Нодир Норматов. Гулдурак даштларида (ҳикоя)

Барчин момо урчуқ йигиришдан тўхтади, супа четига келиб ўтирган ўғлига кўз остидан қараб қўйди. Титилиб, чуйкаланган жунни тиззасидан олиб, рўмолига сола бошлади. Бу ҳаракатларни бажараркан, кампирнинг қўллари билинар-билинмас қалтираб кетди. Жонмуроднинг бунга кўзи тушди, энди аниқ сезди — ҳозир онаси қаттиқ бир гап айтади. У секин силжиб, ўрнидан туришга шайланди.
— Валасипед кўчада эди, — деди онасига. — …ҳозир келаман.
— Ўтир жойингга! — деди онаси қатъий қилиб. — Қишлоқда ҳали валасипедга ўғри тушадиган бўлгани йўқ.
— Нима гап, тинчликми, она?
— Тинчлик эмас.
— Айтинг бўлмаса. Шошиб турибман ўзи, — Жонмуроднинг бу гапидан унинг онасини безовта қилаётган нарсани англаб турганини билиш мумкин эди.
— Сен қандай беғам ўғил бўлдинг, билмайман…
— Бу нима деганингиз она? — деди ўғил безовталаниб.
Она қаддини кўтарди, катта кўзлари алланечук ғазабдан ёниб турарди.
— Белингда белбоғинг борми ўзи, бола? Отанг ҳақида Асқар тоғчи нималар деб юрибди, эшитдингми?
Жонмурод бу гапни бир ҳафта бурун эшитганди. Гапни қаранглар. Унинг отаси гўридан йўқолган эмиш. Ер чиқариб ташлаганми, ютиб юборганми, ҳарқалай йўқ эмиш. Бўлмаган гап. «Эй она, бари бўлмағур, бекорчи гап», дегиси келди йигитнинг. Аммо…
— Ҳеч нарса демайсан-а? Отангни арвоҳи чирқилласа, майли эканда-а? Бу гапни шерободлик Карим ғилдирак айтган. Отангнинг қабрини шу ковлаган экан, — деди кампир. Бу гал мунғайиб гапирди у. — Бил, бор, топ ўша ғилдиракни. Ўз оғзидан эшитай-чи.
Жонмурод “маъқул” дегандек бош силкиди. Она кўз ёш тўкди, икки томчи ёш шундайгина дастурхонга, янги узилган садарайҳон устига тушди. Жонмурод райҳонга қўл чўзди.
— Тегма! — деди онаси негадир жаҳл билан. Гўё она-боланинг бошини эгиб қўйган гап шу райҳонлар ҳақида бўлиб ўтгандек эди.
Барчин момо дастурхондан садарайҳоннинг бир дастасини олиб, бошидаги оқ дока рўмолини кўтарди-да, қулоғига қистирди.
— Мастава иссиқ турибди. Сузиб келай.
— Қорним тўқ, — деди Жонмурод.
— Алдама. Кўзинг айтиб турибди, очсан.
— Ҳозир сой бўйида эл оши тайёр бўларкан. Шунга бориб келаман.
— Сени чақиришганми унга?
— Элга текин тарқатилади-ку. Айтишга нима ҳожат?
— Ундай ошга эл хизматини қиладиганлар боради.
— Текин бўлса, ётиб е, деганлар, — деди Жонмурод онасининг бироз юмшаб, анави бўлмағур гапни унутаётганини кўнглидан ўтказаркан, гапни ҳазилга бурмоқчи бўлди.
— Бу анави Қўлдошнинг гапида, шундайми? — тағин тутақди кампир.
— Нима, бир нима гапирсам, дарров Қўлдошнинг гапи дейсиз?
— Мен ҳеч кимни қарғамайман. Аммо ўша итхўр ҳамройингдан яхшилик чиқмайди.
— Ҳамсоя бўлгандан кейин, бориш-келиш қиладида одам…
— Қайси гўрдан ҳам қишлоққа кўчиб келди ўша итхўр.
— Она, унинг астмаси бор. Шу сакнинг гўшт-ёғи шунга даво экан.
— Худоям илонга билиб оёқ бермаган, — деди кампир ғижиниб ва ўғлидан юзини бурди, — Шу кўчиб келгандан буён товуғам, қўй-қўзиям йўқоладиган бўлди, — деди кампир четга қараб.
— Кўпчилик унинг уйини текшириб кетди. Участковой ҳам уникидан бирор улгу тополмади. Демак, ўғри эмас экан-да.
