Уммон вазмин чайқалади. Чексиз масофалар ўз қаърига сир яширган янглиғ узанган: улар бир вақтнинг ўзида ҳам ўз бағрига чорлайди, ҳам ўзидан итаради. Ҳозир эса сув юзасини қалин оқиш туман қоплагани боис қайиқдан туриб қаралганда бурун остинигина кўз илғайди: икки қулоч нарида нима бор, кошки билиб бўлса…
Қайиқ ичи балиқларга лиқ тўлган эса-да, балиқчилар тўрларини яна сувга ташлаган кўйи тек қотишган. Тушиб қолган вазиятларида бошқа нимаям қўлларидан келарди, дейсиз: қиладиган ишлари фақатгина кутиш “Кимни, нимани?”, дейсизми. Қуёшни!.. Қуёш зич туман кўксини чок-чокидан сўкканча уларга йўл кўрсатиши керак. Йўқса, адашиб, туғилиб ўсган юрти бўлмиш оролга душман томондан бориб қолишса, аҳволларига қайиқда потирлаб ётган манави чалажон балиқлар ҳам думларини ликиллатиб кулиб қолишлари ҳеч гапмас. Бир оролнинг икки томонида иккита осмон ва икки хил олам бор эди гўё.
Оқёнус одатда тинч мавжланади. Фақат бу сокинлик баъзан алдамчидир. Қўйнида ўзига яраша таҳликалари бор унинг. Йўқса балиқчилар тусмол қилиб бўлсаям сузиб кетган бўлишарди. Сузишолмайди-да. Чунки юракларини уммон узра танда қўйган қуюқ туман янглиғ мўл-кўл қўрқув эгаллаган. Яна бу қўрқув деганимиз балиқларни тутиш учун сувга ботирилган, қайиқнинг чор атрофини “ишғол қилган” тўрга ҳам жуда менгзаркан. Қўрқувки, бир томондан, адашиб уммоннинг бекарон кенгликларига чиқиб қолиш қайғусига боғланса, бошқа жиҳати, боя айтганимиздек, ёғийнинг қўлига тушиб қолиш хавфига бориб уланади. Уларнинг мўъжазгина Ороллари қайдалиги ёлғиз Яратганга аён. Аммо мана бу қовоғи қалин туман тарқамагунча бир қулоч ҳам силжиб бўлмайди.
Балиқчилар одатдаги ўзаро гангур-гунгурларини ҳам бас қилишган, теран бир асабийлик ҳоким, мулоқотга-да тоблари йўқ. Агар туман ҳали-вери тарқамайдиган бўлса, ҳоллари нима кечади?.. Инчунун, улар ташқаридан ҳар на қадар оғир-босиқ, кўзларини юмган кўйи мудрашаётгандек кўринса-да, аслида, ичларини шиддаткор бир ҳадикнинг тирнаётгани рост гап.
Бир маҳал денг, ҳеч кутилмаганда қалин туманни ёриб нақ тумшуқлари остидан ҳайбат билан аллақандай қоратқи чиқиб кепқолди! Зум ўтмай ғира-шира кўринаётган бу нарса маълум қиёфага кирди: унинг улкан қайиқ эканлиги аёнлашди. Қайиқчилар ўзларини тутиб, бирон тадбир олишга улгурмасларидан икки қайиқ тумшуқма-тумшуқ тўқнашиб кетса бўладими!.. Кучли силтаниш натижасида қайиқ четида ўтирган ёш йигит “шалоб” этиб сувга тушиб кетди. Қолган уч балиқчи эса аранг мувозанатни сақлаб қолдилар. Кутилмаганда саросима бошланди. Чунки илкис келиб қолган қайиқ ёв тарафники эканлиги маълум бўлган эди. Маълум бўлганди-ю, ажаб, шу билан бошқа ҳеч қандай воқеа юз бермади. Ҳеч ким ҳеч кимга қилич кўтармади, найза ўқталмади, камонлардан ҳам ўқ узмадилар. Душман томон кўпчилик бўлса-да, негадир ўзларини дўстона тутди. Ҳатто тушиб кетган балиқчини тортиб олишаркан, халақит бериш у ёқда турсин, мавриди топилса, ёрдам бергулик алпозда хайрихоҳ боқдилар. Сўнг ғалати қизиқиш билан ёвлар бир-бирларини кузата бошлади. Ажабки, ёғий қайиғида иккита қиз ҳам бор бўлиб, улардан бирининг кийими ва бошига қўндириб олган ярашиғлиғ қалпоғининг бежирим тўқасидан ҳаммаси аён: у, ҳойнаҳой, қабила сардорининг қизи. Қиз бениҳоя гўзал эди!
