• Душман уч хил бўлади: ўз душманларинг, дўстингнинг душманлари, душманингнинг дўстлари.
• “Агарда” ва “наҳотки” турмуш қуришса, “кошки” ва “қанийди”лар туғилади.
• Ирода таранг тортилган ерда чумоли ҳам шерни енгади.
• Такаббурлик, хасислик, шаҳват ва ғийбат — бадали қон билан тўланадиган маразликлар.
• Пул ҳар нарса қила олиши мумкин, лекин унинг кучи билан қаҳрамон жангчи, доно муаллим, истеъдодли ҳофиз ва моҳир уста етиштириб бўлмайди.
• Жоҳилга энг яхши жавоб — сукут.
• Раҳмдиллик билан эришилган улуғ ишларга қилич ва камон кучи билан етишиб бўлмайди.
• Озига шукр қилиш — катта бойлик.
• Агар қалбингда адоват ухлаб ётган бўлса, қўй, уни уйғотма.
• Агар тош олтин пиёлани синдирса — тошнинг нарҳи ошмайди, олтиннинг нарҳи камаймайди.
• Мева йўқ ерда ошқовоқ ҳам пўртаҳолдек баҳоланади.
• Аҳмоққа маслаҳат бериш шўрхок ерга ғалла экиш билан тенг.
• Муҳаббатсиз бош — наслсиз ошқовоқ.
• Қўлдаги чумчуқ ваъда берилган товусдан афзал.
• Оч қолган иймонни ҳам, динни ҳам унутади.
• Чайқовчи божхоначи бўлиб қолса дардингни кимга айтасан?
• Тоғни игна билан тешиб бўлмайди.
• Томоғингга сиғадиган овқатни е.
• Меҳмон билан суҳбат асалдек ширин.
• Бойлик мулкда эмас, истеъдодда.
• Сендан қўрққандан қўрқ.
• Душманингга ҳам, дўстингга ҳам касаллигингни билдирма — бири кулиб, бири эзилмасин.
• Айни бир сўз кимгадир — даво, кимгадир — заҳар.
• Агар эшакнинг шохи бўлганида эди — ҳамманинг қорнини тешарди.
• Чумолининг уйида шудринг ҳам тошқин.
• Икки бекаси бор уй — тизза бўйи кир.
• Меҳнатсиз улуғликка интилган одам қашшоқ бўлади.
• Ўз шаҳрида ҳамма — ҳоким.
• Зиндонда душманлар дўстга айланади.
• Улуғлик ёшда эмас, ақлда.
• Шамол ёмғир келтиради, ҳазил — жанжал.
• Эчкининг оғзида ўт ҳам ширин.
• Бўрининг кўриш — бахт, кўрмаслик — янаям катта бахт.
• Савол осмон ҳақида — жавоб арқон ҳақида.
• Душман бекорга мақтамайди.
• Қийинчиликсиз эришилган ҳар нарса бир зумда шамолга учади.
• Ҳар қандай маслаҳат аччиқ бўлади.
• Новдани ниҳоллигида эгиб ол.
• Бўрон бор жойда сурон ҳам бор.
• Атиргул қаерда унмасин, унинг тикони бўлади.
• Камбағални ранжитганни худо жазоласин.
• Одам бойликни доим топа олади, бойлик одамни топа олмайди.
• Бепарволик бахту омадни ҳалок этиши мумкин.
• Олдингда улуғ мақсад турган бўлса — меҳнат сенга дам беради.
• Тамаъгир доимо муҳтождир.
• Бир қинга икки қилич сиғмайди.
• Ошпаз иккита бўлса овқат ё шўр бўлади, ё бемаза.
• Дардингни фақатгина дард чекканга сўзла.
• Сени йиғлашга мажбур қилган — дўст, кулдирган — душман.
• Жоҳил мақтовни севади.
• Агар холамнинг соқоли ўсганида у менинг тоғам бўларди.
• Агар қувиб етолмасанг, орқага қайт.
• Агар эшак юкни ортмаса, уни ўзинг ортиб қўй.
