Истиқлолга эришганимиздан кейин халқ оғзаки ижодига бўлган эътибор янада ортиб, янгича мазмун ва моҳият касб этди. «Алпомиш», «Гўрўғли» каби ўлмас достонлар, бебаҳо қўшиқ, эртак, мақол ва маталларимизнинг янгидан-янги нашрлари босилиб чиқди. Биргина мақолни оладиган бўлсак, кейинги ўн йилда ҳам кирилл, ҳам лотин алифбосида жуда кўп нусхаларда чоп этилиб, китобхонларнинг қўлига тегди.
Бироқ гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, айрим нашрлардан кўнгил тўлмаётир. Сабаби, уларда на халқ оғзаки ижодининг ўзига хос хусусиятлари, на муаллифлик ҳуқуқи эътиборга олинган. Ҳатто оддий имловий хатоларни тузатишга ҳафсала қилинмагани ачинарли ҳолдир. «Ўзбек халқ мақоллари. 65 мавзуда мақоллар гулдастаси» (“Янги аср авлоди”, Тошкент, 2013) китобини бу фикрга бир мисол сифатида келтириш мумкин. Ушбу «гулдаста»ни М.Қутлиева нашрга тайёрлаган, сўзбоши муаллифи У.Бекмуҳаммад.
Одатда халқ оғзаки ижоди намуналари мазкур соҳанинг заҳматини чекиб, унинг пасту баландини биладиган малакали мутахассис томонидан нашрга тайёрланади ёки нашр ишида соҳа ходимлари фикрига таянилади. Зеро, фольклор илмнинг хийла мураккаб тармоқларидан бири. Шу боис тадқиқотчи ва ноширдан фақат ўз соҳасини эмас, тил, тарих, этнография, фалсафани ҳам билиш талаб этилади. Фольклор дейилганда, инсоннинг ўй-кечинмалари, у яратган бадиий ижод намуналаридан тортиб, унинг яшаш тарзи, моддий-маиший ҳаёти яхлитликда олиб қаралади. Фольклор анъаналар ичида яшаб, бу анъаналарни авлодларига мерос қолдираётган инсон ва уни қуршаб турган олам ҳақидаги мукаммал билим мажмуасидир. Шунинг учун ҳам, эҳтимол, устозларнинг фольклоршунос бўлишдан олдин фаннинг бошқа соҳаларида ўзини кўрсатиб, маълум бир илмий тажриба тўплашни талаб этишлари бежиз эмасдир.
Шундай экан, халқ оғзаки ижодидаги муайян жанрга мансуб асарни нашрга тайёрловчи ёки тузувчи ўзидан бу соҳада билимим етарлимикан, деб қайта-қайта сўраб, ўйлаб кўриши зарур. Акс ҳолда, қош қўяман деб кўз чиқариб қўйиш ҳеч гап эмас.
«Ўзбек халқ мақоллари. 65 мавзуда мақоллар гулдастаси» китобида халқ оғзаки ижоди ва фольклоршуносларимиз меҳнатига беписанд қаралганига гувоҳ бўламиз. Ҳар бир саҳифадаги хатолар, китоб мавзуларига мақоллар ноўрин киритилгани, мазмунига қарамай қўшиб юборилгани ҳам шундан далолат беради.
Маълумки, мақолларни мавзуларга туркумлаш машаққатли иш. Минглаб саҳифалар орасидан энг мақбул мақолларни танлаб олиб мавзусига қараб таснифлашга бир одамнинг умри баъзан камлик қилади. Ўзбек халқ мақоллари Ҳоди Зарифов, Тўра Мирзаев, Баҳодир Саримсоқов, Зубайда Ҳусаинова ва Асқар Мусақулов сингари фидойи фольклоршунос олимларимизнинг кўп йиллик меҳнатлари самараси ўлароқ ранг-баранг мавзуларга ажратилиб, бир неча бор чоп этилган. 1989 йилги ҳамда 2003, 2006, 2009 йилги нашрларда 70 дан зиёд мавзудаги мақоллар жамланган.
Мақол жанрининг ўрганилиш тарихи эса, Маҳмуд Кошғарийдан бошланади. «Девону луғатит турк» асаридан 400га яқин мақол ва матал жой олганки, улар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Гулханий сингари мумтоз адибларимиз ўз ижодларида мақолдан унумли фойдаланишган. Бироқ китобдаги «Фикрлар қаймоғи» сарлавҳали сўзбошини ўқиган ўқувчида мақолларимиз тарихи Ҳерман Вамбери ва Мулло Исҳоқ билангина боғлиқ экан-да, деган тасаввур уйғонади. Ваҳоланки, сўзбошида мақол жанри, унинг ўзига хос хусусияти, ушбу нашрнинг мақсад ва вазифалари ҳақида фикр юритилса маъқул бўларди. Бироқ сўзбошида мақол жанри бир четда қолиб, Мулло Исҳоқ ва Ҳерман Вамбери ҳаётига доир барчага маълум маълумотлар келтирилади ва: «Маълумки, мақол — халқ ижоди ҳақидаги жанр», деган хулосага келинади (4-бет). Бундай мантиққа зид, чучмал фикрларга икки саҳифали сўзбошида бир неча бор дуч келдик.
Аслида бу сўзбоши китоб учун махсус ёзилмаган, балки У.Муҳаммаднинг матбуотда чоп этилган «Европага тарқалган ўзбек мақоллари» (“Даракчи” газетаси, 2011 йил, 9 июнь 23-сон) мақоласи ўзгартиришсиз ушбу “гулдаста”га кириш сўз сифатида киритилган.
