Ўрта асрлар Шарқининг буюк алломаси, ватандошимиз Абу Али Ҳусайн Ибн Абдуллоҳ Ибн Сино аввало табиб ва файласуф эди. Айни вақтда бошқа фанлар, жумладан, физика билан машғул бўлди. Унинг механик ҳаракат, иссиқлик, товуш ва ёруғликнинг табиатига қарашлари диққатга сазовордир. Ёруғлик ва табиатда учрайдиган кўплаб ёруғлик ҳодисаларига нисбатан билдирган фикрлари илмий ва тарихий аҳамиятга эгадир. Чунки илм-фаннинг бу соҳасидаги тараққиёт йўли жуда мураккаб бўлганидан далолат беради.
Ёруғлик ва ёруғлик ҳодисаларининг табиатини тушуниш ва тушунтиришда Ибн Синодан ҳозирги замон даражасидаги билимни талаб қилиб бўлмайди, албатта. Унинг ёруғлик ҳақидаги тасаввури бизнинг ҳозирги тасаввуримиздан йироқ эканлиги табиий, аммо ёруғлик каби мураккаб ҳодисанинг сирлариии очиш учун тўғри йўл танлашга уринишда Ибн Синонинг буюк алломага хос сезгирлиги кўриниб турарди. Айнан шунинг учун ҳам олим ёруғлик ва кўриш жараёни тўғрисидаги мулоҳазаларию фаразлари билан замондошлари ҳамда устозларидан жуда илгарилаб кетди.
Маълумки, оптика фани нима учун атрофимиздаги нарсаларни кўрамиз, ёруғлик ўзи нимадан иборат, у кўздан чиқадими ёки жисмдан чиқадими каби саволларга жавоб топишга уринишлар натижасида пайдо бўлган. Ибн Сино ҳам аввало ёруғлик ўзи нима, деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилди. Беруний ҳам Ибн Синога: «Ёруғлик ўзи нима: жисмми, акцидент (хосса) ёки бирор бошқа нарсами?» деган савол билан мурожаат қилди. У жавоб бериб: «Ёруғлик акцидентдир», деди. Ибн Синонинг фикрича, «ёруғликнинг моддийлигига ишониш асоссиздир».
Аммо олим ўз жавобларида қатъий эмас. Ўз асарларида бу саволни атрофлича муҳокама қилар экан ўзи ҳам ёруғликнинг моддийлигига ишонишга мойил эканлигини кўриш мумкин. Ибн Сино ёруғлик тезлигининг чегараланганлигини билмас эди. Ёруғлик тезлигининг «чексизлиги» унинг моддий эмаслигини тасдиқловчи далил бўлиб туюлади Ибн Синога. «Агар ёруғлик жисм бўлганда эди, — деб ёзади Ибн Сино, — яқин масофадагига қараганда узоқ масофадан кечикиб тушган бўлар эди. Қуёш нури ёнгинамизда турган лампа нури билан бир вақтда тушмаслиги керак эди», деб мулоҳаза юритади олим. Ибн Сино ёруғликнинг моддий эмаслигини исботлаш учун яна қуйидаги далилларни келтиради: «Агар ёруғлик жисм бўлса, у ҳолда ёруғлик нурларининг ҳавода ўзаро киришиб кетишига ақл бовар қилмайди… қуёшдан ёки алангадан узлуксиз равишда жисм ортидан жисм чиқиб турса, у ҳолда ёруғликнинг чиқиши қуёш ва алангани сузар (фильтрлар) эди».
Ёруғликнинг моддийлигига қарши келтирилган бу далиллар ёруғликнинг ўша пайтларда ҳеч кимга маълум бўлмаган объектив хоссаларига олим алоҳида эътибор берганлигини кўрсатади. Ибн Синонинг замондоши араб олими ал-Хайсам ёруғлик тезлиги чекли, деган фикрни билдирган эди. Илмий хабарларнинг ўша замонлардаги тарқалиш тезлигини эътиборга олсак, ал-Хайсамнинг илмий башоратларидан Ибн Сино бехабар қолган деб ҳисоблаш мумкин. Ҳозир эса ёруғлик тезлиги сонияда 300 000 км эканлиги, қуёш нури олдимиздаги лампа нуридан саккиз дақиқа чамаси кечикиб етиб келиши ҳар бир мактаб ўқувчисига маълум. Ёруғликнинг мустақиллик қонуни нурлар ўзаро киришиб кетишини тушутириб берди. Ҳозир мустақиллик қонунидан четланишни ҳам биламиз, яъни нурлар бир-бири билан эркин киришиб кета олмайди, улар бир-бирига ҳалақит қилади, ёруғлик интерференцияси юз беради. Аммо бу ҳодиса исталган шароитда кузатилавермайди. Нур ўзи билан масса ва энергия олиб кетиши сабабли ёруғлик манбаини, яъни қуёш ёки алангани маълум даражада фильтрлашини ҳам биламиз, яъни нурланиш туфайли қуёш массаси узлуксиз камайиб боришини тан олишга мажбурмиз. Аммо бу ҳақиқатлар Ибн Синодан кейин неча-неча асрлар ўтгач маълум бўлди.
