Ҳар бир театрнинг довруғи унинг репертуаридаги классик асарларга боғлиқ. Драматургия ҳам театр сингари жуда қадимий. Антик театрларда шу қадар зўр классик асарлар ўйналганки, уларни ижро этиш билан ҳозирги замон театрлари катта шуҳрат топиши муқаррар. Тўғри, бизнинг асримизда ҳам Софокл[1], Эсхил ва айниқса, Шекспир асарлари кўп театрларнинг саҳнасидан жой олган-у, аммо бу спектакллар ҳамиша мазкур асарларга муносиб обрў қозонавермаган. Бунга муносиб бўлиш учун аввало буюк асарларни саҳналаштиришнинг уддасидан чиқа оладиган истеъдодли режиссёрлар, талантли актёрлар бўлмоғи зарур. Ижрочилар ва режиссёрлар фикри уйғун тушгандагина мумтоз асарларнинг муносиб талқини юзага келиши мумкин.
Муқаддам Ҳамза номидаги Ўзбек Миллий академик драма театрида ХХ асрнинг 30-йилларидаёқ Шекспирнинг “Гамлет” асари муваффақиятли саҳналаштирилиб, ўзбек томошабинининг юксак олқишига сазовор бўлган. Бу режиссёр Маннон Уйғур ва Гамлет ролининг ижрочиси Аброр Ҳидоятовдек икки улкан санъаткорнинг салоҳияти туфайли эди. 40-йилга келиб, Маннон Уйғур рус режиссёри Н. В. Ладигин билан биргаликда Вильям Шекспирнинг “Отелло” асарини Аброр Ҳидоятов ижросида тайёрлаб театр довруғини яна бир поғона кўтаришга муваффақ бўлди. Мухлисларнинг “Отелло”га меҳри “Гамлет”дан ҳам юқори бўлган. Уруш йиллари шаҳримизга ташриф буюрган инглиз парламенти аъзоларидан жаноб Жонсоннинг театр китобига ёзиб қолдирган ушбу сўзлари ҳам бунга ёрқин далил бўла олади: “Биз – Шекспир ватанидан келган меҳмонлар ўзбек театри саҳнасида “Отелло” спектаклини томоша қилиб, ҳозирги замонда ўзимизнинг мамлакатда бу қадар юксак ижрони кўрмаганимиздан буларга қойил қолганимизни мамнуният билан изҳор этамиз. Бу ижрони дунё кўрса бўлади”. Дарҳақиқат, Лондонда Шекспир асарлари қаҳрамонлари намойиш этилганда Аброр Ҳидоятов ҳам иштирок этган эди. Чех адиби Юлиус Фучик “Аброр Ҳидоятовнинг Гамлет образи мен кўрган ва билган артистлардан кўпроқ ҳаяжонга солди. Унда ўзига хос жозибадорлик мавжудки, бундай истеъдод ҳар кимга ҳам насиб этавермайди”, деб ёрқин муносабат билдирган.
Фарҳод ГЭС қурилишида қурувчиларнинг талаби билан “Отелло” спектакли ўн минг томошабин иштирокида адир бўйида намойиш этилганини кўрганман. Вильям Шекспирнинг “Гамлет”, “Отелло”, “Юлий Цезарь”, “Қирол Лир” “Кориолан” каби турли йилларда саҳналаштирилган машҳур асарлари театримизнинг репертуарида муносиб ўрин эгаллаб келган.
Англия сафарида мен Шекспир яшаб ижод қилган қишлоқда бўлганман. Ўша машҳур “Глобус” театри қайта тикланган бўлса ҳам биз борганда ишламай турган экан. Уни кўришни кўпдан буён орзу қилардим. Стратфорд қишлоғи Лондондан жуда олис эмас, лекин ҳозир у шаҳар бўлиб кетган. Бунга Шекспир сабаб бўлган, дейдилар. У ерда завод ёки фабрика йўқ. Аммо бутун шаҳар Шекспир мероси бўлганлигидан таъминотга эга экан.
