Эркин Миркомилов. Бобур ва Ҳусайн Хоразмий

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1526 йили Ҳиндистонни эгаллагач, кўплаб илм аҳллари унинг ҳузурига кела бошлаган. Айниқса, Исмоил Сафавий Хуросонни босиб олгач, Хуросон, хусусан, Ҳиротдаги олим ва шоирлар Бобур саройидан паноҳ топадилар. Бобурнинг ўзи ҳам олим, шоир ва табиблардан баъзиларини хат ёки элчилар орқали ўз ҳузурига чақиртиради.

Бобур ҳаёти ва ижодида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор катта из қолдирган. Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» тазкирасида: «Подшоҳнинг (яъни Бобурнинг) нақшбандия олий хонадонига иродат нисбати бор эди. Юқори шон-шавкатли бобоси ва салтанат нишонли отасининг ҳазрат Хожа Аҳрорга иродати бўлган. Бобур подшоҳ ҳам бу улуғлар хонадонига нисбатан иззат-икромни соатма-соат оширар ва бирон дақиқа бу ишни канда қилиб, ғафлатда қолмас эди», деган маълумотлар келтирилади.

Хожа Аҳрор «Волидия» асарини отасининг истаги билан ёзганлиги кўпгина манбаларда алоҳида таъкидлаб ўтилгани маълум. Унда тариқат йўлига кирган кишининг ахлоқ-одоби, фақр ва фано тушунчалари ҳақида сўз боради. Бобур касал бўлиб қолганда касалидан шифо топиш мақсадида Хожа Аҳрорнинг «Волидия» асарини форс тилидан ўзбек тилига шеърий таржима қилади.

Бу таржима ҳозирги кунда Туркиянинг Истанбул университети кутубхонасида 3743-рақам остида сақланувчи «Бобур девони»га кирган. Рисола чиройли настаълиқ хатида ёзилган, унинг 12а- варағида «рисолани бевосита муаллиф — унинг мулкини боқий қилсин — ёзган муборак нусхадан кўчирдим ҳамда ўқувчиларга манфаатли бўлишини умид қилиб қоламан», деган маълумот бор. Лекин хаттот номи ёзилмаган. Шу нусха асосида Саидбек Ҳасанов томонидан 2004 йили асарнинг факсимилеси ва криллдаги матни нашр қилинган.

Бобур яна ихлос қўйган кишилардан бири нақшбандия тариқатининг раҳнамоси Махдуми Аъзам эди. Унинг тўлиқ исми — Сайид Аҳмад Хожагий ибн Сайид Жалолиддин Косоний Даҳбедийдир (вафоти 1544 йил). Махдуми Аъзам ўз устози Муҳаммад Қози (вафоти 1516 йил) вафотидан сўнг, Мовароуннаҳрда тариқат пешвоси сифатида эътироф этилади.

«Музаккири аҳбоб»да айтилишича, Бобур Махдуми Аъзамга иззат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида ниёз тариқасида бир бўлак олтин қуймасини ҳамда унга бағишланган рубоийсини жўнатган.

Бу форсий рубоий қуйидагича:

Дар ҳавойи нафси худи мо умри зоъи кардаим,
Пеш аҳлуллоҳ аз афъоли худ шармандаим.
Як назар ба мухлисони хастайи дил фармон ки, мо
Хожаги (Аҳмад) ро мондаим ва Хожагиро бандаим.

Мазмуни:

Нафсимиз ҳавасларида умримизни нобуд қилдик,
Энди аҳлуллоҳ (сўфийлар) олдида қилиқларимиз учун шарманда бўлдик.
Биздай хастадил мухлисларингга бир назарингни ташлаки,
Биз Хожаги(Аҳмад)ни ташлаб кетган бўлсак-да, лек биз унинг қулларимиз.

Ўз навбатида, Махдуми Аъзам ҳам Бобурга атаб «Бобурия» рисоласини ёзади ва уни Ҳиндистонга жўнатади. Унда ҳам тариқат, хусусан, нақшбандия йўлини тутганларнинг одоби, бурч ва вазифалари кўрсатиб берилади. Бу асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида сақланмоқла.

Бобур мирзо ҳазрати Шайх Худойдод Валийга ҳам жуда катта эътиқод қўйганлиги ҳақида «Ламаҳот» асарида баён қилинган. Унда ёзилишича, «Убайдуллохоннинг келаётгани хабари Бобур мирзога етгач, у амирларидан бирини ҳазрат Шайх Худойдод Валийга юбориб, фотиҳа беришни ва тарафдор бўлишни сўрайди. Ҳазрат Худойдод фотиҳа ўқигач, айтдиларким: «Ҳар ким мусулмонроқ бўлса, ўша подшоҳ бўлғусидир». Бу сўз Бобур мирзо қулоғига етгач, «Убайдуллохоннинг мусулмончилиги биздан устундур» дейди. Маълум бўладики, Бобур шайхнинг сўзларига қаттиқ эътибор бериб, жангдан воз кечади. Манбашунос олим Комилхон Каттаев ҳам «Шайх Худойдоди Вали тарихи» китобида бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтган.

