Муниса Муҳамедова, Чарос Ғаниева. “Қора квадрат” сири

Санъат жумбоқлари билан жозибали. Муайян санъат асари ҳақида тугал хулосани айтиб бўлмагани сингари, у ҳақда барчанинг бир хил фикрга келиши ҳам имконсиздир. Машҳур “Қора квадрат” картинаси ҳам бир асрдан бери тасвирий санъат ихлосмандлари ўртасида мунозарага сабаб бўлиб келмоқда. Қуйидаги мақолада “Казимир Малевичнинг машҳур полотноси жўн хаёлот тасвирими ёки фалсафий сирли мактуб? Бир томондан қора квадратни оқ фонда чизиш учун машҳур рассом бўлиш шарт эмас. Ҳамма ҳам чиза олади! Бироқ сирли томони шундаки, “Қора квадрат” бугунги кунгача жаҳондаги энг машҳур асарлардан бири ҳисобланади. Унинг яратилганига 100 йилдан ошганига қарамай, баҳс ва мунозаралар ҳамон давом этмоқда. Нима учун? “Қора квадрат”нинг маъноси ва қиммати нимада?” сингари саволларга жавоб изланади. Албатта, бу мулоҳазалар ҳам якуний фикр сифатида эмас, балки журналхонларимизни баҳсга чорлаш мақсадида эълон қилиняпти.

Таҳририятдан

XX аср замонавий тасвирий санъати шаклий-мундарижавий жиҳатдан ўта мураккаб ва қизиқарли. Бир томондан анъанавий классик санъат янги қирраларини намоён этса, бошқа томондан авангардизм, унинг турли кўринишлари ҳам ўзига йўл очиб борди. Фовизм, кубизм, кейинроқ сюрреализм, абстракт санъатнинг турли йўналишлари: поп-арт, оп-арт, кинетик санъат ва бошқалар бир-бирини алмаштириб борди. Шу тариқа аср бошларида тасвирий санъатда расмий йўналиш сифатидаги “мақом”га эга бўлган академик санъатга турли-туман изланишлар асосида кенгайиб бораётган авангард санъат рақобатда бўлди. Санъаткорларнинг бадиий тасвир ва ифода воситаларини янгилаш борасидаги уринишлари санъат майдонида қатор янги бадиий услуб ва йўналишларни юзага келтирдики, булар умуман жаҳон санъати ривожида муҳим роль ўйнади.

ХХ аср бошларида замонавий рангтасвирда реализм принципларига қарши чиққан бадиий услублар ривожлана бошлади. Бу рассомлар натурага таянган ҳолда формал-пластик масалаларни ҳал этишга ҳаракат қилдилар. Улар XIX аср реализми, натурализми ва импрессионизм услубларини инкор этиб, янги давр санъатини яратишга интилдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг ишларига хос хусусият яратилган образ ва шаклларнинг жўн-содда бўлишида, композицияларнинг сунъийлиги ва декоратив томонига эътибор кучайтирилганида ҳамда воқеаликнинг эркин талқин этилишида кўринади. Улар чизиқ перспективаси ва борлиқнинг иллюзион тасвирини инкор этиб, шакл бузилишларига онгли равишда йўл қўйганлари ҳолда ранг экспрессияси орқали ўз ҳиссиётларини ифодалашга ҳаракат қилдилар.

