Ҳар бир халқ ўз тилининг ривожи ва ўрганиши учун ундаги сўзларни тўплаш ва луғатнома тузишга уринган. Тарихнинг гувоҳлигича, Сумерлар биринчи бўлиб луғат ёзишга ҳиммат қилганлар. “Адабиёт тарихида энг эски луғатномани Сумер адиблари милоддан олдин уч мингинчи йилда тузганлар”[1].
Аслида Ўрта Осиёдан Кичик Осиё (бугунги Туркия)га бориб ерлашган муҳожирлар неча тиллик ҳақиқий сўзлик ёздилар. Эдвард Шэранинг Бўғозкуй хазинаси кашфи учун ёзган маълумотида мазкур луғатнома ҳақида шундай ёзади: Бир қаторда қадимги белгилар ёзилган, бошқа қаторларда қаршисида сумерча ё окидча сўзларни ёзганлар”[2].
Дунё олимлари жумладан Ф. Ҳумал, Пуппе ва Закарлар Сумерлар тилини агглитионатив тил ва “урол-олтой” тиллари оиласига мансублиги ва туркий тиллар билан яқин қариндош эканлигини эътироф этганлар. Улар ҳатто Сумер тилини энг қадимги туркий (пурутутурк) деганлар [3].
Туркий тиллар жумладан ўзбек тилида Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотут турк” асаридан бошлаб бугунга қадар ўнлаб сўзлик, турли ҳажм, йўриқ ва савияда, бир, икки ва кўп тилли сўзликлар яратилган. Бу сўзликларнинг тўлиқ рўйхати ҳозиргача тузилмаган, чоғи. Бундай рўйхатнинг тузилиши туркий сўзликлар яратилишининг аниқ даврланиши ё гуруҳланишида катта ёрдам берарди.
“Санглох” сўзлиги буюк мутафаккир, шоир ва сиёсатчи Мир Алишер Навоий номи билан чамбарчас боғлиқдир. Бу муҳим сўзликни, машҳур тарихчи, тилчи ва Нодир Афшорнинг муншийси Мирзо Маҳдийхон Астрабодий (вафоти ҳижрий 1117дан сўнг) Навоий асарларидаги қийин ва чигал сўзларининг шарҳ ва изоҳи учун талиф этган.
Навоий асарлари, барча туркий халқлар учун турли ноёб туркча сўзларнинг буюк хазинасидир. Шу боис, луғат аҳли Навоий асарларини ўқиш ва тушуниш учун, қийин сўзларининг шарҳ ва изоҳлаш учун махсус сўзликларни таълиф қила бошладилар. Бу иш турли йўриқ ва услубларда Навоийнинг ўз замонидан бошланган.
Бу ҳақдаги таълиф этилган сўзликларни икки гуруҳга бўлиб белгилаш мумкин:
а) Мустақил китоб шаклида таълиф этилган сўзликлар; б) Айрим олим кишилар ё билимли котиблар томондан Навоий асарлари қўлёзмаларининг боши, адоғи ёки ҳошиясида ёзилган луғатлар.
Навоий асарларига оид классик луғатлар орасида “Санглох” шак-шубҳасиз жуда юқори ўринга эгадир. Эронлик таниқли олим доктор З. Сафонинг “Форс тилида адабиёт тарихи” номли китобида “Санглох” ҳақида шундай ёзилган: “…Бу китобнинг турк тилини тушунишдаги аҳамияти худди форс тилида “Бурҳоне қотеъ” луғати кабидир…”[4]
“Санглох”ни Мирзо Маҳдийхон Навоийнинг 12 жилд манзум ва 9 жилд мансур асарини ўқиб, ҳижрий 1172–1173 (милодий 1758–1760) йили таълиф этган. Асар икки тилли (туркий-форсий) изоҳли сўзлик бўлиб, 6000 та сўздан иборат.
Муаллиф сўзларнинг форсча маъноларидан ташқари, айрим ҳолларда арабча, ҳиндча, усмонлича ва ҳатто юнонча маъноларни ҳам берган. Муҳаммадзода Сидиқнинг сўзига кўра, “бу китоб ёлғиз луғатгина бўлмай, балки астрономия, тиббиёт, фиқҳ, фалсафа, жуғрофия, тарих, миф, инсоншунослик каби замонасининг турли билимларига оид мазуларни матраҳ қилади, қолаверса Ўрта аср ислом тарихи бўйича кўплаб султону ҳукуматлар ҳақида маълумот беради.
“Санглох” уч бўлимдан иборат:
Биринчи бўлим: “Мабойин ул-луғат” номли туркий грамиардир. Бу бўлим буюк шоир таржимаи ҳолидан иборат бир муқаддима, асар таълифи сабаби ҳамда чиғатой туркчаси (эски ўзбекча) грамиари ҳақида батафсил баҳсдан иборатдир.
Иккинчи бўлим: Навоий асарларидаги қийин ва чигал туркча-ўзбекча сўзлар йиғмасидир. У бу сўзларни Навоий ва бошқа шоирлар ва ёзувчилар асарларидан мисоллар келтириб изоҳлаган.
Учинчи бўлим: “Табзил” унвони бўлиб, унда Навоий асарларидаги қийин форсча ва арабча сўзлар изоҳланган.
“Санглохшунослик”:
“Санглох” ҳақидаги тадқиқотлар унинг таълифидан бироз ўтиб бошланган. Бу ишга шарқу ғарбнинг кўплаб олимлари ҳисса қўшганлар. Европаликлар (Г. Кловзин, Д. Росс, Ж. Экманн ва К. Мангес ҳамда Басим Отолой (Туркия), Сугохоро Муцуми (Япония), Э. Умаров (Ўзбекистон), Муҳаммадзода Сидиқ (Эрон) ва бошқаларни эслаш мумкин.
Аббос Мирзонинг ходими Ҳаким Муҳаммад бин Абдус Сабур Хўйи “Санглох”нинг сўзларнинг илдизи, қўшимчалари, шеърий мисоллар олиб ташланган “Хулосайи аббосий” унвонли қисқартмасини таълиф этди. Бу китобни профессор Муҳаммадзода Сидиқ ҳижрий 1388 йил Табризда нашр қилди.
“Олтамғойи Носирий” номли “Санглох”нинг яна бир қисқартмасини Шайх Муҳаммад Солиҳ Исфаҳоний тайёрлаб, уни Носириддиншоҳ Қожорга совға қилган.[5]
“Санглох”нинг учинчи қисқартмасини Равшан Хаёвий унинг икки қўлёзмасидан фойдаланиб нашрга тайёрлади. Бу асар Теҳронда (ҳижрий 1374 ва 1384) йиллари икки йўла босилиб чиққан.
Ғарб олимларининг “Санглох” ҳақидаги тадқиқотлари ХХ аср бошларида бошланган. Қуйида айримларини қисқача эслаймиз:
Э. Дэнисон Росс Британия музейидаги нусха асосида “Мабони ул-луғат” қисмини қамарий 1328, милодий 1910 йили Калькуттада (Ҳиндистон) нашр этди. Ўша йили “Мабони ул-луғат” ҳақида ўз мақоласини нашр қилди.
Эски ўзбек тили ва адабиёти бўйича кўп йиллар тадқиқот олиб борган Жанос Экманн ҳам 1947 йили “Мабони ул-луғат” ҳақида кенг илмий тадқиқотини эълон қилди. Шунингдек, у 1957 йили Анқарада бўлиб ўтган туркий тилнинг VIII қурултойида “Санглох”ни танитди [6].
Яна бир муҳим илмий ишни Карл Ҳинрич Мҳгес бажарган. 1956 йили босилиб чиққан ушбу тадқиқотнинг кириш қисмида чиғатой лаҳжаси (эски ўзбекча) ва унинг бошқа туркий лаҳжалар орасидаги мавқеи ҳамда сўзларнинг фонология, морфология ва синтаксиси ҳақида сўз юритилган. Тадқиқотнинг биринчи бобида, унли ва унсизлар, имло қоидалари ҳақида баҳс қилинган. Морфология қисмида эса отларнинг турланиши, сон, олмош, аффикслар, феъл ва сўз ясаш каби мавзуларда кенг баҳс юритилган [7].
Англиялик тилчи олим Герард Клаусон “British muzei”даги қўлёзмани биринчи бўлиб муқаддима ва муфассал индекс билан 1960 йили “Gip” нашриёти орқали факсимил шаклда нашр қилди[8].
