдики, қўллари ўзига бўйсунмай қўйди, базўр кемага етиб олди. Бироқ капитан ўз ташвишлари билан бўлиб, бунга эътибор ҳам бермаганди.
Ўша кечаси денгизчиларнинг пичир-пичири ҳар тунгидан узоқ чўзилди. Хуан бошқа икки кемада ҳам шу ҳолат эканлигини биларди. Тонгда капитан елканларни ва лангарни кўтаришни буюрганида, учала кемада ҳам фитна кўтарилди. Денгизчилар сузишни давом этдиришга қарши эдилар. Бу ерларда қолиб току зайтун, буғдой экиб, ҳосил олиб ҳар бири таниқли сенйорлардан бўлмоқ ниятида эдилар. Ким истаса, мана бу тентак капитан билан сузиб кетаверсин, лекин биз истамаймиз, дерди улар. Қийшиқ Хуан ўзи улар билан қолишини дилига тугиб қўйган эди. Лекин у бу ерда экин экиб ҳосил йиғиш ёки қўйлар бошини кўпайтириш учун қолмайди. Бу ерда у бошқа нарса билан машғул бўладики, буни қолганлар қанча кеч билса, шунча яхши. Сув тубидан олинган идишга қўли тегиши биланоқ, у унда нима борлигини фаҳмлаган эди, унинг қўллари адашмайди! Сувнинг салмоғи ҳеч қачон шунчалик бўлмайди, бу олтин!
Хуан бошқалар билмайдиган, ақли етмайдиган яна бир нарсани фаҳмларди, биларди; агар улар бу ерда муқим қоладиган бўлсалар, уларга гувоҳ бўладиган кишининг кераги йўқ эди. Тақдир тарозуси ишга тушадиган палла яқинлашиб қолган лаҳза етиб келганлигини ҳис қилди. Бу кишиларнинг йўл кўрсатувчиси йўқ.
Бир неча ондан кейин ўзи шу мавқега эга бўлади. Ана шу лаҳза келганида, денгиз бўрони пайтидагина қаттиқ бақириб бериладиган буйруқ каби бутун шовқин-суронни босиб кетадиган қилиб:
— Капитанни дорга! – деди.
Олдинига ҳамма жимиб қолди, сўнг бир неча жойдан:
— Дорга! Капитанни дорга! – деган овозлар пайдо бўлди.
Кейин барча бараварига бақира бошлади:
— Капитанни дорга!
Ҳаммага аён эдики, бу гапдан кейин орқага қайтиб бўлмайди. Демак, турли иккиланишу шубҳаларга ўрин қолмасди. Кимдир арқонни шошилинч олиб, йўл-йўлакай сиртмоқ қилар, кимдир йиртиқ ва ғижим камзулдаги капитанни бочка устига торта бошлаган эди. Энди ҳамма нарсани бир лаҳза ҳал этади. Агар сиртмоқ кимдир иккиланиб, бирор киши қарши ун чиқаргунгача тортилса, марра Хуанники бўлади. Балки арқон ушлаган денгизчи имилламаганида шундай ҳам бўлар эди. Шу аснода капитан қўлини кўтарди. Сув қуйгандай бўлди. “Сиртмоқ бўйнига осилганда ҳам буларга у капитан бўлиб қолаверган экан-да” деб ўйлаган заҳоти унга яна бир фикр келди: “Уни гапиртирмаслик керак”.
Бироқ капитан гапни бошлаб улгурган эди. Унинг овозида осойишталик ва ҳукмронлик оҳанги борлигидан Хуан ўзи ютқизиб қўйганлигини пайқади.
— Кимки ер чуқилаб кун кечирмоқчи бўлса, шу ерда қолаверсин, демак у бундан ортиғига лойиқ эмас, – деди капитан.
— Дорга – дея Хуан яна бир бақириб кўрди, унга ўқрайганларини кўриб тилини тишлаб қолди.
— Денгизчилар, Мен — Понсе де Леон, шундай қиламанки, собиқ хўжайинларингиз, сизларга таъзим қиладиган, оёқ остингизга йиқиладиган бўлади. Оламда сизлардан бойроқ инсонлар бўлмайди. Айтинг, каютадаги идишчани олиб келишсин…
— Қаранг, яхшилаб қаранг, бу олтин, — деди у идишчани боши узра кўтариб. — Мен учун арзимас нарсалар. Турган жойидан палубага оёғи остига майда олтинчаларни соча бошлади.
— Вақти келиб сиз ҳам олтинчаларни кераксиз бир нарса сифатида сочасиз. Ёшликни тиклайдиган сувнинг ҳар бир ютуми учун ҳамёнларингизга сиғмайдиган миқдорда олтин беришади. Денгизчилар…
Қийшиқ Хуан оҳисталик билан трап томон силжимоқчи бўлганди, бир неча бақувват қўллар уни маҳкам ушлаб турганини билди.
— Капитанга баракалла! — деб бақирди кимдир. — Баракалла, – деди бир овоздан омма.
Бир неча дақиқалар ўтиб, Хуан кишанланган ҳолда қуйидаги нам ва биқиқ бир зиндонда ўтирарди. Унинг учун тундан фарқи йўқ кунлар кетма-кет ўтаверди. У барча умиди узилган бир ҳолга келган эди. Энди навбатчи денгизчи унга овқат олиб келганида, жиғига тегиш учун унинг қўли етмайдиган жойга қўйса ҳам жиғибийрон бўлмас кўйга тушган эди. Ҳар замонда, уни осибми ёки бўйнини узибми, қандай қилиб ўлдиришга ҳукм чиқаришар экан деб ўйлаб қўярди. Лекин бу ўй қўрқув ёки қайғудан эмасди, чунки у бўлиб ўтган воқеалар ўзи билан эмас, қандайдир бир бегона қисмати унга уланмаган бир киши билан содир бўлгандай тутарди ўзини.
Шунинг учунми, кунларнинг бирида (балки тунларнинг бирида) люк кўтарилиб, унинг олдига келишганида ҳам нима учун келганликлари уни қизиқтирмади. У узоқ муддат давом этган қидирув ишлари поёнига етганлигини билмас эди. Сабрсизлик сиқуви билан капитаннинг ўзи ҳар бир оролдаги булоқларни текшириб чиққанлигини, капитан инончига маҳлиё бўлиб қолган денгизчилар ҳам ҳар гал омадсизликдан тушкунликка тушмадилар, балки омадсизлик улардаги умидни кучайтирди: бугун топилмаса, эртага, албатта, топилади, деб ўйлади улар.
Бироқ капитан энди бу фидойилик ва ишончнинг қийматини англаб етган эди. Энг ишончли йўл Пуэрто-Рикога қайтгунча фитначилардан қутулиш, деб билди. Бу кунгача бир неча фитначини йўл-йўлакай оролларда қолдириб ҳам келган эди. Кезак Хуанники эди.
Денгизчилар уни қайиқдан олиб, қирғоқдаги қумликка ирғитдилар. Қайиқ қайтиб анча жойга етгандагина, капитан амрига мувофиқ яшикдаги емак ва икки пичоқни ташлаб келмаганликларини эслашди. Қайтиб боришга эринишди ва ўша юкларни денгизга ташлаб юборишди.
Шунга қарамай, Хуан ўлиб кетмади. Тирик қолдигина эмас, уч кеманинг эгаси, капитан Понсе де Леондан кейин ҳам анча яшади.
Кема эса йўлида давом этиб, бир куни тонгда яшнаб турган бир оролга дуч келдики, аввалги кўрган оролларининг бирортаси ҳам бунга тенглаша олмас эди. Бу кун Исо Масиҳнинг Қуддусга кирган куни (“Паскуа флорида”) бўлганлиги учун бу оролни (ярим ороллигини билмаган ҳолда) Флорида, деб атадилар.
Юзлаб сойлар, ирмоқлар билан безалган бу ерлар қанчалик осойишта ва хушманзара бўлса, бу ерда истиқомат қилувчи ҳиндулар шунчалик жанговар ва бўйин эгмас бўлиб чиқишди. Келгиндилар нима излаб, қандай ниятда келганлари билан уларнинг ҳеч вақолик иши йўқ эди. Оқтанли бегоналарни тажрибаларидан келиб чиқиб, уларнинг овлоқлари ва капаларини тортиб оладиган душманлар сифатида қарши олди. Тўқнашувларнинг бирида капитан ҳам жароҳат олди…
Ўша чоғлар кемаларида дунёнинг турли томонларига чиққан испанлар жуда кўп саргузашт ва фожиаларга дучор бўлдилар. Душманлар билан кураша-кураша, охири, ўзлари кўп ойлар олдин сафарга отланган бандаргоҳига қайтиб келишди. Понсе де Леон кемаларни сотиб, бироз кирим қилиб, Испанияга қайтиб келди.
Мадридда унинг мангулик суви йўлида мардона изланишларидан хабардор эдилар. Меҳмонхонага жойлашиб бўлар-бўлмас, қирол саройидан чопар келиб чақиртирди. Қирол омади чопиб кетиши ҳам мумкин бўлган бу инсонга қизиқсиниб тикилди. Ҳа, шу киши қўлида мангу ҳаёт суви қуйилган идишни қиролига тақдим қилмоқ учун келган ҳам бўлиши мумкин эди. Ва у, яъни Испания қироли Фердинанд Арагонский носаро қироллари орасида биринчи (балки, ягона) мангу яшовчи бўлиб қоларди.
Шундай бўлса ҳам, бу гал иши юришмаслигида капитаннинг айби йўқ. Қирол унинг саргузаштини эътибор билан тинглаб, катта эҳтиром кўрсатди. Қабулдан қайтаётган Понсе де Леон бу ҳашаматли саройга илк қадам қўйган чоғидаги киши эмасди. Қирол қўли ишорати билан у “жаноби олийларига”, ўзи очган “Флорида ороли” ҳокимига айланди. Мангу яшаш истаги борасида Испания қироли якка эмасди, жуда кўп ҳокими мутлақлар пинҳона шуни орзу қилганлар. Наҳотки, қолган кишиларга кўп жиҳатларидан ўхшамас ҳукмдор, ўлим соҳасида бошқалар билан тенг бўлиши керак? Ҳаётнинг қатъий бу қонунига қарши боришга интилганлардан биринчиси Хитой императори Цин Шихуанди бўлса ажаб эмас. Тарих абадий яшаш учун, ўзини мангу деб эълон қилиш учун ҳар бири ўз билганича уринган кўплаб подшоҳларни билади. Ғарбий Римнинг императордошлари Аркадий ва Гонорий (395-408) қўл остидагилар уларга “улуғлангайсиз ” деб эмас ,“ мангулангайсиз” деб мурожаат этишлари ҳақида фармон чиқаришган. Бу фармоннинг асосий изоҳи қуйидагича эди: “Кимки бизнинг шахсиятимизнинг илоҳийлигини инкор этишга ҳадди сиғса, амалидан ажралади, мол-мулки мусодара қилинади”.
Фуқаролар учун бу изоҳлар етарли эди, бироқ табиат буни қабул этмас эди.
Ўз вақтида император Августиннинг қўл остидагилар ҳам унинг мангулигига ишонар эдилар. Ундан ҳам илгари эса, Александр Македонскийни у босиб олган ерлардаги аҳоли ўлмас инсон деб билардилар.Тақдир ҳазилига қаранг: жасур капитан Понсе де Леон мангулик истаб отланган Пуэрто – Риконинг туб аҳолиси уларни босиб олган испанларни ўлмас кишилар деб билишган экан. Шунинг учун ҳам мағрур ҳиндулар конкистадорлар содир этган тазйиқу жинояту хўрлашларга чидаб келганлар. Ростдан ҳам, ўлмасларга қарши қўзғалишнинг ўзи нодонлик эмасми, бекорчи чираниш эмасми?
Одатдагидек, кашфиётлар шубҳалардан бошланади. Шафқатсиз оқ танли худолар ўлмаслигига ишонишни истамаган маҳаллий йўлбошчи топилди. Бу шубҳани текшириб кўриш учун жиддий бир тажриба ўтказишга жазм этилди. Ўша йўлбошчи ерларидан бир испан ўтмоқчи бўлибди ва унга йўлбошчи маълум кўрсатмалар топширилган кузатувчилар ажратибди. Кўрсатмани бажариш учун ҳиндулар бир дарёдан кеча туриб, тахтиравондаги испанни сувга ботириб, то типирчилаши тўхтагунча ушлаб турадилар. Сувдан чиқариб олиб, қирғоққа судрайдилар ва “оқ худолари” олдида ҳар эҳтимолга қарши узоқ вақт кечирим сўрайдилар, тасодифан ерга тушириб юборганлари учун гуноҳини ўтишни илтижо қиладилар. У қимир этмас, гуноҳларидан ўтган-ўтмаганлигини билдирмас эди. Бу бир айёрлик ёки уларни синаш учун қилинаётган усул эканлигидан чўчиган ҳиндулар бир неча кун жасаддан назарини узмайдилар: ўтлар орасидан, дарахт устидан, танага яқинлашиб, узоқлашиб кузатадилар.
Ана шундан кейингина ҳиндулар уларни босиб олганлар худди ўзлари каби ўладиган мавжудот эканлигига қаноат ҳосил қилдилар. Ишонч ҳосил бўлгач, бир куннинг ўзида бутун орол бўйлаб қўзғолон кўтарилиб, испанларнинг барчасини қириб, қувиб солдилар.
Тўғри бу испанларнинг узил-кесил қувилиши эмасди. Ўлмасликни ахтарган Понсе де Леонга қайтсак, у охир-оқибатда Флоридада ҳиндулар етказган жароҳатдан вафот этди.
“Шу тариқа, — деб ёзади қадимий испан солномаларида – тақдир инсон режаларини чил-парчин қилади: Понсе де Леон умримни узайтиради, деб ўйлаган кашфиёт, оқибатда, унинг умри қисқаришига сабаб бўлди”.
Қийшиқ Хуанни эса, бир неча йилдан сўнг ўша оролча ёнидан тасодифан ўтиб кетаётган кема қутқаради. Унинг саргузаштларига ҳеч ким ишонмади. Аммо ўша кезларда Понсе де Леоннинг донғи таралган бўлиб, Хуан у билан бирга сузганлиги учун Хуанга бир қанча кекса (ва бой) кишилар қизиқиб қолишди. Ана шу бой қариялар уюштирган экспедицияларда Хуан йўлчи сифатида қатнашганлиги маълум. Хуаннинг шўри шунда эдики, унда хаёл кучи (фантазия) йўқ бўлиб, кўрганигагина ишонар эди. Шунинг учун ҳам мангулик сувини қаердан излаш ҳақидаги унинг ҳикоялари, хабарларининг умри қисқа бўлди. Ўзи ҳам тез орада Янги Дунёнинг қовоқхоналари гўшаларида кўздан ғойиб бўлди. Хуан ва унинг капитани каби нодонлик ва мулоҳазасизлик билан абадий ёшликни излаган кўпларнинг исми абадий йўқолиб кетди. Лекин бу изланишлар шу даражада нодонликмикан?
- ЎЛМАСЛИК ДАЪВОСИ (ОБИ ҲАЁТ)
Инсон танасининг 70 фоизи сувдан иборат. Бир машҳур биолог жонворларни “жонли сувлар” деб бежиз айтган эмас. Инсон саломатлиги, умри узун бўлиши учун унинг вужуди қандай сув билан озуқланаётганининг аҳамияти катталиги аниқ. Сўнгги йиллардаги тадқиқотлардан маълум бўлдики, сувлар кимёвий аралашмаси билангина эмас, балки изотоп таркиби ва бошқа хусусиятлари билан ҳам фарқланар экан. Агар сув оҳанрабо (магнит) қутблари орасидан ўтказилса, унинг хоссалари ўзгариши маълум. Биологик нуқтаи назардан сув фаоллашиши мумкин, бу қариш жараёнида яққол кўринади. Сувнинг — танамизнинг асосий ташкил қилувчи қисмнинг хоссалари ҳақида ҳали билимимиз тўлиқ эмас.
