Замонавий ўзбек насрининг улкан ютуқларини Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг турли жанрларда яратган асарларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бир неча авлод китобхонлар бу асарлардан олам-олам завқ ва ҳаяжон, ибрат ва ҳаётий сабоқлар олгани сир эмас. Адибнинг “Чўл бургути”, “Ўрик домла”, “Лочин”, “Тоғ афсонаси”, “Муҳаббатнинг туғилиши”, “Иқбол чироқлари” сингари реалистик ҳикоялари адабий мажмуалардан, сайланма ва қўлланмалардан муқим жой олган, ўзига хос наср намуналари сифатида ёш қаламкашлар учун бадиий ижод сир-синоатларини эгаллашда ижодий тажриба вазифасини ўтаётир. “Уфқ” трилогияси, “Жимжитлик” романи, “Келинлар қўзғолони” саҳна асари, ўнлаб ҳажвиялари устоз ёзувчининг авлодларга қолдирган бой адабий мероси салмоғини, шукуҳини яққол намоён этиб турибди.
Адиб асарлари қаторида устозлари, замондошлари —машҳур ёзувчи ва шоирлар Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Миртемир ҳақидаги очеркларни ўқиб ўзбек адабиёти тарихининг ўтган асрдаги мураккаб даври манзараларига гувоҳ бўламиз, атоқли ижодкорлар шахси ва ҳаётига, машҳур асарлари яратилишига бевосита алоқадор қимматли маълумотлар, воқеа-ҳодисалардан хабар топамиз. Энг муҳими, бу каби хотиралар, адабий ўйлар баёнида халқимизнинг севимли ёзувчиси Саид Аҳмаднинг салобатли сиймоси, улкан ижодкорларга хос адабий-эстетик қарашлари, ижод билан алоқадор мазмунан теран фикр-ўйлари — бадиий олами ўзининг кўламдорлиги билан тўла-тўкис намоён бўлади. Қуйида адибнинг устозлари, шогирдлари, умуман, ижод сир-асрорларига доир эътирофларидан айрим парчаларни ўқийсиз.
* * *
Айтилган сўз отилган ўқ, дейдилар. Отилган ўқни қайтиб милтиққа жойлаб бўлмайди. Айтган сўзимизнинг орқасидан қувиб тутиб келолмаймиз. Шунинг учун ҳам ҳар бир сўзимиз, ҳар бир сатримиз учун масъулдирмиз.
* * *
Биз бирданига осонгина ёзувчи бўлиб қолганимиз йўқ. Ғафур Ғуломнинг, Абдулла Қаҳҳорнинг, Миртемирнинг “шапалоғи” бизни ёзувчи қилган. Ҳеч қачон хотираси унутилмас бу устозлар ҳалигача бизни “таъқиб” қилиб келади.
* * *
Умримизнинг ҳаммаси шиддатли, долғали йилларда ўтди. Айрилиқлар қаддимизни буколмади. Бу йўлларда қалбимизда хиёнатга жой бермай имонимизни саломат олиб ўтдик.
* * *
Ойбек қанча узоқлашса шунча яқинлашяпти. Узоқлашган сари қадри ошяпти. Узоқлашган сари одамлар меҳри уни бағрига тортяпти. Узоқлашган сари овози тиниқ, ёрқин эшитиляпти…
* * *
Ойбек жисмонан сўнди, лекин унинг даҳоси таратган шуъла дилларимизни ҳамон ёритиб турибди.
Мен ана шундай буюк зот билан кўп суҳбатларда бўлганимдан ғурурланаман, шундай алломанинг назари тушганидан қувонаман.
* * *
Шоирликни ҳавас қилган ёшлар Ғафур акадан шеър қандоқ қилиб ёзилади, деб кўп сўрашарди. Шунда Ғафур ака ҳазил қилиб жавоб қайтарарди:
— Шеърни ёзиш учун аввал қўлни яхшилаб атир совун билан ювиш керак.
Ғафур ака ҳазилни жуда яхши кўрарди. Бир кун ундан, сиз ўз тенгдошларингиздан қайси ёзувчининг асарларини яхши кўрасиз, деб сўрадим. У кулмай, жиддий туриб жавоб қилди:
— Ўз тенгдошларимдан Ғафур Ғуломнинг шеърларини яхши кўраман, ўзимдан кичиклардан сенинг шеърларингни яхши кўраман.
— Ахир мен шеър ёзмайман-ку, — дедим кулиб.
Ғафур ака ҳам кулиб жавоб қилди:
— Ғафур Ғулом ёзган энг яхши шеърлар туғилаётганда сен ёнида тургансан. Ёзмаган бўлсанг ҳам Ғафур Ғуломникига шериксан.
* * *
Ғафур Ғулом “Шум бола” қиссасини салкам йигирма беш йил ишлади, деса янглиш бўлмайди. Қиссанинг биринчи ва иккинчи қисмлари 1936 йилда ёзиб тугатилган. Учинчи қисми қирқинчи йилларнинг охирида тугатилган. Олтмишинчи йилларнинг бошларида қайта таҳрир қилинган.
Ғафур ака ҳаётлигида босилиб чиққан охирги нашрини ўпиб кўзига суртганди.
— Тамом, энди бўлди, — деди кўзлари яшнаб.
— Нега? — дедим. — Бир қизиқиб кетсангиз, буёғини ҳам ёзворасиз.
— Йўқ. Буёғини энди сизлар ёзасизлар. Сен ёзасан. Шум бола энди академик, лауреат, депутат…
* * *
Вилоятма-вилоят санқиб, туман газеталарига шеър сотадиган бетайин шоирни Ғафур Ғулом учратиб қолди:
Ғ.Ғулом: — Ҳозир шеър қанчадан кетяпти?
Шоир: — Ҳар хил. Туман газеталарида икки сўмдан беш сўмгача. Вилоят газеталарида олти сўмдан ўн сўмгача кетяпти.
Ғ.Ғулом: — Бир йилда неча сўмлик шеър сотасан?
Шоир: — Уч минг сўмга етиб қолар.
Ғ.Ғулом: — Менга қара. Агар мутлақо шеър ёзмайман, шеър ёзсам палон бўлай, деб тилхат берсанг, ўзим сенга йилига беш минг сўмдан бериб тураман. Хўпми?
* * *
Абдулла ака шодлигини ҳам, аламини ҳам оддийгина қилиб айтиб қўяқолмасди. Фақат Қаҳҳоргагина хос бўлган, эшитган одам бир умр эсидан чиқазолмайдиган қилиб айтарди.
Яхшиликни билмайдиган бир ёзувчи тўғрисида шундай деган эди: “Бу одам тўнкарилиб қолган қўнғизга ўхшайди, ўнглаб қўядиганларнинг қўлини саситади”. Журнал ёки газетани ўз савиясига мослаб олган редакторлар тўғрисида бундай деганди: “Редакция эшигини ўз бўйига мослаб қуриб олган, катта ёзувчилар бу эшикка сиғмайди”. Талантсиз ёзувчилар тўғрисида: “Бу одам адабиётга эшикдан эмас, ўғри мушукка ўхшаб туйнукдан тушган”, “Манавуниси кўчадан ўтиб кетатуриб, оёғи тойиб союз эшигининг ичкарисига йиқилган. Ҳалигача чиқиб кетолмайди”, “Ўзи ёзолмайди, адабиётда мен ҳам борман, деб мажлисларда овоз чиқариб туради”, дерди. Адабиётга ҳадеб аралашаверадиган баъзи бир лавозимли кишилар тўғрисида куйиб гапирарди. “Нима учун жарроҳга, беморнинг у еридан эмас, бу еридан кес, демайди. Нима учун учувчига, самолётнинг у мурватини эмас, бу мурватини бура, демайди, нима учун арқондаги дорбозга манавунақа юриш керак, деб кўрсатмайди. Адабиётни осон иш деб ўйласа керак, ҳадеб анаундоқ ёз, манавундоқ ёз, деб ўргатаверади”.
* * *
Абдулла Қаҳҳорнинг “Уфқ”қа берган баҳоси мен учун катта адабиёт йўлига берган оқ фотиҳаси эди.
Устод Абдулла Қаҳҳор ниҳоят мени шогирдим, деб атади. Бу мен учун ҳеч бир бойлик билан ўлчаб бўлмайдиган бебаҳо шарафдир.
Ҳар гал ёзув столим ёнида ўтирарканман, қўлимга қалам олиб биринчи сатрларни битарканман, ҳамон Абдулла Қаҳҳор елкамдан қараб турганга ўхшайверади. Унинг синчков нигоҳи умр бўйи мени таъқиб қилиб келади. Мен ҳам ёзганларимнинг ҳаммасини хаёлан унинг назаридан ўтказиб тураман.
* * *
Шайхзода бу дунёдан роҳат кўрмай ўтиб кетди. Лекин у барибир бахтли инсон эди. Уни эл шоирим дерди. Шайх акам, дерди. Ёшлар уни устозим дерди. Ёш шоирлар тўда-тўда бўлиб унга эргашиб юрардилар.
