Туркистон форсийзабон ё туркий тилдаги мумтоз адабиёти тарихига бағишланган дарслик ва қўлланмаларнинг бирортасида машҳур тазкиранавис адиб Абдулмуталлиб Фаҳмийга оид тузукроқ ахборот топиб бўлмади. Бироқ бир қанча машҳур олимларнинг мақолаларида у тўғрида қисқача маълумот учради, холос. Уларнинг барчаси Фаҳмий XVIII асрда яшаб, ижод этганини ёзади. Бу маълумотлардан адиб тахминан 1710–1770 йиллар доирасида яшагандек таассурот туғилади. Гарчи йилларда аниқ чегара бўлмаса-да, у ўқувчида қарийб бир асрдан бери сақланиб турган энг содда таассуротдир. Айнан соддалиги ва шубҳадан холидек туюлганлиги туфайли шу пайтга қадар бирор ўқувчи уни тафтиш қилишни ўйламаган. Аммо кутилмаганда бизда шубҳа пайдо бўлди. Балки бизгача ҳам қайсидир ўқувчида шундай вазият юзага келгандир…
Аввало муҳтарам устозларнинг фикрларини келтирайлик: профессор Абдурауф Фитрат: “Биз П. Вяткиннинг “Йўқ” дейишига қарамай, XVII — XVIII асрларга оид маъхазларнинг биринчиси самарқандли Муҳаммад Бадиъ Малеҳонинг 1688–1691 йилларда ёзилған “Музакир ул-асҳоб” исмли тазкираси, иккинчиси 1763 йилда Абдул Муталлиб Хўжа Фаҳмий томонидан ёзилған “Мажмуайи Фаҳмий”, учинчиси…”; Пўлатжон Домулла Қайюмов: “Ҳижрий ила 1177нчи йилда (1763-64) таълиф этилмиш “Мажмуаи Абдулматлаб” номли тазкирадан олиб “Намунаи адабиёти тожик”да муҳтарам устод Садриддин Айний кўрсатмишлар эди. Мен бундин олдим”; филология фанлари доктори Абдурашид Абдуғафуров: “Масалан, Абдулмуталлиб Хожаи Фаҳмийнинг 1177 ҳижрий (м. 1763) йили тузилган тазкирасида қуйидагиларни ўқиймиз…”; филология фанлари номзоди Муҳсин Зокиров: “Чунончи, бу ҳодисани Абдул Муталлиб хўжа Фаҳмий ўз мажмуасида шундай баён қилади: “Машрабни 1123 ҳижрий йилда уламо ва ҳукамоларнинг фатвоси билан Маҳмудхон Қундузда шаҳид қилди”. Муаллиф ушбу фикрларини исботлаш учун унга “Мажмуаи Абдул Муталлиб хўжа Фаҳмий, 1177 ҳижрийда ёзилган, 123-бет”, дея ғалати тарзда изоҳ ҳам беради. Профессор Исматуллоҳ Абдуллаев: “Абдулмуталлиб Хожаи Фаҳмий 1763 йили тузган “Тазкираи Фаҳмий” асарида: “Мавлоно Машраб Наманганий ҳазрати Хожа Ҳидоятуллоҳ Офоқ Хожам муридларидандир” дейилган”.
Биз учратган маълумотлар охирлашди… Текширув уларнинг барчаси битта манбадан олинганини кўрсатди. Унинг эгаси машҳур адиб Садриддин Айний экан. Бу хилдаги дастлабки ахборот унинг “Намунаҳои адабиёти тожик” асаридан чиқди.
Бу асар 1925 йили Самарқандда, 1926 йили Москвада чоп этилган. Асар уч қисмдан иборат. Биринчи қисмини ёзишда фойдаланилган манбалар рўйхатида мажмуа ҳақида: “Мажмуаи Абдулмуталлиб хожа”, 1177 йили ёзилган, қўлёзма”, дейилган. Мазкур маълумот Сўфи Оллоҳёр ва Бобораҳим Машрабга бағишланган матнларда ҳам алоҳида таъкидланади. Бу саҳифаларда Абдулмуталлиб хожанинг Фаҳмий тахаллуси ҳам кўрсатилади.
Барча тадқиқотчилар таянган, биз умидвор бўлиб қидирган маълумот шугина эди… Бу калта хабар қаердан кесиб олинган? Унга таяниб, тадқиқотчилар “Мажмуаи Фаҳмий”ни ўқувчиларга XVIII асрнинг энг муҳим ва қимматли манбаларидан бири, дея тақдим этишган. Муаммони осонгина бартараф қилмоқчи эдик. Бўлмади.
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида “Мажмуаи Фаҳмий” асарининг 2331-рақам билан ягона нусхаси сақланади. Ундан кўпчилик фойдаланган.
Қўлёзма тузилиши: ҳажми 313 варақ, ўлчами 20,5х13 см, маҳаллий ҳамда корхона қоғозидан таркиб топган. Муқовада саҳҳоф номи кўрсатиладиган нақшин тамғада “оқибат хайрбод” жумласи ва ҳижрий 1318(1900 — 1901) санаси бор. Ёзувлар асосан настаълиқ, қисман шикастада ёзилган ва уларнинг катта қисми кўк, қизил, тилларанг ҳошия чизиғи ичида жойлашган. 29б, 30а, 75б, 92а, 145б, 153а саҳифаларга соддароқ лавҳли безаклар ишланган. Тили форсий ва туркий.
Қўлёзма “Тазкираи Фаҳмий” (28—66); “Мутойибат” (67—74); “Бадойиъ ас-санойиъ Шоҳин”(75—90); “Ашъори Фаҳмий” (92—103); “Жавоҳирнома” (145—148); “Муаммои Жомий” (148—150); “Муаммо” (151—152); “Баҳри тавил Ҳайоир” (153—161), “Мактуби Алишер Навоий” (169а), Байоз(1—27, 103—144, 161—313) каби алоҳида матнлардан иборат.
Котиби: 28а бетдаги фиҳрист мазмуни, 29б, 30а ва 90б саҳифалардаги таъкидлар ҳамда ҳошия чизиқларининг ишланишига кўра, барча матнларни бир киши тўплаган ва кўчирган. Ҳозирча бу одам, албатта, Абдулмуталлиб Фаҳмийнинг ўзи бўлса керак, деган фикрдамиз.
Қўлёзмада учрайдиган баъзи шахслар номлари ва саналар: 65б саҳифада Қори Раҳматуллоҳ Возиҳ Бухорийга (вафоти ҳижрий 1311 (1893—1894) йил) оид маълумотлар ҳамда унинг қасидаси келтирилган.
90а—90б саҳифаларда Шамсиддин махдум Шоҳин Бухорийнинг ҳижрий 1311 йили(1893—1894) вафот этгани ва унинг “Бадоиъ ас-санойиъ” асари ҳижрий 1318 йили муҳаррам ойида (1900, май) Абдулмуталлиб хожа Фаҳмий тарафидан кўчирилгани таъкидланган.
Қўлёзманинг охирида ҳижрий йил ойлари тўғрисида Фаҳмийнинг шеъри ҳамда худди шу мазмундаги бир насрий ривоят тагида (313б) ҳижрий 1324 сана (1906) турибди.
Қўлёзмадаги худди шу ҳолатлар қарийб юз йиллик таассуротни синдирган ва унинг ортида турган Фаҳмийни XVIII асрдан ХХ асрга олиб келганди.
Қўлёзма хусусиятлари ҳар жиҳатдан умумлаштирилиб, унда Абдулмуталлиб Фаҳмий қаламига мансуб “Тазкираи Фаҳмий”, “Ашъори Фаҳмий”, қўлёзма охиридаги ҳижрий йил ва ойларга бағишланган шеър мавжудлиги аниқланди. Қолганларини муаллиф тўплаган ва кўчирган. Шу сабабдан “Мажмуаи Фаҳмий” дейилганда қўлёзмадаги барча асарлар тушунилиши лозим. “Тазкираи Фаҳмий” эса 38 варақни ташкил этади. Бироқ муаллиф бу асарини ҳам “тазкира” деб атамаган. Уни ўзи тузаётган мажмуа мақомидаги матнлар қаторига қўяди. Қўлёзмадаги шартли равишда “Байоз” деб аталаётган қисмнинг 161—313-варақларидаги Жунайдуллоҳ Ҳозиқ сингари яна баъзи шоирлар ижодига доир маълумотлар кўпроқ “тазкира” хусусиятига эгадир. Уларнинг ёнига Шоҳин тўғрисидаги ахборотни ҳам қўшиш мумкин. Қўлёзмага узоқ вақт(1870–1906 йиллар оралиғида) тартиб берилган.
Муаллиф ва унинг ижоди ҳақида ҳозирча ушбу бир-икки сўз билан кифояланамиз.
Бу орада илмий адабиётлардан мавзуга оид маълумот қидиришда давом этаётгандик. ЎзРФА Шарқшунослик институти томонидан нашр этилган “Шарқ қўлёзмалари тўплами рўйхати”нинг XI жилдида “Тазкираи Фаҳмий” ҳақидаги ахборотга кўзимиз тушди. Унда ҳам мазкур тазкира 1869—1870 йилдан кейин ёзилгани кўрсатилган. Бу ахборот шубҳа ва мулоҳазаларимиз ўринли эканини тўла тасдиқлади.
Мазкур қўлёзмалар хазинаси картотекасида 2331-рақамли қўлёзмада саккизта асар борлиги ва уларнинг айримлари Абдулмуталлиб хожа Фаҳмий дастхати билан кўчирилгани ёзилган.
Худди уларга ўхшаш хабар Тожикистон Республикаси Фанлар академиясида чоп этилган Шарқ қўлёзмалари тўпламининг 2-жилдида ҳам учради. Ундан “Тазкираи Фаҳмий”нинг 952-рақамли бошқа бир нусхаси у ерда сақланиши маълум бўлди. Ҳажми 41 варақ, ўлчами 20х13,5 см, 1936 йили кўчирилган. Тожикистонлик мутахассислар бу асар ҳижрий 1277 йилдан(1860) кейин ёзила бошлаган деб ҳисоблайди. Бу маълумотлар ҳам бир қанча мутахассислар томонидан йиғилган тоза илм эди. Аммо негадир мазкур мавзуга қўл урган тадқиқотчилар уларни мақолаларига жалб этмаган. Ўқувчига етказмаган.
Эски таассуротни тиклаб бўлмади. Лекин ўрни бўш эмас. Янгисига кўра, Абдулмуталлиб хожа Фаҳмий, машҳур тадқиқотчилар айтганидек, XVIII асрда(тахминан, 1710–1770 йиллар оралиғи) эмас, XIX асрнинг иккинчи ярми — XX аср бошларида яшаган. Бу энди ўқувчининг мазкур мавзу доирасида шу пайтгача мавжуд бўлган барча фикр, мулоҳаза, айрим масалаларга ёндашув ва хулосаларини қайта кўриб чиқишини тақозо этади. Масалан, биз шу пайтга қадар баъзи тарихий воқеаларга нисбатан юқоридаги тадқиқотчилар талқинларига таянган ҳолда Фаҳмий яшаган даврни ҳисобга олиб, унинг маълумотларини бирламчи манба сифатида Мир Ҳусайний, Мажзуб Наманганий, Хумулий, Шариф махдум каби яна бир қанча муаллифлар ёзганларидан устунроқ қўйиб келаётгандик. Энди вазият ўзгариб кетди… Қарашлар ва онгимизга қатъий ўрнашиб бўлган тасаввурларни ўзгартириш оддий, осон жараён эмас. Аммо у содир бўлмоқда.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 41-сонидан олинди.