Ана шундай асарлардан бири – “Қoрa супрематик квaдрaт” Кaземир Мaлевич тoмoнидaн 1915 йилдa ярaтилгaн бўлиб, рус сaнъaти тaриxидa энг кўп бaҳс қўзғаган кaртинa сифaтидa машҳурдир[1]. “Қoрa квaдрaт” асарида рaссoм рaнг вa кoмпoзициянинг имкoниятлaрини ўзaрo тaдқиқ этгaн. Давомийлигига кўрa ушбу кaртинa триптиxнинг бир қисми бўлиб, унинг тaркибидa қoрa дoирa вa қoрa xoч тасвирлари ҳaм мaвжуд бўлгaн. Кaртинa ярaтилишидaги 1910–1913 йиллaргa қaдaр бўлгaн дaвр рус aвaнгaрд сaнъaтининг ривoжлaнишидa aсoсий босқичлардан саналади. Баъзи рассомлар санъатни табиат билан ўзига хос уйғунлаштиришга интилдилар. Бошқача айтганда, кубизмда унинг тасвирни буюм сифатидаги ўзаро боғлиқлигини таъминлаш уйғунлиги мавжуд эмас эди. Шундай қилиб, тасвирий санъатда “соф буюмсизлик” анъанасига киритилган иккита йўналиш пайдо бўлди. Бу вaқтдa кубoфутуризм ҳaрaкaти ўзининг чўққисигa эришaди вa янги бaдиий йўнaлишлaр пaйдo бўлa бoшлaйди. Уларнинг бири – конструктивизмга рассом В.Е.Татлин бошчилик қилди. Иккинчи асосий йўналиш эса “супрематизм” деб номланиб, унинг етакчиси Казимир Северинович Малевич (1879–1935) эди. Кубизм, хусусан, унга хос геoметризaция услуби рaссoмлaргa ижодкорни чекловчи қолип, аниқроғи, зерикарли бўлиб кўринa бoшлaди. Мaлевич ижoди ҳам ана шу қарама-қаршиликлар жараёнида xудди тaжрибa мaйдoнигa ўxшaб қoлди. У бир вaқтнинг ўзидa кубизм, футуризм вa “индивидуал ҳиссий реализм” (aлoгизм) йўналишларида ишлaди. Aлoгизм (“мантиққа зид фикр, мулоҳаза”) Казимир Мaлевичнинг янги ижодий тизимида намоён бўлган йўналишлардан саналарди. Қизиғи шундаки, алoгизм мантиқни рaд этмaйди, балки юксак мантиққа aсoслaнишни билдиради. “Алогизмда конструкция, маъно, уйғунлик мавжуд, лекин унда “буюмсизлик” ҳам янгича қарашлар асосида шакллантирилган”, – деб ёзган эди К.Малевич[2]. Шу асосда Малевич ижодида предметсизликка интилиш анъанаси пайдо бўлди, картиналарида ҳам мавҳумлик асосида супрематизм йўналиши акс эта бошлади[3]. Ушбу йўналишнинг биринчи номи “супранатурализм” бўлиб, К.Малевичнинг севимли файласуфи Н. Ф. Фёдоровнинг фалсафадаги илмий қарашлари – супраморализмга аналог тарзида ўйлаб топилган эди. Санъатшунос Е.Ф.Ковтуннинг фикрига кўра, К.Малевичнинг супрематик ижодий услуби борлиқни ўз хаёлот олами орқали идрок этиш ва уни тасвирлаш концепцияси асосида вужудга келган. Шунинг учун ҳам супрематик картиналарда космик фазовий бўшлиқдаги каби аниқ чегаравий имкониятлар йўқ бўлиб, фақат ижодкорнинг мустақил олами примитив ифода этилади[4].

1913 йили М.Матюшиннинг “Қуёш устидан ғалаба” операси саҳналаштирилади ва Малеевич ушбу асарнинг саҳна безакларини, либослар тўпламини яратиб, асосий постановкачи рассом сифатида иштирок этади. Айнан ана шу эскизларда биринчи марта қора ранглар гаммасидан унумли фойдаланган ижодкор “қора квадрат” кўринишларини қисман ифодалай олган. Бу эскизларда ҳам қуёш чизгилари ўрнида аксарият ҳолларда қора чизгиларни кузатиш мумкин. Қисқаси, “Қора квадрат” асари ушбу жараёнлардан илҳомланиб яратилган бўлиб, рассомнинг супрематик йўналиш­даги илк ишларидан саналади.

Супрематик асарлар тўплами 1915 йил 19 декабрда Петербургдаги Н.Е.Добичиннинг бадиий кўргазмалар бюросида очилган “0,10” кўргазмасида намойиш этилади. Экспозициялар орасида асосий диққатни жалб этадиган “Қора квадрат” картинаси янги пластик ечимга эга ижодий иш сифатида турли қарама-қарши фикрлар уйғотади[5].