У олим эди. У муҳтожларга ёрдам қўлини чўзган сахий инсон эди. У ғамда қолганларга ғамгусор эди. У суҳбати жонон одам эди. У нолишни билмасди. Тақдир зарбаларига сабот билан туриб берарди. Бир сўз билан айтганда у дилбар инсон эди.
Бир одамда шунча фазилат бўлиши мумкинлигини Шайхзода тимсолида кўрганман.
У олим шоир эди.
У шоир олим эди.
Бундай инсонлар дунёга камдан-кам келади.
* * *
Миртемир жуда кучли шоир. Буни билардик. У 1937 йили шахсга сиғиниш балосидан заҳа бўлган одам эди. Ўзининг чинакам талантини намоён қилишдан ҳадиксирарди.
* * *
Ёмғирдан кейин осмонда пайдо бўладиган камалак жаҳондаги жамики рангларни еттита ипга чийратма қилиб тортиб турганга ўхшайди. Ўша етти ипни ёйиб юборсангиз олам анвойи рангларга тўлиб кетадигандек.
Одам боласи борки, шу ранглардан бирини ўзиники қилиб олади. Бутун тақдирини, таржимаи ҳолини, орзу-умидларини ва ниҳоят, оламни шу ранг орқали кўради. Табиати ҳам шу ранг таъсирига боғланиб қолади.
* * *
Рассом асарини бўёқлардан, бастакор товушлардан яратади. Рассомга рангларни аниқ кўрадиган кўз, бастакорга товушларни тиниқ эшитадиган қулоқ керак. Ёзувчига-чи? Унга ҳар иккови ҳам ниҳоятда зарур.
* * *
Неъмат Аминов тенгқурлари орасида энг тилга бой, тилнинг ранглари-ю, оҳангларини жуда яхши ҳис қиладиган ва уни ниҳоятда маҳорат билан ифодалайдиган ёзувчидир. У адабиётимизга файласуф Бухоронинг сермаъно ва қувноқ, шу билан бирга жуда эрка тилини олиб кирди.
* * *
Тоғай Мурод қиссалари соф миллий ўзбек қиссалари. Тоғай Мурод қиссаларида тасвирланган одамларга бошқа халқ либосини кийдирсангиз ҳам ўзбеклиги билиниб туради. Уларнинг хулқ-атвори ҳам бошқа халққа асло ўхшамайди…
Тоғай Мурод отни шу қадар меҳр билан таърифлайдики, адиб қўшиқ айтаётибди, деб ўйлайсиз. Адиб кўнгли китобхон кўнглига кўчиб ўтади. От миниб адирларда елдай учгингиз, от ёлларини силагингиз келади.
Назаримда Тоғай Мурод қисса битмайди, назаримда, бор овози билан қўшиқ айтади. Бу қўшиқда авж пардалар бор, нолишлар бор, савт бор.
* * *
Биласизми, романга сўнгги нуқтани қўйганимда кўнглим бирдан бўм-бўш бўлиб қолган. Ҳозир, ўйлаб қарасам, ўша пайтдаги ҳолатим қизини узатган бева отанинг уй остонасида мунғайиб, қараб қолишига ўхшаркан…
* * *
Қандай фазилатим борлигини ўзим ҳам билмайман. Аммо меҳмонсиз яшай олмаслигимни биламан. Одамларга яхшилик қилгим келади. Элликка яқин ёш ёзувчига оқ фотиҳа берган, газета, журналлар орқали “оқ йўл” тилаган эканман. Китобларига сўзбоши ёзибман.
* * *
Дунёда ҳар ишнинг ўз ҳисоб-китоби бор. Ҳар бир айтилган сўзнинг жавоби бўлади. Дунёдан кўз юмиб кетгунча ҳисоб-китоб қилиб қўйиш керак. Айтилган гапга жавоб бериб қўйиш керак.
* * *
Устоз Абдулла Қаҳҳор ҳазиллашиб: “Мен қилган меҳнатни маймун қилганда у ҳам ёзувчи бўлиб кетар эди”, деган. Нимагаки эришган бўлсам, фақат меҳнатим орқали эришганман. Машҳурлик масаласида бир нима дейишим қийин. Ким билади, у балки масъулият деганидир. Машҳур киши халқнинг кўзида бўлади. Ҳар гапи, ҳар бир ҳаракати эл назарида туради.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 23-сон