Нашрга тайёрловчи бу китобнинг юзага келишида астойдил «тер тўккан» чамаси, олдинги нашрлардаги 70 дан зиёд мавзуни қисқартириб 64 (муқовада 65 деб хато ёзилган) мавзуни, 10.000га яқин мақолдан фақат 3343 тасини тақдим этган. Аммо олдинги нашрлардан тўғри кўчиришга ҳафсала қилмаган кўринади. Ҳатто айрим мустақил икки мақолни қўшиб, бир мақол сифатида тақдим этади. Мисол учун: «Кириб чиқма, билиб чиқ — куйгандан кул чиқар» (162-бет). Ёки бунинг акси — битта мақол иккига ажратилиб, иккита мақол сифатида берилган: «Кўздан тушган кўнгилдан ҳам нари» (110-бет), «Кўздан тушган тилдан ҳам тушар» (110-бет).
Бундан-да афсусланарлиси, китобга «Гўдак жон бераётганда алвасти ҳам қайғуради» (95-бет) каби сохта мақолларнинг киритилганидир. Илгариги нашрларнинг бирортасида бундай мақол йўқ. Зеро, ҳеч бир ўзбек бундай демайди ҳам. Қолаверса, «Бахт, омад ва бахтсизлик» мавзусига бу «мақол»нинг нима алоқаси бор? Уни қандай қабул қилиш керак? «Фойдасиз маслаҳат эчкининг қулоғига дўмбира чертгандек гап» (179-бет), «Фарзанднинг кўпи яхши, бири кофир бўлса, бири мусулмон» (132-бет) каби мақоллар ҳам сохтакорликнинг айнан ўзидир.
«Игна йўқотгандан сигир йўқотган гумонсирар» (140-бет) мақолини ўқиб беихтиёр игна йўқотган одамдан нега сигир йўқотган одам гумонсираши керак, деб ўйланиб қоласиз. Бунда мантиқсизлик шундоқ кўриниб турибди. Аслида эса бу мақол қуйидагича: «Игна ўғирлагандан сигир йўқотган одам гумонсирар».
Ноширнинг масъулиятсизлиги оқибатида бир қанча мақолнинг мақоллик хусусияти йўқолиб, жўн, мазмунсиз жумлаларга айланиб қолганки, уларни китобнинг исталган саҳифасидан топиш мумкин. Мана бир неча мисоллар: «Чиройлилик мурод эмас, хунуклилик уят» (88-бет), «Бузоқдан олдин қоқилмас» (106-бет), «Уй қиз — учирма қуш» (131-бет), «Бахтсиз қудуққа кирса ҳам қум ёғар» (94-бет), «Ростини айтсанг урарлар, ростини айтсанг суярлар» (149-бет), «Номард душмандан мард дўст яхши» (69-бет) каби мақолларнинг тўғри варианти эса «Чиройлилик мурод, хунуклик уят эмас», «Бузоқдан олдин қозиқ қоқилмас», «Бўй қиз — учирма қуш», «Бахтсиз қудуққа кирса қум ёғар», «Ростини айтсанг урарлар, хушомадни суярлар», «Номард дўстдан мард душман яхши»дир.
Халқ оғзаки ижоди намуналарида — хоҳ достон, қўшиқ, мақол ёки матал бўлсин — биргина сўзнинг ўзгариши билан матн маъноси бутунлай ўзгариб кетиши, оҳанги, бадииятига путур етиши мумкин. Масалан, «Бефойда ўғридан бўш кунда яхши» (178-бет). Бу гапни ўқигач ўғрининг ҳам фойдалиси бўлар экан-да, деган хаёлга боради китобхон. Аслида эса «Бефойда ўғирдан, бўш кунда яхши», дейилганда бу чиндан мақол сифатида қабул қилинади.
Мақол — донолик, донишмандлик рамзи. Уни тўғри ўқиб, тўғри англаш ва бошқаларга етказиш алоҳида лаёқатни талаб қилади. Бунда ғўрлик, масъулиятсизликка эрк бериб бўлмаганидек, билиб-билмай ўзлаштиришга ҳам йўл қўйилмайди. Мақолларни нашрга тайёрлаб, уни кўпчиликка манзур этаман, деган одам аввал уларнинг мағзини чақиб кўриши керак.
Халқ ижоди, фольклор асарлари миллатнинг умуммулки, ҳеч ким уларга муаллифликни даъво қилмайди. Бироқ бу — дуч келган киши истаган фольклор намунасини бемалол кўчириб босавериши мумкин, дегани эмас. Қолаверса, бирор-бир фольклор асари ўз-ўзидан китоб ҳолига келиб қолмайди, уни кимдир минг-минглаб саҳифалар орасидан чанг ютиб, умрини бағишлаб, танлаб, саралаб, заҳмат чекиб китоб шаклига келтиради. Демак, муайян фольклор асарини чоп этишдан бурун уни илк бор нашрга тайёрлаганларнинг меҳнатини инобатга олиш ҳам қарз, ҳам фарз.
«Ўзбек халқ мақоллари. 65 мавзуда мақоллар гулдастаси» китоби 5000 нусхада чоп этилган. Боз устига бу иккинчи нашр. Демак, ушбу нашр турли ёшдаги минглаб ўқувчиларда халқимиз тафаккурининг бебаҳо дурдонаси ҳисобланган мақоллар ҳақида нотўғри тасаввур уйғотган. Ахир, «Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин», деган мақол бежиз айтилмаган.
Жаббор Эшонқул,
филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 14-сон