Бошқа пайт бўлганда бундай қиммматли ўлжани қўлга киритиш учун тўртовлон бошларини кундага қўйишга ҳам тайёр бўлиши ҳеч гап эмасди. Аммо ҳозир… улар негадир қилт этишмасди. Афтидан, шу тобда уларнинг бир-бирларидан минг чандон, миллион чандон бошқа хавфли душмани бўлиб, унинг оти — уммон, қуюқ туман ичра беркинган бепоён ва номаълум дунё эди! Оқёнус қаршисида, унинг сирли-гизли қудрати қаршисида қайиқдагиларнинг бир-бирларига бўлган ёвлиги жудаям арзимас ва майда туюларди айни дамда. Буни ҳеч ким ҳатто хаёлига ҳам келтирмагандир балки, бироқ ушбу маъно ҳамманинг ботинида ҳоким бўлган, ўзини сездирган ва балиқчилар шу маъно тўрига асир тушиб қолган эди. Фақат тўртовлон орасидаги ёш ва келишган йигитнинггина кўзлари эҳтимол бошқа маъно билан чарақлар, у қизга тикилганча, эҳтимол, қизнинг гўзаллиги тўрига асир тушганча, атрофни, туманли уммонга банди оламни унутгандек паришон кўринарди…
Аллақанча фурсат ўтганига қарамай, иккала қайиқдаги эшкаклар ҳам ишга солинмади. Келиб урилган қайиқ ўзининг сезилар-сезилмас ҳаракати билан секин, жудаям секин сурилганча йигитнинг қайиғидан узоқлашди. Бунга яна билинар-билинмас “нафас олиб ётган” уммон ҳам ёрдам бериб юборди, шекилли. Аммо йигит билан қиз бир-бирларидан кўз узишмасди. Шу қисқа фурсат мобайнида улар дунёнинг ҳамма тилларида гаплашиб улгуришди, десам, балки сиз ишонмассиз, аммо бошқа томондан, сизнинг ақлингиз бовар қилмайдиган ҳамма нарса бекор гап дегани эмаслигига мен иймон келтираман. Шу ғайритабиий ишончга таяниб яна айтаманки, йигит ва қиз чақмоқ умричалик фурсат қўйнида бир-бирларини ёқтириб улгуришди, кейин… кейин бунинг хомхаёл эканлигини алам билан кўнгилларидан ўтказишди. Ахир, дунё бутунлай тескарисига айланиб кетмаса, бу икки ёшнинг қабила бошлиқларининг ўғли ва қизининг қачонлардир бирга бўлишлари ҳақида ўйлаш мутлақо мумкин эмас. Ахир, улар икки юзкўрмас ёвнинг фарзандлари, қабилалар ўртасидаги адоват эса минг йиллардан буён давом этиб келаётган бўлса, айтинг, яна нималарга умид боғлаш мумкин?!..
Шу тарзда хаёлдай чайқалган уммон аро ёв қайиғи балиқчилардан олислаб, туманлар ичра тамоман кўздан йўқолди.
