Комил Аваз. Муҳаммадризо Огаҳий

http://n.ziyouz.com/images/ogahiy.jpgСАЛОҲИЯТ САОДАТИ

Халқимизнинг маънавий меросига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, тарихнавис олим, моҳир таржимон, давлат ва сиёсат арбоби Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудига 200 йил тўлади.

У 1809 йилнинг 17 декабрида Хива шаҳри яқинидаги Қиёт қишлоғида, мироб оиласида дунёга келган. Огаҳийнинг уйи Кўҳна Аркдан тахминан 5–6 чақирим масофада, Қиёт қишлоғининг Хива–Қўшкўпир йўлининг чап тарафида. Шу кунларда, шоирнинг “уй-музейи” жойлашган бу ҳовли “Огаҳий боғи” деб аталади. Шоирнинг борлиқ умри ўтган бу боққа қадам қўйишингиз билан осмонга сапчиётган отга менгзар тут хаёлингизни мозийга олиб кетади.

Муҳаммадризо отадан эрта етим қолиб, амакиси, замонанинг етук шои-ри, катта мансаб эгаси – хоннинг бош мироби, устоз Мунис Хоразмий қўлида тарбия топади.

У амакиси ҳам устози Шермуҳаммад Мунис Хоразмий ила бамаслаҳат ўзига Огаҳий тахаллусини олади. Шоирнинг тахаллуси ҳам ўзи айтмиш огоҳлик билан хушмавзундир:

Не тонг огоҳ бўлса, Огаҳий, ишқинг сиридин ким,
Онга беҳуда эрмас осмондин бу лақаб пайдо.

Огаҳий “Таъвиз-ул ошиқин” девони дебочасида “Саодатлик асрининг ёқимли, услуби чиройли баён фозилларига ва шарофатлик замонининг ширин тиллик шоирларига диққатли шеърлари ва назокатга яқин назмлари бахшишлиги учун мўл инъомлар, хурсандлик ва кўп эҳсонлар билан баҳрамандлик еткариб, қадру мартабада ўзгалардан азиз ва мўътабар, иззат ва шавкатда ўзга одамлар орасида қуёшдек порлоқ ва сарбаланд қилди”, дея ўзининг қадри баландлигидан шодмонлик туйғусини изҳор қилади.

Юқоридаги дил изҳори бежиз эмас. Чунки мавлоно тириклигидаёқ элда азиз шоир, тарихнавис олим, таржимон, улкан мироб бўлиб етишган, камол топган улкан Шахс эди. Буларнинг бариси тинимсиз меҳнат, илм олиш, изланишлар, Оллоҳ берган истеъдодий ижод мулкидан самарали фойдаланиш маҳсулидир. Шунинг учун ҳам Огаҳий аввалам бор илмни юқори даражада шарафлайди: “Илм андоқ ганжи нофиъдур бани одамғаким, кимда ул бўлса, ики олам бўлур обод анга”, дея улуғловчи шоир, кейинларда оёғида қувват йўқлиги ишорасида, илмга нисбатан янада юксак мартабада урғу беради:

Эй, келди фунуну илм таслим санга,
Қилмоқ манга лозим ўлди таъзим санга.
Гарчи йўқ эди қувват аёқимда, вале,
Келдим бош ила олғоли таълим санга.

Шоирнинг ғазалиёти, унинг назм наҳри, юртга жон бахшида этиб турган Жайҳунга менгзайди, гаҳи шиддатли, гаҳи сокин, гаҳи шўх, гаҳи маҳзун оқади. Дарёлар қай тарзда оқмасин, улар элу элатларга ҳаёт бахшида этиб турадилар. Наинки ёзиш, ҳатто баъзи бировларнинг умр мобайнида ўқиб чиқишга ҳам вақти етмайдиган даражада сермаҳсуллик ҳамма ижодкорларга-да насиб этавермайдиган ноёб бахтдир.

1826 йилдан сипоҳийлик – ҳарбий хизматда бўлган давридаёқ элга шоир бўлиб танилган, Хива адабий муҳитида тилга тушган Муҳаммадризо Огаҳий хон саройида мирза бўлиб ишлай бошлайди.

