Делфинлар бўйича изланишлар олиб борадиган таниқли тадқиқотчи Жек Кассевитс ва унинг турмуш ўртоғи Донна бир неча йиллар илгари «Global Heart» – «Глобал юрак» нотижорат ташкилотига асос солишган бўлиб, ҳозирги кунда SpeakDolphin – «Делфин билан сўзлашамиз» лойиҳаси устида иш олиб боришмоқда. Ташкилот сайти глобалҳеарт.орг.да келтирилишича, лойиҳанинг мақсади унинг номидан ҳам ўз ифодасини топган.
Мутахассислар бошлаган ишларини муваффақиятли якунлаш учун олдин «денгизнинг интеллектуал жонзотлари» – делфинлар «тили»даги белгиларни ўқиш ва уларнинг суҳбатларини тушунишга эришишлари зарур. Кейинги босқичда эса улар билан бевосита мулоқотга киришиш ҳам назарда тутилган. Эътиборлиси, бу жараён шундай шаклда амалга оширилиши лозимки, натижада нафақат одамлар, балки делфинлар ҳам инсонларни тушуниши лозим.
Аслида делфинлар билан «дилдан» суҳбат уюштиришга узоқ пайтлардан бери кўпчилик ҳаракат қилган. Шунга қарамай, турли мамлакатларда қатор мутахассисларнинг бу борада олиб борган саъй-ҳаракатлари ҳозирча бесамар эди. Аммо Донна ва Жек ўз тадқиқотларининг муваффақиятига қатъий умид қилишмоқда. Улар денгиз жонзотлари тилидаги белгиларини ўқиш соҳасида оламшумул янгилик яратишларини таъкидлашяпти. Сабаби, тадқиқотчилар делфинлар тилини ўрганишда шу пайтгача амалда қўлланилмаган мутлақо янгича ёндашувни ишлаб чиқишган. Бунга олимлар томонидан ушбу ёқимтой денгиз жонзотлари тилидаги «сўзлар»нинг график белгилар орқали ифодаланишининг аниқланиши туртки бўлди. Ўзига хос иероглифлар сифатида таърифланаётган мазкур белгилар делфинларда ёзувга қобилият борлигини кўрсатди. Айнан шу жиҳатга таянган ҳолда Кассевитслар оиласи ўз ҳамкасбларини жалб қилиб, изланиш олиб бормоқда.
Денгизга кетиб, қайтмаганлар
Илм-фандан маълумки, делфинлар инсонлар каби сутемизувчилар гуруҳига киради. Қолаверса, улар Ер юзида одамлардан ҳам бир неча миллион йиллар илгари пайдо бўлган. Бу денгиз ҳайвонларининг мияси йирик ва анча такомиллашган бўлиб, баъзи турдагиларники инсон миясидан ҳам ҳажман каттароқ экан.
Кўпчилик (ҳаттоки олимлар ҳам) делфинлар она сайёрамиздаги энг биринчи онгли мавжудотлар бўлганлиги тўғрисидаги эртакнамо фаразга ишонади. Мазкур тахминга кўра, қандайдир бир сабаб туфайли улар денгизга кетиб, яшаш учун барча шароит бўлган сув муҳитида бутун умрга қолиб кетишган. Шу билан бирга, улардаги ақл-идрок ва мулоқот қилиш қобилияти сақланиб қолган. Лекин муомала қилиш шакли, бошқача қилиб айтадиган бўлсак, тили ўзгарган, негаки инсоният тамаддунидаги эволютсия унинг сувда кечадиган суҳбатлар учун мослашишига замин яратди. Аниқланишича, делфинлар тор доирадаги товуш нурлари орқали баланд ва паст тебранишларда «гаплашар» экан.
Бундан 50 йил олдин машҳур америкалик нейрофизиолог Жон Лилли илк маротаба бу денгиз ҳайвонлари онгли эканлигини, уларнинг нутқи юқори даражада шаклланган ва ўрганилиши зарурлигини таъкидлаган эди. Шунингдек, «Ердаги янги қадимий тсивилизатсия: онгли делфинлар» асарини ёзиб, сайёрамиз аҳлининг катта қисмида бу жонзотларга нисбатан меҳр уйғота олган.
Фикрлар қарама-қаршилиги ҳақиқатни равшанлантиради
Ярим асрлик давр оралиғида делфинларнинг онгли эканлигига қанча далил топишга уринишлар кузатилган бўлса, бунинг аксини кўрсатишга ҳам шунча ҳаракатлар амалга оширилган. «Ню саентист» илмий нашрида мунтазам равишда бу мавзуга оид мақолалар бериб борилади. Улардан бирида:
– Агар делфинларда нутқ шаклланган бўлса ҳам, улар инсонлардан мазкур хусусиятни астойдил яширади, – деган эди бир пайтлар физиолог, акустик коммуникатсия соҳасининг етакчи мутахассиси Жей Мортон.
