Антон Павлович Чехов, худо умр берса, 2010 йилда юз элликка тўлган бўларди. Умри қисқа экан: қирқ тўрт ёшида вафот этди. Йигирма олти йилгина ижод қилди. У 1878 йилда чоп этилган илк асарларидан бири “Ниначи”га “Ўспирин қария” деган тахаллус қўйди. Ёзувчи ҳаёти, асарлари билан танишар эканман, мавжудлиги шубҳасиз, лекин элас-элас англашиладиган зиддиятни сездим. Қаранг, адиб қисқа умр кўрди. Асарлари эса 110-130 йилдан бери яшаяпти. Муҳими, йилдан-йилга навқиронлашиб, ойдек тўлишиб бормоқда. А.Чехов жисмонан увоққина, кўз нури туғма хира эди. Ўттиздан ошгач, сил касали уни чирмовуқдай чирмаб бораверди. Ёзувчи руҳан тетик, шўх, ҳазилкаш, улфат файзи, суҳбати жанон эди. Уни Л.Толстой, В.Короленко, М.Горький, И.Бунин, А.Суворин сингари ёрқин сиймолар ниҳоятда ҳурмат қилганлар. ХIХ асрнинг 80–90-йилларида ижод қилган режиссёр, актёрлар Чеховни “ўз одамлари” ҳисоблаганлар, дилдан суҳбат қурганлар. А.Чехов замонасининг газета, журналлари таҳририят аъзолари билан дўстона алоқада бўлган, ҳамкорлик қилган. Ёзувчи вазиятга, асар йўналиши, руҳига кўра тахаллус танларди. Унинг элликдан ортиқ тахаллуси бўлган. Мана, улардан айримлари: “А.Ч”, “Антоша”, “Антоша Чехонте”, “Оғамнинг оғаси”, “Дон-Антонио Чехонте”, “Лаэрт”, “Рувер”, “Талоғи йўқ одам”, “Қичитқи”, “Насрнинг шоири”, “Ч.Хонте”, “Навқирон қария”, “Улисс”. Уларда пичинг, енгил юмор, қочириқ, кесатиқ, фожиавий қаҳрамонларга ишора, теранлик бор. Қизиқ, Жеймс Жойснинг “Улисс”и яратилгунча бу атама деярли қўлланилмасди. Чехов эса “Улисс” яратилишидан 20 йиллар илгари бу атамани тахаллус сифатида танлаган. Шу тахаллусгина А.Чеховнинг Қадимги юнон маданияти, адабиёти, санъатидан мукаммал маълумотга эга бўлганини кўрсатади.
А.Чехов табиатан одамохун, улфатсевар бўлган дилдошлар суҳбатисиз яшай олмаган. Рус зиёлилари орасида Чехонте билан боғлиқ ҳангома, латифалар мавжуд. Мана шундай қувноқ, қалби кенг инсон ўта камтар, тортинчоқ эди. Кимдир уни “ардоқли”, “атоқли”, “улуғ” деб қўйса, ўзини қўярга жой тополмай қоларди, юзлари уят-андишадан лов-лов ёнарди. Зинҳор пьеса муаллифи сифатида саҳнага кўтарилмас, ўйналаётган асарини залнинг охирги қаторида ўтириб томоша қиларди. Лекин Вл.Немирович-Данченко, К.Станиславский сингари режиссёрлар, актёрлар билан қизғин баҳсларга киришарди.
А.Чехов табиат ошиғи, гўзаллик шайдоси эди. Кўп юришни, саёҳат қилишни ёқтирган, рус ўрмонини кезиб ҳузур-ҳаловат олган. У қўли гул боғбон бўлган. Туғилган шаҳри Таганрогда, Москвада, Ялтада ундан анвойи гуллар, манзарали ва мевалаи дарахтларга бой боғлар қолган. У ўзи яратган олчазорга шунчалик меҳр қўйган эдики, ижодининг шоҳ асарларидан бирини “Олчазор” деб атади. “Ваня тоға” асаридаги шифокор, ўрмон ошиғи Михаил Астров – Чехов идеалидаги одам. Бу характерни у суйиб, ардоқлаб, ҳавас қилиб яратган.