1829 йилда амакиси, машҳур шоир ва тарихчи Муниснинг 51 ёшида вафот этиши, шитоб билан адабиёт майдонига кириб келаётган ёш шоир учун катта йўқотиш эди. 20 ёшида Оллоқулихон томонидан у мироблик вазифасига та-йинланади.

МИРОБЛИК

Асосий тирикчилиги ердан, суғорма деҳқончиликдан иборат бўлган Хоразмда мироблик ҳамиша улуғ мансаб ҳисобланган. Илмий битикларда ал-Беруний бобомиз ҳам мироблик билан шуғулланган ва алломанинг бевосита бошчилигида ўша даврда икки ярим милён таноб экин майдони суғорилган, дейилади.

Хива хонлигида мироблик илмига, мироблар масъулиятига эътибор кучайтирилган. Айниқса, Муҳаммадраҳимхон I нинг хонлик даврида (1806–1825) Мунис Хоразмий – Шермуҳаммад мироб Хоразм мамлакатининг бош мироби сифатида иқтисодий ривожланишнинг бош омили бўлмиш сув хўжалигининг такомили учун катта ишлар қилган, “Орналар” (дарёдан оқиб чиқадиган ан-ҳорлар) ҳақида асар яратган.

Сўнгра Оллоқулихон, Раҳимқулихон, Муҳаммадаминхон, Сайидмуҳаммадхон даврларида Тоғай мироб ва Муҳаммадризо мироб – Огаҳий (1825–1857 йилларда) бош мироблик вазифасида ишлаган.

Огаҳий айни кучга тўлган, 36 ёшида ариқ ёқасида отдан йиқилиб оёғи синади ва майиб бўлади. Аммо жисмонан бақувват, иродаси мустаҳкам шоир руҳини туширмайди. 1847 йилда Мадаминхонга ҳамроҳ бўлиб Кўҳна Урганчга боради. У ерда Хонобод ёпи қазилади ва боғлар барпо этилади.

Огаҳий ўзи иқтидор, ишбилармонлиги туфайли ҳаётнинг энг олий неъмати бўлмиш сув ва ундан фойдаланиш илмини мукаммал эгаллаб, улкан давлат арбобига айланади.

Албатта, йиллар ўз ҳукмини ўтказмай қолмайди. Огаҳий 1857 йили касаллиги сабабли ўз хоҳиши билан бош мироблик вазифасидан истеъфога чиқади.

Огаҳийнинг умр йўли 8 нафар хон ҳукмронлик этган даврларда кечади. У 8 хил бошқарув, 8 хил муҳитда ҳам ўзи танлаган саодатли йўлдан оғишмай яшаган, ишлаган, ижод қилган. Шу хонларнинг қай бири замонида балки шоирга нисбатан совуқ муносабат бўлган бўлса не тонг:

Руҳ каби шаҳдин йироқ ўлмай десанг бу арсада,
Ҳар тарафға мойил ўл, андоқки фарзин, эй кўнгул.

Ёки:

Жоҳ учун оламда ҳар нокасга таъзим айлама,
Истамас эрсанг агар жуҳҳол аро бўлмоқ ҳақир, –

дея нидо қилишида қайсидир фарзин – вазирни кўзда тутганини ўзидан бош-қа ҳеч ким билмаса ҳам керак. Умри ҳамжиҳатлигу курашларда ўтган шоир катта амалдор бўлишига қарамай, ҳалоллик рутбасига мушарраф бўлган, саодатда улуғ инсондир. Бир байтида дейди:

Ер юзида, Огаҳий, чун йўқ санга бир кулча ер,
Барча умрингда на ҳосил айласанг мироблиғ.

Огаҳий нечоғлик катта мансаб эгаси бўлса ҳам бойликка ружу қўймаган, фоний дунё шавқига берилмаган ва ғазалларида ҳам мол-дунёга ҳирслик балосидан айрила олиш мушкуллигини фалсафона, тасаввуфона рақам этади:

Солма кўз ушбу жаҳон шавқига зинҳор, э кўнгул,
Айрила олмас балоға бўлма дучор, э кўнгул.

