Серқирра ижодий фаолият эгаси, миллатимизнинг фидойи ёзувчиси, ҳақиқатгўй адиб Шукур Холмирзаев роман, қисса, ҳикоя, драма сингари жанрларда кўплаб бадиий асарлардан ташқари ижод психологияси, ижодкор шахсияти, адабиёт ва жамият муносабати каби масалаларга бағишлаб ўнлаб адабий-танқидий мақолалар ҳам ёзган эди. Аслида, ижод психологияси, ижодкор шахсияти ҳамда улар ўртасидаги кўзга кўринмас, ғоятда нозик робита барча замонларда баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб келади. Қизиғи, бу борада сўнгги хулосани айтиш имконсиздир. Айни чоғда, Адабиёт ҳақида ҳар кимнинг ўз нуқтаи назари бўлиши ҳам табиий. Шу маънода билимдон адиб, чин зиёли Шукур Холмирзаевнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақидаги фикрлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Қолаверса, Шукур ака учун адабиёт ҳаёт кечириш воситаси эмас, балки яшашнинг шакли эдики, Сўз санъатига сўнгсиз фидойилик нафақат ўзбек, балки дунё адабий жараёнида ҳам камёб ҳодиса саналади.
Санъатсиз, адабиётсиз яшашни тасаввур этолмайдиган қаҳрамонлар талқини Шукур Холмирзаевнинг сўнгги даврда ёзган асарларида бот-бот кўзга ташланади, бинобарин, ушбу омил ҳам ёши улғайиб, ҳаётдаги ақидалари қатъийлашган, хулосалари аниқлашган муаллифнинг маслаги ҳақидаги тасаввуримизни янада бойитади. Ижодкорликнинг қисмат, умр савдоси эканини англатувчи таъкид адибнинг адабий-танқидий мақолаларини умумлаштириб турувчи ягона муштарак белгидир. Бу қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган, турли мақолалар, суҳбатлардан олинган, адибнинг адабий қарашларини мухтасар ифодалайдиган фикрларда ҳам яққол намоён бўлади.
* * *
…ҳар бир асар айрича бир дунё бўлганидек, унга кириш йўллари ҳам ўзига хос бўлади.
* * *
…адабий жараённи изчил кузатиб бориш, лозим бўлганда, унинг олдига бориш – жуда улуғ фазилат. Энг зукко танқидчиларга хос фазилатдир.
* * *
…ҳиссиёт шундай олам эканки, баъзан унинг ташқи белгиларини кўриш ҳам, эшитиш ҳам, сезиш ҳам мумкин бўлмагани ҳолда, уларнинг жонли ҳаракатда ярқиллаб акс этганинигина кўриб қолиш мумкин.
* * *
…шахсан мен китобхонни бир ёққа торта билган, унинг дидига мўлжаллаб – унга асарини нима қилиб бўлса ҳам ёқтириш мақсадида эмас, ўша дидни бир баҳя бўлса-да кўтариш ниятида тер тўккан ёзувчиларни севаман.
* * *
…Қодирийдаги диалогларни шундоқ саҳнага олиб чиқиб қўйиш мумкин. Актёрлар лаззатланиб ижро этишади. Шундандирки, “Ўтган кунлар” экранга кўчирилганда, сценарист ёзувчилар санъаткорнинг диалогларини деярли ўзгартирмаганлар. Кино санъати билан проза санъатининг ўзига хос хусусиятларидан хабардор кишилар бу нечоғлик тансиқ ҳол эканига имон келтиришар!
* * *
…асарларим баъзиларга манзур бўлмаган эса-да, вақтимнинг кўпи ана ўша асарларни қандай ёзиш кераклиги устида кечди.
* * *
…баъзида яхши одам билан ёмон одамни фарқлаш қийин. Чунки иккиси ҳам бир хилда гапиради, гўё бир хил фикрларни айтади, борингки, бир хил ишни бажаради. Уларни ўз жойига қўйиб тасвирлаш учун ёзувчидан ўта сезгирлик талаб этилиб қолмай, унинг эзгулик ва яхшилик ҳақидаги эътиқодининг аввалгисидан ҳам мустаҳкам бўлиши талаб этилса керак.
* * *
…бугунги кун ёзувчиси, шубҳасиз, фақат ўз адабиёти тажрибаларига суяниб қалам тебратиши мумкин эмас.
* * *
…муҳаббатнинг ижодга таъсири ҳақида гап кетадиган бўлса, фикрим шу: ижоднинг тагида аслида муҳаббат ётади.
* * *
…замон айланиб, рост гапни – борини айтиш имконияти очилди.
Бу – ёзувчи учун бахт!
Ахир ёзувчига нима керак? Ана шу эркинлик-да! Ёзувчининг вазифаси нима? Ҳақиқатни айтиш-да!
Шунинг учун бўлса керак, дунё адиблари ўртасида тарқалган қадим бир гап бор: ёзувчининг Худоси – ҳақиқат эмиш.
Энди шундай муҳитда енг шимариб, ишга киришмаслик – гуноҳи азим.
* * *
…муаммоларнинг муаммоси – одам. Одамни чинакамига акс эттирар экансиз, унинг қилмиш-қидирмишларидан муаммолар келиб чиқаверади. Ўша муаммоларни ҳал этиш эса… сенинг ишинг эмас: уни ҳаёт ҳал этади ва пироварди, ўша «ҳал этилиш» жараёни яна адабиётда акс этиши мумкин.
* * *
…услубда ҳамма нарса мужассам: дунёқарашдан тортиб, нуқта қўйишгача…
* * *
…мен учун асл муддао – изҳори дил. Аммо бунинг тагида менга боғлиқ бўлмаган… ташвиқот ётади. Ҳа-а, адиб охир-оқибат ниманидир ташвиқ қилади.
* * *
…Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари ҳозирги кун адиблари, хусусан, ҳикоянавислари учун том маънода бир мактаб, миллий мактабдир.
* * *
…Абдулла Қаҳҳорни йўқ деб, яъни ҳаётга келмаган, ҳикоялар ҳам битмаган, қиссалари, «Сароб» ҳам – бизнинг хаёл, деб кўзимни юмдим. Дунё қоронғи бўлиб қолди. Ўзим ҳам… йўқ бўлдим. Кўзимни очсам, у – қаршимда. Демак, ўзим ҳам борман.
* * *
…ҳикояда ечим ёзувчининг дунёни зуҳур этиши, инсон руҳининг ички ва сиртқи қонуниятларини нечоғлик билиши, қолаверса – маҳорат-профессионаллик, ижод техникасини қанчалик эгаллагани билан боғлиқ масаладир.
* * *
…анчайин материалдан ҳам уста адиб яхши ҳикоя яратиши мумкин.
* * *
…асар, ҳар қалай, ўзи учун ўзи жавоб бериши керак: санъат ҳақиқати ҳаёт ҳақиқатидан сал-пал баланд турмаса, у санъат бўлиб нима бўлди?
* * *
…ҳақиқий адиб мукофот учун ёзмайди ва ёзмаслиги керак.
* * *
…булбул нега сайрайди? «Биз учун!» деб ўргатишган бизга. Ҳолбуки, у ўзи учун – яъни, сайраши кераклиги учун сайрайди: илло, сайрамаса – ўлади.
Ёзувчилик ҳам – шу!
* * *
…шахс инсон сифатида камол топишни истар экан, ва айни чоғда ўзига хос жиҳатларниям қўлдан чиқазмас экан, демак… у шахснинг навбатдаги асарлари ҳам унинг ўзи билан бирга шаклланиб бораверади. Ва оқибат шахс қандай Инсон бўлса, унинг асарлариям шундай Санъат бўлади.
* * *
…ёзувчи қандайдир бир мавзуни олиб, қандайдир қаҳрамонлар йўналган мақсад сари қалам тебратади. У нега бу ишни қиляпти? У китобхонга нимадир демоқчи, унга ўзи учун азиз-муқаддас бўлган бир нималарни айтмоқчи, пироварди, унга бир нима бермоқчи, унинг маълум бир масалага муносабатини ўзгартирмоқчи ёки ўша масалага янгича назар билан қарашини истаб шу ишни қиляпти.
* * *
…биз битта адабий тилни қабул қилганмиз. Ҳақиқий адабий тилимиз Чўлпоннинг тили. Мен ёзганимда ҳамма вақт муаллиф тилидан, адабий тилда ёзишга ҳаракат қиламан. Аммо қаҳрамонларим ўз-ўзича. Шунинг учун адабий тилга ҳар нарсани тиқиштириб, талаффузини бузиб юришни ёқтирмайман.
Отабек Сафаров нашрга тайёрлади.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 9-сонидан олинди.