• Итлар йўқ жойда мушуклар ҳурийди.
• Эшакдан: “Сенинг нечта хотининг бор?”, — деб сўрашди. У бутун подани кўрсатди.
• Тарбиясиз отга миниб Худони эсдан чиқаради, отдан тушиб — отни.
• Ароқ билан саломлашиб, ақл билан хайрлаш.
• Кўрлар орасида бир кўзли ҳам қўмондон.
• Одам йиғлаб туғилиб, инграб ўлади.
• Одамнинг туғилиши — биринчи кун, уйланиши — иккинчи кун, ўлим — учинчи кун.
• Битта тақа топиб олган айтармиш: “Битта от ва учта тақа етишмаяпти, холос”.
• Тўқ яшаб чўчқага айлангандан ночор яшаб одам бўлган афзал.
• Шерни қарилик енгганда уни эшак ҳам тепади.
• Букрини гўр тўғрилайди, баъзида у ҳам фойда бермайди.
• Қуддусда ит ҳуримайдими?
• Қочувчи ва қувувчи — иккаласи ҳам худога дуо қилади.
• Камбағал кунига ўн марта ўлади.
• Сендан омад кетса — қувиб ет, ёмонлик етса — қоч.
• Қопағон итни қаерда ўлдирсалар ўша ерга кўмадилар.
• Бойлик — худо олдида гуноҳ, камбағаллик — одамлар олдида.
• Бойликнинг кўзи кўр, у пашшага ўхшайди: гоҳ тезакка қўнади, гоҳ гулга.
• Бой ўлганга йиғлайди, камбағал — ҳаражатга.
• Бой тўқ бўлмайди, ҳақиқатгўй — оч.
• Бармоқ оғриса юрак билади, юрак оғриса — ҳеч ким.
• Бемор тузалса — табибни ёмон кўриб қолади.
• Катта елканни фақатгина кучли шамол қўзғата олади.
• Катта дарахт кучли шамолни севади.
• Сўраб-сўраб Қуддусга етасан.
• Урушқоқ буқа шохсиз қолади.
• Агар асал бўлганда пашшалар Бағдоддан келарди.
• Сувда дарахт илдизи қуриб қолмайди.
• Сувга тушсанг қуруқ чиқмайсан.
• Денгиздан омон қолган томчига чўкиб кетди.
• Сичқоннинг инига шерни тўйга таклиф қилишибди.
• Ярим кечаси айиқ қуёшга сиғинади.
• Аёллар йўқ юртда урғочи эшакни Қуёшхон деб эркалатишади.
• Бегона далада бегона эчки қўшиқ айтади.
• Туядан сўрашди: “Сенга араб оҳуси ёқадими?”. “Агар букри бўлганида янада яхши бўларди”, деди у.
• Туяга айтишди: “Сенинг бўйнинг қийшиқ”. У деди: “Менинг қаерим қийшиқ эмас?”
• Арқон узун бўлса яхши, гап — қисқа бўлса.
• Новда ёшлигида эгилади, ўсиб қолса эголмайсан.
• Шароб ҳам ақлдан, ҳам хайрдан айиради.
• Шароб катталарга, сув кичикларга.
• Сув билан виждондан бошқа ҳамма нарса ювилади.
• Сувни қанча силкисанг ҳам сувлигича қолади.
• Сув оқар, қумлар қолар.
• Бўри бўрининг терисни йиртмайди.
• Мени тегмаган бўри кўп яшасин.
• Бўри чўпон бўлолмайди, ўғри — авлиё.
• Бўри ўлса, мингта бўривачча қолади.
• Бўри итга айтар экан: “Жасурлик менинг югуришимда ва мен орқага қарасам сенинг думингни кўрсатмаслигингда”.
• Бўрини бўрилардек кутиб ол, тулкини — тулкилардек.
• Бўрини оёғи боқади.
• Бўрига айтишди: “Сени қўйларга жўнатамиз, болангни — қўзичоқларга”. У жавоб берди: “Қўзичоққаям, қўйга ҳам ўзим бораман”.
• Ўғри қора тунни орзу қилади.
• Ўғри оиласини бой қилолмайди, бошқанинг оиласини бузади.
• Ўғри ўғрини тунади.
• Ўғрини водий уч кун яширди, тоғлар — уч юз кун, барибир топиб олишди.
• Қарғани қум билан артсанг ҳам оқармайди.
• Қарға гўнг устида ўтириб, думини ахлатдан асраркан.
• Қарға ҳаккадан тортиб олди, ҳакка — курка товуқдан, бечора жўжа қийналиб қолди.
• Қарғани аслзода этиб тарбиялашди, лекин у қағиллашини қўймади.
• Душманимнинг душмани — менинг дўстим.
• Олдингда турувчи душман орқада турувчи дўстдан афзал.
