Ҳимоя жараёнидаги ўйлар
Истиқлол даврида нуфузли илмий кенгашларда ёқланаётган диссертациялар ва диссертантларга қўйилаётган талаблар оширилиб, илмий даража бериш тизимини такомиллаштириш чоралари кўрилгани айни муддао бўлди. Жумладан, фан номзоди, хусусан, докторлик илмий даражасини олишга даъвогар тадқиқотчи албатта хорижий тиллардан камида бир-иккитасини мукаммал билиши, хорижий тилларда илмий маърузалар қила олиши, мақолалар билан хорижий матбуотда чиқиши шарт қилиб қўйилди.
Ўтган йили Тил ва адабиёт институти ҳузуридаги ихтисослашган кенгашда диссертантлар олдига қўйилган янги талаблар муҳокамаси чоғи айрим ҳамкасбларимизнинг бўлғуси фан номзоди ва докторлари хорижий матбуотда илмий мақолалар билан чиқиши зарурлиги фан йўлига ғов солади, деган иддаоларини эшитиб, рости ранжигандим. Бу талаб, аксинча, фанимиз ривожи, фан кишилари камолоти учун йўл очади-ку, ахир. Бусиз фанимиз жаҳон майдонига чиқишини тасаввур этиш қийин. Шуниси қувонарлики, ўз вақтида кўрилган бу жиддий чоралар илк самараларини бера бошлади. Ўтган йил охири, янги йил бошларида филология фанлари доктори илмий даражасини олиш учун тақдим этилган учта диссертация ҳимояси, менимча, бу соҳада бурилиш, янги бир босқич бошланаётганидан далолатдир.
Бадиий ижоднинг боши фолклордадир, деган нақл бор. Адабиётшунослик бўйича ҳимоялар бобидаги янги шабадалар ҳам айни фолклоршуносликдан бошланди. 2010 йил 22 декабрда Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ҳузуридаги фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертациялар ҳимояси бўйича Ихтисослашган кенгаш йиғилишида иқтидорли ёш адабиётшунос Жаббор Эшонқулов “Ўзбек фолклорида туш ва унинг бадиий талқини” мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Аввало, диссертация ва автореферат пухта, мукаммал, кўркам тарзда тайёрланган. Диссертант мавзу юзасидан ўзимизда иккита монография, 30 мақола, хорижда эса ўндан ортиқ мақола эълон қилган, халқаро анжуманларда 12 бор маъруза ўқиган. Германия, Туркиядан тортиб деярли барча туркийзабон мамлакатлар етакчи олимларидан тақризлар олинган, уларда мазкур тадқиқот муҳим илмий янгилик, деб эътироф этилган.
Диссертант инсон ҳаёти ва руҳияти билан боғлиқ ғоят муҳим ҳодиса — тушнинг фолклордаги талқинини текширишга киришар экан, аввало, уни умумтуркий, қолаверса, умумжаҳон фолклоршунослиги, жаҳон ёзма адабиёти контекстида олиб қарайди. Бугина эмас, тушнинг илмий ўрганилиши, у ҳақдаги мифологик қарашлар, Шарқ ва Ғарб фалсафаси, руҳшунослик, тарих илмидаги талқинлар ҳақида батафсил тўхталади; Қуръони карим оятлари, ҳадиси шариф, “Таъбирнома”дан тортиб яна кўплаб ноёб манбалардаги ғоят қимматли талқинларга мурожаат этади. Имом Ғаззолийнинг туш “Одам ўғли фитратининг ғаройиботларидандир”, деган фикри билан ХХ асрнинг машҳур руҳшуноси Фрейд ва унинг издошлари қарашларида муштараклик борлигини аниқлайди. Ёзма адабиётдаги туш талқини устида гап кетганда “Шоҳ Эдип”дан тортиб Т.Манн, Ф.Кафка, У.Фолькнер, Х.Л.Борхес, Х.Кортосар, шунингдек, бугунги миллий адабиётимизнинг қатор намуналарига мурожаат этади. Ишнинг “Ўзбек халқ эртак ва достонлари структурасида тушнинг тутган ўрни”, “Туш семантикаси ва бадиий вазифалари” боблари ғоят мароқли чиққан.