Қатор тадқиқотчилар йирик шаклдаги мия юксак салоҳият кўрсаткичи эмаслигини асослаб беришга интилганлар. Уларнинг айтишича, делфинлар мияси соҳил чегараларини ёдда сақлаб қолиш учун қўшимча «мия чизиқлари» зарур бўлганлигидан катталашган. Бошқача қилиб айтганда, делфинлар миясидан фақат навигатсия мақсадлари, яъни денгизда юриш учунгина фойдаланади.
Яна кимдир катта ҳажмдаги мия бошни иссиқ сақлаб туриш учун керак холос, деган фикрда. Аслини олганда делфинлар мутлақо онгсиз, дейди яна бошқалар. Бундай фикр тарафдорлари келтираётган асосий далилга кўра, агар бу жонзотлар ақлли бўлганида эди, улар ҳеч қачон балиқчилар тўрига тушиб қолмасди. Делфинлар бўлса, кўп ҳолларда балиқ тўрларига илашиб қолиб, ҳаво етмай нобуд бўлади. Мазкур қарашга қарши фикр билдираётганларнинг ҳам нуқтаи назари жуда қизиқ: инсонлар ҳам доимий равишда йўл автоҳалокатларига учраб, жон берадилар. Демак, одамлар ҳам онгсиз экан, деган фикрга бориш керакми?
Флоридадаги Атлантика университетининг бир гуруҳ олимлари ҳам бу борада тадқиқот олиб боришган. Олий ўқув юртининг (атлантиcунверситй.эду) сайтида ушбу тадқиқотчилар ёзган мақолада келтирилишича, делфинларнинг бир-бирига сигнал жўнатиши сабаби жуда оддий экан: улар шу йўл билан кичик, озуқа бўладиган балиқларни йўлдан чалғитиб, осонгина ўлжага эга бўлади.
Салом, менинг исмим…
Юқоридаги каби қарши далилларга қарамай, барибир бу қувноқ денгиз жонзотларининг онгли эканига гувоҳлик берувчи ҳолатлар нисбатан кўп. Шимолий Каролина университети профессори Лаэла Сей қатор ҳамкасблари билан делфинлар бир-бирини исми билан атаб чақириб, танишганда эса исмини ҳам айтишини аниқладилар. Улар ушбу «сўз»ларни қардошларидан келаётган сигнал эмас, балки мурожаат сифатида қабул қилади. Ажабланарлиси, овозни таниш имконини берувчи ҳеч бир алоқасиз ҳам суҳбатдошининг кимлигини била олади.
Флорида штатида, океан соҳилларида шиша ташувчи делфинлар билан ўтказилган тажриба пайтида олимлар уларга синтезланган шахссиз мурожаатлар сигналини жўнатишган. Аммо денгиз жонзотларининг ярмидан кўпи айнан уларни чақиришгандагина қайрилган. Бундан ташқари, уларнинг «суҳбатлари»ни тинглаб олимлар иккита делфин учинчиси ҳақида гапираётиб, қардошини ўз исми билан аташи мумкинлигини ҳам тахмин қилишмоқда.
Ундерwатер-ресеарчес.орг веб-саҳифасида ҳам бу борада яна бир қанча тафсилотлар берилган. Тадқиқотчилар сўзларига таянадиган бўлсак, онгли ҳайвонлар деб эътироф этилаётган делфинлар нутқи товуш, бўғин, сўз, оддий жумла, мураккаб жумла, кичик матн каби камида олтита ташкилий босқичдан иборат.
Тинглаш – кўриш қобилиятининг ўрнига
Юқоридаги манбаларга кўра бундан ўн йилча аввал Маунтин-Вю (АҚШ)даги Ерда бўлмаган идрокни тадқиқ этиш институти ходими Лоренс Дойл ва Девис шаҳри (Калифорния штати)даги Калифорния университетининг ҳайвонот дунёси мутахассислари билан делфинларнинг бир неча юзлаб сигналларини ёзиб олишга муваффақ бўлишди. Уларни ўрганишда тадқиқотчилар «Зипф» методини қўллашган. Уни Гарвард университети профессори Жорж Кингсли Зипф 1949 йилдаёқ ишлаб чиққан эди.
Мазкур метод асосида ҳисоб-китоб, аниқроғи, сўзлар ва ҳарфлар қўлланишининг статистик таҳлили ётади. Зипф услуби ёрдамида исталган нутқ ёки тил қанчалик маълумотга бой, бир тизимга келтирилган ва табиийки, идрокли эканини аниқлаш мумкин. Таҳлил натижаси график чизмада намоён бўлади. Ортиқча тафсилотларга берилмай айтилса, муомаладаги ҳар бир, масалан, инглиз, рус ва ҳатто япон тили ҳам бу метод ёрдамида таҳлил қилинса, эгри чизиқ ҳосил бўлиши керак. Агар ақл-идрокка бўйсунмайдиган нутқ бўлса, у ҳолда чизмада бундай чизиқ акс этмайди.