Жонмурод шу гапларни айтаркан, онасининг ўзига син солиб қараб турганини сезди ва бирдан калавасининг учини йўқотди — ичдан зил кетиб гангиб қолди. Наҳотки онасининг хабари бўлса… Ахир, кимнинг уйида боқилган қўй бор, кимнинг курка, товуғи мўл, ҳовлима-ҳовли семиз мол олиб, сўйиб сотадиган Жонмуроднинг хабари бўлади-да. «Катта молга қўл чўзманглар, унда дарҳол қўлга тушамиз», дейди ҳар гал Қўлдош. Ўлжаларни қўлга туширишда Жонмурод қатнашмайди, фақат хабаркаш…
Онаси ҳамон унга тикилиб турарди. Кампир ниҳоят, яна урчуқни қўлига олди.
— Ўша жойдан ҳам хабар ол! – деди бир пасдан сўнг ўғлидан кўзини олиб. Кейин бурилиб, тоғлар томон қаради. Гўё бу ердан чоли ётган мозорот кўринадигандек, бир зум ўша ёққа тикилиб турди. Барчин момо айтаётган бу кичкина қабристон тоғда, бир қияликда жойлашган. Бундан икки йил аввал у ерда катта бир сув омбори қуриладиган бўлди. Икки даранинг туташган жойига тўғон ташланиши халққа маълум қилинди. Жонмурод бу пайтда Тошкентга ишга кетган эди. Уйда эса онасию хотини қолганди. Бўлажак сув омбор мутасаддилари мозоротни юқорига кўчиртиришни режа қилган эди. Ундан олдин уламоларнинг маслаҳати билан ирим-амалини қилиб, ўтганларнинг руҳига қуръон тиловат қилдириб элга ош тарқаттирди. Сўнг қабрлар қаздирилди, вертолётда тепага — катта қабристонга кўчиртирилди. Ҳар куни бўлиб турадиган гап эмас-да. Марказдан махсус врачлар келишиб, маҳаллий гўрковлар ҳам қатнашишган бу ишларда. Гап кўп: икки йил бурун ўлган ёш жувон қандай кўмилган бўлса, шундай сулув турган эмиш. Юзлари олмадай таранг эмиш. Ана ўша қабрларни қайта қазиш чоғида Жонмуроднинг отаси ўз қабридан топилмаган эмиш.
— Сиз хотиржам бўлинг, она. Бу гапни шундай қолдирмайман. Тагига етаман.
Нимагадир овози ўзиникига ўхшамагандай бўлиб чиқди. Хаёлланиб турган онасига термулиб туриб, индамай ташқарига чиқиб кетди. Кўчага чиққанида, бироз карахт эди, сой бўйига тушиб, элошидан еб, уни-буни кўриб анча тетик бўлиб қолди. Аммо хаёлидан фақат ўша қабрларни қазишга қатнашган киши — Карим ғилдиракни топиш ташвиши сира кетмасди. Ахийри, тушдан сўнг, Каримни излаб, туман марказига тушди. Каримни туманда кўпчилик биларкан. Унинг иши гўрковлик — икки тоғ орасида қаерда эски сағана бор, уларни топиш, қабр қазишу ковлаш каби ҳаммаям ҳавас қилавермайдиган ишларни бажариб юрар экан. Айниқса, қишлоқ юқорисидан беш минг йиллик лойдан ясалган ваннани топган машҳур археологлар у билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишганди.
Жонмурод унинг уйини-ку осонгина топди. Аммо ўзини топиш амри маҳол бўлди. Ҳовли эшигини энсаси қотиброқ очган аёл — Каримнинг хотини “Э, у ер ютгурни қидириб овора бўлманг, қайсидир бирортаси яна ароқ бериб, дабдиратиб юргандир-да”, деб ҳафсаласини пир қилди.
Жонмурод бир нарсага тушунмас эди: онасига нима керак экан шундай гаплар. Ўлган ўлиб кетди, ҳайронсан киши, қайси марҳум гўридан чиқиб, қочиб кетибди. У ичида шундай дедию, бехосдан тани жимирлаб кетди. Йўқ, онаси бу пуч гапнинг тагига етмагунича қўймайди… Жонмурод шу хаёллар билан отасини эслаб кетди. Отаси Ҳаққул бахши табиатан ювош, кулиб юрувчи, овози соз, кўнгли кенг бир одам эди. Ёшини яшаб нақ саксонни урган пайтда, тўсатдан мол боқиб юрганда ўлди-қолди. Жонмурод ўшанда Приморск ўлкасида, аскарликда эди. Отасининг сўнгги суҳбати унга насиб қилмади.