Шундан сўнг тўртовлон ўзларини анчагина хотиржам тутди. Фақат сувдан тортиб олинган, ёш йигит томчилаётган чаккасидан уммоннинг шўр сувлари туманрангли хаёлларини яна худди шундай туманзорнинг пардасимон деворларига осиб қўйди гўё…
“Тутқунлик”нинг учинчи куни туманнинг оқиш пардаси йиртилиб, қуёшнинг заррин, аммо ҳали анча заиф нурлари қайиқда ўтирган уч давангир эркакнинг тунд юзларини кучсизгина ёритди. Шу ҳамоно балиқчилар ҳаракатга тушишди: индамай туриб эшкакларини қўлга олишдию ойдинлай бошлаган атрофга боқиб йўлларни аниқлашди. Кўп ўтмай эса манзил сари дадил сузиб кетишди. Сузиб боришаркан, чор томонга ҳадиксираб қараб-қараб қўйишар, гўё бу таврлари билан куни кеча рўпараларидан туйқус чиқиб қолган ёв қайиғига такрор дуч келиб қолмасмиканмиз, дейишар эди. Фақат ёш йигитнинг чеҳрасида чексиз миннатдорлик туйғулари аксланар, бир учи осмонга туташиб кетган уммонда қилган илк сафаридан бағоят бахтиёр кўринарди…
Ниҳоят, улар оролга — у томони ёвники, бу томони ўзларининг макони бўлган оролга етиб келишди.
Орол катта эмас, айтиш мумкинки, зўр бир чавондоз тулпорига қамчи босиб, от қўяр бўлса, толиқишгаям улгурмай, майдони адо бўлади-қолади. Фақат ўртада юксалган тоғни ҳисобга олмаса. Хуллас, дўппидек бир орол. Аҳолиси ҳам шунга яраша: бир ҳовуч. Лекин шу бир ҳовучгина одам ҳам ҳафсала қилса, бир-бирига душманлик қилишни эпларкан. Икки қарама-қарши гуруҳга бўлиниб олишган, нақ ўт билан сувдай бир ёвлашув бор ўрталарида. Емишлари эса оролдаги ўрмон жонзодларию яна ҳадсиз-ҳудудсиз уммон бағридаги балиқлар.
Кексаларнинг айтишича, уларнинг аждодлари қачонлардир номаълум бир ёқдан оролга кўчиб келишган. Орадан неча-неча асрлар ўтиб кетганига қарамай, душман қабилалар ўзларининг кўп эски бобосию момоси бир эканлигини яхши билишади, лекин не ёзиқки, ўзлари бир тану бир жон бўлишолмайди. Ҳатто гуруҳнинг бахшию оқинлари ҳам бу ҳақда гоҳ куйлашади, гоҳ йиғлашади. Лекин уларга онда-сонда қулоқ соладиган топилмаса, йўриқларига юрадиган қайда?.. Бахшиларнинг куйлашича, оролга улар кўпчилик бўлиб эмас, балки бор-йўғи икки киши бўлиб, бир йигиту бир қиз бўлиб келишган. Ҳозиргилар ана ўшаларнинг авлодлари.
Буни қарангки, бу беш кунлик дунёда бир ўтовда бирпас баробар ўтира олмас ёвларга айланган тарафлар қачонлардир эту тирноқ каби иноқ бўлишган. Вақтлар ўтиб кўпайишдию ўртадан меҳру оқибат кўтарилди: ҳеч жойга сиғмай, ўзаро низою нифоққа ружу қўйишди. Натижада уруғнинг етакчилари каттакон қабилани иккига бўлиб ташлашди. Шундай кейин оролдагиларнинг ўзларини тутишидану кийинишидан тортиб гап-сўзларию қилиғигача, қўйингки, туриш-турмушигача ўзгара бошлади. Яъни ҳар гуруҳ бир-бирларидан фарқли, бошқа эканликларини ҳуда-беҳуда пеш қилишадиган бўлишди. Асрлар ўтиб эса ҳақиқатан ҳам шундай бўлди ҳам. Уларнинг шаклу шамойилию рангу рўйигача яхшигина турфаланиб қолди. Икки қабиланинг элчилари ўрни келса, бир-бирлари билан тилмоч орқали тиллашадиган ҳолга тушишди. Аммо орол аҳолиси ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган, керак бўлса, уларнинг тақдирини ҳал қилган балои азим бошқа ердан чиқиб келди.
Шундай қилиб, тошдан ҳайкал йўниб, уммон сувлари урилиб турган соҳилга ўрнатишни бир замонлар қиз тараф бошлаб берган эди. Йигит тараф бўлса ҳайкални овдан қайтаётиб кўриб қолди. Кўрганларини қабила бошлиқларига оқизмай-томизмай айтиб берди. Кўп ўтмай, йигитнинг қабиласи томонида ҳам шунга ўхшаш, фақат қиз тарафникидан андак баланд ҳайкал қад ростлади. Тахминан, шунча фурсат оралатиб, қизнинг соҳилида учинчи ҳайкал пайдо бўлди. Фақат у наригилардан баландроқ ва кўркамроқ эди… Гапни чўзиб нима қилдик, ўзингиз фаҳмлаб бўлганингиз каби, оролда ҳайкал ўрнатиш мусобақаси бошланган эди.
Ҳар қайси қабила ўз улуғларига бағишлаб ҳайкал ўрнатарди. Ҳайкал бўлгандаям энг аъло, энг расо тошдан денг. Фақат уни ўрнатиш учун жуда кўп ёғоч керак бўларди. Чунки тош бошқа, ҳайкал ўрнатиладиган макон яна бошқа жойда жойлашгани боис сўлоқмондек оғир юкни ташиш фақат ва фақат ёғоч орқали амалга ошириларди. Шунинг учун ҳам ҳар икки томонда ўрмонлар шиддат билан кесиларди…
Уммонга ов учун чиқишганда улар бир-бирларининг ҳайкалларини томоша қилишар, чамалашар, солиштирар, қайтиб келгач эса ундан-да адл, ундан-да савлатдор ҳайкал йўнишга киришиб кетишарди. Орол аҳли ҳамма нарсани унутиб, тошдан ҳайкал йўнишга муккасидан берилди.
Ҳайкални улкан, яхлит тошдан ўйиб ишлашар, тайёр бўлгач, ўрмондан дарахтларни кесиб, махсус ёғочлар ёрдамида уни белгиланган жойга судраб келтиришар, тиклар, сўнг яна беҳисоб ўтин ёқиб, уни қутлашар, атрофга, тўғрироғи, ёғий назарига кўз-кўз қилиб завқланишарди. Бунга жавобан, сал ўтмай, рақиб томон ҳам худди шу ишни такрорлаб, ундан-да баланд, ундан-да ҳашамдор янги ҳайкал ўрнатиб, юзлаб дарахтларнинг саржинлари эвазига ёвнинг ҳасадини қўзғаб, олов теграсида ҳафталаб рақсга тушиб, қийқириб шодланишарди. Орол халқи фақат шу иш билан бандга ўхшарди. Янги туғилган чақалоқларга ҳайкалларнинг исми, ҳайкалларга эса жангда ўлган қаҳрамонларнинг номи бериларди. Шундай қилиб, ҳаммаси бир ерда, битта оролда, оролдаги ҳайкаллар атрофида айланарди: ҳаёт ҳам, хаёл ҳам, орзую армон ҳам…
Бора-бора бир замонлар қуюқ бўлган ўрмонлар сийраклашиб кетди. Шу сабабли қабилалар ўзиники қолиб, ёғий ҳудудидан дарахт ўғирлашга киришишди. Натижада бир душманлик ўнга етиб, бир-бирларининг устига қўшин тортиб келишлар, катта-кичик урушлар авж олди. Ниҳояси йўқ тўқнашувлар оқибатида ўртага тикланган девор, деворга қўшилиб ён атроф, бутун орол пайҳон бўлиб борар, адоқсиз қирғинбаротдан сўнггина яна маълум муддат, шундаям нафас ростлаш учунгина тин олинарди. Бу вақт мобайнида ер билан битта қилинган девор қайта тикланар, ўликлар дафн этилар, майдонлар наридан-бери тозаланарди. Ва ҳайкал ўрнатиларди. Ўрмон камайгани сари ундаги ҳайвону паррандалар ҳам камайиб кетганди. Ҳайвонлар сўйилиб ё қирилиб соб бўлган, қушлар