Қўқон шамоли қишда қутириб кетади. Томларда, дарахтларда, симёғочларда увиллайди, ўкиради, чийиллайди. Дарахтларни эгади, букади, «қарс-қарс» синдиради. Электр симларини узади, ўт чиқаради. Ҳаммаёққа даҳшат солади. Шивалаб ёғаётган қорни ўз майлига қўймай тўзғитади, олис-олисларга учириб бориб пастқамликларга, зовурларга, бурчак-бурчакларга тиқиб ташлайди…
Аёзли кун ўтади, тиғли тун ўтади, бироқ бу бешафқат шамолнинг адоғи кўринмайди.
Ўшанда ҳам қаҳратон қиш, қорли бўрон эди. Латифжоннинг онаси Жаннат хола бир ҳафтадан бери ана кетди-мана кетди бўлиб ётарди. Латифжон умрида биринчи марта ишга бормади. Сурункасига уч кун бормади. Синглиси Шарифа, хотини Зулайҳо билан бирга онасининг қошида бўлди. Колхоз ҳаётига доир баъзи зарур ишларни телефон ва ҳол сўраб келувчилар орқали битириб турди.
Жаннат хола кечга яқин тилдан қолди. Ўзининг пастак томли суюкли ҳужрасида сандалнинг тўр томонида қизил кўрпа орасида шипга қараб жим ётибди. Териси суягига бориб ёпишган, чакка суяклари бўртиб чиққан. Буришган юзлари, ориқ, кичкина қўллари қонсиз, оппоқ. Чўкиб кетган нурсиз кўзлари болаларига тикилади. Чексиз меҳр билан, тенги йўқ бир қизғаниш ҳисси билан тикилади. Гўё Парвардигор булардан холани эмас, холадан буларни тортиб олаётгандай…
Жаннат хола эрталаб туппа-тузук эди. Дастлаб чорак пиёла сут ичди. Холанинг жондан азиз саккизта китоби бор эди. Варақлари сарғайиб, жилдлари қайта-қайта таъмир қилинган китоблар. Ҳаммасини бир-бир ўпиб, пешонасига босди. Сўнгра Шарифа унинг буйруғи билан китобларни оқ, одми рўмолга тугди. Латифжон шоти келтирди. Тугунни шифтга — кампирнинг қоқ пешонасига осишди.
— Раҳмат, болаларим, раҳмат, — деди хола. — Умрларинг узоқ бўлсин. Кейин хола Бедилнинг бир байтини едцан ўқиди. Навоийнинг «абадул-абад» эканлиги ҳақида гапирди. Сўнг зукко афанди ва нодон подшо ҳақида латифа айтиб, ҳаммани кулдирди. Магнитофондан Муножот Йўлчиеванинг лентасини қўйдириб эшитди. Муножотни суйди, алқади. Тушга яқин тарвуз сўради.
— Аттанг, тугаган эди-ю, — деди Шарифа кўрқа-писа.
— Топамиз, топамиз, бувижон, — хитоб қилди Зулайҳо ва эрига қаради.
— Ҳа, тугаган экан, нега олдинроқ айтмайсизлар шуни, — жеркиди Латифжон ва ташқарига отилди. — Ҳозир…
— Қўяқол, болам, — зорланди бемор. — Шу заҳар аёзда…
Латифжон йўқ бўлиб кетди ва бир ярим соатларда иккита кўм-кўк тарвуз қўлтиқлаб кирди.
— Мана, бувижон, — деди ва этигининг қўнжидан пичоқ олиб, тарвузлардан бирини шартта иккига бўлди. Қондай қизил гўштини палахса-палахса қилиб ташлади. Кейин майин жилмайди. — Қумга кўмишган экан, азаматлар, ёздагидай турибди.
Зулайҳо тарвуз этидан майдалаб, кампирнинг тишсиз оғзига солиб турди.
— Энди бас, — деди хола бир оздан сўнг. — Баракалла, болаларим. Қолганини ўзларинг енглар, нариги уйга опкириб, болаларинг билан енглар.