Шаҳарга деярли ҳар куни неча юз минглаб сайёҳлар келиб кетар экан. Ҳамма магазинлар Шекспирга тааллуқли нарсалар билан тўла, савдоси ҳам шундан. Шекспир асарлари қаҳрамонларининг бюстлари, кийимлари, реквизитлари, турли тақинчоқлар, сувенирлар, фотоальбомлар, макетлар, нақшинкор буюмлар, ҳамма витриналар фақат улуғ драматург асарлари персонажлари тасвири билан безатилган.
Одамнинг табиати қизиқ, балки бу ватанпарварликдандир. Шундай мўъжизаларни кўрганингда ўз юртингни дарҳол кўз олдингга келтирасан киши. Ўшанда кўз ўнгимга Шоҳимардон келди. Нега ўша ерни шундай қилиш мумкин эмас. Ахир, Муқимий, Завқий, Фурқат, Ҳамза асарларидаги мавзуларга оид ажойиб сувенирлар ясаш мумкин-ку.
Шекспир қишлоғида драматургнинг икки уйи (бири – бола-чақаси билан бирга яшагани, иккинчиси – хотинидан ажралиб, алоҳида яшаган уйи) ҳануз сақланмоқда.
Шекспир ҳашаматли уйда эмас, усти қамиш билан ёпилган оддий уйда яшаган, кейин йўқ бўлиб кетмаслиги учун устига бошқа иморат қурганлар. Унинг 500 йилга яқин сақланиши ҳам шундан. Буюк драматург қабрини кўрдик. У ўша қишлоқ черковида, оддийгина ишланган, асли сақлансин деб ўзгариш қилинмаган. Қабр тагидаги ёзувни ўқиб беришни сўрадик. Унда: “Кимда-ким суякларимга тегса, оёқ-қўли шол бўлади!” дейилган экан. Экскурсоводдан изоҳ беришни сўраган эдик, у: “Шекспир тириклигида ўзининг буюклигини сезган ва қабрини Лондонга олиб кетишлари мумкинлигини билган. Зиёратчилар қишлоғимга келсин, деб, шу сўзларни ёзишни васият қилган”, дея жавоб берди. Унинг гапида мантиқ бор эди. Шекспирнинг башорати тўғри чиққан. Уни зиёрат қилиш ниятида қишлоғига дунёнинг ҳамма бурчагидан сайёҳлар келадилар.
Бу асарлар миллий театрларимизга шуҳрат келтиришида таржимонларнинг ҳиссаси ҳам улкандир. Қолаверса, “Гамлет”ни Чўлпон, “Отелло”ни Ғафур Ғулом ўзбек тилига ўгирган, Софоклнинг “Шоҳ Эдип”и таржимаси эса Асқад Мухтор қаламига мансуб. Асар таржимасида оригиналга тенг матн яратиш осон иш эмас. Айниқса, классик асарлар таржимасига ўз халқи руҳини назарга олган ҳолда ёндашиш бадиий ифодани равонлаштиради, спектаклни томошабинга яқинлаштиради. Чўлпоннинг “Гамлет” устида узоқ йиллар ишлаши, унинг ҳам шекспирона, ҳам халқона вазифасини бера олганлиги шундан.
Маълумки, юртимиздаги ушбу улуғ театрнинг асосчилари 20-йилларда Вахтангов театри қошидаги ўзбек драмстудиясида таълим олишган. Шу халқ ичидан чиққан истеъдодлар Маннон Уйғур ва Чўлпондай ўша замоннинг етук кишилари раҳбарлигида маҳорат сирларини ўрганишган. Чўлпон студияда адабий эмакдош бўлиб ишлаган. Рус тилида олиб бориладиган дарсларни ўзбек тилида талабаларга етказиш, айниқса, ўша студияда тайёрланган асарларни таржима қилиш ҳам унинг зиммасида эди. Энг муҳими, талабалар ўқиш даврида театрлардаги спектаклларни узлуксиз томоша қилиб боришган.
