• Ҳақиқат иккита бўлмайди.
• Қирол учун ҳам, ҳоким учун ҳам нариги дунёга алоҳида йўл мавжуд эмас.
• Гетани ҳам Буддани ҳам бир дарахтдан ясайдилар (гета — япон ёғоч пойафзали).
• Кўр тиланчи ҳам гулларнинг ҳидини сезади.
• Уч марта кўчиш бир янгига бадалдир.
• Биринчи рафиқани сенга худо, иккинчисини инсонлар, учинчисини шайтон жўнатади.
• Энг кичкина ҳашаротнинг ҳам ўз жасорати бўлади.
• Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди.
• Ҳатто битта баргнинг тўкилиши куздан дарак беради.
• Бир қайғу кетиб, орқасидан бошқаси сўроқлаб келди.
• Юракдан чиққан юракка етиб боради.
• Меҳрибонлик бор жойда ёвузлик ҳам бўлади.
• Бир шафтоли ачиса, юз шафтоли айнийди.
• Сукут — гул.
• Ғалаба қозонган бўлсанг ҳам дубулға ипини яхшилаб боғла.
• Қудуқда яшайдиган бақа денгиз нималигини билмайди.
• Сопол билан тирик қолгандан қимматбаҳо тош билан парчаланиб ўлган афзал.
• Эгилган толни шамол синдирмайди.
• Гўзаллик бахт билан бирга юрмайди.
• Ўроқ билан сувни кесма.
• Сартарошнинг сочи тўзғиган (Бўзчи белбоққа ялчимас).
• Одамга ўлганидан сўнггина тўғри баҳо берадилар.
• Инсон — фикр қиладиган ҳайвон.
• Ғалабада — давлат қўшини, мағлубиятда — инқилобчилар.
• Пул бир жойда турмайди.
• Чанқаган одам сув танламайди.
• Пул — душман.
• Ким ғолиб бўлса ўша ҳақ. Ғолибни айбламайдилар.
• Довюрак қўмондоннинг қўрқоқ аскари бўлмайди.
• Ғайрат — муваффақиятлар онаси.
• Ўтган ўтди-кетди.
• Ҳатто Кобо ҳам хато қилади (Кобо — машҳур будда руҳонийси ва хаттоти, 774-735 йиллар).
• Қўрқинчли нарса қизиқ бўлади.
• Йўлбарсдан пўст қолади, одамдан — ном.
• Аҳмоқликдан қўрқинчли нарса йўқ.
• Эски мақол сизни алдамайди.
• Бахт бор жойда қайғу ҳам бўлади.
• Йўлбарснинг уясидан қочиб аждарнинг ғорига кириб қолиш.
• Ота қандай бўлса бола ҳам шунда бўлади.
• Инсон умри қисқа, шон-шуҳрат ва бойлик ўткинчи.
• Йиқилмасдан аввал ҳасса тут.
• Кўп сўз кўп уят келтиради.
• Қайғу бор жойда бахт ҳам яширин.
• Бир томоннигина эшитиб масалани ҳал қилма.
• Ҳатто қирғоқ яқинида ҳам кема чўкиб кетиши мумкин.
• Қўмондоннинг шон-шарафи учун минглаб аскар ўлиб кетади.
• Олдиндагиларнинг бахтсизлиги орқадагиларга дарс бўлади.
• Ўзингдан чиққан ҳидни сезмайсан.
• Ўликлар гапирмайдилар.
• Лаблар йўқолса тишлар совқотиб қолади.
• Оч қорин мазани билмайди.
• Ҳўкизнинг думи бўлгунча хўрознинг тумшуғи бўлган афзал.
• Ҳайдалган сичқон мушукни тишлайди.
• Чиқиб кетишнинг имкони бўлмаган ҳолат йўқ.
• Ҳаётда ҳамма нарса ўзгарувчандир.
• Чап беришни билмасанг, ҳаётда яшай олмайсан.
• Қийшиқ новданинг сояси ҳам қийшиқ.
• Кийим инсонни безайди.
• Экилмаган дон унмайди.
• Сабр — умрбод хазина.
• Ғурур мағлубиятга етаклайди, камтарлик бахт келтиради.