Кўриш жараёнини тушунтираётиб Ибн Сино ёзади: «Нур ё субстанция ёки акциденция. Агар акциденция бўлса у бир жойдан бошқа жойга силжий олмайди. Моддий субстанция бўлса, у ҳолда ҳавода тарқалиши мумкин». Шу билан бирга олимнинг фикрича, иссиқлик ҳам акциденциядир, ўз-ўзидан ҳаракатда бўла олмайди. «Лекин у (иссиқлик) акциденция сифатида ҳаракатдаги жисм ичида бўла олади. Жисм исишининг сабабларидан бири ёруғликдир. Ёритилган ҳар қандай жисм ёритилмаган жисмга нисбатан иссиқдир, заррабин эса ёрита туриб куйдириши мумкин». Олимнинг бу мулоҳазаларини қиёслаб, ёруғлик акциденция эмас, балки моддий субстанциядир, деган хулосага келишимиз табиийдир. Чунки ёруғлик ҳаракатдаги материя бўлмаганда эди, ўз-ўзидан ҳаракат қила олмайдиган иссиқликни ўзи билан олиб ўта олмас ва ёритилган жисмларни исита олмас эди. Ёруғлик оқими катталиги ёруғлик тарқалиши йўналишига тик бўлган юзадан вақт бирлигида ёруғлик олиб ўтган энергиянинг катталиги билан характерланади. Ҳам зарра, ҳам тўлқин хоссасига эга бўлган ёруғлик материянинг бир кўриниши, энергия эса материянинг хоссаси, Ибн Сино айтганидек, энергия — бу акциденция, ҳаракатдаги материя, яъни ёруғлик билан бир жойдан иккинчи жойга кўчади ёки материянинг бошқа бир кўриниши билан кўчиши мумкин.
Қуёшни Ибн Сино ердаги энергиянинг асосий манбаи деб ҳисоблайди. «Агар ер қуёш нурлари билан иситилмаса ва ўз атрофидаги ҳавони иситмаса эди, — деб ёзади олим, — ерда жуда совуқ бўлар эди». Аллома бундай хулосага келади: «Нур тик ҳолатда тушса», жисм яхши ёритилади ва кучли исийди. «Нур тик йўналишда қанчалик оғишса, ёритилиш шунча кучсиз бўлади. Ёз кунларида қуёш шимолга силжийди, тик ҳолатга яқинлашади, шунда ер ортиқроқ ёритилади», шунинг учун ёзда ҳаво жуда иссиқ бўлади. «Қишда кучли совуқ бўлишининг сабаби шуки, қишда қуёш нурлари ўтмас, кенг ёйилган бурчак билан қайтади». Кўриниб турибдики, қуёш нурининг ерга тушишини кузатиб, Ибн Сино ўз мулоҳазалари билан ёритилганликнинг ҳозирги қонунларига яқин, чунки ёритилганлик нур тушиш бурчагининг косинусига тўғри мутаносиблиги маълум.
Ибн Сино ўз асарларида кўриш жараёнини тушунтиришга алоҳида эътибор берган. Бу ўринда аввало «Ёруғлик нимадан чиқади: кўзданми ёки жисмданми?» деган саволга жавоб бериш зарур эди. Беруний ҳам Ибн Синога мурожаат қилиб: «Сув сирти силлиқ бўлганда сув тагида ётган нарсани қандай қилиб ва нима учун кўрамиз, кўриш нурлари жисмнинг силлиқ сиртидан қайтиб кетади-ку!» деб сўраганда айнан шу саволни назарда тутган эди. «Аристотелнинг фикрича, — деб ёзади Ибн Сино,— кўриш кўздан нур чиқишидан иборат эмас». Ёруғлик сув тагида ётган жисмдан чиқади, сув эса ёруғликни кўзга етказиб бериш қобилиятига эга бўлган шаффоф жисмдир, деб тушунтирди олим. Аристотелгача ва ундан кейин ҳам кўплаб олимлар «нур кўздан чиқади ва жисмларга бориб етади, шундай қилиб, улар сезилади ва кўринадиган бўлиб қолади, деб ўйлашган. Бу бемаъниликдир, — деб ёзади Ибн Сино, — қайси бир кўзда осмондан тортиб то ергача бўлган бутун бир оламни кўра оладиган нур бўлиши мумкин?»
У кўздан нур чиқиши мумкинлигини қатъиян рад этади ва бу даъволарга қарши кўплаб далиллар келтиради. «Агар кўздан нимадир чиқиб, жисмнинг ўлчамини билиш мақсадида уларни сезганда эди, у вақтда узоқда турган жисмни биз кичик ўлчамда кўрмаган бўлар эдик», деб тушунтиради олим. «Ёруғланаётган жисм ёруғлик чиқариш хусусиятига эга ва бошқа жисмларни, улардан бирор нарса ажралиб чиқмаса ҳам (ёруғлик чиқармаса ҳам) ёритади», «ўзидан нур чиқарадиган ҳар бир жисм оралиқда шаффоф жисм бўлса бошқа жисмни ёритади», деб қайд қилади. Ал-Хайсам ҳам «ёруғлик нурланувчи жисмдан чиқади ва кўзга тушиб кўриш туйғусини уйғотади», деб Ибн Сино билан бир фикрда қолади.
Олимнинг бутун дунёга маълум ва машқур асари «Тиб қонунлари»да одам кўзи тузилишининг тафсилоти кенг ёритилади. Айрим манбаларда кўзнинг тузилиш тафсилотини оптика тарихида биринчи бўлиб ал-Хайсам ёзиб қолдирган дейилади. Ибн Сино ва ал-Хайсам иккови 15 йил фарқ билан биринчи ва иккинчи минг йилликлар оралиғида бир вақтда яшаганлиги ҳамда ижод қилганлигини, Ибн Синонинг буюк табиблигини, одам анатомиясини жуда яхши билганлигини ҳисобга олсак, кўз тузилишининг тафсилотини биринчи бўлиб ал-Хайсам берган, деган фикрга қўшила олмаймиз. Улар кўз тузилиши тафсилотини бир-биридан бехабар ҳолда бир вақтда яратишган дейишга эса ҳамма асос бор.
Шундай қилиб Ибн Сино кўз тафсилотини биринчилардан бўлиб ёзиб қолдирган. Олим чизган кўз сурати ҳозирги чизмаларга жуда ўхшашлигини таъкидлаш лозим. Айниқса Ибн Синонинг кўз гавҳари тасвирни тўр пардага узатади, деган фикри ўз замонаси учун илғор эди, зотан, унгача бу фикрни ҳеч ким айтмаган. Ибн Синонинг фикрича, ёруғлик нурланувчи ёки нурни қайтарувчи жисмдан «ҳаво ёки бошқа шаффоф жисм орқали кўзга келиб тушади ва тасвир музсимон суюқ жисм ва гавҳар ёрдамида кўриш сезгисига узатилади». Шундай қилиб, масаланинг энг нозик томони ҳам шундаки, Ибн Синогача кўпчилик олимлар гавҳар кўзнинг тасвирни қабул қилувчи асосий қисми деб ҳисоблашган бўлса, алломанинг юқорида келтирилган мулоҳазасидан кўриниб турибдики, гавҳар тасвирни кўриш сезгисига (тўр пардага) узатувчи иккинчи даражали аъзодир. Аммо айрим олимлар Ибн Сино худди шу ўринда Аристотель таъсиридан қутула олмагани учун хатога йўл қўйди, яъни гавҳарнинг асосий аъзо эмаслигини аниқлай олмади, деб таъкидлашади. Тўғри, Берунийнинг саволларига қайтарган жавобларида: «Музсимон суюқлик ўз олдида пайдо бўлган ҳамма тасвирларни қабул қилади, шунинг ўзи кўришдир», деб ёзади Ибн Сино. Балки Беруний билан савол-жавоблар вақтида кўриш жараёнини тушунтиришда Ибн Сино Аристотель қарашларидан четлаша олмаган бўлса ажаб эмас. Аммо кейинчалик ўзининг шоҳ асари «Донишнома»да бу хатони тузатган ва кўриш хусусиятини тушунтиришда устозидан илгарилаб кетган.
Узоқда турган жисмнинг кўзга кичик бўлиб кўринишини Ибн Сино қуйидагича тушунтиради: «Узоқда турган жисм кичик кўринишининг сабаби шуки, жисмдан келаётган нурлар орасида вужудга келадиган кўриш бурчаги кичик бўлади. Шу сабабли узоқда турган жисм бизга яқин турган жисмга нисбатан кичик кўринади. Агар жисм яқинда турган бўлса кўриш бурчаги катта бўлади, шунинг учун у катта бўлиб кўринади».