Шунинг учун ҳам қаноатни ҳар недан юқори қўяди:

Азиз ўлмоқ агар истар эсанг аҳли жаҳон ичра,
Қаноат айлаким, ул рутба осори қаноатдур.

Сабру қаноати туфайли элда азиз, ишга фидойилик, ишбилармонлик, юрт равнақи учун жонини фидо этишга бел боғлаган Огаҳийнинг мироблик даврида (1829–1857) юқорида таъкидлаганимиздек, Хоразмда кўпгина янги каналлар қазилиб, сув иншоотлари қурилгани, воҳанинг суғориш истиқболлари борасидаги муаммоларнинг оқилона ҳал бўлиши ҳазрат номи билан боғлиқдир.

Огаҳийнинг мироблик даври ҳали яхши ўрганилмаган ва ёзилмаган. Унинг тарихий асарлари (матн шарҳлари ила) чоп қилинса, Хоразмнинг суғорилиш тарихи янада ойдинлашади ва не-не илмий ишларга асос бўлади, деб ўйлаймиз.

Улуғ шоир миробликдан истеъфога чиққач, назм, тарих битиш, таржимонлик билан машғул бўлади. Огаҳий 1874 йилда вафот этди.

ОГАҲИЁНА ОГОҲЛИК

Инсоннинг ақлу тафаккури умрнинг асл муддаоси эканини кенг мушоҳада этган ва шу баробарида унинг қадрини кўк қадар баланд тутган алломалардан бири Муҳаммадризо Огаҳий ишқ жозибасини, унинг моҳиятини наинки шоирона, балки орифона рақам этган беназир шоир.

Огаҳий ҳолини гар ишқ ичра билмак истасанг,
Чашми ибрат бирла дардангиз девонимға боқ.

Огаҳийнинг ошиқлик лирикаси замирида ҳам, ижтимоий-сиёсий битиклари талқинида ҳам адабиётимизнинг азалий мавзуси – ошиқлик ва огоҳлик, маъвиза (панду насиҳат) етакчи ўринни эгаллайди. Лекин, ошиқлик, огоҳлик ва маъвиза замирида майиший огоҳлик, маддоҳий насиҳат эмас, балки маърифий огоҳлик, наводир насиҳат ётсагина у ижтимоий даражага кўтарила олади. Негаким, маърифий огоҳликда комиллик мавжуд. Комилликда миллат тақдири, элу юрт тақдири, наводир насиҳатда эса икки оламга, ватанга, дўсту биродарга муҳаббат талқини мужассамдир.

Мулку миллатға амин ўлса агар огоҳлар,
Икки олам обрўйини ҳосил эткай шоҳлар.
 
Огаҳий, қил шоҳи огоҳинг дуойи давлатин,
Ким онга аркони давлатдур ҳама огоҳлар.

Огаҳийнинг огоҳликка даъват борасидаги битиклари ҳозиржавоблиги билан диққатга сазовордир. Унинг фалсафий қарашларида ҳам, панду насиҳатларида ҳам олам сирларидан, адабу икром хислатларидан воқифлик туйғуси бош мезон ҳисобланади.

ШОИР ҚАЛБИ СОЗДА

Сўз ва сознинг ёзилишию талаффузида ажиб бир муштараклик бор. Ва ажабким, муомалот дунёсининг тириклиги бўлмиш сўз ҳамиша соз оҳанги ила мавзунлик касб этади.

Огаҳий ҳазратларининг “Сўздур инсон кўнглида бир гавҳари қийматбаҳо” дейишида ҳикмат кўп, негаким, “Билмаган ўз қадрини не билгуси сўз қадрини”, дейди.

Унинг ғазалларини мутолаа этганингиз сари меҳрингиз ошиб бораверади, чунки Огаҳий ҳар бир сўзга заргарлардек сабр ва собитлик билан сайқал беради. Шоир бир ғазалида кўнгил денгизидаги заххор (лиқ тўла) сўз маъни шоҳидиға зевар бўлса, покиза гавҳарга айланади дейди:

Кўнгил бир баҳри заххору ондадур покиза гавҳар сўз,
Вале шарт улки маъни шоҳидиға бўлса зевар сўз.