• Душманга — қилич, савдогарга — пул, тегирмонга — сув, омочга — буқа.
• Эзгу ишдан ўзга ҳамма нарса ўткинчи.
• Меҳмонхонага кириш — меҳмоннинг изнида, чиқиш — мезбоннинг.
• Севги йўқ жойда қувонч ҳам йўқ.
• Қўйнинг боши сиққан тешикка гавдаси ҳам сиғади.
• Қилич кор қилмаган жойда тил ҳам кучсиз.
• Қаерда чиройли гуллар бўлса, асалари ҳам ўша ерга учади.
• Қирғий тухум қўйган жойда бедана бўлмайди.
• Одамнинг кўзини фақат тупроқ тўйдиради.
• Аҳмоқ бош кал ҳам бўлмайди, оқармайди ҳам.
• Аҳмоққа яхши сўз айтиш — кундузи чироқ ёқиш.
• Чириган тахта михни ушламайди.
• Чириган тиш билан ёнғоқ чақолмайсан.
• Бир йил ўйлаб, бир лаҳзада амалга ошир.
• Бир ёшлик хўроз юз ёшлик товуқдан афзал.
• Бошимни кўтарсам осмонни, эгсам ерни кўраман.
• Ялангоёқни юзта қароқчи ҳам ўғирлолмади.
• Оч қолган ит эгасини ҳам қопади.
• Очдан сўрашди: “Дунёдаги энг оғир нарса нима?”. У жавоб қилди: “Бўш ошқозон”.
• Меҳмон меҳмонни чақирди, мезбон иккисини ҳам ҳайдади.
• Мезбоннинг уйидаги меҳмон эшакка ўхшайди: уни қаерга боғламоқчи бўлишса, рози бўлиши керак.
• Тасқара суякни очликдан эмас, бахилликдан ютади.
• Юки бор эшакка қамчи урмайдилар.
• Сув тошқинидан, ёнғиндан ва аёл макридан Худо асрасин.
• Шайтонга бармоғингни тутсанг, бутун қўлингни чангаллайди.
• Ҳадя ҳадяни талаб қилади. Ҳадя билан сирка ҳам шакардан ширин.
• Берсалар — ол, сўрасалар — бер.
• “Ўн иккита бўтани тарбиялади, лекин ўз юкидан қутулмади”, — деди туя.
• Ит итга буюрди, ит — қуйруғига.
• Қуёшсиз кун тунга ўхшайди.
• Дарахт илдизи билан кучли, одам — дўстлари билан.
• Ҳақиқат дарахтини тошга эксанг ҳам сўлиб қолмайди.
• Битта салтанатда икки шоҳ яшолмайди.
• Ёғсиз гўштдан ёғли сардак чиқмайди.
• Темир юрак учун ёғоч ҳанжар ҳам яхши.
• Дангасага гоҳ қор ёғиб қолади, гоҳ ёмғир.
• Омочга ортиқча ҳўкиз зарар қилмайди, булутга — ортиқча сув.
• Яхши хотин яхши дўст ва акадан афзал.
• Яхши сўз темир эшикни очади.
• Яхши қўшни чиқаётан Қуёшдан афзал.
• Қарз тирқишдан уйга кириб, ўсади-да, сўнг эшикдан ҳам чиқолмай қолади.
• Қарз тушда ҳам кўпаяди.
• Қарз овоз ҳам чиқармайди, ухлашга ҳам қўймайди.
• Узоқ иккиланиш қўрқувга олиб келади.
• Дўстнинг юзига соладилар, душманнинг — кўзига.
• Аҳмоқ йўқотади, доно топади.
• Аҳмоқни ўргатиш — ўликни даволаш.
• Аҳмоққа иш буюр, орқасидан ўзинг юр.
• Сени ўстирган шайтонни мен тарбиялаганман.
• Арава ўтин олиб келмаса, ўзи ўтин бўлади.
• Агар бўридан қўрқмаганида эчки Доғистонгача борарди.
• Дунё ёнса, сен унга керосин сепасан.
• Агар қичқириқ ва эшакнинг қадри бўлганида рус шоҳи ундан бож оларди.
• Агар кал дорисини билганида аввал ўз бошини даволарди.
• Агар сув сен томон келмаса, сен сув томон бор.
• Агар душман мендан қочиб кетса — олтин кўприкни кўрсатаман.
• Кўзинг билан кўрмаган бўлсанг, югурма.
• Агар икки киши сени “кўр” деса — кўзингни юм.
• Икки бегона билган сирни чўчқа ҳам билади.
• Бўта биянинг гапини олмаса, бўрига ем бўлади.
• Агар хиёнаткор полга ўтирса, ўша жойни кесиб ташла.
• Агар мушук эпчил бўлса, сичқон ҳам — чаққон.
