Мен инсон табиатни қадрлай билиши, ундан завқ, баҳра олиши кераклигини биламан. Шуни ҳам тушуниб етиш керакки, инсон – табиатнинг бир парчаси, табиат унга яшаш учун берилган макон, яшаганда ҳам фақат бир марта ақл ва завқ билан яшаши керак.
* * *
Инсон табиати шундай яратилганки, у тез-тез хато қилиб туради: ўткинчи ҳою ҳавасни кўпинча ҳақиқий Муҳаббат деб ўйлайди. Асл муҳаббат оғриқ билан келади.
* * *
Инсон гоҳ-гоҳ дуч келадиган ҳар бир муваффақиятсизликни бахтсизлик деб ҳисобламаслиги лозим. Ким билади дейсиз, балки ҳақиқий бахт кичик муваффақиятсизликдан бошланар?!
* * *
…Заминдан маҳрум қилиш мумкин, бойликдан маҳрум қилиш мумкин, ҳаётдан ҳам маҳрум қилиш мумкин. Лекин инсон хотирасига тажовуз қилиш… чидаб бўлмас фожиадир.
* * *
Ҳар бир янги авлод ўз ҳаётини бошқа мамлакатларда рўй берган кўтарилиш, тараққиёт билан таққослаб кўради ва таназзул сабабларини қидиради. Агар таназзул сабабларини тўғри топса, энди ўтмишдаги хатоларни такрорламасликка интилади, тўғри йўлга тушиб олишга ҳаракат қилади.
* * *
Табиатни қандай қилиб асраш, урушлардан, техникавий тараққиёт келтириб чиқарадиган кулфатлардан ҳимояланиш тўғрисида бош қотиришдан аввал маънавий маънода инсон қандай қилиб инсон бўлиб қолажагини, нафақат ақл-идрокли мавжудот шаклида эмас, балки ҳис қиладиган, виждонли инсон қандоқ бўлиши кераклигини билмоқ керак.
* * *
Дунё инсон учун керак – одам унинг асл моҳиятини тушуниб олиш учун яратилган, шу боис ҳам дунё турибди.
* * *
Бахт дегани дилларнинг уйғунлашиб кетиши деган сўз.
* * *
Эзгулик салгина чекинса – бас, унинг ўрнига дарҳол ёвузлик мустаҳкамланиб олади.
* * *
…Одамлар ҳар хил тилларда гаплашадилар. Бироқ, фақат битта тилда – юрак деб аталмиш забонда севги изҳор қиладилар, қувонадилар, соғинадилар.
* * *
Ирода, матонат йўқ жойда севги-муҳаббат тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас. Гоҳида муҳаббат менга қандайдир компьютер қурилмасига ўхшаб кўринади. Агар кўзга кўринмас бирорта мурват ишдан чиқса – бас, бутун бошли мураккаб буюм сариқ чақага қиммат бўлиб қолади.
* * *
Коинот миқёсида инсон умри пашшанинг умридай гап. Бироқ инсонга тафаккур ато қилинган, шу нарса унинг умрини узайтиради. Лекин акси ҳам бўлади – кескин қисқартиради ҳам.
* * *
Фақат миллий, халқона таълим-тарбия билан маънавият, ички маданият пайванд қилинсагина одамларни ҳар қандай пасткашликдан, тубанликдан асраб қолиш мумкин.
Ҳусан Мақсудов тайёрлади.
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 4-сон