• Қалбни бериб қўйган бўлсанг қайтариб ололмайсан.
• Биринчи ғиштни қийшиқ қўйган бўлсанг, деворни Зуҳро юлдузигача кўтарсанг ҳам қийшиқлигича қолади.
• Агар ақл ва хуёрлик сени тез тарк этса, билгилки, у сеники эмас.
• Ўзингни ҳорғин ҳис қилсанг, дўстингни ўлган ҳисобла.
• Молингни дўстинг билан бўлишмасанг, уларни табибга сарф этасан.
• Ақл бўлмаса, ҳаёт — азоб-уқубат.
• Сариқ ит — шоқолга ака.
• Ҳар пасайиш ортидан кўтарилиш келади.
• Хасисдан нон олгунча осмондан юлдуз оласан.
• Фисқ-фасод душманликка олиб келади, душманлик — мусибатга.
• Илон овловчи илон заҳридан ўлади.
• Илон ухлаётган одамни чақмайди.
• Билим — бошдаги тож.
• Билим — дарахт, илдизлари — ҳаловат, мевалари — хотиржамлик.
• Илм билан мингта қилични бўйсундириш мумкин, лекин қилич билан бошга илм киргизиб бўлмайди.
• Энг яхши от ҳам баъзида қоқилади.
• Энг баланд тоғ ортида ҳам текислик бўлади.
• Ҳатто гадой ҳам бир кун шоҳ бўлиши мумкин.
• Қалтис ўйин яхшилик билан тугамайди.
• Бўридан чўпон чиқмайди.
• Тинч борсанг манзилга етасан.
• Чуқурдан чиқиб қудуққа қулади.
• Ортиқча мақтов ҳақоратдан ёмон.
• Ҳамма ўзи ҳақида ўйлайди, соқоли йўқ — соқол ҳақида.
• Ҳамма ўзини қўшнисидан ақлли деб ўйлайди.
• Одамларга қайси кўз билан қарасанг, сенга ҳам шундай боқишади.
• Қайси қўл билан берсанг, ўша қўл билан оласан.
• Тошни тош билан йўнадилар.
• Илон қариса, қурбақа уни миниб юради.
• Омадсизлик келганда атала ҳам тишингни синдиради.
• Бинонинг асоси сабр бўлса, унга зилзила қўрқинчли эмас.
• Қийшиқ чизғич билан тўғри чизиқ чизолмайсан.
• Қўшнисининг тушлигига умид қилган оч қолади.
• Қуш қафасдан чиқиб қаерга учмасин — жаннат.
• Қаерга борсанг ҳам осмоннинг ранги бир хил.
• Дори баъзида заҳардан хавфли; касалликлар баъзида заҳарни даволайди.
• Кулфатга олиб келувчи ёлғон душманлик туғдирувчи ҳақиқатдан афзал.
• Бахтсизликни бошдан кечириш ундан қўрқишдан яхшироқ.
• Вақтида кулмагандан йиғлаган яхшироқ.
• Марварид хасиснинг чўнтагига кирганидан кўра, уни денгизга сочган афзал.
• Севги — олов: ёнмаса — ҳар ер қоронғи, ёнса — куйдиради.
• Ўликка қон қуймайдилар.
• Ўткирланмаган қилич занглайди.
• Ит дарёдан сув ичгани билан ундаги сув ҳаром бўлиб қолмайди.
• Ақлли билганини мустаҳкамлаш учун сўрайди, нодон билгандек саналиш учун сўрамайди.
• Худога таваккул қил, лекин туянгни боғловсиз қолдирма.
• Ким дўст, ким душманлигини бошингга ташвиш тушганда биласан.
• Қора булутдан ва кўп гапирувчи ҳамроҳдан қўрқма, оқ булут ва индамасдан қўрқ.
• Ҳар бир ярқираган нарса олтин эмас.
• Ҳар соқолли киши ҳам бобой эмас.
• Мен ўйлаганимдек бўлмади, Аллоҳ хоҳлаганидек бўлди.