Кўргазма каталогидаги рўйхат бўйича “Қора квадрат”нинг бирламчи номи “Тўртбурчак” эди. Соф геометрик нуқтаи назардан қараганда аниқ тўғри бурчаклари бўлмаган бу шакл, ҳақиқатан ҳам, тўртбурчак шаклида. Албатта, бу муаллифнинг жўн фикрлашидан эмас, аксинча, супрематизм тамойиллари позициясидан туриб, динамик, ҳаракатчан шакл яратишга интилиши натижаси эди. Рассомнинг таъкидлашича, “Ушбу супрематик уч квадратлар муайян дунёқарашлар ва дунёқуришлар ўрнатилишининг бир белгисидир… қора рангдагиси – иқтисод қилиш, қизил инқилобдан дарак бериш рамзи бўлса, оқ квадрат ҳаракат белгиси ҳисобланади”.

Санъатшунос Е.Ю.Андреева таъкидлайдики, “Малевич геометрияси… қиёслаб бўлмас ифодавий пластик экспрессияси, яъни таъсир кучи билан инсонни ҳайратга солади… Малевичнинг новаторлиги нафақат ғоявий, балки шахсий ижодий пластика доирасида ҳамдир. У ўзининг семантик кетма-кетлигини квадратлардан ясади”. Малевич санъатшунос-танқидчилари орасида унинг тасвирий ва ёзма башоратларини жиддий қабул қилишга тайёрлари йўқ эмасди. Аксарият мухлислар эса фақатгина рус авангардининг чексиз ҳэппенингини[6] қувониб қарши олиб, кузатиб борарди, холос[7].

ХХ аср тарихи билан таниш одамлар орасида “Қора квадрат” муаллифи ҳар қандай одам: хоҳ фаҳмсиз ёш бола, хоҳ шунчаки қоғоз қоралаб юрган бекорчи ҳам бўлиши мумкин эди”, деб ўйлайдиганлари бор. Бироқ “Қора квадрат”га берилган энг биринчи профессионал, яъни мутахассисларнинг тақризидаёқ Малевич ғояси тушунарли қилиб очиб берилди. Адабий танқидчи, “Санъат олами” уюшмаси асосчиси Александр Бенуа “Речь” газетасининг 1916 йил 9 январь сонида бундай деб ёзган эди: “Ҳеч шубҳа йўқки, ушбу картина футурист рассомлар таклиф этаётган Мадонна ва Венера тасвирлари ўрнига келган иконадир”.

Кейинчалик К.Малевич ҳар хил мақсадларда “Қора квадрат”нинг бир неча такрорини яратди. Ҳозирда “Қора квадрат”нинг турли чизматасвир, фактура ва ранг билан ажралиб турувчи тўрт варианти маълум[8]. Малевичнинг бундан ташқари жуда кўп қора квадрат билан боғлиқ (уларнинг кўпчилигида қора квадрат супрематизмнинг асосий элементи эканлигини таъкидловчи шарҳлар бор) картиналари мавжуд. Квадрат Малевичнинг кўпфигурали супрематик композициялари таркибида ҳам учрайди.

1915 йилда яратилган илк “Қора квадрат” картинаси ҳозирда Третяков галереясида сақланади. Картина оқ фон устида қора квадрат тасвирланган полотнодан иборат бўлиб, унинг ўлчамлари 79,5 х 79,5 5 см.[9].

Иккинчи “Қора квадрат” асари 1923 йили Венецияда ўтказилган биенналеда намойиш қилиш учун яратилган ва триптих таркибига киритилган. Унда квадратдан ташқари яна “Доира” ва “Хоч”нинг такрорий вариантлари ҳам тасвирланган. Ўлчамлари – 106х106 см. Триптих 1915 йилда яратилган оригинал картинадан ҳам ўлчами, ҳам томонларининг нисбати (пропорцияси) билан ажралиб туради. Энди у буткул бошқа асар – янги “Квадрат”, “Доира” ва “Хоч” эди. Бу сурат Малевичнинг энг яқин шогирдлари бўлмиш Анна Лепорская, Константин Рождественский ва Николай Суетин томонидан Казимир Малевич бошчилигида ишланган деб ҳисобланади. 1936 йилнинг март ойида бу учта картина яна бошқа 80 га яқин супрематик йўналишдаги картиналар билан К.Малевичнинг рафиқаси Н.Малевия томонидан Россия давлат музейига топширилган.

Казимир Малевичнинг машҳур полотноси жўн хаёлот тасвирими ёки фалсафий сирли мактубми? Бир томондан қора квадратни оқ фонда чизиш учун машҳур рассом бўлиш шарт эмас. Ҳамма ҳам чиза олади! Бироқ сирли томони шундаки, “Қора квадрат” бугунги кунгача жаҳондаги энг машҳур асарлардан бири ҳисобланади. Унинг яратилганига 100 йилдан ошганига қарамай, баҳс ва мунозаралар ҳамон давом этмоқда[10]. Нима учун? “Қора квадрат”нинг маъноси ва қиммати нимада? Бу борадаги мунозарали фикрларни қуйидагича таснифлаш мумкин[11].

  1. “Қора квадрат”, бу – тўқ рангдаги тўғри тўртбурчак.

Аслида, “Қора квадрат” қора ҳам ва квадрат ҳам эмас: ҳеч қайси бурчаги бир-бирига параллел бўлмагани боис, квадратга хос белги йўқ. Тўқ ранги эса, турли хил рангларнинг аралашмаси бўлиб, улар орасида қора рангни учратмаймиз. Бу муаллифнинг совуққонлигини эмас, балки ўзига хос услуб яратишга интилганини кўрсатади.

  1. “Қора квадрат”, бу – “ўхшамаган” асар.

1915 йил 19 декабрда Петербургда ташкил этилиши режалаштирилган “0,10” футуристик кўргазмасида К.Малевич бир нечта асар намойиш этиши керак эди. Вақт ўтиб борар, рассом эса ишни тугатишга улгурмаётганди. Шу аснода у чизган суратидан кўнгли тўлмаганми, ё бошқа сабаб биланми, жаҳл устида ранг устига ранг солиб, қоғозни бўяб ташлайди ва… қора квадрат пайдо бўлади. Худди шу дамда эшикдан кириб келган дўст: “Гениально!” деб хитоб қилади. Шундан сўнг К.Малевич қора квадрат ҳақидаги фикрларини умумлаштира бошлайди…

Мутахассисларнинг ўрганишларига кўра, асар юзасида бўёқларнинг дарз кетгани сезилади. Бунинг ҳеч қандай ғайритабиий жойи йўқ, шунчаки асар рисоладагидек чиқмаган. Бир неча марта унинг тагидаги қатламни ўрганиб чиқишга уринишлар ҳам бўлди. Бироқ олимлар, танқидчилар ва санъатшунослар асарга жиддий зарар етишини ўйлаб, тахминларга нуқта қўйиш учун ультрабинафша нурлар орқали рентген қилиш услуби мақбул топилди.

  1. “Қора квадрат”, бу – турли рангдаги куб.

К.Малевичнинг ўзи бир неча марта таъкидлаганки, унинг “Қора квадрат”и ғайритабиий “фазовий англам” орқали яратилган. Айрим кишилар квадратни “қора квадрат” ичида деб билишади. Бунинг сабаби картинанинг чегара чизиқлари ичкарисига назар ташласангиз, қора квадратни эмас, балки турли хил рангдаги кубларни кўрасиз. “Қора квадрат”даги сирли маънони шундай таҳлил қилишимиз мумкин: бизни ўраб турган олам фақат илк қарашдагина силлиқ кўринади. Агар теранроқ назар солинса, олам чексиз ва ранг-барангдир.

  1. “Қора квадрат” – санъатдаги қўзғолон.

Картинанинг пайдо бўлишига қадар Россияда кубизм мактаби вакиллари машҳур эди. Бора-бора бу йўналиш барчанинг меъдасига уриб, рассомлар янги йўналишларни яратишга қўл урадилар. Шу тариқа К.Малевичнинг супрематизми, хусусан, “Қора супрематик квадрат” асари юзага келади. “Супрематизм” атамаси лотинча “suprem”дан олинган бўлиб, рангтасвир хусусиятларидан рангни устун қўйишни англатади. Супрематистик асар эса, буюмсиз рангтасвир, “хаёлий ижод” дегани.

  1. “Қора квадрат”, бу – сиёсий юриш.

Казимир Малевич нозик стратегияни ўйлаган ва сиёсий ўзгаришларни сезган. 1915 йил Малевичнинг “Квадрат”и ўз даврининг янги долзарб ғояси сифатида пайдо бўлди: рассом янги давр ва янги одамларга инқилобий санъатни таклиф этди. Ушбу картинанинг яратилиши анъанавий санъат умри якунланганидан далолат эди.

  1. “Қора квадрат” – мазмундан воз кечиш.

Асар тасвирий санъатда формализмга хизмат қилди. Рассом картинани ярата туриб, нафақат “контекс” ва “мазмун” тушунчасини, балки “баланс”, “перспектива”, “динамика”ни ҳам ўйлайди. Бироқ К.Малевич тан олганини замондошлари тан олмади. “Қора квадрат” замонавий рассомлар учун тарихий ҳодиса, қолганлар учун “оддий квадрат” бўлиб қолаверди.

Сўзимизга хулоса қилиб айтганда, XX аср тасвирий санъати тарихи давомида энг кўп баҳс ва мунозараларга сабаб бўлиб келаётган “Қора квадрат” асарига бўлган эътибор ҳали-ҳануз сўнадиганга ўхшамайди. 2007 йили Гамбург шаҳрида “Қора квадрат” шов-шувли тарзда ҳавола этилди[12]. Замонавий санъатшунослар ушбу асарни рентген нури ва микроскоп орқали таҳлил қилганларидан сўнг ҳам аниқ бир хулосага келганларича йўқ.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 2-сон

—————–

[1] Шатских А.С. Сколько было «Чёрных квадратов»? // Проблема копирования в европейском искусстве. Материалы научной конференции 8–10 декабря 1997 года / Российская академия художеств. –М., 1998.

[2] Малевич К. Письма к М. В. Матюшину. Подготовка текста и вступительная статья Е.Ф.Ковтуна. // Ежегодник Рукописного отдела Пушкинского дома на 1974 г. –Л.: 1976. С. 177–196.

[3] Горячева Т. Картина Малевича «Автомобиль и дама». Красочные массы в четвёртом измерении. «Рождение знака». // Русский авангард. Личность и школа. –СПб., 2003. С. 22.

[4] Ковтун Е.Ф. Победа над солнцем – начало супрематизма. // «Наше наследие». –№ 2. 1989. С. 23–26.

[5] Горячева Т. Почти всё о «Чёрном квадрате». / Приключения «Чёрного квадрата». –СПб.: Государственный Русский музей, 2007. С. 45.

[6] Ҳэппенинг (инглизча “happening” – “ҳодиса”дан) – замонавий тасвирий санъат шаклларидан бири. Ҳэппенинг мусаввирнинг ўзини мутлақо назорат қилмасдан ижод қилиши билан изоҳланади.

[7] Малевич К. Письма к М.В.Матюшину. Подготовка текста и вступительная статья Е.Ф.Ковтуна. // Ежегодник Рукописного отдела Пушкинского дома на 1974 г. –Л.: 1976. С. 177–196.

[8] Андреева Е.Ю. Казимир Малевич. Чёрный квадрат. – СПб.: Арка, 2010. С.89.

[9] Martineau E. Une philosophie des Suprema. Suprematisme. –Paris, 1987. Р. 82–97.

[10] Горячева Т., Карасик И. Приключения чёрного квадрата. –СПб.: Государственный Русский музей, 2007. 159 с.

[11] Horst Bredekamp Beuys als Mitstreiter der Form. In: Ulrich Müller: Joseph Beuys. Parallelprozesse. Archäologe einer künstlerischen Praxis. –Hirmer, München, 2012. S. 28.

[12] https://meduza.io/feature/2015/11/19/kazimir-malevich-v-peschere-glubokoy-nochyu* http://www.bbc.com/russian/society/2015/11/151113_malevich_black_square_sarabyanov_interview.