• Кераксиз нарсани сотиб олсанг, тез орада керакли нарсани ҳам сотасан.
• Одамни хонавайрон қилмоқчи бўлсанг, унга ҳар куни олов берма.
• Агар ойна бўлмаса, дунё ойна бўлиб хизмат қилади.
• Йиқилсанг ҳам эшакдан эмас, отдан йиқил.
• Агар ит араванинг орқасидан югурса, чананинг ҳам орқасидан югуради.
• Агар итлар қатиқни ичиб қўйишган бўлса, идиши қаерда қолди?
• Сенинг даъвогаринг қози бўлса, сенга худо ҳам ёрдам бермайди.
• Сен ёй билан бўлсанг, мен қалқон биланман.
• Мезбон хурсанд бўлмаса, меҳмонга ҳам зерикарли.
• Ёмон қўшнидан қутулмоқчи бўлсанг, унга қарз бер.
• Оқсуякни кўрмоқчи бўлсанг, аввал унинг дарвозабонини кўр.
• Сўз айтишдан аввал уни ким эшитишини текшириб кўр.
• Темир оловда тобланади, инсон — муҳтожликда.
• Сариқ олтин қора кунга.
• Хотин, шароб ва от кўпчилик учун ҳаёт билан тенг туради.
• Чўпоннинг хотини шоҳнинг жазманидан афзал.
• Аёл киши сояга ўхшайди: уни қувисанг — қочади, ундан қочсанг — қувийди.
• Аёл айтаркан: “Менинг эримдан қўрқмаган — ҳақиқий эркак”.
• Аёл ақллидан камчилик қидиради, нодондан — фазилат.
• Тирик ит ўлик шердан афзал.
• Жоҳилнинг ҳаёти ўлимдан ёмон.
• Ҳаёт оловга ўхшайди: унинг бошланиши — аланга, тугаши — кул.
• Таваккал қилиб яшаш яшамаслик билан тенг.
• Турна осмонда, ерда унга сих тайёрлашади.
• Ҳасадчининг гули тиканли.
• Ҳасадчи ўлади, лекин суқ қолади.
• Қуённи сихга тиқишди, у эса ҳалиям мен билан ҳазиллашишяпти деб ўйлайди.
• Ботаётган қуёш чиқаётган ойга қийшиқ қараркан.
• Яшил бодринг ўзини ўзи мақтайди.
• Яхшиликни фақат ўзига қиладиган одам ҳам ёмон билан баробар.
• Илон пўстини ташласа-да, илон юраклигича қолади.
• Илм пулдан қиммат, ўткир қилич тўпдан кучли.
• Тиллонинг қўли йўқ, лекин ҳамма нарсани амалга оширади.
• Тиш оғриса суғуриб қутуласан, қўшнинг ёмон бўлса — кўчиб.
• Тиш тиш билан уришди, оғиз эшикни очди.
• Тишлар — тилнинг қулфи.
• Ҳатто базм ҳам инсонни зериктиради.
• Бўри ҳам оч қолади, оқсуяк ҳам синади.
• Қарға ҳам болаларидан мағрурланади.
• Дарахтнинг ҳам ватани бор.
• Белкуракни ҳам, кетмонни ҳам бир ёғочдан ясайдилар.
• Сўзнинг ҳам ўлчови бор.
• Ит ҳам нон-тузни унутмайди.
• Олдинда юрувчи — орқада юрувчи учун кўприк.
• Узун соқоли билан эчки ўзини поп деб ўйлабди.
• Қарғанинг тухумидан қарға чиқади.
• Ортиқча буюклик Юнонистонни барбод қилибди.
• Бизникига келсанг шароб ичасан, сеникига борсак кўзингни юмасан.
• Бегонага муҳтожликда ёрдам беришга шошил, лекин бегонанинг базмига шошилма.
• Ҳамма тулки ўз думидан фахрланади.
• Ҳамма қуш ўз инини билади.
• Ҳамма ит ўз дарвозасида ботир.
• Ҳар бир соат бизга дард олиб келади, охиргиси — ўлим.
• Сен қандай қарсак чалсанг, сенга шундай ўйнаб бераман.
• Эшакнинг думидек: қисқа ҳам, узун ҳам қилолмайсан.
• Қандай жой солсанг, шундай ором оласан.
• Ўрмон қандай бўлса, ҳайвонлари ҳам шундай.
• Тошни тош билан майдалайдилар, темирни темир билан чархлайдилар.
• Тош ўз жойида турганда оғир бўлади, жилдирсанг — енгиллашади.
• Қатиқ сўрасам айрон олиб келади.
• Ўғри товуқни ўғирлаб, орқасига яширди, товуқнинг думи ташқарида қолди.
• Бўри подага ҳужум қилса, қўйи битта одамга кулфат.
• Ўғрига ўғирлашга ҳеч нима қолмаганида ўз қалпоғини ўғирлар экан.
• Қиз бола турмушга чиқмоқчи бўлса, уйидагилари билан урушиб қолади.
• Дарахт қуласа, болтали ҳам, болтасиз ҳам унга югуради.
• Дарёнинг чуқурлигини билмаган қайиқчи қайиқ остида қолади.
• Асал борлигида ялаб ол.
• Хўроз қанотини ёздими, қичқиради.
• Очлик келганда уят орадан йўқолади.
• Қуёш ҳаммага бирдек нур сочади.
• Сен ўқишга борганингда, мен ўқиб бўлиб, қайтаётган эдим.
• Ақл беришганида у йўқ эди.
• Аччиқ дард кўрмаган аччиқ кўз ёшларни ҳам тўкмайди.
• Кимнидир одам дейишади, кимнидир — одамча.
• Тўйган эчки бўри билан олишувга борармиш.
• Эчкининг орқасидан ўт, отнинг олдидан ўт, одамнинг — икки тарафидан.
• Эчкини сотиб олдим, сўнг сотдим, фойда кўрмадим.
• Қайиққа ўтириб қайиқчи билан тортишма.
• Мабодо қарға атиргулни топса, ўзини булбул деб ўйлайди.
• Болта гуноҳ қилса, сопи ҳам гуноҳ қилади.
• Сенга таёқ кўтарганни сен ҳам ур.
• Зимистонни кўрмаган зиёнинг қадрига етмайди.
• Она йўқ бўлса, ўгай она ҳам яхши.
• Қалампир емаган бўлсанг, нега оғзинг ачияпти?
• Худо берса икки қўллаб беради, олса ҳам икки қўллаб олади.
• Отлар кетса, дала эшакларга қолади.
• Оти йўғ-у, эгарни орзу қилади.
• Бир кун боқиб, юз йил миннат қиладилар.
• Сигирни туз билан алдайдилар, одамни — тил билан.
• Мушук ўйнайди — сичқоннинг юраги тушади.
• Мушукнинг бошига қази тушиб кетди, “Худойим, доим бошимга шунақа дўл ёғдир”, деди у.
• Мушукни шундай тутки, тирноғи билан сени тилмасин.
• Деҳқон зотли сигир қидиради, оқсуяк зотли қиз қидиради.
• Қонни қон билан ювиб бўлмайди.
• Осмонга ахлат отсанг, юзингга ёпишади.
• Ким кўзингни мақтаса — у шайтоннинг элчиси.
• Ёшлигида кўп еган, қариликда очликдан ўлади.
• Каламуш бўрини тутганини ким кўрибди?
• Қалъанинг эгаси, далани ҳам бошқаради.
• Вақтида эккан вақтида ўради.
• Ким қаерда ўсса, ўша ер унга — Бағдод.
• Йўлни билган қоқиниб кетмайди.
• Ким қалампир еган бўлса, унинг оғзи аччиқ бўлади.
• Ўтишни хоҳлаган тошли қирғоқдан ҳам, чақиртошдан ҳам қўрқмайди.
• Нуқсонсиз дўст қидирган ёлғиз қолади.
• Кўп ўтин ёққан, ўрмонга кўп боради.
• Шамолга қарши тупурсанг, бетингга ёпишади.
• Қўшнисига ишонган кечки овқатсиз қолади.
• Бошини билмаган охирини ҳам тушунмайди.
• Ўз сирларини сақлашни билмаган сардор бўлолмайди.
• Ҳақиқатни йўқотган умрини ҳам йўқотади.
• Балиқ ейишни хоҳлаган оёғини ҳўллайди.
• Отдан тушган эшакка ўтирмайди.
• Олдинда бўлган эртага орқада бўлади, орқада бўлган эртага олдинда бўлади.
• Сабр қилган ҳамма нарсага эришади.
• Ўғирланган молни сақлаган — ўғридан баттар гуноҳкор.
• Бировнинг бахтига ҳасад қилган ўз бахтини кўрмайди.
• Шовқинга чидамаган темирчи устахонасига бормайди.
• Айронни севган айронни ўйлайди, пишлоқни севган — пишлоқни.
• Кўза мақтанган экан: “Отда юрмаган бўлсам ҳам, ҳеч қачон пиёда ҳам юрмаганман”.
• Темирчи — пичоқсиз, тикувчи — кўйлаксиз.
• Сувсар овга кетиб мўйнасиз қайтди.
• Олиш-сотиш қариндошлар орасида ҳам бўлади.
• Товуқ бизникида курка бўлиб, тухумни бошқаникига қўяди.
• Ақл калталиги — оёққа оғирлик.
• Битта чақалоқлидан кўра, ўн бешта отлиқни меҳмон қилган осон.
• Давлатни бошқариш хотинни бошқаришдан осон.