Аёллар, «Раҳмат», «Раҳмат, сизнинг еганингиз — бизнинг еганимиз», деб тек ўтиришаверди. Бунга кампирнинг жаҳли чиққан бўлди.
— Гапим ўтмайдиган бўлиб қолибди-да, — деди.
Аёллар, «Кечирасиз, бувижон», дея ўринларидан турдилар ва бир палладан тарвузни кўтариб, хонадан чиқдилар. Латифжон эшикни зич ёпди-да, онасининг ёнига келиб ўтирди. «Амрингизга мунтазирман», дегандай унинг оғзига тикилди.
— Фурсат борида гапириб олай, болам, — деди хола узоқ ўйланиб ётгандан кейин.
— Э, унақа деманг, — чўчиб тушди Латифжон. — Соғайиб отдай бўлиб кетасиз. Ҳали сизни Кавказга олиб бораман деб юрибману.
Бу тасалли Жаннат холага ёқмади.
— Билиб туриб ёлғон гапирмагин-да унақа, — деди. — Ёлғончилик ёмон нарса. Кампир тез-тез киприк қоқиб, жим қолди. Сўнг:
— Ёшимни яшадим, ошимни ошадим, — деди заиф бир товушда. — Мана етмиш еттига кирдим. Отанг ҳаёт бўлганда икки кам саксонга борарди. Уруш еди раҳматликнинг бошини.
— Худди шундай, бувижон, — паст товушда хитоб қилди ўғли. Хола пича дам олгач:
— «Эл-юртни яшнатаман деган одам, аввало, ўзи яшнайди», деган экан бир донишманд, — деди. — Мана, сен ҳам яшнаб, яшнатиб юрибсан. Бундан кейин ҳам яшнагин, илойим.
Латифжон қуллуқ қилди.
— Хўп, бувижон, хўп.
— Кейин синглинг билан хотинингни эъзоз қилгин. Аломат жувонлар, жаҳонга бергисиз жувонлар.
— Хўп, бувижон, ҳамма айтганларингизни қиламан.
Кампир жимиб қолди. Унинг икки кўзидан икки дона ёш ялтиради.
— Қирқ олти йиллик қадрдоним эдинг, — деди она овози қалтираб. — Қирқ олти йил ҳидладим сени. Лекин… тўймадим, сира-сира тўймадим…
Латифжоннинг томоғига бир нима тикилгандай бўлди.
— Бувижон… — деди қақшаб ва кампирга ташланди, юзларидан, пешонасидан «чўлп-чўлп» ўпди.
Ҳалигина бўлиб ўтган эди бу суҳбат. Шундай бир яхши гаплашиб ўтирган одам тўсатдан тилдан ажраб ўтирса-я.
Ярим кечадан ўтди ҳамки, шамол қаҳридан тушмайди. Оч бўридай увиллайди, эринмай қор тўзғитади. Кампир қизил кўрпа орасида кичкина бўлиб, гўё шу шамолдан бошқа ҳеч қандай воқеа рўй бермаётгандай осойишта ётибди… Бошида Шарифа, ўнг томонида Латифжон, чап томонида Зулайҳо, учовининг ҳам кўнгли вайрон. Шарифа билан Зулайҳо овоз чиқармай куюниб йиғлаяпти. Дам-бадам елкалари тикув машинасининг «боши»даги сакрагичдай «дик-дик» қилиб қолади. Латифжон жим, дам онасига, дам узлуксиз чайқалиб турган лампочкага қарайди. Чаккасига омбур солинган одамдай бетоқатланади, панжаларини қисиб эзади, қайиради… Бир пайт ташқарида нимадир тарақлагандай бўлди. Латифжон сергакланди. Нима экан? Нариги уйда болалар ётган эди, ўшалармикан?
Латифжон ҳовлига чиқди. Тарақлаган дарвоза экан. Ана, яна тарақлади. Латифжон ўрнидан туриб, эшикка чиқди. Билқилдоқ қор уюмларини кечиб, дарвоза томон борди. Дарвозахонанинг чироғини ёқди.