Огаҳий битикларидаги сержило оҳанг, мусиқий мунавварлик алоҳида таҳсинга лойиқ. Шоир ғазаллари беихтиёр куйга тушиб кетаверади:

Ашкима гар канора йўқ, бўлмаса бўлмасун нетай,
Оҳима ҳам шумора йўқ, бўлмаса бўлмасун нетай.

Шоир ғазалларидаги оҳанг ўйноқилиги, сўз кўркини жилолантиргани билан бир қаторда ғояни кучайтирганлигига ҳайратланмай иложингиз йўқ:

Келиб ногоҳ мени ул қоши ё ўлтирмай ўлтирди,
Отиб мужгон ўқин, айлаб жафо ўлтирмай ўлтирди.

Мавлоно хоҳ табиат, хоҳ ижтимоий-сиёсий, хоҳ ишқу муҳаббат – қай мавзуда қалам тебратмасин, ўз ҳаётига қисман ёндашиб ўтади:

Қилма ҳавас, э Огаҳий, эмди йигитлик айшини,
Ким етти умринг муддати эллик ети ёш устина.

Ёинки:

Шоҳи замон лутфидур тенг ёвуқу йироқғаким,
Файзи нигоҳи еткуси ҳам бийигу ашоқғаким,
Боқмаса ул боқар эди ман каби бир чўлоқғаким,
Муддати умрин, Огаҳий, чексун уғон узоқғаким,
Айшу тараб замонидур шоҳи жаҳон замонаси.

Огаҳийнинг 20000 мисрадан зиёдроқ назм дурдоналарини ўзида жам этган “Таъвиз ул-ошиқин” (“Ошиқлар тумори”) девони абадул-абад ишқ аҳлининг тумори бўлиб қолади.

ТАРИХНАВИС ВА МУТАРЖИМ

Огаҳий тарихнавис олим сифатида беқиёс из қолдирган улкан илм соҳибидир. Амакиси Мунис ёзиб улгурмаган “Фирдавс ул-иқбол” (“Бахт боғи”) асарининг Муҳаммадраҳимхон I (1813 –1825 йиллар) хонлиги даврига бағишланган қисмини Оллоқулихон буйруғи билан 1842 йилда ёзади.

“Фирдавс ул-иқбол” асарини тугатганидан кейин Огаҳий 5 та мустақил тарихий асарларини яратган: “Риёз уд-давла” (“Саодат бўстонлари”) – Оллоқулихон ҳукмронлиги даври, (1825–1842), “Зубдат ут-таворих” (“Тарихлар сараси”) – Раҳимқулихон даврига оид (1843–1846), “Жоме ул-воқеоти султоний” (“Султонлик воқеалари тўплами”) – Муҳаммадаминхон, Абдуллахон, Қутлуғмуродхон даври (1846–1855,56), “Гулшани давлат” – Саййидмуҳаммадхон даври (1856–1865), “Шоҳиди иқбол” – Муҳаммадраҳимхон Соний – Феруз ҳукмронлигининг (1865–1873) қарийб 10 йиллик даврини ўз ичига олади.

Огаҳийнинг таржимачилик борасидаги маҳорати хусусида кўп ёзилган, ҳали кўп ёзилажак. Айниқса, филология фанлари доктори, огаҳийшунос олим профессор Нажмиддин Комилов тадқиқотлари бениҳоя улкан таҳсинга лойиқ. У киши Огаҳий таржималарини асл нусхалар, бошқа таржималар билан солиштириб, ҳазрат иқтидорига, қойил қолиб, ниҳоятда юксак баҳо берган. Н.Комиловни Огаҳийнинг таржимонлик фаолиятини ипидан игнасигача ўрганган, десак муболаға бўлмайди. Негаки, проф. Н.Комилов нафақат номзодлик, балки докторлик диссертациясини ҳам ҳазрат Огаҳий ижодига бағишлаган устод ҳисобланади.

