Жаҳон маданияти тарихида ҳам улуғ олим, ҳам буюк рассом, ҳам беқиёс конструктор мутафаккир Леонардо да Винчи ҳисобланади. У 1452 йили Италиянинг Винчи шаҳрида туғилиб, Овруподаги Уйғониш даврининг забардаст намоёндаси бўлиб етишган. Леонардони Италия фанининг отаси деб ҳисоблайдилар. У қолдирган мерос ҳозирги замон жаҳон маданияти учун ҳам баракали хизмат қилмоқда.
Леонардо да Винчи ижод қилган давр биз учун ҳам қизиқарли. Уйғониш даврининг бошларида, яъни ХII асрда ал-Хоразмий, ал-Фарғоний, Ибн Сино ва бошқа олимларимизнинг илмий асарлари лотин тилига таржима қилиниб, нашрдан чиққан ва Оврупо олимларининг дастуруламали бўлиб қолган эди. Шу билан бирга, қадимги юнон файласуфларининг асосий китоблари ҳам лотинчага таржима этила бошлаган эди. Леонардо да Винчигача ўтган Леонардо Пиза, Роберт Честер, Рожер Бэкон, Дантенинг хизматлари таҳсинга сазовордир.
Леонардонинг замондошлари — Беренгарис, Немомарий, Сакробоско, Тарталя ҳам бу ишни давом эттирдилар. Айниқса, Региомантан ал-Фарғонийнинг асосий китоби — «Астрономия асослари»нинг Оврупо университетларида бир неча аср дарслик бўлиб қолишига сабаб бўлган. Леонардо да Винчининг бевосита давомчиларидан деб Христофор Колумб ва Франсис Бэконни кўрсатиш мумкин. Улардан кейин — Коперник, Галилей, Кеплер, Нютонни айтиш мумкин.
Ижод услуби. Маълумки, одатда олимлар, ижодкорлар озми-кўпми вақтларини илгари ўтган мутафаккирлар китобларидан фойдаланишга сарф этадилар. Бироқ, илмий ходим ўз вақтини фақат китоб ўқиш билан (ижодсиз) ўтказса, ишининг унуми бўлмайди ва, аксинча, китоб-журнал ўқимай, фақат ижод қиламан деса ҳам худди шундай бўлади. Тажриба кўрсатадики, оқилона йўл — ҳам ўқишда, ҳам яратишда вақтдан унумли фойдаланишдан иборат. Леонардо да Винчи эса вақтининг жуда кўпини яратишга, кашф этишга, ижодга, жуда камини — ўқишга сарфлаган экан. Бу билан у бошқалардан яққол ажралиб турган. Олимнинг бу услуби бошқа олимларга тўғри келмаслиги мумкин. Нега Сизнинг иш услубингиз шундай, деб замондошлари сўрашганда, у жавоб берган экан: менинг устозим, маслаҳатгўйим, билиш ва тасвирлаш манбаим табиатнинг ўзидир. Шу ўринда айтиш жоизки, Леонардо да Винчи асосан Ибн Синонинг «Ал-Қонун» номли асаридан ташкил топган Мондино да Луццининг италян тилида 1326 йили нашр этилган китобини кўп ўқиган ва ундан унумли фойдаланган. Бу ҳақда Габриэл Сеайл гапириб, Ибн Синонинг «Ал-Қонун»и Италияда классик қўлланма бўлганлигини уқтириб ўтади.
Илм-фан ҳақида Леонардо қуйидаги ибораларни қайта-қайта гапирган: «Бирор кимни яхши кўриш ёки ёмон кўриш учун аввало уни билиш керак», «Олдин фанни бил, сўнг амалга ўтки, амалдан яна фан келиб чиқади», «Фан — генерал, амалиёт — аскарлардир», «Фансиз амалиёт — рулсиз ва компассиз кема ҳайдовчи», «Олдин тафаккур, кейин тасаввур»…
Леонардо фанлар ичида математикага айниқса кўп эътибор берган. У 120 илмий асар ёзиб қолдирган бўлиб, бундай деган: «Математикани билмайдиганлар менинг китобларимни ўқишга киришмасинлар», «Инсон яратган тадқиқот, агар у математика усули билан исботланган бўлмаса, ҳақиқат бўлмайди». Унинг ўзи математик сифатида квадратура муаммолари соҳасида қимматли натижаларга эришган. Махсус циркул, параболик ойнани ясаш усули ва бошқа математик асбоблар яратган. Леонардо ¬¬«пи» сонини, яъни айлана узунлигининг ўз диаметрига нисбатини 22/7 деб қабул қилган — бу яхши. Лекин Леонардо да Винчи туғилишидан уч йил илгари вафот этган Улуғбекда у сон янада аниқроқ эди, яъни 3,141 592 653 589 279 32.
Леонардо механика илмини математиканинг давоми ва техниканинг асоси деб ҳисоблаган. У шундай деган: «Механика — математиканинг жаннатидир». У Аристотел «Физика»сидаги механика қоидаларининг ҳар хил математик ифодаларини яратади. Абадий ҳаракат йўқ, чунки абадий куч йўқ, аммо абадий мувозанат бор, дейди у. Олим импулс тушунчасини муҳим деб ҳисоблади. Эслатиб ўтамиз: бу тушунчани фанга биринчи бўлиб киритган олим Ибн Синодир. Ҳозирги фан ва техникада ҳаракат миқдорининг ўзгариши қонуни шу тушунча билан боғлиқ. Маълумки, инерция қонунини Галилей ва Нютон кашф этган. Уларгача Леонардо сал соддароқ қилиб ифодалаган: ҳар қандай ҳаракатдаги жисм ундаги импулс тамом бўлгунча ҳаракатланаверади.
