Хайриддин Султонов. Дунёнинг сири (ҳикоя)

— Шунақа… Ер юзида тўрт миллиард одамга етган ҳаво менга етмайди…
Бу гапни у ҳазиллашиб айтди. Аммо Қундуз унинг сўз оҳангидаги пинҳоний надоматни илғади…
Зах ва бўёқ ҳиди анқиб турган каталакдек қироатхона совуқ эди. Йигит юпунгина плашга ўраниб креслога чўккан, беҳафсала журнал варақлайди. Бир ҳафтадан буён кутубхона очилган заҳоти кириб келади, кун бўйи ўқийди, кечқурун Қундуз уйга отлангандан кейин раҳмат айтиб чиқиб кетади.
Куз — «ўлик мавсум». Санаторийда одам кам. Кутубхона деярли кимсасиз. Диққинафас хонада Қундуз ёлғиз ўзи китобларга термилавериб зерикади. Иш тугасаю тезроқ кетса… Бироқ «Индамасхўжа» кечгача миқ этмайди. Қундуз курорт дафтарчасидан унинг студент эканини, исми Музаффарлигини билар, аммо йигитнинг беписанд муносабатига энсаси қотар эди. Аслида ўраниб-чирманиб юрадиган бу касалманд кимсанинг эътиборига зор эмас: у бир ой аввал турмушга чиққан — ўзи учун батамом янга, сирли ҳаёт оғушида маст. Ҳар куни эрталаб келинлик либосларига бурканганча гул-гул яшнаб ишга келади, лекин қуёш нуридан бебаҳра, рутубатли тор ҳужрада малоҳатидан ҳайратга тушадиган тирик жон йўқлиги туфайли андак афсус чекади. Бир оздан сўнг эшикдан «аммасининг бузоғи» — Музаффар кириб, нари-бери саломлашгач, китобларга кўмилади.
Уч кун бурун у йигитни гапга солмоқчи бўлди. Ҳийла вақт рўпарасида алланималарни атай ёзиб-чизиб ўтирди. Музаффар бир пайт кафтини оғзига тутиб узоқ эснади. Ўз гўзаллиги қудратига бениҳоя ишонган ҳар қандай аёл каби Қундуз ҳам қаттиқ ранжиди. «Кеккайган студент» ҳақида «Одамови!» деган ҳукм чиқариб, минбаъд сўз очмасликка аҳд қилди.
Бироқ бугун эрталаб беихтиёр: «Нима касалсиз?» — деб юбордию тилини тишлади.
Музаффар жилмайишга уринди, озғин, қонсиз юзларига маҳзун бир паришонлик қалқиди.
— Шунақа… Ер юзида тўрт миллиард одамга етган ҳаво менга етмайди.
Қундуз унга ажабланиб қаради.
— Мен астмаман-да, — деди йигит хўрсиниб. Унинг сохта хушҳоллигини кўриб, Қундузнинг раҳми келди.
— Тузалиб қолдингизми, ахир? — деб сўради атай тетик оҳангда.
— Врачнинг гапига кўра, тузалишим керак. Лекин… доим докторларнинг айтгани бўлаверса, оламда аллақачон касаллик қолмасди.
У тасалли беришга шошилди:
— Э, ҳали кўрмагандек бўлиб кетасиз!
Йигит бош чайқади:
— Қайдам…
— Ҳадеб ўйлаб сиқилаверманг-да! Бу ерда қанча одам даволанган! Тоғ ҳавоси…
— Кейин «саломатлик посбонларига «Мен сиздан шифо топдим» деган музикали салом» йўллайман, шундайми? — Музаффар кулимсиради. — Худди докторга ўхшайсиз-а… Менга қаранг, тағин врач бўлманг?
— Йўқ, — Қундуз ҳам маъюсланиб кулди. — Фармацевт бўлмоқчийдим.
— Киролмадингизми?
— Химиядан йиқилдим.
— Э-э… — Йигит қўзғалиб қўйди-да: — Бирор сиртқи бўлимига киринг, — деб маслаҳат берди.
— Ўқиш энди… — дея келинчак хандон отиб кулди. — Отасиз ўсганмиз. Шунинг учун амакимнинг деганлари-деган.
— Ҳа-а, — деди бош ирғаб Музаффар.
Қундуз газета-журналларни тахлашга киришди.
— Бу дард ўлгур сизга қаёқдан ёпишди? Жуда ёшсиз-ку? — деб сўради, ишдан бош кўтармай.
— Биласизми… — Йигит сўз қидириб каловланди. — Ҳалиги, дадам шийпонга қоровул эди. Кўп касал бўларди. Ўшанда ўрнида турардим. Дефолиация вақтида… Тоғда пахта экилмайди, дефолиацияни билармикансиз?
— Қизиқсиз-а, нега билмайман?
— Ана шу пайтда далада ҳеч ким қолмаслиги керак. Мен ётаверардим — шийпонни қаровсиз ташлаб кетолмасдим… — У гуноҳкорона илжайди.
— Сизни қарангу! — деди кутубхоначи. — Шийпонни бўри ермиди?!
— Ёш-бебош бўлганман-да! — деб аччиқ кулди йигит.
— Ўқишингиз-чи?
— Бир йил йўқотаман, начора? — Музаффар қўлидаги журнални варақлай бошлади. — Бу йил айниқса, кўп қийналдим.
— Соғайиб кетасиз, — деди ишонч билан Қундуз. — Айтгандек, институтни битириб ким бўласиз?
— Одам, — деб кулди у.

* * *

— Тоғдан тушиб келяпман, — деди у эртаси куни Қундузни кўрган заҳоти. Эгнида қалин свитер, эшик кесакисига суянган кўйи ҳансираб турарди.
— Қалай?
— Тоғлар ўксик, менинг кўнглимдек… — Йигит қуёш нуридан кўзлари қамашиб гапирарди. — Сўз йўқ! Баландроққа чиқа олмадим-да, нафас қисиб қолди.
— Нега… ўксик? — деб сўради кутубхоначи дераза пардаларини сураркан.
— Чиқсангиз кўрасиз.
— Мен ҳали чиқмаганман.
— Қўйинг-э?!
— Ишонмайсиз-а? Бир марта, тўққизинчи синфда ҳув ёнбағиргача борганмиз, лола тергани. Кейин қўл тегмади.
— Ёпирай!
— Бўзчи белбоққа ёлчимайди. — Қундуз хижолатомуз кулимсиради. — Кўкламда чиқмоқчимиз насиб қилса. Чиройли жойлар…
Музаффарни йўтал тутди. Муштини оғзига тугиб йўталаркан, юзлари қизариб-бўзариб, елкалари силкинарди.
— Лаънати-ей… — деди хуруж босилгач, ёшланган кўзларини артиб. — Саҳардан бошлаяпти-я! Ҳа-а, чиройли жойлар, киройи жойлар… — Жавондан қора муқовали қалин китобни олаётиб, афсуслангандек: — Чиройли жойла-р-р, — деди у яна ва ўқишга тутинди.
Ташқарида, қуёшнинг ҳароратсиз ёғдусига чулғанган дов-дарахтлар тагида заъфарон кўйлаги этакларини судраганча куз дилдираб кезади. Ҳаккалар учиб-қўниб хазон титкилайди. Олисдаги қорли чўққилар дўппи гулларидек хаёлий товланади. Кўкиш туман ичра элас-элас кўзга чалинаётган ёввойи бодом, тоғолча, дўлана буталари қоплаган ўнгарлар хонага дилгар сукунат бахш этади.
Кундуз зерикди. Нари-бери паришон юра бошлади. Ғашликка ўхшаш бир туйғудан юраги сиқилиб, хўрсинди. Дафъатан ўзини кимсасиз, ғариб сезди. «Бош олиб кетсанг, би-ир ёқларга… — Зум ўтмай ҳушига келиб кулимсиради: — Жиннига ўхшаб…»
Музаффар билан суҳбатлашиш алланечук мароқли. Аммо йигит берилиб ўқир, гўё оламда унинг борлигини унутган эди. Қундуз қатьият билан қимтилган қалин лабларга, ғамгин қўйкўзларга, қиз боланики сингари узун, ингичка бармоқларга бир-бир тикилди.
— Нима ўкияпсиз? — деб сўради ниҳоят журъат килиб. Йигит бош кўтарди.
— Гегель.
Қундуз Гегелнинг кимлигини сўрашга ийманди, тушунган каби бош силкиб қўйди.
— Қизиқми?
— Нима десам экан? Ҳар нарса ҳам қизиқсангиз — қизиқ. Файласуф у.
— Кеча телевизорда ҳам бир файласуф чиқди.
— Ким?
— Шариповми, Шароповми, шунақа фан кандидати бор экан-ку?
— Қайдам, бўлса бордир, — деди йигит. — Биласизми, дунёда кандидатлар, бакалаврлар, докторлар, магистрлар, профессорлар кўп — олимлар кам.
Келинчак анграйиб ўтирар, ғайриоддий туюлаётган бу сўзларни идрок этишга қийналар эди.
Ўқимаганига ўкинди. Агар ўқиганда у ҳам шунақа чиройли гапирармиди…
— Овқатлангани бормайсизми? — дея у соатига кўз ташлади.
— Тушлик бўлдими? — Музаффар ўрнидан қўзғалди. — Кечгача ишлайсиз-а? Озроқ ўқимоқчийдим.
— Ҳа.
Йигит бош ирғаб эшикни ёпди. Қундуз кўнгли ғаш, Музаффар стол устига қўйиб кетган китобни аста варақлади. Қалам билан чизилган сатрларга тикилиб қолди:
«Воқеий нарсалар — ҳақиқийдир, ҳақиқий нарсалар — воқедир»…

* * *

Кечаси ёмғир ёғди. Эрталаб еру кўкни туман босди. Кундуз осмонни тўлдирган қора булут уюрларига, намчил асфальт йўлга ташвишланиб қаради-ю, кун бўйи дилдираб ўтиришини ўйлаб, ғаш тортди. Мактабдан ишхонасига телефон қилиб, бир кунга ижозат олди.
Уйларни йиғиштирмоқчи эди, аммо қўли юмушга бормай юраги орзиқди.  Қалин тивит рўмолини ўраб, плашини кийди-да, санаторийга жўнади.
Кутубхонани очиши билан озода кийинган, кўзойнакли, оқ-сариқ қария кириб келди. Бирпас журнал варақлагач, китоб ёздириб чиқиб кетди.
Кундуз рўмолини елкасига ташлаган кўйи қўлларини куҳ-куҳлаб ўтирарди. Бошида телпак, томоғини шарф билан ўраган, ранги бўздек Музаффар остонада пайдо бўлган заҳоти шошиб ўрнидан турди.
— Шу совуқда ҳам келдингизми? — деб сўради йигит ачиниб. — Шамоллаб қоласиз-ку! Бу ерга лоақал электр печка қўйишса бўлмайдими?
— Иситиш қозони ишдан чиқибди, тузатишяпти, — деди келинчак гуноҳкорона.
— Қозон ёрилибдими? Табиий офат-да! — дея танглайини такиллатди йигит.
Қундуз нима деярини билмай:
— Китобингизни олиб берайми? — деб сўради.
— Майли. Роса ўқийдиган ҳаво бўляпти! — У йўталиб, истар-истамас креслога чўқди.
Сукунат девори уларни бир-биридан ажратиб турар, дераза остида чак-чак ёмғир томчилаб, даралардан туман пардаси кўтарилиб бормоқда эди.
— Кеча Зоҳида билан уришдим, — деди Қундуз кутилмаганда ҳасрат қилиб. Йигит китобдан кўз узиб унга қаради:
— Зоҳида ким?
— Бухгалтер хотин.
— Нега уришдингиз?
— Кутубхонада фаррош йўқ, ўзим супуриб-сидираман. Бошқа бировнинг номига ойлик чиқаркан, ведомостда кўриб қолдим. «Директорга айтаман», десам: «Бўшагинг келаётган бўлса айтавер», дейди. Хонани тозаласам ўзим учун қиламан, ойлик талашмоқчимасман-у, шундай дегандан кейин чидаёлмадим-да, қизишиб кетдим.