— Ким? — деди бақириб.
— Мен, мен, Хурсандман, — ғулдироқ овоз келди кўчадан. — Бемаҳалда сайёқ юрган Хурсанд жиннингман.
Хурсандали пастроқ товушда кимгадир, «Ундай бўлса, майли, раҳмат, катта раҳмат», деди. Енгил машина жўнаб кетди.
Латифжон дарвозани очди. Ҳакиқатан Хурсандали экан. Шериги ҳам бор. Хурсандали Латифжоннинг қалин дўсти. Сайёр мухбир. Латифжон сингари хушчақчақ йигит. Марғилонлик.
Улар узоқ вақт кўришмаган эдилар, кучоқлаша кетишди. Латифжон ҳайдовчи йигитни тутиб қолмагани учун Хурсандалидан ўпкаланди. Сўнгра дарвозани шамолга қарши зўр бериб итариб ёпди, шарақлатиб қулфлади. Бунгача Хурсандали Қўқон шамоли шаънига маломат гапларни ёғдириб ташлади.
— Бунча ҳам бурунга ўч экан Қўқон шамоли, — деди сўнг. — Бир чақиб тўймайди, икки чақиб тўймайди… Бурунни суғурсанг чиқса экан, рўмолчага ўраб чўнтакка солиб кўйсанг, мана бўлмаса деб!
Латифжон самимий кулиб юборди. Кейин:
— Сеникидақа эллик олтинчи размерли бурун биз томонларда кам-да, — деди ҳамон кулиб. — Ўшанинг учун салмоқдор бурун учраб қолганда, бир бурунхўрлик қилиб олайлик дейди-да.
— Шунақа, — деди Хурсандали кулгидан кейин жиддий. — Ёз бўлса чивин кўз очирмайди. Анови хартумли чақадигани бор-ку, ўша. — Энди ҳамроҳига караб давом этди. — Буларнинг чивинлари кўп «одамохун» бўлади. Гулзор ёки бирор ариқ ёқасида ўтириб қолсангиз, «Қандайсиз ин-и-и-имм!..» деб келаверади бирин-кетин. Бепарво қолдингизми — тамом! «Ҳурматингизни ўрнига қўяди-да», қизил халтачани кўтариб жўнаб қолади хайр-маъзурни насия қилиб. Не чоғли «иззат-икромга сазовор бўлганингизни» кейинроқ, баданингизнинг бирор пункти жизиллаганда биласиз…
Меҳмон билан Латифжон яна кулишади. Хурсандали эса, тишининг оқини ҳам кўрсатмади.
— Э, юринглар-э, ичкарида гаплашайлик, — деди Латифжон уларни дарвозахонанинг шундоқ биқинидаги меҳмонхонасига бошлади. — Жуда совқотиб қолибсизлар-а?
Меҳмонлар телпак ва пальтоларидаги қорларни қоқиб, зинада тепина-тепина ичкарига киришди. Латифжон кундузи қуруқ ходачаларни майдалаб қўйган эди, дарров ўшани келтирди. Ҳол-аҳвол сўраб юриб, печкани ловиллатиб юборди. Печканинг ёнига стол қўйди. Ўтиришди.
— Бай, бай, бай, ўт-а! — Хурсандали кафтларини оловга тоблаб, бир-бирига ишқади. — Бўйларингдан аканг айлангур, ўт-а!
— Кўчада кўп туриб қолдиларингми? — сўради Латифжон.
— Уч зум. Шамолга беткай ўзи дарвозанг. Яна бир зум турганимизда, музлаб ҳайкалдай ағнаб тушармидик. Яхши уйғоқ экансан.
Латифжон кечикиб жавоб қилди:
— Идорадан ҳозир келдим.
— Раислик ҳам қийин-да. Шундай совуқда. Шамолни қара-я, — Хурсандали шеригига бош қимирлатди. — Қўқон шамоли мана шунақа бўлади.
