• Тоза виждондан кўра юмшоқ ёстиқ йўқ.
• Аёл ― худонинг гўзал неъмати, агар уни шайтон тотиб қўймаган бўлса.
• Сиркадан кўра асалнинг атрофида пашша кўп бўлади.
• Черковга эмас, худога яқин бўл.
• Йигирма ёшли қизни йигитлардан асрагандан кўра сичқонни мушукдан асраган осонроқ.
• Ўлим севгини қўрқитмайди.
• Фақатгина аҳмоқ ўз фикрини ўзгартирмайди.
• Шоирлар қишлоқда туғилиб, Парижда вафот этадилар.
• Худо уч тоифага ёрдам беради: болаларга, жинниларга ва мастларга.
• Бандасидан эмас, Худодан тила.
• Бир гуноҳга икки марта тавба қилинмайди.
• Севги бор жойда ҳужум ҳам бор.
• Ғазаб ― дўст ҳам эмас, маслаҳатчи ҳам эмас.
• Урушқоқ хўроз семиз бўлмайди.
• Шайтон ухламайди.
• Ҳақиқат ўз ёғдуси билан нур сочади.
• Ким ҳамма нарсага ярайман деса, ҳеч нарсага ярамайди.
• Қарз берганнинг юзи доим ёқимсиз.
• Қазғоққа қарши энг яхши дори ― жаллод кундаси.
• Тақирбош шайтоннинг бошини таролмайсан.
• Севги ва ўлим тўсиқ билмайди.
• Фурсати келмагунча истеъдодлар оз ишга ярайди.
• Ҳар ақлсизга ҳайрон бўлиш билан бошқа бир ақлсиз майдонга чиқади.
• Идеаллар юлдузлар кабидир, уларни тутиб бўлмайди, аммо қоронғи кечаларда йўлимизга улар раҳбарлик қиладилар.
• Оталар табиат яратган банкирлардир.
• Майдалаб ёққан ёмғир исталган шамолдан кучли.
• Асаларининг асали ширин бўлса-да найзаси аччиқ.
• Ўлик илоннинг ниши ҳам ўлик.
• Римда яшашни хоҳласанг папа билан олишма.
• Севгида алдаган одам нафратга ҳам арзимайди.
• Нимаики бенуқсон бўлса, у ёмон.
• Севгида жангдаги каби вақт қадрли.
• Яхши ҳавода денгизчи бўлиш осон.
• Бўри терисини ўзгартирса ҳам феълини ўзгартирмайди.
• Бўри қўйларга қоровул эмас.
• Вақт ― буюк уста.
• Ҳамма тулки думини ўзича ликиллатади.
• Худо қаерга хоҳласа, ёмғир ўша ерга ёғади.
• Тоғ бор ерда водий ҳам бор.
• Халқ овози ― Ҳақ овози.
• Очлик эшикда, севги ойнада.
• Қурт каби яланғоч.
• Момақалдироқ гуриллайди, лекин бузмайди.
• Ҳазилда ҳам меъёр бўлиши лозим.
• Франциядаги энг гўзал хоним ҳам фақатгина ўзида борини бера олади.
• Уйда деворлар ҳам ёрдам беради.
• Инсоннинг қандайлиги унинг қилиғидан билинади.
• Бу кийим унга сигирга фартук таққандай ўтирди.
• Ҳайвонлар ҳам одамдек, фақат улар чўқинтирилмаган.
• Бўри қаердан ўтишини билганимда чох қазиб қўярдим.
• Ҳар куни тўлдириб борилмайдиган билим ҳар куни ўлиб боради.
• Ҳар куни ковлаб борилса, баланд тоғ ҳам йиқилади.
• Эгри дарахт ҳам тўғри ёнади.
• Кўр каптар ҳам донни топа олади.
• Ҳамма ўз-ўзига, Худо ҳамма учун.
• Ҳақиқий олим рассом ҳам, шоир ҳам бўлиши керак.
• Ҳар нуқсоннинг бир фазилати бўлади, ҳар фазилатнинг бир нуқсони бўлади.
• Авлиё қандай бўлса, каромати ҳам шундай.
• Кимни севсам, уни ураман.
• Қиморда омади борнинг севгида омади бўлмайди.
• Юракча каби гўзал.
• Ким узр сўраса, ўзини айблайди.
• Ким ишни ҳал қилса, унга маслаҳат шарт эмас.
• Кўп ухлаган камбағаллашади.
• Ким қариликда ёш бўламан деса, ёшлигида қари бўлмоғи лозим.
• Узоқдаги қариндошдан яқиндаги дўст афзал.