Яна шуниси эътиборлики, ишда мавзуга оид ўзимиздаги ва хориждаги кўплаб илмий адабиётлар қамраб олинган; диссертант ўзгалар фикрини шунчаки эслаш билан чекланмайди, ўрни келганда улар билан баҳсга киришади, ўз мустақил қарашларини илгари суради; кўзланган мақсаддан келиб чиқиб: “Унда биринчи марта мавзумиз доирасида психоаналитик методни ўзбек фолклорига нисбатан қўллашга ҳаракат қилдик. Бундан ташқари, тадқиқотда қиёсий-типологик ва тарихий-қиёсий таҳлил методларидан кенг фойдаландик”, деб ёзади муаллиф. Аслида диссертант ишда ўзи тилга олган таҳлил методлари билангина чекланиб қолмаган, ҳозирги адабиётшунослик фанидаги мифологик, лингвистик, структуал методлардан ҳам кенг фойдаланган. Муҳими, фолклоршунос тадқиқотчи ўз фани қобиғи билан чекланиб қолмай, миллий ёзма адабиёт тарихи, замонавий адабий жараён, жаҳон адабиёти ва назарияси, руҳшунослик, фалсафа, тарих дунёсида ўзини ғоят эркин ҳис этади. Аминманки, у истаган мамлакат олими, ижодкори билан бу борада бемалол юзма-юз туриб баҳслаша олади. Мустақил юртнинг, ХХI асрнинг олими — фан доктори шундай бўлиши керак-да, ахир!
Орадан бир ой ўтиб, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги адабий алоқалар, қиёсий адабиётшунослик ва таржимашунослик бўйича ихтисослашган кенгашда Муҳаббат Шарафутдинованинг “ХХ аср ўзбек романчилиги ҳикоя тарзининг ўзига хос хусусиятлари (жаҳон адабиёти контекстида)” мавзусидаги тадқиқоти ҳимояси бўлиб ўтди. Тўрт ярим соат давом этган ҳимоя мажлисида иштирок этганларнинг бирортаси тирбанд зални тарк этмай ўтирди. Диссертантнинг батафсил маърузасидан сўнг расмий оппонентлар чиқишларида, кенгашга йўлланган 20дан ортиқ тақризларда, шунингдек, муҳокамада иштирок этган ўнга яқин мутахассислар нутқида билдирилган барча мулоҳазалар хусусида ўзининг лўнда, дадил, аниқ-равшан фикрларини айтди, берилган саволлар қайси тилда бўлса, ўша тилда жавоб қайтарилди. Бирорта масала, савол очиқ қолдирилмади. Ҳимоя жараёни диссертант учун ўзи кашф этган янги қараш, ғояларнинг чин маънодаги ҳимояси тарзида ўтди.
Мазкур тадқиқот, аввало, икки жиҳати билан ажралиб туради. Шу пайтга қадар ХХ аср ўзбек романи тараққиёти тамойиллари, хусусан, поэтикасига бағишланган номзодлик ва докторлик диссертацияларидан фарқли ўлароқ, М.Шарафутдинова ўз ишида шу давр ўзбек романи ҳикоя тарзи структурасини махсус тадқиқ этишга жазм этади. Роман жанри поэтикасида муҳим ўрин тутувчи айни шу муаммони — миллий роман структурасидаги янгиланиш жараёнини жаҳон адабиёти контекстида — жаҳон романчилигининг нодир намуналари билан қиёсан таҳлил этиш йўлидан боради.
Тўғри, адабиётшунослигимизда Қодирий, Чўлпон, Ойбек, А.Қаҳҳор романларини Ж.Зайдон, В.Скотт, Ж.Лондон, А.Пушкин, Л.Толстой, Чехов, М.Горький, М.Шолохов асарлари билан қиёсий ўрганишга уринишлар бўлган, лекин улар кўпроқ ғоявий-мафкуравий йўналишда, персонажлардаги муштаракликлар қиёси тарзида эди. Т.Жўраевнинг ўзбек насридаги “онг оқими”га оид номзодлик диссертациясини мустасно этганда миллий романчилигимиз поэтикасини жаҳон адабиётидаги янги бадиий-поэтик жараёнлар билан қиёсий тадқиқ этувчи жиддийроқ иш қилинган эмасди. Шу ҳолат назарда тутиладиган бўлса, М.Шарафутдинованинг тадқиқоти ҳар жиҳатдан таҳсинга сазовор. Икки аср бурун пайдо бўлган “жаҳон адабиёти” атамаси ҳозирга келиб “адабий глобаллашув”, “умуминсоний адабиёт” палласига қадам қўяётган бир пайтда бу турдаги тадқиқотга эҳтиёж катта.