— Ёмон экан, — деб қўйди меҳмон йигит секин.
Хурсандали юрган йўлида латифа тўқиб, латифа айтиб юради. Латифа қаҳрамони кўпинча ўзи бўлади.
— Жуда ёмон, — деди у ва дарров лоф-латифа бошлади. — Бир куни болалар ҳовлида ўйнаб юришарди. Ҳа, у вақтларда Бешариқда турардик. (Бу гапи ғирт ёлғон эди.) Мен сигирларга терт қораётган эдим. Шамол тўсатдан «ғув» этиб қолди. Туриб бориб, уч болани икки қўлтиққа уриб, уйга чопдим. Остонадан ўтаётганимда «тарс-турс» этгандай бўлувди, ташқарига чиқсам, сигир ҳам йўқ, ғунажин ҳам. Шамол арқонларини «шарт-шурт» узиб, учириб кетибди икковини ҳам!
Меҳмон завқ билан кулди. Кулгига Латифжон қўшилди. Хурсандали жиддий, кўрсаткич бармоғи билан таъкидлаб ваҳима қилди.
— Бир ҳафта деганда аранг топдим. Қарангки, осмону фалакда учириб бориб, Хўжақишлоқнинг бақатерагига осиб кетибди, баттол! Борсам, сигирпошшо севимли қизи билан, «Не кунларга қолдик биз-е!» деган ашулани ванг қўйиб, осилиб ётишибди бақатеракнинг устида! Ўт ўчирувчиларга ялиниб юриб, аранг тушириб олибман бечораларни.
Яна кулги кўтарилди. Хурсандали «куюниб» кетди.
— Хе, ўл, бу кунингдан баттар бўл, шамол, дейман! Шу ҳам ишми? Хўп, ана, касбинг сигир учириш экан, қуриб кетганмиди меникидан бошқа сигир?! Мана, ҳаромхўрларникини учир, порахўрларникини учир, чайқовчиларникини учир! Келиб-келиб меникини учирасанми? Қалам учини ялаб, зўрға тирикчилик қилаётган фақир бир газетачиникини учирасанми? Ё бўлмаса ҳамманикини баравар учир — осмон мол бозорига айланиб кетсин!
Хўп кулишди.
— Ҳа, айтмоқчи, сизларни бир-бирларингга таништирмабман-ку, — Хурсандали пешонасига «шақ-шақ» урди. — Калла йўқ-да менда, калла. Бу киши бухоролик дўстимиз бўлади. Исми шарифлари Аминжон Неъматов. Москвада танишганмиз. Қўли гул журналист.
Латифжон қўллари кўксида, лабида табассум билан, гавдасини олдинга ва орқага ташлаб уч-тўрт бор тебратди.
— Жуда яхши, жуда соз. Баҳонада яна бир дўстнинг соҳиби бўлиб олдик.
Меҳмон ҳафсала билан таралган бўлиқ, қоп-кора сочини силаб, «Раҳмат, раҳмат», деб кўйди.
Латифжон жилмайиб ўтирарди-ю, фикри-зикри ичкарида эди. Ров кириб чиқмоқчи бўлиб ўрнидан турди.
— Мен ҳозир…
— Нима «ҳозир»? — Хурсандали унинг елкасидан босиб ўтқазиб қўйди. Хурсандалининг дурустгина кайфи бор эди. Бундай пайтларда айтганини қилдирмагунча қўймасди. Буни Латифжон яхши биларди. Шу туфайли ортиқча тирқишлик қилмади. — Олдин таништириш маросими тугасин, кейин кирарсан дастурхонга. Хў-ўш… Аминжон бир иш билан келиб қолди. Буёқларда биринчи марта бўлиши экан. Ҳамзаободни, Сўхни томоша қилдирдим. Риштонни кўрсатдим. Олтиарикда яхшигина ўтирган эдик, бирдан сен эсимга тушиб қолдинг. Туман каттатари кўп қаршилик қилишди. «Йўқ» деб туриб олдим. «Латифжоннинг ишқи тушдими — тамом», дедим. Машина тўғрилаб беришди, мана, келдик. Бир томони шамолга ризқимиз тортиб турган экан. Эртага Қўқонни кўрсатамиз. Худоёрхоннинг ўрдаси, адабиёт музейи, Муқимий, Фурқат музейлари — ҳеч қайсиси қолмайди. Машина «гум»дир?
— Ҳа, «гум».
— Бирга борамиз-а?
Латифжон ҳаяллаб жавоб берди:
— Майли, бораверамиз.
— Маладес-с. Хўроз йигит менинг дўстим. — Хурсандали Латифжонни «чўлп» этказиб ўпиб олди. Сўнг ўз пешонасига яна шапалоқ туширди. — Ҳақиқатан ҳам калла йўқ менда. Шишага яқинроқ юрамиз-да, ўша чирмовиқ қуритиб туради хотирани. Ҳали нима деётган эдим? Ҳа, таништириш маросими кетаётган эди. Бу — қадрдон дўстим Латифжон бўлади. Ҳақиқий латиф йигит. Шу колхозга раис, ўн тўққиз йилдан буён раис! Ўзи Меҳнат Қаҳрамони, орден-медаллардан бир чойшабча бор. Унинг бувиси менинг ҳам бувим. «Бувижон», дейман уни. Айтмоқчи, бувижоним қандай? Кириб кўрмабман-а, дарров. Э, хомкалла. Аввал ўша кишини зиёрат қилиш керак эди-ку. Юринглар, кўриб чиқайлик.
Хурсандали ўрнидан турди. Латифжоннинг ранги оқариб кетди. Оташкуракни олиб «туппа-тузук» ёниб турган оловни тузатишга беҳуда уриниб, узоқ жим қолди. Нима қилиш керак? Бу таклифга кўнсинми? Кўнган тақдирда… Йўқ, бўлмайди. Йўқса, ҳақиқий аҳволни айтиб қўяқолсинми? Йўқ, йўқ. Шундай дилбар, шундай яйраб-яшнаб ўтирган йигитларнинг кўнглини вайрон қилмайди. Қаҳқаҳа тўлган меҳмонхонани азахонага айлантирмайди…
Латифжоннинг ҳолатини кўриб, Хурсандали ташвишга тушиб қолди.
— Ҳа, рангинг ўчиб кетди? — деди. — Тинчликми? Астағфирилло, — Латифжон печканинг эшигини ёпиб, Хурсандалига астойдил тикилди. — Бувим Хонободга, Шарифаникига кетган. Борамиз десанг, машина чақираман, борамиз…
— Э, шундай демайсанми. Мен… Ҳа, майли, ундай бўлса, эртага, Қўқонга кетатуриб тушиб ўтармиз.
Хурсандали кампирдан кўнгли тинчиб, яна гапга тушиб кетди.
— Ажойиб буви, — деди Аминжонга қараб. — Байт ҳам битади. Анча шеъри туман газетасида босилган ҳам. Дўппи тикишда унга тенг келадигани йўқ. Бир куни келсам, менга атаб дўппи тикиб кўйибди. Ловиллайди. Қарасам, иккита қачампирнусха гули устида арабча ёзуви бор. Нозик пушти ипак билан тикиб ёзибди. Нима дебди денг? «Хурсанд отамга, ширин бўтамга», дебди. Қойил колдим.
Хурсандали завқ-шавқ билан гапиряпти. Латифжон Аминжон сингари «Ҳм, о-о», деб ўтирибди-ю, ич-ичи қақшаб кетаяпти. Юрагининг қаъридан дард сизиб чиқиб, икки марта хуруж қилди. Икки марта томоғида тутиб қолди. Меҳмонларнинг пайқаб қолишидан қўрқиб, печканинг эшигини очди, гуриллаб ёнаётган оловни зўр бериб пуфлай кетди. Сўнг ўзини ўнглаб олди-да, кескин ҳаракат билан ўрнидан турди.
— Хўш, нима дейсизлар, ош қилдирайми, шавла? — деди. Хурсандали беш панжаси билан ўзини «сўйди».
— Мана шундай, — деди. — Ҳеч нарса керак эмас. Фақат «Она юраги» керак. Шуни айтиб берсанг бас. — Хурсандали меҳмонга боқди. — Арман шоири Исаакяннинг «Она юраги» шеърини эшитганмисиз? Бу шеърни Латифжондан эшитинг-қўйинг. Водийда йўқ бунақа ширин айтадигани.
Латифжоннинг юраги «шув» этиб кетди. У бу шеърни чиндан ҳам жуда ўрнига қўйиб ўқийди. Лекин ҳозир мутлақо ўқий олмайди. Шундай бўлса-да, қўлини кўксига қўйиб:
— Хўп, хўп, бажонидил, — деди зўр бериб илжайиб. — Аммо битта шартим бор: олдин чой дамлаб чиқаман. Томоқни «ёғ»лаб турмасам, шеър яхши чиқмайди,
— Майли, майли, — деди Хурсандали ва Аминжонга гап уқтира кетди. — Ўзи бу болада туғма талант бор. Шода-шода талант. Гўё табиат фазилатлар сандиғини жаранглатиб очган-у, «Ол, Латиф, ол, керагича олавер», деган. Бу ҳам мисқоллаб эмас, этак-этаклаб олаверган, очкўз. Жуссани қаранг, жуссани! Минораи Калондай келади. Шу жусса билан ўйинни шунақа эзадики. Мукаррамхон бўлиб кети-э, дейман. Маҳалланинг тўйида ўйинни ўзи бошлаб беради. — Жуда маддоҳ бўлиб кетдинг-да, — деди Латифжон. — Бас энди.
Бироқ Хурсандали бунга эътибор бермади.
— Ашулани айтинг, ашулани, — деди Аминжонга қараб. — Танбурни йиғлатиб «Сайдинг кўябер, сайёд» ёки «Чўли ироқ»ни олганида Ориф Алимаҳсумов ёқа ушлаб қолади.
Латифжон печкага иккита оғирроқ ўтин ташлаб, ташқарига отилди. Эллик-олмиш метрлик масофани эллик-олтмиш қадам қилиб, қор уюмларини писанд қилмай, ҳовлини иккита учбурчакка тенг бўлиб кесиб ўтди. Оёғини «тап-туп» ерга урди. Юраги орзиқиб, ҳужра эшигини тез, лекин авайлаб очди. Унинг орқасидан шамол ҳам уриб кирди ва ярақлаб турган чироқни олиб бориб шифтга қадади. Латифжон дарров эшикни ёпди.
Кампир анча сўлиб қолибди. Шафқатсиз ўлим тобора яқинлашмоқда эди. Жаннат хола ўғлини кўриб, бошини сал қимирлатиб қўйди. Латифжон ҳеч нарса деёлмади, беихтиёр бошини қимирлатди ва тек туриб қолди.
Шарифа кампирнинг бошида, онасининг оппоқ сочини панжаларида майин тараяпти… Зулайҳо кампирнинг ёнида, қайнонасининг қоқсуяк қўлини чап қўли кафтига қўйиб олиб, ўнг қўли билан аста-секин силаяпти… Иккови ҳам тебраниб, унсиз фарёд чекяпти. Баъзан елкалари «дик-дик» қилиб қолади…
Латифжон онасининг олдига тиз чўкди. Кампирнинг ўнг кўзидан бир томчи ёш сизиб чиқибди-ю, тўхтаб қолибди. Латифжон шошиб рўмолчасини олди-да, энгашиб ёшни авайлаб артди. Латифжон қаддини ростламоқчи эди, онаси ўнг қўлини аста кўтариб, унинг бўйнига ташлади. Чап қўлини кўтара олмади. Зулайҳо солиб қўйди уни эрининг бўйнига. Кампир юзига ўғлининг юзини узоқ босиб ётди.