Зарбандда бирон кишининг куни битиб, қазо қилгудек бўлса, албатта, марҳумнинг яқин қавм-қариндошлари қабр қазиб, кўмишади. Агар, ҳеч кими йўқ ғариб бўлса, унда савобини оладиган тўрт-беш мардум бу ишни бажо қилишади. Отасининг қабрини эса у йўғида Зафар тоғаси билан амаки жиянлари бирга ковлаган. Жонмуродга Зафар тоға (униям худо раҳмат қилсин) шундай деган эди: одамнинг қабриям кўнглидай бўлади экан-да, жиян. Даранинг тош-метин жойидан лопиллаган тупроқ чиқди-ей, ҳайрон бўласан киши. Язна раҳматли яхши одам экан-да.
Карим-ғилдирак ўша куни ҳам, эртасига ҳам уйига келмади. «Лаънати пияниста», деб сўкди уни ичида Жонмурод. Лекин шу масалани ҳал қилмаса, кампир унга тинчлик бермайди. Қишлоқда эса Каримни излагани учунми бу миш-миш яна авжига чиққандек туюлаверди унга. Энди шу гапнинг рост-ёлғонлигини исботлаш учун Карим ғилдирак гувоҳликка ўтиши, у қишлоққа келиб, тахминан шундай дейиши керак: “Одамлар! Ҳаққул бахшининг лаҳадидан йўқолгани ёлғон. Мен уни ўз кўзим билан кўрганман. Жойида. Қандай қўйилган бўлса, шундай турибди. Ҳар хил бўлмағур гап айтиб гуноҳга ботманглар!”
Бу гап ҳаммадан ҳам кўра, унинг онасига керак. Жонмурод шунинг учун Карим ғилдиракни топиб, тўғри уйга бошлаб боради. Ана шу сўзларни айттиради, кейин онасининг кўнгли жойига тушади. Орадан уч кун ўтказиб яна гўрковнинг уйига борди. Хотини уни Ғузорга кетган, кейинги ҳафта келади, деди. “Бор-е, бир алкашни кутиб юраманми? Шу гапларга ишонган мен аҳмоқ ўзи”. Жонмурод шундай деди-да уйга қайтди.
Эрталаб онасига юзма-юз бўлди.
— Кўрдим, гаплашдим, ҳаммаси ёлғон экан, — деди.
— Йўқ, — деди Барчин момо, — Сен жувонмарг, ўша одамни кўрмагансан, топмагансан. Мени кўзларимга қараб алдадинг… — кампир баралла йиғлаб юборди. — Барибир ўша одам уйга келиб, ўзимга айтмагунча ишонмайман.
— Хўп, топаман, — деди Жонмурод вазиятни юмшатиш учун.
Лекин у Каримни бошқа изламади. Кунлар, ойлар ўтди. Бу миш-миш гаплар одамлар орасида ҳануз айланиб юрар, онаси эса борган сари кундан-кун ғами ортиб, тунларни мижжа қоқмай ўтказарди. Барчин момо кундан-кун чўпдай озиб, ниҳоят бетобланиб қолди. Уни майда миш-миш гаплар енгдими, ё жигари оғриганиданми, ишқилиб, дарди чўзилмай кунларнинг бирида тўсатдан вафот этди. Барчин момони сўнгги манзилига кўмиб қайтгач, Жонмурод ўкраб-ўксиб бир йиғлади-ки, хотини ҳанг-манг бўлиб қолди.
— Ўғил бўлиб, унинг кўнглини топа олмадим, армонда кетди, воҳ онам… — дея изиллаб йиғлади у.
Жонмурод онасига ўрганиб қолганини ич-ичидан ҳис қилди, бу йўқотишдан анча маҳал эсанкираб юрди. Ҳар нимани маромига соладиган вақт унинг ҳам ғуборини олди, гоҳо онасини эслаб эзилса-да, бир томондан қулоғи тинчиганини ҳам англади. Шундан сўнг Жонмурод яна тирикчилик ғами билан овора бўлиб кетди.
Мол боқади, сотади. Ўт ўради, экади-тикади. Болалар ҳам секин-аста катта бўлаверди. Кунлар эса кун санамай ўтаверди. Аввалгидек, улфатчилик ҳам йўқ. Қўлдош эса, Барчин момо айтганидек, худо жазосини бердими, Бегим домланинг қўрасида кечаси қўлга тушиб, аввалги қилмишлари ҳам очилиб, қамалиб кетди.