Ўша даврда бошқа тариқатлар қатори кубровия тариқати намояндалари ҳам ўз таълимотларини олиб борганлар. Шулардан бири Камолиддин Ҳусайн Хоразмий (1466 — 1551) бўлиб, ҳусайния силсиласига асос солган. Бобур ўз даврида бу шайх билан юзма-юз кўришмаса-да, совға-саломлар юбориб, унинг аҳволидан воқиф бўлиб турган. Бу ҳақдаги маълумотлар тарихий асарларда сақланиб қолган. Шундай асарлардан бири Маҳмуд ибн Шайх Али ибн Имодиддин Ғиждувонийнинг «Мифтоҳ ут-толибин» («Толиблар калити») асари бўлиб, 950/1543 йили ёзилган. Асарнинг бир неча қўлёзма нусхалари бизгача етиб келган.

«Мифтоҳ ут-толибин» Ҳусайн Хоразмий ҳаёти ва фаолиятига бағишланган бўлса-да, ўша даврдаги сиёсий-ижтимоий ҳамда тарихий воқеаларни ўрганиш учун муҳим манбадир. Асарда Ҳусайн Хоразмий ва Бобур ўртасида бўлиб ўтган бир воқеанинг баёни келтирилган. Бу қуйидагича: 1527 йили март ойида Читора ҳокими Рано Санга ва Бобур орасида жанг бўлиб ўтади. Бу жангда Бобур ва унинг аскарлари бир неча марта уринишлардан кейин ҳам ғолиб кела олмайди. Рано Санга жангчиларининг қўли баланд келади. Шунда жангчиларнинг кўнглида тараддуд ва умидсизлик пайдо бўлади. Ҳатто жангчилардан бири жангга киришдан бош тортади. Бу ҳақда «Бобурнома»да: «…улуқ-кичикта дағдаға ва тараддуд кўп эди. Ҳеч кимдан мардона сўз ва далирона раъй эшитилмас эди», дейилади.

Шу пайтда Бобур ғамгин ҳолатга тушиб қолади ҳамда бир тадбир ишлатиш хотирига келади. Бу ҳақда «Мифтоҳ ут-толибин» асарида ёзилишича, Бобур бир вақтлари Самарқандга, яъни Ҳусайн Хоразмий ҳузурига кўп совғалар билан бир дарвешни жўнатади. Ҳусайн Хоразмий эса табаррукан Бобурга ўз ҳассасини юборади. Бобур жангда чорасиз бўлиб қолгач, шайхнинг ҳассасини ёнига қўйиб, тўлиқ ихлос билан Ҳазратнинг ботинига юзланади.

Шундан кейин Ҳазратдан ғалаба қилиш башоратини олади ва эрталаб туриб буни лашкарларга етказади. Лашкарлар бу башоратни эшитганларидан кейин яна ғайратга тўлиб, жангга отланадилар ва Бобурнинг қўли баланд келади. Бу жангда кўп ўлжа тушади. Бобур махсус кишилари орқали Ҳусайн Хоразмийга ниёз тариқасида бир мушт ашрафий юборади. Юборилган киши омонатни шайхга топширади ҳамда бу фақат бир нишона, агар шайх биронта ишончли кишисини юборсалар, қолган ашрафий ва совғалар ҳам у орқали бериб юборилишини айтади. Шайх омонатни қабул қилади, лекин қолганига одам юборишни хоҳламайди.

«Жодат ул-ошиқин» асарида эса Ҳусайн Хоразмийга бўлган муносабат Бобурдан кейин ҳам фарзандлари томонидан давом этганлиги кўрсатиб берилади. Ҳусайн Хоразмий ­Самарқанддан байтуллоҳ зиёратига кетаётганида Бухородаги Жўйбор мавзесига келиб бир шайхнинг уйида қўним топади. Шу аснода Ҳиндистонда ҳукм сураётган Бобурнинг ­фарзандлари номидан бир мактуб келиб қолади. Мактубда шайх сафарини Ҳиндистон орқали амалга оширишини ва улар эса зиёратларига ­мушарраф бўлишини илтимос қилишган эди. К.Каттаев ҳам Ҳусайн Хоразмийга бағишланган китобида бу ҳақда тўхталиб ўтган.

Бу маълумотлар шуни кўрсатадики, Бобур яшаган даврда учта тариқат пешволари ўз фаолиятларини тенг олиб борганлар. Булар — нақшбандия тариқати пешвоси Махдуми Аъзам Даҳбедий, яссавия тариқати пешвоси Шайх Худойдод Валий ҳамда кубровия тариқати пешвоси Шайх Камолиддин Ҳусайн Хоразмий. Бобур ҳам уларнинг қайси тариқатда бўлишларига қарамай, ҳаммаларига ҳурмат кўрсатиб, улар билан мустаҳкам алоқада бўлган. Ўз ўрнида уларга мурожаат қилиб, ҳаёти ва фаолияти давомида улардан маънавий қувват олиб турган.

Айтиш мумкинки, Бобур ўз асарлари орқали илм-фан ривожига катта ҳисса қўшиш билан бирга, илм аҳлларига ҳам катта ғамхўрлик кўрсатган. Ўзи гарчи Ҳиндистонда яшаб ўтган эса-да, Мовароуннаҳрдаги тасаввуф пирлари билан мустаҳкам алоқада бўлиб, ёзишмалар олиб борган, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган. Бу — Бобурнинг олижаноб қалб эгаси ва адолатли ҳукмдор бўлганини яна бир карра ­исботлайди.

Эркин Миркомилов,

ЎзР ФА Шарқшунослик институти илмий ходими

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 11-сон