• Қилмасликдан кеч бўлса ҳам қилган афзал.
• Инсон умри бир аср, исми — абадий.
• Мевали дарахтни гулидан билса бўлади.
• Ҳатто Будданинг юзи ҳам пулдан ёришади.
• Эзгу қалб гўзал юздан афзал.
• Гуручнинг бошоғи қанча етилган бўлса, ерга шунча қуйи эгилади.
• Йўлда йўлдош керак, ҳаётда — шафқат.
• Уч ёшли боланинг қалби қаригунича шундай қолади.
• Ёмон одамнинг дўсти бўлгунча, яхши одамнинг душмани бўлган афзал.
• Ёмон нотиқ лақма бўлади.
• Бахт кулги бор уйга киради.
• Тансиҳатликка ғамхўрлик қилиш — энг яхши даводир.
• Ортиқча мол — ортиқча ташвиш.
• Кечқурун бадмаст — эрталаб ишёқмас.
• Камбағал хотиржам ухлайди.
• Болани бехуда эркалатиш уни ташлаб кетиш билан баробар.
• Қимматбаҳо тош ҳам ишлов берилмаса ялтирамайди.
• Дангаса — сергап.
• Ишёқмасга бир тоғ бойлик ҳам етмайди.
• Оппоқ юз етти нуқсонни яширади.
• Мол-дунё ва машҳурлик бегонани ҳам жалб этади, камбағаллик яқинларни ҳам узоқлаштиради.
• Ҳаром йўл билан қозонилган мол-дунё ва машҳурлик булут каби тез тарқайди.
• Эртанги юздан бугунги эллик афзал.
• Юрак тош эмас.
• Ҳар меванинг ўз вақти бор.
• Умр қисқа — яхшилик қилишга шошил.
• Юмшоқлик қаттиқликни енгади.
• Балиқчи балиқчини узоқдан танийди.
• Заҳарни заҳар билан енгадилар.
• Бошда бори тилга чиқади.
• Бир дақиқа — минг тилло.
• Ҳеч нарсадан кўра нимадир афзал.
• Токи ҳаёт эканман — умид қиламан.
• Севги билан қорнинг тўймайди.
• Олтиннинг шуъласи Будда ёғдусидан ёрқинроқ.
• Камбағалнинг давлати — болалар.
• Қаерда яшасанг, ўша ерни пойтахт бил.
• Олган ҳадянгдай айб топма.
• Жаҳолат — жиноят манбаси.
• “Йўқ”дан “бор” туғилмайди.
• Ўтмиш — ҳозирнинг ойнаси.
• Нодонлик ҳукм сурган жойда ақл беркиниб олади.
• Энг яхши кўзгу ҳам орқани кўрсатмайди.
• Ёмон уста асбобларини айблайди.
• Чидаб бўлмайдиган нарсага чидаш — ҳақиқий чидам.
• Пул дарахтда ўсмайди.
• Муваффақият муваффақият келтиради.
• Ота-онасига ўхшамайдиган бола йўқ.
• Хаттот қалам танламайди.
• Ҳўл бўлишдан аввал ёмғирпўшни ол.
• Такаббурлик яхшилик келтирмайди.
• Кўр илондан қўрқмайди.
• Фанда енгил йўл йўқ.
• Келажак учун ҳаракат қилмасанг, яқинда хароб бўласан.
• Пул ишида ҳатто ота ва болалар ҳам — бегона.
• Узилган гулни шохга қайтариб бўлмайди.
• Ёш ҳам, қари ҳам қачон кетишини билмайди.
• Отнинг оёғи тўртта бўлса ҳам қоқилади.
• Ҳаётда қаердан топиб, қаерда йўқотишингни билмайсан.
• Истеъдодли кишини ўз истеъдоди ўлдиради.
• Орзу — рўёбга чиқмаган туш.
• Мамлакат мағлуб бўлса ҳам тоғ ва дарёлар қолаверади.
• Уч йил тош устида ўтирсанг, тош ҳам қизийди (сабр билан мақсадга эришиш ҳақида).
• Қалампирнинг уруғи майда бўлса ҳам аччиқ.
• Ота-онасиникига борган хотин уч кунда зерикади.
