Алишер Навоий ижодининг бир муҳим фазилати шундаки, асарларида ўз даврининг нодир воқеалари, урф-одатлари, улуғ ёки оддий инсонлар ҳаёти, турмуш тарзидан қизиқарли лавҳалар, ижодкорларнинг ижод намуналари ҳақидаги тасвир, изоҳлар баёнининг маҳорат билан берилишидир. Бу ҳақда таниқли навоийшунос Н.Маллаев: “Навоий ижодиёти у яшаган муҳитнинг бадиий қомуси, мураккаб халқ тарихининг равшан кўзгусидир. Унда инсон ҳаёти ва фаолиятининг ранг-баранг соҳалари ўз ифодасини топган. Бинобарин, Навоий мероси турли илм соҳалари учун бой ва қимматли манбадир”[1], деб тўғри таъкидлаган. Шундай қимматли манбалардан бири шоирнинг 1493 йилда ёзган “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асаридир.
Навоий ўз асарида Паҳлавон Муҳаммаднинг “Қуштигир” (форсча яккама-якка кураш тушувчи, полвон, паҳлавон[2]) тахаллуси билан ғазал, муаммо, рубоий, қитъа, маснавий каби жанрларда ҳам баракали ижод қилганлиги ҳақида маълумот берар экан: “Ва шеър ва муаммо бобида илмий ва амалийсида Паҳлавон соҳибвуқуф ва жалд эрди, ул навъким замон шуаросининг юзидин онча шуур ва вуқуф йўқтур ва аксар назм аҳли ҳар навъ шеър айтсалар эрди – Паҳлавон назариға еткурурлар эрди ва анинг ислоҳ ва тағйир ва табдилин қабул қилур эрдилар ва ўзининг дағи шеър ва муаммо фаннида табъи мулойим эрди”[3], деб таърифлайди. Жумладан, дўстининг муаммо ёзишдаги бетакрор усули ҳақида “Муаммо тарихида худ мухтариъ эрди”, яъни у муаммо фанида (жанрида) янгилик яратувчи эди деб ёзади. Рубоийлари тўғрисида “Ва яхши рубоийлари бор. Хоҳ бир маҳалда биров учун айтғон, хоҳ бировнинг руқъасиға жавоб юборғон”, яъни ўзига келган мактубларга жавоб хатини асосан рубоийда ёзиб юборишини таъкидлайди. Бундай ўзига хос ижодий ҳолатни Навоий устози Абдураҳмон Жомийда ҳам кузатганини “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида унинг руқаълари мисолида қайд этган. Унинг маснавийларини эса “Дағи яхши сўз маснавийси ҳам борки, назм аҳлининг мутааййинлариға ул навъ абёт воқеъ бўлмайдур” (109), деб юксак баҳолаган.
Маълумки, халқимиз орасида алоҳида ҳурматга сазовор кишиларни ва келин-куёвларни кутиб олиш учун йўлига, оёғи остига атлас, шоҳи, ипак, хитойи жинси каби матолардан ёки гиламдан пояндоз (пояндоз – форсча остонага, оёқ остига тўшаладиган гилам ёки ипак мато[4]) солинади. Қарангки, атлас пояндоз солиш одатини “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарида Паҳлавон Муҳаммаднинг битиб қолдирган бир қитъасида учратамиз. Қитъада ҳам ҳаётий, ҳам бадиий тасвирлар борки, улар бизни, биринчидан, бу ноёб тасвирлар Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро ва Паҳлавон Муҳаммаддек улуғ сиймоларининг ибратли муносабатлари, фазилатлари қаторида уларнинг ўзаро ижодий мулоқотлари билан ҳам таништиради, иккинчидан, шоир даврида (ҳозир ҳам) мавжуд бўлган атласдан пояндоз солиш одатидан хабардор қилади.
Навоий “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарида устози Паҳлавон Муҳаммаднинг қизиқ ва нодир воқеа баёнига бағишланган қитъаси ҳақида ва у бино қилган лангар (йўловчилар қўниб ўтадиган жой; камбағал, етим-есирларга овқат улашадиган ғарибхона ҳам лангар дейилади) тўғрисидаги маълумоти исботи учун устози Паҳлавон Муҳаммаднинг бир “мулойим қитъа”сининг ёзилиш тарихига тўхталган. Унинг ёзишича, устози “Султоний” номли ажойиб анҳор ёқасида жамоат манфаатини назарда тутиб ҳар томонлама обод бир хайрли маскан-мусофирхона қурдиради. Навоий ҳолотда Паҳлавоннинг такяси ҳақида ҳам алоҳида маълумот берар экан, кеча-кундуз одамлар билан гавжумлиги борасида шундай ёзган: “Кечароклик ва кундузлик йигирма тўрт соатда Паҳлавоннинг такъясида хоҳ сафарда, хоҳ ҳазарда табх иштиғолидин фароғат йўқ эрди, турлук-турлук атъима эрди. Андоқки, бу неъмату ағзиядин фуқаро ва масокину муқим ва мусофир маҳзуз эрдилар” (112). Бахтли тасодифни қарангки, овдан қайтаётган Ҳусайн Бойқаро Паҳлавон Муҳаммад суҳбатидан баҳра олиш учун мусофирхонага ташриф буюради, аммо бу бахтли дамда Паҳлавон Муҳаммад мусофирхонада бўлмайди. У мусофирхонасига қайтар экан, шоҳнинг ташрифини эшитиб, ўзининг шоҳ истиқболига чиқа олмаганидан иккиланиш (афсус, аттанг – Б.Р.) ва афсусланиш, таъсирланиш билан узрини ифодалаб, ҳозиржавоблик билан “мулойим қитъа” ёзиб, саройга – Ҳусайн Бойқаро ҳузурига юборади. Қитъада у Ҳусайн Бойқарони шарафлаб, “Шоҳ – Оллоҳнинг ердаги соясидир”, деган пурмаъно ҳикматни мисралар қатига сингдиради. Муболаға санъатини қўллаб, менинг номимдан шоҳнинг оёғи остига атласдан пояндозни осмон фаришталари солибди, дея олқишлайди, ғулув санъати воситасида эса мен атлас пояндоз ўрнида ўз жонимни ҳам ҳадя қилар эдим, дея шоҳнинг ташрифини самимий бир ҳурмат ва чексиз фахр билан шарафлайди. Шоҳнинг ташрифидан сўнг Паҳлавон Муҳаммад мусофирхонаси янада машҳурликка юз тутган. Бўлиб ўтган воқеаларни ўша пайтда устозидан эшитган ҳазрат Навоий ҳам таъсирланган бўлса керакки, энди у устозининг нурли хотираси учун “мулойим қитъа”си мисолида маълумот бериш вазифасини ўз олдига мақсад қилиб қўяди ва асарда бу воқеани мароқ билан гўзал бир шаклда битиб қолдиради. Шоир, бир томондан, ушбу қитъанинг ёзилишига сабаб бўлган ижодкорлар ҳомийси, маърифатпарвар ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро сиймосини улуғлаган бўлса, иккинчи томондан эса у Паҳлавон Муҳаммад яратган қитъаларидан ўзига манзур ва маъқул бўлган “мулойим қитъа”ни келтириш билан кўпчиликнинг баҳра олишини истагандек. Чунончи: “Ва мулойим қитъалари бор. Ул жумладин бири будурким, жўйи “Султоний” ёқасида Паҳлавон бир лангаре бунёд қилибдурким, анинг таърифини қилмоқ – қуёшни равшанлиқға ва майни мастлиқға таъриф қилғондекдур ва бир қатла султон соҳибқирон овдан қайтғонда ул такъяға тушубдур ва Паҳлавон ҳозир эмас экандур. Бул жиҳатдан бағоят мутараддид ва мутаассир бўлубтур, ул маҳалда узр учун бу қитъани айтиб эрдиким:
Қитъа:
Такъяи моро шараф бигузашт аз чархи барин,
По ба рў афканда соя сояи Парвардигор,
Гарчи гардун атласи худ кард пояндози шоҳ,
Кош ман мебудаме то жони худ карди нисор (100).
Таржимаси: “Парвардигорнинг сояси такямга ўз соясини солиб, унинг шарафини баланд осмондан ҳам юксалтириб юборди. Агарчи осмон ўз атласини шоҳга пояндоз қилган эса-да, кошки ўзим бор бўлсайдим, жонимни нисор қилардим” (235).
Агар қитъада тасвирланган гардун атласи бирикмасига диққат қилсак, рамзий маъно ва оҳангда бу-камалакка ишорадир, демак, Султон Ҳусайн Бойқаронинг Паҳлавон Муҳаммад такясига келган вақтида осмонда етти хил рангда товланиб атлас нусха камалак пайдо бўлган. Мазкур нурли, илҳомий онларни шоир ўз қитъасида маҳорат билан яширин талмеҳ санъати воситасида Парвардигор ўзининг Ердаги соясини, яъни ҳукмдорни ўзининг гардун атласи билан шарафлабди, деган бадиий талқин қилган ва бетакрор тасвир яратган.