Ҳозирги кунимизда Ер юзининг турли минтақалари суви инсон умри ва саломатлигига таъсири ҳақида қадимий ривоятлар ва афсоналар эмас, илмий тадқиқотлар сўзлаяпти.
Кариб ҳавзасидаги айрим ороллар, жумладан, Гваделупа ороли аҳолиси ўзининг оврупалик тенгдошларига нисбатан анча ёш кўриниши маълум ҳодиса. Улардан ёшликнинг умрини қандай узайтирасиз, деб сўралса, одатда, улар бундай жавоб берадилар: “Оролимиздаги булоқлардан чиқадиган сувлар кишини яшартиради…” Цейлон (Шри Ланка) ороли маркази кишилари ҳам соғломлик жиҳатидан ажралиб турадилар. Шри Ланка аҳолиси бунга сабаб деб иқлимни ва орол тоғ булоқлари сувини кўрсатадилар. Қадимгилар ҳаётбахш сувни айнан мана шу оролдан ҳам излаганликлари бежиз эмас, шекилли.
Тоғликлар ҳамда Шимолнинг баъзи қавмлари узоқ яшашликлари боиси улар истеъмол қиладиган сув билан боғланади,деб ҳисоблайди олимлар. Буни моддалар алмашинувига яхши таъсир этиб, шу билан тананинг “яшаришига” хизмат қиладиган “оқсув (қор сув) самараси” деб аташади.
Ҳозирги кундаги изланишлар узоқ ороллар ёки номаълум ерларда олиб борилаётгани йўқ. Изланишлар йирик илмий марказларнинг ўнлаб лабораторияларида, сувнинг хоссалари ва унинг инсон вужудига таъсирини ўрганиш билан амалга оширилмоқда.
Инсонлар ўз умрини имкон қадар узайтириб, бадавлат ва ҳукмрон ҳаёт кечириш учун муттасил қайғуриб келадилар.
Бу борада энг қисқа йўлни ахтарганлар.Бундай қисқа йўл бўлган ҳам шекилли.Қадимий ривоят ва афсоналар уни “оби ҳаёт” деб атаб, уни илоҳий ҳисоблаганлар. Турли мамлакат ва халқларда у турли хил номланган. Қадимги юнон худолари “амброзия” ичиб, эрон худолари “хаом” ичиб абадий ҳаётга дохил бўлганлар. Фақат Қадимги Миср худоларигина камтаринлик қилиб, бу борада оддий сув билан қаноат қилганлар. Лекин бу сув ҳам абадийлик суви эди.
Оддий бандалардан аслида олтин ҳосил қилиш учун заҳмат чеккан алкимёчилардай ҳеч ким “оби ҳаёт”га яқин келмаган. Бунинг ҳам ўз мантиғи бор. Ўлмаслик – ўзгармаслик ҳолатига эришиш. Олтин ҳамма нарсалар орасида ташқи таъсир билан ўзгартириб бўлмайдиган нарса эмасми, ахир? Сирка ҳам, аччил ҳам, емирилиш жараёни ҳам олтинга ҳеч бир таъсир эта олмайди. Ҳатто вақт ҳам унга таъсир эта олмасдай кўринади. Ушбу маъданда уни ўзгармас қилиб ушлаб турадиган нарсанинг борлигидан дарак эмасмикан? Ундаги ўша моддани ажратиб олиб ёки олтиннинг ўзи билан ўша моддани киши танасига юборса бўлмасмикан? “Кимки олтин ютса, олтин каби узоқ яшайди”– дейилади қадимий Шарқ матнларининг бирида. Қадимги динлар анъанавий асосига кўра: лочиннинг кўзини есанг, лочиндай ўткир нигоҳ бўласан, арслоннинг юрагини есанг, арслон қувватига эга бўласан…”
Оби ҳаётнинг турли кўринишларининг барчасида олтин иштирок этган. Рим папаси Бонифаций VIII нинг шахсий табиби тайёрлаган “оби ҳаёт”нинг таркиби қуйидагича бўлган: олтин, инжу, зумрад, кўк ёқут, ёқут, сариқ олмос (топаз), оқ ва қизил маржон, фил суяги, сандал дарахти, буғу юраги, алоэ илдизи, мушк ва анбарлар майдаланиб аралаштирилади (ушбу таркибни азиз ўқувчимиз шошилиб қўллашдан ўзини тияди, деган умиддамиз).
Шарқнинг қадимий бир китобида анча содда таркибни кўрамиз “10000 йил яшаган бақа, кўршапалаклар олиниб сояда қуритилади, толқон қилиниб ичилади”. Қадимги форс матнига ҳам эътибор беринг: “Сариқ, сепкилли бола танлаб олиниб 30 йил тар мева билан боқилади, кейин у ичи асал ва бошқа моддалар билан тўлдирилган тош хумга туширилади, хум гардиш билан зичлаб ёпилади; 120 йилдан кейин унинг танаси мўмиёга айланади”. Ундан сўнг хум ичидагиларни, яъни мўмиёга айланган танани ҳам дори, умрни узайтирадиган дори сифатида истеъмол қилинади. Инсон ҳаётининг барча соҳаларидаги адашишлар ўз мевасини бергани каби, мазкур йўналишдагиларининг ҳосили ҳам кам бўлмади. Шу ўринда ХУ асрда яшаган бир француз олимини эслаш ўринли. Оби ҳаёт тайёрлаш учун у 2000 тухумни пишириб оқсил қисмини сариғидан ажратиб олиб, сув билан аралаштирган, сўнг уни қайта-қайта ҳайдаш билан ҳаёт гавҳарини чиқариб олмоқчи бўлган.
Бундай дориларнинг бемаънилиги изланишлар бемаънилиги дегани эмас, албатта. Одатда, кераксиз нарсалар юзага кўпроқ чиқади. Агар бошқа фанлардаги муваффақиятсиз тажрибалар тарихи билан, амалга ошмаган кашфиётлар билан чоғиштирилса, унда биз барча фанларда тахминан бир хил манзарани кўрамиз.
Ўлмаслик соҳасидаги тажрибаларни бошқа соҳалардагидан ажратиб турадиган ҳолат бор — бу натижаларнинг мутлақо махфий сақланишидир. Тасаввур қилинг, кимдир бу борада муваффақият қозониб, умрини бир оз бўлса-да, узайтиришга эришди, у киши ўз муолажасини бутунлай сирли қолишига интилган, тайёрлаган дориси уни ҳаётдан эрта кўз юмишига сабаб бўлса, у ҳам сирларини ҳеч кимга айта олмаган. Тахминан шундай қисмат хитой императори Сюанцзун (713-756) бошига тушган. Бу зот аждодлари сафига ажалидан беш кун бурун отланиши, сарой табиби тайёрлаб берган оби ҳаётни нафси ёмонлик билан истеъмол қилиши натижасидир.
“Оби ҳаёт”дан ичишга мушарраф бўлиб, энди мангу яшайман, деб ҳисоблаган саноқли бандалар қаторида ХIХ асрда Москвада яшаган ўта бой, шинаванда инсон бўлиб, уни ҳамма жўнгина қилиб Андрей Борисович деб атаган. Кексайган чоғида мангулик суви билан боғлиқ ишларга берилиб кетади, лекин у бунда фақат ўзининг ҳиссига суянади. Инсон ҳар қандай улуғлардан ҳам кўпроқ ўз-ўзига ишонишига мойиллигини ҳисобга олсак, Андрей Борисович, ниҳоят оби ҳаёт таркибини топдим, деб ишонганлигини тушуниш мумкин; Оби ҳаётни топдим, деб ҳисоблаган кўплар қатори, у ҳам ўз топилмасини ўзгалардан пинҳон тутган. Топган оби ҳаёт дорисига шунчалик ишонганки, ўзини анча яшариб қолдим деб ҳисоблаб, тансаларга қатнай бошлаган… Ўлимига бир неча сония қолганида ҳам у ўзининг мангу яшашига шубҳа қилмаган.
Бу воқеа иккинчи бир шунга ўхшаш рус бойининг “мен абадий яшайман” деган ишончини эслатади, бу зот ҳам аввалгиси билан замондош бўлган.
Йигитлигида Парижда юрган паллада машҳур башоратчи Ленорман қабулига киради. Келажакда уни кутаётган яхшиликлар ва ёмонликларни айтиб бериб, Ленорман яна бир қўшимча қиладики, бу қаҳрамонимизнинг бутун келгуси ҳаётида катта из қолдиради.
— Мен Сизни огоҳлантириб қўяй, сиз ўрин-тўшакда ётган ҳолда жон берасиз.
— Қачон? Қайси вақтда? — жон ҳолатида сўради бўзариб кетган йигит.
Башоратчи елкасини қисди.
Ўша ондан бошлаб у ҳаётининг асосий мақсади қилиб, тақдир тақозосидан қочишни, четлашни танлади. Москвага қайтгач, хонадонидаги каравот, диван, кўрпа-ёстиқларни чиқартириб ташлади. Кундузи уйқусираб қалмоқ чўриси, икки хизматкори ва тиззасида ўтирадиган кучуги кузатувида каретада шаҳар кезарди. Ўша кезлардаги кўнгилочар маросимлардан унга энг хуш ёқадигани кўмиш маросимида қатнашиш эди. Шунинг учун унинг аравакаши Москва бўйлаб жаноза жараёнини излар, топилган заҳоти хўжайини улар сафига қўшилиб оларди. Қизиқ ушбу жараёнларда у нимани ўйлар экан? Балки у тўшакда ётмаганим учун, башорат қилинган нарса содир бўлмайди, демак мен ўлмайман, табиийки, бундай маросимлар менга тегишли эмас, деб ўз-ўзича қувонар.
Роппа-роса эллик йил у ажал билан бекинмачоқ ўйнади. Кунлардан бир куни у черковда уйқусираб, кимнингдир жанозасида турибман деган хаёлда экан, хизматкор чўриси уни ўзининг қари бир таниши билан никоҳдан ўтказиб қўйишига сал қолди. Бу унга шу даражада таъсир этдики, асаби мутлақо ишдан чиқди.
Шол рўмолга ўралган касал креслода аранг ўтирар, табибнинг ўринга ётиш керак, деган гапини кескин рад этар эди. У мутлақо силласи қуриганидан, қаршилик қилишга мажоли қолмаганидан сўнг, хизматчилари уни мажбурлаб тўшакка ётқизишади. Ўзини тўшакда кўрган заҳоти жон таслим қилади. Башоратга ишониш кучини қаранг!
Адашишлар, хатоликлар, муваффақиятсизликлар, афсуслар қанчалик бўлмасин, мангу яшаш, лоақал умрни узайтириш учун кураш ҳеч қачон тўхтаб қолмаган. Хатоликлар, жоҳилликлар, омадсизликлар ўз вақтида кинояларга дучор қилинди. Айни чоғда, муваффақиятнинг кичик бир қадами ҳам сир бўлиб қолаверди.
Ана шунинг учун ҳам ушбу йўлдаги омад ва муваффақият ҳақидаги дараклар бир-иккита, улар ҳам узуқ-юлуқ;
Жумладан, тарихан тайинли бир инсон бўлган епископ Аллен де Лисле (1278 йилда ўлган). Воқеномалар у тиббиёт билан шуғулланганлигини, билим доираси кенг табиб бўлганлигини таъкидлайди. Айтишларича, унга “оби ҳаёт” таркиби, жилла қурмаса, умрни чўзиш сирри аён экан. У қариб-чириб ўладиган бўлганида, ўша оби ҳаёт ёрдамида умрини яна 60 йилга узайтира олган экан.
Хитойда дао фалсафасига асос солган, тарихий шахс Чжан Даолин (34-156) ҳам ўз умрини тахминан шунча чўза олган. Кўп йиллар қатъият билан ўтказган тажрибалари самарасида у оби ҳаётга ўхшаш афсонавий хапдори тайёрлаган. Йилномаларда ёзилишича, 60 ёшида у ёшлигига қайтган ва жамъи 122 йил умр кўрган.
Аристотел ва бошқа муаллифлар критлик донгдор шоир, роҳиб Эпименидни эслаб ўтганлар. Мелоддан олдинги 596 йилда у Афинага покловчи қурбонликлар қилиш жараёнига таклиф этилган. Ривоятларга кўра, Эпименид умрини 300 йилгача узайтира олган экан. Бироқ бу узун умр ҳам охирги нуқта эмас экан. Португалиялик сарой тарихчиси ёзишига кўра, ўзи кўриб гаплашган бир ҳинднинг ёши 370да эмиш. Туринда 1613 йилда чиқарилган китобнинг Гоада истиқомат қилувчи салкам 400 ёшли киши таржимаи ҳолига оид қисмини ҳам айтилаётган мавзумизга дахли бор, дейиш мумкин. Ҳиндистонда яшаган бир мусулмон авлиёнинг умри давомийлиги ҳам қайд этилган рақамларга яқиндир (1050-1433). Ҳиндистондаги Ражастхан ўлкасида Мунисадха деган дарвеш ХVI асрда Дхаспура атрофидаги ғорга узлатга кетгани ва у ҳануз тириклиги ҳақида миш-мишлар бор.
Ўрта асрларнинг йирик олими, файласуфи Рожер Бекон ҳам инсон умрини узайтириш билан қизиққан. “Dе sekretis operalus”номли асарида сарацин (араблар) қўл остида кўп йиллар тутқунда бўлиб, қандайдир хапдорини тайёрлаш сирини ўрганиб олганлиги боис 500 йил яшаган Папалиус деган бир кимса ҳақида ёзади. Катта Плиний аллақандай бир иллириялик ҳам умрини 500 йилга узайтира олгани ҳақида шоҳидлик беради.
Замон жиҳатидан бизга анча яқин бўлган хитойлик Ли Цанюн 1936 йилда ўлади. Ёзма ҳужжатлар тасдиқлашича, у ўлганида 24 нафар хотини бева қолган. Таъкидлашларича, Ли Цанюн 1690 йилда туғилган, демак, у 246 йил яшаган.
Мана шунга ўхшаш хабарлар сирасида энг ғайриоддий ва афсонавий маълумот 186 йил умр (1770-1956) кўрган Топасвижи исмли ҳинд билан боғлиқдир. Патиала рожаси бўлган бу киши 50 ёшида, инсон ташвишларининг нариги томонида бўлиш учун Ҳимолайга йўл олади. Кўп йиллик тажрибалар, машқлар натижасида “самадхи” ҳолатига туша оладиган бўлди. Бу ҳолатда ҳаёт танани тарк этгандай бўлиб, узоқ муддат емак-ичмак эҳтиёжи қолмайди. Бундай амалиётлар ҳақида Ҳиндистоннинг мустамлака маъмуриятида хизмат қилган инглиз зобитлари кўплаб хабар беришган; Ичак ва ошқозонларни барча нарсалардан фориғ қилиб, қулоқ ва бурунларига мум чаплаб, қишда ҳашоратлар тушадиган ҳолатга кира оладиган йоглар ҳақида ҳам кўп ёзишган. Мана шу ҳолатда улар бир-икки кун эмас, ҳафталаб, ҳатто ойлаб қолганлар, кейин уларни иссиқ сув ва уқалаш ёрдамида ҳаётга қайтаришган.
Тапасвижининг умри жуда ҳам ҳайрон қоларли эмасдир. Зотан, 140-148 йил яшаган умрзоқлар миқдори талайгина. Тапасвижими ёки бошқа бировми, парҳез ва шунга ўхшаш воситалар билан умрини ўн, бир неча ўн йилга чўзиши мумкин бўлган ҳодиса. Гап Топасвижи гувоҳлик берган нарса ҳақида.
Кунлардан бир куни, дейди Тапасвижи, Ҳимолой тоғи тармоқларининг бирида бир дарвешни учратдим. У фақат мевалар ва сут билан овқатланар экан. Кўринишидан ғайрат ва тийраклик уфуриб турарди. Қизиғи шундаки, дарвеш ҳозирги ҳинд тилларининг биронтасини билмас экан. У фақат санскрит тилини — Қадимги Ҳиндистонда тарқалган адабий тилни билар экан. Демак, у бу ерга келганига 5 000 йил бўлган! Умрини бу қадар узун бўлишининг сири фақат ўзи биладиган дори ичиб туришида экан. Тарихий йилномалар, ривоятлар ва афсоналарда ҳам ҳеч ким ҳали 5 000 йил яшамаган.
Бироқ, бу қанчалик афсонавий бўлмасин, эллик аср қанча катта муддат бўлмасин, барибир, бу абадийлик эмас, балки мангулик томон бир қадамдир, холос. Ана шунинг учун ҳам олимлар ва мутаассиблар, файласуф ва девоналар оби ҳаётни — мангу ҳаёт сувини излаганлар. Шу йўлга умрининг бир қисмини, баъзилари барини сарфлаганлар.
Тош ётқизилган кўчалар, анъанавий қизил сопол ёпилган томлар ва готик услубдаги немис чекка шаҳри. Ушбу шаҳар кўчаларидаги уйларнинг бирида теварагида колба, бўйни узун шиша хумлар тўлиб-тошган мансардда бир йигит ўтирибди. У атрофини ўраб турган нарсалардан ҳам афсонавийроқ нарса билан — оби ҳаёт излаш билан овора. Лекин энг ажабланарлиси шуки, бу киши унақа ёки бунақа бир инсон эмас, балки Гёте — ёшгина Гётедир. У ёшлигида бирмунча вақт оби ҳаёт излаш билан банд бўлган. Ўтганлар хатоларини такрорламаслик, улар кириб қолган ўрамга кириб, бир доира ичида айланавермаслик эҳтиётини қилиб, алхимикларнинг унутилиб, яшириниб қолган ишларини ҳам топиб синчиклаб ўрганади..
“Тушунмаслик оқибатида олимларнинг бир тўдаси унинг олдида таъзим қиладиган, бир тўдаси унинг устидан куладиган буюк китоблардан жичча бўлса ҳам маълумот олишга пинҳона ҳаракатдаман, нозик таъбли донишмандлар ушбу китоблар сирларини англашдан лаззат оладилар“, деб ёзган эди у ўша кезларда.
Шундай қилиб, буюк шоир мангулик сувини изловчи, алкимёгар сифатида ўша ғалати кишилар билан бир сафда туради. Ана шундай ғалати кишилардан бири буюк шоирнинг замондоши Александр Калиостро эди. Инсоният тарихида ўтган энг улуғ ёлғончи, қаллоб, деб ҳисоблайди уни замондошларининг баъзилари, бошқалари эса чексиз билим ва салоҳиятга эга бўлган шахс, деб таъкидлайдилар.
Агар биз бу кимсанинг барча кирдикорлари ва қилмишларини санасак, сиз билан биз ўйлагандан анча кўп саҳифаларга жой бўларди. Унинг насли номаълумлиги, бойлиги қаердан пайдо бўлганлиги ноаниқлиги устига яна бир сири ҳам бор эди. Ўша замон газеталаридан бирида шундай сатрларни ўқиймиз: “Айтишларича, граф Калиостро асрорнинг барчасидан бохабар бўлиш билан бирга, оби ҳаёт тайёрлаш йўлларини ҳам очган экан“. Мана шу миш-миш Калиострони қироллар саройларида жуда катта аъёнга айлантириб қўйган бўлса нима дейсиз? Унинг обрўси шу даражага етган эдики, француз қироли Людовик XVI, бу кишининг шаънига ҳар қандай ҳурматсизлик ва ҳақорат қиролга қилинган ҳақорат билан баробар жазоланади, деб эълон қилган эди.
Калиастро Петербургга келганида олий табақа хонимлар унинг хотини Лоренциянинг ёшлиги ва гўзаллигига бир ҳайрон қолган бўлсалар, ундан ёши қирқдан ошганлиги, тўнғич ўғли голланд лашкарида капитан лавозимида хизмат қилаётганлигини эшитиб яна бир ҳайратга тушдилар. Ўзаро сураб-суриштиришлар орасида Лоренция эрим ёшликка қайтариш сирларини билади, деб гуллаб ҳам қўйган экан.
Калиастрога хос мафтункорлик, унинг устида юрган сирли гаплар рус саройи аъёнлари диққатини тортмаслиги мумкин эмасди. Рус аёл императорининг шахсий табиби инглиз Робертсон унда ўзининг рақибини кўриши бежиз эмас эди. У Саройдаги мулозамат доирасидан чиқмай, графни тахтга яқин бўлган кишилар наздида қоралашга интилди. Саройнинг анойи табиби Калиастро билан ўзи энг яхши ўзлаштирган қурол – иғво воситасида беллашмоқчи бўлди. Бироқ граф ҳам курашни ўзи яхши эгаллаган восита асосига кўчиришга интилди. У Робертсонни дуэлга чақирди, бу дуэл ғайриодатий, яъни заҳарлар воситасида амалга оширилар эди. Ҳар бири рақиби тайёрлаган заҳарни ичиши, кейин эса истаган зиддизаҳарни ичиши мумкин эди. Ўзига тўлиқ ишонган киши сифатида Калиастро ана шундай шартни қаттиқ туриб талаб қилди. Ундаги ишончдан қўрққан Робертсон чақириқни қабул қилишдан бош тортди. Дуэл бўлмади. Рақибида ўлмаслик хапдориси — оби ҳаёт борлиги ҳақидаги миш-мишларга аксарият замондошлари каби Робертсон ҳам ишонган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Тақдир эркатойи бўлмиш Калиастро, эркаловчисига жуда кўп эркаликлар қилиб юборган эди. Ниҳоят, унинг ҳам ошиғи пукка тушди ва бу унинг охирги ошиқ ташлаши бўлиб чиқди. Калиострони инквизаторлар тутуқлаб, қамоққа ташлади, хабарларга кўра, 1795 йилда ўша қамоқдаги чуқур бир қудуқнинг тошига занжирбанд ташланган ҳолда мангуга кўз юмди.
Бундай ҳолатларда бўлгани каби, Калиострога тегишли барча қоғозлар оловга берилди. Унинг фақат бир вараққа битилган ёзмасининг Ватиканда кўчирилган нусхаси сақланиб қолган. Унда “ёшликка қайтиш — регенерация баён қилинади: уни истеъмол қилиб (икки дона туркона дори заррасини), киши уч кунгача ҳушидан кетади, нутқини йўқотади, ўша вақт давомида тутқаноқ тутади, ғужанак бўлиб қолади, терлайди. Ушбу оғриқсиз муддатдан чиқиб, ўттиз олтинчи куни охирги — учинчи заррани ютади, сўнг қаттиқ ва ширин уйқуга кетади. Уйқу асносида пўст ташлайди, тишлари тушади, сочи тўкилади. Бир неча соат давомида уларнинг барчаси қайта ўсиб чиқади. Қирқинчи кун тонгида мижоз хонадан янги инсон, тўла яшарган инсон бўлиб чиқиб кетади“.
Ёшликка қайтаришнинг ушбу усули қанчалик хаёлий бўлишига қарамай,, ҳиндларнинг “кайя колпа“ деган яшартириш усулини эсга солади. Тапасвижининг ўзи айтишича, у ўзи кайя колпани икки марта қўллаган: биринчи марта 90 ёшида бу усулни ишлатган. Қизиғи шундаки, унинг даволаниши қирқ кун давом этган бўлиб, шу кунларнинг кўпини уйқуда ва медитация ҳолатида ўтказган. Қирқ кундан кейин ундан ҳам янги тишлар ўсиб чиққан эмиш, оқарган сочлари аввалги рангига қайтиб, вужуди ёшлигидаги каби куч-қувватга тўлган эмиш. Қадимги матнлар, ўрта аср ва кейинги замонларга оид битикларда “регенерация“ ҳақидаги фикрларни учратиб турсак ҳам, уларнинг бирортасида ҳам дорининг таркиби ҳақида батафсил маълумот йўқ.
Бунинг ажабланарли томони бормикан?
- МАНГУ ЯШОВЧИЛАРМИ?
Номи билан жуда кўп ажойиб воқеалар боғлиқ бўлган граф Сен.Жермен ҳақида эшитганмисиз?
А.С.Пушкин “Қарғахоним“.
Ўлмаслик учун интилганлар саноғи шунчалик кўп эдики, улар ўзларининг афсоналарини яратмаслиги мумкин эмас эди. Ривоятларга кўра баъзи бировлар мангуликка элтадиган эшикни топган эканлар. Бу дегани, ўша топганлар ҳозиргача ўз сирларини маҳкам яшириб — бизнинг орамизда яшамоқдалар деганимикан?
Ҳақиқат билан хомхаёл аралашиб кетган афсоналар пайдо бўлиши зарурий бир нарсадир. Инсон идроки тарихи жараёнида қанотлар кўмагида кўкка кўтарилиб парвоз қилган Дедал ва Икарлар ҳақидаги афсоналар қанчалик қочинилмас бўлса, булар ҳам шундайдир. Агар кимдир мақсадга етиб, мангуликка эришибди, деган овозалар тарқалмаса, ўлмаслик сувини излаш ҳам кенг ёйилмас эди. Жумладан, афсонавий олтинлар мамлакати — Элдорадо ҳақидаги ҳикоялар кўплаб таваккалчиларнинг ўша мамлакатни излашга ундаган. Кишилар кимдир ўлмасликка эришганига ишонадилар, инонишни хоҳлайдилар. Мана шу ишонч умид туғдирарди, омадни синашга туртки бўларди.
Машҳур араб (ўзбек) олими Беруний, 1000 йилдаёқ, қадим замонларда Илёс (Элиас) деган киши абадийлик йўлини топганлиги ва Беруний замонида ҳали тирик эканлигини ёзади. Беруний уни “Мангу яшовчи“ деб атайди.
Мавзумиз билан боғлиқ бошқа кишилар тилга олинганида, биринчи галда Пифагор мактабилик файласуф Апполоний Тианский (мил.1 асри) эсга келади. Ёш болалик чоғидаёқ “ҳаром ва ақлни хиралаштиради“ деб гўштдан воз кечади, жун кўйлак киймайди, оёқяланг юради… Беш йил давомида лом-мим деб оғиз очмайди.
Ўша замонларда дарвешлари, олимлари, сирли илмлари билан машҳур бўлган Ҳиндистонга Апполоний Тианский олий илмларини эгаллаш учун йўл олади. Йўлда унга аллақандай Дамид деган кимса қўшилади:
— Йўлдош бўлайлик, Апполоний. Сенга зиён эмас, ҳаён етказишимга ўзинг амин бўласан. Йўллар борасида унчалик билимдон бўлмасам-да, Бобил йўлини ва ундаги шаҳарларни биламан. Қанча ёввойилар бўлса, уларнинг барчасининг тилини биламан. Баъзилари арман, бошқалари мидян ва форс, яна бирлари кадуян тилларида гаплашади, мен уларнинг барини биламан.
— Мен ҳам, азизим, бу тилларнинг барчасини биламан, гарчи биронтасини ўрганмаган бўлсам ҳам.
Дамид ажабланиб боқди.
— Жумла инсон шевалари менга тушунарли эканлигидан ҳайратга тушма, зеро, мен инсон сукутини ҳам англай оламан.
— Ҳиндистондан қайтган Апполоний ўз юртида юртдошлари эсидан чиқмайдиган кўп ажойиботлар намойиш қилди. Нерон замонасида у Римда бўлди, Мисрга борди, Сицилия ва Гибралтарларни кезди.
У ўн нафар император ҳукмдорлигини кўрди, ўн биринчиси даврида — етмиш ёшида Римга қайтди. Бу шаҳарда император Домициан буйруғига мувофиқ тутуқланади ва қамоққа ётқизилади. Ўзидан ўзгача фикрловчиларни жазолаш, ҳокимиятининг чексизлигини намоён қилиш учун император файласуфни суд қилишга фармон берди. Тайинланган кун, тайинланган соатда, топ-тоза қилиб йиғиштирилган саройга шаҳарнинг казо-казолари йиғилишди. Кучайтирилган қўриқчилар қуршовида Апполонийни олиб келадилар. Суд жараёни авжига чиққан бир паллада — сохта гувоҳлар императорга ҳурматсизлик, диний куфр китоблар ва сеҳргарликда оғиз кўпиртириб туҳмат ёғдираётган кезда у ҳамманинг кўз ўнгида . . . лиқ тўла зал назаридан ғойиб бўлади.
Ўша куни, тахминан бир неча соатлардан кейин Апполонни уни яхши танийдиганлар Римдан уч кунлик йўлда кўрганлари ҳақида гаплар тарқалди.
Римдаги маҳкама залидан сирли тарзда ғойиб бўлганидан кўп ўтмай у Юнонистонда пайдо бўлади ва ибодатхоналарда яшаб юради. Бизга ушбу файласуфнинг на ўлган ери, на вақти маълум. Буни унинг замондошлари ҳам билмас эди. Тарихий воқеаномаларда у “бедарак кетган“лар сирасида саналади. Шунинг учун ҳам унинг ажойиб хислатлари ва амаллари ҳақида эсланар экан, булар ёнига яна бир сифатни — ўлмасликни қўшиб қўядилар.
Кўп юзйилликлар Апполонийни ўлим ҳукмидан қочиб қаерлардадир кишилар орасида яшириниб юрибди, деб ҳисобладилар. Кейин минг йил ҳам ўтди, бирдан ўша миш-миш тасдиқланади. ХII асрда ўзини Артефиус деб атаган файласуф ва алхимик яшаган. Унинг кўп замондошлари бу исм билан Апполоний Тианский яшириниб юрибди, деб тахмин қилганлар. Артефиус имзоси билан бизгача иккита асар етиб келган: фалсафа тоши ҳақида ҳамда умрни узайтириш усуллари ҳақида. Буюк Апполонийдан бошқа яна кимнинг ушбу соҳалар ҳақида ёзишга ҳадди сиғади! Бу фикр фақат замондошларигагина келган десангиз янглишасиз. Вақт ўтиб китоблар нашр этилиши йўлга қўйилгач, навбат Артефиуснинг умр ҳақидаги асарига ҳам етиб, босиб чиқарилади. Унинг сўзбошисида нима деб ёзилганини биласизми, мана ўқинг! “Муаллиф ушбу китобни ёзишга алоҳида асосга, ҳақга эгадир. Зотан, бу китобни ёзгани пайтида унинг ёши 1025да эди”. Ушбу иш мужмал ишора ва ғализ ифодаларга тўла, муаллиф гўё оми халқ орасидаги айрим уни англай оладиганларгагина мурожаат этаётгандай тасаввур туғилади. “Бечора нодон, наҳотки, бизнинг ҳар бир сўзимизни тўғри маънода деб ўйлайсан, наҳотки, биз сенга барча сирларнинг энг азизини ошкор этади деган хаёлдасан?“ — деб ёзади ўқувчисига мурожаат қисмида.
Тўғри, бизнинг замонамиздан туриб, қачонлардир яшаб ўтган инсонларни соддалик ва гўлликда айблаш қийин эмас, чоғи. Бундай қилишга ошиқмайлик. Биздан кейин яна шунча юзйилликлар ўтиб, наслларимиз ҳам бизни нималарда айблар экан? Ўша замон кишилари учун ҳозир бизнингча, ишонилмас нарсалар одатий бўлиб кўриниши ҳам мумкин-да! Апполоний Тианский бу борада ягона бир мисол эмас. Тарих ўз замонасида унга ишонишга тайёр бўлган, унинг ишларига ўта қизиққан, ишонилмас нарсаларига ишонган жуда кўп шахсларни билади.
…1750 йил мобайнида Парижда, фақат, граф Сен-Жермен ҳақида гап кетган, десак лоф бўлмас. У киши ғалати бир шахс эди. Граф ўлмаслик сирларини билади, деган миш-мишлар ҳам тарқалган эди.
Сен-Жермен бирданига саҳнда пайдо бўлди: ўтмиши билан боғлиқ ҳеч нарса маълум эмас эди. Гўё бир девор ёрилгану унинг ичидан Сен-Жермен чиққан — Сен Жермен шундан бошланади. Вақти келиб, яна ўша деворга оҳиста кириб кетиш учун чиққандай, Худди Калиостро каби, бунинг ҳам битмас-туганмас бойлиги-ю, ўзининг келиб чиқиши ҳақида биз ҳам замондошлари каби жуда оз нарса биламиз.
