“Дилбар шахс”, гўзал шоир, ҳаққоний тарихнавис, моҳир саркарда ва буюк ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Мана, беш асрдан ортиқ давр ўтибдики, бу улуғ зотни англаш, ижодини уқиш ва идрок этиш борасидаги изланишлар тўхтамайди. Зукко мухлис ҳамиша шундай савол қаршисида лол: “Ким ўзи – Бобур?”. Юқорида санаганимиз сифатлари унча-мунча кенг ёйилган умумий таърифлар, холос. Шеърияти, воқеоти, хасби ҳоли ва илмий-бадиий рисолалари моҳиятини англашга чоғланган муҳиблари тилдан-тилга кўчиб юрган одатий таърифларидан сира қониқмасликлари аниқ. Ҳақрости ҳам шу, ҳазрат Навоийни англаш не қадар мушкул ва фараҳбахш бўлса, Бобур Мирзони ҳам идрок этиш, ундан кам машғулот ва меҳнат-машаққат, ҳаловат эмас.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур армону афсуслар диёрининг фуқароси бўлганидек, ўз миллатдошлари ва ватандошларининг ҳам оҳи, армони… Гапнинг индаллоси, ройиши шуки, Италиядек маҳобатли кўҳна тамаддун мамлакатида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги нишонланаётган жорий йилда “Бобурнома” асари итальян тилида юқори матбаа сифатида кўп нусхада нашр этилибди. Китоб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Шарқ ренессансининг марвариди” номли сермазмун сўзбошиси билан очилади. Италиянинг таниқли олим ва адиби Франко Кардинининг “Бобурнома” таассуротлари асосида ёзган ниҳоятда самимий бадиа-эссеси китобда кириш сўз сифатида берилган. Яна бир аҳамиятли жиҳат – китоб Бобурийлар даврига тегишли деб топилган 96та бадиий миниатюра суратлар билан безатилган.
Шу ўринда мамлакатимиз раҳбарининг қуйидаги фикри хорижий нашрнинг олдига қўйилган вазифа-мақсадларни амалга оширишда ўзига хос дастурий йўлланма бўлганини қайд этиш жоиз:
“Ишонаманки, уч минг йиллик тарихимиздан муносиб ўрин эгаллаган мумтоз шоир, қомусий олим бўлган улуғ аждодимизнинг бебаҳо мероси билан танишиш Италиянинг илмий ва маданий жамоатчилиги учун ўзбек халқининг маънавий оламидан, бизнинг томиримизда қандай буюк зотларнинг қони оқаётгани ва бугунги кунда мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлардан яқиндан хабардор бўлиш имконини беради”.
“Бобурнома”ни итальян тилига ўгирган таржимон Федерика Пасторе айни нашрни шарҳлаб асарни “ислом тамаддунига хос автобиографик асарнинг илк ростгўй намунаси” деб баҳолаган. Балки шу сифат сабабмикан, китоб нашрига доир барча юмушлар ижрочилари ўз вазифаларига ўта масъулият ва самимий ният билан ёндашганлар. Яъни “Бобурнома”, аввало, ўзбек халқининг тарихи, табиати, турмуши ва бошқа хос хусусиятларини дунёга намоён этиб, Оврупою Осиё ва бошқа қитъаларни юртимизга яқинлаштираётган, тили, дини, дунёқараши турли хил бўлган инсонларни Ўзбекистоннинг дўсти-ҳабибига айлантираётган асар сифатида барча зиёли инсонларнинг қалбу тафаккуридан жой олмоғи табиийдир. Бу мақсад, айниқса, кириш сўз муаллифи Франко Кардини фикрларидан яққол англашилади.
Очиғи, жадид боболаримиз кечмишларини ўрганиб, истибдод, мустамлакачилик ҳақида назарий ва амалий йўсиндаги не-не мақолаю рисолаларни, архив манбалари, ёднома хотираларини ўқиб, ўз мустабид аждодлари учун Франко Кардинидек бу қадар хижолатлик аҳволга тушган ва буни шу қадар фаҳму фасоҳат билан ўта самимий, ошкора ифода этган ўзга бир муаллиф-мусаннифни эслай олмадим. На Африка, на Осиёни, жумладан Марказий Осиёни босқин билан ишғол этиб, бойлигини талаган, одамларини қул қилиб эзган ва сотган, ваҳшиёна ва маданий шаклда мустамлака ўлкаларини ғорат этган миллатларнинг бирор зиёлиси – олимидан тортиб ёзувчи шоиригача Франко Кардини тан олган ва ошкора баён этган фикрларни минг изтиробу таассуф билан айтолган эмас. Аксинча, улар ўз давлатларининг манфур сиёсатларини қўллаб-қувватлаган, пардалаган, оқлашга уринган, камида ўта инсонпарварлик туйғулари жўш уриб кетса, хаспўшлаб, билиб билмасликка олган. Ўз мисолимизда Фёдор Достоевский ва Александр Солженицинларни қўя турайлик. Ҳозирги Россия Федерациясининг донгдор арбоби Владимир Мединский “Мифы о России” (2013 йил) китобида Россия империясининг XIX аср 2-ярмида Ўрта Осиёни босиб олиши, бу юртларда нафақат феодал қолоқликни, шу билан бирга ҳануз воқе бўлган қулдорликни тугатишга, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маиший ривожланишга сабаб бўлди дея, тожик совет адабиёти асосчиси Садриддин Айнийнинг “Қуллар” романини мисол қилиб келтиради.
Ваҳоланки, Россиянинг ўзи 1861 йилда крепостнойлик, яъни қулдорлик тузумини бекор қилиб, ҳали-ҳануз қулчилик оқовалари билан яшаб турган даврлар эди ўша “Қуллар” романида акс этган замон.
Мана шундай қараш ва ёндашувлар аламу изтиробингни оловлантириб турганида, Франко Кардинининг мана бу мардона эътирофи қалб яраларига малҳамдек таъсир кўрсатади: “Биз – “Ғарб аҳли”нинг дунёдаги бошқа халқлар маданияти олдидаги қарзимиз, сўзсиз, ниҳоятда катта: биз ўзгаларнинг юртига бостириб кирганмиз, уларнинг мол-мулкини талон-тарож қилганмиз, ўзимизга бўйсундирганмиз.
Бу борада исбот талаб этмайдиган бир ҳақиқатни таъкидлаш керак: бизнинг ўзга халқлар молу давлатини тортиб олишдан ҳам, уларни озодлигидан, ҳаётидан маҳрум қилишдан ҳам кўра шафқатсизроқ кирдикорларимиз бўлган. Яъни, биздан бошқача фикрлагани, бошқача яшагани учун ғайри миллат ва элатларни менсимаслик, уларга “паст тоифа” деб қараб келганимиз сир эмас”.
Мана – самимият, ростгўйлик, инсонпарварлик ва зиёлиликнинг юксак намунаси!
Бу олижаноблик ёки мурувват, марҳамат эмас. Айни чин виждон овози, ростгўйлик ва зиёлилик намоёни.
Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабани фақат ўзигагина нисбат бериб, қарийб саксон йилдан бери “ҳа” деганда “дунё халоскори” эканини пешлаб турган собиқ “катта оға”ларимиз, бугун бу ўтмиш жаҳон музаффариятини монополия қилиб олишни авжи адосига кўтараётган пайтда, немис халқи ўша давр хатоликлари учун хижолат чекиб, бутун инсониятдан кечирим сўраб, ҳаттоки айби учун моддий товон тўлаб турганда, инсонпарварлик, асл виждон, зиёлилик тушунчаларининг туб моҳиятига етгандек бўлади, киши.
Ф.Кардини фикрларини давом эттириб, яна шундай деб ёзади: “Ўзга халқларнинг илм-фан, санъат, гўзаллик борасидаги қадриятларини биз ҳеч вақт, ҳатто яқин-яқинларгача ҳам назар-писанд қилмаганмиз. Бизни фақатгина уларнинг моддий бойликларини қўлга киритиш қизиқтирар эди”.
Шу ўринда атоқли адибимиз Ойбекнинг машҳур “Қутлуғ қон” романидаги китобхон унча эътибор қаратавермайдиган айрим лавҳалар хаёлга келади: чор Россияси Тошкентни эгаллагандан сўнг ўз мустабид маҳкамаларини жойлаштириш учун барпо этган янги шаҳар қисмидаги ресторанда уч ўзбек – Мирзакаримбойнинг кичик ўғли Салимбойвачча, пахтачи Жамолбой ва жадид Абдушукур маишат билан банд. Шериклари ичкилик ва фоҳиша аёллар билан ҳузурланиб турганда, Абдушукур “қўшни стулда ўтирган икки рус”нинг суҳбатига беихтиёр қулоқ тутади.
“Уларнинг бири кексароқ одам, у ё чиновник, ё катта савдогар ёки айни замонда ҳар иккиси… Иккинчиси ўрта яшар, кўзойнакли ва кийимга ғоят зеб берган одам. Буни Абдушукур инженерга ўхшатди.
– Сартлар ирқ жиҳатидан албатта паст, – тарелкадаги гўштни пичоқ билан кесатуриб гапирди чиновник, – улар маданиятга мутлақо қобилиятли эмас. Яқинда бир профессор илмий жамиятда бу даъвони жуда яхши исбот қилди. Биласизми, мен бу иссиқ мамлакатда йигирма йилдан бери яшайман. Сартларнинг психологиясини яхши ўргандим. Улар ирқан паст. Лекин бунга қарамай, баъзи хусусиятларини кўрсатадиларки, буни фан ҳали ойдинлата олмайди. Менинг мушоҳадамга қараганда, уларда, масалан, бадиий сезги анча ўсган. Улар гулни севадилар. Кийимлари чиркин бўлса ҳам қулоқларига гул қистириб юрадилар. Ашулани, ўйинни жуда ёқтирадилар…
Қўлларига бир лаганча, ё патнис олиб бақирадилар. Бундан сиз ва мен ўн чақирим нарига қочамиз… Лекин улар бошларини букиб, мутлоқ сукут билан тинглайдилар. Бир неча мусиқий асбоблари ҳам бор. Ғоят ибтидоий. Яна аҳмоқларча одатлари бор: ерда оёқларини букиб ўтирадилар. Бизга бу нарса катта бир азоб. Уларга роҳат эмиш! Бой бўлсин, камбағал бўлсин, барибир, сартнинг уйида битта пиёласи бўлади. Иккита қилса, одат бузилади ҳам катта гуноҳ ҳисобланади!..”
Ана энди бир қиёслаб кўрайлик: юқорироқда тилга олганимиз замонавий арбоб, бир неча йиллар Россия Федерацияси Маданият вазирлигини бошқарган баланд рутбали амалдор – эскича тушунчага кўра чиновникнинг XIX аср охири – XX аср бошлари Туркистонда – “иссиқ мамлакатда йигирма йилдан бери яшаб”, маҳаллий халқларнинг “ирқан паст”лигини қайта-қайта таъкидлаб турган петербурглик чиновникдан нечоғли фарқи бор?
