— Э, бўлди-да, ота, одамни номусларга ўлдирдингиз-ку! Шу ердан кўчиб кетсам қутуламанми сиздан?!
Дадаматов ахийри шундай деди. Саноқул бобо мажбур қилди. Дадаматов жаҳл устида шундай деди-ю, энди пушаймон бўлиб ўтирибди. Пушаймон бўлгани сари эса баттар аччиғи чиқмоқда.
Аслида, нега шунчалик тутаққанига ўзи ҳам хайрон.
Саноқул бобо унн урмаган бўлса, сўкмаган бўлса, туҳмат-маломат қилмаса, ундан бир таъма тиламаса… Айби — канда қилмай ҳар куни салом берганию дуои жонини қилиб турганими?
Наинки шунинг учун киши бировдан ранжиса?Айниқса, Дадаматовдек зуваласи лойдан эмас, мумдан ясалган мулойим бир одам, шунинг учун бировни ранжитса? У наҳот шу умидда юртига кўчиб келган бўлса?
Ақл бовар қилмайди. Менинг, масалан, бунга сираям ишонгим келмайди. Чунки Бегмат Дадаматовни беш қўлдай яхши биламан. Билганим учун ҳам шу гапларни ёзиб ўтирибман. Келинг, унинг кимлиги ҳақида сизга ҳам анча гапириб берай.
Хўш, Дадаматов Бегмат Эрматович, урушдан аввал, ўттиз олтинчи йили бизнинг қишлоғимизда туғилган. Ҳамма қатори ўқиб, ҳамма қатори машаққату дард-аламлар тортиб, кон техникуми, кейин шу соҳанинг институтини тугатиб, қишлоғимизга қайтиб келмади — Шарғунга, кўмир конига ишга кетди. Кишлоққа кам келарди, аҳён-аҳёнда — Май байрами ёки Янги йил арафаларида тили бизнинг лаҳжаларга ўхшамайдиган, кўзлари катта-катта, чиройли хотини билан паст-баланд кўчаларимизда пайдо бўлиб қоларди. Бегмат Дадаматов маржон шодасидек тиғиз қишлоғимиздан узилиб кетган биринчи дона эди, шу боисмикан, кўпчиликнинг назарида алланечук ғалати, жуда оқпадар бўлмаса ҳамки, ҳар қалай, дарбадар бир кимса бўлиб кўринарди.
Бегмат Дадаматов, табиийки, бу гаплардан бехабар, шунинг учун ҳам парвойи фалак юрар эди. Кейин-кейин, у кекса отасию қари онасини кўргани келаркан, хотини билан бирга бежирим кийимлар кийган ўғил-қизларини ҳам эргаштириб келадиган бўлди. Болаларининг тилиям бизнинг лаҳжаларга ўхшамас, бинобарин, бегона эди.
У биринчи марта қишлоққа сутранг «Волга»да кириб келганида, ҳар турли миш-мишлар тарқади. Бировлар: «Кўтарилиб кетибди, машина олиб юраркан», деди, бировлар эса: «Эрмат сариқнинг ўғли кўмир эмас, пул конида ишларкан», деди. Кимлардир суюнди, кимлардир куйди.
Бир куни Дадаматов, қайсидир байрамда, чол-кампирни зиёрат қилгани келиб, отасини касал ҳолда кўрди, онаси бошида сув томизиб ўтирарди. Ўртада қандай гап-сўз ўтгани бизга номаълум, аммо бир ҳафтадан сўнг Дадаматов қишлоққа кўчиб келди. Энди «Волга»си йўқ эди. Яна миш-миш тарқади: «У ишдан ҳайдалиб кетибди», «Бало экан, ҳовли-жойнинг умидида… ҳаҳ, моли дунё ўлсин ширин бўлмай… »
Тешик қулоқ, Бегмат Дадаматов, табиийки, бу гаплардан энди хабар топмай қолмади, лекин барибир парвойи фалак юраверди. Ҳатто беписанд кулиб қўйганини ҳам биров кўрмади. Хуллас, қишлоқ унга кўникди — ортиқ номини сақич қилмай қўйди.
Дадаматов озроқ муддат чол-кампирнинг каталакдек уйида яшади, кейин, кузга бориб, Даламаҳалладан анчагина бадастир ҳовли-жой сотиб олиб, кўчиб ўтди. Раён марказига — электр идорасига ишга кирди. Тили бизнинг лаҳжаларга ўхшамайдиган ўғил-қизлари қишлоқ болалари билан бир мактабда ўқий бошлади. Хотини ҳамшира экан, касалхонага жойлашди.
Дард бошқа — ажал бошқа, шифтга боқиб умри ўтган Эрмат бобо кўкламга чиқиб кўрмагандек бўлиб кетди, кутилмаганда отга, беданага меҳр пайдо қилди, тагида булутдек айғир, устида почапўстин, қўйнида бедана, қаерда улоқ, қаерда пойга бўлса, барида ҳозиру нозир. Орада унинг оғзига сув томизиб ўтирган кампири бирданига омонатини топширди. Чол ҳозир саксон учда, қайсарлик билан ҳамон ўзининг ҳовлисида, ўн олтига кирган невараси Шермат билан тирикчилик қилади, аҳён-аҳёнда нега менга кампир топиб бермайсан, деб Бегмат Дадаматовга ғалва қилиб қўяди. У эса бунга жавобан кулади, холос.
Бегмат Дадаматов ҳақидаги гапга шу ўринда нуқта қўйсак ҳам бўларди, лекин Саноқул бобо… Дарвоқе, Саноқул бобо! Агар Саноқул бобо бўлмаганида, ҳикоямизнинг ҳам ҳеч бир ҳикоялик ери қолмасди.
Саноқул бобо, Бегмат Дадаматовнинг ҳаётида ҳам, худди шу ҳикоядагидек, мутлақо тўсатдан пайдо бўлди.
Саноқул бобони мен ҳам танирдим. Кутубхонадан китоб олгани борганимда кўрардим. Кўча бошидаги харсанг тошда, ҳассасини иягига тираб, кўзларини чала юмиб, носнинг кайфини сурганча офтобшувоқда мудраб ўтирарди. Салом берсангиз, хафа бўларди, кайф қочса керак-да.
Дадаматовнинг олган ҳовлиси кутубхонанинг орқасида, шундоққина сой бўйида эди ва аччиғичакдай тор бир кўчадан юриб, Саноқул бобонинг қўҳна ёғоч дарвозаси олдидан ўтиб, асфалт йўлга чиқиларди.
Ҳамма машмаша Дадаматов кўчиб келганининг иккинчи ҳафтасидан бошланди
Сешанба куни эрталаб шошиб ишга бораётса, нимдош кўк яктак кийган, чувак юзли, пишшиқ бир чол тавозе билан салом берди:
— Э, ассалому алайкум, тўрам!
Дадаматов гангиб тўхтади, гарчи атрофда ўзи ва рўпарасидаги чолдан бўлак кимса бўлмаса-да, ёнверига аланглади, сўнг ҳайронлик билан, музтар ва хоксор қўл қовуштириб турган қария томон юрди, сўрашгани қўл чўзди:
— Ассалому алайкум, ота.
Шунда чол ёшига ярашмаган абжирлик ила чаққон югуриб келди, унинг кафтини қўшқўллаб кафтига олди, кўзига суртгудек бир алфозда товуши товлашиб деди:
— Бардам-бақувват юрибсизми, тўрам тани-жонингиз соғми?
Дадаматов баттар довдиради, сўнг юзи ёришиб жилмайди:«Қарилик-да!»
— Мени биров билан адаштиряпсиз-а ота, — деди Ҳушҳол кулимсираб.
Чол ундан баттар таажубланди:
— Э, нега адаштирай, тўрам? Шукр, ҳали эс-ҳушдан айиргани йўқ. Яратган эгам ўзи адашгулик қилмаса адашмайман, тўрам. Ҳа, ҳовлилар муборак бўлсин энди? Кўп суюндим, тўрам, кўп суюндим. Илоҳи омин, яхши тўйларга буюрсин, туп қўйиб палак ёзинг!
— Раҳмат, — деди Дадаматов, — раҳмат, айтганингиз келсин.
— Муни қаранг, тўрам, фалакнинг гардиши деб шуни айтаркан-да, бўлмаса ким ўйлабди сизнинг бизга қўшни бўлиб қолишингизни? Шукр, минг шукр, яратганнинг инояти буям бўлса!
Дадаматовнинг вақти бениҳоя зиқ эди.
— Ҳай, ота, — деди узр сўраб, — майли, омонлик бўлсин.
— Э, тўрам, қани бир пиёла чойимиз бор-а? Эрталабки насиба-я, тўрам?
— Бошқа сафар, — деб Дадаматов гапни қисқа қилди.
«Отамнинг ошналаридан, — дея ишонч билан ўйлади йўлда бораётиб, — лекин нега бунча «тўра»лайди — ҳайронман… »
Кечқурун ишдан қайтиб таажжуби баттар ортди: кимдир бир тоғора сомса ташлаб кетибди.
— Ким берди? — деб кундузи уйда қолган саккиз яшар қизчасидан сўраган эди, у:
— Бир чол, оти… оти Саноқул бобо, — деди. Ҳайронлик билан сомса ейилиб кетди. Эртасига яна одатдагидек ишга бораётган эди, худди кечаги муюлишда ўша чолга дуч келди. Дадаматовга, у кечадан бери жойидан жилмагандек туюлди. У харчанд олдин салом беришга ўзини чоғласа-да, барибир улгуролмади — чол эпчиллик қилиб қолди:
— Э, ассалому алайкум, тўрам! Қалай, бардам-бақувватгина? Уй ичилар, бола-чақа омонми?
«Тўрасига бало борми?!» — Дадаматовнинг бирдан энсаси қотди, бироқ чолнинг юз-кўзида ҳеч қандай ҳазил-мазах ифодасиии кўрмади.
— Раҳмат, — деду у қуруққина қилиб ва шу заҳоти: «Э, сомсани шу юборган бўлмасин тағин?» — деган фикр хаёлидан ўтди.
— Кани, тўрам, ўтсинлар, ўтсинлар! — чол икки букилиб, қўл қовуштирганча унга йўл бўшатиб турарди.
— Менга қаранг, ота, — деди Дадаматов, — нега мени «тўра» дейсиз, мен тушунмадим. Умуман, сал ғалати бўляпти, мени отим Бегмат, отимни айтиб чақираверинг.
Чолнинг нурсиз, чайир кўзлари ваҳимага тўлди:
— Йўғ-э! Йўғ-э! — деб шивирлагандек бир овоз чиқарди у. — Худо сақласин, нега отингизни айтар эканман, айб бўлади, тўрам. Қани, ўтсинлар, ўтаверсинлар, баҳузур.
Дадаматов бўғилиб кетди:
— «Тўра» деманг, плтимос.
Чол кўзларини пирпиратди:
— Нима дейин?
— Отимни айтинг, қўшни денг, ҳа, ана, ўғлим денг.
— Йўқ, — деди чол, қатъиян бош чайқаб. — Сиз тўрамнинг авлодлари бўлсангиз-у, мен қандай қилиб…
— Қанақа тўранинг? — деб сўради Дадаматов қичқиргудек бўлиб.
— Дадамат қозининг-да, — деди чол ва унинг бу қадар нодонлигига ачингандек, бош тебратиб қўйди. — Раҳматли бувангиз менинг тўрам эдилар, мен у кишининг эшикларида қарол эдим, ёйилмада молларини боқардим, жувоз ҳам ҳайдаганман, мола ҳам босганман. Мени жойи жаннатда бўлгур қози бувам одам қилганлар. «Э, Саноқул, — дер эдилар раҳматли, — дунёда одам кўп, лекин одамийси кам». Ўзлари қандоқ одам эдилар-а. Ҳар оқшом ғуломгардишга ўз қўллари билан гўжами, атала-умочми, худонинг буюрган насибасини кўтариб келар эдилар. Бир марта денг, тахтасойда ерлари бўларди, баҳори буғдой эккан эдик, тизза бўии бўлиб қолганида, мени чақириб айтдиларки…
Дадаматов кўчанинг қоқ ўртасида меровсираб, рўпарасидаги эски кавушдек кўримсиз чолдан кўз узмай анграйиб турарди.
