ХХ асрнинг иккинчи ярмида жаҳон кинематографиясида муҳим ўзгариш содир бўлди. Италияда “неореализм” оқими вужудга келган бўлса, Францияда “янги тўлқин” бутун кино санъатида янги даврни бошлаб берди. 1950-1960 йилларда юзага келган ушбу оқим аввалги сийқаси чиққан тасвирга олиш ва фильм сюжетини тахминий ҳикоя қилиб беришдан воз кечади. Бу даврда 26-32 ёшлардаги кинорежиссёрлар кино оламига кириб келади. Уларнинг аксарияти олдин кинотанқидчи ва журналист сифатида фаолият юритган бўлиб, “Кае дю синема” журналида ўз қарашлари ва фикрларини баён қилиб келганлар.[1]
“Янги тўлқин” атамаси илк бор 1958 йилда журналист Франсуа Жирунинг эссесида тилга олинган бўлиб, кейинчалик бу ибора Франция кино санъатидаги янгиланишга нисбатан ишлатила бошланди. 1950 йилларда кино дунёсида шаклланган бу оқим 1970 йилларга келиб, “муаллифлик киноси назарияси”га тамал тоши қўйди.
Жаҳон кинематографиясида кескин бурилиш ясаган “янги тўлқин” оқимида ўз ижодини бошлаган ёш режиссёрлар тижорат фильмларига хос бўлган хусусиятлардан қочиб, янгиликларга интилдилар. Улар ўз фильмларида ҳеч ҳадиксирамай экспериментларга қўл урадилар ва тасвирга олиш ва монтаж соҳасида янгича усулларни кашф қиладилар.
Ушбу оқимда илк бор Клод Шаброл томонидан “Мафтункор Серж” (1958) фильми суратга олинади. Ундан кейин Франсуа Трюффонинг “Тўрт юз зарба” (1959), Жан-Люк Годарнинг “Сўнгги нафасда” (1960) фильмлари дунё кинотанқидчилари томонидан илиқ кутиб олинади. Улар нафақат танқидчилар орасида муваффақият қозонади, балки иқтисодий томондан ҳам улкан ютуққа эришади. Томошабин кино оламида вужудга келган янгича фалсафий қарашларни қизиқиш билан қабул қилади.
“Янги тўлқин” оқимида Франсуа Трюффо, Жан-Люк Годар, Клод Шаброл, Ален Рене ва Аньес Варда каби режиссёрлар самарали ижод қилиб кино санъатини яна бир босқич юқорига кўтардилар.
Ушбу оқимнинг ёрқин намояндаси режиссёр Франсуа Трюффонинг “Тўрт юз зарба” фильми автобиографик асар бўлиб, унда Антуан исмли мактаб ёшидаги бола ҳақида ҳикоя қилинади. Режиссёр ўз оиласидан меҳр кўрмаган, ўқитувчилар томонидан камситилган боланинг ички кечинмаларини ифодалашга уринади. Антуан ўқитувчилари назарида фалокат бошлаб юрувчи безори бола. Аммо ҳақиқий фалокат боланинг ўз онасига ортиқчалик қилишида акс этади. Бола кўрсатган ҳар бир итоатсизлик ва ахлоқсизлик катталарнинг унга бўлган муносабатига нисбатан исёндир. Ўз ҳаётини ўйлаб яшаётган онанинг эътиборсизлиги болани руҳан шикастлайди. Она эса унинг руҳий ҳолатини тушунишга ҳаракат ҳам қилиб кўрмаган, итоатсизлигининг сабабини ўрганишга уринмаган, ўқитувчиларнинг тинимсиз жазолашлари уни исёнкорга айлантириб қўяди. Режиссёр бундай вазиятлар жамиятда кўп учраши ва одамларнинг лоқайдлиги туфайли юз беришига урғу берган. Франсуа Трюффо “Тўрт юз зарба” фильмида фарзанд тақдирига бефарқликдек мудҳиш ҳолатни усталик билан тасвирлаган.
Трюффо ушбу фильм устида иш олиб борар экан, одатдаги павильон тасвирларидан воз кечиб, фильм лавҳаларини реал мактаб ва шаҳар кўчаларида суратга олади. Фильмда ҳужжатли фильм операторлиги услуби билан бадиий фильмдаги ёндашув қоришиб кетади. Фильм сўнггида қаҳрамоннинг тўғридан-тўғри камерага қараши ва шу вақтда кадрнинг турғун ҳолатга келиши кино санъатида янгилик бўлиб, бу усул кейинчалик кинематографияда кенг оммалашади. 1959 йили “Тўрт юз зарба” Франциядаги халқаро Канн фестивалида “Энг яхши режиссёрлик иши” номинациясида мукофотга сазовор бўлган.
“Янги тўлқин” оқими ҳақида гап кетар экан, унинг яна бир йирик вакили, режиссёр Жан-Люк Годар ижодига тўхталиб ўтиш жоиз. У 1960 йилги “Сўнгги нафасда” фильмининг оламшумул муваффақиятидан кейин 1962 йилда “Ўз ҳаёти билан яшаш” номли фильмни суратга олади. Бу фильмнинг ўзига хослиги шундаки, у ўн икки лавҳадан ташкил топган бўлиб, ҳар бир лавҳа қаҳрамон ҳаётидаги маълум бир ҳолатни акс эттиради. Режиссёр ушбу фильмда эркин ҳаёт тушунчасига нисбатан жамиятдаги баъзи бир янглиш фикрларга ўз қарашини ифода этган. Фильм қаҳрамони Нана исмли қиз бўлиб, у жамиятда озод ҳаёт кечиришга интилади. Натижада молиявий қийинчиликларга учраб, қайсидир маънода қулга айланиб қолади. У эркин яшаш учун танлаган йўл уни тубсизликка қараб етаклайди ва ҳалок этади. Жан-Люк Годар ушбу фильм орқали инсон эркинликнинг асл моҳиятини англаб етиши зарурлигини томошабинга, айниқса, ёшларга уқтирмоқчи бўлади.
Жан-Люк Годар “Ўз ҳаёти билан яшаш” фильмида “cинема верите” эстетикасига хос ҳужжатли ва бадиий фильм уйғунлигини қўллаган. Фильм воқеалари худди ташқаридан кузатиб турилгандек таассурот қолдирувчи услубда тасвирга олинган. Ундаги диалоглар реалликка асосланганлиги билан ҳужжатли фильмни ёдга солса, воқеалар талқини бадиийликдан далолат бериб туради. Ушбу фильм учун режиссёр Жан-Люк Годар Венеция кинофестивалида махсус совринни қўлга киритган.
“Янги тўлқин” оқимида яратилган фильмлардан яна бири “Ўтган йили Мариенбадда” фильмидир. Ҳозирги кунгача баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган ушбу фильм режиссёр Ален Рене томонидан 1961 йилда суратга олинган. Фильмга инсоннинг руҳий кечинмалари асос қилиб олинган бўлиб, драматургиянинг макон ва замон бирлиги қонуниятига бўйсунмайди. Шунга қарамай, Ален Рене томонидан яратилган ушбу фильм томошабин диққатини асар давомида тутиб туради.
Ален Рененинг мазкур фильми Франция кино санъатида инқилоб ясади, дейиш мумкин. 1963 йили ёзувчи ва режиссёр Адонис Киру ўзининг “Сюрреализм ва кино” китобида бу фильмга юксак баҳо беради. Ушбу асар 1961 йилда бўлиб ўтган Венеция кино фестивалида “Олтин шер” мукофоти билан тақдирлангани ҳам унинг моҳирона ишланганидан дарак беради.
Францияда вужудга келган “янги тўлқин” нафақат бу ўлка кино санъатида, балки бутун дунё кино оламида бурилиш ясади. Ушбу оқим таъсири остида Буюк Британия, Япония, АҚШ ва бошқа мамлакатлатлар кинематографиясида янги давр бошланди. Киноижодкорлар ёшлар ҳаётидаги муаммоларга катта аҳамият қарата бошладилар. Инсон руҳиятини очиб бериш биринчи ўринга чиқди. Суратга олиш ва монтаж услубларида янгиланишлар юз берди. Режиссёрлар павильон ва студиялар қўйган чекловларга чап бериб, кенг натурага чиқиб кетдилар. Улар янгидан-янги тасвирий ифода воситалари ва усулларни топишда доимий изланишда бўлдилар.
“Янги тўлқин” оқими кейинчалик кино оламига кириб келган Стенли Кубрик, Френсис Форд Коппола, Мартин Скорсезе, Роман Полански, Вуди Аллен каби машҳур режиссёрларнинг шаклланишида муҳим ўрин тутди. Таниқли режиссёр Квентин Тарантинонинг айтишича, у ўз дидини айнан “янги тўлқин” оқимига оид фильмларни кўриб ўстирган. Унинг ижодий камолотида ушбу оқимнинг таъсири кучли бўлган. У ҳатто ўзи ташкил қилган кинокомпанияни Жан-Люк Годарнинг “Аутсайдерлар гуруҳи” фильми номи билан атаган.
Бугунги кун кино санъатида “муаллифлик киноси” деб юритиладиган, томошабинлар ва кино танқидчилар томонидан қадрланадиган фильмлар ҳам “янги тўлқин” оқими давомчиларидир. Чунки, айнан шу оқимда юзага келган фильмларда уни яратган муаллифнинг шахсияти, ички дунёси ўз ифодасини топади.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 8-сон
______________
[1] А.Исмаилов. Кинотелеоператорское мастерство. -Tашкент: 2013. – С. 237.