— Тавба! — дея йигит бош чайқади. — Одамлар ажойиб: ширин бўлсанг — ютиб юборишади, аччиқ бўлсанг — чайнаб ташлашади… — Сўнг бармоқларини асабий ўйнаб: — Шунинг учун ер юзида чучмал одам кўп-да, — деди.
Шамол турди. Йироқдаги қорли чўққилар яна ярқиради. Тоғ бағридаги ёнғоқзор оша юқорига ўрлаётган отлиқ элас-элас кўзга чалинар эди.
Музаффарни бирдан йўтал тутди. Нимжон гавдасини кресло суянчиғига ташлаб, хирқираб қолди.
— Доктор чақирайми? — деди Қундуз шошиб.
— Йўқ… ўҳ-ҳў. ўҳ-ҳў… ўтиб кетади. — Йигит оғрикдан юзини буриштириб, кўкимтир томирлар ўйнаб чиққан қўлини силтади. — Дераза… деразани очинг…
Деразадан ёмғир аралаш изғирин ёпирилиб пардани тортқилади. Қундуз жунжикиб кетди.
Музаффар оғир-оғир нафас олиб, тўлғанарди.
— Ўзим ҳам… ўҳ-ҳў… нега бугун тутмади, деб турувдим…
Келинчак лабини тишлади: «Қийналиб кетди-ей!»
— Совуқ бўлмайди-да сизга, — деди куюниб.
— Ҳозир… Ҳозир-р босилади… Ўх-ҳў…
Титроқ бармоқлари кресло ёғочини бемажол тирнар, тор кўкрак қафасидан шиғ-шиғ деган товуш эшитилар эди.
— Мана, ўтиб кетди. — Йигит манглайидан тер томчиларини артиб, омонат илжайди. — Хаста ўпкам аччиқ газларга ўрганиб… тоза ҳавода қийналяпти.
Ёмғир қуйиб юборди. Музаффар деразадан ташқарига қараб энтикди:
— Ёмғир ҳам эзилди-ей! Нима ўқияпсиз?
Қундуз қўлидаги китобни кўрсатди.
— Нима ҳакда?
— Бизнинг ёшимизда нима ҳақда ўқишарди?
— Э-Ҳа… — дея маънодор бош ирғади Музаффар деразани ёпаркан. Ёмғир товуши пасайди.
— Менда бир китоб бор, — деди жойига ўтиргач. — Француз ёзувчисиники. Ўқиб, йигит бошим билан йиғлаганман.
— Ростдан-а?
— Ёлғончининг уйи куйсин. Хоҳласангиз, ўқиб кўринг.
— Бугун… йўқ, майли, эртага олиб келасиз-а? Шунақа таъсирлими? «Ўтган кунлар»га ўхшайдими? Мен қачон ўқисам, ўз-ўзимдан йиғлагам келаверади.
— «Ўтган кунлар»… О! — Йигитнинг кўзлари чақнаб кетди. — Фақат сиз эмас, Қодирий ўзи ёзиб, ўзи йиғлаган экан!
Эрталаб эри телпагани бостириб уйдан чиқаркан, Қундузга:
— Ишга борсанг, қалинроқ кийин. Кунга ишонма, эшак ўлдирадиган офтоб бу, — деди.
Қуёш чарақлаб турибди, аммо ҳаво совуқ. Кўчанинг икки бетидаги тунука томларда қиров йилтиллайди. Кечаги ёмғирдан сўнг ола-чалпоқ қурий бошлаган йўлга теракларнинг новвотранг япроқлари тўкилар, иккита тўқол эчки баргларни ямлаб юрар эди.
Тушгача Музаффардан дарак бўлмади. Қундуз тўсатдан ўзининг бетоқатланаётганини сезди. «Китоб бермоқчийди-ку?» — деб ўйлади хаёлини чалғитишга уриниб.
Кун тушдан оққач, юрагига ғулғула тушди. Эшикни қулфлаб, учинчи корпусга чиқиб борди.
Музаффар тўрт кишилик хонада ёлғиз ўзи ўраниб ётар эди.
— Сизга ёлғончи бўлдим-а? Кўрмайсизми… — дея хомуш кулимсиради. Қундузнинг кўзларида ҳуркак бир безовталик пайдо бўлди:
— Тузукмисиз?