• Бахтсизлик кўрмасдан бахтга эришиб бўлмайди.
• Етти бошли аждардан қўрқма, икки тилли одамдан қўрқ.
• Гиламингдан узоққа оёғингни узатма.
• Қалампир кичкина экан деб ўйлама, тотиб кўр — аччиғини биласан.
• Бировлар сўзини қайтарадиган тўтиқуш каби бўлма, ўз хонишидан завқ оладиган булбул каби бўл.
• Бир қўлда икки тарвузни тутиб бўлмайди.
• Ҳордиқсиз меҳнат йўқ, ишладингми, дам олишни ҳам бил.
• Бир заиф араб оти ҳам бир тўда эшакдан афзал.
• Ёмон дўст сояга ўхшайди: қуёш чиққанда — ёнингда, ҳаво айниганда — йўқ.
• Зина билан осмонга чиқолмайсан.
• Туяни тақалашса бурга ҳам оёғини узатармиш: “Мени ҳам тақаланглар!”.
• Нафас бор экан, умид сўнмайди.
• Ақлли кўприк излагунча ақлсиз дарёдан ўтиб бўлди.
• Ўзинг тайёрлаган сирка биров ваъда берган ҳолвадан афзал.
• Ёмғирдан сўнг ёмғирпўш киймайдилар.
• Шошилиш — шайтоннинг иши.
• Кучли жаладан кейин ҳаво ҳам тозаради.
• Баъзан жинни ҳам ҳақ сўзни гапириб қолади.
• Беш бармоқ ака-ука, лекин улар бир хил эмас.
• Бекор юргандан бекорга ишла.
• Жавоби топилган топишмоқ осон туюлади.
• Ўлар даражада яраланган арслонга ҳам ташланади.
• Ҳайвондан — ҳайвон, қушдан — қуш, яхшидан — яхши, ёмондан ёмон туғилади.
• Шам ўз остини ёритмайди.
• Эгилган бошни қилич кесмайди.
• Кўр кўрни топади, сув — пастликни.
• Сўздан сўз туғилади.
• Ўлим ёшу қарини танламайди.
• Ўлим — девор, ўлмагунча девор ортидаги ҳақиқатни англолмайсан.
• Шошилиш — ёмон, лекин яхши иш учун шошилиш — фазилат.
• Эр-хотиннинг уруши — жазирамадаги ёмғир.
• Юз нафар дўст — оз, битта душман — кўп.
• Яхши одамнинг қаҳридан қўрқ.
• Ўқ танани яралайди, сўз — қалбни.
• Устознинг сўкиши отанинг эркалатишидан афзал.
• Бахт ҳаводан келмайди, унга меҳнат билан эришилади.
• Сабр — аччиқ, лекин ширин мевалар беради.
• Шошилган бир ишни икки марта қилади.
• Уч нарса кишининг аҳмоқлигини белгилайди: такаббурлик, манманлик ва пасткаш одамга ишониш.
• Ота қадрини ота бўлганингдан сўнг биласан.
• Ақл — инсооннинг кўрки, вазминлик — ақлнинг ҳамроҳи.
• Марҳумни йиғи билан ҳаётга қайтаролмайсан.
• Ақлли одам хатолари учун ўзини сўроқ қилади, нодон — бошқаларни.
• Одамни билмоқчи бўлсанг, у билан сафарга чиқ.
• Қилич билан бажариб бўлмайдиган ишларни ақл ва сўз билан бажарса бўлади.
• Ҳунарсиз киши — япроқсиз дарахт.
• Инсон икки марта ўлмайди.
• Инсон ўз сўзлари ортига яширинади.
• Идиш қанча тоза бўлса, ундаги кир шунча яққол кўринади.
• Қора кигизни оқ совун билан ҳам оқартиролмайсан.
• Тошдан қаттиқ ким? Одам! Гулдан нозик ким? Одам!
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Форслар (ўзларини эроний деб аташади) — Эрондаги халқ (49,3 млн. киши, 2011). Форс тилида сўзлашади. Диндорлари — шиа мусулмонлари.