Тагини суриштирса, замондошимиз бўлган “донгдор арбоб” ўша олис XIX аср 2-ярми – ХХ аср бошларида чор Россиясининг истибдоди йилларида дастлаб Тошкент шаҳрининг, ундан сўнг Марғилон уезди бошлиғи, Фарғона вилояти ҳарбий губернаторининг ёрдамчиси, кейинроқ аввал Самарқанд вилоят ҳарбий губернатори ёрдамчиси, кейин Самарқанд вилоят ҳарбий губернатори бўлган, қарийб эллик йил Туркистонда ҳарбий хизматини ўтаб, оддий прапоршикликдан генерал-лейтенант даражасигача ўсган Виктор Юлианович Мединскийга авлод бўлиб чиқмасмикан?! Дарвоқе, генерал Мединскийнинг ўғли полковник Константин Викторович Мединский анча вақт Қўқон уездининг ҳарбий бошлиғи бўлганини ҳам назарга олсак, Ўрта Осиёни Русия империясига бўйсундиришга Мединскийлар сулоласининг хизматлари қай даражада эканлиги аён бўлади. Ҳа, айтмоқчи, фарғоналиклар ҳали-ҳануз қўрқув ила айтиб юрадиган бир воқеа. Янги Фарғона (халқ тилида Искобил, яъни ашаддий босқинчи, рус генерали шарафига номланган собиқ Скобелев) шаҳри қурилаётганда марказий кўчага хиёбон мўлжалида чинор дарахти кўчатлари экилган экан. (Бу хиёбон ҳозир ҳам икки юз-юз эллик йиллик чинорлари билан сақланиб турибди). Иттифоқо, бир гўдак болакай, шу кўчатлардан бирини суғуриб олиб, ёғоч от қилиб, миниб ўйнабди. Буни кўриб қолган вилоят ҳарбий губернатори ёрдамчиси Мединский гўдак болани бошқаларга ўрнак бўлсин, дея барча аҳоли кўз ўнгида дорга осиб ўлдиришга буйруқ берган экан… Бу халқнинг оғзидан-оғизга кўчиб юрган бир қўрқинч воқеа. Балки Мединскийнинг бу воқеага алоқадорлиги ҳам исботланган ҳақиқат эмасдир. Аммо мана шундай даҳшатли воқеанинг рўй бергани реал ҳақиқат ва бу воқеликни амалга оширган чор мустабид тузуми. Бу тузумга эса Мединскийлар сулоласи ярим асрдан ортиқ давр садоқат билан хизмат қилган…
Муҳтарам ўқувчига фикр асосий мавзудан чалғигандек туюлар балки. Лекин гап шундаки, Франко Кардинининг аждодларининг кечаги қилмишлари учун изтиробли эътирофлари ва не бир маънодаги самимий истиғфори, ҳозир айнан шу кунларда “айрим амалдор зотлар”ни соғлом ақлга, ҳушёр фикрга даъват этса, ажабмас.
Ҳақрости ҳам шу, асл зиёли шахслар кечаги кунлардан холис хулоса чиқаришлари шарт. Шу маънода, Франко Кардини “Бобурнома”га ёзган кириш сўзи билан нафақат Италия, шу билан бирга, бори жаҳон олимларига ниҳоятда асосли дакки-танбеҳ бераётгандек туюлади: “Биз ҳатто ўз жиноятларимизни тезроқ яшириш учун ва ўзимизни оқлаш учун “тарихи йўқ халқлар” деган сохта тушунчани ўйлаб топдик. Ҳолбуки, биз ушбу миллатлардан зўрлик билан тортиб олган бойликлар аслида уларнинг ҳақиқий, асл ва ниҳоятда беҳисоб хазиналарининг юзаки, ташқи бир қисми эди, холос!”
Айни шундай, ориенталист номи билан Ўрта Осиё халқлари тарихи, этнографияси, адабиёти ва тилини ўрганган рус олимлари миллий илм-фанимиз ривожига ҳар қанча ҳисса қўшгандек кўринсалар-да, улар энг аввало, миссионерлик – мусулмонларни провослав динига олиб кириб, Россияга сингдириб юбориш мақсадлари билан бизнинг ўлкамизга келганлари исбот талаб қилмас ҳақиқат. Шунинг учун ҳам уларнинг қутқусига учиб, ўз халқига “тескари” хизмат қилиб қўйган маҳаллий зиёлилар афсус-надомат ила умрларини поёнига етказдилар. Маърифатпарвар зотлар Сатторхон Абдуғаффоров, Зокиржон Фурқатларнинг аламли қисмати сўзларимиз исботидир. Н.П.Остроумов, Г.В.Андреев, В.В. Верещагин, Е.К.Мейендорф, В.В.Радлов, Н.И.Веселовский, Н.Н.Ильминский, Г.С.Саблуков каби миссионер олим, ижодкор, тадқиқотчилар Ўрта Осиёнинг маҳаллий халқлари томонидан минг йиллар оша яратилган не-не нодир қўлёзма манбаларни ўзлаштириб олдилар. Бу манбалар кейинчалик Санкт-Петербургнинг Эрмитажи, маҳобатли музейлари ва кутубхоналари мулкига айланиб кетди.