Маълумки, ўзбек адабиёти минг йиллар давомида айнан Шарқ халқлари адабиёти анъаналари доирасида, асосан араб, форс, қисман, ҳинд адабиётлари билан ҳамкорликда, ислом дини фалсафаси, тасаввуф таълимоти таъсирида ривожланди. ХIХ аср охири XX аср бошларида у янги бир маънавий оламга, Овропа маданияти, адабиёти тажрибаларига юз ўгира бошлади. Даврнинг тараққийпарвар сиймолари ҳар бир соҳада янгиланишга эҳтиёж сездилар ва бу йўлда фаол ҳаракат қилдилар. Замонавий адабий жанрлар — ҳикоя, роман, драма, шеърий шаклларда қалам тебратган ва бу шаклларнинг етук намуналарини яратган алломалар — жумладан, А.Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ойбек, А.Қаҳҳор жаҳон адабиётидаги жараёнлардан чуқур хабардор эдилар; улар фақат адабиёт ва адабиёт илмидаги янгиланишлар эмас, санъат, руҳшунослик ва фалсафадаги янгиликлардан ҳам яхши хабардор эдилар. Қодирий ва Чўлпон эски мактаб, мадраса билан баробар рус-тузем ўқув юртларида таълим олган, ҳар иккиси ҳам болалигиданоқ рус тилини мукаммал эгаллаган, сўнг Қодирий Москвадаги Брюсов номидаги Адабиёт институтида ўқиган, Чўлпон эса 1924-27, 1931-34 йиллари Москвада яшаган, ишлаган, “Кеча ва кундуз” романи айни ўша муҳитда яратилган эди.
Диссертант Қодирий ва Чўлпон романларининг ҳикоя тарзи структурасини жаҳон адабиёти контекстида текширишга жазм этар экан, бунда ҳеч қанақа атайинлик, зўрма-зўракилик йўқ. Ҳар икки муаллиф ҳам жаҳон адабиёти адабий тафаккури даражасида туриб қалам тебратганлар. Ҳар икки адибнинг ўша кезлари битган адабий-танқидий мақолалари, чунончи, Қодирийнинг С.Ҳусайн билан мунозараси, реализм, футуризм, импрессионизм каби оқимлар хусусидаги фикрлари, Чўлпоннинг Мейрхолд театри, Р.Тагор ҳақидаги мақолалариёқ уларнинг маънавий, адабий савияси нақадар юксак, замонавий жаҳон адабий тафаккури даражасида эканлигини тасдиқлайди. Шу даражага кўтарилган қаламкашларгина “Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз”дек етук замонавий романларни яратиши мумкин эди. Замонасининг ҳар жиҳатдан етук бошқа бир адиби А.Қаҳҳор Қодирий романларини “янги давр адабиёти гази билан ўлчаганда ҳам тўлақонли асарлардир”, деганида тўла ҳақ.
Бу гапларни айтишдан мақсад шуки, М.Шарафутдинова “Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз” романлари талқинини қўйилган муаммо таҳлилидан бошлайди, мавзуга оид илмий адабиётлардан иқтибослар келтиради, назарий асос сифатида М.Бахтин қарашларига таянади; аммо муаллифларнинг ўз ижодий тажрибалари, адабий принципларига оид қарашлари, ғоят ибратли фикр-мулоҳазаларидан деярли фойдаланмайди. Ў.Ҳошимов, О.Мухтор ижодига оид боб ва фаслларда ҳам шу ҳол кўзга ташланади. Ютуқлар билан бир қаторда ишнинг бу камчилиги ҳам айтиб ўтилди.