Оптик шишалар: линза, ясси ва сферик кўзгуларнинг хоссалари Ибн Синога яхши маълум бўлган, чунки ўз асарларида олим айрим ёруғлик ҳодисаларини тушунтиришда бу шишаларни эркин ишлата билган. Масалан, нима учун заррабин билан ёритганда жисмлар куяди, деган саволга жавоб бериб, ёзади: «Заррабин ёрдамида куйдириш шунинг учун содир бўладики, унда ҳамма томондан келувчи нурларни йиғувчи нуқта бор. Бу нуқта кучли ёритилади, бинобарин кучли исийди». Шундай қилиб, Ибн Сино линзада нурлар синиб тўпланадиган нуқта фокус борлигини билган. «Агар қуёш нурлари ясси шишага тушса, — деб ёзади Ибн Сино, — нурларни тўплаш қобилиятига эга бўлмаганидан жисмларни куйдириш хоссасига эга эмас».
Линзада тескари тасвир ҳосил бўлишини Ибн Сино яхши тасаввур қилган. «Тоғ биллуридан (линзадан) нур ўтганда тўғри кетмайди, ўнг томондан тушаётган нур чап томонга кетади, чап томондан тушаётган нур ўнг томонга кетади. Бошқа бир йўналишда тушаётган нур ўша йўналишга тескари бўлган томонга кетади. Бинобарин, улар бир нуқтада тўпланади. Ва ундан кейин муҳитда конуссимон шаклда тарқалиб кетади. Тўғри йўналишда давом этган нурлар жисмнинг бошланиши, тўғри чизиқдан чиққан нурлар эса жисмнинг охирини беради, шунинг учун ўнг чапга айланиб қолади». Шу муносабат билан Берунийнинг «Нима учун сув тўлдирилган колбадан биллур заррабин ўрнида куйдиришда фойдаланса бўлади?» деган саволига Ибн Синонинг жавоби қизиқарлидир. «Сув табиатан зич, силлиқ ва рангсиз моддадир, шунинг учун сув тўлдирилган шиша колбадан нур синиши натижасида нурларнинг кучи тўпланади ва ёниш содир бўлади», дейди у.
Буюк олим атмосферада кузатиладиган камалак, Қуёш ва Ой тожлари, сароб, юлдузларнинг тунда кўриниб кундуз кўринмаслиги ва бошқа шу каби оптик ҳодисалар сирини ечишга ҳам ҳаракат қилади. Ибн Синонинг фикрича, қуёш нам ҳавони ёритганда нурнинг буғ қоронғилиги билан аралашуви натижасида камалак ҳосил бўлади. Аммо олим «аралашув» механизмини очиб бера олмади. «Камалак юқоридан, пастдан ва ўрталиқдан турли рангларга эга бўлади, у айлана шаклида, лекин тугалланмаган айлана… Буғ зарралари қуёшдан бир хил масофада жойлашганлиги учун қуёш камалакнинг қутби ҳисобланади». Камалакни Ибн Сино жуда узоқ муддат пастликда ва тоғ устида кузатиб тўғри тасвирлай олган, аммо камалакда рангларнинг пайдо бўлишини тушуна олмади, ўша пайтда камалак рангларининг пайдо бўлиши ҳақидаги назариялар ҳам уни қониқтира олмади. У кўп марта Ой камалагини ҳам кузатди.
Куёш ва Ойни юпқа булут пардаси қоплаб турганда тожлар ҳосил бўлишини Ибн Сино қуйидагича тушунтиради. «Ой атрофида тож шунинг учун ҳосил бўладики, нур Ойдан булут зарраларига кўзгуга тушгандек тушади ва бу кўзгулардан Ойгача бўлган масофа бир хил, бу кўзгулар жуда кўп ва майда бўлиб, Ой атрофида жойлашганлиги учун уларни алоҳида-алоҳида кўра олмаймиз, фақат биргаликда кўринади. Шундай қилиб, Ой атрофида ёруғ чизиқ кўринади. Айрим пайтларда ўртада жойлашган ҳолда Ойнинг ўзи ҳам кўринади. Бунинг сабаби шуки, булут зарралари нафис ва заиф бўлади, айрим пайтларда Ойнинг ўзи кўринмайди, лекин тож яхши кўринади». Ибн Сино Қуёш атрофидаги кўп сонли галони ҳам кузатган ва камалак билан галонинг фарқини тушунтириб берган. Галонинг айрим белгилари кузатиш йўли билан об-ҳавонинг қандай бўлишини олдиндан айтиш мумкинлигини таъкидлаган.
Шундай қилиб, Ўрта аср Шарқининг буюк алломаси ва табиби ёруғликнинг табиатини ва мураккаб оптик ҳодисалар моҳиятини тушунтириш ишига муҳим қисса қўша олди. Ибн Сино ёруғликнинг табиатига қарашлари билан устозлари ва замондошларидан анча ўзиб кетдики, унинг мулоҳазалари ҳозир ҳам ўз ақамиятиии йўқотмаган.
Бобоқул Жўраев, СамДД физика куллиётининг доценти.
“Фан ва турмуш” журнали, 1991 йил, 1-сон