Франко Кардини фикрича, кейинчалик ана шу ўзга халқлардан ўзлаштирилган маънавий бойликларнинг қадрига етиб, мустамлакачилик руҳи, тасаввур ва кўникмалари билан эмас, балки холис ният билан ўрганиб, ўз илмини улардан устун деб билмай ёндашганида Европа билан Осиё, Африка халқларининг бирга, биродарларча яшаши, демакки, ҳар қандай исломофобия, радикализм, экстремизм, терроризмдан холи бўлиши мумкин эди. Дунё тинч, осмон мусаффо, инсонлар қалби қўрқувдан, эртанги кунга ишончсизликдан холи бўлиши мумкин эди.
Итальян олимининг Бобурийлар сулоласи давридаги Ҳиндистоннинг қудрати ва ҳашаматига қараб, уни ичдан ўрганиб, қайта теранроқ идрок этиб келган хулосаси ҳар жиҳатдан эътиборга ва аҳамиятга молик.
“…Биз (Бобурийлар давридаги – Ш.Р) шаҳарлар, саройлар ва боғларнинг кўрку жамолига қараб, ўз маданий тараққиётимизнинг авж нуқтасида яратган Уйғониш даври ютуқларига тенг, баъзи ўринларда эса улардан “зиёда бўлган” ўзга Ренессансни кўрамиз. Биз фақат ўзимизга таскин бериш учун бу одамлар бизни ҳам қаҳр-ғазаб, шафқатсизлик, очкўзлик ва ҳийла-найрангга ўргатишлари мумкин эди, дея оламиз, холос”.
Тарихий адолат нуқтаи назаридан қаралса, Бобур ҳам Ҳиндистонни забт этиш нияти билан бориб, уни ҳарбий маҳорат билан забт этган фотиҳдир. У ўз замини – Моворауннаҳрда воқе бўлган Темурийлар даври, яъни иккинчи Ренессанснинг ёрқин вакили ўлароқ, Афғонистон, Ҳиндистон халқлари ҳаётига ҳам ижтимоий-маданий Уйғониш насмларини олиб кирди. Маҳаллий халқларнинг тили, дини, турмуш тарзига дахл этмади. Аксинча, уларни ривожлантириш учун шароит яратиб, ўзигача бўлган бирор фотиҳ қилмаган бағрикенгликнинг юксак намунасини кўрсатди.
Унинг кейинчалик Жавоҳарлаъл Нерудек ҳинд халқининг буюк сиёсий йўлбошчиси томонидан “Бобур – дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, жасур ва тадбиркор инсон бўлган. У санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур қилишни яхши кўрарди. Унинг набираси Акбар тағин ҳам диловар, тағин ҳам кўпроқ фазилатлар эгаси бўлган мард ва довюрак, истеъдодли саркарда бўлиш билан бирга мурувватли ва танти, идеалист ва хаёлпараст, ташаббускор, ўз издошларининг чексиз садоқатини қозонган”, дея эътироф этилишининг боиси-сабаби ҳам айнан шундай сиёсат ва ҳаёт тарзини Ҳиндистонда қарийиб 300 йил жорий этган Бобур ва Бобурийлар сулоласининг умргузаронлиги самараси эди.
Бобуршунослик илмида, одатда, аксарият олим ё тадқиқотчилар Бобурнинг Ҳиндистонга юриши ва забт этишининг объектив илдизлари, сабабларини ҳар жиҳатдан чуқур ўрганмай, Мовароуннаҳрдаги сотқинлик, хиёнат ва чорасизликларни асос сифатида келтириш билан чекланадилар. Итальян олими Франко Кардини бу масалада ҳам тарихий ҳақиқатни баён этиб, бобуршуносларимизга ўзига хос сабоқ беради: “Бобур 1511-1512 йиллар оралиғида Жанубга – тоғли Кобулга чекинишдан аввал бир вақтлар Амир Темур (яъни ўз бобосига – Ш.Р) давлатига қарашли бўлган бир неча шаҳарларни қўлга киритишга эришади.
Бу ердан унга Ҳиндистон сари йўл очилди: айнан шу манзилда лоҳурлик лўдийлар сулоласига мансуб шаҳзодалар ҳамда ҳинд ражпутлари иттифоқи уни табиий бойликлари мўл бўлган ушбу ярим оролни забт этиш учун гижгижладилар”.