Жонмурод бир куни бехосдан кўзлари хиралашиб бораётганини сезиб қолди. Ё, ажабо, у кундуз куни кўзлари хира тортиб, кечаси эса хийла тузук кўрар эди. Хотини унинг қора чироқнинг хира ёруғида пул санашини кўриб, “Бу одамнинг гапи ичида. Ҳеч бир замонда кўз деганлари кундузи кўрмай, кечаси яхши кўрарканми? Бу одамнинг бари иши найранг”, деб қўярди. Унинг чиндан ҳам хотини тусма-таваккал айтганидек, ичида гапи кўп эди. Гарчи у кайфу сафони яхши кўрса текинини излаб юрар, қайсики моли мардумхўр бирор ис чиқарса, тўй-зиёфат уюштирса, ис олиб борар, ўзидан сарф қилиш йўқ эди. Кўчаларда ночоргина кийинар, хотинига эса қимматбаҳо либослар олиб бермаса ҳам, тилла тақинчоқларига пул аямас, “Нима бўлганда ҳам бу тилла тилла-да, матога ўхшаб ейилиб кетмайди, муҳтожлик бўлса, сотиб, харжлайверамиз”, деб ҳисоб-китоб қиларди.
Жонмурод мўлжал қилган, хотинининг ичини қиздирган кун ҳам келди. У Тошкентга бориб бир йўла учта “Нексия” олиб келди ва кира ишлашга ижарага берди. Шунда нафақат бутун қишлоқ аҳли, ҳатто хотинининг ҳам оғзи очилиб қолди. У одамлар юзидаги ана шу ҳайратни кўриб, роса роҳатланди. “Бахши бовадан тилло қолган экан, шуни топиб олган бу хасис”, деган гаплар ҳам тарқалди. Бунга жавобан, Жонмурод мириқиб кулиб қўярди. Лекин у кези келганда, пул кетмасин, деб туманда маъданли сув ўрнига кран сувидан ичганлигини, неки имкон туғилса, бир тийин сарф этмай, қоринниям хафа қилмай юрганларини биров билмасди.
Кунларнинг бирида мол сотгани Денов бозорига йўл олди. Саҳар мардондан олиб келган қўйларни сотиш билан овора бўлди. Энди бир тўқлини сотган эди ҳамки, дафъатан, ўзидан ўн қадам нарида… отасини кўриб қолди. Кўзларига ишонмади. Кўзларини очиб-юмиб қаради. Бошида ўша кўк салла, эгнида оқ яктак, ўша қора сатин чопон, қўлини орқасига қилиб ким биландир кулиб гаплашди-да, сўнг қора мол бозори томонга қараб юриб кетди. “Ё тавба, ё қудратингдан! Наҳотки шу отам”. Ҳа, ҳа, отаси, товуши ҳам ўша. “Ота!” деб орқасидан югурмоқчи бўлди. Афсус, қўлида қўй тизгини. Ипни қўйворса, семиз, шар қўчқор қочиб кетади. Қўйвормай деса… “Эй, эсингни йиғ-ей, Жонмурод. Одам одамга ўхшайди-да. Бу гап чикора? Отам ўлган ахир, у энди йўқ”. У ўша кун қўйларни мўлжалига етказолмай бозордан қайтарди. Тўғрироғи, омади юришмади, хаёл қочиб дегандай…
Кеч оқшомда тунаш учун аввалдан таниш бир кишининг ҳовлисига келди, кечаси билан безовталаниб ётди, ўйлаб ўйига ета олмади, бу сирни еча олмади… Тонгда яна бозор бошланганда, барини унутди. Тушга яқин қўйнинг барини сотиб, шаҳардаги гавжум чойхонага кирди. Энди бир пиёла чой ҳўплаган ҳам эдики, шундоққина ёнгинасидан ўша синиқ табассуми билан яна отаси ўтиб кетди. Унга ҳатто қайрилиб ҳам қарамади. Жонмурод ирғиб ўрнидан турди. “Ё Оллоҳ, бу бариси қудратингдан! Ё кўзимга шундай кўринаяптими?!” Қўлидаги иссиқ чой тиззасига тўкилди. “Ота!”, деб қичқирди, негадир овози чиқмади. Орқасидан чопди, аммо тиззалари қалтираб, беш-ўн қадам юрмай бор бўйи билан бетон ариққа йиқилди. Ва… кўзларини касалхонада очди. “Ота”, деб ингради у. “Болам”, дея кимдир ёқимли садо берди. “Ота, сизмисиз?”. “Ҳа, менман ўғлим”. “Ахир сиз… ”. “Йўқ, болам, мен тирикман…”.
