Башарият тарихидаги буюк ақл-заковат соҳибларидан бири бўлган Алберт Эйнштейннинг оламшумул илмий кашфиётлари кўпчиликка маълум. У яратган иккита кашфиёт – махсус ва умумий нисбийлик назариялари илм-фан дунёсидаги энг муҳим таълимотлар сирасига киради. Агар муайян тарихий даврга ўша кезларда яратилган янгиликлар нуқтаи назаридан баҳо бериладиган бўлса, йигирманчи юз йилликни Эйнштейн ёки нисбийлик назарияси асри деб номлаш мумкин.
Зеро, нисбийлик назарияси – инсоннинг борлиқ ҳақидаги тасаввурларини остин-устин қилиб юборган мислсиз илмий ҳодиса. Буюк олимнинг шахси ва фаолияти ҳозир ҳам кўпчиликнинг эътибори ва қизиқишини тортиб келади. Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор. Аввало, Эйнштейн улкан ижодкор бўлиб, ҳаётлик чоғидаёқ оламшумул шон-шуҳратга бурканган эди. Қолаверса, олимдаги юксак инсоний сифатлар ҳам одамлар эътиборини ўзига жалб этган: у ўткир ақли, илмий ва ижтимоий муаммоларга алоҳида қизиқиши, зийраклиги ва оддийлиги, шунингдек, самимияти билан бошқалардан ажралиб турарди. Бу улуғ даҳони кўпчилик буюк кашфиётчи сифатида билиши шубҳасиз, бироқ унинг яхшигина ихтирочи бўлганидан камдан-кам одам воқиф бўлса, ажаб эмас.
Шу ўринда “кашфиёт” ва “ихтиро” тушунчаларига қисқача изоҳ бериб ўтиш жоиз. Чунки айримлар ёзма ва оғзаки нутқ жараёнида бу икки тушунчани ўз ўрнида ишлатмайди. Аниқроқ айтганда, улар “ихтиро-кашфиёт” ёки “кашфиёт-ихтиро” тарзида нотўғри талқин қилинади. Масалан, баъзан “бутун олам тортишиш қонунини Нютон ихтиро қилган” ёки “велосипед илк бор Англияда кашф этилган” қабилидаги мулоҳазалар қулоққа чалинади. Ваҳоланки, бутун олам тортишиш қонунининг пайдо бўлиши – кашфиёт, велосипеднинг яратилиши эса ихтиро ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан ёндашганда, мантиқан борлиқдаги мавжуд бўлган қонуният, нарса ва хусусиятларнинг топилишига кашфиёт, одамнинг ижодий тафаккури билан янгидан яратилган нарсаларга эса ихтиро дейилиши лозим.
Энди яна Эйнштейннинг ихтирочилик фаолиятига тўхталадиган бўлсак, у техник тараққиёт билан боғлиқ амалий масалаларга доим алоҳида эътибор қаратган. Олим электрометр, музлатгич, магнитогидродинамик насос, гидроскопик компас, автоматик фотокамера, эшитиш мосламаси каби техник қурилмаларни яратиш борасида қаттиқ изланган.
Муҳим жиҳати шундаки, олим ихтирочилик билан асосий ишидан бўш вақтларида, яъни эрмак учунгина шуғулланган эмас. У бу ишга ҳам жиддий ёндашган. Бу борада олим “Тилни билмай туриб, шеър ёзиб бўлмаганидек, муайян билимларни ўзлаштирмаган ҳолда, ихтиро қилиш ҳам мумкин эмас”, деган фикрга амал қилган. Эйнштейн етти йил мобайнида Берн шаҳридаги патентлаш идорасида эксперт лавозимида ишлаган. Бундай идора ҳозир барча давлатларда фаолият юритмоқда. Мазкур хизмат тури дастлаб Европада юзага келган – саноат ишлаб чиқариши ҳамда илм-фан ривожини эътиборга олган “кўҳна қитъа” давлатлари 1883 йили ихтироларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялаш мақсадида тегишли конвенция қабул қилади. Унга биноан Шветсариянинг Берн шаҳрида доимий равишда фаолият юритадиган патентлаш идораси ташкил этилади. Бу идора ўша давр учун жуда юксак даражадаги муассаса ҳисобланиб, ундаги кам сонли ходимлар узлуксиз равишда оқиб келаётган ихтироларни қабул қилиб олиши, уларни баҳолаши ва таснифлаши зарур эди. Чунки бу даврда Европа, хусусан Шветсарияда машинасозлик, электротехника, тўқимачилик ва соат ишлаб чиқариш саноати гуркираб ривожланаётган эди. Патентлаш идорасига йилига ўртача 2000 та ихтиро ҳақидаги мурожаат келиб тушган. Эксперт-ходимлар камлиги сабабли уларнинг ҳар бири, шу жумладан, Эйнштейн ҳам кунига ўртача учта ихтирога оид ишни кўриб чиққан. Бу эса ходимлардан тезкорлик, чаққонлик ва аниқликни талаб қилган. Экспертлик фаолиятида орттирилган бундай маҳорат кейинчалик Эйнштейнга роса қўл келган. “Патентлаш идорасидаги меҳнатим туфайли, – деб ёзган эди хотираларида олим, – менинг моддий аҳволим анчагина яхшиланди. Бундан ташқари, патентлаш билан боғлиқ ишлар менга ҳузур бағишлар эди. Бундай иш тафаккурни чархлаб, физикавий муаммолар юзасидан чуқурроқ мушоҳада юритишимга ёрдам берди”.