«Бувижоним, — кўнглидан ўтказди Латифжон. — Мени кечиринг. Яхши эъзозлай олмадим… Эҳ, онам, ғанимат онам».
Латифжон «Она юраги» шеъридаги бир бемаъни қизнинг муҳаббатига сазовор бўламан деб, ўз онасининг кўксига ханжар санчган ва юрагини суғириб олган йигитга лаънатлар ўқиди. Юракнинг йиқилган ўғилга айтган сўзларини дилида такрорлади: «Жоним, болам, ёмон йиқилмадингми, соғми ўт-бўтинг?»
Латифжоннинг кўзларидан ёш қуюлди. Елкалари «дик-дик» сакради. Ниҳоят, кампир қўлларини туширди. Латифжон бошини кўтариб ўтирди. Она-бола бир-бирига сўзсиз тикилиб қолишди. Кампирнинг юпқа, куруқ лаблари хиёл қимирлади, лекин оғзидан ҳеч қандай товуш чиқмади. Латифжон оғир қўзғалди. Чойнакка термосдан чой қуйди.
— Ҳозир келаман, — деди хаста товушда. Жаннат хола «майли» дегандай билинар-билинмас бош қимирлатди. Латифжон ташқарига чиқиб, қор билан юзини ювди. Артди.
Латифжон кирганда, меҳмонлар грампластинкадан аския эшитишиб, шарақлаб кулиб ўтиришарди. Латифжон ора-сира кулгига қўшилиб чой қуйди. Хайрият, аскияга овуниб, «Она юраги»ни унутишибди. Шеърни қайта тилга олишмади. Аския тугагач, Хурсандали ана шу аскиячиларнинг қайсиниси қаерлик эканини, уларнинг кимларни мот қилганликларини гапиришга тушиб кетди. Латифжон меҳмонларга жой қилди. Сўнгра:
— Сизлар бемапол гаплашиб ўтиринглар, — деди меҳмонларга. — Мен ўтин-пўтин тайёрлаб қўяйин. Башарти, дам олиш истаги туғилса, ана жой, марҳамат қилиб ёнбошлайверасизлар.
Меҳмонлар эрталаб уйғониб қарашса, қор тинибди-ю, шамол ҳануз қаҳридан тушмабди. Улар чойдан сўнг Қўқонга отланишди. Дарвозахонада «Волга» машинаси мунтазир эди. Латифжон ҳайдовчи йигитни меҳмонларга таништирди.
— Мана, Одилжон, — деди, — кечгача хизматларингда бўлади. Хурсандали кўзларини катта очди.
— Ҳа, ўзинг бормайсанми? — деди ниқтаб.
Латифжон сариқ этиги билан қорни аста текислаган ҳолда бир лаҳза сукут қилди. Сўнг қўлини кўксига қўйди.
— Кечирасизлар, — деди меҳмонларга гуноҳкорона боқиб, — боролмайдиган бўлиб қолдим. Кичкина узрли иш чиқиб қолди.
— Нима экан у «кичкина узрли иш»? — жеркиб сўради Хурсандали. Латифжон кўзларини уқалаб, анча жим қолди. Кейин:
— Шу, шу… волидамиз… ҳалигидай бандаликни қилдилар янгатда, — деди секин. — Омонатини топширди.
Хурсандали кўз ва оғзини катта очиб, тахта бўлиб қотиб қолди. Латифжон қалқиб чиққан кўз-ёшларини яшириш учун юзини четга бурди.
— Нега? Нега? — овози борича қичқирди Хурсандали ва саволига жавоб ҳам кутмай, ҳайқириб Латифжонга ташланди. Кучоқлаб юз-кўзларидан ўпаверди, ўпаверди… Икки жуфт азамат елка тинимсиз силкинаверди, силкинаверди…
Шамол эса ҳануз дарғазаб: қор уюмларини беармон тўзғитади, дарахт шохларини хивич қилиб олиб, шифер ва тунука томларни аёвсиз савалайди, савалайди…