Чеховда ҳам хом сут эмган бандаларга хос фазилатлар, нуқсонлар бор эди, албатта. Ҳеч ким онасидан гижинглаган отдай серғайрат, ерга урса, кўкка сапчийдиган бўлиб туғилмайди. Инсон қонидан жой олган шайтони лаин одамзотни тўғри йўлдан оздиришга интилади. Танбаллик, ялқовлик, дангасалик ҳаммада бўлади. Чеховнинг шапалоқдай “У” номли асари бор. Ёзувчи ёш, инжиқ, эрка келинчак ҳақида ёзаётибди деб ўйлаймиз. У қошини қоқади, кўзини сузади, ўзига чорлайди. Инон-ихтиёрингизни олади. Қалбингизга эга бўлади, хаёлингизни ўғирлайди. “У туну кун ёнимда, боримда. Кечалари уйқу бермайди, кундузлари ўзидан бир баҳя ҳам йироқлаштирмайди. У Тансиқ, Таянчга оҳангдош. У менинг Танбаллигим…”
Антоша Чехов танбалликни енгди, уни ўзига яқинлаштирмади. Акс ҳолда, бу улуғ адиб 26 йиллик ижоди давомида катта-катта ҳажмли 30 жилд асар ёзармиди? Юзлаб актёр, режиссёрларни ўз асарларига асир қилиб қўярмиди? Минглаб томошабинлар қалбини поклаб, гўзалликка ошно этармиди? Ёзувчи сал ялқовликка изн берса, юзлаб новелла, ҳикоя, саёҳатнома, қиссалар яратармиди? Энг муҳими, асарларига неча-неча юз йиллаб яшаш васиқасини олиб бера олармиди? Ёзувчининг бир асрлар муқаддам ёзилган асарлари шу кунларда нафақат тирик, балки навқирон, янги замон, ёш авлодларга хизмат қиляпти.
Халқда: “Кўнглингдан топ!” деган гап бор. Чехов табиатан қўли очиқ инсон бўлган. У одамларга моддий, маънавий бойлик улашса, терисига сиғмай кетарди. Ночор аҳволга тушиб қолганида ҳам фалончига қарз берган эдим деган хаёлга бормайди. Берганга беради, деган гап рост экан-да, Чехов зинҳор ночор аҳволда, моддий қийинчиликда қолмаган. Қўли очиқлик, сахийлик унинг қон-қонига сингиб кетган. Асарларида бахиллар, товламачилар, порахўрлар тимсоллари сероб. Лекин кўзи оч биронта каснинг бири икки бўлмаган. Яков Иванов (“Ротшильднинг скрипкаси”) кичкинагина, харобгина шаҳарчанинг ном чиқарган тобутсози. Ҳанузгача унинг молидан ҳеч ким нолиган эмас. Лекин Яков – зиқна, чақа санайдиган одам. Доим хотинини овқатдан, кийим-кечакдан, яхши гап-сўздан-да сиқарди. Бечора хотин зиқна эр билан тору зах хонада ғарибона кун кечирди. Касалга чалинди. Ўлди-кетди. Яков хотинига тобут ясади-да: “Марфа Ивановага тобут – 2 сўм 40 тийин”, деб ёзиб қўйди.
А.Чехов ўнлаб асарлар, кўплаб пьесалар яратган бўлса-да, қилаётган ишларидан қониқмасди. Узоқ Сибирияга, Сахалин оролига боришни мақсад қилиб қўйди. Ёзувчининг Сахалинга бориши “йўл азоби, гўр азоби” эканининг айнан исботи бўлди. Тасаввур қилинг, йўлсизлик, зим-зиё тун, узлуксиз ёғин, гоҳ извош бузилади, гоҳ от ҳолдан тояди. Аравакаш ҳам, йўловчи ҳам қора терга ботиб, дам аравани суради, гоҳ отни тортади. Чехов сафарга наридан-бери тайёрланган эди. Пийма, пальто, телпак жиққа ҳўл бўлиб кетар, ҳолсизлик қийнар, уйқу истаги азоб берарди. Сахалинга келгач, Чехов ҳам шифокорлик, ҳам элшунослик, ҳам рўйхат тузувчилик қилди. Ҳеч ким мажбурламаган бўлса-да, ораси йироқ-йироқ қишлоқларни пойу пиёда кезди: минглаб одамлар билан учрашди, уларнинг рўйхатини тузди, бошқарув тартибот билан танишди. Ажаб, ХIХ асрда ҳам Сибирь, Сахалин қамоқхоналар ўлкаси бўлган экан. А.Чехов очиқ, ёпиқ қамоқхоналарда бўлади. Қўл-оёғига кишан урилган маҳбусларни кўради. Александр номидаги бадарға-сургун қамоқхонасининг кишан урилганлар бўлимида у машҳур ўғри – Олтин қўл – Софья Блювштейнни бир кишилик камерада учратади. Нозик-ниҳол Софья қирқларга бориб қолган, сочларига қиров қўнган бўлса ҳам тиниб-тинчимас, камеранинг у бошидан бу бошига тинимсиз бориб келаверар, хаёллари билан банд эди. Қопқонга илинган сичқондай ҳавони ҳидлар, кўриниши ҳам кемирувчига менгзаб кетарди. Дарвоқе, 2010 йил октябр ойида Россия телевидениеси “Сонька. Афсонанинг давоми” номли кўпсерияли фильм-ни кўрсатди. Қизиқ, Чехов ўз кўзлари билан кўрган ўғри хоним ХХI аср томошабинига ҳам таништирилди. “Сахалин ороли”ни ўқисангиз кенглик, бепоёнликни, одам табиатида тубанликлар кўп эканини ҳис қиласиз.
Антон Чехов насрнинг деярли барча жанрларида ижод қилди. Лекин ёзувчи даҳоси унинг ҳикояларида бус-бутун намоён бўлди. Адабиётшуносликда тарихий-замонавий ёндашув деган масала бор. Буюк асарлар узоқ яшайди. Лекин Ер қуёш атрофида айланганидай, машҳур асарлар гоҳ сояда қолади, гоҳ қуёшнинг орт томонига ўтиб кетган бўлади. Ҳар бир давр, замон, мафкура ўлмас асарларнинг ўзига маъқулларини танлайди. А.П.Чеховнинг 18 жилдли асарларини кўриб, ўрганиб шундай хулосага келдим: Шўро давлати Чеховнинг асл моҳиятини акс эттирувчи асарларини кўздан панада сақлаган, ғози енгилроқ ҳикояларни кўз-кўз қилган экан. Биз ёшлигимизда “Унтер Пришибеев”, “Каштанка”, “Уйқу истаги”, “Ёвуз ниятли киши”, “Амалдорнинг ўлими”, “Бадфеъл одамлар”, “Буқаламун”, “Семиз ва ориқ”, “Ниқоб” сингари асарларини ўқирдик.
А.Чехов – дин-диёнатли, художўй, одам бўлган. Унинг асосий қаҳрамонлари ростгўй, инсофли, меҳнаткаш, юрагида ўти бор зотлар бўлган. “Ваня тоға” драмасининг бош қаҳрамони Иван Петрович Войницкий вафот этган опаси арвоҳини чирқиратмаслик мақсадида чорак асрдан бери онаси ва жиянини ёнига олиб, тинмай меҳнат қилади. Топган маблағини поччаси Александр Серебряковга ойма-ой, тийинма-тийин жўнатиб туради. Серебряков ҳалол йўл билан олимликка эриша олмаслигини сезгач, ғирромлик йўлига ўтади: пул кучи билан профессор бўлади, қизи тенги Елена Андреевнага уйланиб олади. Серебряков ўзини хўжайин ҳис қилади, собиқ қайнонаси, қайниси, қизига хизматкордай муносабатда бўлади. Сабр косаси тўлган Ваня тоға юрак дардларини тўкиб солади. Жафокаш тоғанинг фиғонлари тошни ҳам эритиб юборади: онаси, жияни, Елена, Астров, Илья Телегин, энага Мариналар юм-юм йиғлайдилар. Асарни томоша қилган томошабинлар ҳам кўз ёшларини тия олмайдилар. Муҳими шундаки, “Ваня тоға” сентиментал асар эмас, фожиага йўғрилган драма. “Ваня тоға”да катарсис – асарнинг покловчилик вазифаси кўзга яққол ташланади.
А.Чехов – реалист ёзувчи: у ҳаёт ҳақиқатини ниҳоятда теран ёритади, қаҳрамонлар руҳиятидаги ўзгаришларни санъаткорона акс эттиради.
“Жаҳон адабиёти” журнали 2010 йил 7 (июль) сонида Илҳом Ҳафизов таржимасида А.Чеховнинг “Роҳибнинг қайғуси…”, “Аза очиш”, “Гаров” ҳикояларини чоп этди. Бу ҳикояларда биз тамоман янги Чеховни кашф этамиз. Ҳикояларда сарроҳиб, қавм, монастир, Поко Парвардигор, калисо, тавба-тазарру, амру маъруф, Биби Марям ибодатхонаси, черков, меҳроб, ҳазрат, Худованди карим, мағфират, ҳазрат Григорий, ожиза банданг Мария сингари диний атама, иборалар бор. Тўғри, мутаржим ислом динидаги атамаларни ҳам ҳикоялар руҳига сингдириб юборган. Жиддийроқ изланса, у насроний динига оид атамалар, ибораларни топиб-топиб, ўрнига қўйиб-қўйиб ёзган бўларди. Лекин, барибир, таржимон ҳикояларни ўзбек китобхонига маъқул бўладиган тарзда етказган. У “Евангелие”ни “Муқаддас китоб” дея хато қилмаган. Аммо ҳикоядаги таянч, мустаҳкам жумлалардан бирини (“Гении всех веков и стран говорят на различных языках, но горит во всех их одно и то же пламя”ни) бошқачароқ, юксаклик чўққисидан қуйилатиброқ ўзбеклаштирган (“Қадимда буюк даҳоларимиз турли тилларда ижод қилишган, бироқ уларнинг қалбларида ягона маслак ўт бўлиб ёнган”). Бу жумлани оятдай сиқиқ, улуғвор, беадад талқинларга асос бўладиган даражада ўгириш мумкин эди. Таржимон “қадимда”, “даҳоларимиз”, “маслак” сўзларини қаердан олди? Даҳолар бўлган, бор, бўлади. Улар турли юртларда камол топадилар. Қалбларида муқаддас олов ҳамиша ловуллаб туради.
“Гаров” ҳикоясида кекса банкир билан баҳс боғлаган 25 ёшли ҳуқуқшуноснинг танҳоликда кечирган 15 йиллик ҳаёти бир варақли тасвирда бус-бутун акс эттириб берилган. Бир варақдаги сўз, жумлаларга Миср эҳромларидаги тошлардай, Эйфель минорасидаги ускуналардай, юк, вазифа юклатилган. Ёзувчи маромни сал бузса, психологик ҳолат ҳам, тасвир ҳам, воқеалар ривожи ҳам бузилиб кетарди.
Ўн беш йил чилла ўтирган (танҳоликда яшаган, китоблар уммонида сузган, мусиқанинг ложувард осмонида сайр этган, жисм юкини руҳ кучига айлантирган) ҳуқуқшунос ким эди-ю, ким бўлди? У комилликка эришди. Ёлғон дунё сўқмоқларида кеза-кеза асл ҳақиқатни топди. А.Чехов яратган Ҳуқуқшунос нас-роний дини кишиси. Лекин у даҳо характер даражасига кўтарилди. Даҳолар маълум замон ва маконда дунёга келадилар, инсониятнинг Яратганга қадрдон кишиси сифатида боқий оламга ўтадилар. “Гаров” ҳикоясида, айниқса, унинг иккинчи қисмида Чехов услубига ўхшамаган кўпсўзлик, бийронлик учрайди.
“Жаҳон адабиёти” журнали А.Чеховнинг “Роҳибнинг қайғуси…”, “Аза очиш” ҳикояларини ҳам чоп этган. Биринчи ҳикоясининг илк жумласи воқеалар милодий V асрда рўй берганидан хабар беради. У пайтларда насронийлик шаклланиш жараёнида эди. Роҳиблар куну тун тоат-ибодат қилишар, тили бурро сарроҳиб ваъзлар айтиб ҳаммани йиғлатарди. Аммо роҳиблар руҳига боқий дунёдан кўра фоний дунё лаззатлари яқинроқ эди. Ҳатто сарроҳиб шаҳарда кўрганларини завқланиб, тамшаниб гапирадики, роҳиблар ўшандай ҳаётни қўмсай бошлайдилар. Алал-оқибат, “ҳар тонг оламтоб уйқудан бош кўтарганида” барча роҳиблар “шаҳарга қочиб кетган эдилар”.
“Азага борган хотин ўз дардини айтиб йиғлайди”, деган гапни “масжид, ибодатхона, калисога борган диндор ўз дардини Ҳақ таолога айтиб солади” тарзида ўзгартириш мумкин. Боққол Андрей Андреевич Биби Марям ибодатхонасига оҳорли кийимларини кийиб, таҳорат олиб, ўзини ибодатга шайлаб борди. Унинг қизи Машутка уйидан кетиб қолди, ота таъбири билан айтганда, “актёрка” га айланди, тамаки чекди, чошгоҳгача ухлайдиган бўлди. Хуллас, қиз айнади, вафот этди. Отанинг дарди-дунёси қоронғи: чўқинаркан, “залолатга ботган ожиза банданг Марияни ўз раҳматингга олгин-да, уни билиб-билмай қилган маъсийатларини мағфират қил…” дер, мужикчасига сўкиниб қўярди. Ҳазрат Григорий дастлаб отанинг дардларини билмайди: Биби Марямни сўкяпти деб ўйлайди. Сўнг, у гап нимада эканлигини илғаб қолади. Ўртанаётган отага аза очишга рухсат беради.
