Фаранг файласуфи Дешан Франциянинг Ренн (Бретань) шаҳрида кичик амалдор оиласида дунёга келди. У 17 ёшидан бошлаб ҳаётини Монтрай-Белле ибодатхонасида ўтказган.
Дешан ўта кузатувчанлиги, ўткир ақли ва бениҳоя ҳурфикрлиги билан бошқалардан ажралиб турган. У «Ҳамма нарса», «Бир бутун», «Ҳеч нарса» деган тушунчалар устида бош қотирган биринчи файласуф эди.
Дешаннинг айниқса, «Ҳеч нарса» ҳақидаги қарашлари кўп баҳсларга сабаб бўлган. «Ҳеч нарса» нима эканлиги ҳақида ҳатто оддий тушунчанинг ўзи йўқ», — деган эътирозга жавобан Дешан комил ишонч билан шундай дейди: «Агар биз бу сўз ҳақида тушунчага эга бўлмаганимизда ундан фойдаланмас эдик. «Ҳеч нарса» доимо у ёки бу буюм, идишда суюқлик, ҳамёнда пул, хонада жиҳозларнинг йўқлигини билдиради».
Дешан ўзининг тарихий вазифасини яхши англар ва буни яширмасди. «Хулосаларимнинг айрим қисмини, — деб ёзганди у, — ҳамма ердан, бошқа қисмини фақат баъзи файласуфлардан топиш мумкин. Учинчи қисмини эса ҳеч қаердан топиб бўлмайди».
Монтрей-Белле ибодатхонасидан узоқ бўлмаган жойда эътиборли аслзодалардан маркиз Марк-Рене де Вуайе д’ Арженсоннинг ер-мулки жойлашган бўлиб, унинг саройда катта нуфузга эга отаси қомусий олимларга ҳомийлик қиларди.
Фалсафага меҳр қўйган маркиз де Вуайе кўпчилик телба деб ҳисоблайдиган роҳиб Дешаннинг фикрлари билан қизиқиб қолади ва уни ўз ҳомийлигига олади. Де Вуайе ўз қўрғонида Дешан таълимоти билан таништирувчи тўгарак ташкил этади. Дешаннинг қуйидаги асарлари маълум: «Аср руҳи ҳақида мактуб» (1769 йил), «Тафаккур овози: саволлар ва жавоблар» (1770 йил), «Ҳақиқат ёки ҳақиқий тизим».
* * *
Шуниси аниқки, Ҳамма нарса ва Ҳеч нарсанинг моҳияти аслида бир эканлиги ҳақида менгача ҳеч ким ўйлаб кўрмаган, ёзмаган, гапирмаган.
* * *
Ҳақиқат – аслида дунёдаги энг оддий нарса. Аммо жамиятдаги тартиб-қоидалар ножўя йўналишда ривожланаётгани сабабли ҳақиқатдан жуда узоқ бўлган ҳақиқатни очиш учун кўп йиллар давомида фикрлаш, бош қотиришга тўғри келди…
* * *
Узоқ вақт давомида мен мавжуд Бутунликни, Интиҳони ўрганибман-у, аммо Ҳамма нарса ва Чексизлик ҳам мавжудлигини сезмай қолибман.
* * *
Табиатда ҳеч нарса аввалдан белгиланмаган ва кўрилмаган бўлса, унда амалга ошмай турган ҳамма нарса тасодиф, амалга ошгани эса зарурият мевасидир (Дешанга қадар ҳеч ким бундай нуқтаи назарни илгари сурган эмас).
* * *
Ҳамма нарса бири иккинчисидан келиб чиқади, бири-иккинчисига қайтади…
* * *
Ақл-идрок туйғуларсиз мавжуд бўлолмайди. Аммо туйғулар алоҳида ҳолда ақл-идрокни ташкил этолмайди. Ақл-идрок туйғулар бирлиги ва уйғунлигидир. Шу боис ҳар бир алоҳида олинган туйғулардан келиб чиқиб хулоса чиқариш умумий нарсалар ҳақида қисмлар асосида бир тўхтамга келиш демакдир. Бундай хулоса бемаъни хулосадир. Чунки бу қисмлар барча қисмлар биргаликда олинганда келиб чиқадиган умумий хулосага нисбатан бутунлай бошқача табиатга эга бўлиши мумкин.
* * *
Ижодкор ва ижод айни бир нарсанинг ўзидир. Бир бутун нарса ўз қисмлари ёрдамида мавжуд бўлганидек, қисмлар ҳам ана шу бир бутунлик асосида яшайди.
* * *
Қарама-қарши томоннинг бири иккинчисининг инкори эмас, балки энг кичик тасдиғидир.
* * *
Сабаб ва оқибат – мазмуни бошқа тушунча билан муносабатдагина очиладиган, фақат бири бошқасидан келиб чиқиб мавжуд бўла оладиган икки тушунча. Ўғилнинг сабабчиси – ота, ўғли туфайлигина «ота» деган номга эришган. Агар ўғли бўлмаганда у ҳам ота бўлмасди. Ўғил шунинг учун ўғилки, унинг отаси бор. Ота шунинг учун отаки, унинг ўғли бор.