Абдулхолиқ Ғиждувоний нақшбандия тариқатида хожалар силсиласининг асосчиси ҳисобланади. Унинг таълимоти, яъни тасаввуф соҳасида у қолдирган йўл-йўриқлар, одоб ва қарашлар юксак аҳамиятга эга.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ким эди, хожалар тариқатига қандай ҳисса қўшди ва ҳозирги замонда у қолдирган таълимотнинг аҳамияти нимада?
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний 1103 йили Ғиждувон шаҳрида туғилиб, 1179 йили ўша жойда ҳаётдан кўз юмган. У Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг тўртинчи халифаси сифатида хожалар табақасининг сарҳалқаси ҳисобланади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, айрим ўринларда хожагон, яъни “хожалар” сўзи ўрнида “хожагонлар” деб ишлатилади. Бу тўғри эмас, албатта. Чунки “хожагон” сўзи “хожа” сўзининг кўплиги бўлгани сабабли “хожагонлар” жамъулжамъ — кўпликнинг кўплиги шаклида тўғри эмас ва ҳеч қандай ортиқча маънони ҳам ифодаламайди. Шунинг учун “хожагон” ва “хожалар” сўзларини ишлатиш керак.
Шайхнинг отаси Абдулмажид номли машҳур бир шахсият бўлиб, моликий мазҳаби асосчиси Имоми Молик ибн Анас авлодларидан бўлган экан. У илгари Рум деб аталиб келган Туркия ҳудудида яшаб зоҳирий ва ботиний илмлар билан машғул бўлган. Манбалар маълумотларига кўра, ҳазрат хожанинг онаси усмоний султонлар авлодидан бўлган. Улар замон тақозосига кўра ўз оила аъзолари билан Бухорога кўчиб келиб, Ғиждувонда истиқомат қилганлар. Фарзандлари Хожа Абдулхолиқ Бухоро шаҳрида таҳсил олган ва ўз устозларидан тасаввуфга тегишли таълимотларни ўзлаштиргач, маънавий камолот сари ҳаракат қила бошлаган.
Хожа Юсуф Ҳамадоний Бухорога келганда, Ғиждувоний у киши билан учрашиб, сулук усулларини кенгроқ миқёсда ундан ўзлаштириб олади.
Ўшанда яссавия тариқатининг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий ҳам Хожа Юсуф Ҳамадоний билан суҳбатда бўлиб, ирфон ва тасаввуф таълимотини кенгайтириш билан машғул эди. Кейинроқ ҳар иккала сўфий икки йўналиш асосчиси бўлиб, бири яссавия тариқатига асос солади, иккинчиси хожалар тариқатининг тамал тошини қўйишга муваффақ бўлади.
Тариқат ёки тариқа ўзи нима? “Тариқат”нинг луғавий маъноси йўл-йўриқ. Тасаввуф илмида ирфонга тегишли бўлган кўп йўналишлардан муайян бир йўналишни билдиради. Сўфий комил имонга эга бўлиб, айнул-яқин ёки ҳаққул-яқинга эришиш учун ўша йўлни танлаб олади.
Тасаввуф аҳлига тегишли имон тақлид асосида эришилган ёки ақлу истидлол орқали ҳосил бўладиган имон эмас. Негаки, бундай имон шак-шубҳага ўрин қолдиради, аммо сўфийнинг имони унинг атрофида мавжуд бўлган нарсалар, юз бериб турадиган ҳодисалардан таъсирланмайди ва ҳеч қандай шубҳага йўл қўйилмайди. Имом Раббоний “Мактубот” китобида айтганидек, олимлар имони билан комил шайхлар, яъни тасаввуф аҳлининг имони ўртасидаги фарқ шундан иборатки, олимларнинг маърифати илмий истидлол ва мантиқий услуб билан ҳосил бўлса, сўфийлар ва орифлар маърифати — кашфу завқу шавқ, яъни виждониёт ва қалб ишроқи(нури) орқали ҳосил бўлади. Жалолиддин Румий айтганидек:
Пойи истидлолиён чўбин бувад,
Пойи чўбин сахт бетамкин бувад.
Яъни: истидлол аҳлининг оёқлари ёғочдандир, албатта, ёғоч оёқ ниҳоят заиф ва кучсиз бўлади.
Шариат ва бошқа илму фанларни ўрганиш йўллари турли-туман бўлганидек, тасаввуфда ҳам турли-туман тариқалар мавжуд. Ҳар бир тариқат ўзига хос йўлдан ҳақиқатга эришмоқчи бўлади. Тасаввуфдаги машҳур тариқатлардан яссавия, кубравия, нақшбандия, қодирия, шозилия, чаштия, мавлавия ва бошқа кўп йўл-йўриқларни эслатиш мумкин.