ХХ аср ўзбек романчилигида ҳикоя тарзи структураси жиҳатидан жаҳон адабиёти намуналари билан қиёсан тадқиқ этишга арзигулик асарлар бисёр, аммо бир диссертация доирасида уларнинг барчасини қамраб олиш имкони йўқ. Шуни назарда тутган ҳолда ишда ХХ аср ўзбек романчилигидаги кўтарилган муаммога оид жараёнларни намоён этадиган айрим асарлар таҳлил доирасига тортилгани, менимча, мақсадга мувофиқ. “Ўткан кунлар” романидаги ровий — муаллиф ҳикояси, мактублар, этнографик тафсилотлар, қистирма жанрлар (шеър, новеллалар), персонажлар нутқи, ички монологлар ифода тарзи батафсил таҳлил этилган, айниқса, мактублар таҳлили, роман тилидаги мусиқийлик чиройли таҳлил этилган. “Кеча ва кундуз” ҳикоя тарзидаги киноя-кесатиқлар Н.Гоголь асарлари билан қиёсланган. Ў.Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” романи билан У.Фолкнернинг “Ўлар чоғимда” романларидаги полифоник ифода тарзидаги муштараклик ва фарқли жиҳатлар таҳлили мароқли чиққан. “Тушда кечган умрлар” романи “Асрга татигулик кун” асари билан қиёсан текширилган. Роман структурасидан ўрин олган ҳикоячи персонажнинг эсдаликлари, тушлари, мактуб, ҳужжат, кундаликлари асарда ижтимоий оҳанглар ранг-баранглигини таъмин этганлиги теран таҳлиллар орқали кўрсатилган. О.Мухторнинг “Минг бир қиёфа” асари ҳикоя тарзига хос ранг-баранглик М.Булгаковнинг “Уста ва Маргарита”, Ф. Кафканинг “Жараён” романлари билан қиёсан тадқиқ этилган. Таҳлиллар орқали А.Қодирий, А.Чўлпон, Ў.Ҳошимов, О.Мухтор романлари поэтик дунёси Шарқ ва Ғарб бадиий синтезининг ғоят мароқли эстетик намойишидир, деган хулосага келинган.
ХХ асрнинг моҳир романшунослари М.Бахтин, Х.Ортега-и-Гассет қарашларига таянган ҳолда ХХ аср ўзбек романи ҳикоя тарзини жаҳон адабиёти контекстида тадқиқ этишга қаратилган ушбу тадқиқот кишида ифтихор туйғусини уйғотди; ХХ аср ўзбек адабиётида шўро даври истибдоди-тазйиқларига қарамай, янги давр жаҳон адабиёти нодир намуналари билан бемалол бўйлаша оладиган асарлар яратганлигини, миллий адабиётимиз шунчаки “кўпмиллатли совет адабиётининг таркибий қисми” эмас, жаҳон янги адабиётининг узвий қисми тарзида ривожланганлигини яна бир карра тасдиқлайди; бундай муҳим қарашни, илмий концепцияни келгусида яна давом эттирадиган янги тадқиқотлар учун йўл очади. Тадқиқотнинг рус тилида ёзилгани ўзбек романчилиги мактаби даражаси, кўлами хусусида жаҳон адабий-илмий жамоатчилигини хабардор этиш йўлидаги дадил қадам эканини алоҳида таъкидлашни истардим. Қани энди шу тарздаги тадқиқотлар инглиз, испан, француз, япон тилларида ҳам пайдо бўлса!..
Қувонарли жиҳати шундаки, мазкур диссертацияда илгари сурилган бу муҳим концепция айни шу илмий кенгашда орадан 20 кун ўтиб ҳимоя қилинган Замира Қосимованинг “Олам ва одам концепцияси миллий ва жаҳон адабиёти анъаналари призмасида (А.Фитрат, А.Қодирий, А.Чўлпон ижоди мисолида)” тадқиқотида янгича аспект, ўзгача таҳлил ва талқинлар орқали давом эттирилди. Олима Фитрат, Қодирий, Чўлпон асарларида олам ва одам концепцияси адибларнинг диний-фалсафий дунёқарашлари, Шарқ ва Ғарб мумтоз адабиёти, маърифатчилик даври маданияти таъсири остида шаклланганини, ижод аҳли ўз даврининг ҳаёт-мамот аҳамиятига молик муаммолари ечими, талқинида жаҳон тажрибасига ижодий ёндашганини аниқ далиллар орқали кўрсатади. Худди Ж.Эшонқулов, М.Шарафутдинова каби З.Қосимова ҳам мавзу юзасидан хорижий мамлакатларда ўтказилган илмий анжуманларда маърузалар ўқиган, АҚШ, Россия, Белорусия матбуотида қатор мақолалар эълон қилган.