Патентлаш идорасига келадиган ихтироларга тааллуқли ҳужжатлар ҳар хил тилда бўлиб, эксперт бир неча тилни билиши лозим эди. Бу кезларда Шветсарияда немис, франтсуз ва италян тилига давлат тили мақоми берилгани боис Эйнштейн она тили бўлган немис тилидан ташқари франтсуз ва италян тилини ҳам яхши билган. Кейинчалик олим грамматикасидаги ўзига хос мураккабликлардан анча қийналган бўлса-да, инглиз тилини ҳам ўрганган. Булар Эйнштейннинг юксак ақлий лаёқатга эга бўлганидан далолатдир.
Эйнштейн янги ихтиролари учун расман йигирмага яқин патент олган. Уларни яратиш жараёнида ихтирочи илмий-техник усуллар ва физикавий қонуниятларни муайян вазифаларни ечишга нисбатан маҳорат билан қўллаган. Олим ихтиролари саноат ишлаб чиқариши ёки кундалик маиший турмуш талабларидан келиб чиққан ҳолда яратилган. Бинобарин, “Одамлар эҳтиёжини қаноатлантиришнинг имкон қадар тежамкор йўлларини топган инсонни мен ихтирочи деб ҳисоблайман” деганида ўз фаолиятини ҳам назарда тутган.
Шу тариқа патентлаш идорасидаги қизғин фаолият ва ихтирочилик ғоялари Эйнштейннинг оламшумул кашфиётларига замин ҳозирлаган. Ихтиро этиш жараёнидаги ижодий фикрлаш олимни янги илмий ғоя ва назарияларга рағбатлантирган. Бунда Эйнштейннинг бошқа ихтирочилар билан ҳамкорлиги ҳам муҳим аҳамият касб этган. Олимнинг таниқли венгр физиги Лео Стсилард билан амалга оширган ишлари бунинг тасдиғидир. Назарий ишлари билан талабалик чоғидаёқ илмий доираларда танилиб қолган Лео Стсилард университетни тугатиб, қаерга ишга киришни ўйлаб юрганида Эйнштейн патентлаш идорасига ишга таклиф этади. Кейинчалик Лео Стсилард йигирманчи асрнинг энг кўзга кўринган ихтирочиларидан бирига айланади. Айнан ихтирочиликка бўлган иштиёқ бу буюк инсонларни ҳамиша бир-бирига боғлаб туради. Улар ўзаро ҳамкорликда назарий физикага доир ишлардан ташқари кўпгина ихтиролар ҳам қилган. Ҳозирги вақтда кундалик ҳаётни музлатгичларсиз тасаввур қилиш мушкул. Музлатгичлар айнан Эйнштейн ва Стсилар
д ҳамкорлиги маҳсулидир. Айни пайтда атом электростанцияларида ишлатилаётган “Эйнштейн-Стсилард насоси” ҳам шу тариқа ихтиро қилинган. Қолаверса, Лео Стсилард 1939 йили Эйнштейнни АҚШ президенти Ф.Рузвелтга мактуб ёзишга илҳомлантиради. Ушбу машҳур номада атом бомбасини яратиш ғояси баён этилган эди.
Умуман, Эйнштейннинг фаолият доирасини шартли равишда бевосита патентлаш идораси ва ундан ташқаридаги муҳитга ажратиш мумкин. Патентлаш идорасида олим билан бирга ишлаган М.Бессо, И.Заутер, И.Шенк каби истеъдодли ихтирочилар ва илмий ғоялар муаллифлари ҳам Эйнштейнга кучли таъсир кўрсатган. Буни олимнинг махсус нисбийлик назариясига бағишланган мақоласи хотимасидаги қуйидаги эътироф ҳам яққол тасдиқлайди: “…дўстим ва ҳамкасбим М. Бессо бу ишда менга ишончли кўмакчи бўлди ва бир қатор қимматли маслаҳатлари учун ундан миннатдорман”.