Паҳлавон Муҳаммад ижодидан асарда келтирилган намуналар бир-биридан таъсирли бўлса-да, айни қитъани Навоий “мулойим қитъа” деб атайди. Агар мулойим сўзининг луғавий маъносига эътибор қаратсак, Навоий мулойим сўзининг “таъсирли, ёқимли”[5] каби кўчма маъноларида қўллаган бўлиб, уни “таъсирли ва ёқимли қитъа” деб тушунишимиз мумкин
Алишер Навоий ўз асарида устози Паҳлавон Муҳаммаднинг ўзига хос матлаларини шарҳлаганда, унинг бир машҳур матласини ҳам келтиришни унутмаган. Чунончи:
Гуфтамаш: “Дар оламе ишқи ту корам бо ғам аст”,
Гуфт хандон зери лаб: “Ғам нест, кори олам аст” (108).
Таржимаси: Ёрга айтдимки: “Сенинг ишқинг оламида ишим ғамдан иборат бўлиб қолди.” У кулги аралаш мийиғида кулиб: “Нима бўпти, дунёнинг иши-шу” – деди (С. Ғаниева таржимаси (220)).
Қизиғи шундаки, Навоий бу матлани “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг тўртинчи мажлиси (устози зикри бошланган – Б.Р.)нинг “Паҳлавон Муҳаммад Гўштигирким” номли фиқрасида битган. Бу матла Ҳусайн Бойқаронинг юксак ҳадясига сазовор бўлиб, соҳиби Паҳлавон Муҳаммадга ризқу барака, шону шараф келтирган машҳур матла экан. Бу воқеа ҳақидаги маълумот “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”да учрамайди. “Мажолис ун-нафоис”да эса “Бу матлаъ Паҳлавоннингдурким, айтғонда Паҳлавонға подшоҳ минг олтин сила иноят қилди”[6], деб хабар беради.
Демак, бу матла минг олтин танга инъомга сазовор бўлган матла бўлиб, Навоий ҳам “Мажолис ун-нафоис”да, ҳам “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”да ёзиб қолдирган. Зайниддин Восифий “Бадоеъ ул-вақоеъ” номли асарининг “Паҳлавон Муҳаммад Абдусаъид ва султон Ҳусайн Мирзонинг бошқа курашчилари фазилатлари ва камолати зикрида” номли фаслида мазкур матлани келтиради, фақат Восифий “подшоҳ ўн минг олтин сила иноят қилдиларким”[7], деб ёзади. Тўпламда машҳур матла Н.Норқулов таржимасида берилган[8].
Демак, Навоий ўз асарида устозининг шоир сифатидаги маҳоратига алоҳида тўхталар экан, уни истеъдодли қалам соҳиби ўлароқ устозининг ижод бобида ҳам беқиёс шоирлардан бири сифатида таъриф-тавсиф қилади, шеърларига юксак баҳо беради. Ҳатто у “Насойим ул-муҳаббат”да хоразмлик машҳур Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги фиқрада “Паҳлавон Маҳмуддан сўнгра Паҳлавон Муҳаммад Абусаид ҳам ўз замонининг беназири эрди”[9] деган нодир эслатмани битган. Ўзбекистон Қаҳрамони С.Ғаниева таъбири билан айтганда, “Паҳлавон Муҳаммад вафотидан кейин Навоий унинг хотирасини абадийлаштириб бу рисоласини ёзган. Унда дўсти ва мураббийсининг ғоят жозибали образини яратган ҳамда характерни гўзал ва бетакрор чизгиларда очиб берган” (224). Демак, улуғ Навоий ўз асарини ёрқин ва унутилмас хотираларига таяниб ҳамда Паҳлавон Муҳаммаднинг шеърларини, хусусан, “мулойим қитъа”сини қайта-қайта мутолаа қилиб, ички бир соғинч билан ёзганини сезишимиз мумкин.
________________________
[1] М а л л а е в Н. Алишер Навоий ва халқ ижодиёти. Тошкент: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1974. 34-бет.
[2] Ш а м с и е в П., И б р о ҳ и м о в С. Навоий асарлари луғати. Тошкент: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1972. 324-бет.
[3] А л и ш е р Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. 15-жилд. Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад. Тошкент: Фан, 1999. 108-бет. Бундан кейин мазкур нашрга мурожаат қилинганда саҳифаси қавс ичида кўрсатилади.
[4] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 3-жилд. Тошкент: ЎМЭ, 2007. 285-бет.
[5] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 2-жилд Тошкент: ЎМЭ, 2006. 635-бет.
[6] А л и ш е р Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. 13-жилд. Мажолис ун-нафоис. Тошкент: Фан, 1997. 114-бет.
[7] Навоий замондошлари хотирасида (Тузувчи Б.Аҳмедов). Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1985. 183-бет.
[8] Ўша асар. 184-бет.
[9] А л и ш е р Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. 17-жилд. Насойим ул-муҳаббат. Тошкент: Фан, 2001. 302-бет.