XVIII аср Италия мусиқа (скрипка) санъатининг йирик намояндаси, мусиқий ижрога янги драматик йўналиш олиб киролган буюк истеъдод эгаси Антонио Вивальди 1678 йилнинг 4 март куни Венеция шаҳридаги обрўли хонадонлардан бирида дунёга келди. Унинг ота-боболари Альп тоғи ёнбағирларида жойлашган Брешиада шаҳарчасининг нуфузли кишилари бўлган. Отаси Жованни Баттиста 10 ёшида бувиси билан Венецияга кўчиб ўтган ва сартарошга шогирд тушган. Ўша пайтда Италиядаги сартарошхоналарда мижозлар зерикмаслиги учун турли мусиқа асбоблари ҳам илиб қўйилар эди. Бўш вақтларда хонадаги скрипкани эрмак қилиб чалиб юрган Жованни бора-бора ушбу мусиқа асбобига жуда қизиқиб қолади ва йиллар ўтиши билан професссионал скрипкачига айланади. Ким билади, балки отаси мусиқага ошно бўлган ўша ондаёқ бастакорлик Вивальдининг тақдирига битилгандир…
1677 йилда Жованни Камилла Каликкьога уйланади, орадан бир йил ўтиб улар фарзандли бўлишади, ўғилчага Антонио деб исм қўйишади. Маълумотларга кўра, Антонионинг Маргарита Габриэла, Чечилия Мария ва Дзанетта Анна исмли сингиллари ҳамда Бонавентура Томасо ва Франческо Гаэтано исмли укалари ҳам бўлган.
Худди отасига ўхшаган малласоч Антониони Венеция кўчаларида илғаб олиш қийин эмасди, чунки асил венецияликлар орасида бундайлар кам учраган. Шу туфайли ҳам Вивальди ҳақида ёзилган кўпгина асарларда унга “Prete rosso”, яъни малла руҳоний деб таъриф берилган. Вивальдининг мусиқага қизиқишига, шубҳасиз, отаси сабабчи бўлган. Унинг илк устози ҳам Жованни бўлганини тахмин қилиш мумкин, зеро Антонио айнан қайси мусиқачининг қўлида сабоқ олгани ҳақида аниқ маълумотлар сақланиб қолмаган. У ҳам отаси каби 10 ёшида қўлига скрипка олиб, мусиқа чала бошлаган.
Отасининг черковдаги фаолияти Антониони ҳам шу ерга етаклайди. Бу даргоҳда у ҳам диний, ҳам мусиқий билимларни эгаллайди. Соғлиғи билан боғлиқ муаммолар бўлмаганида, Вивальди бир умр черковда қолармиди, балки. Бироқ, туғилаётганда кўкрак қафасидан жароҳат олган Антонио орадан йиллар ўтиб, дамқисма касаллигидан азоб чека бошлайди. Шу боис ҳам у черковдан кетиб, 1703 йилда Венециядаги қизлар мусиқа мактаби – Оспедале делле Пиетага “maestro di violino” (скрипка ўқитувчиси) бўлиб ишга жойлашади ва 1716 йилга қадар, яъни “maestro de’ concerti” даражасига етгунча скрипкадан дарс бериб юради.
1705 йили Венециядаги Жузеппе Сала нашриёти унинг 12 сонатасини китоб қилиб чоп этади. Келаси йили Вивальди соната жанрига қайта-қайта мурожаат қилиб, бир неча мусиқий асбоб жўрлиги учун куйлар яратади. Вивальдининг иккинчи тўплами ҳам 12 сонатани ўз ичига олган бўлиб, уларнинг барчаси скрипка учун мўлжаллаган эди.
1706 йилда Вивальди Франция элчихонасида биринчи марта кенг омма олдида чиқиш қилади. Эътироф этиш жоизки, унинг катта санъатга илк қадами кутилганидан ҳам аъло натижалар берди. Тинмай изланиб, бир-биридан гўзал куйлар яратган Антонио тез орада мусиқа ихлосмандларининг меҳрини қозонди. 1703-1711 йиллар оралиғида Вивальди яратган трио-сонаталар, скрипка учун сонаталар ва, айниқса, “L’estro armonico” (“Илҳом гармонияси”) номи остидаги 12 концертдан иборат туркум тингловчилар томонидан зўр олқишлар билан кутиб олинди.
Вивальдининг шуҳрат қозонишига Венециянинг Европа маданиятида тутган катта мавқеи ҳам сабаб бўлди, дейишга асос бор. Зеро, қитъанинг сайёҳлик маркази бўлган Венецияга ўша йиллари кўплаб эътиборли кишилар ташриф буюрарди. Шу туфайли Венецияда назарга тушган моҳир скрипкачи ва бастакорнинг номи тез орада бутун Европага тарқалди. Жумладан, 1709 йили у қирол Фредерик IV билан шахсан танишиш шарафига муяссар бўлади. Кейинчалик Антонио унга атаб 12 та скрипка учун соната яратади. Унинг мусиқий асарлари Амстердамда китоб ҳолида нашр қилиниб, тезликда бутун шимолий Европага тарқалади. Ўша йиллари Венецияга ташриф буюрган мусиқачи борки, бастакор билан учрашиш, унинг суҳбатидан баҳраманд бўлишга ошиқарди. Ҳатто германиялик машҳур бастакор Иоҳа́нн Себастьян Бах ҳам Вивальди мусиқаларини ёқтириб қолиб, уларни бошқа мусиқий асбобларда ижро этиб кўради. Бахдан ўрнак олган бошқа немис бастакорлари ҳам Вивальди асарини ижро қила бошлайдилар.
1713 йили Вивальди ўзининг биринчи операсини яратади. “Оттон виллада” операсининг премьераси ўша йили 17 май куни Венециядаги Delle Grazi театрида бўлиб ўтади. Доменико Лалли асари асосида ёзилган ушбу опера Рим тарихига бағишланган бўлиб, айниқса, римликларнинг олқишига сазовор бўлади. Кейинчалик Вивальди Доменико билан ҳамкорликда яна бир неча опера яратишга муваффақ бўлади. Умуман, аксарият мутахассисларнинг таъкидлашича, 1713-1718 йиллар Вивальди ижодининг энг гуркираган даври ҳисобланади. Беш йил ичида у жами 8 та опера яратишга муваффақ бўлади.
Бастакор 1719-1722 йиллар оралиғида Италиянинг Мантуя шаҳарчасида ва қисман Германияда яшаб, ижод қилгани ҳақида тахминлар бор. Мантуяда у опера қўшиқчиси Анна Жиро билан танишиб қолади. Буни қарангки, Аннанинг отаси ҳам сартарош бўлган экан. Икки ҳамкасбнинг фарзандлари ижодий ҳамкорлик қила бошлайдилар ва бу, айниқса, Аннанинг ижодига ижобий таъсир кўрсатади. Шу тариқа, Антонио Вивальди концертларига хос бўлган “тез – оҳиста – тез” услуби кейинчалик Европа мусиқасида оммалашиб кетади. Умуман, мазкур композиторга замондош бўлган кўплаб соҳа вакиллари ундан андоза олганлар, унинг йўлидан кетганлар.
Нафақат куй яратишда, балки скрипка ижросида ҳам бениҳоя маҳоратли санъаткор бўлган Вивальди ёзган қарийб 550 концертдан тахминан 350 таси оркестр жўрлигидаги якка ижродаги мусиқий асбоб учун, шундан 230 таси скрипкага мўлжаллангандир. Бошқа бастакорлардан фарқли ўлароқ, қаҳрамонимиз ноодатий мусиқий асбоблар учун ҳам куй басталаган. Унинг виол д’амур, лютня ва пуфлаб чалинадиган шалмей, кларнет, валторна каби бир неча асбобларнинг якка ижроси учун ёзган куйлари мусиқа шинавандаларининг ҳайратига сабаб бўлган. Бундан ташқари, фагот, виолончель, гобой ва флейта учун ҳам алоҳида мусиқалар басталагани эътиборга молик. Вивальди, шунингдек, кўпгина вокал (черков-диний) ва замонавий мусиқалар ҳам яратган.
Умрининг сўнгги йилларини Венециядан ташқарида ўтказган Вивальди 1740-йилларда ўзининг раҳнамоси – қирол Карл VI нинг ҳузурига боради. Бироқ унинг Венага ташрифи ўта ноқулай пайтга тўғри келиб қолади. Бу пайтда қирол вафот этган ва Австрия тахти учун жанг бошланиб кетган эди. Ночор аҳволда қолган Вивальди иш қидириб Дрезденга, сўнг Саксонияга кетади ва йўлда қаттиқ бетоб бўлиб қолади. Бир вақтлар бутун Европага донғи кетган, эндиликда хаста, чорасиз ижодкорни кўпчилик унутиб юборган эди. Тушкун аҳволда яна Венага қайтиб келган Антонио Вивальди 1741 йилнинг 28 июль куни қаттиқ шамоллаш туфайли вафот этади. Турли давлатларнинг энг нуфузли тадбирларига кўрк бағишлаган, сон-саноқсиз санъаткорларни ўз ортидан эргаштирган машҳур бастакор камбағаллар қабристонига дафн этилади. Унинг яқинлари, хусусан, сингиллари Маргарита ва Дзанетта орадан бир ой ўтибгина Антонионинг ўлими ҳақида хабар топадилар. 26 август куни эса суд марҳумнинг қарзларини узиш учун унинг мулкини мусодара қилиш ҳақида ҳукм чиқаради…
Бир пайтлар тупроқ остида Антонио Вивальди шуҳратига лойиқ ўрин топилмаган бўлса, бугунга келиб унинг шони юлдузлар қадар юксалган – Меркурий сайёрасидаги кратерлардан бирига айнан Антонио Вивальди номи берилган.
Бахтиёр Иноғомов тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 3-сон