— Раҳмат, эрталаб сал… — Йигит юзини буриштириб ён-верини тимирскилади, кейин ноумид қўл силтаб қўйди.
— Ёлғиз қийналмайсизми, ҳамхонангиз ҳам йўқ экан?
Музаффар қаддини ростлаб, ҳазин жилмайди.
— Атай шу палатага жойлашганман.
— Нега?
— Аслида одамлардан қочиб келдим. Кейин… бошқаларнинг уйқусини бузиш инсофдан эмас.
— Одамларсиз қандай яшайсиз? — деб сўради кутубхоначи кўзлари жавдираб.
Йигит қўлларини кўксига чалиштириб, кулди.
— Гёте бўлиб кетинг-э!
— Гёте?!
— Шундай немис шоири ўтган, билсангиз керак. Ўшанинг шеъри бор: «Қанчалар бемаъни бўлмасин муҳит, бари бир одамсиз яшолмас одам!» — дея виқор билан ўқиди у.
— Ана, кўрдингизми! Сиз бўлса…
— Мен бўлса… дельфинга ачинаман.
— Кимга?
— Саволингиз ўзбек тили грамматикаси бўйича нотўғри, лекин моҳият эътибори билан жуда тўғри!
Қундуз тушунмай, елка қисди.
— Чунки дельфин — тилсиз-онгсиз ҳайвон саналади. Ҳайвонлар эса «ким?» эмас, «нима?» деган сўроққа жавоб бўлади. Мактабда ўқитишган-ку? Аммо мен айтаётган дельфин бошқача, «ким?» деб сўрашга арзийдиган… Мени жинни деб ўйламаяпсизми? — деб қолди у тўсатдан.
— Йў-ўқ, нега?
— Сал пойинтар-сойинтар гапираман-да… Индонезияда бир дельфин мактабга қатнайдиган болаларни нариги оролдан бериги оролга ўтказиб қўяр экан. Доим маълум вақтда қирғоққа келиб, ўқувчиларни кутиб тураркан. Бир куни болалар билан қандайдир маст одам ҳам унга минибди. Қўлида латтага ўралган пичоғи бор экан. Сув ўртасига келганда дельфиннинг қоқ юрагини мўлжаллаб санчибди…
— Вой-й! Нимага?
— Нимага дейсизми? Ёвузликда қачон мантиқ бўлган? Бу ёғини эшитинг: дельфин сувни қора қонга бўяб соҳилга сузиб борибди. Болалар қирғоққа тушиши билан у шалоп этиб ағдарилибди-да, жон берибди… Кўрдингизми? Агар унинг ўрнида «ким» бўлганида эди, пичоқ санчилган заҳоти елкасидагиларни улоқтириб юборарди.
— Вой, шўрлик! Дарров ярасини боғлашганда, балки ўлмасмиди…
— Ким боғлайди? Ўша, «нима» деган сўроққа жавоб бўладиган кимсами?
Тумбочка устидаги сувсиз банкага солиб қўйилган бир даста гиёҳ қурий  бошлаган, элитгувчи талх ҳиди гуркирар, қовжироқ кўкатлар ҳувиллаган бўм-бўш хонани яна ҳам бефайз кўрсатар эди.
Қундуз дераза рафида тартибсиз сочилган қоғозларга разм солиб:
— Дарс тайёрлаяпсизми? — деб сўради.
— Йўқ, — дея бош чайқади йигит. — бу — кундалик.
— Кўрсам, сир эмасми?
— Сир!
— Ҳарбий сирми? — деб кулди Қундуз.
— Дунёнинг сири, — дея жилмайди йигит. — Оламда одамзоднинг ақли етмайдиган бир сир бор. Уни ҳеч ким тушунмайди. Агар унга инсоннинг ақли етса, яшашнинг маъноси қолмайди.
Уни яна йўтал тутди. Келинчак вужудида оғриқ туйиб, лабини тишлади: «Худойим-эй!»
Музаффар даҳанини сочиқ билан артиб, адёлини тузатаркан, ҳансираб:
— Шунақа, — деб қўйди.
«Тузалиб кетсин-эй, бечора», дея хаёлан шивирлади Қундуз.
— Тўйингиз қачон бўлган? — деб сўради йигит дафъатан.
— Бир ойдан ошди… — Ногаҳоний эътироф туйғуси Қундузнинг кўнглини титратиб ўтди.
— Эрингиз нима иш қилади?
Бу савол унга малол келди, негадир ранжиди.
— Каналда… техник.
— Ҳа-а, яхши, — деди йигит қошини чимириб, дағал товуш билан.
Гап-сўз тугагандек эди. Қундуз деразадан кўриниб турган бир парча осмонга боқиб:
— Группангизда қизлар ҳам ўқиса керак? — деб қўйди. Музаффар қўлларига таяниб, яғринини кўтарди.
— Биронтасини яхши кўрасизми, демоқчисиз-да? Йўқ, яхши кўрмайман. Мени ҳам дунёда онамдан бошқа ҳеч ким яхши кўрмаган, — деди у жилмайишга уриниб.
— Нима учун?
— Чунки… — дея у бир лаҳза тараддудланди. — Келинг, бу ҳам сир бўла қолсин!
— Ҳаммаёқ сир денг? — Келинчак ўрнидан қўзғалди. — Майли, мен борай.
— Шошяпсизми?
— Чанқадим.
— Чойнакда чой бор. Сал совуқроқ.
— Йўқ, раҳмат. Врачни айтиб юборайми?
Йигит бош чайқади.
— Нега?
— «Табиб айтур: «Эй нодон, бу дардни бедаво дерлар», — дея у тумбочкасидан мўъжазгина китобча олиб узатди. — Мана, ўша йиғлатадиган…
Кундуз эшикни зичлаб ёпаркан, ичкаридан йўтал товуши эшитилди.
Уйга хомуш қайтди. Дарвоза очиқ, қайнатаси қўлида токқайчи, олма дарахтлари тагида куйманиб юрар эди. Салом бериб ҳовлига кирди-да, йўл-йўлакай эрталаб ёйиб кетган кирларини йиғиштирди. Атлас дарпардалар, гулдор сўзаналар билан безатилган хона ботиб бораётган куёшнинг қирмизи ёғдусига чўмган, бурчақдаги тошойна, сервант устидаги соатда ғуруб шуъласи яллиғланар эди. Кундуз тўрдаги суратда кулиб турган, дакана рўмолли жиккаккина кампирга бир зум тикилиб қолди.
У марҳум қайнанасини кўрмаган. Шу важдан қўшни хотинлар уни: «Кенг уйнинг келинчаги», деб ҳазиллашадилар.
Сигирни соғиб бўлиб, овқатга уннаганида машина сигнали эшитилди. Дарс тайёрлаб ўтирган қайниси — ўн тўрт яшар Исроил чиқиб дарвозани очди. Чангга ботган сариқ «Москвич» кириб келди. Болонья куртка, кўк шим кийган Комил машинадан тушиб уст-бошини қоқди-да, оғилхонада терит қораётган отаси томон юрди. Кундуз обдастага илиқ сув қуйди, ишком бағазига сочиқ илаётиб, эрига узоқдан секин: «Ҳорманг», деди.
У ошхонада сабзи тўғраётиб, бехос бошмалдоғини кесиб олди. Шоша-пиша боғлаётганда эри гугурт қидириб кирди.
— Қўлингни кесдингми? Э! Кўзингга қарамайсанми? — деди у койиш оҳангида. — Ҳа, майли, қон — ёруғлик. Намакобга ботир — дарров тўхтайди.
Овқат маҳали пойгакда чой узатиб паришонхаёл ўтирар, қайнатасининг гаплари қулоғига узуқ-юлуқ чалинар эди:
— … қизил новвоснинг кунжараси… Эртага боққа чиқиб токларни кўмиш керак… Мулла Нурматникига…
Чойдан кейин чолни мудроқ босди. Келинчак унга ўрин тўшаб бергач, идиш-товоқ йиғиштиришга тушди.
Уйга қайтиб кирганида телевизор вағиллаб ётар, эри мук тушиб пинакка кетган эди. Шарпани сезиб, кўзлари ярқ очилди.
— Ўчириб қўяверайми?
— Э-э… чарчабман… — Комил эснаб, ўрнидан турди.
Қундуз печкага кўмир солиб, деразадан ташқарига тикилди. Қоп-қоронғи. Ҳовли этагидаги қари тут зулмат қаърида қорайиб кўринади. Қаердадир дайди мушук зорланиб миёвлайди.
«Йўтали босилдимикан? Сир деб нимани айтди экан-а? Ҳеч ким тушунмаслиги керак… Нега? Сир бўлгани учунми?..»
Секин уф тортди, сумкасидан у берган китобни олди. Эриниб варақлади. Дуч келган саҳифадан ўқий бошлади. Аввалига лоқайд кўз югуртирди, сўнг мўъжизага учрагандек, оламни унутди… На эшикнинг ғижирлаб очилганини, на эрининг йўталганини сезди. Комил елкаси оша энгашиб муздек кафтини унинг билагига қўйгандагина чўчиб тушди.
— Қанақа китоб? Қани? Барб-юс?! Одамнинг отими? Барбарис деган конфет бўларди…
Эри чопонини ечиб стул суянчигига ташлади. Бош қашиганча бирпас серрайиб турди-да, эснаб:
— Машинанинг сувини тўкиб қўйиш керак. Қор ёғадиганга ўхшайди, — деб уйдан чиқди.
Қундуз унинг гапини эшитмади. Бу вақтда у… йиғлар, лаблари: «Азизим Луи! Сенга бу мактубни йигирма йилдан сўнг ёзяпман…», дея шивирлар эди. Музаффарни эслади. «Бу китобни ўқиб, йигит бошим билан йиғлаганман…»
Эрининг қорасини пайқаб, юз-кўзини артди.
Комил ечиниб каравотга чўзилди. Бақувват қўлларини боши остига қўйиб, чалқанча ётар, нафас олганида кенг кўкраги кўтарилиб тушар эди.
— Қани, ётмайсанми? — дея шивирлади у хушнуд кулиб.
Кўзлари чақнар эди!.. Қундуз бош чайқаб, ўқишда давом этди. Ҳар кеч шу гапни эшитганида аъзойи баданини сирли ҳаяжон қамрар эди. Ҳозир негадир вужуди жунжикди. Эри бир зум шифтга тикилиб ётди-да, норози оҳангда:
— Кун бўйи тўймадингми, бўлди-да! Ўчир чироқни! — деди.
Кейин бир сапчиб, хотинининг бахмал нимча сириб турган белидан шартта қучоқлаб бағрига тортди.
— Оҳ, отинчам-эй! Бўлди энди!..
Қундуз бирдан бўшашиб, кўзларини юмди. Тун. Олам жимжит.
Қундуз кўз очдию сесканиб тушди: совуқ, зимистон хона, йўтал тутиб ёлғиз тўлғаниб ётган… Музаффар! Комил шошиб қолди:
— Нега йиғлайсан?
Қундуз ўзини бениҳоя таҳқирланган ҳис қилар, елкалари дир-дир силкинар эди…
Эри туриб чироқни ёқди.
— Айтсанг-чи, нима бўлди? Бирор жойинг оғрияптими?
Комил жигибийрони чиқиб, каравот четига ўтирди.
— Одамни хун қилиб юбординг-ку! Гапирсанг-чи!
Унинг чурқ этмаганини ўзича тушунган эри ёнига оҳиста чўзилди.
— Биламан, иш кўп, зерикиб кетдинг, — деди бир оздан сўнг мулойим товуш билан. — Лоақал кинога оборолмаяпман. Кўриб турибсан-ку, қўлим тегмаяпти. Объектни топширайлик, шаҳарга тушамиз, айлангани. Хоҳласанг, театрга кирамиз…
Бу таскин-тасалли Қундузни буткул ўртаб юборди.
Комил чироқни ўчириб, ётган жойида сигарета тутатди. Сигарета чўғининг лип-лип шуъласида дала шамоли қорайтирган ҳорғин юзи ғира-шира кўзга чалинарди. У босиб-босиб ичига тортди.
Эр-хотиннинг уйқуси ўчган, бирортасидан садо чиқмас эди.
Қундуз хира ёруғ тушиб турган деразага тикиларкан, опаси Зумрадни эслади. Сўнг туғилиб ўсган ҳовлиси, эрта кўклам томида қизғалдоқлар ловиллайдиган уй хаёлига келди. Опаси ўнинчи синфни битираётган йили бир йигит билан қочиб кетган эди. Онаси уни кўп қарғар, Кундуздан жаҳли чиқса ҳам албатта қўшиб ўтар эди: «Шумоёқ эгачингга ўхшамай ўл! Қирчинингдан қийилгур, ўша шармандага тортяпсанми?!»
У опасининг исноди остида эзилиб ўсди. Мактабни тугатиши билан онаси уни «гумдон қилиш» пайига тушди. Санаторий ошхонасида ишлаб юрганида Қундузни бир ойлик ўқишга юбордилар. Қайтиб келгач, у амакисининг ошнаси Миркамол домланинг ўғлига фотиҳа қилинганини эшитди.
Ораста уй-жой. Окқўнгил қайната, Ройишли қайни…
Тўсатдан онгида алланарса чарақлаб, уни титратиб юборди: ёнида Музаффар ётгандек туюлди… Бу хаёлдан ҳатто ўзи қўрқиб кетди. Кўзларини чирт юмди: яна Музаффар!
Қундуз ваҳимага тушиб, бўғзига йиғи тиқилди. Наҳотки…
Комил беозор пишиллаганча ухлаб ётарди.
Шу одам унинг эри. Бир умр!
Шуурсиз бир тарзда Комилнинг иссиқ юзига бармоқларини тегизди. Эри уйқусираб тамшанди. Ёнбошига ағдарилиб кўзини очди:
— Ҳалиям ухламадингми?
Кундуз унинг уйқули кўзларига тик боқиб:
— Менга қаранг, — деди. Товуши ўта хотиржам, истиғнодан асар ҳам йўқ эди. — Мени… яхши кўрасизми?
Комил англамади:
— А?
— Мени яхши кўрасизми?
Эри елкасидан қучди.
— Гапинг қизиқ. Яхши кўрмасам… уйланармидим?
— Мен-чи?
— Нима сен?
— Мен сизни яхши кўраманми?
Комил довдираб қолди.
— Хотиним бўлгандан кейин… яхши кўрасан-да, — дея ғўлдиради уйқуси ўчиб. Бирдан сергакланиб ўрнидан қўзғалди. Тиззаларини қучоқлаб, хотинига жонсарак тикилди.
— Сенга нима бўлди ўзи? — деб сўради у. — Ростини айтавер… Келинчак деразадан тушаётган ойнинг хира ёруғида эрининг тумтайган лаблари, киртайган кўзларини кўриб, раҳми келди. — Ҳеч нарса… — дея пичирлади у. — Йўқ, «ҳеч нарса»га ўхшамайди! Ё… битта-яримтага…
Қундузнинг юраги шув этди.
— Нега индамайсан? Гапир!
— Нега унақа дейсиз?
— Ҳа? Нимага бунақа ғалатисан бўлмаса?
Комилнинг дикқати ошди. Нима қиларини билмай, яна сигарета тутатди. Саҳархез хўрозлар қичқиргунга қадар чурқ этмай бедор ётдилар. Иккаласи ҳам ўртада нимадир йўқолиб, нимадир пайдо бўлаётганини англагандек эди.

* * *

Эри тонг қоронғисида чой ичмай ишга жўнади. Қундуз боши чўяндек оғирлашиб ўрнидан турди.

* * *

…Хат қисқа эди:
«Қундуз! Тўсатдан жўнаяпман. Совуқ жонимдан ўтиб кетди. Сиз бахтли бўлишингиз керак. Сиз ўзингиз билмаган ҳолда менга қанчалик далда берганингизни билсангиз эди… Фақат раҳмат айта оламан.
Музаффар».
— Манавиниям қолдирди, — деди қоровул чол қора муқовали қалин китобни узатиб.
Қундуз ҳайрон бўлиб чолга қаради.
У бамайлихотир, пиёладан аччиқ кўк чой ҳўплар эди.

1978