Жимжит Қишлоққа жимжитликни бузиб ўхшовсиз бир девона оралади. У бир маром ва бир оҳангда нималардир деб жар солар, ора-чира жинкўчанинг икки томонидаги пастқам уйларга ва ундан ҳам пастқам эшикларга кўз ташлаб, гўё жарига жавоб кутар эди.
Ер юзида пайдо бўлганидан бери Қишлоқ бунақа девоналарни, ҳар турли келган-кетганни кўп кўрган. Бирда: «Қайчи-пичоқ ўткирлайма-а-ан! Ўроқ-кетмон эговлайма-а-ан!» деб чархчи жар солиб ўтади. Қишлоқда нима кўп, ўтмас пичоғу тўмтоқ кетмон кўп – бир зумда ҳаммаси шақир-шуқур қилиб чархчининг олдида тўпланади. Бирда чегачи келиб қолади: «Цинган чойнак-пиёла чегалайма-а-ан!» Қишлоқликлар болаларининг қўлларига чақа бериб, чегачининг олдинги келиши билан ҳозирги келиши оралиғида цинган чойнак-пиёла ва коса-лаганларини тутқазиб, кўчага чиқазишади. Яна: «Жун олама-ан!» дегани қанча, «Увада титама-ан!» дегани қанча. Бошқа кунлари Қишлоқ қиш бўлса қора¬совуқдан дилдираб, ёз бўлса саратондан жизғинаги чиқиб ётаверади. Баҳорда бир нафас олади, кузда бир нафас чиқаради. Зерикарли.
Бунақа келгиндиларни кўравериб Қишлоқ кўникиб кетган, ҳамишаги ҳол деб қарайди. Девонага ҳам парво қилмаслиги мумкин эди, лекин унинг сўзлари бу гал сал бўлакчароқ туюлди. Девона одам¬лардан қотган нон эмас, эски кийим-бош эмас, нимадир бошқа нарса сўраётган эди:
— Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..
Қишлоқ сергак тортди, шубҳаланди. Зерикарли ва туссиз ҳаётига сал бўлса-да бўлакча бир ҳаво киритиши мумкин бўлган бу ишдан негадир қувонмади, аксинча, бир оз қўрқинч босди уни.
Ғалати товуш ва ундан ҳам ғалати сўзлар эгасини кўришга қизиққан тажрибасиз бола-бақрага тажрибали ота-оналар ўшқириб беришди:
– Ҳа, қаёққа?! Қайт орқангга!
– Эшикни тамбала! Уйда хап ўтир!
Диққинафас кўчада ҳали ҳам Девонанинг товуши кезар, жимжитлик шовқинидан том битган қулоқларга унинг товуши аллақандай ёқимли бир эпкин бўлиб кирар, ҳатто ширали эшитилар эди:
—Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..
Минг тийилмасин, барибир мароқ устун келди: қаттиқ тамбаланган, зулфинланган ва камига яна ичдан қулфланган эшиклар орқасига Қишлоқ аста-секин ва ихтиёрсиз равишда сурилиб келди, тирқишлардан кўчага мўралай бошлади.
Ким бўлди бу одам? Нега бирдан бунақа нарсаларни сўроқлаб қолди? Уста бўлиб устага ўхшамайди, куйган уйларни бутлаб берай деса? Бой бўлиб бойга ўхшамайди, моли куйганларга суянчиқ бўлса? Табиб бўлиб табибга ўхшамайди, куйган бағирларга дори қўйса? Ким ахир?..
Ғирт девона! Сўзи туришига, туриши сўзига уйғун келмайдиган дали! Албатта, Қишлоқда уйи, моли ё бағри куйганлар қанча, лекин шу пайтгача биров буларни сўрамаган-да. Узоқдан келиб сўраш тугул, қишлоқликларнинг ўзи ҳам бир-биридан юрак ютиб, товуш чиқариб ҳол сўрамай қўйган. Бир ҳисобга, сўраб нима қилади, қачондан бери бир осмон остида, бир тупроқ устида бирга-бирга яшаб келади, бир-бирининг ҳолини ҳар ким ўзи кўриб-билиб турибди, кўриб-билиб турган нарсасини яна сўрайдими?!
Шундай бир паллада… қандайдир бир Девона… иссиқдан пишиллаб ётган Қишлоқда… кўчама-кўча юриб… қанақадир бир нарсалар деса!
Жинкўчалар узра момақалдироқдек туйқус янграган бу товуш, албатта, шубҳали ва қўрқинчли эди. Ахир, момақалдироқ ҳам баҳорга ярашади. Куздаям майли дейлик, аммо ёзнинг қоқ ўртасида гулди¬раши…
– Нима деяпти? – деб сўрайди қизиқувчан хотинлар.
– Овозингни ўчир! Ишинг бўлмасин! – деб жеркийди эҳтиёткор эрлар.