Техника. Бу соҳада машҳур ихтирочи, инженер, конструктор Леонардо таъбирича, ихтирочи табиатда учрамайдиган, лекин бўлиши мумкин бўлган нарсаларни яратади, конструкция тузади. Бунинг учун юксак инженерлик маҳорати талаб этилади. Кашфиёт хаёлсиз бўлмайди. Хаёл эса, имкониятсизликни ҳам, етишиб бўлмайдиган нарсаларни ҳам ўз ичига олади. У йигирув, дурадгорлик ва бошқа турли-туман машиналарни бунёд қилди. Кўприклар, каналлар назариясини яратди. Буғ двигателлари теплотехникасига асос солди. Сув ости ва сув устида сузиш мосламаларини кашф этди.
Авиация соҳасида дастлабки назарий ва амалий ишлар рўёбга чиқди. Бунинг учун кўршапалак, бургут ва бошқа қушлар ҳамда балиқларнинг аэрогидромеханикасини ўрганди. Уларнинг оғирлиги, оғирлик маркази, сатҳи, бурилиш ва учиш бурчаги, шамол тезлиги биргаликда тадқиқ қилинди. Леонардо нега фақат қуш учадию, одам учмайди, деб парашют ҳақидаги илмий мулоҳазаларни айтди. Бу жойда эслатиб ўтиш жоиз деб ҳисоблайманки, қуш бўлиб учаман, деб амалда ҳаракат этмоқчи бўлганлар: бундан минг йил илгари яшаган олимимиз Жавҳарий ва 1787 йили Ленорман деган ихтирочи. Фақат бизнинг замонамиздагина бундан эллик йил илгари машҳур олимимиз Халил Аҳмедович Раҳматуллин парашютнинг математик-аэродинамик назариясини кашф этишга муяссар бўлди.
Медицина муаммолари ҳам Леонардо да Винчи эътиборини ўзига тортди. У одам органларига машинанинг қисмлари, деб қаради. Юрак, ўпка, нерв; вена, артерия қон томирлари, тери, суякларнинг тузилиши ва вазифаларини физика, кимё, математика, рассомлик жиҳатларидан таҳлил қилди. Овқат ҳазм этиш, нафас олиш ва ичак системаларидаги жараёнларни ҳаракат йўсинида тушунтириб берди. Айниқса, кўзнинг соғлигига кўп эътибор қаратди. Унинг эътироф этишича, кўз — жоннинг деразасидир.
Табиат — олимнинг ҳам, инженеру табибнинг ҳам, санъаткору рассомнинг ҳам асосий муаллими ва мураббийсидир, дейди Леонардо. Унингча, табиат зиддий, баъзиларга — она, бошқаларга — ўгай она. Табиатнинг ижобий фазилатларидан бири шуки, агар бир дарахтнинг бир жойидаги пўстлоғини шилиб олсангиз, яъни дарахтга жабр қилсангиз, у ўзининг қўрқутдаги озиқасини дарров ўша ерга юборади ва уни «азоб»дан сақлаб қолади. Леонардо фикрича, Нуҳ пайғамбар замонида, яъни Беруний ҳисобича — бундан беш минг йил илгари, тўфон бўлганида қуруқлик денгизга, денгиз қуруқликка айланган. Бунга далил сифатида Искандария шаҳрида қудуқ қазишаётганда ернинг тагидан катта кема чиқиб қолгани айтилади Леонардо асарларида.
Рассомлик. Леонардонинг икки қаноти бўлган: бири — олимлик, иккинчиси — рассомлик. Иккаловининг ҳам асоси — табиат. Фанни санъатга мажбуран татбиқ этиш эмас, балки уни санъат учун қурол сифатида ишлатиш кераклигини уқтириб ўтган у. Леонардо учун санъатнинг ўзи фан, фаннинг ўзи санъат бўлган. Уларнинг иккалови — табиатга тақлид ва ижод, сезиш ва тафаккурдир. Нур ва соя рассомликда муҳим воситалардандир. Уларнинг физикавий хусусиятларини текширган Леонардо рассомликда ёруғлик ва соя муносабатлари назариясини яратган. Физик кўраётган нур шу лаҳзанинг ўзида йўқ бўлади, рассом кўраётган ёруғлик эса абадий сақланиб қолади расм¬ларда. Санъатдаги шеърдан расмни ажратсак, дейди Леонардо, иккаловининг мавжудлик шароитлари ҳар хил. Шунингдек, расмнинг мусиқага қараганда умри узоқроқ. Машиналарнигина эмас, одам ички аъзоларини ҳам қойилмақом қилиб расмга туширган олиму рассом мана шу Леонардо да Винчидир. Унинг фикрича, рассомлик геометриядан келиб чиққан эмас, балки, аксинча, геометрия рассомлик маҳсулидир. Умуман, абстрактлик конкретликдан ҳосил бўлади, деб умумий қоидага келади Леонардо. У яратган тасвирий санъат асарлари жаҳон музейларида сақланиб келмоқда ва одамлар асрлар бўйи улардан завқ олмоқдалар. Бу расмлар: «Мона Лиза»(«Жоконда»), «Мадонна Литта», «Гул тутган Мадонна», «Ваҳий», «Ғордаги Мадонна», «Махфий кечалар», «Авлиё Анна Мариям ва гўдак Исо», «Иоанн Крестител»…
Леонардо архитектурани моҳир рассом ва геометр сифатида анча ривожлантирган.
Леонардо да Винчи мана шундай кўпқиррали гениал ижодкорлардан бўлган. Унинг илмий ва тасвирий асарлари ҳануз бизларнинг қалбимизни, кўзларимизни қувонтириб келмоқда.
Омонулла ФАЙЗУЛЛАЕВ,
профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 4-5-сонидан олинган.