“Гамлет” бизнинг ўзбек томошабинларига яқинлиги ва қачондир уни ўзбек саҳнасида кўриш истаги уларда ўша вақтлардаёқ туғилган. Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Нарзуллаев “Биз ўша студиядаги ўқиш давримиздаёқ “Гамлет”дан кичик бир парча тайёрлаган эдик ва Полоний ролини мен ижро этган эдим”, деган эди. Демак, Чўлпон ўша вақтлардаёқ “Гамлет” трагедияси таржимасига киришган бўлса ажаб эмас. Адабиётшунос Наим Каримовнинг айтишига қараганда, Абдулҳамид Чўлпон 30-йилларда Москвага борганида инглиз тилини яхши биладиган бир рус ошноси билан “Гамлет” пьесасини инглиз тилида ўқиб чиқишган экан. Шундан кўринадики, Чўлпон бу асарни таржима қилгунча жуда пухта тайёргарлик кўрган ва бу асарни оқ шеър тарзида эмас, проза шаклида ўзбек тилига ўгирган. Спектакль бизнинг театримизда 1933–1934 йилларда тайёрланиб, 1935 йилда томошабинларга кўрсатилади. Уни саҳналаштириш жараёнида театр жамоаси Чўлпон билан ҳамкорликда кўп иш олиб борган. Ушбу спектакль ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида саҳна гултожи бўлиб турди. Қайта-қайта саҳналаштирилганда турли ўзгаришлар ҳам бўлган, албатта. Лекин Чўлпон таржимаси шу қадар равон эдики, уни ўзгартиришга кўп ҳаракат қилинса ҳам оқибатсиз қолаверган. Чўлпон қамалгандан сўнг спектакль намойиши тақиқланади, аммо театр жамоаси томошабинларнинг талабига биноан уни қайта тиклашга киришади. Ўша вақтдаги раҳбарларнинг таклифи билан Мирзакалон Исмоилий асар таржимасини ўз қўлига олади-ю, бироқ Чўлпон таржимасидан ўтказиб бўлмаслигини айтиб, жуда ҳам зарур бўлса, номини афишада ёзишга розилик беради. Шундай қилиб, асар Мирзакалон Исмоилий таржимаси деб, яна кўп йиллар халққа намойиш қилинаверади. Аммо Мирзакалон Исмоилий ҳам қатағон қилиниши оқибатида яна спектакль тўхтаб қолади. Энди академик Воҳид Зоҳидовдан асарни қайта таржима қилиб беришни сўрайдилар. У ҳам худди Мирзакалон Исмоилий сўзини такрорлаб, “Мен Чўлпон таржимасига қалам теккиза олмайман”, дейди. Шундан сўнг афишаларда Воҳид Зоҳидов таржимаси деб кўрсатилади-ю, ўзи Чўлпон таржимасида саҳнада давом этаверади. Албатта, у замонларда афишадаги ном ўзгариши билан цензура тинчиб қолмасди, шунинг учун маълум ўзгартиришлар киритилган. Аммо бу Чўлпон даражасида бўлмаган, албатта. Дейлик, Чўлпон таржимасида шундай сатрлар бор:
Бир замонлар ёш эдим,
Севгига йўлдош эдим.
Шуларни ўйлаб эдим,
Бундан яхши нима бор?
Не қайғу бор, на ҳасрат,
Фақат ҳузур-ҳаловат.
Эрта роҳат, кеч роҳат,
Ҳар куни кўклам-баҳор.
Бошқа таржималарда эса бу мана бундай тарзда ўгирилган:
Бир вақтлар бор эди,
Севги менга ёр эди.
Энг яхшиси шу дедим,
Қолгани бекор эрди.
Лекин етиб келиб қарилик,
Олиб кетди мени у ёққа.
Ўғри каби шилди мени у,
Йўқ кучим ўзни танимоққа.
Буни ашула шаклида Ўзбекистон халқ артисти Миршоҳид Мироқилов ўша Чўлпон таржимасида ўла-ўлгунча ижро этган эди, десам бўлади.
Ўтди энди ўша кунлар, кетди бедарак,
Мана энди ерни ковлаб терганим суяк.
