Сен-Жон Перс – ҳақиқий исми Алексис Сен-Леже. Леже 1887 йили Кариб денгизидаги Францияга қарашли ороллардан бирида туғилган, шоир ва дипломат, 1960 йили Нобель мукофотига сазовор бўлган. Унинг улуғвор, тантанали, ҳақиқий эпик қувват уфуриб турган лирикаси («Мадҳиялар» (1907), «Анабасис» (1924), «Мўлжаллар» (1957), «Қушлар» (1963) олис Коинотдаги мавжудотлар, ғалати, экзотик табиат, қудратли ва даҳшатли стихия сирларига қаратилган.
Франция иккинчи жаҳон урушида босиб олинишидан олдин юқори дипломатик лавозимни эгаллаган; ҳукуматга мухолиф нуқтаи назарни ёқлагани учун чет элга қочишга мажбур бўлган; Франция фуқаролигидан маҳрум қилинган, қўлёзмалари ёқиб юборилган. Уруш йиллари, қувғинда ёзилган шеърлари «Қувғин» (1942), «Шамоллар» (1946) Қаршилик даври шеъриятида алоҳида ўрин тутади. Шоир 1975 йили вафот этган.
ШОИРЛАР ОЛИМ-У, ОЛИМЛАР ШОИР
(Нутқ)
Бу ерда менга кўрсатилган иззат-ҳурматни шеърият шарафига қабул қилдим ва унга қайтаришга ошиқяпман.
Шеърият ҳар доим ҳам эътиборга тушавермайди. Чунки шеърий ижод билан моддий ташвишлар жиловида қолган жамият фаолияти ўртасидаги фарқ мураккаблашяпти, чоғи. Шоир бу айроликни қабул қилади, гарчи унга интилмаса ҳам. Агар фанларда амалиёт бўлмасайди, олим ҳам шундай аҳволга тушарди.
Бироқ, бу ерда олимни ҳам, шоирни ҳам беғараз фикрлари учун шарафлашяпти. Ҳеч бўлмаганда, шу ерда буларга «рақиб» деб қарашмаяпти-ку. Улар биттаю битта чоҳ тепасида сураётган ўй-фикрлар бир-бирига яқин, ўхшаш, фақат англаб етиш усулларигина бошқача.
Биз, ҳатто математик мутлақлик ичида фикрлаш мумкин бўлган чегараларни кашф этаётган замонавий фаннинг драмасини тушуниб етган бир пайтда; биз, физикадаги икки асосий назария, бир томондан, нисбийликнинг умумий принципини, иккинчи томондан, жисмоний ўлчамлар аниқлигини буткул чеклаб қўйишга қаратилган ноаниқлик ва «квант» принципини илгари сураётганини кўриб турганимизда; биз, ушбу асрнинг энг улуғ кашфиётчиси — замонавий космология асосчиси ва тенгламалар асосида буюк хулосалар ясаган зот, ички ҳисларни ақлга ёрдамга чақираётганини ва «тасаввур илмий етукликнинг ҳақиқий замини» дея туриб, олим учун ҳатто ҳақиқий бадиий мушоҳада ҳуқуқини талаб қилаётганини эшитаётганимизда, шеърият қуролини бошқа ҳар қандай мантиқий қуроллар сингари қонуний деб ҳисоблашимиз жоиз эмасми?
Ҳақиқатда ҳам, ақлнинг ҳар қандай маҳсули аввало том маънода «поэтик»дир. Олим билан шоир меҳнати ҳиссий ва маънавий жиҳатдан бир хил ва қадимдан шундай.
Нима нарса узоққа боради: мулоҳазали фикрми ё шеърий фаросатми? Фараз қилинг, тун қоронғилигида иккита туғма кўр пайпасланиб боришяпти. Бири илм билан қуролланган, иккинчиси ички ҳис билан ҳаракатланаяпти. Қайси бири вазиятдан олдин чиқади? Қайси бирининг дилида йўл кўрсатувчи ёруғлик кўп? Жавобларни фарқлаш қийин. Сир — ягона.