Тасаввуфий тариқалар хилма-хил бўлса-да, уларнинг асосий мақсади битта, яъни ҳақиқати мутлаққа эришиш, илоҳий зот ҳақида маърифатга эга бўлиб, унинг розилигини ҳосил қилиш ва аҳадият зотига яқинлашишдир.
Ироқлик тасаввуфшунос олим шайх Амин Аловуддин Нақшбандий таъкидлашича, тасаввуф тариқатлари бир хил бўлмаса ҳам, барчаси бир манба — бир асосдан сарчина олади. Бу буғдой унидан турли-туман овқатлар, гўшту гуручдан хилма-хил таомлар пиширишга ўхшайди. Улар бир-биридан ҳар қанча фарқли бўлмасин, ҳаммасининг асосий манбаи битта, яъни буғдой ёки гўшту гуручдир.
Ғиждувонийгача зикри жалий — зикри жаҳр, яъни баланд овоз билан зикр қилиш маъмул эди. Ҳозирча ҳам яссавия, қодирия, чаштия ва бошқа бир қанча тариқатлар зикри жалий — зикри жаҳр билан шуғулланадилар. Аммо Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний зикрни хафий шаклда олиб боришни тавсия қилиб, ушбу услубни афзал ва шариатга мувофиқроқ деб қўллагандан кейин зикри хафий хожалар силсиласи ва нақшбандия тариқатининг асосларидан бирига айланди.
Нақшбандия тариқати ўн битта сўз ёки қоида ёхуд ирфоний шиор асосида қурилган. Ушбу қоидалар тариқат пешволари томонидан кенг кўламда ўрганилиб, ҳар бири ҳақида муфассал маълумотлар бериб ўтилган. Улардан саккизта қоида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийга мансуб ва учта қолгани Баҳовуддин Нақшбанд томонидан белгиланган.
Таъкидлаганимиздек, нақшбандийлик зикри хафий — хуфяга асосланган. Зикр эса, яратувчининг зоти ҳақида шундай диққат ва тааммул билан ўйлашки, зокирнинг барча вужуди қалбига тобеъ бўлиб унинг изидан борсин. Ундан мақсад кўнгилни нопок туйғулар, ёмон мақсадлар ва шаҳвоний истаклардан покизалаб, ҳар доим Оллоҳ ёди билан машғул қилиб туришдир. Яратувчига фақат шу йўлдан яқинлашиш ва ҳаққа эришиш мумкин. Кўнгил покизаланиб сайқал топгандан кейин илоҳий нур унга тажаллий қилади(порлайди), яъни кўзгуда қуёш қандай акс этса, илоҳий нур ҳам солик қалбига шундай жилва қилиб ҳузур ҳосил бўлади. Ўшанда зикр тўхтайди. Заҳириддин Бобур “Рисолаи волидия” таржимасида ифодалаганидек:
Айни мазкур бўлур зокир тил.
Аловуддин Нақшбандий таъкидлашича, бундай яқинлашиш зотий қурб, яъни илоҳий зотга яқинлашиш эмас, балки илоҳий нур билан ботиний тақарруб — руҳан яқинлашишдир. Бундай яқинликни фақат қалб кўзи билан кўриш мумкин, бош кўзи билан эмас. Бу ишроқ, яъни қалб кўзи билан кўриш деб аталади. Бу тушда кўрган каби ҳолатларга ўхшайди, албатта, уйқуда биз кўзимиз билан кўрмаймиз.
Навоий асарларида ҳам кўнгил кўзгуси дунёвий истаклар ва мосиво, яъни яратувчи ёдидан бошқа нарсалардан покланиб сайқал топгандан кейин унда илоҳий нур тажаллий қилиши — порлашига муносиб бўлади. У “Хамса”да (“Садди Искандарий”) Оллоҳ инсон қалбини илоҳий сирлар хазинаси қилиб, унда тажаллий этгандан кейин, барча фаришталар унга қараб саждага бош қўйдилар, дейди:
Қилиб кўнглини роз ганжинаси,
Юзин айладинг зот ойинаси.
Анга айлогач нури ҳуснунг зуҳур
Ўқубон малак хайли “Оллоҳу нур”.
Шайх Амин Аловуддин Нақшбандий ўзининг жуда кўп ишонарли манбаларга асосланиб ёзган “Тасаввуф ҳақиқати ва нақшбандия тариқати” номли қимматли китобида Баҳовуддин нима учун “нақшбанд”, деб лақаб олганлигини текшириб унинг ота-боболари наққош эканлигига доир ривоятни нотўғри деб ҳисоблайди. Унингча, “нақшбанд”нинг маъноси маънавиятдан келиб чиқади. У қалблар наққоши бўлган, яъни Оллоҳ нақшини ўз муридларининг қалбларида маънавий жиҳатдан нақш қилиб қолдирган. Бир нақшбандий шоир бундай деган эди: Эй, нақшбандия тариқатида менинг йўлдошим, Ҳақ зикрини қалбингда мустаҳкам ўрнатгин, нақш қилгин.
Баҳовуддин лақаби “Нақшбандий” эмас, балки Нақшбанддир. Нақшбандий деганда унинг тариқати ёки тарафдорлари тушунилади.
Абдулхолиқ Ғиждувоний, Али Сафий таъкидлашича, хожалар тариқатининг бошловчиси эди. Ушбу тариқат авваллари унга нисбат берилиб хожалар тариқати деб аталарди.
Нақшбандия тарафдорлари айтишларича, бу тариқат илгари ҳазрат Абу Бакрга мансублиги учун “ас-Сиддиқия” деб аталарди, сўнгра Боязид Бастомийга нисбат берилиб “Тайфурия” деб аталган, унинг исми Тайфур бўлган. Ушбу таълимот XV асрга келиб Баҳовуддин Нақшбанд номи билан уланиб кетиб “Нақшбандия” деб аталган.
Хожа Баҳовуддин Нақшбанд ўзининг руҳий сафарларини баён этишда айтиб ўтганидек, руҳий ва маънавий тарбияни Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийдан олган экан.
Машҳур тасаввуфшунос олим Усмон Турар қайд этишича, Баҳовуддин Нақшбанднинг ҳақиқий шайхи, уни “увайсийлик” йўли орқали тарбиялаб, камолга етказган Абдулхолиқ Ғиждувоний бўлади. Бўлмаса, Баҳовуддин билан Ғиждувоний орасида Шайх Самосий, Али Ромитоний, Маҳмуд Анжир Фағнавий ва Ориф Ревгарий туради. Ғиждувоний ва Нақшбанд яшаган даврлар орасида 200 йилдан кўпроқ фосила мавжуд.
Баҳовуддин Амир Кулолдан халифаликни олгандан сўнг Қосим шайх, Халил ота ва Мавлоно Ориф каби яссавий шайхларининг ҳузурида кўп йиллар қолиб улардан касбни илму маърифат этди.
Баҳовуддин Нақшбанднинг манқабатларини ёзган Муҳаммад Боқир, Хожанинг шогирдларидан бири бўлмиш Хожа Аловуддин Аттордан нақл этишича, у бундай деган экан: “Мен олти йил туркий машҳур машоихлардан бири бўлган Халил Ото хизматида бўлдим. Халил Ото (Султон Халил) Мовароуннаҳр подшоҳлигига кўтарилганидан кейин ҳам, олти йил унинг мулозиматида бўлиб хизмат қилдим, шоҳлар хизматида бўлиш одобини ўргандим, уни кўп ҳурмат қилардим, бўшлик пайтида унинг хос маҳрами (суҳбатдоши) мен эдим. У менга баъзан қаттиққўллик ва баъзан эса лутфу марҳамат кўргазарди”.
Шу йўсинда Баҳовуддин Нақшбанд ўн икки йил давомида Халил Ото (Султон Халил) билан тасаввуфий муносабатлардан ташқари, энг муҳим дунёвий ишлардан бири, яъни давлатни идора қилишда иштирок этиб, ўз амалий ва ҳаётий фалсафаси учун ўрнак бўлиб келди.
Усмон Турар ифодасича, нақшбандия қуйидаги тўртта асосий қоидага асосланган: шариат йўли билан зоҳирни поклаш, тариқат орқали ботинни поклаш, ҳақиқат йўлидан илоҳий қурб (яқинлик)га эришиш, маърифат орқали Оллоҳга эришиш.
Унинг таъкидлашича, бу тариқат Нақшбанддан кейин Хожа Убайдуллоҳ Аҳроргача нақшбандия, Хожа Аҳрордан Имом Раббонийгача нақшбандияи-аҳрория, Имом Раббонийдан Шамсиддин Мазҳаргача нақшбандияйи-мужаддидия, Шамсиддин Мазҳардан Мавлоно Холид Бағдодийгача нақшбандияи-мазҳария, Мавлоно Холид Бағдодийдан кейин холидия номлари билан аталиб келган.
XV асрда Афғонистонга мансуб бир киши “Мужаддиди алфи соний” (Иккинчи мингйилликнинг тикловчиси) ва “Имоми Раббоний” лақаблари билан шуҳрат қозонган шайх Аҳмад Форуқий Нақшбандий Аҳрорий Сарҳиндий нақшбандия тариқатининг бир шуъбаси сифатида “Мужаддидия” тариқатига асос солди. Имом Раббоний 1650 йили Ҳиндистоннинг Сарҳинд минтақасида туғилиб, 1703 йили ҳаётдан кўз юмган. У зоҳирий ва ботиний илмларни ўзлаштиргандан кейин Деҳлига бориб хожалар тариқатининг идамачиси Хожа Муҳаммад Боқий ҳузурига мушарраф бўлади. Шайх Муҳаммад Боқий олти восита билан Хожа Баҳовуддин Нақшбандга етиб борарди.
Имом Раббоний оз муддат ичида ундан кўп нарсаларни ўзлаштириб олиб, нақшбандия тариқатининг ҳомийси сифатида иш бошлади.
Шайх Аҳмад Сарҳиндий ўзининг 535 мактуби мажмуаси (Мактуботи Имоми Раббоний) билан ушбу тариқатнинг шарҳловчиси, ривожлантирувчиси ва тарқатувчиси бўлиб хизмат қилди, унинг кенг кўламда Ҳинд яримороли ва Афғонистонда тарқалиши учун замин яратиб берди. Мактубот китоби айрим тилларга таржима қилиниб катта ададларда нашр этилган, жумладан, 1228 ҳижрийда Тошкент Порцев тошбосмасида ҳам нашрдан чиққан.
Имом Раббоний ўз замонасининг машҳур давлат ва сиёсий арбоблари, ўз халифалари, буюк олимлар ва мутасаввифлар билан кенг алоқа ўрнатиб Ҳиндистондан туриб Афғонистон, Туркистон ва бошқа жойларга мактублар ёзиб турар, турли мавзулардаги мураккаб масалалар, ирфоний ва ақидавий муаммоларни ечиб беришга ҳаракат қиларди. Масалан, 268 мактубини туркистонлик Хожа Муҳаммад Қосим Амканагийга ёзиб, унда нақшбандия тариқатининг бешиги бўлган Мовароуннаҳрда топилган айрим бидъатлар борасида ачиниб сўзлайди.
Афғонистонда нақшбандия таълимоти таъсирини, айниқса, адабиёт соҳасида XV асрдан бошлаб ҳозирги давргача кўриш мумкин. Масалан, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий шеъриятида, бугунги Афғонистон айрим шоирларининг асарларида ушбу таълимот кенг кўламда ўз аксини топган.
Афғонистонда нақшбандийликнинг ашаддий мухлисларидан бири Қори Муҳаммад Азим Азимий Жўзжоний ўзбек ва дарий тилларининг етук шоири сифатида ўзидан кўп асарлар қолдирган. Унинг шеърлар девони 1993 йили Амир Алишер Навоий Фарҳангий анжумани томонидан Жўзжон давлат матбаасида катта ҳажмда нашрдан чиққан.
Устоз Азимийнинг девонида силсилаи олияи нақшбандияга (нақшбандийликнинг олий силсиласи) атаб бир неча қасида ва қитъа шеърлар мавжуд. Биринчи қасида 28 байт, иккинчиси 52 байтдан иборат. 35 байтни ўз ичига олган учинчи қасида шоирнинг устози нақшбандия вакили халифа Абдулмажид Махдумга бағишланган. Тўртинчиси 16 байтдан иборат бўлиб, Мавлоно Абдулмажид вафоти муносабати билан ёзилган. Бешинчи қасида машҳур халифа Обжўшнинг ўринбосари дарзоблик марҳум Сўфижон халифа — Шимол минтақасидаги нақшбандия тариқатининг йирик вакили ва халифаси вафоти муносабати билан ёзилган. Шоир уни валилик хазинасининг соқчиси ва нақшбандийлар тариқасининг раҳбари деб мадҳ этади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, нақшбандия тариқати фақат Ҳиндистон яримороли, Афғонистонда эмас, балки Ироқ, Сурия, Туркия ва Эрон ҳудудларида ҳам кенг кўламда тарқалган. Унинг номи билан Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний исми нақшбандия тариқатининг ажралмас бўлаги сифатида ўз мавқеини сақлаб келган.
Абдулҳаким Жўзжоний,
юридик фанлар доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 33-сонидан олинди.