• Икки марта ўйлаб, бир марта сўзла.
• Туздан ҳам шўр бўлма, асалдан ҳам ширин бўлма.
• Қуш адашса тузоққа тушади, эркак адашса эркини йўқотади.
• Ўттиз икки тиш орасидан чиққан сўз ўттиз икки қулоққа етиб боради.
• Совуқ сўз юракка етиб бормасдан музга айланади.
• Билмаслик айб эмас, билишни истамаслик ― айб.
• Пешона терламаса қозон қайнамайди.
• Очга ― нон, тўққа инжиқлик.
• Ўнқир-чўнқир йўл ҳам йўлсизликдан афзал.
• Адашиб қолсанг, тўғрига қара.
• Жавдар нонни ҳам иштаҳа билан е.
• Гавдага яраша соя.
• Отни қамчи чоптиради, йигитни ― виждон.
• Сут ичган омон қолди, идиш ялаган тутилди.
• Бир марта синалганни минг марта синов қилма.
• Кўп билганни дард ҳам урмайди, ўлат ҳам.
• Айиқдан қўрқиб, бўрига дуч келди, душмандан қўрқиб ўлимни кутди.
• Бировнинг чанасига ўтирма, ўтирган бўлсанг ачинма.
• Айтилмаган сўз учун ― ўзинг хўжайин, айтилган сўз ― ҳамманинг мулки.
• Дўстингнинг пичоғи билан шохни кессанг ҳам майли, душманнинг пичоғи билан намат кес холос.
• Битта бармоқ билан чимчилолмайсан.
• Қамишсиз кўл бўлмайди, ғуссасиз ― қалб.
• Кучли одам эмас, кек сақловчи одам хавфли.
• Қашшоқ кўчманчидан хирож сўрама.
• Ўзингни катта олма, бошқаларни пастга урма.
• Эрта сайраган каккунинг боши оғрийди.
• Ишбилармон одам юзидан маълум.
• Донога айтсанг кифоя, нодонга таёқ керак.
• Шамолсиз дарахт тебранмайди.
• Дўстингни хафа қилишдан ва душманнинг сиридан қўрқ.
• Бош омон бўлса қалпоқ топилади.
• Учқир отга қамчи уришнинг ҳожати йўқ, ақлли одамга ― ўргатишнинг.
• Бир юракка икки севгини сиғмайди.
• Хурсандчиликнинг ўлчовли эканини бил, кулфат пайтида иймонингни йўқотма.
• Олдинга бир марта қара, орқага беш марта қара.
• Вақтни қўл билан тўхтатолмайсан.
• Айтилган сўз ― учаётган қуш.
• Ўқ ўтмаган жойга қилич ҳам солма.
• Чуқур дарё тинч оқади.
• Дарахтни ниҳоллигида эгиб ол.
• Тоғни тош гўзал қилади, одамни ― бош.
• Бир сигирнинг ифлос думи юз сигирни булғайди.
• Яхшига маслаҳат берсанг раҳмат айтади, ёмон эса калака қилади.
• Дарахт япроғи билан гўзал, одам ― кийими билан.
• Дўст руҳингни кўтаради.
• Бошқаларни эшит, ўз билганингдан қолма.
• “Асал” деган билан оғзинг ширин бўлиб қолмайди.
• Кўп билсанг ҳам кам гапир.
• Кичкина ишни ҳам каттасидай уддала.
• Қандай ўйласанг, шундай кўрасан.
• Қалб кенг бўлса, мурувват топилади.
• Эгри қайин қорни кўтаролмайди, ёмон одам сўзида турмайди.
• Ким кўп танласа, унга ўйноқи хотин насиб қилади.
• Касал бўлмаган соғликнинг қадрига етмайди.
• Ўз айби билан йиқилган ҳеч қачон йиғламайди.
• Ширин сўз билан тошни ёрса бўлади.
• Дангаса бир ишни икки марта қилади.
• Япроқни шамол адаштиради, одамни ― сўз.
• Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли даштда.
• Кам гапириб, кўп тингла.
• Битта ғилдирак билан манзилга етолмайсан.
• Ҳақиқий эркак мақсадига эришади.
• Қўрқоқни йўлдош қилма, соқовни хорга олма.
• Душманнинг табассумига ишонма.
• Аччиқни тотмай туриб ширинни еёлмайсан.
• Кучингга эмас, ақлингга таян.
• Сувга сакрамасдан сузишни ўрганолмайсан.
• Қийинчилик кўрмасдан нон тишлолмайсан.
• Қўл кучи билан эмас, қалб амри билан ҳукм қил.
• Рақсни билмайдиган мусиқани ҳам севмайди.
• Юришни билмаган йўлни расво қилади, гапиришни билмаган ― сўзни.
• Ёқмайдиган нарса доим ортиқча.
• Йиғламаган чақалоқни эмизмайдилар.
• Бир қўл билан қарсак чалиб бўлмайди.
• Кийикнинг шохига пашша ўтирмайди.
• Бармоқ бармоқ билан, одам одам билан баробар эмас.
• Тошга ўйилганни ўчириб бўлмайди.
• Ёмон от эгасини қаритади, ёмон хотин ― эрини.
• Адёлга қараб оёқ узат.
• Кўпга эришаман деб оздан қолма.
• Ҳаракат қилмай Худодан умид қилган оч қолади.
• Жанжалдан кейин қўл кўтаради.
• Ҳанжар яраси битади, тил яраси асло битмайди.
• Балиқ чуқур жойни севади, мулла ― бадавлат жойни.
• Қалбдан айтилган сўз юракка етиб боради.
• Кучли биттасини енгади, ақлли ― мингтасини.
• Айтилган сўз ― отилган ўқ.
• Сўз ― кумуш, сукут ― олтин.
• Чаққонлик ― бахтнинг ярми.
• Ит ўз уясида кучли.
• Доно билан ҳам, нодон билан ҳам маслаҳатлаш.
• Индамас ит ҳуримайди, лекин тишлайди.
• Секин юрган манзилга етди, шошилган йўлдан адашди.
• Ақлли юзидан маълум, нодон ― сўзидан.
• Ақллига гапирма ― ўзи билиб олади, сахийдан сўрама ― ўзи беради.
• Эгри ўтирсанг ҳам тўғри гапир.
• Туядай бўйдан кўра, тугмадай ақл афзал.
• Бировнинг ақли билан бойигандан ўз ақлинг билан камбағал яшаганинг афзал.
• Пул йўқ деб қайғурма, иш йўқ деб қайғур.
• Доно ўзини айблайди, аҳмоқ дўстини айблайди.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Бошқирдлар (ўзларини башкорт деб атайдилар) — Россия Федерациясидаги туркий халқ. Бошқирдистоннинг асосий аҳолиси (1,221 млн). Россия Федерациясида жами 1,678 млн. (2002). Марказий Осиё республикаларида ҳам яшайдилар. Европеоид ирқига мансуб. Бошқирд тилида гаплашади. Бошқирдлар ислом динининг сунний мазҳабига эътиқод қиладилар.