Шеърий руҳнинг улуғвор жасорати замонавий фаннинг драматик янгиликларидан қолишмайди. Астрономлар Коинотнинг кенгая бориш назариясидан ташвишга тушдилар, бироқ бошқа бир коинотда — инсоннинг руҳий чексизлигида ундан қолишмайдиган кенгайиш рўй бераётганди. Фан ўз чегараларини қанчалик нари сурмасин, бу эгри-бугри чегара чизиқларининг бошидан-охиригача биз, илгаридек, шоирнинг този итлари тўс-тўполонини эшитамиз. Шеърият «мутлақ борлиқ»ни акс эттирмаса-да, шубҳасиз, унга энг яқин турган ҳаяжондир, уни англашнинг энг муносиб шакли бўлиб, энг сўнгги туташ нуқтасига етади ва бу нуқтада шеърият ўз-ўзини ҳам англайди.
Одатий ва тимсолий фикр, икки ўртадаги образнинг узоқдан йилт этиб, турфа ҳиссиётлар уйғотиши ва ниҳоят, Борлиққа хос барча ҳаракатларни акс эттира оладиган нутқнинг қудрати, мана буларнинг бари шоирни мавжудликдан юқорига чиқариб қўядики, бу нарса илм аҳлига насиб этмаган. Одамда, уни янада тўлқинлантирадиган ва ҳар томонлама сафарбар этадиган бошқа биронта диалектика бормикин? Файласуфларнинг ўзи метафизика остонасидан чекинганларида, шоир метафизикачи ўрнини эгаллайди ва энди, поэзияга ўта шубҳа билан қараган қадимги файласуф (Платон — тарж.) тили билан айтганда, «ҳайратлар қизи» — фалсафа эмас, шеърият бўлиб чиқади.
Бироқ, шеърият нафақат билиш қуроли, у, аввало, ҳаёт усули. Шоирлик ғорда яшаган ибтидоий одамларда ҳам бўлган ва атом асри одамларида ҳам бўлади, чунки у инсон шахсиятининг ажралмас бўлагидир. Шоирона иштиёқ ўз моҳияти билан — руҳий, шеъриятнинг қудрати инсон қалбидаги чақмоқтошдан илоҳий учқунларни уриб чиқаради. Афсоналар барбод бўлганида илоҳийлик шеъриятда бошпана ва, эҳтимол, келажак учун кафолат топади. Ва, ҳатто ижтимоий ҳодисаларда, инсоний турмушнинг энг муҳим ўринларида, антик намойишга чиққан машъалачи қизлар нон-туз кўтарган қизлар ўрнига келганида, нақ шеърий тасаввурда нур истаган халқларнинг юксак эҳтирослари қайтадан алангаланади.
Мангулик юкини елкасига олиб йўлга чиққан инсонга офарин! Ўзининг инсоний машаққатларини қабул қилиб, йўлга чиққан одамга офарин! Унгагина янгидан-янги, ҳаққоний умуминсоний ва руҳан мукаммал инсонпарварлик намоён бўлади…
Бизнинг кунлардаги шеърият инсоний сир-асрорни англаб етишдек ўз бурчига содиқ ҳолда бутун инсониятни узил-кесил бирлаштириш билан боғлиқ изланишларга чуқур кириб бораяпти. Бундай шеъриятда ҳеч қанақа соф эстетизм бўлмагани каби ҳеч қанақа алжираш ҳам йўқ. У мумиёлаш ёки безаш санъати эмас. У маданият дурдоналарини асло шарафламайди, сохта нарса ва нишонлар билан савдо қилмайди ва ҳеч қанақанги мусиқа базми уни қониқтирмайди. Дунё кезишида у гўзаллик билан қўшилиб кетади (Олий иттифоқ!), бироқ бунда на мақсадни, на фақат озуқани кўради. У санъатни ҳаётдан, муҳаббатни англашдан ажратгиси келмайди ва бунга йўл қўймайди; у — ҳаракат, у — эҳтирос, у — куч-қудрат ва у — даврларни суриб ташлайдиган мангу янгиланиш. Муҳаббат унинг ўчоғи, бўйсунмаслик — қонуни ва унинг жойи — ҳаммаёқда, олдиндан пайқашда. У ҳеч қачон бефарқ ва паришон бўлмайди.
