Алоиза Ҳитлердан икки ёшга кичик эди. Адолф Ҳитлер 1889 йилда туғилган, Алоиза (оилада уни Луиза ҳам деб чақиришарди) 1891 йилнинг июльида дунёга келган. Оилаларини қариндошлик иплари боғлаб турарди. Ҳар иккала оила Австриянинг шимолидаги Валдфиртел вилоятидаги деҳқонлар авлодидан илдиз отган: Ҳитлернинг бувиси Мария Анна ва Алоизанинг катта бувиси Жосефа опа-сингил бўлишган.
Адолф 14 ёшида отасидан ажралади, Алоизанинг отаси бир йил ўтиб, қизи 12 га тўлгач вафот этади. Ҳитлерлар оиласи Клагенфурт шаҳрида истиқомат қиладиган қариндошларига 1903 йили оталари ўлганини тўғрисида хабар беришади.
Шундан кейин оилаларнинг алоқада бўлганлиги номаълум. Аммо орадан ўн йиллар ўтиб узоқ қариндошларни тақдир яна бир бир-бирларига дуч қилади: 1940 йилнинг 6 декабрьида Алоиза Юқори Австриядаги Хартхайм лагерьида газ камерасида бўғиб ўлдирилади. Шахсан фюрернинг буйруғига кўра…
Касаллик тарихи
Бу сир пардаси эндигина очилгандек: федерал архив Алоизанинг касаллик тарихига оид ҳужжатларни оммага маълум қилди. Алоиза шизофрения – руҳий хасталиги учун ўлдирилган экан. Миллий-социализмда эса бундай инсонларнинг яшашга ҳаққи бўлмаган. Руҳий хаста Алоизанинг қатлига шахсан Адолф Ҳитлер имзо чеккан ягона ҳукмдир.
Алоизанинг ўлимидан кейин, орадан уч йил ўтиб, 1944 йили Хенрих Химмлер «Фюрер девони»га кейинчалик қўл келиши мумкин бўлган ҳужжатларни жўнатади. Уларга «мутлақо махфий» тамғаси босилган ва шахсан Ҳитлер шахсига тааллуқли эди. Ҳиммлер «Фюрернинг котиби» Мартин Борманга ҳеч кимга билдирмаслик шарти билан «соғлом герман миллати фюрери» хусусидаги афсоналарни чиппакка чиқарадиган маълумотларни беради. Махфий ҳужжатда фюрер «авлодларидан баъзилари руҳий хаста ёки мутлақо жинни» бўлгани қайд этилганди.
Ҳиммлер ҳақиқатан ҳам Ҳитлерни йўқ қилмоқчи бўлганми?
Ҳитлер ватандошларидан ўзлари олий ирқдан эканини исбот қиладиган маълумотлар талаб қилган. Шунингдек, қариндош-уруғлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам зарур бўлган. Аммо унинг ўзи ҳеч қандай маълумот бермаган. Хўш, унда махфий ҳужжатларни Борманга етказган Химмлер ростдан ҳам Ҳитлерни йўқ қилмоқчи бўлганми? Бу ҳокимият учун курашнинг бир усулими?
Давлат тепасига келган Ҳитлер дастлабки кунларданоқ ўзининг келиб чиқиши ҳақидаги миш-мишларга қарши қаттиқ кураш олиб борган. 20-йилларда нацистлар партиясининг варақасида Ҳитлерни «партияни яҳудийларча бузиб юбормоқчи» деган айб қўйилган. 1931 йили Ҳитлернинг жияни Ҳели Раубал Мюнхендаги уйида ўз жонига қасд қилади ва шундан кейин унга оиласи ва қариндошлари ҳақида очиқ саволлар берила бошланади. Газеталар Полна шаҳрида Ҳитлер фамилияли яҳудийлар аниқланганини ёзса, 1933 йил июльида «Остеррайхише абендблатт» газетаси «Венада яҳудий Ҳитлерлар изи» номли каттагина мақола ва Венадаги яҳудий қабристонидан суратга олинган «Ҳютлерлар» қабртоши суратини чоп этади. Фонетик яқинлик қон-қариндошликни ҳам исбот қилиши керак эди. Дарвоқе, ҳозир ҳам Венадаги яҳудийлар миллий бирлашмасида олтита Ҳютлернинг дафн этилганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд.
«Сизлар ахмоқсизлар!»
30-йилларнинг бошида Ҳитлернинг Буюк Британияда истиқомат қиладиган жияни Уилям Патрик Ҳитлер амакиси тўғрисида интервьюлар бера бошлаганида фюрер уни Германияга чақириб олади. Жазавага тушган Ҳитлер жиянига «Сизлар ахмоқсизлар! Мени гўрга тиқмоқичмисанлар? Қанчалик эҳтиёткорлик билан матбуотчилардан кимлигим ва шахсий ишларимни бекитганимни билсаларинг эди! Одамлар менинг кимлигимни билмаслиги керак! Улар қанақа оиладан эканимниям билмаслиги шарт!» деб бақиради. Ота-онасининг Линтс шаҳри яқинидаги уйини қисқа муддатга зиёрат қилган бўлса, Валдфиртелдаги Шпитал қишлоғини бирон марта ҳам бориб кўрмаган.
Ҳитлер ҳукумати вазири Алберт Шпеэр ўз эсдаликларида 1942 йили Шпитал қишлоғида доҳий номи битилган ҳурмат тахтаси ҳақида айтганида доҳийнинг ниҳоятда жазавага тушганини ёзади. Шпеэр «Ҳитлер даҳшатли жазавага тушиб, бақириб Борманни ҳузурига чорлади ва у (Борман) қалтираб кириб келди. Ҳитлер унга ташланиб, бу жойнинг номини ҳам атамасликларини неча бор айтганини, бу эшак (яна Борман) аллақандай тахтани осиб қўйганини айтди. Тахтани зудлик билан олиб ташлашни буюрди».
1932 йил 22 февральда Ёзеф Ҳеббелс Ҳитлер номзодини Германия президентлигига кўрсатади. Ҳитлер 36,8 фоиз овоз олди. Унинг ҳукуматга келиши озчиликни ташкил қилганларнинг рейхскантслери лавозимидан бошланди.
Шу вақтдан яҳудийларни жамоат ҳаётидаги иштирокини камайтириш, руҳий хаста ва жисмоний нуқсонли кишиларни мажбуран стерилизация (бичиш, ахта қилиш) қилиш кампанияси бошланди. Орадан тўрт йил вақт ўтиб доҳий касалларни оммавий қирғин қилиш тўғрисида махфий ҳужжатга имзо чекди. 1939 йил 1 сентябрда эса Иккинчи жаҳон уруши бошланди.
1940 йили Алоиза ўлдирилгандан кейин ўзига қарши маълумотлардан қутулганига амин бўлган Ҳитлер ўзини ҳукуматнинг энг юқори чўққисида ҳис қилади.
«Тўлиқ ғалабадан» руҳланган доҳий ва унинг атрофидагилар Адолф Ҳитлерни «янги даъватчи» дея эълон қилишни режалаштиради. Шунда яна эски муаммо ўртага чиқади: «Қандай йўл билан бўлмасин, зўр тарғиботу ташвиқот ва ҳатто афсоналар билан бўлсада доҳийнинг келиб чиқиш тарихини беркитиш керак эди».
Шиклгруберлар авлоди ва қариндошлари Учинчи Рейхда расман иштирок этмаган. «Биз унинг учун йўқдек эдик», – деб хотирлайди Ҳитлернинг жиян набираси Ёхан Шмидт 2003 йил Австриянинг Профил журналига берган интервьюсида. У билан Ҳитлернинг яна тўрт қариндоши уруш тугагандан кейин совет разведкаси томонидан қамоққа олинади. Ҳитлернинг амакиваччаси Эдуард Шмидт Москвада сўроқ пайтида умуртқа поғонаси жуда касаллиги ва бир томонга қийшайганини айтади. Амакиваччаси унга уй сотиб олиши учун 8000 рейхсмарка совға қилганини билдиради. Ҳитлердан марҳамат кўрганликда айбланган бечора Шмидт турмага ташланади ва шу ерда вафот этади. Шундай қилиб Ёхан Шмидт Ҳитлерга бевосита қариндош бўлган ягона тирик шоҳиддир.
Адолф Ҳитлернинг опаси
1936 йили Ҳитлер опаси Паулуни Гармишда ўтаётган Олимпиада ўйинларига таклиф қилади ва унга фамилиясини Волф қилиб ўзгартириб, ими-жимида яшашга буйруқ беради. Ҳитлернинг махфий буйруғига кўра унга ойига 500 рейхсмарка нафақа белгиланади. Қамоққа тушмаслигига ҳам биринчи сабаб, унинг Волф хонимлиги бўлса, иккинчидан 1945 йилда Берлиндан Қуйи Австриядаги Берхтесгаден шаҳарчасига кўчириб ўтказилгани бўлди. Бу ерда Паулу Ҳитлер қазоси етгунга, 1960 йилга қадар «Волф хоним» сифатида яшайди. Унинг Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин қочган нацистлар билан алоқалари тўғрисдаги ҳужжат яқин орада эълон қилинса ҳам керак. Паулунинг Берхтесгадендаги қабри ҳалигача собиқ СС зобитлари тўлайдиган пул эвазига саранжом-саришта ҳолда сақланмоқда. Ҳатто бир ССчи зобит ўлганидан кейин уни айнан шу қабристонга қўйишларини васият ҳам қилгани ҳақида ҳужжатлар мавжуд.
Алижон ЭШБОЙ
«Ҳуррият» газетасидан олинди.