Мен туғилган пайтлар уруш тугаб, дастурхонлар тўкинлашиб улгурган эди. Уйимизда китоб кўп бўларди. Узун қиш кечалари қўшнилар йиғилишиб китобхонлик, қиссахонлик, достонхонлик қилишарди. Алим Бахши Ҳаққул ўғли деган ҳассос бахши бор эди. Шомдан тонггача “Кунтуғмиш”ни куйлаб чарчамасди. Асли зарбандлик. Бахшиликни бировдан ўрганмаган, қамоқда ўзи дўмбира ясаб, ўзи куйлаган. Ҳойнаҳой, адабиётга, санъатга бўлган ишқимни шу санъаткор оловлантирди. Бобо-момоларимда адабиётга иштиёқмандлик бўлган-бўлмаганини айтолмайман-у, лекин, яқинда дунёдан ўтган тоғам туйқус ўзича шеър тўқиб қоларди. Ҳарнечук зотимда ҳам сўз санъатига ошуфталик бўлган деб бемалол гапирсам бўлади. Қуйи синфларда шеър машқ қилдим, 10 синфга келиб ўзимча ҳикоячиликка ўтдим. Тешабой синфдошим битикларимни мақтарди. Аммо ўзимнинг кўнглим тўлмай бирор жойга олиб боришга журъат этмаганман.
Устозларим ҳақида гапирсам, эҳ, улар жуда кўп! Албатта, уларнинг аввали – отам. Отамнинг бор-йўғи тўрт синф ҳажмидаги саводи бор эди. Бироқ у киши адабиётни, бадиий асарларни жуда яхши кўрар, кўп ва хўб мутолаа қиларди, раҳматли. Шунинг баробарида, қорувли, полвон одам эди. Лекин жисмоний кучини ошкор этмасдилар. “Куч дегани бир дақиқалик. Одам мўрт, ожиз. Лекин, полвон бўлиш керак. Энг асосийси, илм ол, илм ўткинчи эмас,” деб қўярдилар. Отам ҳақида ҳалигача дўстлари, эл-юрт ҳурмат билан гапирадилар.
Мен устоз шоир Иброҳим Ғафур таъсирида мансуралар битаётганимга кўп бўлди. Мансура нима эканини ҳеч кимдан сўрамадим, дуч келмадим, лекин Иброҳим акани шоир дейишим сабаби, ўзимча англадимки, мансура, илм-наср аралаш шеър ёки насрдаги назмдир. Шу мансураларимда аммаларим, боболарим, аждодларимни қисман-қисман, қисқа-қисқа васф этдим.
Тўққизинчи синфда Мийтанда ўқирдим. Шифохонада Алланазар Қаршиев деган оташқалб шоир билан бир хонага тушиб қолдик. Икки-уч кунда адабиётга қарашларим кенгайгандай бўлди. Тузалиб чиқаётганда шифокор, дафтаримизга ҳозирнинг ўзида бир шеър тўқиб ёзиб берсангиз, деди. Алланазар ака қалам учига қараб бир дақиқа ўйланиб турди-да, дафтарга тез ёза кетди:
Шогирдисиз Ибн Синонинг, Бурчингизга содиқ қолинг. Талабимиз сиздан катта, Ажалга ҳам тушов солинг!Мен бу жафокаш зотни ҳам устозим дейман. Шунингдек, адабиёт муаллимим Файзулла Норматни ҳам доим эслайман. Мактабда уронғич муаллимларимиз ҳам бўларди. Уларнинг дарсларида тинч ўтирардик. Файзулла ака ҳеч кимга ёмон ва бирор сўз ортиқча гапирмас, вазмин эдилар. Билмасангиз, “кўпроқ ўқиш керак”, дея гажак қилиб “2” қўярди. “Кўпроқ” сўзи “ў” билан “у” товушлари ўртасида ўзига хос гўзал бир талаффузда жарангларди. Сўзлари актёр билан хонанда орасидаги бир меҳрли овоз оҳангини таратиб турарди. Энг шўх, энг тўполончи бола ҳам дарсда сеҳрланиб, синф сув қуйилгандек тинчланиб қоларди. Алланазар ака ва Файзулла акаларни умрим борича эслайман.
Шунингдек, математика ўқитувчиларим Рустамжон ака Ёқубов, Абдуалим ака Раззоқовларни ҳам ҳеч қачон унутмайман. Бири қаттиққўл, иккинчиси кўнгли бўш муаллимлар. Иккаласини ҳам яхши кўрамиз. Умрлари узоқ бўлсин. Математикадан яхши ўқиганим учун Тошкент Политехника институтига кирдим ва бешинчи курсга келганда адабиётга бўлган ишқим ТошДУга бошлади. Ўшанда бир-бирига “зид”роқ ўқув юртлари бўлгани учун “алмашиш” бироз қийин кечди. Бироқ бу масалада ўша пайтдаги таълим вазири, филология фанлари доктори Ғанижон Абдуллаев шеърларимни ўқиб ёрдам қўлини чўздилар. У кишини ҳам устозим дейман. Умрбод унутмайман. Хуллас, менинг ҳаётим ёрдамлар устига қурилган. Кимнинг ҳаёти шундай эмас!
Эҳ, талабалик! Ётоқхоналарда, аудиторияларда узундан-узоқ шеърхонликлар бўларди. М.М.Дўст, Т.Мурод, Э.Аъзам, С.Ҳаким, У.Қўчқор, А.Суюн, Ш.Қурбон, Х.Даврон, Н.Карим, А.Ислом, А.Бағир, Я.Қосим, М.Кенжабек, С.Саид сингари биз тенгқур адиб-у шоирлар, тонггача шеърхонлик ва адабий суҳбатлар қилар, гоҳ машинада шаҳар айланар эдик. Буни ҳеч унутиб бўлмайди.
Олийгоҳ таҳсилидан сўнг “Госкомиздат”да катта муҳаррир, “Ёшлик” журналида бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишладим. Шу йиллар давомида туркум шеърлар битдим ва бу адабий изланишлар ҳамон давом этмоқда. Аллоҳ умр берса, бошқа жанрларда ҳам ўзимни синаб кўрмоқчиман. Менинг ҳали чиқмаган, ёзилмаган шеърларим жуда кўп. Чиқмаганлари билан мақтанолмайман. Лекин таҳририятларда ётиб-ётиб, кўчиб-кўчиб, охир ўн йиллардан сўнг чиқиб, шеърхонлардан, шеършунослардан яхши сўзлар эшитганимдан қувонаман. Адабиёт ортидан шуҳрат топдим. Энг муҳими, эътиқодимни ўзгартирмадим. Бошда қандай эътиқодда эсам, ҳозир ҳам шундай ёзмоқдаман. Ленинни, унинг инқилобини, Коммунизмни, Қизил октябрни шарафлаб шеърлар битмадим. Ҳарқалай, буларни ҳозир қоралашдан кўра, ўша пайтда шарафламаганим афзалроқдир.
Ҳаёт бизнинг истагимизга бўйсунмайди. Ҳаёт гўзал эрса-да, ёзилмаган бешафқат қонунлари, синовлари ҳам бор. Худога шукурки, бизнинг авлод бу синовлардан эсон-омон ўтдик.
Адабиёт – миллатнинг руҳи. Унинг ривожи учун ҳамма бирдай ёрдамчи бўлса, нур устига нур бўларди. Ҳар бир ижодий жамоанинг раҳбарият билан, таҳририятнинг муаллиф билан муносабати соғломлашса, адабиёт ривожланади.
Дарвоқе, ўрни келганда бир гапни айтиб қўйсам. Сўнгги йилларда матбуотимизда бир анъана пайдо бўлди. Қаранг, шеърий туркумлар берилганда қандай бўлишидан қатъи назар таҳририят ватан ҳақидаги шеърларни олдинга қўяди. Нима учун? Ахир шеър савия жиҳатидан олдинда турмайдими?! Ахир, шоирнинг ҳар бир шеъри, у хоҳ гул ҳақда бўлсин ё кўнгул, ё хазон, ё илдиз ҳақда бўлсин ватан ва озодлик ҳақда эмасми? Йўқса, шеър эмас. Демоқчиманки, яхши шоир эмас, яхши шеърни олдинга суринг, ватанни обод қилган бўласиз. Зеро, адабиёт ватаннинг мустаҳкам устунидир. Ҳазрат Навоий Ўзбекистонда туғилмаган, отаси ҳам, балки бобоси ҳам, лекин шу юрт у зотнинг ватанидир. Чунки тил ҳам ватандир! Тилдан ҳам юксакроқ бўлган ватан – миллатдир. Ватан тушунчаси мураккаб, у фақатгина (туғилган) жой эмас, жим, чуқур суриладиган ўй ҳамдир. Буни ҳис этган одам вазминлашади, енгил-елпи ҳайқириқларга берилмайди. Шунинг учун ҳам улуғ шоирларимизда бу сўз жуда кам, ноёб, муқаддас.
Менинг шеъриятдаги асосий устозим буюк шоир, камтарин инсон, жасоратли ватандошим Рауф Парфидир. Одил Ёқубов, Омон Матжон, Жамол Камол, Маъруф Жалил, Маҳкам Маҳмуд сингари устозлардан кўп ёрдамлар кўрдим. Буни ҳам унутмайман. Одил Ёқубовнинг мендан бошқа кўп ёшларга ҳам ғамхўрлик қилганига гувоҳман. Ҳатто инсоний яхшиликларни унутиб, унга қарши чиққанлардан ҳам вақтида мададини аямаганидан хабардорман. “Гулистон” журналига Мурод Хидир ҳузурига келардим, бу донишманд инсондан туркий бағрикенгликни худди Р.Парфидан ўргангандек ўргандим. “Тафаккур зарралари” китобини ўқиб қувондим. Мен бу камтарин зотни ҳам устозим дейман.
Мен шогирдларим бор деёлмайман. Ҳамкасб укаларим, сингилларимни ҳам устозим дейман, сабаби, улардан ҳам ўрганаман. Масалан, Назар Шукурдан.
Анча бўлди. Адабий суҳбатлардан бирида, бир олим Ўрта Осиёлик ёзувчилар ёзганининг ҳаммасини Ғарбда бир ёзувчининг ўзигина ёза олади деб қолди. Суягимдан ўтиб кетди бу гап. Гап замонавий наср ҳақида кетаётганди. Наср қўлимдан келмаса-да таржимасига киришдим. Анча нарса таржима ва тасниф этдим. Худога шукур, баъзи таржима китобларим қайта-қайта нашр этилди. Ишонаманки, яна нашр этилса, яна ўзини ҳар томонлама оқлайди. Бу китоблар муҳтарам танқидчиларимиз рўйхатидан жой олмаса-да, савияли ўқувчилар назаридан четда қолмади.
Жамол Камол юксак таржималарга қўл урди. Халқаро эътиборга сазовор бўлди. Омон Матжон шеърларини ҳозирда дунёнинг энг машҳур шоири Евгений Евтушенко таржима қилди. Ижоднинг чет элларга, жаҳон миқёсига чиқиши фақат таржима этилиши дегани эмас, эътироф этилиши ҳамдир. Масалан, Евгений Евтушенкодай шоирнинг О.Матжон шеърларини таржима этиши, О.Матжон ижоди ўша элда эътироф этилди демакдир. Адабиёт фақат компьютерлар қаршисида эмас, ҳаёт қўйнида, суҳбатларда ривожланади. Ўйлайманки, зикр этилган бу улуғларимизнинг суҳбатлари матбуотда тез-тез ёритилса, ёшларга сабоқ бўлади. Илгари ойнаи жаҳонда танқидчилар, олимлар, адабиётшунослар, шоир ва адибларнинг давра суҳбатлари бўларди. Баҳовуддин Нақшбанд бекорга “йўлимиз, суҳбат йўли” демаганлар. Чунки бу камолот йўлидир. Биласизми, бир пайтлар Э.Воҳидов, А.Орипов, О. Матжон, Р.Парфи, Х.Худойбердиеваларнинг ҳали эълон қилинмаган шеърларининг довруғи шеърхонларга етиб борарди. Буларни учрашувларга, ойнаи жаҳонга, матбуотга чорлаш, тажрибаларини ўрганиш лозим. Бу ёшларимиз учун кони фойда.
Яна бир гап. “Ёшлик” журналининг ўтган сонларидан бирида иқтидорли шоир Назар Шукурнинг бир туркум шеърлари “Хотира” рукни остида эълон қилингани мени қувонтириб юборди. Деярли ҳар бир сатри санъат даражасида! Санъаткорона нигоҳ билан кузатилган ва битилган гўзал ҳаёт манзаралари – кўнгил лавҳалари… “Сомон йўли. Босилмайди, бу йўлнинг чанги, ухламайди ўтиб кетган карвонлар занги”, “Киприкларим найзасига илинган осмон, шу тиғ билан ўртасидан тилинган осмон”, “Юлдузлар-ку олов туёқ тевалар изи, кўзларимни очтирмайди чанглари тўзиб” ва бошқа барча сатрлари шеъриятимизга янги нафас олиб кирган шоирларнинг пешқадамларидан эканини кўрсатиб турибди. Лекин танқидчиларимизнинг, ҳатто, жамоатчилигимизнинг кўзи ва сўзи “Ўргилайин қошинг билан юзингдано” каби қўшиқсифат тизмалар атрофида. Мен истардимки, унинг ҳам хотира-юбилей кечаси (келгуси йил Назар Шукур тирик бўлганида олтмишга тўларди) ўтказилса. Чунки у олтмишини ўттиздаёқ тўлдириб қўйган буюк истеъдоддир. Келгусида бу қатъий фикримни унинг ижоди ҳақидаги мақолаларим билан далиллашга ҳаракат қиламан.
Мен бугунги ёшларга атоқли шоирларимиз, мумтоз адибларимиз асарларини кўп-кўп ўқишларини тавсия қилган бўлардим.
Салобатли дарё оқар чайқалиб беғам, Менинг яхлит ҳаётимни иккига бўлиб. У қирғоқдан эшитилар таниш бир оҳанг Аммо унинг мазмунини бўлмагай билиб. Ўша оҳанг ором бериб қулоқларимга, Қуяр аста юрагимга армон доғини. Йўллар эса бош уради оёқларимга, Ёдга солиб ҳаётимнинг яхлит чоғини.Бу шеър катта шоиримиз Маъруф Жалил қаламига мансуб. Бу шеърни шарҳлаш анча мушкул, мушкул эрса-да гўзал шеър. Армонларга лиммо-лим. Назар Шукур “Кўнгул осмонида азоб найсони” деганидек. Ҳа, М.Жалил, Ч.Эргаш, Т.Жўра, Н.Шукур шеърларини ўйлашга, чуқур мушоҳада қилишга мажбурсан. Бу фикрни ҳозирда фаол ижод этаётган А.Қутбиддин, Э.Шукур, Зебо Мирзо шеърлари ҳақида ҳам айтиш мумкин. Бу шоирлар дунё миқёсида фикрлайдилар.
Дарҳақиқат, энди оилам ҳақида гапирсам. Фарзандларимнинг бири тарихчи, бири филолог, бири эса тирикчилик ишлари билан бўлиб кетди. Неваралар орасида спорт майдонларидан “Олтин медаль” билан қайтаётганлари бор. Қолганлари ҳам аъло баҳоларга ўқияптилар.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 8-сон