Муаллиф ўз тадқиқотида Қодирий, Чўлпон асарлари таҳлили чоғи она тилидаги матнга таяниб иш кўрган, аслиятга хос беназир ифода, мўъжизакор руҳ билан танишиш асносида қалбида жўш урган ҳайрат, завқ-шавқини рус тилида изҳор этишга уринган. Ҳар икки тадқиқотчи ҳам бу икки аллома асарларининг, айниқса, “Ўткан кунлар”нинг рус тилига таржимаси ночор аҳволда эканлигини таъкидлайдилар, кўп ҳолларда фикр-қарашлари тасдиғи учун асардан олинган кўчирмаларни ўз таржималарида беришга мажбур бўлганлар. Энг ёмони, “Ўткан кунлар”нинг жаҳон тилларига таржималари рус тилидаги ночор таржималар асосида адо этилганини З.Қосимова ўз ишида афсус-надомат билан айтиб ўтади. Энг кейинги русча таржима аслиятга анча яқин бўлса-да, барибир, аслиятдаги руҳ етарли ифодасини топмаган. Буни-ку тушуниш мумкин. Икки тил, икки хил ҳаёт тарзи орасидаги масофа хийла узоқ. Энди мана бу ҳолатга нима дейсиз: Шарқшунослик институтида таълим олган набирам “Ўткан кунлар”нинг туркчага таржимаси устида битирув иши ёзди. Роман таржимасини аслият билан сатрма-сатр солиштириш асносида ҳар қадамда чалкашлик, аслиятдаги маъно ва асл руҳни бузиш ҳолларига йўл қўйилгани аниқланди. Биргина мисол: бир ўринда Қутидорнинг ўз аёлига ўзбек удумига кўра қизи номи билан мурожаати — Кумушга мурожаат тарзида берилади. Тасвирдаги бу каби нафис, латиф жумлалар, нозик сўз ўйинлари бузиб берилади ё тушириб қолдирилади ёки қуруқ ахборотдан иборат қилиб қўйилади… Наҳотки, миллий адабиётимиз дурдонаси тили, дили ва ҳаёт тарзи жиҳатидан яқин қардош тилга шу тарзда ўгирилса! Туркияда бўлганимда турк ҳамкасбларимиздан “Ўткан кунлар” таржимаси хусусида таассуротларини сўраганимда, улар негадир лоқайд жавоб берганларида ажабланган эдим. Кейин маълум бўлдики, бунинг сабаби беназир романнинг таржимаси ночорлигида экан… Ҳолбуки, янги турк адабиётининг нодир намунаси “Чолиқуши” бизда қанчалар мушҳур. Бунинг сабаби аён: моҳир таржимон Мирзакалон Исмоилий уни қойилмақом қилиб ўзбекчалаштирган, асарнинг асл руҳини, бутун нафосатини ўзбек китобхонига етказа билган. Тажриба бот-бот шундан далолат бераётирки, И.Ғафуров айтганидай, таржимон тилда ёзувчига тенг ёзувчи, шоирга тенг шоир бўлгандагина, аслият таржимаси аслиятга тенглашади.
Бу диссертациялар фақат икки роман эмас, ХХ аср миллий адабиётимизнинг жаҳон янги адабиёти етук намуналари билан бўйлаша оладиган бошқа кўплаб намуналарини таржимада жаҳон тилларига бор ҳолича бериш санъати бугунги кунда долзарб масала бўлиб қолаётганига яна бир бор жамоатчилик эътиборини тортиши билан ҳам аҳамиятлидир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 9-сонидан олинди.