эса бу хосиятсиз оролдан чор тарафга учиб жон сақлардилар. Одамлар эса кўзларини сувгагина тикиб, поёнсиз уммон ҳадя этадиган неъматгагина умид боғлаб кун ўтказадиган ҳолга тушишди. Ана шундай талотўпларда денг, илгари камномароқ, камсуқумроқ бўлган каламушлар бирданига ҳар ёқни мўри малахдек босиб кетганини ҳеч ким пайқамай ҳам қолди. Жирканч махлуқчалар қуруқликда, сув бўйида, ертўлаларда, ҳатто одамлар яшайдиган капаю ўтовларда ҳам эмин-эркин кезишаверадиган одат чиқаришди. Оч-юпун қабила аъзолари уларни тутиб, оловда пишириб ейишдан-да тап тортишмасди. Лекин шунча кўргиликлар етмагандек, тақдирнинг балою қазоси янглиғ оролга ўлат деган касофат тарқалди. Бунга сабаб шу каламушлар бўлса, не ажаб. Омонсиз урушлардан мўъжиза туфайли омон қолган кишилар энди ёппа ўлат сабабли қирилиб кета бошладилар. Тош йўнадиган, тайёр ҳайкални судраб, белгиланган жойга обориб ўрнатадиган азамат ҳам қолмади, ҳисоб. Аммо бу не шўришки, қолган-қутган шугина дилдираган тирик жонлар ҳам кечаю кундуз биргина иш – тош йўниш билан машғул эди! Ҳайкал дарди билан андармон эди уларнинг бари…
Қуёш чиқди, қуёш ботди, орадан яна бир йил ўтди. Бу йил ясси тоғда ўрмалаб юрганларнинг ҳам изини қуритди. Оролда бир неча юз одамгина ивирсиб қолди. Ҳа, оролнинг ҳоли хароб эди: еру кўкдан офат устига офат, зиллат устига зиллат ёғилиб бўлганди. Бас, ўртадаги деворни қайтадан тиклашга ҳам кучларию хушлари йўқ эди энди. Урушадиган зўравоннинг уруғи қуригани учун ҳам душман қабилалар бемалол бир-бирлари томонга ўта бошлашди. Шундай бир пайтда уруғларнинг улуғлари музокара олиб бориш вақти етди, деб ҳисоблашдию йигит томондагилар қиз томонга ташриф буюришди.
Йигит тараф ўзлари билан қалин муқовали, катта бир китобни ҳам ола келишганди. Кириб ўтирадиган бутун ўтов қолмаганидан улуғлар ташқарида, очиқ осмон остидаёқ айлана бўлиб, кесилган дарахт тўнкаларига омонат чўкишди.
Оқсоқоллар қисқагина кенгашишди. Негаки, баҳс қилиб, тортишадиган нарсанинг ўзи қолмаганди. Худди оролда ейдиган озиқу киядиган кийимнинг, таналарда ҳаракатланадиган мадору руҳларда яшайдиган қурбнинг соб бўлгани каби…
Йигитнинг отаси китобни очиб бир жумла ўқиди. Бунга жавобан қизнинг падари бузруквори ишора қилганди, унинг ҳам қўлига бир китоб келтириб тутқазишди. У ҳам китобни очиб, бир жумла, атиги биттагина жумла ўқиди. Ҳар икки томон “маъқул” дегандек бош қимирлатишди.
Шу билан сулҳ мажлиси тугаб, йиғилганлар ўрнидан қўзғалди…
Уч кун ўтгач икки қабиладан омон қолган кишиларнинг ҳаммаси соҳил бўйига тўпланишди. Сўнг бутун бошли оролда сузишга яроқли бўлган биттагина қайиққа ҳар икки қабила ўз вакилини ўтқазди. Афтидан, келишувга биноан ҳаракат қилинаётган эди. Буни қарангки, улар, ҳар икки қабиладан танланган вакиллар ўша йигит ва қиз бўлиб чиқди!
Йигит ҳам, қиз ҳам дунёга келибдики, кўрганлари уруш эди. Лекин энди кўрингки, чорасизлик икки юзкўрмас қабила сардорларини муросаю мадора қилишга мажбур қилганди. Улар тешилмай, ёқилмай қолган охирги бутун қайиққа бирлари ўғлини, бошқалари қизини ўтқазиб, тақдирга ҳавола қилишдан беҳроқ чора топишолмади, во дариғ! Ҳатто жигарбандларининг қўлига бир мисқол бўлса-да егулик тутқазишолмади. Фақат бир неча кўзада сув, олов ёқиш учун чақмоқ тош беришди, холос. Яна тўр ва қармоқ. Бас! Йигит ва қиз хешу тобор билан не бир аҳволда видолашиб, чор-ночор қайиққа ўтиришаркан, юраклари хавотирга тўла эди. Балким ботинларининг қай бир кунжида милт-милт этиб умид чироғи ҳам ёниб турарди…
Йигит ва қиз оролдан узоқлаб сузиб боришаркан, беихтиёр ортларига қайрилиб қарашдию тахтадек қотиб қолишди. Не тонгки, уларни соҳилда қатор бўлиб ҳайкаллар кузатиб қўйишаётганди… Ва… ва барчасининг юзларида намойишкорона заҳарханда муҳрланганди… Ҳайкаллар душманни масхара қилиш учун атай шундай — юзларида аччиқ кулгу билан тарошланганди. Шунда йигит ва қиз бир нарсани тушуниб етишди. Оролдан айрилишганда, ундан узоқлашишганда аён бўлди бу ҳақиқат. Шу чоққача тушунишмаган, уларга ҳеч ким, ҳатто қабиланинг энг улуғлари, оқинлари, арконлари ҳам лом-мим демаган ҳақиқат кўз ўнгларида юз очиб турарди. У ҳам бўлса, ҳайкаллар, шу кеккайган тошлар уларни ҳайдаб, оролга, уларнинг ватанларига ўзлари ҳоким бўлиб олишиб, энди мазза қилиб устларидан кулаётган, қаҳқаҳа отишаётган эди…
Йигит ва қиз оролни айланиб сузишди: ҳайкаллар ҳар ерда, митти оролнинг ҳар бир одимида аскардек саф тортиб туришарди. Гўё энди бу орол уларнинг ўз Ватанларига айланган, энди у ерга одам тугул қуш ҳам учиб ўтолмасди гўё. Бинобарин, йигит ва қиз энди бу оролга абадул абад бегона бўлишганди, энди у заминга қайтишолмасди, қайтишганда ҳам оролни гир айланиб ўраб олган ҳайкаллар сафини ёриб, ичкарига киришолмасди…
Энди йигиту қиз ҳаммасини билишган эди. Уларни бу ҳолга солган ёвуз куч уларнинг ўзлари эди. Ҳайкаллар ана ўша ердан, ороллик одамларнинг ўз ичларидан тўраган махлуқлар бўлиб чиқди. Аммо булар эмас, балки уларнинг ота-оналари, балки уларнинг ҳам ота-оналари… шу ҳақиқатдан вақтида воқиф бўлишгандами, балки тақдирлари бутунлай ўзгача кечармиди. Ҳаммасини тузатиш, қанчадан қанча қабиладошларининг жувонмарг кетган жонларини, Оролдаги сон-саноқсиз паррандаю дарранда ҳаётини сақлаб қолиш мумкинмиди ўшанда… Аммо энди кеч, жудаям кеч… Энди буни йигит ва қиз билади, улар ҳамма сирдан хабардорлар. Фақат бу сир энди кимга керак экан? Аммо улар битта қайиқда эдилар, бинобарин, битта тақдирнинг ҳукмига ҳавола этилганликларини, ортда, ҳалокатга юз тутган қабилаларининг яккаю ёлғиз умидлари ўзлари эканликларини ич-ичдан англаб, ҳис қилиб туришарди. На йигит ва на қиз юрак ютиб, минг йиллик адоват деворини бузиб ташлаб, нимадир дейишга, нимадир қилишга журъат этишмасди. Йигит индамай эшкак эшиб, қиз бўлса, қайиқнинг йигитдан олисроқ четида сувга тикилганча номаълумлик қаърига оқиб боришарди…
Ниҳоят, йигит илк қадамини қўйди. У латтага ўралган аллақандай матоҳни авайлаб очди-да, қизга қараб “Бу — бизнинг китоб!” деди фахр билан. Шунда қиз ҳам қўйнидан шундай бир китоб чиқарди. Уларнинг бири осмон, иккинчиси эса замин рангида бўлиб, шаклу шамойиллари ҳам фарқли эди. Аммо ичини очиб қарашса, иккаласи бир хил, битта китобдек туюлди. Э, воҳ! Йигит ва қиз ҳайратдан кўзларини катта-катта очиб, бир-бирларига худди “Ўнгимизми — тушимизми?” дегандек саволчан боқишди. Кўзларига ишонишмадими, ёнма-ён ўтириб олишиб, сузишни ҳам унутиб, узоқ вақт китобни синчиклаб титкилашди, варақма варақ, мисрама мисра солиштириб ўқишди, ҳа, шубҳа йўқки, китоблар ташқаридан нақадар ҳар хил бўлиб туюлса-да, моҳиятан битта, ягона тилда, ягона хаттот томонидан, ҳатто бир хил сиёҳ билан битилган бир китобнинг иккита нусхаси эди…
Туриб-туриб, йигитнинг жаҳли чиқиб кетди. Шартта қўлидаги китобни сувга улоқтирмоқчи бўлди. Шунда қиз фавқулодда чаққонлик билан китобни йигитнинг қўлидан илиб олди-да, орқасига яширишга улгурди.
— Шошма! Балки уни биз, сен билан мен бошқатдан, тушуниб ўқиб чиқармиз? Айб китобда эмасдир, айб уни ўқиганлардадир, бизнинг, оролликларнинг китобга бўлган муносабатимиздадир, эҳтимол?! — деди ҳаяжонланиб.
— Бундан нима наф? Ота-боболаримиз уларни минг йилдан бери ўқиб келишди, авайлаб, бутун умр ёнларида олиб юришди, лекин натижа, натижа нима бўлди? Бизми ўша лаънати натижа? Тушиб қолган ҳолимизга бир қарасанг-чи? Йўқ, оталаримизга ярамаган бу китоблар сен билан менга ҳам асқотмайди. Бас, шундай экан, улардан воз кечиш керак, тушуняпсанми, воз кечиш!..
— Хўш, воз кечдинг ҳам дейлик. Кейинчи, кейин нима қиламиз?!..
— Кейин биз ўз китобимизни ёзамиз, эшитяпсанми, ўқиган одам амал қиладиган ўз китобимизни битамиз!
— Қўлимизда шундай китоб бор-ку! Фақат унга амал қилиш қоляпти, холос!
— Йўқ, улардан тезроқ халос бўлишимиз керак!.. — қўлини китобларга узатди йигит.
Қиз ортиқ эътироз қилмади. Аммо китобларни олиб тағин қайиқнинг нариги томонига бориб олдики, бу тадбир ҳар қандай жавобдан-да қатъийроқ эди. Йигит унга узоқ вақт синовчан қараб ўтирди, сўнгра оғир қўзғалди ва эшкакларни қўлига олди. Қайиқ ҳаракатга келди.
Ажаб эмас, тақдир ёрлақаб, улар ҳам бир вақтлардаги қадим аждодлари янглиғ зилол сувлари шарқираб оқиб ётган оролга чиқиб қолишар-да, ҳаммасини бошқатдан бошлаб юборишар. Шунда, эҳтимол, албатта китобни қиз айтгандек қайтадан ўқишга, ўқиганда ҳам уқиб ўқишга тутинишар. Муҳими, ўқиб уққанларига риоя қилишар… Алқисса, у ерда ҳеч қачон уруш бўлмайдиган, ҳамма бир-бирлари билан аҳил ва иноқ яшайдиган жаннатмонанд мамлакат барпо этишар…
Хаёлидан шундай ўйлар кечгани сайин билагига ҳам қаёқдандир ғайритабиий куч келиб қўшилгандек, зўр бериб эшкак эшарди йигит. Ундаги ўзгаришни ҳис қилган қиз аста туриб унинг ёнгинасига келиб ўтирди…
Сафарнинг еттинчи куни деганда яна бир янги тонг отиб, қорамтир осмон олтинранг нурларга чулғанган маҳал, ҳув олисда, йигит ва қизнинг қайиғи сузиб бораётган томоннинг этагида, момиқ булутлар остида бир жуфт оппоқ қуш нимадандир хабар бераётган каби чуғур-чуғур этганча чарх уриб айлана бошлади…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 20-сон