• Кичик ишлар катта ишларга етаклайди.
• Қариш осон, илм ўрганиш қийин.
• Самурай дўсти учун жонини аямайди.
• Ҳатто тўртта от ҳам тилни қувиб етолмайди.
• Ўлик йўлбарс тирик сичқонга тенг келмайди.
• Муваффақиятсизлик — омад калити.
• Кимоноси оқ-у, қалби қора (кимоно — япон миллий кийими).
• Билган — гапирмайди, бехуда гапирган — билмайди.
• Энг яхши уста ҳам хато қилади.
• Уч сунли тил беш сякли танани яралайди (сун — узунлик ўлчови, 3,8 см; сяк — узунлик ўлчови, 30,3 см).
• Энг яқин дўстинг билан ҳам орада масофа сақла.
• Туққан ота-она эмас, тарбиялаган — ота-она.
• Зиёндан ҳам фойда чиқар.
• Ортиқча давлат ҳам зарар.
• Чумчуқ ҳаккалашни юз йилда ҳам ўрганолмайди.
• Айш-ишрат инсонни ҳалок қилади.
• Оёғи ёрилган қамиш бошоғидан ҳам чўчийди.
• Тақдир ва вақтни кутиш керак.
• Қоринни белга алиштириб бўлмайди.
• Вақтни қайтариб бўлмайди.
• Қайиқчи кўпайса қайиқ чўкади.
• Энг чопқир от ҳам қариса, қирчанғидек бўлолмайди.
• Катта истеъдод кеч етилади.
• Тинчликда яшаб уруш йилларини унутма.
• Ҳатто чанг ҳам йиғилса тоғ бўлади.
• Ким эрта турса, унга Худо беради.
• Севги учун чегара йўқ.
• Ўғирланган сув ичгандан ташналикка чидаш афзал.
• Табиат, унинг қонунларини бузганни жазолайди.
• Ўзини ҳимоя қилганни осмон ҳам ҳимоя қилади.
• Осмон билди, ер билди — мен билдим (яъни, ҳамма билди).
• Ўрганиш — тоққа арава етаклаш (тўхтасанг, орқага қулайсан).
• Қайғу бахт билан ўрин алмашади.
• Дунёни бир одам бошқаролмайди, дунё — барчаники.
• Уйда — ботир, бегоналар орасида — қўрқоқ.
• Сен ўтирган кема орқага қайтмайди.
• Эски дарёлар қуримайди.
• Севги ва нафрат ораси бир қадам.
• Бир вақтнинг ўзида икки яхши нарса бўлмайди.
• Эр-хотин жанжалига аралашма.
• Сўраш — бир дақиқалик уят, билмаслик — бир умрлик.
• Энг азиз меҳмон ҳам уч кундан сўнг зериктиради.
• Саксон ёшида уч яшарлик боладек.
• Эрта турганга омад ёр.
• Катта санъаткорга — катта саҳна.
• Кундузги чироқдек бефойда бўлма.
• Одамнинг оғзига эшик ўрнатиб бўлмайди.
• Мусибатдаги дўст — ҳақиқий дўст.
• Илон чаққан чириган арқондан ҳам чўчийди.
• Фолбин ўз тақдирини билмайди.
• Айтилган сўз — кумуш, сукут — олтин.
• Муваффақият бир қанча майда кўнгилсизликлардан сўнг келади.
• Катта одам кичик иш билан шуғулланмайди.
• Ака-укалар — бир танадаги икки қўл.
• Тез қизиган тез совийди.
• Қушлар йўқ қишлоқда кўршапалак ҳам қуш.
• Жанжалда икки томон айбдор.
• Ҳаётда етти омад ва етти омадсизлик бўлади.
• Шаффоф сувда балиқ яшамайди.
• Ўз уйида ҳамма — Бэнкэй (Бэнкэй — афсонавий япон полвони).
• Баҳсда қаттиқ бақирган ютади.
• Яхши кийимда маймун ҳам гўзал.
• Йиллар — даво.
• Ўғри ўз эшигини яхшилаб тамбалайди.
• Саккиз қўли, саккиз тили бор (ҳийлагар ҳақида).
• Қарға ҳар ерда қора.
• Тарбия насабдан муҳим.
