Адабиёт тарихида эпистоляр жанр алоҳида ўрин тутади. Адиб ва шоирларнинг турли ёзишмалари орқали биз уларнинг руҳий дунёси, ижодий оламига чуқурроқ кириб борамиз. Олмон адабиётининг йирик вакили, шоир Фридрих Шиллернинг (1759–1805) бой, ранг-баранг, кенг қамровли ижодида замонасининг адабиёт, фан, маданият, санъат арбоблари билан ёзишмалари муҳим аҳамият касб этади. Ижодининг каттагина қисми адибнинг турли мактубларидан иборат бўлиб (52 босма тобоқдан зиёдроқ), улар Й.В.Гёте, В.Ҳумбольт, В.Шлегел, И.Кант, Г.Кёрнер, А. Ифланд ва бошқаларга ёзилган хатлардир. (Фақат Й.В.Гётега йўллаган мактубларининг сони 200 дан зиёд – Ш.К). Мазкур хатларда Шиллер нафақат буюк шоир ва драматург, айни замонда исёнкор талаба, ҳеч вақоси йўқ дарбадар, кейинчалик журналист, таржимон, ниҳоят, тарих ва фалсафа профессори сиймосида намоён бўлади.
Й.В.Гёте котиби Эккерманга (18.01.1825[1]) Шиллер ҳақида “у ҳафта сайин ўзгариб бормоқда. …ҳар сафар учрашганимизда у менга донишмандроқ, мулоҳазакорроқ, оқилроқ бўлиб кўринмоқда. Унинг мактублари у ҳақдаги ёрқин хотираларимнинг энг ажойиби ва улар адиб ижодининг энг сараларидир. Унинг охирги мактубини хазинамнинг энг қутлуғ, энг муқаддас мулки сифатида эъзозлайман”, – деган эди.
– Шу пайт, – деб хотирлайди Х. П. Эккерман, – Гёте ўрнидан турди-да, 1805 йил, 25 апрель куни Шиллер ўлимидан икки ҳафта олдин, оғир хасталик чоғида ёзган мактубни олиб чиқди. “Мана қаранг ва ўқиб чиқинг… Кўряпсизми, унинг фикрлари қанчалик аниқ ва теран. Унинг услубида ҳорғинлик, ишончсизлик, тушкун кайфиятни пайқамайсиз. У ажойиб инсон эди, энди етилган, кучга, билимга тўлган пайтда бизни тарк этди”.
Вюртемберг ҳарбий академияси ўн тўққиз ёшли талабаси Ф.Шиллернинг ўз курсдоши Шарфенштайнга йўллаган мактуби ўша давр немис адабиётининг “Бўрон ва ҳужум” даврига хос бўлган сентиментал туйғулар билан йўғрилган эди. Дўстлик, ўзидан кечиш даражасида ишлаш, Ватан истиқболи учун кураш мавзуси шоир мактубларининг асосий моҳиятини белгилайди. Дўстлик унинг учун ҳиссиётлар олами бўлибгина қолмай, балки инсонни маънан ва руҳан шакллантирувчи адабий-ижтимоий фаолиятдир. Бу ўринда шоирнинг илк хатлари орасида курсдоши Вилҳелм Петерсенга йўллаган мактубини эслаш ўринли. Унда Шиллер дўстидан “самарасиз хушомад ва мақтовларни бир четга қўйиб, эндигина босилиб чиққан “Қароқчилар”ни атрофлича таҳлил этиш ва мулоҳазаларини билдиришни” сўрайди. “Шунчаки олди-қочди ва юзаки муваффақиятли чиққан ўринлар ва хатолар рўйхатини эмас, балки драматик талқиннинг чинакам таҳлилини, асардаги тугун ва ечимлар, диалогларнинг нечоғли табиий ёки аксинча эканлигини айтишингга умид боғлаб, пьесани сенга юборяпман”.
Орадан йиллар ўтиб, Готфрид Кёрнер сиймосида Ф.Шиллер ўзининг бир умрлик норасмий танқидчиси ва илҳомчисини кашф этади. Г. Кёрнер нозик дид эгаси бўлибгина қолмай, самимий ва садоқатли, шу билан бир қаторда қаттиққўл ҳакам эди. “Қароқчилар” 1781 йил май ойида дунё юзини кўрган. Мазкур асарнинг Манхайм театрида 1782 йил 13 январда саҳналаштирилгани ёш Шиллер ҳаётида муҳим воқеа бўлган. Асар премьерасининг муваффақияти ва пьесанинг Германия театрлари саҳналари бўйлаб тантанавор одими Шиллер ҳаётий йўлини белгилаб берган асосий ҳодисадир. Манхайм театри раҳбарларидан бири барон фон Далбергга ёш драматург йўллаган мактублар алоҳида эътиборга лойиқдир. Дунёқараши француз классицизми руҳида тарбияланган Далберг дидига Шиллер “Қароқчилар”и қанчалик зиддиятли бўлиб кўринмасин, унинг пьесага қизиқиши кейинчалик асарнинг томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинишига сабаб бўлди.