Бу сатрлар кимнинг таржимаси экан, аниқлай олмадим. Лекин Миршоҳид Мироқилов ушбу сатрларни шу қадар жозибадор айтар эдики, томошабинлар йиғлаб-кулиб олқишлар эди. Мен ҳам Горациони ижро этганимда, Чўлпон таржимасидаги сўзларни айтишни ниҳоятда ёқтирар эдим. Озрик ҳақида унинг: “У ўз тухумининг пўчоғини бошига илаштириб уясидан учиб чиққан қизилиштоннинг худди ўзгинаси…” деган сўзларини жуда ҳузурланиб талаффуз қилардим. Пьесада Озрик, Розенкранс, Галдерштейнлар ҳақида Чўлпон таржимасида шундай характерли сўзлар бор: “Улар ҳали она қорнида ётган, демак, она сутидан баҳраманд бўлмаган вақтдаёқ она эмчакларига хушомадгўйлик қилган бўлсалар керак. Буларни бир ўхшатиб пуфланса, совун пуфагидай ҳеч нарса бўлмай қолишади”. Шекспирнинг ҳамма асарларида умуминсоний ғоялар, ҳаёт муаммолари шундай сингдириладики, улар ҳеч қачон ўз замонавийлигини йўқотмайди. Айниқса, Гамлет фожиасида ҳар бир ҳолатга сингдирилган фалсафий фикрларнинг ҳар бири кишини ҳаяжонлантирмай қўймайди. Чўлпон эса ўз таржимасида ана шундай фикрларнинг халқимизга яқин тарздаги бадиий ифодасини топган эди.
Бир куни “Гамлет” пьесасининг кейинги қўйилишида Олим Хўжаев Гамлет ролини тайёрлаб турган эди. Шунда Аброр Ҳидоятов у кейинги таржимада “ўлайми, қолайми” деб берилган монологни Чўлпон талқинида, яъни: “ё ўлиш, ё қолиш” деб айтишни таклиф этди. Мен бир неча таржималарни кўриб чиқдим. Бирида шу монолог “ўлишми, қолишми”, яна бирида эса “ўлайми, қолайми” дейилади. Чўлпоннинг таржима талқини булар орасида энг кучли жарангларди.
Албатта, Шекспирнинг ҳамма асарлари ҳам асрлар давомида кўп ижроларни кўрган. Биргина Гамлет образини дунёдаги энг машҳур актёрлар ижро этган, талқинлари ҳам турлича бўлган. Масалан, Михаил Чеховнинг[2] ижросида Гамлет роли бироз руҳий тушкунликда ифода қилинганлигини таърифлашади. Машҳур рус актёри В. И. Качалов[3] Гамлет тимсолида курашчи образини яратган эди. Театр санъати тарихидан маълумки, бу образни баъзи ижрочилар тахт учун курашувчи, яна баъзи ижрочилар эса руҳий тушкунликка тушган шаҳзода қиёфасида талқин қилганлар. Маннон Уйғур Аброр Ҳидоятов билан пьеса устида ишлашганда уни курашчан тарзда гавдалантиришни таклиф қилган ва шуни амалга ошира олган. У битта гапни доим такрорлар эди. Гамлетнинг ўз фикрича: “Давр издан чиқди, уни қайтадан изга солиш менинг ҳиссамга тушди”. Пьесани тайёрлашда айнан шу гап асосида Гамлет образи талқин қилинган. Бу пьесада образлар талқини Маннон Уйғурнинг йўналиши бўйича барча ижрочиларда узоқ йиллар шу тарзда давом этган эди. Олим Хўжаев, Шукур Бурҳоновлар ҳам Гамлет ролини Аброр Ҳидоятовдан кейин ижро қилишган. Улар ҳам Аброр Ҳидоятов яратган Гамлет каби бутун пьеса давомида жангчи қиёфасини яратган эдилар.
Сора Эшонтўраева Офелия ролини Маннон Уйғур талқини бўйича жуда юксак ижро этарди. Бир куни Наманганда гастролда юрганимизда бу ернинг машҳур боғига кирдик. Боғнинг бир кўли бор эди. Сорахонимнинг кўзи шу кўл ўртасидаги оппоқ гулга тушди. Бу чамамда нилуфар эди. Сорахоним: “Мана, у кишининг Офелияга ўхшатган гуллари” деди. Шундан сўнг:
– Мана, қаранглар, – деб Сора опа қўлларини гулга чўзган эдилар, гул дарҳол ёпилди. Ва яна қўлларини тортган эдилар, гул яна очилди. – Маннон Уйғур Офелия образини мана шу гулга ўхшатиб, менга уни нозиктабиатли қиз, деб тушунтирган эдилар.
