Улуғ қирғиз адиби. “Биринчи муаллим”, “Эрта қайтган турналар”, “Юзма-юз”, “Сарвқомат дилбарим”, “Сомон йўли”, “Момо ер”, “Алвидо, Гулсари”, “Оқ кема”, “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”, “Қиёмат”, “Асрга татигулик кун”, “Касандра тамғаси”, “Қулаётган тоғлар” каби асарлари машҳур. Китоблари ададига кўра, дунёда энг севиб ўқиладиган ўн адибнинг бири.
Ёзувчи Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” (1995), “Буюк хизматлари учун” (1998) орденлари билан мукофотланган.
* * *
Дўст ёмон кунда билинади, дейишади. Менимча, уларнинг қандайлиги яхши кунда ҳам билинади.
* * *
Жуда кўп одамлар касалликлар сабаблигина эмас, ўзларини аслидагидан кўра улуғроқ кўрсатиш деган дарди бедаводан ҳалокат топадилар.
* * *
Ошқозон миядан ақллироқ. Чунки у қайт қилишни билади. Мия эса ҳар қандай чиқиндини қабул қилиши мумкин.
* * *
Муҳаббат бу – ўзингни бошқа одамда йўқотишдир.
* * *
Эрнест Ҳемингуэй менга болалигимдан катта таъсир кўрсатган… Жаҳон адабиётидан Маркес, Жойс ва Пруст ижодимга яқин. Ўзимизнинг ёзувчилардан эса – Фозил Искандар.
* * *
Халқнинг умрбоқийлиги – унинг тили биландир.
* * *
Элчиликни кўпчилик айёрона иш деб тушунади. Йўқ, мен ҳамиша очиқ-ошкора, самимий йўл тутаман. Агар қинғирлик йўқлигини, кўнгил тозалигини ҳис қилиб турса, одамлар сизга албатта ишонади. Менимча, инсоний ва дипломатик алоқалар ўрнатишимда менга айнан шу сифат жуда қўл келган.
* * *
Катта адабиётда умрбоқий мавзулар акс этиши керак.
* * *
Чинакам ўқувчи китобни қўлига олгач, ўзини кашф этади, ўзидаги илоҳий истеъдодни – ҳамдардлик, одамийлик истеъдодини юзага чиқаради. Агар баъзи-баъзида шу ҳол юз берадиган бўлса, демак, китоб ўз ишини бажарибди – бошқаларнинг фикри, туйғуси, орзуси ва хатти-ҳаракатига айланибди. Демак, у ўқувчиларнинг интилиш ва иродаси билан нималардир қила олади – халқ, ҳаёт ва дунёни яхши томонга силжита билади.
* * *
Улуғ адибларнинг асарларида катта куч бор. Уларни очаркансан, улар ҳам сендаги қирраларни очади.
* * *
Оммавий маданият қанчалик куч-қудратли бўлса, унга шунчалик жиддий қарши курашиш керак. Бунга янги бадиий қадриятларни яратиш ва борларини асраб-авайлаш билан эришилади.
* * *
Ҳар бир янги эгалланган тил ҳар қандай одамнинг бебаҳо бойлигидир.
* * *
Мен барчага – ғарбликларга ҳам, шарқликларга ҳам бирдай тааллуқли мавзуларга қўл уришни истайман.
* * *
Тоталитар шароитда қалб чанқоғимизни мутолаа қондирди, оғриқларимизга малҳам бўлди.
* * *
Идеал аёл деганда мен ҳамиша зиёлилик даражасини биринчи ўринга қўйганман. Ақлий салоҳиятини ҳам, албатта. Умуман, идеал босқичма-босқич, узоқ ва кўп сонли кузатишлар асосида шаклланади.
* * *
Реал ҳаётда севги-муҳаббат муносабатлари йўқ бўлиши мумкин. Аммо унинг фантазиямизда, тасаввуримизда борлиги катта аҳамиятга эга. Албатта, бу ижод учун ҳам катта туртки беради.
* * *
Замонавий жамият ўта мўрт. Ҳамма нарса универсаллашаётган глобализация замонида миллий маданиятлар жуда кўп жабҳаларда имкониятини бой беряпти. Бу манқуртликка олиб келиши мумкин. Барча миллий маданиятлар битта тоталитар оммавий маданият сиқуви остида қолиши эҳтимоли бор. Демократик тамойиллар бизни тараққиётга олиб боради ва қўрқув-хавотирлар амалга ошмайди, деб умид қиламан.
* * *
Тез оловланиб кетишдан, бировни айблаш ва жанжал кўтаришдан ўзимни тияман. Доим оғир-босиқ бўлишга интиламан.
* * *
Деярли ҳар бир асаримда мифологик мавзуларга мурожаат қилганман. Чунки у жуда бой манбадир.
Рус тилидан Ориф Толиб таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 9-сон