• Ваъда қилиб бермагандан, ваъда қилмай берган афзал.
• Юзта пашшадан битта асалари афзал.
• Чўпон қизни севган қироличани севгандан афзал.
• Ақлсиз дўстдан ақлли душман афзал.
• Севги ― ундан қутулиш хоҳланмайдиган ягона касалликдир.
• Севги эшакни ҳам рақсга ўргатади.
• Севги попни ҳам рақс тушишга мажбур қилади.
• Севгининг кўзи кўр.
• Севги вақтни ўлдиради, вақт севгини.
• Одамлар қовунга ўхшайди: ўнтасидан биттаси яхши.
• Югурмасдан вақтида йўлга чиқ.
• Ҳаммага маълум бўлган нарсани маслаҳат берма.
• Худога ҳам, одамга ҳам бирдек хизмат қила олмайсан.
• Сабрлилар бепул эришадиган нарсани сабрсизлар доим қимматга олишади.
• Пишлоқ ейилган бўлса мушукни сўкишдан не наф?
• Одамга кўринадиган нарсани Худодан яширишдан не наф?
• Дўстингга қарз бериб, дўстингдан ҳам, пулингдан ҳам айриласан.
• Битта дўст юзта авлиёдан афзал.
• Бургут пашшани овламайди.
• Эшак урғочи эшакка хушсурат бўлиб кўринади.
• Эҳтиёткорлик ― ишончнинг онаси.
• Севги туфайли худди касаллик каби иштаҳа ва туш йўқотилади.
• Эшакдан мол гўшти кутма.
• Бўрининг ишқи тушган чўпонга қийин.
• Барабан билан қуённи тутолмайсан.
• Овқат еб бўлингандан сўнг мурчнинг кераги йўқ.
• Мағлубиятга сабр қилиб, ҳаммасини бошидан бошла.
• Кўпинча ўзингникилар хиёнат қилади.
• Ўз дардингни гапириб, кўпинча енгил тортасан.
• Рашк сеҳргарликдан ёмон.
• Қўллар совуқ, юрак қайноқ.
• Кўздан узоқ ― юракдан узоқ.
• Севги билан ҳазиллашиб бўлмайди.
• Аёл қайси ишни ўйлаб топмасин, уни эркак одам бажаради.
• Нозсиз аёл — тузсиз овқат.
• Аёл муҳаббатини қирқ йил сир тутиши мумкин, нафратини бир дақиқа ҳам яширолмайди.
• Қизнинг кўрки кўйлак эмас, қизнинг кўрки — одоби.
• Эркакни ақли билан, аёлни кўрки билан баҳолайдилар.
• Қиз — шохда солланиб турган шафтоли.
• Севги билан вақт ўтади, вақт билан севги ҳам ўтади.
• Энг ақлли одам сукут қилади.
• Ўзингнинг эшагинг қўшнининг отидан афзал.
• Юракка буйруқ бериб бўлмайди.
• Ҳақиқатни айтиш учун жой кам, уни яширишга ўн олти саҳифа ҳам етмайди.
• Денгизга бир стакан сув қуйганинг билан унинг суви кўпайиб қолмайди.
• Эски севги узоқ эсланади.
• Қарилик ― қувноқлик эмас.
• Нодон қария ёшлардан ҳам нодон.
• Ўрмоннинг қулоғи бор, даланинг кўзи бор.
• Пулнинг қадрини билмоқчи бўлсанг қарз ол.
• Оқсоқ эрга ― қийшиқ хотин.
• Михдек озғин.
• Шайтон қанчага эга бўлса, яна шунчани хоҳлайди.
• Кечикиб келган севги эҳтиросли бўлади.
• Кўмирдек қора.
• Янги тангадек тоза.
• Кўз кўрмаганини юрак ҳам эслаб қолмайди.
• Юракдан чиққан юракка етиб боради.
• Шайтондан келган ҳар иш шайтонга етаклайди.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Французлар — Франциянинг асосий аҳолиси (50 млн.га яқин киши 2004). Шунингдек, Швейцарияда (1,341 млн. киши), Француз Полинезияси, Кот д’Ивуар, Габон, Нигер, Чадда яшайдилар. Канадада франко-канадаликлар этник гуруҳи мавжуд бўлиб, унинг таркибига, квебеклар (7,5 млн. киши) ва акадлар (500 минг киши) киради. АҚШда 6,2 млн. киши француз авлодлари ҳисобланади. Француз тилида сўзлашади. Диндорлари католиклар, протестант (кальвинистлар)и ҳам бор.