• Дорини касал бўлгандан сўра.
• Дангасага ҳар кун — байрам.
• Дангаса иш йўқлигидан қўлига бигиз санчади.
• Дангасалик — камбағаллик калити.
• Дангасалик — ёмонликлар онаси.
• Ёзда илондан қўрққан қишда адёлдан чўчади.
• Тулки тушида товуқ кўраркан.
• Тулки ва шоқол битта йўлдан юради.
• Юзидан — поп, ишидан — бўри.
• Бўри ов қилади, бўрини ҳам овлашади.
• Чаққонликда чивин шерни ютади.
• Овқат емай ухла, қарзсиз уйғонасан.
• Ёлғоннинг оёғи қисқа.
• Уйингда душманинг бўлганидан шер билан олишганинг афзал.
• Ёмон хотиндан қопағон ит афзал.
• Ҳасад қилгандан тақлид қилган афзал.
• Шарафни йўқотгандан бошни йўқотган афзал.
• Урфни йўқотгандан уруғни йўқотган афзал.
• Нодон билан базм қилгандан доно билан урушган афзал.
• Бировнинг миннатли ошидан очдан ўлган афзал.
• Яхши ака душманингда бўлса ҳам ўлмасин!
• Тишсиз меҳмонни севаман.
• Севги, олов ва йўтални яшириб бўлмайди.
• Севги гулни қидиради, рашк — тиканни.
• Севги уят билмайди.
• Онасини севиб, боласини эркалатади.
• Қуймоқни суйиб, қозонни ялайдилар.
• Тепиш эшакка уят эмас.
• Май ёмғири — олтин, июнники — кумуш, июлники — олов.
• Қўрқоқ — аҳмоқнинг шериги.
• Айиқ айиқни бегона узумзорга меҳмонга чақирди.
• Айиқ ухлаб қолди, сичқонлар эса унга гўр қазишни бошладилар.
• Айиқни узумзорга қўриқчиликка қўйдилар: ҳеч кимни у ерга қўймади, у ердан ҳеч нимани ҳам қолдирмади.
• Айиқни кўрдилар, лекин изини қидиряптилар.
• Айиқни ўз ёғи безовта қилади.
• Асал яхши, аммо унинг ҳам қатрони бор.
• Ўлик ўликдан қабргача кузатиб қўйишни илтимос қилди.
• Ёш болани ва эсипастни муҳокама қилмайдилар.
• Менинг душманим — виждоним.
• Ҳўл тил нималарни гапирмайди.
• Ёшликни янги кўйлакни асарагандек асраш керак.
• Денгиз бўтқага айланса, омадсизга қошиқ топилмайди.
• Эр — ишчи, хотин — қурувчи, эр ғишт ташийди — хотин қуради.
• Эркак уй қурди — аёл бузди, аёл қурди — уни шайтон ҳам буза олмади.
• Пашшалар асал оққан томонда йиғиладилар.
• Сичқон омборда очликдан ўлмайди.
• Сичқон инига киряпти, думига ошқовоқ бойлаб олган.
• Сичқон кемириб-кемириб мушуккача боради.
• Урушда қўлга тушган ҳар қандай қурол — энг яхши қурол.
• Чириган арқон билан чуқурга туша олмайсан.
• Аёл кишига ит ҳам ҳуримайди.
• Катта ҳайвонга катта итлар овга чиқади.
• Ахлатхонада қўзиқорин катта ўсади, лекин тез тўкилади.
• Бегона хотиндан умид қилиб ўрин ёзма.
• Бу дунёда фақат бир нарса тилсиз гапиради — тўғрилик.
• Қўрққан ит ўн йил дарахтга ҳурийди.
• Халқ қочса сен ҳам югур, тўхтаса сен ҳам тўхта.
• Мажбуран тортиб оладилар, лекин мажбуран бермайдилар.
• Тортилган арқон тез узилади.
• Қиличнинг қисқалиги кулфат эмас, озроқ олдинга юрсанг душманга етади.
• Ниначи бургутнинг тухумини олиб қочганига ҳеч ким ишонмайди.
• Ўз акангга ҳам ишонма, лекин қийшиқ бўлса ҳам ўз кўзингга ишон.
• Эшакка юкланган ҳамма нарсани ҳам унга беравермайдилар.
• Кўзада ҳар доим ҳам сув ташилмайди.
• Ҳамма қулоқ ҳам сирларни эшитавермайди.
• Болага ваъда берма, мабодо ваъда берсанг, албатта уни бажар.
• Тез тургизиладиган жойга ўтирма.
• Бозорда шам қимматлигини муҳокама қилиш кўрларга эмас.
• Пишмаган мевани узма, пишса ўзи тўкилади.
• Эшак оёғини синдиришидан қўрқса, темирни тепмайди.
• Тарбиясиз устозини ёмон кўради.