Турк олими Басим Аталой ҳам “Санглох” ҳақида илмий изланишлар олиб бориб, 1950 йили унинг ”Мабониюл-луғат” қисмининг бир қўлёзмасини (TDK/Turk Dili Kurumi) факсимил йўсинда нашр этди.
Ўзбекистонда турли ҳажмдаги мақола ва тадқиқотлардан ташқари икки муҳим ишни эслаш лозим:
Бири “ХV–ХVIII асрлар ўзбек тили тадқиқотида Санглох ва Бадойи-ул луғат аҳамияти” рисоласидир. Бу тадқиқот рус тилида ёзилиб, 1989 йили Тошкентда босилиб чиққан. Олим мавзуни фонология, морфология, ликсикология ва матншунослик нуқтаи назаридан таҳлил қилган [9].
Иккинчиси, Зикруллоҳ Умаров ўзбек тилига ўгирган “Санглох”нинг грамар қисми бўлмиш “Мабоний ул-луғат”нинг нашр этилишидир. Бу асарни Холида Алимова 2008 йили Тошкентда нашр қилди.
Япон олими Сугохори Нуцуми неча йилдан бери “Санглох” ҳақида тадқиқот олиб бориб, унинг японча таржимасини ҳозирламоқда. Олим ушбу иши оқимида асардаги шеърий мисолларни Навоий асарларининг 20 жилдли Тошкент нашрига таққослаб тадқиқ қилмоқда.
Эронда устоз Муҳаммадзода Сидиқнинг кенг муқаддима, тасъҳиҳ ва иловалари билан “Санглох”нинг биринчи қисқартмаси бўлмиш “Хулосайи Аббосий” босилиб чиққан [10].
Равшан Хайовийнинг ҳижрий-қамарий 1173 ва 1188 йилларда кўчирилган “Санглох”нинг икки қўлёзмаси асосида тайёрлаган қисқартмаси. Бунда ўзакдан ясалган сўзлар, барча шеърий мисоллар, айрим такрор сўзлар, “Мабоний ул-луғат” қисми ҳамда ”Санглох”нинг учинчи бўлими – “Табзил” ташланган [11].
Булардан ташқари “Вожаёбе санглох” номли Али Бадалий, Самад Жаббор ва Ҳасан Абдуллоҳи Жаҳонийларнинг 160 бетли тадқиқотлари ҳам мавжуд [12].
“Санглох”нинг учинчи қисқартмаси “Олтамғое носирий”дир. Бу асарни Шайх Муҳаммад Солиҳ Исфаҳоний “Санглох” асосида таълиф этиб, уни Носириддиншоҳ Қожорга бағишланган [13].
“Санглох”нинг биринчи танқидий нашри:
“Санглох” матнининг тўлиқ, айниқса танқидий нашри, ишнинг ўта оғирлиги, қийинлиги ва узоқ муддат машаққатли меҳнат талаб қилганлиги учун бугунгача амалга оширилмай қолди. Ҳалигача амалга оширилганлари турли нашрлар ё қўлёзмаларнинг факсимили ва ё ҳам асар матнининг қисқартмалари эди.
Эронлик таниқли тилчи ва туркулог олим доктор Ҳусайн Муҳаммадзода Сидиқ ўта илмий салоҳият ҳамда “Девони луғотит турк” ва “Ўрхун” тошбитикларининг форсча таржимони, Навоийнинг ”Маҳокимат-ул луғатайн”, Муҳаммад Хўийнинг “Хулосай Аббосий” номли “Санглох”нинг қисқартмаси, “Тазкираи мажолиси шуаърои Рум”, Фузулий “Девон”и каби асарларини нашр этган амалий тажриба эгаси сифатида ушбу оғир ишнинг бажаришни ўз зиммасига олди.
Олим ўзининг чамаси ўн йиллик оғир ва изчил меҳнати давомида “Санглох”ни 3 жилдда (икки жилд матн ва бир жилд муқаддима, иловалар ва индекслар) илмий шаклда нашрга тайёрлади. Бундай ишларнинг оғир ва машаққатли экани шу соҳанинг ишловчиларигагина маълумдир.
Муғаммад Сидиқ “Санглох”нинг танқидий матнини тайёрлаш учун қуйидаги учта қўлёзма ва иккита факсимил нашрдан фойдаланган:
- Эрон олий мажлиси кутубхонаси нусхаси (М),
- Теҳрон университити нусхаси (Д),
- Анқара нусхаси – ҳижрий 1118 йили кўчирилган (О),
- Басим Аталойнинг факсимил нашри (Б),
- Ж. Кловзуннинг факсимил нашри (К).
Матнни тайёрлашда, ҳар бир нусхада маълум камчиликлар борлиги учун, ҳеч бири асос қилиб олинмаган. Шунинг учун, матнда энг тўғри вариантлар танланган. (Санглох, муқаддима. Нусхалар тавсити. 17-18-бетлар)
Нашрга тайёрловчи сўзликни 3 жилдда тайёрлаган:
Биринчи жилд: Мабонийул-луғат ва “алифآ،ا/”дан “тоت/”гача бўлган ҳарфларнинг барчасини қамраб олади;
Иккинчи жилд: Қолган “жим/ج”дан ”ё/ی” ҳарфлари ҳамда Навоий асарларидаги форсча ва арабча сўзлар шарҳи бўлмиш “Тазйил” бўлими;
Учинчи жилд: Мир Алишер Навоий ва Мирзо Маҳдийхонларнинг таржимаи ҳоллари, эский ўзбекча (чиғатой туркчаси), Навоий асарларини танитиш ва индекслар.
Индекс қисмида ҳам анча ишлар қилинган: 720 та насрий ибора ва 4900 та байт чиқарилган. Шунингдек, 600 та шахс ва элатлар номи, 96 та китоб ва чамаси 1000 та турли ҳайвонлар ва ўсимликлар номи белгиланган.
Учинчи жилддаги муҳим ва қизиқарли нарса, Мирзо Маҳдийхон фойдаланган айрим сўзликлар ва китобларга нисбатан танқидий фикрлари йиғмасидир. Булар: Насирий, Фироғий, Нодир Али, Сарварий, Толеъ Ҳиравий, Муайидул фузало, Туркий қомус, Фарҳанги Жаҳонгирий ва бошқалар.
“Санглох”нинг танқидий нашрига айрим танқидий мулоҳазалар:
Бундай йирик ҳажмли ишда айрим техник ва имло хатолари юз бериши табиий. Бироқ тайёрланган матн, айниқса, шеърларда бир ҳарфнинг тушиб қолиши ёки қўшилиши ва ё ўзгариши, матнга ё шеър маъноси ва вазнига зарар етказиши мумкин.
Бир нечта мисол:
Қуйидаги байтда “сарв” сўзидан “в” ҳарфи тушиб “сар” бўлибди:
“Эй сабо ҳолим бориб сар хиромонимға айт
Йиғлоримнинг шиддатин гулбарге хандонимға айт”
(Санглох, 1-жилд, 342-бет)
Бу байтда “борғусидур” сўзи “ёрғусидур” шаклда ёзилибди:
“Тифле мактабдек қочиб ёрғусидур ул ой сори
Телба кўнглумни неча тобиб кетурсонг алдабон”
(Ўша, 316-бет)
Яна бир байтда “бергучи” сўзи ҳам арабча ва ҳам лотинча ёзувда янглиш йўсинда “бир кучи” шаклда ёзилган. Бу ерда “Олғучи” сўзи бараварида “бергучи” бўлиши шеър маъноси ва санъатига мос тушади.
“Тиғ тортиб дам ололмой, тиштинг бошима,
Гўё хуршид янглиғ йўлида кўрдунг шитоб”
Биринчи мисрада “тиштинг” сўзи ҳам вазн ва ҳам маънони бузган. Бу сўз “етиштинг” бўлиши керак.
Яна эслаш керак бўлган икки нуқта:
- Ҳам муқаддима ва ҳам “Санглох-Навоийнинг сўз хазинаси” мақоланинг “Санглох ва ундан тақлид” унвонли бўлимда, Навоий асарлари сўзларини шарҳлашда ёзилган бир қатор луғатномалар танитилган. Жумладан “Келурнома” ва “Луғати туркий” ёки “Рисолаи Фазлуллоҳхон” Аврангзеб Оламгир замонида, унинг буйруғи билан ёзилган. Шунингдек, “Абушуқа” (таълиф замони XVI аср бошлари) ҳамда “Навоий луғати” (таълиф йили 1599) ”Санглох”дан тақлид қилиниб ёзилмаган. Бу луғатномалар “Санглох”дан анча илгари ёзилган. Яхшиси, булар мазкур унвон остидан чиқарилсин.
- Матндаги кўплаб шеърий мисолларда “кўз”, “кўрмак” каби сўзлардаги эски ўзбекчадаги “к” товуши озарбойжон туркчасига хос “г” товушига алмашилган. Бунинг матнда жуда кўплиги, бу иш матн ёзиладиган чоғда компьютерчи (у озарий турк бўлиши мумкин) томондан юз берган бўлиши мумкин. Икки мисол:
“Жоҳил ки ҳасад бўлгой онинг жаҳлиға зам
Нур эл гўзидин онглосо ўз гўзидо кам
Гўзлорин олишмоқға чэкиб тиғе ситам
Эл гўзини ҳам ўйғою ўз гўзини ҳам”
(Санглох, 1-жилд, 309-бет).
“Аҳле диллор чеҳра очти ёр, очмонг дида ким
Ҳар киши ул юзго гўз олдурди, кўнглин олдурур”
(Ўша, 308-бет).
Ушбу тузатилиши мумкин бўлган камчиликларга қарамасдан, профессор Муҳаммадзода Сидиқ жуда меҳнат ва ҳиммат билан “Санглох” каби йирик классик луғатнома матнини нашрга тайёрлаб, билим аҳли ва ушбу муҳим асар эгаларига тақдим қилганлигини олқишламоқ лозим.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 9-сон
____________________
[1] Nigohiy navin ba tarixe derine turkhoye Iron (Iron turklarining eskiy tarixiga bir nazar), Rahmoniyfard, Mohammad, “Axtar” nashriyoti, Tабриз (Эрон): 1379 ҳ, 42-бет.
[2] Ўша асар, 42-бет.
[3] Sumariyon (Sumerlar) – turkalarning ajdodlari, Begmurod, Gerey, иккинчи нашр, “Nidoy shams” нашриёти, Taбриз: 1389, 169-бет.
[4] Safo, dr. Zabihulloh, Tarixe adabiyot dar Iron, “Firdavsiy” нашриёти, Teҳрон: 1366 ҳ., 5-жилд, 1-бўлим, 394-бет.
[5] Қаранг: Dar boray zabon, xat va farhang navisii turkiy-o`zbekiy (Turk-o`zbek tili, xati va lug`atchiligi haqida), M. H. Yorqin va dr. SH. Yorqin, Kobul: 2007 й., 48-69-б.
[6] Ф. Xaйруллоҳ, Навоий асарлари бўйича тузилган луғатлар. “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали, 1973 й., 4-сон, 81-бет. E. Умаров, Эски ўзбек луғатлари, Toшкент, 1992 й., 32-бет.
[7] Safo, dr. Zabihulloh, Tarixe adabiyot dar Iron, ”Firdavsiy” нашриёти, Teҳрон: 1366 ҳ., 5-жилд, 1-бўлим, 394-б.
[8] Др. Муҳаммадзода Сидиқнинг суҳбати, “ ناریاب اتکی رازگربخ ،باتک ” (интернет сайти).
[9] 1989 йил Тошкентда босилиб чиққан.
[10] Xулосаи аббосий, Шайх Муҳаммад Хўйи, др. М.Сидиқ иҳтимоми билан, “Axtar” нашриёти, Taбриз: 1394 ҳ.
[11] Aстрободий, Мирзо Маҳдийхон, Санглох, Равшан Хайовий иҳтимоми билан, Nashre markaz, Teҳрон: 1374 ҳ. Бу асар ҳижрий 1384 йили иккинчи марта Теҳронда босилган.
[12] Vojayobe Sanglox, “Deniz chin” нашриёти. Табриз: 1393 ҳ.
[13] Dar boray zabon, xat va farhang navisii turkiy-o`zbekiy (Turk-o`zbek tili, xati va lug`atchiligi haqida), 62-бет.
_____________________
Муҳаммад Ҳалим Ёрқин – Навойишунос олим, фан доктори, профессор. 1951 йилда Афғонистоннинг Сарипул вилоятида туғилган. Ўзбек мумтоз адабиёти ва ўзбек маданияти тадқиқотига оид ўн саккизта китоб муаллифи. Швецияда истиқомат қилади. 2018 йил 7–8 август кунлари Тошкентда ўтказилган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” халқаро конференцияси қатнашчиси.