Граф ўзи ҳақида гапиришни истамасди, лекин баъзан тасодифан “гапириб юборгандай“ бўларди. Шунда унинг гап-сўзидан Афлотун ва Сенекалар билан суҳбатлашгани, Ашшурбанипал базмида иштирок этгани, пайғамбарларни танигани маълум бўларди. Бирда граф Дрездендалик чоғида, унинг аравакашидан бир кимса, ростдан ҳам хўжайинингнинг ёши 400 дами деб сўраганида, у соддадиллик билан “аниқ билмайман“” деб жавоб берган экан, кейин ўша оҳангда давом этибди:
— Бироқ жанобларига 130 йиллик хизматим чоғида у киши заррача ҳам ўзгармади.
Ушбу ғалати баён, ундан ҳам ғалатироқ тасдиғини топганига нима дейсиз?
Энг обрўли бой хонадонлар меҳмони сифатида граф теварагидагиларни ўзининг муомаласи, донолиги, ўтмишни яхши билиши билан қойил қолдирарди. Хусусан, қари зодагонлар уни кўрганларида ўзларини йўқотиб қўяр, ҳаяжонга тушиб ҳайрон қолар, тўсатдан болалик чоғида, буви-бувалари меҳмонлари даврасида бу кишини кўргани эсларига тушгандек бўлаверарди. Қариялар ҳайрон бўлишининг яна бир боиси, бу кишининг ўша чоғлардан бери ташқи қиёфасининг ўзгармаганидадир. Бу киши тўсатдан Парижда Сен-Жермен исми билан пайдо бўлгунга қадар, уни дам Англияда кўришган, Голландияда билишган ва дам Италияда учратишган экан. У ҳар ерда ҳар хил унвон ва номлар билан яшаганлиги маълум. Агар уни яхши танийдиган инсонлар гувоҳлик беришмаса, маркиз Монтфера, граф де Беллами ва таниқли Сен-Жерменлар бошқа-бошқа инсонлар деб ўйлаш мумкин бўларди. Бу киши турли ерларда, ҳар хил вақтда турли лақабу исмлар шодасини ҳосил қилган. Генуя ва Ливорнода Солтиков деган русчага уйқаш фамилия остида ўзини рус аскарий генерали деб таништирган.
Баъзилар уни испан десалар, бошқалари француз ё португал ҳисоблайдилар, яна бирлари ҳатто рус ҳам дейдилар. Ҳамма нарса графнинг ёшини аниқлашга қарши хизмат қиладиган. Унинг замонида тарих ҳали ўлмаслик хапдориси – “оби ҳаёт“ изланишлари билан алоқадор воқеаларни унутмаган чоғ эди. Шунинг учун ҳам граф ўлмаслик дорисини тайёрлашни билар экан, деган кўча гапи тарқалганига ажабланмаса ҳам бўлади. Ушбу сир ҳақида Сер-Жерменнинг Лондонга ташрифи муносабати билан “Лондон хронике“ газетаси 1760 йилнинг 3 июнида эҳтиром ила ёзиб чиқарган эди. Такаллуф билан ёзилган мақолада графнинг фазилатлари, хислатлари саналади, донишмандлиги уқтирилади, донолиги туфайли “оби ҳаёт“ сирлари унга аён бўлганлиги гапирилади. “Франциянинг маликаси“ маркиза де Помпадур ҳам, ана шу оби ҳаётдан қирол ҳушторига ҳам бир оз улуш беришини ўтиниб сўраган эди. Калиостро билан Сен-Жермен замондош эдилар. Инквизация суди баённомаларидан Калиастро сўзи қайдларидан у Сен-Жермен билан учрашганлигини билиб оламиз. Калиастро бир идишда Сен-Жермен “ўлмаслик суви“ни сақлаганлигини таъкидлайди.
Франциядан Сен-Жермен кутилмаганда ва нима сабабдан кетганлигини аниқлаб бўлмайди. Маркиза де Помпадур қўллаб туришига, қиролнинг ўзи жуда катта икром кўрсатишига қарамай, бу ғалати инсон тўсатдан Париждан чиқиб кетади. Қаерга ва нима учун денг! У бехосдан Голштинияда пайдо бўлиб, у ердаги қасрида танҳоликда бир неча йил умр кечиради. Айтишларича, 1784 йилда ана шу қасрда оламдан ўтади.
Аммо-лекин бу ўта ғалати ўлим эди. Графнинг танишларидан бири бу ўлимни “шамғалат ўлим“ деб атади. Яна шу атрофдаги бирон-бир қабристонда Сен-Жермен исми қайд қилинган қабртош йўқлигини ҳам ёзган.
Бир йил ўтиб, Парижда франкмасонлар йиғини бўлади. Ўша йиғинга қатнашганлар рўйхати сақланган. Унда Месмера, Лафертлардан кейин Сен-Жермен исми қайд этилган.
1788 йилда, яъни яна уч йилдан кейин, Франциянинг Венециядаги вакили граф Шалон Сен-Жерменни Авлиё Марк майдонида учратиб у билан суҳбат қуради.
Француз инқилоби йилларида эса, зодагонлар ётқизилган қамоқларнинг бирида Сен-Жерменнинг ҳам борлиги аниқланади. “Граф Сен-Жермен — деб ёзилади 1790 йилги қамоқ битигида — ҳалиям бу дунёда яшаяпти, ўзини яхши ҳис этмоқда“.
30 йиллар ўтгач, графни ёшлигидан яхши биладиган Жанлис исмли аслзода хоним уни Венада учратади. У мутлақо ўзгармаган эди, кекса хоним хурсандчиликдан ҳаяжон билан унга интилганида, у иззатини жойига қўйиб муомала қилади, бироқ кутилмаган учрашувни чўзмасликка ҳаракат қилади. Бундан кейин Венада унинг қораси кўринмади.
Бир истеъфодаги амалдор бошқалардан зийракроқ чиқиб қолди. Луи Филипп салтанатининг сўнгги йиллари бўлиб, Сен-Жерменни шахсан таниган-билган кишилардан деярли ҳеч ким қолмаган замон. Париж хиёбонларининг бирида у ўзининг ёшлигини энтикиб эслатадиган бир кимсани кўриб қолади. Бу Сен-Жермен эди, унинг ташқи қиёфаси мазкур амалдор ёшлигида кўрганидай, орадан бир кўп ўн йиллар ўтганига қарамай, ўзгармаган эди. Аммо чол графни бағримга босай, деб унга қараб ҳаяжонланиб югурмади. Файтунда уни кутиб ўтирган хона хизматчисини чақириб, ўша кишини сурункасига пойлаб юриб, кимлигини аниқлашни буюрди. Бир неча кундан кейин чолга маълум бўлдики, у киши ўз танишлари орасида майор Фрезер номи билан маълум экан, бироқ фамилияси инглизча бўлса-да, ўзи инглиз эмас, ёлғиз яшайди, аравакаш, икки нафар уй хизматчисидан бошқа хизматчилари йўқ.
Чол ниҳоятда эҳтиёткор бўлиб, орачи киши ёрдамида хусусий изқувар ёллайди. Бироқ изқуварнинг аниқлаганлари “майор“нинг бойлиги ҳисобсиз, бойлиги ва ўзининг келиб чиқиши ҳақида ҳеч нарса билиб бўлмайдидан нари ўтмади.
Ўша кишининг кечқурунлари қай чоғда хиёбонга чиқишини билиб олгандан сўнг, чол у билан тасодифан танишиб қолиш чорасини қўллади. Икки марта кечлик овқатни ҳам бирга қилишди. Кўпгина қари кишиларда бўлгани каби бу чол ҳам қайси мавзуда гап бошламасин, барибир, беихтиёр охири ўтмишга келиб тақаларди.
— Ҳа, укам, бир вақтлар бу қаҳвахона гуркираган эди. Мен емагини эмас, ҳатто мижозлар миқдорини ҳам эмас, бу ерга келувчилар ҳақида айтяпман.
— Конвентдан кейин ҳаммаси ўзгариб кетди.
— Ҳа-да, Конвентдан кейин бошқача бўлиб қолди. Якобинчилар бу ерда ўз клубини қурмоқчи бўлганларидан бошлаб деворлар ҳам ўзгача бўлиб қолгандай. Бу ерда бир пайтлар маркиз де Буафи деганни кўрардим. У амакиваччаси билан бирга келарди.
— Маркизнинг икки амакиваччаси бор эди. Анрисини айтяпсизми?
— Йўқ, каттасини. Ҳалиги, отасими, бобосими, испан ворислиги учун урушда қатнашганини.
— Унинг буваси эди. Виконт де Пуатье. Ажойиб чавандоз эди. Ўз вақтида тенги йўқ эди. Афсус, охири бахайр бўлмади…
Собиқ амалдор қошини сал чимирди. Ўша замонларда, ўша давраларда бу саволни ифода этар, бироқ бу саволга жавоб бериш ҳам, бермаслик ҳам одоб доирасида ҳисобланарди. Суҳбатдоши жавоб беришни лозим топди.
— Гап шундаки, виконтнинг отаси — у қирол Людовик ХIV га хизмат қиларди — ахлоқан тайинсиз бўлиб, ундан бирон яхши нарса кутиш амримаҳол эди. Масалан, сизни у ўз мулки ерларидаги овга чақирса, сиз икки-уч кун Париждан унинг қасригача йўл азобини тортиб етиб борсангиз, у ўзи Нантми ёки бошқа бир ерга жўнаб қолган бўлиши мумкин эди…
— Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, — давом этди чолга ўзини “майор Фрезер“ деб таништирган кимса — саройдаги аллаким виконтга Саксониядан уй хизматчиси ёллашни тавсия этибди. Қанақа уй хизматкорлигини биласизми, бутун француз қироллигида бундан ўтган малла бўлмаса керак. Виконт шу билан ҳам мағрурланарди…
Гапларини тинглаб, воқеага шоҳид бўлмаган киши бундай баён қила олмаслигига ишонч ҳосил қиласиз. Суҳбат ҳам ғалатироқ бўлиб, ўтганларни эслаб гапиришдан чол киши эмас, ёш йигит кўпроқ лаззат олаётган эди. Гап анча замонлар олдин ва узоқ мамлакатлар устида кетганида ўзи кўриб, эшитган кишигагина хос ҳиссиётлар билан баён этарди. Ўз вақтида Сен-Жермен билан суҳбат қурганлар ундаги бу баён қилиш хусусиятларини кўп бор таъкидлаб ўтган эдилар. Чол бу ғалати кимсанинг юзларига тикилиб ҳикоясини тинглар экан, ярим аср орқага қайтиб боргандай бўлди. Чолнинг ўзини эса вақт аяб ўтирмаган, шунинг учун унинг бир устунлиги бор эдики, рўпарасида ўтирган бу ёш йигит бир вақтлар уни яхши таниган бўлса ҳам, энди таний олмас даражада ўзгариб кетган эди. Ҳар бир нарсанинг қиррасида юришнинг ўз хатари бўлади. Кунларнинг бирида учинчими, тўртинчими учрашувда чол ўзини ушлаб тура олмади. Замонасининг улуғ кишилари сирасидан Сен-Жерменни билиши ва у билан учрашганлигини айтиб қўйди.
Суҳбатдоши елкасини қисди ва бошқа нарсалар ҳақида гапириб кетди.
Ушбу учрашувдан улар одатдагидан кўра эртароқ тарқалишди ва майор кейинги учрашувларга келмади.
Собиқ мансабдор чол сўраб, суриштирганида маълум бўлдики, хизматкорларини олиб номаълум томонга жўнаб кетибди.
Қолган умри давомида чол ўша суҳбатдоши яна қайтиб келган-келмаганлигини суриштириб юрди. Бироқ у Парижга қайтмади.
Бундан кейин Сен-Жермен билан боғлиқ яна икки дарак бор. У 1934 йилда яна Парижда бўй кўрсатган эмиш. Сўнгги бор эса 1939 йил декабрида пайдо бўлган экан. Бироқ бу кезларга келиб, Сен-Жерменни таниган инсонлар ёруғ оламда қолмаганлиги боис, бу хабарларни ишончли томони йўқ. Айтгандай, бундай важ фақат Сен-Жермен учунгина дохил деб ўйламаслик керак.
Келинг, бўлиши мумкин бўлмаган нарса бўлди, деб фараз қилайлик. Оби ҳаётни излаган ўнлаб, юзлаб, минглаб кишилардан бир нафари умрни узайтирадиган илож топди ҳам дейлик (Умрни узайтириш мумкинлигини ҳозирги замон фани рад этмайди.) Энди савол туғилади: ўша инсон ўзини қандай тутиши мумкин? Унинг олдида аниқ, лекин қийин икки йўл бор: ўзига маълум бу сирни бошқалардан пинҳон тутиш ёки уни ҳаммага маълум қилиш. Бизга маълуми шуки, сўнгги ҳолат рўёбга чиқмади.
Тўғри, биз яна бир ҳолатни эътиборга олмадик, бу ўлмасликдан воз кечиш ҳолати. Бир қараганда бундай бўлиши мумкин эмасдай бўлиб кўринади. Лекин ривоятлар бўйича, Сулаймон подшо ана шу йўлни тутган. Унга мангу ҳаётни таъмин этувчи дорини таклиф қилганларида, у яқинлари, севганларидан кейин қолиб яшашни истамаганлигидан, дорини қабул қилишни рад этади. Бу ривоят: ўлмаслик – аянчли бир қисмат, ҳатто тавқи лаънатдир, деган бир қайғули фикр асосида ҳосил қилинган, балки Агасфер ривоятига замин ҳам бўлгандир.
Ривоятга кўра, Исони азоб-қийноқ билан ўлдириш учун элтганларида, азоб бериш воситаси бўлмиш оғир тахта хочни ҳам ўзига кўтартиришган экан. Хочлаш манзилига элтувчи йўл ёмон ва узоқ экан. Ҳолсизланган Исо Масиҳ бир деворга суяниб нафас ростламоқчи бўлганларида, уйнинг эгаси бўлмиш Агасфер рухсат бермабди.
— Юр, юр, — дебди у, мунофиқлар олқиши остида. — Дам олиб нима қиласан?!
— Яхши, — қақраб кетган лабларини очди Исо. — Сен ҳам бутун умринг давомида юриб ўтасан. Сен дунё бўйлаб санғийсан, ҳеч қачон сенда ором бўлмайди, истаб ўлим топмайсан…
Ушбу ривоят балки аллақачон унут бўлиб кетарди, балки, балки агар асрлар бўйи дам у ер, дам бу ерда бир киши пайдо бўлмаса ва кишилар уни Агасферга ўхшатмаса…
У ҳақида Данте ўзининг “Илоҳий комедия“сида дўзахга жойлаштирган италиялик мунажжим Гвидо Бонатти ҳам ёзган. Бонатти Агасферни 1223 йилда испан саройида учратган. Унинг гапича, бу киши Исо Масиҳнинг қарғишига қолган, шунинг учун у ўла олмайди.
Шундан беш йил ўтиб у ҳақда Англиянинг Албана аббатлиги йилномасида тилга олинади. Унда ёзилишича, аббатликка Арманистон архиепископи келган экан. Ундан, ўлмас қаландар Агасфер ҳақида бирор нарса эшитдингизми, деб сўрашганида: эшитдимгина эмас, бир неча бор учратиб сўзлашдим ҳам, деб жавоб берган. Агасфер, ўша арманнинг гапига кўра, ўша замонда Арманистонда экан. У доно, жуда кўп нарсани кўрган бўлса ҳам, камгап экан, бирор савол билан мурожаат этилсагина жавоб қайтарадиган инсон экан. У зот минг йил олдин бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни, ҳаворийлар ташқи қиёфаси, ҳаётининг тафсилотларини ҳамон жуда яхши хотирасида сақлаган бўлиб, буларни ҳозирги тириклардан биронтаси билмайди, деб сифатлайди архиепископ.
Навбатдаги дарак 1242 йилга, ўша киши Францияда пайдо бўлган чоғига тааллуқли. Кейин эса узоқ муддатли сукунат бўлиб, икки ярим асрга чўзилади.
1505 йилда Агасфер Богем оролларида, бир неча йил ўтиб араб Шарқида, 1547 йилда эса яна Оврўпода-Ҳамбургда пайдо бўлади.
У билан учрашиб гаплашганлиги ҳақида епископ Шлезвига Паулфон Эйтзен (1522-1598) ҳам ёзиб қолдирган, унинг гувоҳлик беришича, ўша инсон барча тилларда ҳеч қандай гидирсиз гаплаша олади. Унинг турмуши хилватга мойил, дарвешнамо ҳаёт бўлиб, устидаги кийимидан бошқа ҳеч вақоси йўқ эди. Кимдир унга пул берса, у охирги тийинигача бева-бечораларга улашиб бераркан. 1575 йилда уни Испанияда кўришган, бу ерда испан саройида папа вакиллари Кристофор Краузе ва Якоб Холстайн билан суҳбатлашган. 1599 йилда Венада кўришади, бу ердан у Польшага, ундан Москвага бормоқчи бўлган экан. Тез орада, ростдан ҳам, Москвада пайдо бўлиб, бу ерда кўп кишилар уни кўришган ва суҳбатини олишган.
1603 йили Любекда унинг ҳозир бўлганлигини бургомистр Колерус, тарихчи ва диншунос Кмовер ва бошқа расмий кишилар тасдиқлайди (“Ўтган 1603 йилнинг 14 январида машҳур ўлмас яҳудий, яъни Исо Масиҳ хочлашга олиб кетилаётганида, каффорат ўташга маҳкум этган киши пайдо бўлди“).
Бу ғалати инсонни 1604 йилда Парижда, 1633 йилда Ҳамбургда, 1640 йилда Брюсселда дараги чиқади. 1642 йилда Лайпцигда, 1658 йилда Стамфордда (Буюк Британия) пайдо бўлади.
ХVII юзйиллик сўнгида бу мангу дайди яна Англияда бўй кўрсатади. Шубҳага тушган инглизлар унинг чиндан улар ўйлаётган инсонми ёки йўқ эканлигини аниқлаш учун синов уюштирадилар. Оксфорд ва Кембриждан келган профессорлар уни синчковлик билан имтиҳон қилишади. Унинг ўзи бўлган ёки бўлганман деган Ер юзидаги жойларнинг энг қадимги тарихи ва жуғрофиясидан билими ҳайратланарли даражада эди. Тўсатдан уни араб тилида сўроқ қилишганида, у ҳеч қандай хатосиз ана шу тилда жавоб қайтаради. У Шарқнинг ва Ғарбнинг деярли барча тилларида гаплаша оларди. Ундан кейин бу инсон излари Дания ва Швецияда учрайди, сўнг бу излар йўқолади.
Зотан, мазкур ғалати инсон ҳақида кейинги дараклар ҳам учраб туради. 1818, 1824 ва 1830 йилларда Англияда ўша киши ёки ўзини ўша киши деб кўрсатмоқчи бўлган кимса яна пайдо бўлган.
Агасфер ҳақидаги ривоят заминидаги дастлабки ҳодисани биз ҳозир билолмаймиз, айта олмаймиз. Ўрта асрларнинг таниқли олими ва шифокори Парацелс рисолаларининг бирида бундай деб ёзган эди: “Ўлимлик танани ўлимдан қутқариб қолувчи нарса бўлиши мумкин эмас, бироқ тана ҳалокатини орқага сурувчи, ёшликка қайтарувчи, инсоннинг қисқагина умрини узайтирувчи нарса бўлиши мумкин“.
- ВАҚТ ТЎСИҚЛАРИ ОША
Инсон умрининг имкон қадар узайтириш муаммосини ҳозирги кунда кўпроқ илм-фан билан боғлайдилар. Ушбу фикрга келганларнинг биринчиларидан бири Рожер Бэкон эди. “Инсон танасини, — деб ёзади у, — барча қусурлардан озод қилиб, унинг умрини бир неча юз йилга чўзиш мумкин“. Р.Бэкон инсон танасига англанган, йўналтирилган таъсирни назарда тутган эди, албатта.
Вақти келиб инсон баданига шундай таъсир ўтказиш мумкинлигига мозийнинг улуғ олимларидан бири Бенжамен Франклин ҳам ишонар эди. У келажакда инсон минг йил, ҳатто ундан ҳам кўп яшай олади, деб айтганди. Бу гаплар ҳали кишилар шам ёқиб, фойтунларда юрган бир кезда, замонанинг энг улуғ мутафаккирлари ҳозирги мактаб болаларига маълум нарсалар ҳақида тасаввурлари ҳам йўқ бир чоғда айтилган эди.
Илм-фаннинг имкониятлари борасида ХVIII юзйиллик француз инсонпарвар олими Кондорсе янада некбинроқ бўлган. Унингча, инсон умри асрдан-асрга тобора узайиб бориб, чексизликкача, яъни ўлмасликкача етиб боради.
Инсоннинг ўлмаслиги муаммоси К.Циолковскийни ҳам қизиқтирган “Умрнинг аниқ бир ўлчами йўқ, у минг йилгача узайтирилиши мумкин, — деб ёзган эди. – Фан бунга эртами-кечми эришади“. Инглиз олими Ж.Бернал ҳам, вақти келиб инсонлар мангу яшаш сирларини очишига умид қилган.
Ушбу умид заминида эртами кеч мазкур муаммони амалга ошириши мумкин бўлган фанни, илмни жўнгина илоҳийлаштириш эмас, ёки инсоннинг узоқ яшаш учун кўр-кўрона интилиши эмас, балки алоҳида олинган бир шахснинг умрини чексиз узайтира олиш имконияти ҳақидаги мушоҳадалар ётади.
ХIХ аср охири немис зоологи Август Вейсман, якка шахснинг вафоти унинг биологик табиатидан келиб чиқадиган муқаррар якун эмас, деган хулосага келган эди. Унинг фикрича, агар бир ҳужайралилар амалда ўлмаслиги мумкин экан, демак, бу аслида инсон ҳам эриша олиши мумкин бўлган бир ҳолатдир. Америкалик Нобел мукофоти совриндори, физик Р.Фейнманнинг қарашича, агар инсон абадий ҳаракатланувчи нарса ихтиро этмоқчи бўлса, физика қонуни каби тўғаноққа дуч келган бўларди. Биологияда эса, ундан фарқ қилиб, ҳар бир шахс умрининг охири бўлиши мажбурий деган қонун йўқ. Ана шунинг учун ҳам, инсон танаси ўлимга маҳкумлиги масаласи вақти келиб ҳал бўладиган ҳодиса, деб ҳисоблайди.
Машҳур совет олими В.Ф.Купревич ҳам инсоннинг ўлмаслиги муаммоси ҳал этиладиган масала деб ҳисобларди.
Баъзилар, ҳатто бу муаммо ҳал этиладиган вақтни ҳам мўлжаллаб айтишга журъат қиладилар. Инглиз олими ва ёзувчиси А.Кларк бу маррага 2090 йилда етилади, деб ўйлайди. Бу жуда жиддий бир башорат. Чунки, муаммо ечилади дейиш бир бошқа, фалончи вақтида ҳал бўлади, дейиш бир бошқадир. Тўғри, журъат ҳамма нарсадан ҳам фанда зарур. Ўлмаслик муаммоси эса, якка-якка шахсларнинг изланишларидан, тобора бутун фаннинг муаммосига айланиб бормоқда. Ана шунинг учун ҳам ҳозирнинг ўзидаёқ бу изланишларнинг асосий йўналишларини айтиб бериш мумкин.
ТАШҚИ ОМИЛЛАР
Бирмунча олимлар киши умрининг давомийлигини унинг яшаш муҳити, касби ва турмуш тарзи каби омиллар билан боғлайдилар.
Уларнинг баъзилари узоқ умр кўрган инсонлар турмуш тарзи, мойиллиги кабиларни тадқиқ этиб, муайян қонуниятлар кашф этишга интилишяпти. Ҳақиқатан ҳам, жуда қизиқ фактлар намоён бўлганлигини кўрамиз. Жумладан, 100 ёшдан ўтганлар орасидаги эркакларнинг 98 фоизи, аёлларнинг 99 фоизи оила қурган инсонлар экан, 61 фоизи қишлоқ хўжалигида банд бўлса, 16 фоизи саноатда экан. Умрузоқларнинг 4 фоизигина ақлий меҳнат аҳли бўлиб чиқди. Мана шу рақамларнинг ўзиёқ ер ҳайдаб тирикчилик қилиш, шеър ёзиш ёки олий математика билан шуғулланишга нисбатан бадан учун фойдали эканлигини аниқ кўрсатиб турибди.
Аслида ҳам шунақамикан? Рақамлар ростдан ҳам белгили қонуниятларни акс эттиради, бироқ бу манзара кўпроқ бундан бир аср олдин ҳозирги умрузоқлар касб танлаган чоғдаги касбий бандликни намоён этмаяптими? Бошқача айтсак, ўша вақтда 100 кишидан 61 нафари қишлоқ хўжалигида банд бўлса, 4 нафари ақлий меҳнат билан машғул бўлса, бу нисбат умрузоқларда тўғри акс этган бўлиб чиқади. Шундай қилиб, бу рақамлар умрузоқликнинг сабаби нима, деган асосий саволга жавоб бера олмайди.
Юздан ошиб кетган кезида замондошлари Демокритдан қандай қилиб умри бунча узоққа чўзилганлигини сўраганларида, у доим асал еб, баданига муттасил ёғ суриб турганлигини айтган эди. Демокритга унинг замондошларининг аксарияти шундай парҳезга амал қилганига қарамай, барчаси узоқ умр кўра олмаганлигини важ қилиб кўрсатиб, эътироз билдириш ҳам мумкин эди. Юқорида келтирилган мисолдан ҳам билиниб турибдики, демак, турмуш тарзи билан умрузоқлик ўртасидаги боғланишни илғаш анча мушкул.
Емак истеъмоли билан умрузоқлик орасидаги боғланишни кузатишга ҳам уринилган. И.И.Мечников қаришнинг сабаби, ичакларда яшайдиган микроорганизм воситасида бадан ўз-ўзини заҳарлаши, деб тушунтирган. Ана ўша оғу организмларнинг ҳалокатли ҳаракатларини бироз бостириш учун муттасил равишда ётишдан олдин бир пиёлача қатиқ (простокваша) ичишни тавсия ҳам этган.
Овқатланиш билан қариш ўртасида муайян алоқа ростдан ҳам борга ўхшайди. Буни Украинанинг Физиология институтида ўтказилган тажрибалар ҳам тасдиқлайди. Муайян парҳез билан овқатлантирилган қари — икки ёшли каламушлар муайян муддатдан сўнг, ўзларини ёш — уч ойлик каламушлардек тута бошлаганлар. Энг муҳими, уларнинг организмида қариш жараёнини намоён қилувчи, бирон-бир ўзгариш кузатилмаган.
“Парҳезли овқатланиш ва бир неча хил дармондорилар ёрдамида қаришни секинлатиш ва киши умрини йигирма йилгача чўзиш мумкин” — деб ишонтиради Нобел мукофоти совриндори Лайнус Полинг. Жониворлар билан ўтказилган тажрибалар, бундан ҳам умидлироқ башоратлар қилинишига тўлиқ имкон беради.
Корнелл университети доктори Клин Маклей чорак асрдан буён шунга ўхшаш тажрибалар ўтказиб келади.
Сичқонларни ҳафтада икки кун оч қолдириб, уларнинг умри бир ярим баравар узайишига эришди. Уларнинг кундалик емишларини учдан бирга қисқартириш билан эса, умри узунлигини икки баробар узайганлигини кўрди.
Лабораторияларнинг мазкур натижалари умрузоқларнинг турмуш тарзи билан айнан уйғун келади. Совет геронтологлари саломатлиги ҳали кўнгилдагидек бўлган жуда кекса кишиларнинг 40 000 нафарини сўроқладилар. Маълум бўлишича, уларнинг ҳаммаси емак борасида нафсини жиловлаб олганлар экан. Айнан шундай натижа Анд минтақасидаги жанубий америкалик умрузоқларни ўрганган америкалик геронтологларда ҳам акс этган.
Умрузоқларнинг яна бир муҳим хусусиятини, яъни уларда меҳрибонлик туйғуси ва ижобий ҳаяжон ҳисси кучли эканлигини тадқиқотчилар алоҳида ажратиб таъкидлайдилар. Жаҳл, алам ва нафрат билан яқин ошна эмаслар. Уларда ичиқоралик, ҳасад йўқ. Уларнинг кўнгли ўтган кунга шукр билан, турмушнинг хурсандчилик томонлари билан тўлган бўлади. Улар ўзгаларнинг бахти, омади, муваффақиятидан ўзиники каби лаззат ола билади.
Шунинг билан бирга, овқатланиш ҳам, ҳаяжон ҳам, машғулот тури ҳам умрузоқлик билан алоқаси йўқ деб ҳисобловчилар ҳам бор. Ҳар бир инсон баданида биологик соат мавжуд, биз ҳар қанча ҳаракат қилмайлик, барибир, у соатни на тезлаштира оламиз, на секинлаштира оламиз. Қўнғироқ чалинишини кўрсатувчи милнинг ҳар бир инсонда олдиндан белгиланган аломати бўлиб, у бировда олдин, бировда кейин чалинади. Мана шу “олдин”, “кейин” туғилишдаёқ тақдир қилинган бўлади.
Умр узунлиги аввалдан тақдир қилинганлиги, яъни генетик эканлиги ҳақидаги мулоҳаза айрим кузатувчилар томонидан ҳам тасдиқланади. Баъзи оилаларнинг узоқ умр кўриши наслдан наслга ўтишини кишилар кўпдан бери билишади. Ушбу мавзу ҳақида гап кетганда геронтологлар қуйидаги ҳикояни эслашади. 1654 йилда д’ Арманяк деган кардинал кўчада кетаётиб 80 ёшлардаги чолнинг йиғлаб ўтирганини кўради. Сабабини сўраганида, отаси урганлигини айтади. Ҳайрон бўлган кардинал унинг отасини кўрмоқчи бўлади. Унга 113 ёшдаги тетик ва бардам бир чолни рўпара қиладилар. “Ўғлимни бобосининг ҳурматини бажо қилмагани учун урдим. Бобоси ёнидан унга таъзим қилмай ўтиб кетибди“. Кардинал бу уйда 143 яшар яна бир чолни ҳам кўрган экан.
Умрнинг наслий тақдир эканлиги илмий тажриба орқали ҳам тасдиқ топган. Каламушлар орасидан узоқ яшаганлари танлаб олиниб, улардан максимал узоқ яшайдиган каламуш зоти етиштирилди. Бу хусусият наслий эканлиги ўз тасдиғини топди.
Ростдан ҳам танамизда биологик соат бўлиб, бизга ажратилган вақтни — кун, ой, йилни санаб борар экан, аслида буни аниқлашнинг, унинг моҳиятига етишнинг ўзи қийин. Етиб борилганда ҳам уни тўхтатиш ёки секинлатиш амри маҳол. Буни аниқлашга ҳаракат қилинган, фақат тажриба инсон устида олиб борилган эмас.
Саккизоёқнинг модаси тухум қўйгач, унинг саноқли кунлари қолади. Тобора иштаҳаси йўқолиб, бўшашиб қолади ва 42 кун ичида ўлади. Бунинг ҳаммаси ўзгартириб бўлмас бир кетма-кетлик асосида рўй берадики, чиндан ҳам қандайдир бир соат механизми бошқариб тургандай бўлади. Ана шу механизм аниқланди. Саккизоёқнинг кўз чуқурчасидаги бир без бўлиб, унинг вазифаси кейинги вақтларгача номаълум бўлиб келган. Маълум бўлдики у “ўлим бези” экан. Бир бези олиб ташланган саккизоёқнинг умри икки ойга узайди. Иккала бези ҳам олиб ташланган саккизоёқнинг умри биратўла ўн бир ойга чўзилди.
Ушбу кашфиёт, олимлар фикрига кўра, инсон умрини узайтириш учун ҳам йўл кўрсатса ажаб эмас, бироқ табиат у қадар жўн нарса эмаски, унинг сирлари осонгина қўлга киритилса. Аслида ҳам, инсон ҳужайраси организмда ҳам, пробиркада етиштирилгани ҳам муҳлатли умрга — 50 марта бўлиниш умрига эга, ундан кейин у ўлади. Бўлиниш миқдорини кўпайтириш учун кетган барча уринишлар чиппакка чиқди. Мана шу тажрибалар геронтологларни, инсон умрини санаб турадиган, ҳеч бир таъсирни тан олмайдиган соат хромосомаларда, ҳар бир ҳужайранинг ядросида жойлашган, деган тўхтамга олиб келди.
ЎЛМАСЛИКНИНГ ЯНГИ БИР ОБИ ҲАЁТИМИ?
Ўлмаслик муаммоси билан рус олими В.М.Бехтерев ҳам машғул бўлган. И.И.Мечников ҳужайралар фаолиятини яхшилайдиган зардоб топиб, унинг ёрдамида бутун организмни яшартириш устида қаттиқ иш олиб борган. Моҳиятан бу интилиш ҳам ўша тутқичбермас “оби ҳаёт”ни излаш эди, фақат энди бу фан доирасидаги ҳаракат эди. Шунга ўхшаш бошқа бир зардобни академик А.А.Богомолц тайёрлаган. Бу дори организмни қаришга қаршилик қилишини кучайтириб, ҳақиқатан ҳам бир оз яшартириш хусусиятларини намоён қилган эди.
Айнан шундай йўналишда швейцар шифокори П.Ниганс ҳам иш олиб борди. У организмга янги туғилган чақалоқлар тўқималаридан олинган зардобни юбориш билан яшартирмоқчи бўлган.
Турли унсурларда яшартириш хоссалари ҳар хил бўлар экан. Масалан, Москва II тиббиёт институтида сичқон танасига асалари сути юборилганда, тажрибадаги сичқонлар умри икки баравар узайди!
Совет олимлари НРВ (нефтли ўстирувчи модда) дорисини ишлаб чиқдилар. Бу дорини ичган кишиларда ишлаш қобилияти кучайди, оқ сочлар қорайди, тўқима алмашинуви яхшиланди. Бироқ бу “яшартириш дориси” узоқ муддатли синовдан ўта олмади. (Ҳозир НРВ га фақат ташқи истеъмол учун рухсат этилган).
Умрни узайтириш ва яшариш борасида энг катта умид ва натижа гормонлардан кутилган эди. Кекса кишилар баданига қалқонсимон без гормони юборилгандаги самара ҳайрон қоларли даражада бўлган: бутун организм яшариши бошланган. Бироқ бу ажойиб таъсир узоққа чўзилмаган.
Мазкур соҳада ишлаётган америкалик шифокор Роберт А.Вилсон ўз олдига қийин, лекин олижаноб вазифа — аёлларга ёшликни қайтариш вазифасини қўяди. У даволашнинг мураккаб муайян парҳез, аёллар жинсий эстроген гормони инъекцияси, дармондорилар ва тузлар истеъмол қилиш йўнатимини ишлаб чиқади. Маълум бўлишича, Вилсон қариш жараёнини тўхтатишгагина эмас, балки унга тескари жараён беришга ҳам муваффақ бўлган. Энг муҳими, бу ўзгаришлар фақат умумий ҳолатгагина тегишли бўлмай, аёллар жиддий аҳамият берадиган ташқи қиёфада ҳам ўз аксини топган.
Бир неча йиллардан бери швед клиникаларидан бири тимозин гормони устида муваффақиятли иш олиб бормоқда. Сичқонлар устида олиб борилган тажрибалар натижаси кутилганидан ҳам яхши бўлиб чиқди. Гормон уларга гўё вақт жойида тўхтаб қолгандай таъсир этди. Гормонни мижозларга ҳам юбордилар. Ўша клиникада бўлган мухбир кўринишидан 60 ёшларда бўлган бир аёлни учратади. Кейин билса, унинг ёши 89 да экан. Ушбу тажрибаларни ўтказувчи шифокорнинг ишончига кўра, гормонни мунтазам юбориб турилса, умр узунлигини 130 ёшга бемалол етказиш мумкин экан.
Ушбу маълумотлар доирасида, айрим ҳашоратлар учун лабораторияларнинг бирида “яшартирувчи гормон” ишлаб чиқарилгани ҳақидаги хабарда ҳеч қандай лоф йўқ бўлиб кўринади. Ана шу гормонни ҳашорот танасига юбориш билан уни чексиз муддат “ёшликда” ушлаб туриш мумкин. Бу кашфиёт ва юқорида зикр этилган маълумотлар инсон учун ҳам эртами, кечми шундай гормон ишлаб чиқилади, деган умид туғдиради.
Гормонларнинг бу масалада ҳеч қандай аҳамияти йўқ бўлса-чи, дейди баъзилари. Биз илдизларига боқмай, бутоқларини қирқмоқдамиз. Қаришнинг илдизлари бошқа томонда: йил ўтган сайин организмимизда “эркин радикал” деб аталадиган катта электрик имкониятга эга бўлган молекулаларнинг қолдиқлари йиғилиб қолади. Ана ўшалар организмда ёқимсиз ва қайтарилмас ўзгаришлар келтириб чиқаради. Уларни таъсирсизлантириш иложи топилса эди…
Бу борадаги илк қадам ҳақида ҳам маълумот олинди. Жуда бир жўн восита — саноатда ёғнинг бузилмаслиги учун ишлатиладиган консервантлар ишлатиб кўрилди. Назорат остидаги сичқонлардан тажриба учун олинганлари бошқаларидан бир ярим марта кўпроқ яшади. Буни инсонга татбиқ этсак, инсониятнинг ўртача ёши 105 га етиши мумкин. Натижа чакки эмасми? Ҳа. Бироқ бу ҳали бошланиши. Агар биз “эркин радикаллар”ни таъсирсизлантира олсак, инсон умрини бир неча юзйилликка етказиш мумкин, деб ҳисоблайди айрим олимларимиз.
Бошқа йўналишлар ҳам бор. Улар бундан ҳам кўпроқ самара ваъда қилиши мумкин.
Бошқалардан фарқ қилмайдиган, ҳатто мутлақо фарқланмайдиган бир инсонни олайлик. Унинг қўлига тасодифан тегиб кетсангиз, ғайриодатий бир совуқни сезасиз. Сезасиз, бироқ эътибор бермайсиз. Лекин бу нимани ифода этишини англасангиз диққатингизни тортади. Агар сиз ҳозирги кунда инсон баданидаги ҳароратни пасайтириш борасида тажрибалар ўтказилаётганидан бохабар бўлсангиз, албатта эътибор берасиз.
Танамиз ҳароратини бошқариб турадиган гипоталамусга натрий ва кальций эритмалари юборилса бутун вужудимиздаги ҳароратни муайян даражада изга солиб туриш мумкин. Маймунларда мана шундай синов ўтказиш натижасида унинг тана ҳароратини 60 даражагача пасайтиришга муваффақ бўлинди. Маймунларда совқотиш, уйқусираш, бўшашиш каби асоратлар мутлақо сезилмади.
Навбат инсон баданида ўтказиладиган тажрибага етди.
Бироқ нега, нима учун, бундан не маъни бор? Маъниси инсон умрини узайтиришдир. Агар инсон танаси ҳарорати бор-йўғи 2о пасайтирилишга эришилса, унинг ўртача умри 200 йилга етади. Мабодо инсоннинг мўътадил ҳарорати 33о бўлгудай бўлса, унинг умри 700 йил бўлиши кутилади. Мутахассислар фикрига кўра ҳароратимиз пасайтирилганида ҳам 37о даги ҳароратда ўзимизни ҳис қилишимиз, ташқи ҳарорат ўзгаришига мослашишимиз қандай бўлса шундайлигича қолади.
Ҳароратни пасайтирувчи восита оддий хапдори сифатида ишлаб чиқарилиб, ҳар бир инсон сотиб олиш имконига эга бўлиши кутилади. Қачон экан?
Дори кашф этилишидан то унинг оммавий сотувга чиқарилиши учун, одатда, 5-6 йил кетишини ҳисобга олсак ҳамда бу кашфиёт ихтиёрий талабгорларда синалиб, самара берса, унинг оммавий чиқарилишига оз муддат қолди деб умид қиламиз.
Янги “оби ҳаёт” изланишларининг йўллари кўплигидан ажабланмаслик керак. Бир йўналишдаги изланиш иккинчисининг йўлларини ёритиб туришини назардан қочирманг. Баъзи футурологлар 2 000 йиллар бошларида амалда 40 тача умрни узайтирувчи дорилар қўлланила бошланишидан башорат қилмоқдалар.
Сўнгги ўн йилликларда ўтказилган тажриба натижалари қадимги ота-боболаримизнинг “оби ҳаёт” ва “яшартирувчи воситалар” ҳақидаги муждалари жудаям эртак эмаслигидан далолат эмасмикан? Бизгача етиб келган овозалар асл ҳақиқатнинг акс садоси ҳам бўлиши мумкин-ку!
БЕГОНА БАДАНДА
Чет эллардаги бир илмий-текшириш институтининг лабораториясида олимлар ғалати бир бақани намойиш қилдилар. Ғалатилик унинг ташқи кўринишида, эмас, балки хатти-ҳаракатида эди. Бошқа барча бақалар каби олдидаги сув ҳавзасига сакрашдан кўра бу бақа ердан ин излаб унга яширинишга уринарди. Унинг бошқа хатти-ҳаракатлари ҳам ўзгача эди. Мазкур бақанинг тушуниш қийин бўлган қилиқлари кутилмаган тарзда изоҳланди.
— Биз бақанинг миясини қурбақаники билан алмаштириб қўйдик. — Натижасини кўриб турибсиз, бақа қурбақа каби ҳаракатлар қилмоқда. Бу тажриба 1963 йилда ўтказилган. Ўша кезлар кўпчилик қуйи жониворларда амалга оширилган тажрибалар юқори даражада ривожланган жониворларда керакли самарани бермайди, деган фикрда эди. Бу янглиш қараш совет олими В.Н.Демиков бир итнинг калласини иккинчи ит гарданига ўрнатишга муваффақ бўлганидан кейин рад этилди. Икки жонивордан ташкил этилган бу жонзотга одатдаги итларга хос рефлекслар ўзгармаган эди. Тўғри, у узоқ яшай олмади, атиги икки-уч кун умр кўрди.
Профессор Демиковнинг тажрибаси илм оламида катта шов-шувга сабаб бўлди. Америкалик нейрохирург Р.Уайт: “Ҳозирча бундай тажрибани инсон устида ўтказишнинг имкони йўқ, бироқ ана шундай имкон борлиги тан олинмоғи, эътироф этилмоғи даркор”, деб ёзган эди.
Бу имконият инсоннинг бошқа муҳим аъзолари — буйрак, жигар ва юрак кабиларни кўчириб ўтказишнинг қай даражада муваффақиятли амалга оширилиб бориши билан чамбарчас боғлиқ. Агар тўқималар чиқишмаслиги муаммоси узил-кесил ҳал этилса, бу соҳадаги тажрибаларга кенг йўл очилади. Ҳатто ҳозир мутахассислар бошни тўласича кўчириш афзалми ёки фақат мияними, деган баҳсни бошлаб юборишганлиги масалага жиддий киришилганининг аломатидир. Р.Уайт фикрича, миянинг ўзини кўчириб ўрнатиш мақбулдир. “Литературная газета”га берган мулоқотида шундай дейди: “Мия инсоннинг энг нозик аъзосидир, деган қараш мавжуд, демак, энг нозик аъзода ўзидан итариш жараёни (бегонасираш), бошқа унча нозик бўлмаган аъзолардагига нисбатан анча кучсиз бўлиши керак”. Назарий жиҳатдан, келажакда киши шахсиятини белгиловчи бўлмиш мия бир танадан иккинчисига, учинчисига кўп марта ўтказилган бўлишини тасаввур этиш мумкин.
Фазовий ракеталар маконнинг имкон қадар узоқ нуқтасига кичик бир капсулани етказиш учун парвоз пайтида бирин-кетин ўз қисмларини ажратиб ташлайди. Инсонда ҳам шунақа. У ҳам бирин-кетин қариган, эскирган, ишдан чиққан аъзоларини ажратиб ташлаши мумкин бўлади. Инсон унинг ҳар бир бундай ҳаракати унинг замон уммонида асрдан-асрга, минг йилдан иккинчи минг йилга томон етаклайди.
Бир кишининг умри ва хотирасида инсоният тарихининг бир неча даврлари жой олади. Бундай инсонларнинг тафаккури ва тасаввури ҳозирги замоннинг атиги бир неча ўн йил умр кўрадиган инсонлариникидан анча фарқ қилади.
Аввал бўлиб ўтган барча ҳодисалар: сиёсий курашлар, урушлар, дипломатик ўйинлар, унинг назарида инсоният тарихидан олдин содир бўлган воқеаларга айланади. Ана ўша тарихдан олдинги замоналарнинг бир бурчидан ўз меҳнати ва улуши билан инсоният келажагига замин солган насллар ўрин эгаллайди. Ўша келажакни қанақа бўлишини аниқ айтиб бера олмасак ҳам, ўтмиш аждодларимиз биз ҳақимизда башорат қилганлари даражасида биз ҳам келажакни тасаввур қилишимиз мумкин. Бундан икки минг йил бурун “Апокалипсис” муаллифи “Ўлим бўлмайдиган, йиғию қайғу кўрилмайдиган, касалга чалинмайдиган кунлар” ҳақида ёзганида ўша биз айтаётган келажак ҳақида ёзмаганмикан?
Инсон миясини, яъни онгини бир танадан иккинчисига кўчириш билан шахс умрини чексизликка қадар узайтириш мумкинлиги ҳақида айтдик. Бироқ қачонлардир инсоният табиат унга инъом этган танадан воз кеча олиш имконига эга ҳам бўлиши мумкин. Яқин келажакда инсон баданининг барча аъзоларининг сунъий кўринишини ясаш мумкинлиги ва бу ўпка, юрак кабилар табиийдан кўра анча пухта бўлиши ҳамда биотоклар воситасида бошқарилиши ҳақида анча дадил фикрлар билдирилмоқда. Москвадаги илмий-текшириш институтларининг бирида биоток ёрдамида бошқариладиган сунъий қўл ва оёқлар қолипи (модели) яратилиб бўлди. Агар қўлингизни қиссангиз ёки қўйиб юборсангиз ундаги импулслар сунъий нусхага йўналтирилади ва сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз, ишорангизни қайтаришга мажбур этади. Бир кунлар келиб инсон танасидаги нозик ва вақтинчалик аъзоларини алмаштириш имкони тўлиқ туғилган вақтда, ўз вужудига ҳайвонлик ўтмишидан қолган ортиқча матоҳ сифатида қаралса, не ажаб! Вақти келиб “мен”ликнинг ортиқча воситаси бўлиб қолган бадандан, ҳозирги кунда кўричакдан қутулгандай қутулиш мумкин бўлар. Шахсиятнинг, онгнинг макони бўлмиш мия бора-бора анча мустаҳкам ва ишончли қобиққа эга бўлади. Бундай тана аъзолари синтетик моддалардан ташкил топган бўлиб, унинг орасида жойлашган инсон мияси буйруқларига бўйсунади. Бу “тана”нинг айрим қисмлари ва аъзолари вақти-вақти билан алмаштириб турилганлиги учун амалда у абадийлик кашф этади.
Инсон ва машинанинг бу чатишмасини ифода этиш учун америкалик М.Клайпе ва Н.Клайнилар “киборг” деган махсус атама ҳам ўйлаб топишган. Айримлар эса, идрокли ҳаёт Ердан оламнинг турли нуқталарига айнан шу кўринишда тарқалади, деб ҳисоблайдилар.
Ҳақиқатан ҳам қусурли танага эга бўлмиш инсонлардан киборгларнинг устунлиги яққол кўзга ташланади. Биринчидан, энг муҳими умрнинг чексизлиги. Иккинчидан, киборглар учун атмосферанинг кераги йўқлиги учун ҳам, улар ҳавосиз жойларда: ойда, астероидларда ҳамда атмосфераси метан, аччил кўмир, газлар билан қопланган сайёраларда танаси талабидан келиб чиқиб, инсонлар бир дақиқа ҳам яшай олмайдиган ерларда бемалол ҳаёт кечира оладилар. Учинчидан, киборгларга емакнинг ҳожати йўқ. Улар учун энг зарур нарса бу миянинг биологик мавжудлигини таъминлаш учун керак бўлган қувват бўлиб, уни ташқи қандайдир бир манба таъминлаши кифоядир.
Танадан ташқарида миянинг мавжуд бўла олиши ҳозирги кунда хаёлий бир нарса эмас. Лабораторияларда маймун ва итларнинг ажратиб олинган миялари устида тажрибалар ўтказилди. Мияга ҳаётий фаолиятни давом эттира оладиган шароит яратилди. Ушбу шароитдаги мия фаолияти кўрсатмалари билан табиий муҳитдаги мия фаолияти ўртасидаги фарқ ниҳоятда кам бўлиб чиқди. Демак, ушбу ажратилган мияга ахборот етказиш уддасидан чиқилса, тананинг турли аъзоларига юбориладиган импулслар сунъий қолип йўли билан (бу усул мавжуд) берилса, киборгнинг дастлабки нусхаси яратилди деб ҳисоблайверинг.
Танани бемалол йиға олиш имконияти инсон умри ва фаолияти борасида чексиз истиқбол ваъда қилади. Ростдан ҳам, икки оёқ юриш учун энг қулай тузилишми? Иккитагина қўл етарли деб ўйлайсизми, бутун баданда пайпаслагичлар каби ўнлаб қўллар бўлиши ёмонми? Инсон ўта гунафша ва ўта қизил рангларни фарқламаслиги, фақат олдини кўриб, орқа ва тепасини кўра олмаслиги табиатнинг қусури эмасмикан? Мулоқотни олайлик. Радио ва телефонни ҳисобга олмасак, инсон овоз найчалари имкон берган доирадагина алоқага кириша олади. Булар ниятлар, истакларнинг бир қисми, холос. Киборглар эса, ўта қисқа тўлқинлар каби воситалардан фойдаланиб, жуда олис масофалардан туриб алоқага кириша олсалар керак. Табиат эволюция йўли билан юзлаб асрлар давомида эришган нарсага, лабораторияда саноқли йиллар, ҳатто ойларда эришиш мумкин.
Мазкур йўналишдаги ишлар анча шиддатли олиб борилаётганига қарамай, биз чизиб берган манзара қачон аниқ ҳаётий ҳодисага айланишини айтиш мушкул. Р.Уайтнинг фикрича, инсон миясини кўчириб ўрнатиш учун ҳали бир неча ўн йил керак бўлади. Бу жуда эҳтиёт бўлиб айтилган гап. Ажабланарлиси шуки, гап очилиши кутилаётган кашфиёт ёки ихтиро вақти ҳақида кетганида кўпчилик олимлар фикр айтишдан тийиладилар ёки шубҳа билдирадилар. Атом ядросини эркинлаштиришга яқин юз йилликда эришиш мумкинми, деган саволга, бошқа бир олим эмас, А.Эйнштейндай олимнинг ўзи:
— Бу мутлақо мумкин эмас! — деб жавоб берган эди. Бу гап атом бомбасининг дастлабки портлатилишидан атиги ўн йил олдин айтилган эди.
ЎЗИДАН НУСХА КЎЧИРУВЧИЛАР
Атайлабми, йўқми, воқеаларнинг боришига кўра, инсоннинг мангу яшаш орзуси йўлидаги интилишларида анъанавий ёрдамчи жонзот маймун ва ё денгиз чўчқалари эмас, балки бақалар муҳим ўрин эгаллайди. Мияни кўчириб ўрнатиш биринчи марта айнан бақада амалга оширилди. Ўлмаслик манзилига бошқа бир йўлни — ўзидан нусха кўчиришни ҳам бақа бошлаб берди.
Жониворни ташкил этувчи ҳар бир ҳужайра ўз ядросида янги организмни ҳосил қилиш учун лозим бўлган наслий хабарни сақлаб келади. Бу хабар гўёки мудраб ётади, кўп йиллар уни фаоллаштириш учун қилинган ҳаракатлар зое кетган. Бир неча йил аввал олимлар ниҳоят бунга эришишди. Бу Англиянинг Оксфорд университетида содир бўлди. Вояга етган бақанинг ичаги ҳужайрасидан тажриба давомида янги ҳужайра яратилдики, бу биринчисининг гўё биологик қўшоғи эди. Бу асл нусхасидан фақат ёши билангина фарқ қиладиган нусха эди.
Тажриба катта шов-шувлар келтириб чиқарди. Газеталардан бирининг ёзганига кўра, “демак, лоақал назарий жиҳатдан ана шундай қўшоқларни, жумладан, инсон қўшоқларини яратиш мумкин”. Неаполдаги генетика ва биофизика бўйича халқаро лаборатория директори А.Бузатти-Траверсонинг гапларига қараганда, “ушбу усулни қўллаш билан, яъни вояга етган ҳар қандай инсондан ҳужайра ядросини олиб (бунинг миқдори сон-саноқсиздир), ядросиз ҳужайраларда ўстириб, истаган миқдордаги биз билан генетик жиҳатдан айнан бўлган шахсларни яратиш мумкин. Бу билан муайян маънода ўзимизнинг абадийлигимизни таъминлаган бўламиз. Бинобарин, бундай операцияларни хоҳлаганча қайта-қайта ўтказиш имкони бўлади”.
Бу 80-90 ёшга борган қари киши ўзини янги туғилган инсон сифатида такрорлаши мумкин демакдир. Бироқ, биологик ва ташқи қиёфа жиҳатидан айни нусха бўлишига қарамай, қўшоқнинг ўз онги мавжуд бўлади; ушбу маънода бу бошқа бир шахс бўлиб, унинг хотираси, қувонч ва ғамлари, севгиси, нафрати асл нусханикидан анча йироқ бўлади.
Тўғри, совет олими П.К.Анохин бошқа бир фаразни илгари сурди. Бунга биноан, инсон умри давомида олган ахборотини қўшоғига ўтказиш имкони бор. Бу ҳолда кўчирилган нусха — қўшоқ асл нусха бошидан кечирганларни хотирасида сақлаб қолади ва ўз умрининг тарихи деб ҳисоблайди. Шу тарзда ана шу шахсларнинг тўлиқ айнанлиги таъминланади. Шахс онгининг занжири бадандан баданга ўтиш билан узилмайди. Қариб, чириган тана борасидаги хотира ҳам узлуксиз бўлиб, ўтган йил, ўтган ой ёки кечаги воқеалар хотирамизда қандай бўлса, у ҳам шундай бўлади.
АБАДИЙЛИКНИНГ АЁЗЛИ ЙЎЛИ
Колима олтин изловчи ишчиларининг ўша куни топиб олган нарсаси ёмбига ҳам унча ўхшамасди. Бироқ топилма теварагида олиб борилган баҳс, тарқалган миш-мишлар олтин хазинасига учрагандан ҳам каттароқ бўлди. Ўн бир метр чуқурликдан чиқариб олинган тиниқ муз парчаси ичида қотиб қолган бир нарса олтин изловчиларга қадалиб тикилиб турарди. Атиги 10 сантиметр бўлган бу нарса худди тирикдай эди.
Энг кутилмагани эса, музи эриганида бўлди. Бу махлуқ — уларга сувда ва қуруқликда яшовчи Сибир арратиши бўлиб кўринди — қимирлади, мунчоққа ўхшаш кўзларини очиб, уни ўраб олган кишилардан қочмоқчи бўлиб кўрди.
Ғаройиб топилма ҳақида Украина академиясининг Зоология институтига хабар берилди. Абадий музликдан ташриф буюрган меҳмон тез орада, тирик, соғлом ҳолатда Киевга келтирилди. Арратишнинг умри, одатда, 10-15 йилгача етади. Агар ушбу нусха бу ёшдан кўпроқ яшаганлиги аниқланса, демак, бир неча йил ана шу муз парчасида ер остида яшаган бўлиб чиқади. Яхши йўлга қўйилган радиоуглерод усули бу сўроққа жавоб топиш имконини берди. Колимадан келтирилган бу арратишнинг ёши 100 га яқинлашиб қолган экан. Демак, 85-90 йил муқаддам бу жонзот ўша муз парчаси ичида яхлаб қолган, ҳамда унинг учун вақт ҳам тўхтаб қолган.
Бундай ҳолда яшаб қолиш учун 100 йил чегара эмас экан. Хидорус қисқичбақачаси 20 000 йил абадий музликда ётганидан сўнг, уни тирилтириш имкони бўлди! Яқин-яқинларгача кўпчилик бундай ҳолат фақат совуққонлиларга хос, сут эмизувчилар, хусусан, инсонлар билан бундай ҳодиса содир бўлиши мутлақо мумкин эмас, деб ҳисоблардилар. Бироқ бундай ишончга собит қолиш тобора қийинлашиб бормоқда.
“Яхлаб ўлишдан” кейин тирилиш мумкинлигини тасдиқлаш мақсадида америкалик тадқиқотчилар итлар устида тажриба ўтказишди. Ўн икки ит музлатилди ва икки соат шу ҳолатда ушлаб турилгач, улар ҳаётга қайтарилди. Тирилгандан 30 дақиқа ўтгач, юра бошлашди, кейин сув ичдилар, бир неча соатдан сўнг овқат ҳам едилар.
Бунга ўхшаш тажрибалар бизнинг ихтиёримизсиз инсонлар билан ҳам бўлиб туради.
…Тун ярмида Василий Ш.деган ҳайдовчи уйига қайтади. Кимсасиз кўчада кетаётиб, мазаси қочади, ҳушидан кетиб қор устига йиқилади. Ҳарорат эса — 30о эди. Эрталаб “шошилинч ёрдам” келганида унинг томири уришдан тўхтаб қолган эди. Энгаги, бармоқлари, панжаларини муз қоплаган ҳолда экан. Ҳатто оғзининг яхлаб қолганлиги сезиларди. Шифокорлар “совуқдан музлаб ўлган” дебдилар.
Шунга қарамай, уни ҳаётга қайтариш учун имкон борича ҳаракат қилинди.
“Ш.ни энг олдин илиқ ваннага солишди, кейин юракка малҳам бўладиган, тинчлантирадиган дорилар юборилди, кейин эса электр чироқлари йўналтирилган каравотга ётқизишди. Мана шундай шиддатли иситишлардан кейин ўзига кела бошлади, “Бемор ҳозир ўзи юра бошлади, ўзини ҳис этиши яхши” — деб мухбирларга ҳикоя қилади профессор Л.Ф.Волков.
Бу ягона ҳодиса эмас. Бундай ҳодисаларнинг жуда оз қисми матбуот юзини кўради. Ундан ҳам кам қисми кишилар эътиборини тортади, эсларида қолади.
1987 йилнинг қишида мўғул чўлларида бир бола яхлаб қолади. 34о совуқда 12 соат давомида қор устида қолиб кетади. Бутун бадани қотиб муз ҳайкалга айланиб қолади. Томири урмас, нафас олмас, ҳаёт нишонаси қолмаган эди.
Воқеа жараёнидан билинадики, мўғул шифокорлари бундай ҳолда нима қилишни яхши билишар экан. Бироз вақтдан кейин боланинг томири ура бошлайди; биласизми қанча – бир дақиқада икки марта. Нафас олиш тикланиб, боланинг кучсиз ингранишини реаниматорлар эшитгунга қадар кўп соатлар ўтди. Бир кеча-кундуздан сўнг бола бармоқларини, кейин қўлини қимирлата олди. Юрак тобора тез ва бир маромда ура бошлади. Яна 24 соат ўтиб у кўзини очади. Идрок қилабошлайди. Даволаш ва кузатиш бир ҳафта давом этгач, қуйидагича тиббий хулоса билан уйига қайтарилади, “Патологик ўзгаришлар йўқ”.
Музланиш ҳолатида қотиб қолган ҳужайралар заминида, қотиб қолган мушаклар қатлами остида ҳаётнинг илиқ бир учқуни макон топади. Асосий вазифа ўша учқун ўчмаслигига эришишдан иборатга ўхшайди. Агар у ўчмаса инсонни бир неча соат ёки кунлардан кейин эмас, балки йил, ҳатто юзлаб йиллардан сўнг ҳам ҳаётга қайтариш мумкин.
Назарий жиҳатдан боқилса, анабиоз ҳолатидаги киши ўзининг уйғонишини йигирма тўртинчи, йигирма саккизинчи, ўттизинчи асрларга мўлжаллаши мумкин. У истаса, минг йилни, ўн минг йилни ҳам танлаши мумкин. Агар ўша кимса ҳозир тузалмас хасталикка чалинган бўлса, ўша касалликни даволаш усули ишлаб чиқилган замонда уни муздан олишини шарт қилиб қўйиши ҳам мумкин.
73 ёшли америкалик психология профессори Жеймс Бедфорд ана шундай қилган эди. Унинг танасидан қонни чиқариб олишиб, ўрнига махсус суюқлик юборилган ва мунтазам равишда совутилган суюқ азот айланиб турадиган музхона камерасига жойлаштириб қўйишган. Профессорнинг яхланган қиёфада келажакка отланиш борасидаги қарорига турлича ёндошишлар бўлди. Баъзи журналистлар: “Тирилолмай қолса, Бедфорд жуда афсусланса керак” деб ҳазил ҳам қилишди. Шунга қарамай “музлаб келажакка сафар қилиш”га АҚШ ва Японияда юзлаб кишилар бирин-кетин жазм этишди.
Профессор Пол Сигал вақти-соати тугаб қолган “мижоз”лар клиник ўлим бошлангунча музлаткич камерага ўзларини қамаш методини ишлаб чиқди. “У ерда, — дейди профессор, — то фан унинг касалини енгиб, унга янги ҳаёт бағишлайдиган замонгача тураверади”.
Бир талай французлар ушбу йўлни танладилар. Уларнинг ҳар бири қуйидаги матн ёзилган османи бўйнига тақиб юрадилар: “Камина имзо қўйиб тасдиқлайманки, мен ўлсам танам шу заҳоти музлатилиб, имкон қадар қуйи ҳароратда сақлансин”.
Муҳими, анабиоз ҳолатига кириш, узоқ замон масофасини босиб ўтиб, турли асрлар, ҳатто мингйилликларда яшаш эмас, албатта. Ушбу вақт саёҳатига музхоналарда отланган кимса, инсон абадийлиги муаммосини ҳал этган ёки этаёзган бир замонга тушиб қолиш мақсади ҳам бор.
Бундай саёҳатга барчанинг ҳам қурби етмайди. Жумладан, Францияда яхлатилишнинг нархи 128 000 франк. Дастлаб бу таваккалга жазм этган 40 французнинг ҳаммаси миллионерлар эканлиги бежиз эмас.
Қадимги инсонлар нариги дунёдаги ҳаёт, бу дунёдаги кундалик турмушнинг давоми ва такрори, деб билганларидек, музлатилишга шайланганлар ҳам келажак жамиятни ҳозирги жамиятнинг бир нусхаси деб биладилар.
Қадимгилар ўлганлар билан бирга гўрига нариги дунёда керак бўлади, деб ҳисоблаган нарсаларини қўшиб кўмганлар. Айнан шундай музхона орқали келажакка отланганлар ҳам банкда катта миқдордаги маблағи бўлишга интиладилар. Қаранг-а, 300 йилдан кейин миллионер бўлиб тирилиш учун ҳозир банкка 1 000 доллар қўйиш кифоя қилар экан.
Аммо, лекин, ўша узоқ келажакда яшаш учун ғамлаб мўлжалланган пул, қадимги аждодларимиз жасад билан қўшиб кўмган тош, болта, найзалар қийматига эга бўлиши ҳам мумкин. Ўз қийматини йўқотиб бўлган пулдан воз кечиш қийин эмас. Бироқ музхоналардан узоқ келажакка кириб келган кишининг атавистик руҳоний-ахлоқий сармояси масаласи қандай ҳал бўлар экан?
Келажак жамиятини фақат илмий-техник ва ижтимоий жиҳатдангина эмас, балки ахлоқий жиҳатдан ҳам кўз кўриб қулоқ эшитмаган шиддатли ўзгаришлар жамияти деб тасаввур этилади; Бу жараён қанчалик шиддат билан амалга ошса, ҳар бир авлод олдингисидан шунчалик фарқ қилиши, табиий. Мана шу ўзгаришлар натижасида инсоният ўлмаслик ниятига эришди, деб тасаввур қилайлик. Авлодлар алмашиниши тўхтайди… Бундан якка шахснинг мангу яшаш орзуси ва инсоният эволюцияси бир-бирига зид деган хулоса чиқарса бўладими?
Ўз вақтида Шўролар мамлакатида 1224 кишидан “Сиз мангу яшаб қолсангиз, лекин натижада Ер юзида тараққиёт тўхтаса, нима дейсиз, деб сўроқланганда, уларнинг 90 фоизи, бундан кўра ўлимга рози эканликларини билдирганлар.
Бундан келажакда айнан шундай фикрли кишилар кўпайиб боради, деган хулоса чиқармоқ керак. Улар бутун инсониятнинг ақлий ва ахлоқий равнақи чўққисига чиқиши учун шахсий умрлари абадий бўлишидан воз кеча оладилар. Зотан, инсониятнинг узлуксиз ривожининг маъниси ҳам шундадир. В.М.Бехтерев “Жамият эволюциясидан мақсад олий ахлоқли инсонни яратишдан иборатдир”, деб ёзган эди. Балки, умрнинг неча йиллиги, давомийлиги асосий ўлчов ҳам эмасдир. Тропик оролларнинг бирида Чарли Чаплин қизиқ бир суҳбатнинг шоҳиди бўлади. Бир америкалик маҳаллий чолдан унинг ёшини сўраб аниқламоқчи бўлади.
— Зилзила қачон бўлган эди? — деб сўради чол.
— Ўн икки йил олдин, — жавоб берди америкалик.
— Ҳа, ана, ўша кезда менинг уч нафар уйланган ўғлим бор эди.
Суҳбатдоши жавобидан қониқмаганлигини пайқаган чол давом этди:
— Мен икки минг долларлик яшаб қўйдим, – деди-да, умри бўйи сарфлаган пули шунча эканлигини айтди.
Бу манзарада ҳисоб мавҳум самовий тушунча: Ернинг Қуёш атрофида қанча айланганидан эмас, балки тайинли бир инсон умридаги воқеаларга суянади. Бундай қараш оврўпаликлар учун ёт, бироқ бошқа маданият вакиллари учун кўникимлидир.
Инсоний маданиятларнинг яқинлашуви натижасида бундай назарлар кўпчиликка тушунарли бўлиб қолиши мумкин. Ўшанда кишидан унинг ёши сўралганида у ўзи эришган ютуқлари, яхши амалларини айтади, биологик мавжуд бўлиш санасини унутарди. Ростдан ҳам, инсоннинг маънавий камолоти унинг ҳақиқий умридир, балки.
Ўша кезларда кишилар юқоридаги саволга:
— Мен минг беморни тузатдим.
— Эллик бора ҳосил кўтардим.
— Уч болани ўстирдим, – деган жавоблар берарлар.
Биздан жуда олис келажакда, инсон камолот чўққисига эришиб, абадий яшашнинг маънавий ҳаққига эга бўлса ажаб эмас. Ўша пайтда мангу яшаш инсон ақл-заковатининг ҳийласи эмас, балки ахлоқий мақомининг биологик чўққиси ҳисобланади.
Масала шундай экан, яъни инсон мангу умрга ўз эволюциясининг юқори чўққисида, маънавий ҳаққа эга бўлган чоғда мушарраф бўлар экан, унда ҳозир ва ҳозиргача бўлган изланишлар, кашфиётларга не ҳожат? Буларнинг барчаси бемаънилик эмасми?
Бундай юзаки саволлар туғилиши табиийдир. Айни чоғда барча юзаки нарсалар каби булар ҳам алдовчидир.
Маълумки, Спартак қўзғолони қулдорликка барҳам бера олмади. Викингларнинг Атлантика бўйлаб сузишлари Американи очмади.
Шунга қарамай, жуғрофий кашфиётлар тарихи, инсониятнинг эрк учун кураши тарихида нега мазкур ҳодисаларни эслаймиз, ўрганамиз? Давом эттирилмаган ҳодисаларгина ҳеч қандай натижага олиб бора олмайди.
Уларнинг ҳар бири муайян самара билан якун топмаса ҳам, инсоннинг руҳоний ва ахлоқий такомилида бир босқич эди. Ана шунинг учун ҳам Спартакнинг қони бежиз тўкилган эмас, унутилган ёки инкор этилган кашфиётлар беиз йўқолмади.
Ўлмаслик йўлидаги изланишлар ҳам аслида ана шундай поғоналардандир. Мангуликка эришиш ёки ундан бутун инсоният камолоти, ҳаёти учун воз кечиш ҳам ўша поғоналардандир. Агар инсон эволюция йўли билан табиий мангуликка етишар экан, бу абадийлик ўша чоғда ҳозиргидай қизиқиш уйғотмаслиги, унчалик керакли бўлиб кўринмаслиги ҳам мумкин. Чунки баркамол инсоннинг баҳолари ва ўлчовлари бизнинг ҳозирги тасаввурларимиздан анча-мунча фарқ қилади.
Қадимги инсонлар умрни узайтириш, ҳатто анча муддатга чўзиш воситаларини билган ҳам дейлик. Замонамиз фани ахир бир кун инсон умрини бир неча ўн йилга, ҳатто асрларга узайтириш иложини топди ҳам дейлик. Бироқ иккинчи бир ҳақиқат ҳам мавжуд — бу инсон мангу яшаш воситаларини излашига ҳожат йўқ, зотан инсон гавҳари табиатан абадийдир деган фикр. Бу фикр мажозий ёки кўчма маънода эмас, балки тўғри маънода эканлигини ҳисобга олинг.
Оҳанрабо кўзимиз билан қабул қилинадиган оддий темир маъдан парчасидан фарқланадиган, бошқа бир маъдан бўлгани каби, инсон ҳам биз кўзимиз билан қабул қиладиган вужуддан кўра қийматлироқ бир мавжудотдир. Биологик тузилмага эга бўлган танамиздан ташқари, тадқиқотчилар фикрига кўра, бизни таналаримизни ўраб турадиган, унга кириб уни тўлдириб турадиган биомайдон (В.М.Инюшин “биоплазма” деб атайди) тизилмаси ҳам мавжуд.
Н.К.Манеевнинг “Фандаги антиномиянинг фалсафий таҳлили” китобида ушбу масалага катта бир боб бағишланади. Гераклитнинг “Тафаккурнинг қуввати танадан ташқарида бўлади” деган гапини келтиргач, муаллиф унинг фикрлари силсиласи билан таниш бўлмаган ўқувчини таажжубга соладиган ғояларни ўртага ташлайди: фикрни ҳосил қилувчи тизилма биомайдондир. Демак, инсоннинг барча ҳаётий тажрибалари, у тушган вазиятлар, оғзидан чиққан барча сўзлари, ҳамма эшитган сўзлари ўша биомайдонда қайд этилади ва ўзига хос голограммлар тарзида сақланади.
Бошқача айтганда, биомайдон тизилмаси бизнинг хотирамиз қазноғи, тафаккуримизни ҳаракатга келтирувчиси бўлиб, ҳар биримизнинг “мен”лигимизни таъминловчи ҳамдир. Булардан жуда муҳим хулоса чиқариш мумкин.
Нурланган майдон, ўз манбаидан мустақил равишда мавжуд бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Манеев. Радионгиз ўчиб қолганида, радиотўлқинлар ўзларига юкланган ахборотни олиб макон бўйлаб тарқалишда давом этаверади ёки аллақачон сўниб бўлган юлдуздан келаётган нур фазолар оша йўқ бўлиб кетган самовий жисм ҳақида ахборот ташиб тарқатишда давом этади ва у кузатувчи томонидан мавжуд жисм сифатида қабул қилинади. “Худди шундай, тана ҳалокати чоғида “нурланган” биомайдон, ўша тана ҳақидаги ахборотларни тўлиқ сақлаган ҳолда мавжуд бўла олади. Бошқача қилиб айтилса, биологик тананинг ҳалокати, инсон хотираси ва шахсиятини белгиловчи унинг биомайдони йўқолишини англатмайди.
Мавзумиз ўлмаслик, унга етишишнинг қадимда ва ҳозирда, ҳатто келажакдаги изланган, изланаётган, изланадиган йўллари ҳақида. Бундан ташқари, инсоннинг абадийлиги бизнинг интилиш, уринишларимизга боғлиқ бўлмаган ҳолда қандайдир бир шаклда мавжудлиги борасида ҳам тўхталдик. Кейинги фикр ҳам тўғрилигини тасдиқловчи яна бир далилга мурожаат этсак.
Маълумки, Борлиқ кенгаймоқда. Бу жараён бундан 15-22 миллиард йил аввал, ҳали Борлиқнинг массаси бир нуқтага йиғиштирилган — “коинотнинг илк томчиси” ҳолида мавжуд бўлган кезда бошланган эди.
Бу ҳолат нима сабабдан ўзгарган-у, ҳозир “буюк портлаш” деб аталадиган жараён бошланганининг сабаби бизга аён эмас. Ҳар томонга учиб, кенгайиб, материя йўқлиқни суриб борган ҳамда маконни, вақт ҳисобини бошлаб берган. Ҳозирги замон оламшунослиги Борлиқнинг шаклланишини шу йўсинда тушунтиради.
Лекин Борлиқнинг кенгайиб бориши чексиз давом этиши мумкин эмас. Бу жараён қачондир тўхтаб, тескари жараён бошланади: галактикалар яқинлаша бориб, яна илк нуқтага тортила бошлайди. Макон бир нуқта томон қисилиб кела боради. Оқибатда, астрономлар “Борлиқнинг йиғиниши” деб атайдиган ҳодиса содир бўлади.
Борлиқ “илк гавҳар” ҳолига қайтганидан сўнг нима бўлади? Бундан кейин янги давра — навбатдаги “буюк портлаш”бўлиб: “янги материя гавҳари” ҳар томонга сочилиб, макон ҳосил қилиб, галактикалар, юлдузлар туркуми, сайёралар, ҳаёт пайдо бўлади. Америкалик мунажжим Ж.Уиллер олам пайдо бўлиш тарҳини юқоридагича шарҳлайди. Ушбу тарҳни таниқли олим Курт Гедел математик жиҳатдан асослаб берган.
Бу жараёнлар қандай кечишини Нобел мукофоти совриндори С.Вайнберг қуйидагича баён қилади. Қисилиш жараёни бошланганидан минг, миллион йиллар ўтганда ҳам, бизнинг узоқ наслларимизни хавотирга соладиган ҳеч нарса юз бермайди. Бироқ Борлиқ ҳозирги миқёсининг 100 дан бирига қисқарганида, кечалари Ерга ҳозир кундузи қанча иссиқлик таралса, шунча иссиқлик етиб келади. Яна 70 миллион йил ўтиб, Борлиқ бир неча ўн марта қисқарган бўлади ва бизнинг зурриётларимиз (агар улар мавжуд бўлса) осмоннинг ҳаддан ташқари ёруғ эканлигини кўришади. Яна 700 000 йил ўтгач, коинот ҳарорати 1 миллион даражага етиб, юлдузлар ва сайёралар нурланиш “электрон ядро портлашлари натижасида коинот “шўрва”ларига айланади.
Бир нуқтага йиғинаётган ва яна кенгаяётган Борлиқ, ўтилган давраларни такрорлармикан? Айрим оламшунослар бу шарт эмас, деб ҳисоблайдилар. Янги Борлиқ шаклланиш жараёнида, олдингисидан салгина ҳам фарқ қиладиган физик шароит бўлса, навбатдаги Борлиқда углерод каби ҳаёт учун зарур бўлган модда бўлмаслиги мумкин. Бирин-кетин давралар алмашиниб, ҳаётсиз Борлиқ пайдо бўлиши ва барбод бўлиши мумкин. Кўплаб қарашларнинг бири ана шундай.
Яна бир қараш Борлиқнинг даврадан даврага эволюция қилиб боришини назарда тутади. Ж.Уиллер ҳар гал қисқариш чоғида Борлиқнинг сифатий жиҳатдан сакраши рўй беради, деб ишонтиради.
Учинчи бир қараш, ҳар бир давра ўзидан олдинги давраларни уларда бўлган барча ўзгаришлар билан қўшиб айнан такрорлайди, деб таъкидлайди.
Аввалгисини қайтариш…
Агар материя йўқ бўлмаса, унда уни акс эттирувчи, ўзида ташувчи ахборот ҳам йўқ бўлмайди. Бу хабарлар галактикалар, юлдузлар ва сайёралар ва уларда макон тутганлар ҳақидадир. Янги Борлиқ пайдо бўлишида, у организм пайдо бўлишидаги дастлабки ахборот гавҳари ўтаган вазифани ўташи керак бўлади. Бошқача айтсак, тақдир ролини ўйнайди.
Абадий қайтарилиш, инсонларнинг доим қайтарилиши, воқеа ва ҳодисаларнинг такрорланиши ҳақидаги фикр инсон онгида доим бўлган. Бунга мисол бўладиган маълумот Шарқда эранинг II асрига оид хитой матнида учрайди. Бундан анча олдин эрадан олдинги IV асрда родослик файласуф Евдем ўз шогирдларига: “Агар пифагорчиларга ишонилса, қачонлардир худди ҳозиргидай қўлимдаги таёқча билан, айнан атрофимда ўтирганлар билан, айнан мана шу суҳбатни яна қайта бошдан бошлайман…” деган эди. Бошқа бир файласуф бундай деб ёзган: “Бошқа бир Афинада бошқа бир Суқрот туғилади ва бошқа бир Ксантиппага уйланади”. Ҳамма бўлиб ўтган нарса абадий такрорланиб туради, ҳаммаси ўз доирасида айланади “яна қайтадан янги урушлар бошланади, яна қудратли Ахилл Трояга отланади” (Вергилий).
Бирор содир бўлаётган ҳодисани аввал ҳам кўргандай бўлиш ҳисси сизга танишми? Баъзан бегона бир шаҳарда, сиз ҳеч қачон бўлмаган ерда майдонми, кўчами сизга жуда таниш кўринади. Кўпгина мамлакатларда ўтказилган сўроқламалар натижасига кўра, сўралганларнинг 75 фоизи “аввал кўриш” ҳиссини бошидан кечиришган экан.
Ов чоғида Л.Толстой қуён кетидан отлиқ қувиб бораётиб отнинг боши оша йиқилади. Чайқалиб ўрнидан тураётиб, бундай ҳодиса унинг бошидан қачонлардир кечгандай бўлади. Толстойнинг айтишича, ўша вақтда ҳам у отлиқ бўлган, қуён қувган ва отдан йиқилган.
Страсбургдан Друзенгеймга сафар чоғида Гёте ўзини самнамбулик ҳолатда — тўсатдан танасини ташқаридан туриб кўргандай бўлади, лекин ўзини ҳеч қачон киймаган кўйлакда кўради. Саккиз йилдан сўнг Гёте яна шу ердан ўтар экан, эгнидаги кўйлаги ўша кўзига кўринган кўйлак эканлигига ҳайратланиб эътибор беради.
Бу ва бунга ўхшаш далилларни кўплаб келтириш, ҳамма нарсани такрорланишини исботлаш учун етарли эмас. Бундай далиллар қўпроқ мулоҳаза учун озуқа бўла олади. Бундан ташқари ушбу далиллар бошқа ёндош ҳодисалар билан бир қаторга тизилиб занжир ҳосил қилади. Бу занжирга Исо Масиҳнинг хочланиш арафасида “Буларнинг ҳаммаси бўлиб ўтган” деган гапи ҳам бир ҳалқа бўлиб бирлашади.
Рус тилидан Бахтиёр Исабек таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 7-сон