• Қаллиқ куйлайди, келин йиғлайди.
• Келинга булутли кун ҳам тонгга ўхшайди.
• Касаллик кўп, даво битта.
• Чақирилмаган меҳмон — вабодан ёмон.
• Бехос чиқиб қолган кунда аравани тўнтаради.
• Аканг бўлмаса, қардош қидир.
• Одам бўлмаса ўчоқ билан гаплаш.
• Тулки кундузи нимани ўйласа, кечаси ўша тушига киради.
• Бўтқадан куйган айронни ҳам пуфлаб ичади.
• Куйганнинг устига қайноқ сув қуядилар.
• Кесилган қанот билан бургут ҳам уча олмайди.
• Ўтни шундай ўчирки, тутуни чиқмасин.
• Битта аҳмоқ олмосни денгизга ташласа мингта доно ҳам топиб беролмайди.
• Битта соғлом кўз иккита қийшиқ кўздан афзал.
• Битта бармоқни ёқсанг ҳаммаси ёнади.
• Битта бойчечак билан баҳор келиб қолмайди.
• Биринчи учрашув — танишув, иккинчиси — дўстлашув.
• Қўлдаги битта қушча дарахтда ўтирган учта қушдан афзал.
• Битта сакраш билан беданани тутолмайсан.
• Дарахтда битта олма, у ҳам чириган.
• Битта қўл билан қарсак чалолмайсан.
• Айиқ сени енгса — уни “отам” де.
• Эшак юкни хоҳласа булутга қарайди.
• Эшак емга кетиб, эгарсиз айтди.
• Эшакни тўйга айтиб, унда сув ташидилар.
• Эшакка эшак эгари мос тушади.
• Катта дарахтдан катта япроқлар тушади.
• Итузумдан узум кутма.
• Кулфатдан қочиб, азобга тутилди.
• Учқундан катта дарахтлар ёнади.
• Чаёнўт илдизидан чаёнўт ўсади.
• Кўп сўзлашдан бош оғрийди, кўп ейишдан — ошқозон.
• Тепкидан оғриқ йўқ, уят бор.
• Ҳақиқатдан ўлик ҳам чўқинади.
• Итдан қўзичоқ кутма.
• Ота лаънатласа — соқоли тасдиқлайди, она лаънатласа — кўкраги қайтаради.
• Ота ўғлига узумзорни ҳадя қилди, ўғил отага бир шингил ҳам бермади.
• Ўсмирнинг ўқишдан ақли киради, темир оловда юмшайди.
• Бедана зўрға бир марта дарахтга қўнганди, дарахтнинг шохи узилиб тушди.
• Йиғи ва қичқириқ душманни қўрқитмайди.
• Ёмон балиқчи сувни лойқалатади.
• Ранги — ёқут, таъми — сув.
• Ғолиб ғолибни доим таъқиб қилади.
• Қишдаги қуёшдан атиргул ўсмайди.
• Ақлли ўйлагунча, нодон тоғдан ошади.
• Ҳақиқатгўй ўлмагунча унинг ишлари кўринмайди.
• Дала кўзсиз эмас, девор қулоқсиз эмас.
• Итни эсласанг қўлингга таёқ ол.
• Чумолини оёғингга қўй, у бошинггача боради.
• Бияга қараб, тойни сотиб ол.
• Рост сўз доим ёмон, яхшиси эса доим ҳам рост бўлавермайди.
• Киришдан аввал чиқишни ўйла.
• Битта ҳўкизни бошқалари орасига қўйсанг, ё ранги ўзгаради, ё қилиғи.
• Бўри сени меҳмонга чақирса — бор, фақат итинг билан бирга бор.
• Янги дўстлар топ, лекин эскисини унутма.
• Тоғ ҳақида чўпондан сўра, водий ҳақида — қўшчидан.
• Узоқдаги қирғоқни сўрасанг, яқиндагисини оласан.
• Қуш қаерга хоҳласа ўша ерга ин қуради.
• Қуш қаноти билан фахрланади, аёл — эри билан.
• Қуш қаноти билан гўзал, аёл — сочи билан.
• Бўш бошоқ тепага қарайди, тўла бошоқ — пастга.
• Майли мени тергасинлар, лекин ачинмасинлар.
• Қул бўлиш осон, одам бўлиш қийин.
• Бузиш осон, ўзинг қуриб кўр-чи.
• Дарё ўзанини йўқотмайди.
• Ота-она — бола учун, болалар — ўзи учун.
• Бир марта туғилган бир марта ўлади.
• Атиргул ахлатхонада ҳам ўсаверади.
• Атиргулни тер, тиканини ёқиб юбор.
• Шудринг ёмғир эмас, лекин фойдали.
• Бўйи осмонгача, боши шамолдек.
• Қўл қўлни ювади, иккаласи — юзни.
• Қармоқдан қутулган балиқ каттадек туюлади.
• Балиққа дарёда баҳо бериб бўлмайди.
• Балиқни думидан ушлаб бўлмайди.
• Бурганинг терисини шилиб, ёғини оладилар.
• Ўғри билан юрсанг, сени ҳам ўғри дейишади.
• Отни бошқаролмай, эгарни синдирди.
• Яхши сўз билан тоғ эчкисини ҳам соғса бўлади.
• Ювилмаган юз билан сингилни ҳам акага кўрсатма.
• Олов билан ҳазиллашиб бўлмайди, сувга ишониб бўлмайди.
• Ит билан дўстлаш, аммо таёқни ташлама.
• Салатни шундай тайёрлайдилар: сахий ёғ қуяди, зиқна сирка қўшади, ақлли туз солади, нодон аралаштиради.
• Ўзи бичганни ўзи тикади.
• Инсон учун энг қийин нарса — ўзини билиш.
• Энг узун йўлни ҳам қадамба-қадам босиб ўтса бўлади, энг катта тошни ҳам оз-оздан майдаласа бўлади.
• Жанжалкаш аёл итни боғлаб қўйиб, ўзи ҳуришни бошлади.
• Устидан — ола, остидан — яланғоч.
• Шам ўзини ёритмайди.
• Ўзингнинг қирчанғи отинг бировнинг арғумоғидан афзал.
• Яхшилик қилсанг, уни тузлаб ҳам бер (яъни, яхшиликни охиригача қил).
• Эгар топилганда — от йўқ, от топилганда — эгар йўқ.
• Инсон ўзига қилган ёмонликни етти шайтон бирлашиб ҳам қилолмайди.
• Дононинг юраги йиғи бор жойда, жоҳилнинг юраги қичқириқ бор жойда.
• Юракда — Рустам, ишда — шиллиқурт.
• Опа укаси учун ўлади, ука опаси учун эмас.
• Эшакка ўтириш уят, ундан йиқилиш — ундан-да уятли.
• Куч келди — ҳақиқат эшикдан чиқди.
• Сўна отнинг ҳам, эшакнинг ҳам бирдек думи остига қўнади.
• Кўр кўзи очиқни алдаб кетди.
• Сўз — ўқ: отсанг — қайтиб келмайди.
• Ўлим уятдан афзал, у иккиси — дўзах.
• Шарафли ўлим — марднинг орзуси.
• Буғдой ёнса, похолга кулги.
• Маҳорат кучдан афзал, агар вақтида ишлатилса.
• Ит оқсоқликдан ўлмайди.
• Ит шошилиб, кўр кучуклар туғди.
• Ит итнинг терисини йиртмайди.
• Ит бизники, лекин бошқанинг бўйинбоғида.
• Тишламайдиган ит узоқдан ҳурийди.
• “Мени тута оладиган итни бир нигоҳидан биламан”, — деди бўри.
• Итнинг думи етти йил қувурда турди, лекин текис бўлмади.
• Виждон тишсиз, лекин тишлайди.
• Розилик девордан қаттиқ.
• Қуёш битта, лекин ҳаммани ҳар хил иситади.
• Тузни эшакда ташиб, унга ялаш учун бермадилар.
• Қўшни қўшнига — бўри.
• Ухлаётганни илон ҳам чақмайди.
• Қари хотира билан яшайди, ёш — кутиш билан.
• Қари буқани бўйинтуруққа ўргатгандан кўра сўйиш осонроқ.
• Эски дўст ва эски йўл тез йўқотилади.
• Қарилик Рустамни ҳам енгди.
• Юз марта ур, лекин бир марта тингла.
• Турган сув сасиб қолади.
• Гуноҳ қилишни билдингми, тавба қилишни ҳам бил.
• Бахт уч марта эшик қоқади, агар очмасанг бошқасига кетади.
• Ўғил отасини рақсга ўргатди.
• Ўғил меники, ақли эса ўзиники.
• Тўқ поп оч бўридан ёмон.
• Тўқ қирғий қўлга қўнмайди.
• Сир — икки киши орасида, учинчи одам билса бутун дунё билади.
• Ит эгасини танимайди.
• Шундай сават тўқингларки, сизларнинг болаларингизга ҳам керак бўлсин. (Бир жойда шундай одат бор экан: одам қариса, уни саватга ўтқизиб, қоядан ташлаб юборишаркан. Бир кўр қариянинг ҳам болалари оталарига сават тўқишни бошлашибди. Уларнинг гапларини эшитган қария сўрабди: “Нима қиляпсизлар?”. — “Сават тўқияпмиз”, — дейишибди улар. “Кимга тўқиётганингизни биламан. Шундай сават тўқингларки, у сизнинг болаларингизга ҳам керак бўлсин”, — дебди қария. Буни эшитиб болалари қора ниятларидан қайтишган экан).