Ичкариларда ҳол бу экан, ташқарида Девона ҳайрон эди. Ўликми бу қишлоқ, деб ўйлайди. Узун умри ичида не-не юртларни кезди, не-не одамларни кўрди, аммо бунақа гунг Қишлоққа энди йўлиқиши. Бирон-бир офатдан аҳолиси қирилиб, кимсасиз шўппайиб қолган шаҳару қишлоқлар ўтмишда кўп бўлган, албатта. Бу қишлоққаям яқин орада бирон офат келдимикан ё? Ундай деса, кўринишидан жуда унақа ташландиқ маконга ўхшамайди, яқин-яқинларгача одам яшаганининг излари билиниб турибди.
Лекин жимжитлик, худди ўлик дейсиз.
Шунга қарамай, Девона қандайдир бир ички сезги билан, Қишлоқда биронта тирик жонзот қолган бўлиши керак-ку, ахир, деган умидда жар солишдан тўхтамасди:
— Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..
Шу палла… этакдаги бир эшик ғийқиллади. Бунақа сўровга жавобан биронта эшикнинг очилишини сира кутмаган Қишлоқ сапчиб тушди. Шу дамгача жимжит кечаётган турмушини безовта қилган бу ғийқиллаш, назарида, яна жуда узоқ замон боши узра қўрқинч солиб янграб тургандай бўлди. Эшикларни қия очиб, ҳадик-хавотирда, товуш чиққан томонга мўралади.
Этакдаги кулбада эски замонлардан бери бу Қишлоққа бегона бир одам яшарди. Қаердан келиб қолган, ота-онаси ким, ҳешлари борми, нима иш қилади – Қишлоқ буни билмас, уни танимас эди. Кейинги пайтлар ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб кетиб, Бегона баттар кўзга чалинмай қолганидан, ҳатто ўлдига ҳам чиқариб қўйган.
Бу нима деган гап, бир киши ўлса, Қишлоқ билмасми, одамлар тўпланиб кўммасми?!.
Ҳа, одам тўпланмаса ҳам, ўлган кишини кўммаса ҳам, кимнингдир ўлганини Қишлоқ билмай қолса ҳам, бўлавераркан! Нега деганда, ҳозир кўплар ҳовлисидан ўзига гўр қазиб, уйини мозор қилиб олган – шу йўл ўнғай келиб қолди: ҳа, деса, ювинмаёқ, кафанга ўранмаёқ, гўрига кириб кетяпти. Ўлиш осон ва текин бўлиб қолди. Ҳеч кимга оғирингиз тушмайди, Қишлоқ ҳам билмай қолаверади.
Йўқ, ҳартугул, Бегона ҳали ўлмаган экан, ўлмаганини Қишлоққа ёғсираган эшиги билдирди. Жимжитлик пардасини чок-чокидан сўкиб, бу пасқам эшик бу улкан оламга жар солди:
— Ғий-й-йиқ!..
Кейин остонада Бегонанинг жуссаси ҳам кўринди. Бўйнини чўзиб, пича теваракни синчилади, ниҳоят, кўнгли тинчландими, аста кўчага оёқ қўйди.
Девона тўхтади. Ўлимсанги Қишлоқда туйқус пайдо бўлган бу тирик одамга ажабсиниб қаради.
Чиндан ҳам, Бегона шу туришида худди гўрдан чиқиб келаётганга ўхшарди: тириш босган юзида қон асари йўқ, ўсиқ қошларидан қулоқларигача, қулоқларидан елкаларигача, елкаларидан бурнию патила соқол-мўйловигача ўргимчак ин тўқиб ташлаган; кийимлари ҳам илвироқ. Юрганида, ўргимчак тўрларини авайлагандай, оёғидан бошқа жойини қимирлатмасликка тиришиб юрарди.
Девонага яқинроқ келиб, тўхтади. Оғзини хиёл очди, орада Қишлоққа олазарак боқди, ҳайиқдими, гапира олмади, аммо нималардир дегиси келаётгани қуюқ тўр ичра хирагина йилтираб турган кўзларидан билгили эди.
Девона узоқ кутди, ҳадеганда Бегонадан сас чиқавермагач, ўзи бирнималар дегандай бўлди.
Қишлоқ унинг гапини эшитмади, лекин кўчага чиқишга, бу Девона билан бу Бегонага яқинлашишга, гапларига қулоқ солишга юраги бетламади ҳам.
Девона яна кута-кута, кутганига эришавермагач, охири Бегонанинг ис босган қулоғига оғзини қўйди ва… бир ўкирди!
Бу ўкириқдан Бегона титраб кетди, бошию қўлларини ихтиёрсиз қимирлатиб юборди.
Ўргимчак тўрлари чирт узилди.
Кейин Девона кетди. Жар ҳам солмай қўйди, орқасига ҳам қарамади, Қишлоқда қандай тўсатдан ва билинтирмай пайдо бўлган бўлса, шундай тўсатдан ва билинтирмай йўқолди.
Бегона яна эшигини ғийқиллатиб… гўрига кириб кетди.
Қишлоқ тағин жимжитлик чуқурига чўкди.
Бу сирли-жумбоқли манзара кўзлардан тез ўчгани цингари эслардан ҳам тез ўчди. Худди аслида бўлмагандай…