Ўтган асрнинг 30-йиллари бошида Эйнштейн машҳур ҳинд шоири ва ёзувчиси Рабиндранат Тагор билан суҳбатида патентлаш идорасидаги фаолияти мобайнида бир қанча техник қурилмалар, жумладан, суратга олиш жараёнида вақтни кўрсатадиган “сезувчи электрометр” ихтиро қилгани ҳақида сўзлаган. Ҳозирги пайтда бу қурилма “фотоекспонометр” деб аталади. Шуниси қизиқки, Эйнштейн ҳеч қачон фотоҳаваскор бўлмаган. Олим ушбу асбобни янада такомиллаштирган ва муҳитнинг ёруғлик даражасига қараб вақтни автоматик равишда тўғирлаб турадиган қурилма ихтиро қилган. Ихтирочиликка лаёқатли бўлган кишиларни ҳам бу жараёнга жалб қила олгани сабабли Эйнштейн турли соҳалар учун зарур бўлган ихтиролар ярата олган. Масалан, у рассом Орлик ва тиш доктори Гринберг билан ҳамкорликда бадиий графика учун полиграфия машиналарининг янги турини ихтиро қилган. Олим мусиқани бағоят ёқтирган ва скрипкада ажойиб куйлар ижро этган. Шу сабабли мусиқа асбобларини такомиллаштириш бўйича ўзига хос ғояларга эга
бўлган. Рус физиги Ю. Румер 1929 йили Эйнштейннинг Берлиндаги уйида скрипка устаси билан олим ўртасида мусиқа асбобини такомиллаштириш хусусидаги қизғин тортишувнинг гувоҳи бўлганини қайд этган. Эйнштейн яна бир мусиқа асбоби – машҳур кимёгар В.Нернст ихтиро қилган электр токи ёрдамида ишлайдиган роялга ҳам жиддий қизиққан. Бу асбобда торларнинг товуши оддий роялдагидек ёғоч дека билан эмас, балки радиокучайтиргич ёрдамида оширилади. Иш шу даражага бориб етганки, электрли роял ҳақидаги ғояларини баён этиш мақсадида олим университетдаги физиклар ҳайъати раҳбарларидан маъруза учун рухсат сўраган.
Эйнштейн ишдан бўш вақтларини ҳам самарали ва мароқли ўтказган. Олим патентлаш идорасида ишлаб юрган чоғида ўзига тенгдош бўлган фалсафашунос Морис Соловин ва математик Конрад Габихт исмли йигитлар билан дўстлашади. Улар кичкина жамият тузиб, унга “Олимпия академияси” деб ном беради. Бу ерда фалсафа, физика, адабиёт ва ўзларини қизиқтирган бошқа мавзуларда суҳбатлар қуришади. Баъзан бундай суҳбатлар кескин тортишувларга айланиб кетган. Дўстлар одатда Эйнштейннинг уйида йиғилишар ва камтарона кечки овқатдан сўнг тонгга қадар давом этадиган баҳс-мунозара авжига чиқар эди. Габихт кейинчалик қачонлардир Эйнштейн ишлаган мактабда дарс беради. Соловин эса Парижга кўчиб кетиб, у ерда ноширлик ва ёзувчилик билан шуғулланади. Кейинчалик у Эйнштейннинг асарларини франтсузчага ўгириб, нашр эттиради. Улар ўртасидаги дўстона муносабатлар бир умрга сақланиб қолади.
Эйнштейннинг камтар ва олижаноб инсон бўлганини таниқли назариётчи физик олим Я. Френкел ҳам эътироф этган. У 1925 йили Эйнштейн билан Берлиндаги уйида учрашади. Бу учрашувни у шундай эслайди: “Эйнштейн жуда меҳрибон инсон экан… У қўлда тўқилган нимча кийиб олган эди. Суҳбатимиз дастлаб физика, сўнгра сиёсат ва фалсафа, ундан кейин эса оддий маиший техникага кўчди. Эйнштейн мени ошхонасига таклиф этди ва уй бекасининг меҳнатини осонлаштиришга хизмат қиладиган ўзи ясаган ҳар хил қурилмалар билан таништириб чиқди”.
“Назария яратиш учун тажриба фактларини шунчаки жамлаш камлик қилади. Бунинг учун ҳар доим муаммонинг моҳиятига қаратилган ихтирочилик лаёқати зарур бўлади”, деган фикрни билдирган олим назарияни тажрибанинг ўзига хос маҳсули, деб ҳисобловчиларни ҳар доим танқид қилган. Эйнштейннинг фикрича, ҳеч бир тажриба табиатдаги ҳодисалар моҳиятини тўлиқ очиб беролмайди. Олим ихтирочилик ва кашфиётчилик ҳақида мулоҳаза юритиб, бундай деган: “Ихтирочилик фаолияти назарий ҳузур-ҳаловатдир. Кашфиёт ижодий жараён эмас. Зеро, кашф қилиш – тайёр ҳолдаги нарсани кўриш, холос. Ихтирочилик эса бошқа нарса”.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирги даврда кўплаб олим ва тадқиқотчилар илм-фаннинг назарий ҳамда амалий масалаларини илмий асосда тадқиқ этишмоқда. Назарий ғояларни амалиётга уйғунлаштириш, кашфиётлар яратиш ва ихтиролар қилишда уларга Алберт Эйнштейннинг фаолияти ҳамда тажрибаси ўзига хос ибрат мактаби бўлиши шубҳасиз. Зеро, фидойилик ва изланувчанлик барча янгиликларнинг дояси бўлса, кашфиёт ва ихтиролар эса бамисоли тараққиётнинг қудратли қанотларидир.
«Тафаккур» журналининг 2007 йил, 4-сонидан олинди.