• Табиб ўз соғлигини ўйламайди.
• Жиззакилик омад келтирмайди.
• Учрашув — айрилиқнинг аввали.
• Дарёда ўсган дарёда ўлади.
• Йиллар ва ойлар инсонни кутмайди.
• Тоғлар баландлиги билан эмас, дарахтга бойлиги билан қадрли.
• Энг чопағон отга ҳам қамчи керак.
• Ҳатто ит ва мушукни уч йил боқсанг, улар ҳам яхшилигингни унутмайди.
• Ҳатто ўғриликни ҳам ўн йил ўрганиш керак.
• Ҳатто бахтсизлик ҳам уч йилдан сўнг керак бўлиб қолиши мумкин.
• Ҳатто қуриган дарахт ҳам тоғ манзарасини гўзаллаштиради.
• Ҳатто аҳмоқнинг ҳам бир истеъдоди бўлади.
• Ҳатто қоғознинг ҳам икки томони бор.
• Узоқ йўл яқиндан бошланади.
• Бир жуфт варадзини бир оёққа киёлмайсан (варадзи — япон похол шиппаги).
• Пул инсонни бегоналаштиради.
• Пул бутун дунё бўйлаб кезади.
• Пул пулни туғади.
• Бошингни совуқда қолдирсанг ҳам оёғингни иссиқ тут.
• Урушаётган чумчуқлар одамдан қўрқмайди.
• Машҳурнинг боласи камдан-кам ҳолатда машҳур бўлади.
• Вақт учун чегара йўқ.
• Болалар учун очлик йўқ (ота-она ўзи емаса ҳам боласига беради).
• Ёмғир томчиси тошни йўнади.
• У мамлакатига борсанг — одатларига амал қил (У — Хитойдаги қадимий ўлка номи).
• Яхши ишлатишни билсанг ўтмас пичоқ ҳам яраб қолади.
• Қўмондонни ўлдирмоқчи бўлсанг, аввало унинг отини ўлдир.
• Пулинг борида пул керак бўладиган кунларни ўйла.
• Туғилган — ўлади, учрашган — айрилади.
• Соғлик учун қайғуриш — энг яхши дори.
• Меҳнаткаш одамга касаллик ҳам йўламайди.
• Куни келганда ҳатто каламуш ҳам йўлбарсга айланиши мумкин.
• Ҳатто чумолилар ҳам тўғонни емириши мумкин.
• Ортиқча дори ҳам — заҳар.
• Овчи ҳам тузоққа тушиб қолиши мумкин.
• Эскини ўрганиб янгини билиб оласан.
• Минг кун тўқилган қамиш бир кунда кул бўлади.
• Байрам арафаси байрамнинг ўзидан қизиқ.
• Аҳмоқлар югуриб кетса, орқасида ақли расолар ҳам югуради.
• Пул тугаса севги ҳам тугайди.
• Сигир сув ичса сут бўлади, илон сув ичса — заҳар.
• Катта балиқ ботқоқда яшамайди.
• Уч кун тиланчилик қилган одатини ташлолмайди.
• Осон топилган осон сарф бўлади.
• Битта генерал топгандан мингта аскар топган афзал.
• Мингта чумчуқ чуғуридан битта турна овози яхшироқ.
• Будда ибодатхонасида яшайдиган бола сутраларни ўрганмасдан ҳам ўқийверади (сутра — будда диний матнлари).
• Масамунэ қиличи билан шолғом кесма (Масамунэ — машҳур қадимги қуролсоз. У ясаган қиличлар юқори баҳоланган).
• Сукут сўздан афзал.
• Денгиз қароқчилари тоғ қароқчиларини жиноятда айблайдилар.
• Ўликнинг овози бўлмайди.
• Болани ташлаб кетиш мумкин, ота-онани ташлаб бўлмайди.
• Эркак — қарағай, аёл — печакгул (печакгул қарағай атрофида ўсади).
• Расмдаги нон билан қорин тўйдириб бўлмайди.
• Шафқатли жангчигина ҳақиқий жангчидир.
• Никкони кўрмасдан туриб “гўзал” сўзини ишлатма (Никко — атроф манзаралари гўзал бўлган қадимги япон шаҳри).
• Сени мақтаётган кишига ишонма.
• Кетаётганни тўхтатма, ўткинчини ҳайдама.
• Янги келинни кузги бақлажон билан боқма (яъни, келинни бошга чиқариб олма).
• Аёл сенга еттита туғиб берган бўлса ҳам унга қалбингнинг тубини очма.
• Душманинг заиф бўлса ҳам ўзингни катта тутма, душманинг кучли бўлса ҳам ундан қўрқма.
• Фақат бир томонни эшитиб ҳукм қилма.
• Эҳтиётсизлик — энг катта душман.
• Уйдан яхши жой йўқ.
• Ўз вазнинг билинмайди.
• Ётоқда ётган қоқилмайди.
• Денгиз ҳақида балиқчидан сўра, ўзинг ҳақида — бошқалардан.
• Узилган баргни шохга ёпиштириб бўлмайди, синган ойнада юзинг акс этмайди (ажралишган оилалар ҳақида).
• Кузги осмон етти ярим марта ўзгаради.
• Аҳмоқликка қарши дори йўқ.
• Хато қилсанг, тўғрилашдан уялма.
• Биринчи ғалаба — ғалаба эмас.
• Биринчи — овоз, сўнг — куй.
• Илк невара фарзандда ширин.
• Биринчи гуруч ҳосили сўнггисидан ширин.
• Қалам қиличдан кучли.
• Ҳал қилишдан олдин ўйла, ҳал қилдингми — ўйлама.
• Оқар сув айнимайди.
• Оилавий жанжаллар фақирликка олиб келади.
• Рашк — севгининг юраги.
• Ота-оналар ишлайдилар, болалар ялло қиладилар, набиралар — қашшоқ.
• Оғиз — бахтсизликлар ва касалликлар сабаби.
• Сакэ ва кўп уйқу — қашшоқликка энг қисқа йўл (сакэ — гуруч ароғи).
• Қўлингдан келганча ҳаракат қил, қолганини тақдирдан кўр.
• Кўр илон ҳеч нарсадан қўрқмайди.
• Сўз темирни ҳам эритади.
• Қуёш ва гуручни ҳар ердан топа оласан.
• Эр-хотиннинг уруши ва ғарб шамоли оқшом бўлиши билан тинчийди.
• Қари от йўлдан адашмайди.
• Тақдир ва соя изимиздан қувиб юради.
• Бахт уни кутмаган пайт кулиб боқади.
• Ўғил отага тақлид қилади, қиз — онага.
• Уч аёл йиғилса — бозор.
• Йўл бўйидаги уйни уч йилда ҳам битказолмайсан (агар ҳар ўтганнинг маслаҳатига қулоқ солаверсанг).
• Фарзанди бўлмаган ота-она севгисини билмайди.
• Эркакнинг боши бор, аёлнинг — юраги.
• Қочган йўл танламайди.
• Табассум ҳеч қачон зарар эмас.
• Ўлиш осон, яшаш қийин.
• Аҳмоқ ва жиннига йўл бўшат.
• Келинни уйга тушиши билан тарбияла.
• Ёзишни ўрганиш саксон ёшда ҳам кеч эмас.
• Яхши дорининг таъми аччиқ бўлади.
• Яхши уста ашё танламайди.
• Шохини тўғриламоқчи эди, буқани ўлдириб қўйди.
• Ўлик бўлса ҳам тай яхши (тай — Японияда қадрланадиган балиқ тури).
• Инсон йиғлаётган бола ва ер эгаси олдида ожиздир.
• Атиргул қанча гўзал бўлса, тикони шунча узун бўлади.
• Қанча астойдил яширишса, шунча тез ошкор бўлади.
• Тез етилган тез бузилади.
• Бори — ёқмайди, ёққани — топилмайди.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Японлар (ўзларини нихондзин — қуёшли ўлка одамлари деб аташади) —Япониянинг асосий аҳолиси (127 млн. киши, 2014) бўлган халқ. Умумий сони 130 млн. киши (2014). Япон тилида сўзлашади. Диндорлари — асосан, синтоистлар ва буддавийлар; христианлар ва синкретик динларга эътиқод қилувчилар ҳам бор.