Изланишлар делфинлар нутқидаги чизиқ эса айнан инсонларникига ўхшашлигини кўрсатди. Демак, уларнинг нутқида ахборот мужассамлашган. Жек ва Донна бўлса, илм-фанда мазкур турдаги нутқ графикасини ёзиб олишнинг уддасидан чиққан илк тадқиқотчилар сифатида тилга олинмоқда.
Делфинларнинг ҳарф ёки сўзлари тасвирларини аниқлашга британиялик акустика соҳаси муҳандиси Жон Стюрд Рейд томонидан яратилган саймаскоп (CймаСcопе) ускунаси имкон туғдирди. Ундаги махсус мембрана ёрдамида денгиз жонзоти чиқараётган товушли нурнинг тебранма ҳаракати тезлиги борасидаги батафсил маълумот компютерга узатилади. Натижада экранда делфиннинг ҳар бир «чуғур-чуғур»и ўзига хос тасвир – иероглиф ёки симаглиф (олимлар бу ҳалқасимон белгиларни ҳозирда шундай аташяпти) шаклида намоён бўлди.
Бу симаглиф-иероглифлар бир-биридан худди инсон нутқидаги сўзлар каби фарқланиши ҳам мутахассисларга сир бўлмай қолди. Улар делфинлар тасвирлар орқали сўзлашади ва тинглашади, деган фикрда. Бу жараён товушлар билан ёзиш ва ўқиш каби маълум тушунчаларни тасвирлар орқали ифодалаб, қабул қилишга ўхшайди.
– Анчадан бери инсон тафаккури видео тасвирни қандай қабул қилса, делфин онги ҳам аудио сигналларни шундай қабул қилади, деган фикрда эдик, – дейди лойиҳа иштирокчиси, делфинларни даволаш бўйича мутахассис, терапевт Хорейс Доббс. – Бугунга келиб эса ушбу қараш ўз тасдиғини топди, деб ишонч билан таъкидлаш мумкин.
– Бизни ултратовушли ускуна ёрдамида инсоннинг ички органлари ёки она қорнидаги ҳомилани кўриш мумкинлиги ҳеч ажаблантирмайди, тўғрими? – фикрлари билан ўртоқлашади лойиҳа муаллифи Жек Кассевитс. – Шу сабаб, делфинлардаги коммуникатсия тизими визуал тасвирлар асосида шаклланади, деган фикрга ҳам оддий назар билан қараш лозим. Аслида бунинг натижасида уларнинг нутқи инсонларникига нисбатан янада жонлироқ, ифодалироқ намоён бўлади.
Инсонларда маъно-мазмун тушунчаси учинчи босқич, яъни сўз орқали шаклланади. Олимнинг фикрича, делфинда бу ҳолат биринчи босқич – товуш қабул қилинганидаёқ сезиларкан. Боиси, ўзида ахборотни мужассам этган ҳар бир товуш график жиҳатдан етарлича мураккаб шаклда тузилган ҳисобланади.
Воситасиз иложи йўқ
Хуллас, Кассевитс ҳам, Рейд ҳам мазкур жумбоққа шундай бир «очқич» топишдики, уни бир пайтлар Жан-Франсуа Шамполон ва Томас Юнгга қадимий Миср иероглифларини ўқиш имконини берган калитга ўхшатиш мумкин. Тадқиқотчилар, эндиликда делфинлар тилини тушунишга кўмаклашадиган тасвирли алифбо яратилади, дейишмоқда. Унинг ёрдамида муомалада зарур бўладиган бутун-бутун жумлалар тасвирли товушларга айлантирилади. Аммо, таассуфки, инсонлар ҳеч қачон делфинга хос тарзда товуш чиқара олмас экан. Негаки, инсонларда бунга мос органлар йўқ. Делфинларда бўлса, юқори бош қисмида жойлашган мураккаб товуш узатиш механизми бор. Унда ўз навбатида бир пайтда ишга тушадиган тўртта товуш генераторлари жойлашган.
Шу сабаб, олимлар орзу қилган делфинлар билан воситачисиз, тўғридан-тўғри суҳбат қуришнинг иложи бўлмайдиганга ўхшайди. Лекин таржимон, товуш узатувчи ва сигналларни қабул қилувчи восита сифатида компютердан фойдаланиш режалаштирилган. Айни кундаги компютерлар эса шу даражада такомиллашганки, ҳатто ҳозирнинг ўзидаёқ суҳбат қуришга имкон яратиб бера олади. Фақат ҳамма гап луғатда қолган, холос.
Наргиза Иброҳимова тайёрлади,
«Маърифат» газетасидан олинди.