Яхши ёзувчилар яхши ўқувчи ҳам бўлади. Улар нимани қачон ўқишни билади. Буюк ёзувчи Лев Толстой ҳам худди шундай хислат эгаси бўлган.
Лондонда чиқадиган “Pall Mall Budget” журналида 1891 йили британиялик олим Жон Лаббокнинг “100 буюк китоб” сарлавҳали мақоласи босилади. Бундан илҳомланган россиялик ноширлар – Маракуев ва Ледерле ҳам ўз ўқувчилари учун шу сингари мақола тайёрлашни ният қилади. Уларнинг режасига кўра, бундай тавсияларнинг муаллифлари Россиянинг атоқли кишилари бўлиши керак эди. Михаил Ледерленинг ўзи ҳам қалам тебратар, болалар ёзувчиси эди. Петербургда нашриёт ва китоб дўкони очганди. Ноширлар биринчи бўлиб Лев Толстойга мурожаат қилади. Бироқ таклиф адибга маъқул тушмайди. У инглиз журналида чиққан мақола ҳақида гапириб: “Бу рўйхат ҳеч нарсага ярамайди. Биринчидан, унда фақат муаллифлар кўрсатилган, қайси бири маҳсулдор экани айтилмаган, даражаси ҳам тенг эмас. Иккинчидан, танланаётган китоблар шахснинг ёши, маълумоти, феъл-атворига қараб энг яхши бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин. Умуман, бу масалада жиддий бош қотириб, бир хулосага келдим: 100 та энг яхши китобни қатъий белгилашнинг иложи йўқ”, дейди.
Толстой ноширларнинг илтимосини бошқача усулда бажаради. Ўзига ва ижодига таъсир қилган китоблар рўйхатини тузади. Ҳаётини бешта шартли босқичга бўлиб, ўша пайтда ўқиган энг яхши китобларини ёзиб чиқади. Китобларнинг таъсир даражасини ҳам кўрсатади: улкан, жуда катта ва катта. Бироқ адиб ёдига келган китобларнигина рўйхатга киритганини, яна бошқалари эсига тушиб қолса, уларни ҳам қўшишини таъкидлайди. Аммо тўлиқ нусха йўқолган, ана шу биринчи қўлёзмагина сақланган, холос. Қуйида ушбу рўйхат қисқартирилган ҳолда бериляпти:
Болалик даври – ўн тўрт ёшгача ва шу атрофда
– “Минг бир кеча” эртаклари: “Қирқ қароқчи”, “Шаҳзода Қамаруззамон” – катта.
– Погорельский. “Қора хўроз” – катта. Ушбу асар рус тилида ёзилган илк муаллифлик эртагидир. Ёзувчи уни тарбияланувчиси – бўлажак адиб Алексей Толстой учун қоғозга туширган.
– Рус халқ достонлари: “Добриня Никитич”, “Иля Муромец”, “Алёша Попович”, халқ эртаклари – катта.
– Пушкиннинг шеърлари: “Наполеон” – катта.
14 ёшдан 20 ёшгача
– Stern. “Sentimental Journey” (Лоренс Стерн. “Франция ва Италия бўйлаб ҳассос саёҳат”) – катта.
– Rousseau. “Confession”, “Emile” – улкан; “Nouvelle Héloïse” – катта. Француз файласуфи, ёзувчиси ва мутафаккири Жан-Жак Руссо (1712–1778)нинг “Иқрорнома”, “Эмил” ва “Янги Элоиза” асарлари.
– Пушкин. “Евгений Онегин” – катта.
– Шиллер. “Қароқчилар” – катта.
– Гогол. “Шинел”, “Иван Иванович, Иван Никифорович”, “Невский шоҳкўчаси” – катта. “Вий” – катта. “Ўлик жонлар” – катта.
– Тургенев. “Овчининг қайдлари” – катта.
– Диккенс. “Давид Коперфильд” – катта.
– Лермонтов. “Замонамиз қаҳрамони”, “Тамань” – катта.
– Прескотт. “Мексиканинг забт этилиши” – катта.
20 ёшдан 35 ёшгача
– Гёте. “Герман ва Доротея” – катта.
– Виктор Ҳюго. “Notre Dame de Paris” (“Париж ибодатхонаси”) – катта.
– Тютчевнинг шеърлари – катта.
– Алексей Кольцовнинг шеърлари – катта.
– “Одиссея” ва “Илиада” (русчага таржимаси) – катта.
– Фетнинг шеърлари – катта.
– Афлотун. “Федон” ва “Зиёфат” (В. Кузен юнончадан французчага ўгирган нусхаси) – катта.
35 ёшдан 50 ёшгача
– “Илиада” ва “Одиссея” (юнон тилида) – катта.
– Халқ достонлари – катта.
– Виктор Ҳюго. “Misérables” (“Хўрланганлар”) – катта.
– Mrs Wood. Романлар – катта. Миссис Ҳенри Вуд ёки Эллен Вуд (1814–1887) – инглиз адибаси. Бир қатор детектив асарлар, романлар муаллифи.
– George Elliot. Романлар – катта.
– Жорж Элиот (1819–1880) – инглиз адибаси. Толстой унинг “Кескин Феликс Ҳолт” романини юқори баҳолаган.
50 ёшдан 63 ёшгача
– Henry George. “Progress and Poverty” (“Тараққиёт ва қашшоқлик”) – катта. Ҳенри Жорж (1839–1897) – инглиз сиёсатчиси ва иқтисодчиси.
– Pascal. “Pensées” (“Фикрлар”) – катта. Блез Паскал (1623–1662) – француз математиги, физиги, адабиётчиси ва файласуфи. Француз адабиётининг мумтоз вакили, математик таҳлил ва эҳтимоллар назариясининг асосчиларидан бири, гидростатиканинг асосий қонуни муаллифи.
– Эпиктет асарлари – катта. Эпиктет (50-138) – қадимги юнон файласуфи.
– Конфуций ва Менций асарлари – катта. Конфуций (милоддан олдинги 551–479) ва Менций (милоддан олдинги 372-289) – қадимги хитой файласуфлари.
– Лао Цзи асарлари Julien таржимасида – катта. Хитой файласуфи Лао Цзининг “Дао де цзин” (ёки “Тао те кинг”) китобининг француз тилига таржимаси назарда тутиляпти. Уни атоқли француз шарқшуноси Станислас Жулиен (1797–1873) ўгирган.
Ориф Толиб тайёрлади.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 6-сон