«Ёпирай! Нималар дёйди-я, бу?! Тош асридан қолганми ўзиям, нима бало?!»
— … ҳайитнинг эртаси тўрам билан Норжовтолга, Мирали қозоқнинг овулига бордик. Борсак, тумонат одам, бир тўй бўлган экан, Миралининг укаси улоқда отдан йиқилиб ўлибди, қий-чув, қиёмат…
— Ота, — деди Дадаматов бетоқат, — қачонги гап буларингиз?
Кўзлари қисилиб, завқу шавққа чўмган Саноқул бобо ўйланиб қолди.
— Қачонги дейсизми? Э, кўп бўлгани йўқ ахир, Николай подшо ағдарилган йилимикин, валлоҳу аълам, ундан кейинги йилими… Ишқилиб, мулла Абдураҳим қуллар яшайдиган жой.
Ғуломгардиш — ўзининг кенжа ўғли Қорабозорда отхона босиб ўлган йили эди. Раҳматли Абдукаримнинг мучали ҳўк эди, мана шундай мучал ағдарадиган бўлсак… кечагина бўлган гаплар-да, бари, тўрам.
Дадаматов, гўё уни биров боплаб лақиллатгандек, жаҳли чиқди, аранг ўзини босиб, Саноқул бобо билан хайрлашди.
Индинига яна ўша ҳол такрорланди. Дадаматов бу сафар аччиғланмади-ю, вазминлик билан шундай деди:
— Энди, бизни иззат қилганингиз учун раҳмат ота, лекин бундан кейин мени «тўра» деманг, илтимос. Чунки…
— Ие, нега? — деди Саноқул бобо.
— Чунки, — дея давом этди Дадаматов унинг саволини эшитмагандек, — мен сиз айтаётган қози бобони кўрган ҳам эмасман, у киши биз дунёга келмасданоқ кўкариб чиққан эканлар. Кейин, илгари нима гаплар бўлса бўлгандир, аммо ҳозир унақа «қаролу» «тўра-пўра» деган гаплар қолмаган ота. Шунинг учун бунақа деб, мени хижолатга қўймасангиз. Ахир битта-яримта эшитган қулоққа ҳам хунук. Йўлни ҳам баҳузур кесиб ўтаверинг, ёшингиз улуғ!
— Йўқ-йўқ, — деди Саноқул бобо, — бундай деманг тўрам, айб бўлади, сизнинг мартабангиз улуғ.
Дадаматов қовоғини солди:
— Ота, ҳозиргина келишдик-ку?
— Кўйинг-э, — деди Саноқул бобо бўш келмай. — қози бобонинг арвоҳи-чи, тўрам?!
— Э, жуда «тўра»лагингиз келса, отамга боринг! Зерикиб, нима қиларини билмай ётибди.
Саноқул бобо синиқ кулимсираб, бошини қуйи солди.
— Майли, тўрам.
— Ахир мен партийний бўлсам, катта бир идорада ишласам, сиз эса бундоқ қилиб турсангиз. Гап теккизиб қўясиз ота, менга бунақада.
— Худо сақласин, тўрам, — деди Саноқул бобо чўчинқираб. — Сизга қасд қилганлар паст бўлсин.
— Э, боринг-э! — Дадаматов қаҳрланиб қўл силтади ва шарт бурилиб жўнади. Икки юз қадамлар юриб боргач, бирданига кулиб юборди.
Кечқурун отасидан хабар олгани борди. Отаси айвонда, туллак беданасининг патига сув пуркаб ўтирарди. Бир оз гурунглашгач, у аста сўради:
— Саноқул бобо отангизнинг қароли бўлганми?
— Қайси Саноқул? Сано тентакми? — Отаси беданани кўтариб, чироқ шуъласига солди. — Отамнинг қароли кўп эди. Саноям ишлаган. Тентак у, — дея отаси ичкари уйга қараб қичқирди: — Ҳой Шермат, бормисан, токчадаги халтада тариқ бор, олиб чиқ!
Дадаматов ўрнидан қўзғалди.
Эртасига яна Саноқул бобога дуч келишини ўйлаб, юраги безиллади — рост кўчани қўйиб, паст кўчадан юрди, сой ёқалаб айланиб ўтиб, ишга кеч қолди.
Якшанба куни маҳаллада тўй бўлди. Дадаматов ҳам чиқди. Тўй эгалари қўярда-қўймай уни ичкари уйлардан бирига судрашди, Дадаматов салом бериб кирганида бир уй одам чой ичиб чақчақлашиб ўтирарди, ҳамма унга ўгирилиб қаради. У поябзалини ечиб, пойгакдаги бўш жойга чўкмоқчи эди, туйқус юқоридан:
— Қани, тўрам, бу ёққа, бу ёққа ўтсинлар, — деган чийилдоқ овоз эшитилди.
Дадаматов, юраги шув этиб, тўрига қаради. Саноқул бобо, икки букчайганча, бурчакка қисилиб унга хокисор термулиб турарди.
— Ўтираверинг, — деди у ғижиниб.
— Йўқ, йўқ, тўрам, мен… қандоқ ҳаддим сиғади ахир қўйинг энди, одамни хижолат қилманг, тўрам, одобсизлик бўлади-да, э!
Дадаматов ҳамма томошаталаб бўлиб турганини сезди ва базўр шайтонга ҳай бериб, Саноқул бободан юқори ўтиб ўтирди, у эса пилдираганча келиб унинг жойига чўкди.
Кўпчилик бир-бирига ажабланиб қаради.
Дадаматовга тўй татимади.
Бир куни олти яшар ўғли шундай деб қолди: — «Дада, тўра дегани нима дегани?» «Ҳа, нега сўраяпсан?» «Йўқ, айтинг, яхши гапми, ёмон гапми?» Дадаматовнинг боши қотди. «Саноқул бобонг айтдими? Ҳазиллашган, парво қилма!» «Менам Саноқул бобони тўра десам бўладими?» «Йўқ!» «Нега?» «Бас энди, эзма бўлма», деб дарғазаб жеркиб берди у.
Аслида-ку, энди Саноқул бобога кўникиб, тақдирга тан бериб қўя қолса бўларди, лекин қайсарлик бобида у ҳам Саноқул бободан заррача қолишмасди, яъни уларни ўхшатмасдан учратмаган эди.
Дадаматов ҳаммасидан ҳам кўра, бу ғалати муносабатнинг эл-чорга ошкор бўлишидан қўрқарди. Қўрқиб юргани содир бўлди. Қуруқсой қишлоғидаги подстанция ночор эди, ҳадеб куйиб қолаверарди. Қуруқсой аҳли ҳам исми-жисмига мос халқ экан, тайини суриштирмай, тинимсиз ёзгани ёзган эди. Қўли қичиган экан, майли ёзаверсин, лекин кошки аризадан трансформатор ясаб бўлса! Ахири бўлмади — раён газетаси уриб чиқди. Эргашев деган мухбир, билибми-билмай: «Раён электрлаштириш идораси (бошлиғи ўрт. Дадаматов Б.) токайгача меҳнаткашларнинг ҳақли талабларига тўраларча муносабатда бўлади?!» деб дарғазаб савол қўйди.
Мақола жума куни чиққан эди. Дадаматов таъби хира бўлиб кечқурун уйига қайтаркан, ўтган-кетганнинг бари қўлини бигиз қилиб уни кўрсатаётгандек туюларди. Эчки ўлгиси келса, қассоб билан ўйнашади, деган гап рост. Рост бўлмаса, худди шу пайт Саноқул бобо Дадаматовга кўз оғригидек рўпара келиб қоладими?
— Ассалому алайкум, тўрам…
Дадаматов бирдан портлади:
— Э, бўлди-да, ота, одамни номусларга ўлдирдингиз-ку! Шу ердан кўчиб кетсам, қутуламанми сиздан?!
Саноқул бобо ҳангу манг бўлиб қолди.
Дадаматов шу жаҳл устида бориб ҳовли-жойини текинга бўлсаям сотишга тайёр эди, бахтига, уйда меҳмон бор экан — хотинининг уруғлари келишибди, шулар билан чалғиб ҳовуридан тушди.
У шу бўйи Саноқул бобо билан салом-аликни йиғиштирди. Кўча-кўйда дуч келиб қолгудек бўлса, тескари қараб ўтадиган бўлди. Чол эса, юзида ҳануз ўша хоксор табассум, қўл қовуштириб не гуноҳи борлигини билмай гарангсиб турарди.
Қиш кунларининг бирида Саноқул бобо оламдан ўтди.
Дадаматов эл қатори таъзияда қатнашди. Қабристонга борганда ҳам, қайтаётиб ҳам ўзиии бениҳоя гуноҳкор сезди.
Эртасига Саноқул бобони эсидан чиқарди. Одатдагидек, шошиб ишга жўнади.
Бирор ҳафта чамаси ўтиб, Саноқул бобонинг дарвозаси ёнида чолнинг ўттиз ёшлар ёшарган қиёфасини— куя еган телпак кийган ўғлини кўрди. У қўлига куҳ-куҳлаб, лабидаги папиросини четга улоқтирди-да, Дадаматовнинг истиқболига юрди:
— Ассалому алайкум… — йигит бир оз тараддудланиб, такрорлади. — Ассалому алайкум… тўрам…
Дадаматов сесканиб тушди.
«Э, тавбангдан кетай! Булар ўзи авлоди билан жинни эканми, нима бало?!»
Унинг ранги олинганини сезиб, йигит шоша-пиша гапирди:
— Энди ака, нима қилай, бобомнинг васияти…
— Канақа васият? — деди Дадаматов гангиб. Йигит аламзадалик билан афтини буриштирди.
— Отам касал бўлгандан бери яккаш бир гапни такрорлардиларки, шу Бегмат акангни ҳамманг ҳурмат қиласан, у киши тўрамнинг авлоди, сизлар ҳам шундай деб чақиринглар… Энди, ака, ота рози — худо рози, ахир…
— Э, қўйсангиз-чи! — деди Дадаматов ва шарт бурилиб жўнаркан: «Бу чол ўлса ҳамки қутулмас эканман-да», деб ўйлади аччиқланиб. Кўчанинг бошига етгач, алланарса эсига тушгандек, жадал юриб изига қайтди, Саноқул бобонинг дарвозасини қоқди. Кейин эшик дарвозадан қўлида паншаха ушлаган бояги йигит чиқиб келди:
— Э, келинг, келинг, — деди у ортига чекиниб.
— Менга қаранг, — Дадаматов остона хатлаб ичкари ўтди: — Эндн бир келишиб олсак: майли, отангизнинг васияти ўз йўлига, лекин иккинчи мени бунақа деб шарманда қилманг. Маъқулми? Бобо раҳматлининг шунча азоб берганлари ҳам етар.
— Йўғ-э, нима деяпсиз, ака, сизга азоб бериб…
— Агар бунгаям кўнмасангиз, — дея Дадаматов боя ўйлаб қўйган гапига кўчди — мен чиндан ҳам сизга тўра бўладиган бўлсам, менинг амримни бажарадиган бўлсангиз, бундан буён мени Бегмат ака деб чақиришингизни буюраман. Тушундингиз-а? — У таҳдид билан кўзларини йигитга тикди.
— Э, мен бир нарса деяпманми, ака, ўзим ҳам…
— Бўпти, омонлик! — Дадаматов енгил тортнб, йўлига равона бўлди.
У кечқурун яна шу кўчадан уйига қайтади. Кечгача эса ҳали анча бор.