Дарҳақиқат, Офелия саройдаги турли фитналар гирдобида жуда эрта хазон бўлади. “Отелло” спектаклидаги Дездемона эса (бу ролни Сора Эшонтўраева ижро этган) Офелияга нисбатан курашчан, отаси олдида ҳам тап тортмай кўнглидаги гапларни айта оларди.
* * *
“Отелло” фожиасини тайёрлаш устида театр жамоаси 1939–1940 йилларда иш олиб борган. Ҳозирги пайтда менга театрларда Маннон Уйғур, Етим Бобожоновлар бошлаб берган сўз устида ишлаш анъаналари йўқолиб бораётгандек туюлади. Аммо сўз устида, талаффуз устида ишлаш илгаригига нисбатан камайиб кетди. “Отелло” спектаклини тайёрлашда Маннон Уйғурга ёрдамчи режиссёр эдим. Думалоқ стол атрофида актёрлар, режиссёр, таржимон бирга ўтиришар эди. Ғафур Ғулом пьесани аллақачон таржима қилиб бўлганига қарамай, деярли ҳар куни шу даврада, Маннон Уйғур ёнида бўларди. Даврада ҳар бир сўз талаффузига, жарангдорлигига алоҳида аҳамият берилади. Ғафур Ғулом таржимаси жуда юқори бадиий даражада эди. Шунга қарамай, ижродаги сўзларнинг оҳангдорлигига қараб, ҳеч эринмай сўзларни яна қайта-қайта тузатишга ҳам рози бўларди. Биргина “мен қораманми” монологи неча марта қайта-қайта ёзиб, ўқилганини эслайман. Маннон Уйғурнинг таклифи билан Родриго образи учун қизиқ-қизиқ кулгили сўзлар киритилди, чунки Маннон Уйғурнинг фикрича, Шекспир асарларида, айниқса, фожиаларида жиддий масалалар кўтарилганда, залда ўтирган томошабинлар ниҳоятда ҳаяжонланганлари туфайли, уларнинг асабларини бироз бўлса ҳам юмшатиш учун кулгили саҳналарни кўпайтириш мақсадга мувофиқ, деб топилган эди. Гамлет сингари Отелло ҳам турли саҳналарда турлича талқин этилганлиги табиий. Аммо Аброр Ҳидоятов ижросидаги Отелло баъзи ижроларга ўхшаб рашкчи эмас, ишонувчан киши. Ҳатто унинг кўнглига ғулғула солган ва ўзи севган Дездемонани ўлдиришга олиб борган Ягога ҳам чин қалбдан ишонади. Ва соддадил Отелло севгилиси Дездемонани ўз қўли билан бўғиб ўлдиради. Отелло Ягони энг содиқ дўст деб билади. Яго “Рашк балосидан сақланинг” деганида ҳам Отелло “Йўқ, Яго, истайсанки, умр бўлсин рашкдан иборат, ҳар чорак ой янги-янги шубҳа туғсинми? Йўқ, Яго, тозалик бор жойда ҳамма нарса тоза” деб хитоб қилади. Таржимон Ғафур Ғулом ушбу сўзлари билан Отелло ҳақидаги таърифни Шекспирдан ҳам кучайтириб юборган деб биламан: “Мана, бу мавр сенатимиз ҳамиша уни таърифларди камолотнинг ўзгинаси деб. Ҳеч қандай ҳирс юрагини буколмас одам, унинг яхши хислатларини ҳаводис ўқи ва тақдирнинг найзаси ҳам тешолмас киши”. Машҳур шекспиршунос М. М. Морозовнинг[4] фикрига қараганда, Аброр Ҳидоятов ижросидаги Отелло роли ниҳоятда тўғри талқин қилинган. Шекспир асарлари мутахассиси М. М. Морозов шу спектаклни кўргани Москвадан беш марта келиб кетганини айтиб берган эди. Унинг айтишича, дунёдаги Отелло ролини ижро этганларни кўрган ва улар ҳақида ўз фикрларини тўплашга одатланган одам экан. Шу спектакль ҳақидаги бир йиғилишда у Томазо Салвини, А. А. Остужев, В. К. Папазян[5] каби актёрлар ижросидаги Отеллони кўрганлигини айтиб, қуйидагича фикр билдиради: “Баъзилар Отеллони рашк қурбони қилиб акс эттиришган, баъзилар эса ишонч қурбони сифатида талқин қилганлар. Шекспир Отеллонинг ишончини инсон учун юксак фазилат деб таърифламоқчи бўлган ва Аброр Ҳидоятов ижросидаги Отелло роли муаллиф орзу қилган талқинга мос келади”.