У асрлардан ҳеч нима тама қилмайди; ўз тақдири билан боғланган ва ҳар қандай мафкурадан холи тарзда, ўзини ҳеч қанақанги важ-карсонни тан олмайдиган ҳаёт билан тенглаштиради. Ва, худди улкан, ҳансираб турган байт сингари ҳозирги замонни, ўтмиш ва келажакни, инсонийликни ва ундан юқориларни, сайёралар маконию бутун Коинотни ягона бир бағри билан қамраб олади. Унга зулматни тиркаб таъна қиладилар, гарчи бу зулмат унинг нурланишга мажбур қиладиган табиатидан келиб чиқмаган, балки у тадқиқ этадиган ва шундай мажбурият олган тун туфайлидир. Бу тун инсон қалбида бўладиган ва унга мавжудоти ботган тундир. Шеърият тили ҳамма вақт зулматга қарши бўлган ва бу тил талабчанликда илм тилидан қолишмайди.
Шундай қилиб, шоир ҳамма нарсага шаксиз алоқадорлиги билан бизни Борлиқнинг доимийлиги ва яхлитлиги билан боғлайди. Ва унинг сабоғи кўтаринкидир. У, мутаносибликнинг ягона қонуни воқеликнинг ажралмас дунёсини бошқаришига ишонади. Бу дунёда ҳеч нима, ўз табиатига кўра, инсон кўламидан ўтиб тушолмайди. Тарихдаги энг даҳшатли ағдар-тўнтарлар ҳам нари борса, боғланишлар ва янгиланишлар деб аталмиш катта давр ичидаги муваққат даврчалардир. Қасоскор юҳолар ҳам машъаласини баланд тутиб, саҳнадан бир-бир ўтадиларда, чексиз давом этадиган тарихнинг бир онини ёритиб берадилар, холос. Етилиб келаётган маданиятлар «кунботар» тўлғоғида ҳалок бўлмайди, фақат пўст ташлайди. Фақат турғунлик хавфли. Шоир, одатлар ипини бизнинг ўрнимизга узатадиган шахсдир.
Шоир ана шундай тарзда тарихнинг ёлғонлари билан боғланган бўлиб чиқади. Ва унинг даври драмасида ҳеч нарсага бефарқ қарамайди. Бу шиддатли даврда у ҳаёт мазмунини ҳаммага аён қилиб ифода этаверсин! Чунки, ўзлигингни қайтадан топган он улуғдир. Ва биз, давримизнинг шон-шарафини кимларга қолдирамиз?
«Қўрқма, — дейди бир куни Тарих, дарғазаб ниқобини ечиб ва қўли билан ҳавода алланималарни чизаркан. — Қўрқма ва шубҳаланма, чунки гумон фойдасиз, қўрқоқлик — хушомадгўйликдир. Яхшиси, менинг қўлларимга қара, улар мангу ижод этилаётган инсоний ифодаларнинг улуғворлигини оширади. Бунга кўмаклашадиган юрак уришларга қулоқ сол. Ҳаёт ўз-ўзини инкор қилади, деган гаплар бекор. Ҳеч қандай тирик жон йўқликдан пайдо бўлмайди ва йўқликни қидирмайди. Ва ҳеч нарса Борлиқнинг муттасил босимига бардош бериб, шакли ва ўлчамларини сақлаб қолишга қодир эмас. Фожиа бундай эврилишда эмас. Асрнинг ҳақиқий драмаси давр ичидаги одам билан муваққат одам орасидаги жарликда ва унинг кенгайиб, чуқурлашиб боришида. Қияламалардан бирида илҳомланган одам бошқасида сўниб қолиши керакми? Ва унинг жамиятда, жамоасиз жадал етилиши — сохта, ёлғон етилиш эмасми?..»
Ички қиёфаси иккига бўлинмайдиган шоир одамларнинг иккиёқлама майллари ҳақида бизга сўзлаб бериш вазифасини ўз зиммасига олган. Бу — ақлнинг рўпарасига, руҳий имкониятларни янада кучли сезадиган кўзгу қўйиш, демакдир. Бу — аср гирдобида азалий одамга хос инсонийликка чақириш, демакдир. Ниҳоят, бу — дунёнинг руҳий қуввати дарёсига кўпқиёфали руҳни янада дадиллик билан қуйиш, демакдир… Атом қуввати турганида шоир ўз мақсадларига етиши учун қўлидаги жинчироқнинг ўзигина кифоямикин? Кифоя, агарда у пиликни унутмаган бўлса.
Ва, агар шоир ўз даврининг хасталанган имонини гавдалантира олса, унга бошқа талаб йўқ.
1960 йил
Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси