Тўғри сўзда далолат бор,
Эгри сўзда маломат бор.
***
Узун арқон – ишга ярар,
Узун тилинг – бошни ёрар.
***
Ширин сўз шириндир қанду асалдан,
Одамни қутқарар оғир касалдан.
***
Ширин жазинг бермасанг ҳам, ширин сўзинг аяма.
***
Ҳамма аъзо бир вазифа бажарар,
Тилим қурғур бирда асал, бирда заҳар чиқарар.
***
Тўғри сўзнинг тиғи бор,
Тиғ учида туғи бор.
***
Кўмирдир хом гўштни кабоб қилгувчи,
Қўпол сўз одамни хароб қилгувчи.
***
Ҳайвонлар ҳид билан бир-бирин топар,
Одамлар сўз билан бир-бирин қопар.
***
Ёғли гўштнинг ҳазмидан, доғли сўзнинг ҳазми оғир.
***
Инсонни ғафлат уйқусидан фақат ҳақ сўз уйғота олади.
***
Қисқа ёзиш она тили камбағаллигидан эмас, бойлигидан нишонадир;
Пала-партиш гапирмоқ ё фикр тарқоқлигини ё ақл айноқлигини билдиради.
***
Баҳсда бир томоннинг сукути ё нафрат, ё донишмандлик белгисидир.
***
Тишинг қимирласа, олиб қутилдинг,
Тилинг қимирласа, ўққа тутилдинг.
***
Йўлингда қоқилсанг, мумкин туришинг,
Тилингдан қоқилсанг, оғир мушкилинг.
***
Пичоқ тиғи биттадир.
Тилнинг тиғи мингтадир.
***
Сўзда фикргина эмас, қалб ҳам акс этиб туради.
***
Тилни тийган тийракдир, кўп тинглаган зийракдир.
***
Юбилейларда айтиладиган сўзлар юракдан эмас, ўпкадан чиққан бўлади.
***
Яхши гапнинг ўлчови йўқ.
***
Тилинг билан итингни қутиришга йўл қўйма, акс ҳолда, иккаласи ҳам ўзингни нобуд қилади.
***
Тоғ ҳам емирилар селдан, жаладан,
Заҳар тил одамни қилгай чалажон.
***
Ақлинг етмас касбга қараб югурма,
Тешик жомга сув тўлдирай, деб юрма.
***
Билимим мисоли гугурт бўлсайди,
Одамлар кўнглида чироқ ёқсайди.
***
Ақли расо ўқийди, ақли расо бўлай, деб,
Ақли саёз ўқийди ўзни кўз-кўз қилай, деб.
***
“Ҳимоя” пайтида ким жим ўтирди,
Яширин овозда “ишин” битирди.
***
Илмли одамлар оғир бўлади,
Илмсиз одамлар олғир бўлади.
***
Меваси мўл дарахт ерга эгилар,
Билимдон одамлар элга эгилар.
***
Бировга ёздириб олим бўлганлар,
Охири иймонсиз бўлиб ўлганлар.
***
Тусмоллаб деворга мих қоқилмайди,
Тажриба орттирган ҳеч қоқилмайди.
***
Неки билдим – оловландим,
Неки билмам – каловландим.
***
Шогирд устоз танлаганда эмас, устоз шогирд танлаганда ҳақиқий олим вояга етади. Кўпинча, шогирдлар устоз обрўси, мансабини кўзда тутиб, номи чиққан устоз этагига ёпишади. Аслида, билим йўналиши ҳақиқий устоз- шогирд алоқадорлигини белгилаши керак.
***
Илмсизлар илмли одамларни ўз фойдасига ишлатишни билади.
***
Замон илмга тобеъ бўлса – эл яшнайди,
Илм замонга тобеъ бўлса – қақшайди.
***
Илмли одам билан бадавлат одам табиатида муштараклик бор – олимнинг илмга, бойнинг молу дунёга тўймаслигидир.
***
Илмга йўл бермаслик – жаҳолатга қўл беришликдир.
Олими эҳтиромсиз юртда одам эътиборсиздир.
***
Илми бўлмай туриб улуғ саналган одам қордан ясалган қасрга ўхшайди: унинг шуҳрати қор умридай қисқа бўлади.
***
Илмсизнинг бировга ақл ўргатиши, кўрнинг табиат рангларидан ваъз ўқишига ўхшайди.
***
Илм шундай юкки, у қанчалик кўпайса, уни кўтариб юрган одамнинг қадам ташлаши шунчалик енгиллашиб боради.
***
Умр бўйи бир мавзуни чайнаган олим янтоқдан бўлак ўт емайдиган туяга ўхшайди.
***
Илмда бахиллик олимлар аҳиллигининг кушандасидир.
***
Олимлари хор мамлакатнинг истиқболи бўлмайди.
***
Қанча кўп ўқиганим сари билим дарёсига шўнғиб, ундан сузиб чиқиш мушкуллигидан шунчалик азобланаман.
***
Файласуфлар руҳонийлар билан дунёвийлар орасида минг йиллардан буён совчилик қилиб келадилар.
***
Файласуфлар борлиқ ҳақида қанчалик чуқур хаёлга толсалар, шунчалик борлиқда ўзларини йўқотадилар.
***
Одамзод билим эгаллашда ишни ҳайратдан бошлаб, ғайратга етиб келган.
***
Илмли – илдам, илмсиз имиллагандир.
***
Илмли элнинг қўйнида дон бўлади.
Илмсиз элнинг кўнглига қон тўлади.
***
Одамлар ҳаётини кўкда қуёш, ерда олимлар ёритади.
***
Адабий ижодга ихлосманд ўз фаолиятини таржимадан бошлагани маъқул: луғатлар титкилайди, сўз бойлиги ошади, яхши асар ёзиш йўл-йўриқлари бўйича тасаввури кенгаяди, диди шаклланади. Мабодо, мустақил ижод қилолмаган тақдирда ҳам, яхши танқидчи бўлиши мумкин.
***
Театр саҳнаси – инсон ҳаётининг тасвирий макети.
***
Ҳар кимнинг ўз табиатига монанд фантазияси бўлади.
***
Виждон билан асар ёзсанг, фикринг сени келажакка узатар,
Нима ёзсанг ҳақни ёзгин, тўрт кўз бўлиб ҳамма сени кузатар.
***
Ўз даврида мукофотлар олганлар,
Вақти келиб унутилиб қолгайлар.
***
Қўғирчоқлар асли ўйинчоқ эрур,
Маддоҳларнинг даъвати пўчоқ эрур.
***
Дарахтлар гулларини аямасдан тўкади, ҳосил учун яроғини олиб қолади. Дарахтчалик фаросати бўлмаган айрим адиблар барча яхши-ёмон сатрларидан “Танланган асарлар” битади. Қатор-қатор китоб ёзиб, сўнгра улардан танлагандан кўра, ўз вақтида танлаб ёзса бўлмасмикан?!
***
Ҳамма одамларда кўз бор, қулоқ бор. Аммо рассом ва бастакорнинг кўзи ва қулоғи бошқалар қараб, қулоқ тутиб, лекин кўрмаган ва эшитмаган ранг ва оҳангларни идрок этади.
***
Кўп ёзишни эмас, хўп ёзишни машқ қилмоқ керак.
***
Дунёга икки юз, уч юзлаб романлар битган ёзувчилар бор, аммо Абдулла Қодирий иккита романи билан улардан устун туради.
***
Ҳаётий асарнинг умри боқийдир.
***
Таъма сиёҳи билан қоғоз қоралаган мунаққид ўзига макалатурадан кўйлак тиккан бўлади.
***
Мен тирик замондошларимдан эмас, илгари ўтиб кетган устозлар нигоҳи, келажак авлод танқидини ўйлаб қўлимга қалам оламан.
***
Баъзи ижодкорларнинг асарини ўқинг-у, ўзларидан йироқ бўлинг.
***
Авваллари буюк адибларнинг шоҳ асарлари “Танланган асарлар” шаклида нашр этиларди. Ҳозир адибларнинг ҳамма қораламалари тўпланиб “Танланган асарлар” тарзида нашр этилиши қоғоз нархининг кўтарилиб, китоб қадрининг пасайиб кетишига сабаб эмасмикин?
***
Баъзи олти юз бетлик китобдан икки қатор халқ мақоли афзалдир.
***
Уруғ ерда унганидай, талант муҳитга боғлиқ бўлади.
***
Қўймижоз шоирнинг ёзган шеърлари
“Қўй”ларга маъқул-у, ёқмас шерларга.
***
Яхши шоир ўқиган шеъри билан эмас, ўқилган шеърлари билан эътибор қозонади.
***
Кўп ёзиш эмас, хўп ёзиш талант белгиси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 4-сон.