Умуман, классик асарлардаги образлар талқинида актёр ўз образи ҳақида ўйлаши учун ҳар тарафлама – фикрий, бадиий, фалсафий, имкониятлар муҳайё бўлади. Айниқса, “Отелло”, “Гамлет” ва “Шоҳ Эдип” асарларида актёрлар ниҳоятда фикр билан ишлашни, характерларнинг кўп қирраларини очишнинг уддасидан чиқа олганлар.
Бундай шоҳ асарларнинг учинчиси Софокл қаламига мансуб, Асқад Мухтор таржимасидаги “Шоҳ Эдип” трагедиясидир. Бу таржима ниҳоятда равонлиги билан актёрларга маъқул тушган эди.
Мен Асқад Мухтор билан Иркутск томонларда бўлган маданият кунларида қатнашган, у билан кўп яқин эдим. Бир куни кечаси театр ҳақида суҳбатлашиб тонг оттирганмиз. Ҳар иккимиз ҳам улуғ артист Шукур Бурҳон – бизнинг бахтимиз, деган хулосага келдик. “Унинг диапозонига лойиқ асар ёзолмаяпман”, деди Асқад Мухтор. У Душанбедаги Лоҳутий театрида “Шоҳ Эдип” спектаклини Ҳошим Гадоев ижросида кўрган экан. Ўшани айтиб берди. Ҳошим Гадоев “Шоҳ Эдип”ни ўзи саҳналаштирган. Шундай актёр ҳам Шукур Бурҳонга катта ихлос қўйганидан у кишидан олдин бу асарни ижро этишни ўзига эп кўрмаган экан. Ўша суҳбатда Асқад Мухтор ана шу буюк асарни қандай таржима қилганини гапириб берди. “Театрдаги иш жараёнида Шукур Бурҳоновнинг Эдип ҳақидаги мулоҳазаларини тингларканман, Шукур ака, назаримда, ҳаддан ташқари инжиқлик қилаётгандай эди. Мен қанчадан-қанча асар ёзганман. Лекин сўзга бунчалар талабчанликни энди кўришим эди. Аммо кейин билсам, артистнинг бу инжиқлиги образнинг мукаммал чиқиши ва томошабинларга манзур бўлишини таъминлар экан. Мен бунга ўшанда амин бўлдим”.
Буни таниқли адиб таржимага ёзган сўзбошисида ҳам таъкидлайди: “Томошабинни ҳислар туғёнида тоблаб, фикр ва туйғуларни поклайди, ҳаёт ҳақида ўйлашга мажбур этади. Шунинг учун Софокл трагедияларидаги воқеалар нақадар даҳшатли бўлмасин (буни Ҳамза номидаги театримизда “Шоҳ Эдип” спектаклини кўрган томашабинлар тасдиқласа керак) ҳаммавақт оқибатда кучли, тетик, ёрқин таассурот қолдиради”, дейди. Спектаклни кўрган томошабинлар Шукур Бурҳонов ижросидаги Шоҳ Эдипни ҳамон тилга олишлари ҳам шундан. Актёр спектакль давомида жиндак енгилликка ҳам йўл кўймайди, бир дақиқа ўзини ҳаяжонсиз қолдирмайди. Эдип саҳнада пайдо бўлиши билан даҳшатли воқеалар содир бўлаверади. Ва улар чўққига кўтарилаверади. Шуниси ҳам борки, Шукур Бурҳон бу ролни ижро этганда ёши 60 ларга борган эди. Сўнгги ижроларда парда тушгач, ҳолдан тойган пайтларини ҳам кўрганман. Шуниси қизиқки, у саҳнага чиқиши билан яна ўша ўта ҳаяжонли ҳолат давом этаверарди. Актёр образда яшар экан, ўзини ҳеч қачон аяб ўтирмасди. Шу спектаклни безаган рассом Г. Бримнинг гапига қараганда, у актёрнинг соғлигини ўйлаб, баланд-пастликдан иборат бўлган декорация ўрнига саҳна олдида ижро этишни таклиф этганда Шукур Бурҳонов жаҳл билан уни рад этган экан. Асқад Мухторнинг айтишига қараганда, ушбу мисраларни неча хил сўзлар билан айтиб кўрган:
Тамом, бари аён. О, ёруғ жаҳон,
Сўнгги бор кўрмоқда кўзларим сени.
