Каромат Муллахўжаева. Абадиятнинг шоҳ шоири

http://n.ziyouz.com/images/babur1.jpg

Ўзбек адабиётининг йирик намунаси — “Бобурнома”нинг жаҳон маданияти тарихида муайян ўрни бор. “Шарқ Сезарининг комментариялари” (Ҳерман Вамбери) деб баҳоланган ушбу асарда шоир, шоҳ ва саркарда Бобурнинг дунёқараши, қомусий билимлари, нозик диди ўз ифодасини топган, мураккаб ҳаёт йўли бетакрор бўёқларда тасвирланган.

“Бобурнома” тарихий ҳақиқатни ўзида мужассамлаштирган асар. Адиб унда ўз кўрган-кечирганларини ҳаққоний тасвирлайди. Бадиий бўёқларни қўлласа-да, воқеаларни бўрттирмайди, ҳаётий қиёслардан фойдаланади. Тарихий воқеаларни баён қилиш, тасвирлаш устунлик қилса-да, “Бобурнома” жозибадор. Асар шоирона қалб ва ҳаёт ҳақиқатининг ўзига хос уйғунлашуви ҳосиласи экани сезилиб туради. Муаллиф ўзи қаламга олаётган воқеаларни оқ ва қора рангларда кўрсатишдан чўчимайди. Яхши ва ёмон сифатлар бир-бири билан ёнма-ён келади. Отаси ҳақида гапирадими, яқин кишиларини таъриф-тавсиф қиладими, ўз принсипидан воз кечмайди.

Иккинчи муҳим жиҳат эса, “Бобурнома”да муаллифнинг ўз-ўзига муносабати тасвири. Ўзи билан боғлиқ воқеаларни инкишоф этганида, кўнглида борини ёзишга қудрати етганлиги аллома Бобурга хос муҳим жиҳатдир.

“Илгари яхшими, ёмонми, жиддийми ё ҳазилми, нима хаёлимга келса, мутойиб йўли билан баъзан шеър қилиб айтардим. Жуда ёмон ва қўпол шеър бўлса ҳам ёзиб қўйиларди. “Мубаййин”ни шеърга солаётган чоғим ожиз хаёлимга ва маҳзун кўнглимга сўзларни бундай қайд этган тилга ва фикрини ёмон сўзларга сарфлаган кўнгилга ҳайф, бундай маънони пайдо қилган ва яна қўпол хаёлларни хотирга келтирган ундай кўнгилга афсуслар бўлсин, деган фикр келди.” Адибнинг бу каби маърифий фикрлари, ўз-ўзини ислоҳ қилиш йўлидаги уринишлари асарнинг кўп ўринларида учрайди, бу китобхоннинг Бобур шахсига бўлган қизиқишининг ортишига сабаб бўлади. “Бобурнома”ни мутолаа қилиш жараёнида муаллифнинг ўз-ўзини тафтиш этиш, ўз-ўзини англаш йўлидаги изтироблари беихтиёр китобхонга ҳам кўчади. Айни шу жиҳат унинг яхши асар эканидан далолатдир. Зеро, дунёдаги барча яхши китоблар улардаги дарднинг китобхон дардига айланиши билан бир-бирига ўхшаб кетади.

…Бир сафар йигитлари билан Кобул сари отланган Бобур қаттиқ бўронга дуч келадилар. Ёғингарчилик шу даражада кучаядики, охир-оқибат йўл ёпилади. шунда йигитлар белигача, кўксигача қорга ботадилар. Ҳалокатдан қутулиш учун ўзларига йўл очадилар. Бобур бу воқеани шундай эслайди: “…Ана шу куни қаттиқ бўрон кўтарилиб, қор ёғарди. Барча ўлим ваҳимасига тушди… Ғорга етганда, қор қуюни тезлашди. Ушбу ғор қошида тўхтадик… Кўплар от устида тонг оттирди, ғор торроқ кўринди. Мен ғорнинг оғзида курак олиб, қор курадим, қорни кўксимгача қазидим, сира ерга етмасди. Бироз шамолдан пана бўлди, ўша ерда ўтирдим. Ҳар қанча: “ғорга киринг”, дейишса ҳам кирмадим. Барча эл қору бўронда, мен эса иссиқ уйда истироҳатда ўтираманми, деб ўйладим. Мунда барча эл ташвиш ва машаққатда, мен бу ерда уйқую фароғатда бўлайми?! Бу мурувват ва ҳамжиҳатликдан йироқ ишдир. Мен ҳам ҳар ташвиш бўлса кўрайин, ҳар нечук эл тоқат қилиб турса, турайин. Бир форсий мақол бор: “Дўстлар билан бирга топилган ўлим — тўйдир”.

Бобур ҳаётида бу сингари ўзгаларга ибрат бўладиган аъмоллар жуда кўп. Бу унинг ўз хатоларини яширмасдан, ошкор ифодалашида худди рубоийларидаги каби “Бобурнома”да ҳам ифода топаверган. Демак, шоир учун бадиий жанрлар муайян қолип, муҳими — фикр. Унинг фикрлари эса маърифатли эди.

Бутун умрини йўқотиш ва топиш синовлари билан кечирган, ўзгалар ғами билан яшашга ўрганган шоҳ Бобур фарзандларининг ҳам комил бўлиб улғайишини ўйлади, шу ҳақда қайғурди, уларнинг тарбияси билан шуғулланишни муҳим деб билди. Бинобарин, Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома”си, фарзандларининг гўзал шеърлари, “Девон”лар, уларнинг нозик таъблари-ю ўткир дидларини фақат қондан ўтиб келган, деб бўлмас. Бу — Бобурнинг тарбияси. У “Хатти Бобурий”ни яратди, “Мусиқа илми”, “Ғарб илми” каби асарларни ёзди. Булар, энг аввало, фарзандлари ўқиши, ўрганиши зарур бўлган китоблар эди. Мукаммал ахлоқ эгасини шакллантиришга мўлжалланган “Мубаййин” асари фақат дилбандларининг эмас, балки ўша даврдаги барча мўмин-мусулмонлар учун дастуриламалга айланган эди, бу асар бугун ҳам тарбиявий қимматини йўқотмаган.

Бобур қисматнинг шоири эди. Ўз борлиғида шоҳлик билан шоирлик қисматини уйғунлаштиролган дилбар инсон. У шоҳлик азоб-уқубатларини, қувончу шодликларини, бахту фожиа­сини шоирлиги туфайли тўғри англади, дунёни мукаммалроқ идрок этди, ўзгалар қалбига кириб бора олди. …Ва шу жиҳатлари билан абадиятнинг шоҳ шоири бўлиб қолади.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).