Шиллер 1781 йил 6 октябрда Далбергга ёзган хатида “Қароқчилар”ни қай тарзда саҳнабоп қилиб қайта ишлаганини қуйидагича баён этади:
“Менга янги, шу билан бирга бадиий мукаммал асарни яратиш аввал битилган асарни қайта ишлашдан кўра афзалроқ кўринади. Менга хатоларни тузатиш, пьеса композициясини ўзгартириш, саҳна имконияти чегаралангани боис партер ва галереялар ноқулайлиги ва бошқа шартлиликлар туфайли муваффақиятли ўринларни бой бериш малол келди”. Барон Далбергни юқорида қайд этилган “икир-чикир”лар эмас, балки пьесада ифодаланган сиёсий ҳодисаларнинг долзарблигига қаратилган танқид хавотирга соларди ва шу сабабли Шиллердан пьесадаги воқеаларни икки юз йил олдинги Герман империясидаги Максимиллиан II ҳукмдорлик қилган даврга кўчиришни талаб қилган. “Бундай қилиш менга маъқул эмас. Чунки асарда келтирилган персонажлар замонавий ва маърифатли кишилардир. Шу сабабли пьесадаги воқеалар содир бўладиган вақтни ўзгартириш асарнинг бадиий яхлитлигига путур етказади. Мен эса буни ҳеч қачон хоҳламайман”, – деб жавоб берган эди адиб. Далбергнинг қайта-қайта илтимосларига Шиллер атрофлича асосланган, рад этишнинг имкони бўлмайдиган мисоллар билан жавоб беради (12.12 .1871).
Шиллер мактубларни эгасига йўллар экан, унинг фикрларига ижобий муносабатда бўлади. Нома сўнгида эса холис хулосасини айтишдан қайтмайди, шу заҳотиёқ ўзининг юқори мартабали мулозимлиги ёдига тушиб, “отанинг фарзандга қайишгани учун маъзур тутишини” илтимос қилади. (Бу ўринда асар муаллифи сифатида ўз пьесасида илгари сурилган ғояларни ҳимоя қилиши назарда тутилади – Ш.К).
“Қароқчилар” асарини Манхайм театрида саҳналаштириш жараёнида сиёсий жиҳатлари қанчалик пардаланмасин, асар ижтимоий сохталик ва ҳукмдорларнинг иккиюзламачилиги, ўша давр Германиясининг ижтимоий-сиёсий тизимига қарши қаратилган даъват бўлиб жаранглади. Асар муаллиф номи кўрсатилмай чоп этилди ва саҳналаштирилди. Аммо муаллиф номи Германия бўйлаб тез тарқалади ва шоир машҳурлик супасидан жой олади. Ўз асарининг премьерасида иштирок этиш учун пинҳона Манхаймга борган талаба ўқув юртини ижозатсиз тарк этгани учун икки ҳафталик авахтага ташланиб, тез орада ундан муаллифлик ҳуқуқи олиб қўйилади. Шоир бу воқеадан кейин эркин ижод илинжида Вюртемберг герцоглиги сарҳадларини тарк этади. Дарбадарликда Штутгартдан Манхаймга, сўнг пиёда мусиқачи дўсти Андреас Штрайхер билан бирга Гётенинг она шаҳри Франкфуртга борадилар. Ўша пайтда Штутгартда бўлган Далбергга ёзилган мактуб унинг тушкун кайфияти ва ночор ҳолатидан дарак берар эди (30.09.1782). “Қувғиндаман” деган калом ҳолатим ва руҳиятим ифодасидир. Шу нарса айни ҳақиқатки, бирорта ҳам эрксевар равнақ ва мукаммалликка мендек муҳтож бўлмаган”.
1783 йил барон Далберг Шиллерни Манхаймга таклиф этади. У Хенриетта фон Волцогенга (11.09.1783) йўллаган мактубида Далберг драматургни Манхаймга таклиф этар экан, қандай шартлар қўйганлиги, ўзининг бетоблиги, ўша пайтда бу шаҳарда тарқаган безгак хасталиги минглаб кишилар ёстиғини қуритгани ҳақида ёзади. Гарчи шоирнинг саломатлиги ёмонлашиб, театр маъмурияти қўйган шартларни бажаришга қурби етмаса-да, икки пьеса – “Генуяда фиеско фитнаси” ҳамда “Макр ва муҳаббат”ни ёзиб топширади. “Макр ва муҳаббат” премьераси 1784 йилнинг 15 апрелида бўлиб, бу асар асосига Шиллер жамият зиддиятлари – ҳукмдор оқсуяклар, муте бургерлик ва қуйи табақа муаммоларини қўяди. Мешчанлик трагедияси деб аталган бу асар воқеалари немис заминида ўша давр воқелиги фонида содир бўлади. Танқидчилар бу асарни биринчи немис сиёсий-тенденциоз драмаси деб атаганлар.
Шоир ҳаётининг асосий қисмини муҳтожлик билан ўтказганди. Ўшанда театрларда пайдар-пай қўйилган асарларига арзимас қалам ҳақи тўланар, ноширлар эса китобларини қайта-қайта текинга нашр қиларди. Аммо Шиллерга берадиган бирдан-бир таскин бу мухлисларининг эъзози, эҳтироми ва қизғин муҳаббати эди.
Шиллер лайпциглик нотаниш мухлисларидан ҳайрат тўла мактуб олганлигини Хенриета фон Волцогенга маълум қилади (07.06.1784). “Бир неча кун аввал, – деб ёзади Шиллер, – Лайпцигдан бир бандероль олдим. Унда умуман нотаниш кишилардан асарларим ва менга нисбатан меҳр-муҳаббат билан йўғрилган тўртта хат бор экан. Мактуб йўллаганлардан иккитаси гўзал хонимлар бўлиб, улардан бири менга ажойиб ҳамён тикиб юборибди. Юборилган совға ўта нозиклиги, дид билан тикилганлиги сабабли бетакрор ва ноёб эканлиги шундоққина кўриниб турибди. Иккинчи хоним ўзи ва уч шериги кимлар эканлигини ажойиб тарзда расмга муҳрлабдики, манҳаймлик барча рассомлар унинг санъатига тан бермай иложлари йўқ. Учинчиси бўлса менга хуш ёқишини ўйлаб, “Қароқчилар”даги шеърларга куй басталабди. Кўрдингизми, азизам, баъзан дўстларингиз кутилмаган қувончларга ҳам мушарраф бўлади. Бу яна шуниси билан қувончлики, мактублар ҳар қандай таъмадан холи қалб хайрихоҳлиги билан битилган. Уларда сахий қалбнинг эҳтиромидан ўзга ният йўқ, мухлисларнинг ягона мақсади – асарларим мутолааси жараёнида уларга тақдим этилган қувончли лаҳзалар учун миннатдорчилик изҳор этиш. Бундай инъом менга ҳар қандай мукофотлардан қадрли. Асар устида ўтказган минглаб машаққатли дақиқаларим учун қувончли совғадир. Булар ҳақида ўйга толганимда, дунёда ҳали мени севадиган, мени таниганларидан хурсанд бўладиган, юз йил, балки ундан ортиқроқ йиллар ўтиб, одамлар ҳақимга дуо ўқисалар, қабрим тепасида кўз ёш тўксалар, ўшанда, азизам, шоирлик тақдиримдан қувониб, Худога шукрона айтаман”.
Фридрих Хубер ва Готфрид Кёрнерга ёзилган илк мактублар ёш Шиллер руҳий оламини англаш учун муҳим адабий манба бўлиб хизмат қилади. Мазкур мактублар Шиллернинг “Дон Карлос”ига сингдирилган самимияти билан ўқувчини ҳайратга солади. Лайпцигга ташриф буюрган шоир у ерда Фридрих Хубер ва опа-сингиллар – Хубернинг қаллиғи Дора ва Кёрнерга унаштирилган Минна билан танишади. Готфрид Кёрнер ўша пайтда давлат юмушлари билан Саксония пойтахти Дрезденда бўлиб, шоир билан хат орқали мулоқот қилиб туради.
Г. Кёрнер хатига жавобан, Шиллер (7.10.1785) “Мен энди шоир сифатида орзу қилган ишларни амалга оширсам бўлади, дея ўйлайман”, – деб ёзади. Шиллер дўсти Г. Кёрнер сиймосида илҳомчи, дўст, сирдошни кашф этганини ёзади. Дарҳақиқат, Г. Кёрнер унинг чинакам дўсти, ўқувчиси, танқидчиси, қолаверса, маслаҳатгўйига айланади. “Шундай қилиб, – дея мурожаат этади шоир дўсти Кёрнерга, – қадрдон, садоқатли дўст сифатида, ҳақиқат, шуҳрат, бахт сари саёҳатимда менга ҳамроҳлик қилишингизда сизга оқ йўл тилайман… (07.05.1785 й)”.
Икки маслакдошнинг ўзаро яқинлиги Шиллерни Кёрнер ишлайдиган ва истиқомат қиладиган Дрезденга кўчиб ўтишга ундайди. У 1785 йилнинг октябрь ойи охирига қадар Кёрнернинг Лошницадаги хушманзара боғида ҳар қандай моддий ташвишлардан холи тарзда умр кечиради.
Лайпциг-Дрезден шаҳрида битган мактублари Шиллернинг ғоявий ва ижодий эволюциясини ўрганиш учун бой материал беради. Ушбу мактублар мазмундорлиги ва самимияти билан ажралиб туради.
Кунларнинг бирида замондоши немис файласуфёзувчиси Томас Аббт (1738–1766) китобини ўқиб, ўзини китоб муаллифи билан қиёслайди ва унда ўзи билан муштарак фазилатлар борлигини сезиб, қуйидагиларни қайд этади: “Мулоҳазакорлик ва тезлик, хаёлпарастлик ва тўпорилик, совуқлик ва илиқликни алмашиниши каби ҳолатларни ўзимда ҳам ҳис қилиб тураман” (15.04.1785).
Мазкур мактуб бошқа жиҳатлари билан ҳам диққатга сазовор. Ундаги адибнинг таълим олиш ва дарбадарлик йилларига дахлдор лавҳалар ўқувчини эътиборини тортади. “Мени кўп нарсаларни билмаслигим, талай билимларни олишим лозимлиги даҳшатга солади ва буни таассуф билан ҳис қиламан, ахир ҳосил кўтариш учун уруғ сепиш лозим-ку”. Хўш, Шиллер биринчи навбатда нима билан машғул бўлиш ҳақида ўйлар ва нималарни ўрганишни хоҳлар эди?
“Кундан-кунга тарих илми мен учун қизиқарли туйиляпти. Бу ҳафта ичида мен ўттиз йиллик уруш тўғрисидаги китобни мутолаа қилдим. Китоб ўй-хаёлларимни бутунлай банд этди. Менга қолса, ўн йиллар ичида тарихни ўрганишдан бошқа ишга қўл урмасам. Ўшанда бутунлай бошқа одам бўлиб қолсам керак. Шунда бой берган имкониятларимни қайта тиклаш мумкин бўлармикан, нима деб ўйлайсан?”.
Тарих сабоқлари кейинчалик фалсафа илми билан омухта бўлди. У “Дон Карлос”ни 1787 йил ёзида ниҳоялаб, 1797 йилгача тарихий-фалсафий асарлар ижодкори сифатида фаолият юритди. Бу – Шиллернинг Ваймарга кўчиб ўтиш даврига тўғри келади. Шиллернинг Ваймарга талпиниши бу шаҳарда Гёте, Гердер Виланд ва бошқа ижодкорларнинг муҳитида бўлиш истаги билан изоҳланади. Чунки XVIII асрнинг 70-йилларига келиб, Ваймар маданий марказга айланган эди.
1773 йилда бу шаҳарга Ваймар шаҳзодаларига мураббийлик қилиш учун йирик немис маърифатпарвар шоири Христоф Мартин Виланд, 1775 йили Й.В.Гёте ва 1776 йилдан Гердер таклиф этилган эди. Шоир Кернерга йўллаган мактубида (28. 07.1787) Виланднинг ўзи ҳақидаги фикрларини баён этиб: “Унинг мен ҳақимдаги фикрлари сизнинг баҳонгизга деярли яқин. Унинг айтишича, тасвирларим тиниқ, жонли колорит мана ман деб турган эмиш, аммо таҳрирга эҳтиёжманд, у асарларимдан назокат, майинлик топа олмаган эмиш. “Дон Карлос” билан танишсин-чи, ундан кейин юқоридаги қусурларни билиш мен учун жуда қизиқ”. “Дон Карлос” билан танишган Виланд Шиллерга қимматли маслаҳатлар беради. Унда камида уч пьесага арзирли материал борлигини айтиб, Шиллерга ғояни тақсимлашда исрофгарчиликка йўл қўймасликни уқтиради ва Шиллернинг истеъдоди драмага мойиллигини айтиб, ёш драматургнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди (14.10. 1787).
Кейинчалик Шиллер Виланд таъсис этган ва бошқарган журнал “Немис меркурийси” ва “Умумий адабий газета”да у билан ҳамкорлик қилади.
Шиллер 1787 йил июлида Ваймарга келган пайтда Гёте Италияда бўлганлиги сабабли учраша олмайдилар. Шу йил сентябридаги Гёте билан илк учрашув ҳақида Шиллер дўсти Кёрнерга ёзган хатида (12.09.1788) Гёте ҳақидаги дастлабки таассуротларини билдради. “У (Гёте – Ш.К) мендан нафақат ёш жиҳатдан, ҳаётий тажриба ҳамда ўз устида ишлаш борасида ҳам илгарилаб кетган, ҳаётий йўлларимиз ҳеч қачон кесишмайди чоғи. У ўзгача зеҳн ва қобилият эгаси. Бизнинг дунё ҳақидаги тасаввурларимиз моҳият-эътибори билан турлича. Дастлабки учрашув ва мулоқотдан кейин бундай хулосага келиш тўғри эмасдир. Буни ҳали вақт кўрсатади”.
Шоирнинг мактублари турли мавзу ва ғояларни қамраб олган. У дўсти Хубергга мурожаат этаркан, шундай ёзади: “Ихтиёримизга ниҳоясиз кўп нарса берилган, аммо бизга берилган мулкни ҳаммавақт ҳам қадрлай олмаймиз. Бу мулк – вақтдир. Ундан оқилона фойдаланиш бизга ўзимизни ҳайратга соларли тарзда ўзгартиришга ёрдам беради”. Вақт қудратини мадҳ этган Шиллер, ўзига ажратилган умр поёнига етаётганидан бехабар эди.
Шиллернинг хатлари билан танишар эканмиз, миллий колоритга бой ранг баранг реалистик портретлар ва лавҳалар галереясига дуч келамиз. Шиллер 1787 йил кузи ва 1788 йил қиш кунлари, ўз таъкидига кўра, ўн икки ва ундан ортиқ соатлаб ишга – ижодга шўнғиб кетади.
Шиллер ижодкор-тарихчи сифатида ўз олдига мозий илмини “қуруқ фандан жозибадор машғулотга” айлантиришни ният қилади. “Тарих менга қаламимни чархлаш ва янги мавзулар топишим учун кўмак беради”, деб ёзган эди Шиллер 1788 йил ёзида. Дарҳақиқат, 1799 йилда – тарихни синчковлик билан ўрганишнинг ўнинчи йили унинг тарихий трилогияси – “Валленштайн” яратилади.
Шу йиллар ичида Шиллер антик санъатнинг асрорлари билан қизиқа бошлайди. Ҳомерни ўқийди, Эсхил ва Еврипидни таржима қилади. Қадимги юнон пьесаларини немисчага ўгириб, драматургия сир-синоатларини эгаллайди. Бир муддат ўтгандан кейин дўсти Кёрнерга йўллаган мактубида бу ҳақда “Токи мен юнон трагедияси ҳақидаги билимларни тўла-тўкис ўзлаштирмас, ўзимнинг трагедия ҳақидаги тусмолларимни аниқ тушунчага айлантирмас эканман, драматик машқларга қўл урмайман. Бундан ташқари, имкон борича тарих ҳақидаги қарашларимни бойитишим зарур”, – дея ёзади.
Адиб 1792 йилдан Кант фалсафасини ўргана бошлайди. Мазкур масала Шиллер учун эстетика фалсафасининг энг муҳим муаммосига айланади; у нафосатнинг объектив мезонини қидирар экан, санъатнинг фан сари элтувчи “кўприк” бўлиши кераклигини айтади (13.03.1793). Бу билан жамиятни тинч йўл орқали қайта қуриш асосларини объектив қадрият сифатида яратмоқчи бўлади. Зеро, Шиллерга кўра, “чинакам гўзаллик ва санъатдаги етуклик инсонни комилликка етаклаши лозим”.
Кўриб турганимиздек, Фридрих Шиллернинг эпистоляр мероси унинг ҳаёт ва ижод йўлини кенг, батафсил қамраб олади. Бу мактублар орқали нафақат шоир биографияси, балки у яшаган вақтдаги маданий-ижтимоий муҳит, тарихий вазият ва ижодий жараён билан ҳам танишамиз. Қолаверса, бундай мактублар ҳар қандай ижодкорнинг бадиий дунёсига кириш, уни тўлароқ кашф этиш учун очқич вазифасини ўтайди.
Шавкат Каримов,
ЎзДЖТУ профессори
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 11-сон
[1] Бу ва кейинги ўринларда хат ёзилган сана кўрсатилмоқда.