Ҳаёт ҳаром, нафас ҳаром, никоҳ ҳам ҳаром,
Қонга булғанганман, жирканчман, жирканч!
Маълумки, шоҳ Эдип чўпондан ҳақиқатни билгач, ўз гуноҳлари учун Худодан жавоб кутиб ўтиришни истамайди, балки ўзини-ўзи жазолайди:
Нима қилай бу кўзларни,
Энди бу оламда ҳеч нарса, ҳеч нарса
Менинг кўзларимни қувонтирмаса.
Аммо биламанки, мени ажал олмас,
Мени дард ўлдирмас – шуниси ёмон.
дея кўзларини ўяди.
У дунёда ота-онам юзига
Қандай боқдим, кўзларимни ўймасам?!
Бадбахт онам мендан туққан болага
Қандай боқдим кўзларимни ўймасам?!
Қизларининг шарпасини сезар экан:
Қайдасиз, қизларим, яқинроқ келинг,
Илк бор ака бўлиб қўл чўзай сизга.
Кеча чақнаб турган порлоқ кўзларимни
Бугун бу аҳволга солган мен ўзим,
Ёнингизда турган шу бадбахт ота
Кўрмасдан, билмасдан сизни оламга
Келтириб қўйди-ку… ўз онасидан.
Бу дунё фожиалари шундай ижро этилганки, одамзот нималарни уддасидан чиқмайди деб қоласан… Уларни ўқиганда ёки кўрганда ўзлигингни унутасан. Чиндан театр – ҳаёт ойнаси. Баъзан буни томоша дейишади, баъзилар театрни ибратхона ҳам дейишар экан. Йўқ, театр театрлигича қолади. Вильям Шекспир айтганидек, “Дунё ўзи театр, одамлар эса ҳаммаси актёр” экан. Қувончу фожиалар ичида ҳаёт кечирувчи актёр инсонларга ўлмас таассурот берувчи зот. Эҳтимол, шу боис ҳам ҳаёт бор экан, ҳамма санъатлар ичида энг қадимийси, узоқ умр кўрадигани театр бўлиб қолаверади.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 6-сон
__________________
[1]1 Софокл (тахминан эрамиздан олдин 496–406) – юнон шоири, драматурги. Унинг ижодида Эсхил ва Еврипид сингари антик фожиа асарлари таъсири алоҳида ўрин тутган.
[2]2 Чехов М. А. (1891–1955) – рус актёри ва режиссёри, педагоги.
[3]3 Качалов В. И. (1875–1948) – рус актёри. 1896 йилдан Москва бадиий театрида ишлаган.
[4] Морозов М. М. (1897–1952) – адабиётшунос, театршунос, таржимон. Шекспиршуносликка асос солган олимлардан бири. Москва давлат университети ва ГИТИСнинг профессори.
[5] Салвини Томазо (1829–1915) – итальян актёри. Унинг ижоди XIX аср саҳна санъатининг юксак намунаси ҳисобланади. Остужев А. А. (1874–1953) – рус актёри. Саҳнада 1895 йилдан, 1898 йилдан Миллий театрда ишлаган. Папазян В. К. (1888–1968) – арман актёри. Саҳнада 1907 йилдан, 1957 йилдан эса Сундукян номидаги Арманистон театрида фаолият юргизган. Уларнинг ижросидаги Отелло роли ўз даврида катта довруқ қозонган.