• Сабр — жаннат калити.
• Болта кичкина бўлса-да катта дарахтларни йиқитади.
• Қилган гапирмайди, қилмаган кўп гапиради.
• Катта кемани ясаган уста косибнинг қандай қилиб оёқ кийим тикишига лол қолар экан.
• Кечаси билан ер ҳайдаган ҳам ўлди.
• Бахтсизликда чидамсиз бўлган одам — бахтсиз.
• Дунёдаги энг қийин нарса — яхши ном қозониш.
• Қувноқ даврага шошилма, муҳтожлик бор жойга шошил.
• Бойнинг хўрози ҳам туғади.
• Новвойнинг хизматкори ва ити доим оч.
• Энага иккита бўлса чақалоқ очдан ўлади.
• Нодон қўшнидан олов ҳам сўрама.
• Асали бор қўлини ялайди.
• Қўйи йўқнинг пичоғи ўтмас.
• Чумолининг кўзи йўқ эди, у киприклари билан ибодат қиларди.
• Жоҳилнинг ақли бошида эмас, кўзида.
• Тўймаснинг хизматкори ва ити оч.
• Бургутнинг иккитадан ортиқ жўжаси бўлмайди.
• Эшакнинг шохи ўсмади — у ўзини ҳамон ҳўтикча ҳисоблайди.
• Асаларининг боши асалда, лекин ҳамон асал қидиради.
• Омадлининг хотини кулади, омадсизнинг буқаси ўлади.
• Яхши овчининг қуроли зангламайди.
• Зарар қалампирдан аччиқ.
• Тулкини кўрсанг — от, тутсанг — терисини шил.
• Сўлиб қолган атиргул ҳам чаёнўтдан афзал.
• Насиҳат пулдан қиммат.
• Виждон азоби қамчидан кучли.
• Туяни ўғирлаган ҳам, игнани ўғирлаган ҳам — ўғри.
• Қўшнингнинг ақлини қарзга ололмайсан.
• Нодон дўстдан ақлли душман афзал.
• Хирмонни кутадилар.
• Чўккан яна сувга тушибди.
• Ўрганиш бойликдан афзал.
• Ўрганиш — билимнинг уруғи, билим — бахтнинг уруғи.
• Мақтанчоқлик — қўрқоқнинг одати.
• Яхши отга арпа қўшадилар, ёмон отга — қамчи.
• Яхши шогирд — устанинг қувончи.
• Бўрининг етти терисини шилиб олсанг ҳам бўрилигича қолади.
• Ботир жангда жасорат билан ўлади, қўрқоқ — отхонада учрашув кутиб.
• Қораламоқ мақтамоқдан осон.
• Вақтлар бошқаради, шоҳлар эмас.
• Шоҳ ғазабланса — халққа бор, халқ ғазабланса — қоч.
• Бойликнинг қадрини уни топганда биласан, дўстнинг қадрини — йўқотганда.
• Одам юраги билан кучли, дарахт — илдизи билан.
• Одам одатларидан эмас, иймонидан тез айрилади.
• Одам одамга интилади, ҳайвон — ўрмонга.
• Гўнгни қанча ковласанг, шунча сасийди.
• Гап қанча кўп бўлса, иш шунча оз бўлади.
• Саримсоқнинг ҳиди сиркада уч йил сақланади.
• Чинор баланд ўсгани билан мева бермайди.
• Ёзда ғамлаганинг қишда керак бўлади.
• Бошқалар қилса юрагим оғрийди, ўзим қилсам — белим.
• Кабобни шундай қилки, сиз ҳам, кабоб ҳам куймасин.
• Зараркунанда мушук қўлда таёқ кўрса — деворга югуради.
• “Мен ва бўри туяни йиқитдик”, — дебди тулки.
• Тил суяксиз, сўз божсиз.
• Карнинг тилини онаси тушунади.
• Одамнинг тили шараф ҳам, уят ҳам келтиради.
• Охур сигирга бормайди.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Грузинлар (ўзларини картвели деб атайдилар) — Кавказдаги халқ, Грузиянинг асосий аҳолиси (3663 минг киши, 2002). Россия Федерациясида 197,9 минг киши (2002). Умумий сони 4,2 млн. киши. Шунингдек, Озарбайжон, Украина, Қозоғистон, Туркия, Эрон ва бошқа мамлакатларда ҳам яшайди. 17 та субэтник гуруҳга бўлинган: ажарлар, гурийлар, имеретинлар, картлилар, кахетинлар, хевсурлар, мегреллар, сванлар, жавахлар ва б. Грузин тилида сўзлашади. Диндорлари — асосан православлар, бир қисми (ажарлар, месхилар гуруҳи) — мусулмон-суннийлар.