Саъдийнинг “Гулистон” асари таржимаси хусусида тўхталиб, шундай ёзади: “Тасвирланишича, бир доно одам бир паҳлавон йигитни учратадики, у ниҳоятда ғазабланиб, қўлига тош олиб турибди. Доно атрофдагилардан бунга нима бўлди, деб сўраганда, улар фалон киши танбеҳ берди, деб жавоб берадилар. Шунда у: “Ин фурўман ҳазор ман санг бармедораду тоқати сухане намеорад”, деб ўтиб кетади. Бу жумлани Огаҳий: “Бу бечоранинг минг ботмон тошни кўтармакка қуввати бордур, бир сўзни кўтармакка тоқати йўқдур” деб ўгирган. “Фурўман” сўзининг луғавий маъноси асли, насаби паст, демакдир. (Муродхўжа “паст ва бадасл” деб таржима қилган). Аммо Огаҳий уни “бечора” деб ўгирган. Бу тўғрими? Агар ҳикоятнинг умумий мазмуни ва доно сўзининг оҳангини назарга олсак – бу тўғри. Сабаби, бу сўз жисмоний бақувват бўлиб, маънавий ожиз бўлган паҳлавонга нисбатан кесатиқ маъносида ишлатилган, соҳибдил унинг важоҳатидан кулади. Шунинг учун Огаҳийнинг уни ўзбек тилида таъна ва киноя оҳангини ифодаловчи “бечора” сўзи билан ағдариши айни муддаодир”.

Бу Огаҳийнинг битта асардаги, битта жумласидаги маҳорати. Огаҳий таржималарини илмий ўрганиш бизга катта мактаб вазифасини ўташ билан бирга таржимашунослик сир-асрорларидан воқиф қилади, бадиий ва илмий салоҳиятимизнинг янада сайқаллашишига ёрдам беради. Ҳазрат мумтоз асарларни туркийга ўгириб, ўзбек адабиёти хазинасининг бойишига муносиб ҳисса қўшган аллома ҳисобланади.

Иқтидорли олим Нурёғди Тошев “Жоме ул-воқеоти султоний”нинг Тошкент нусхаси: “Огаҳий дастхатими?” мақоласида: “Муҳаммадризо Огаҳий ҳақли равишда энг сермаҳсул ва серқирра қаламкашлар қаторида эътироф этилади. У йирик шеърий девон ва тарихга оид 6 та асар битган, бундан ташқари, 19 та бадиий, тарихий ва бошқа жанрлардаги асарларни форс тилидан, битта асарни усмонли турк тилидан эски ўзбек тилига ўгирган. Саналган 27 та асардан 23 таси кўплаб нусхаларда бизгача етиб келган”, деб ёзади.

Огаҳий авваламбор баракали ижод қилган улкан шоир. Навоий, Фузулий, Бедил, Мунис ва бошқа кўплаб шоирлар ғазалларига мухаммаслар боғлаб, Хоразм адабий муҳити равнақига катта ҳисса қўшган. Биргина Навоийнинг қирққа яқин ғазалларига чиройли мухаммаслар битиб, ҳазрат ижодининг халқ ўртасида оммалашишига кенг йўл очган.

Огаҳий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тадқиқ қилиш борасида муайян ишлар қилинди. Р.Мажидий, С.Долимов, А.Қаюмов, Қ.Муниров, Ф.Ғанихўжаев, А.Абдуғафуров, И.Ҳаққулов, Н.Комилов, Ҳ.Абдуллаев, Н.Жабборов, Н.Тошев каби ўнлаб таниқли олимлар, адабиётшунослар яратган рисолалар, монографиялар алоҳида диққатга моликдир. Истиқлол туфайли бу хайрли иш кўлами янада кенгайди. Бугунги кунда, шоир таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан олимлар, адиблар, айниқса ёш тадқиқотчилар Огаҳий ҳаёти ва ижодини чуқур таҳлил қилишга киришдилар.

Бой адабий меросга эга XIX аср Хоразм адабий муҳитини Огаҳийсиз тасаввур қилиш қийин. Ана шу катта адабиётнинг вориси Огаҳий ҳазратлари Феруздек, Комил Хоразмий, Комил Девонийлардек забардаст шогирдлар етиштирди, ўзидан катта адабий-тарихий мерос қолдирди.

Комил Аваз,

Огаҳий номидаги жамғарманинг фахрий раиси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил 10-сон.