А.Чеховнинг журналда босилган учала ҳикояси етук, юксак маҳорат самараси. Ҳар бир ҳикоя бетакрор драма – руҳий ғалаёнлар, зиддиятлар кўриниши.
Ёзувчининг юксак маҳоратини, даҳолигини намоён этувчи ҳикояларидан бири “Ротшильднинг скрипкаси”дир. Тобутсоз уста Яков назари паст, тийинни юз жойидан тугадиган зиқна бўлганини, мумсик эр дастидан кун кўрмай ўлиб кетган Марфа ҳақида юқорида эслатиб ўтдик. Тобут ясовчининг бир хонали уйи, эски-тускилар, асбоб-ускуналар гўрдай совуқ, юракка қўрқинч солади.
Марфа вафот этгач, файзсиз хона яна ҳам ҳувиллаб қолди. Яков – Бронза дардга чалинди.
Увол кетган умр поёнига етяпти. Тобутсоз, ўйлаб кўрса, ўйнаб-кулмапти, табиат гўзаллигидан бебаҳра қолибди, дарёнинг ўйчан оқимига маҳлиё бўлмапти, оққушларнинг чаппор уриб учишидан завқланмапти.
Шунда у қўлига скрипкасини олди. Дарвоқе, шаҳарда жуҳудларнинг ягона оркестри бор эди. Уни мисгар Моисей Ильич Шахкес бошқарарди. Яковни тўй, маросимларга чорлаб туришарди. Яков эллик тийин иш ҳақи олганидан, Шахкес истеъдодли скрипкачини оркестрга жалб этганидан хурсанд эди. Ориқ, малла жуҳуд Ротшильд Яков истеъдодининг мухлиси эди. Бронза (Яков) қўпол, совуқ, баджаҳл бўлиб, камтару камсуқум Ротшильдни ёқтирмасди: уни ҳамиша қувиб солар, ҳатто итига қоптирган эди. Оркестрда Яковнинг ўрни ўртада, чап ёнида контрабас хириллар, ўнг томонда Ротшильд чаладиган темир сурнай “йиғларди”. Қувноқ куй чалинса-да, темир сурнай ғамгин садо берарди.
Умр поёнига ета бошлагач, яшаб яшамаган, ўз-ўзию хотинига ҳам кун бермаган Яковнинг қалби ғуссага тўлди. Қўлига скрипкани олди: мусиқа Яков юрагидаги андуҳни тўкиб сола бошлади. Машшоқнинг кўз ёшлари кийимларини жиққа ҳўл қилди, скрипкага чак-чак томди. Куйни тинглаб турган Ротшильд чидаб туролмади: “Ваххх!” деб юборди… Яков скрипкасини Ротшильдга беришларини васият қилди. Гоҳи-гоҳида Ротшильд Яков ижро этган ўша куйни чалиб туради: тўлиб-тошади, кўз ёшларини тия олмайди, еру кўкни титратиб: “Ваххх!” деб ҳайқиради. Уни қаерга чорлашмасин, “Ваххх!” дея ҳайқириладиган куйни чалишни қайта-қайта илтимос қилишади. “Ваххх!” инсоний дард, алам, ўкинч, дунёга сиғмай кетишнинг ифодаси. Ажаб, ўн беш йил танҳоликда яшаган ҳуқуқшунос, тобутсоз Яков, фарзанд доғида куйган Анд-рей Андреевич ўртасида аллақандай сирли ришта бор. Уни “даҳоларгина ҳал қилиб бера оладиган жумбоқ”, деб аташ мумкин.
Антон Павлович Чехов яратган нодир ҳикоялар жаҳон адабиётининг дурдоналари неча-неча юзйилликлардан кейин ҳам ўқувчини мафтун қилиб, барҳаёт яшайверади. Улар мангуликка дахлдор асарлардир.
Абдуғафур Расулов,
филология фанлари доктори, ЎзМУ профессори
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 11-сон.