Кўрингки, шундай маҳобатли империя барпо этган буюк ҳукмдор Ҳиндистондек ўлкада кўнглига хуш келадиган хотиржамлик ва сафо тополмайди. Ф.Кардини қайд этганидек, Ҳиндистон Бобурнинг “кўнглига ўтиришмади”. Бу ҳолатнинг барча тафсилотлари ғоят ҳаққонийлик, фасоҳат билан “Бобурнома”да ўз ифодасини топган. Шунинг учун ҳам итальян олими асарга баҳо бериб қуйидаги якунга келади:
“Бу шунчаки тарихий қийматга эга бўлган кундалик, саёҳатнома, хотира, автобиография, солномагина эмас, балки ушбу муҳташам асар муаллиф ҳукмдорнинг ўз замонасида мавжуд бўлган сохта ва баландпарвоз адабий услубларни инкор этадиган илмий-бадиий салоҳиятини ҳам яққол намоён этади.
“Бобурнома”ни ўқишга жазм этган европалик китобхон ундан бош кўтаролмай қолиши шубҳасиз”.
Франко Кардинининг “Бобурнома”нинг итальянча нашри муносабати ва баҳонасида айтган фикрлари унинг Ўзбекистон ва ўлка тарихини илк бора кашф этиши натижаси эмас ва албатта, тасодифий ҳам эмас. Олим ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлабоқ мамлакатимизга бир неча бор келган, Самарқанду Бухоро, Хоразм ва бошқа вилоятларимизни қадам ба қадам кезиб, юртимизга чин ошиқ бўлган инсон. Бу ошиқлик унинг Амир Темур ва Руйи Гонсалес де Клавихо ҳақидаги “Қўрқув ҳукмрони” романи ҳамда ватандоши, таниқли олим Витторио Руссонинг “Александр Македонский давридаги Ўзбекистон” (Рим 2019 йил) китобига ёзган сўзбошисида ўз ифодасини топган. Мазкур сўзбошидаги мана бу иқрор – эътироф Франко Кардинининг биз Ўзбекистонликларга ғурур бағишлайдиган сўзларидир: “Ўзбекистон – юрагимга энг яқин, қадрдон манзиллардан бири, ҳақиқий Ватандирки, мен уни умрим бўйича ниҳоятда жиддият билан суюб қолдим. Одатда, Ватан бу сен туғилган ўлка, аммо мен ўзимни ўзга Ватанни кўпроқ хуш кўрадиган кам сонли одамлар қаторига қўшаман”.
Муҳтарам газетхон! Бир ҳақиқатни тан олиб айтишни маъқул деб ўйлайманки, камина итальян тилида нашр этилган “Бобурнома” асари ҳақида сўз айтишдан кўра, бу асар ва унинг муаллифи ҳақида кириш сўзи ёзган атоқли олим ва адиб Франко Кардинининг инсоний ва илмий жасоратидан тўлқинланиб, ўз фикрларим, қарашларимни ўрни билан эҳтиросларга буркаб баён этдим. Зеро, юқорида таъкидлаганимиздек, мустабидлик таҳқирлари ҳақидаги не-не манбаларни кўриб, ўқиб, бундай холис ва ўз аждодлари учун хижолат туйғуси ифода этилган бирор сатр топмаган эдим. Наздимда, итальян китобхони “Бобурнома”ни ўз она тилида ўқиш баробарида, ўз ўтмишига ҳам қайтадан ҳушёр, синчков нигоҳ қаратишга даъват этувчи ушбу кириш сўзини ҳам ўқиб, бир қадар маънавий тозаргандек бўлса, не тонг! Итальянларнинг ўзлари кашф этгани ҳайратомуз кечинма, яъни катарсис – маънавий покланиш туйғусини бахш этадиган бундай бадиалар бутун жаҳон олимлари, тадқиқотчиларига намуна бўлиб қолиши керак. Шундагина биз бирлик, биродарлик, умумжаҳон ҳамжамияти деган пурмаъно тушунчаларнинг моҳиятини англаб етадиган янги зиёли авлод камол топади, деб умидлансак арзийди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 27-сон