Жонмурод узоқ жим қолди. Сўнг бор кучини кўзларига тўплаб, энтикиб кўзларини очди, отасини кўрмоқчи эди. Кўзлари хира тортган, туманланиб ҳеч нарсани кўролмади. Фақатгина кўз олдида оқ-кўк ҳалқаларгина жимирлаб, ўйнаб турарди. Жонмурод шу алфозда ётар, туну кунни одамларнинг шовуридан ё тинчиб қолишидан фарқлар эди.
— Бечоранинг кўзи кўрмас эканми-ей…
— Бунинг устига оёғи синибди, — дейишди ёнидагилар.
— Одамзод ҳеч қачон кўздан, оёқдан қолмасин экан, — деди тағин биринчи гапирган киши.
—Ҳа, нимасини айтасиз…
Жонмурод бу гапларга ортиқ эътибор қилмай қўйди. Фикри-ёди отасида эди. Хонадагилар жимиб қолишди.
— Отам кетдими? — деб сўради Жонмурод бир маҳал ҳамхоналаридан.
— Ҳозиргина чиқиб кетди, — деди кимдир.
— Қани, юринг, биз ҳам тоза ҳавога чиқайлик, — деди иккинчиси. Жонмурод тез орада уларнинг қадам товушларини эшитди. У хонада ёлғиз ўзи қолди. Аммо кўп ўтмай, яна қадам товуши эшитилди. Бу қадам товушлари отасининг юришига ўхшайди. Ҳа, отаси келяпти, шекилли.
— Ота! — деди у.
— Ҳа, ўғлим.
— Бу сизмисиз?
— Ҳа, хонадагилар қани?
— Тоза ҳавога айлангани чиқишди. Ота, демак чин эканда
ўлмаганлигингиз?
— Мана, кўриб турибсан-ку, болам, ўлганим йўқ.
— Қандай қилиб?
Отаси унинг назарида кулгандай бўлди.
— Болам, дамингни ол.
— Ота?
— Ҳа, ўғлим?
— Онам сизни кўрмадида. Сизни кута-кута ўлиб кетди, — деди Жонмурод нима деярини билмай.
— Биз ҳаммамиз ҳам ўламиз, — деди отаси. У энди бир нарсани хоҳларди: отасига ёқадиган, уни қувонтирадиган бирон бир яхши сўз айтишни. Аммо тилига тузукроқ бир гап келмасди.
— Отажон, мен сизни яхши кўраман, — деди, аммо у негадир сассиз айтилди, лаблари қимирладию, товуши чиқмади. — Сиз юрагимнинг тўридасиз, ҳар доим эсимда турасиз, — дея шивирлади у. Аммо бу сўзлар гумбурлаб чиқди бўғзидан.
Отаси негадир жавоб қайтармади.
 — Аслида сиз эмас, мен хабарлашишим керак эди. Одамлар мени ҳалигача маломат қилишади: “Отанг қандай зўр бахши эди, сен унинг достонларидан лоақал бир оғиз ҳам билмайсан, садқаи ўғил”…
— Достонларни ҳамма эслаши керак, ўғлим. Мен отамдан ўрганганман.
— Ота, сиз нега мендан таъна қилмаяпсиз, — деди Жонмурод. — Худо ҳаққи, бирор нарса денг, сўкинг, ёмонланг. Ахир, мен энди…
— Ҳаммасини ўзларинг биласизлар-ку. Нимагадир қорин қули бўлиб ўсдиларинг. Ёру-
дўстнинг, ошна-оғайнининг фарқига бормадиларинг. Бугун еб-ичсам бўлди, деб кун ўтказдиларинг, — отаси яна жим қолди.
Эрталаб уйғонганида, яна таниш овоз эшитилди:
— Яхши ухлаб турдингми, ўғлим?
— Ота! — деб чақирди у. — Нега ёнимга келмайсиз, оқшом келинг. Ўтган кунларни эслайлик.
— Эслайдиган нарса кам, ўғлим. Қани айт-чи, эслайдиган нарсаларинг борми? Сен қаториларнинг кўпчилиги бир-бирига ўхшайди. Тунов куни сен тенги кўп йигитлардан «Эслайдиган нималаринг бор?», деб сўрадим. Улар қайси санаторийга борганларини, кимлар билан юрганларини, қандай қилиб давлат тўплаганларини айтишди. Бошқа эслайдиган нарсалари йўқ экан. Хайр, ўғлим. Ишим кўп эди, — деди отаси. Шундан сўнг, яна унинг оёқ товушлари эшитилди.
Отаси бошқа келмади. Жонмурод уни эртасига ҳам, индинига ҳам, ундан кейин ҳам кутди, лекин келмади. Жонмурод касалхонадан тузалиб чиққанида у ётган палатага кўплар келиб кетишган, ҳеч ким унинг отасини танимас эди. