Ғариблик тушунчаси шоҳу гадони фарқ этмайди. Ватандан айро тушмоқ тақдирида бўлса, ҳар ким ҳам бунга бўйин эгади. Ватандан йироқларда хоклари қолиб кетган Абу Райҳон Беруний ва Аҳмад Фарғонийдек номлари жаҳоншумул қомусий олимлар, Бобораҳим Машраб сингари Ғарбу Шарқда танилган шоиримиз… хуллас, ўнлаб маънавият дарғаларимиз ғариблик тупроғига азиз бошларини қўйганлар.
Ана ўша азизларимиз сафида буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам бор.
Ҳиндистондай йирик мамлакат подшоҳи шоирона қалб эгаси бўлгани учун, она-Ватан соғинчи юрагини ўртаган пайтларда:
Баҳор айёмидур, дағи йигитликнинг авонидур, Кетур, соқий, шароби нобким, ишрат замонидур —матлаъли ғазалида ўзини андижонлик ғарибман, деган ўксинишни кўнгил маҳрами — ёрига шундай изҳор этган:
Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг, Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, андижонийдур.Бобур асарларининг 2007 йилгача чоп этилган асосий нашрларида етти-саккиз маротаба мазкур байт қуйидаги тарзда ва мазмунда босилган эди:
Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг, Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, анда жонидур.Ҳатто Ия Стеблеванинг фундаментал тадқиқоти — “Бобур ғазаллари семантикаси” асарида ҳам Бобурнинг бир юз ўн тўққиз ғазали араб ёзувида берилиб, шу байт “анъанавий” тарзда: “Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг, Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, анда жонидур”, деб эълон қилинган эди.
Фақат Н.Ҳотамов ва В.Раҳмонов нашрга тайёрлаган Бобур “Танланган асарлари”нинг (“Ўқитувчи”, 1976, 1983) икки нашрида, Эргаш Очилов тузган Бобурнинг “Сочининг савдоси тушди” (“Шарқ”, 2007) девонида ва шоирнинг “Ғарибинг андижонийдур” (“Шарқ”, 2008) китобларида байт тўғри акс этган.
Бу масала кўтарилганида (“Ҳуррият” ва “Андижоннома” газеталари, 2008) бирор ўзбек бобуршуноси ёки мумтоз адабиёт мутахассиси эътироз билдирмади. Матн ҳақиқати қарор топди. Зотан, ушбу байт мазмуни қуйидагича ўта таъсирчан ва фикран ёрқиндир: Эй, гулдай севгилим, андижонлик ғарибингга раҳм-шафқат қилгин, Сен қаерда бўлсанг, Бобурнинг жони ўша ердадир. Ушбу байт Андижондан йироқларда — Кобулдами, Аградами ёзилган экан. Бобурдек улуғ инсон ўзини андижонлик ғариб, дея гўё шеърига имзо қўйган бўлса, не ажаб?
Биз агар олдинги нашрлардагидек байтнинг иккинчи мисрасини: “Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, анда жонидур” тарзида эълон қилсак, икки нуқсон содир бўлади: фикр ҳавода муаллақ қолади; ўринсиз, қўпол такрор юз беради. Чунки биринчи мисрада шоир “Сен қаерда бўлсанг — жоним ўша ерда”, деб айтиб қўйгандир. Бобурдай сўзда заршунос, маънода гавҳаршунос шоир сўзларини котиблар тасодифан йўл қўйган хатолардан холис қила олсак, хайрли иш бўлади, албатта.
2008 йилда Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 525 йиллиги тантанаси куни — 14 февралда Андижон шаҳри чорраҳалари ана шу байт ёзиғлиқ лавҳалар билан безалган эди. Шунинг учун ҳам Бобур жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов кўп ўтмай Бобурнинг Боғишамолда Бобур боғидаги ҳайкали белбоғига йирик ҳарфларда шу байтни ёздирди:
Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг, Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, андижонийдур.Энди Бобур номидаги миллий боққа қадам қўйиб, шоир сиймосига назар солган ҳар бир киши кўзи олдида ана шу байт ярқираб кўриниб туради.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 7-сонидан олинди.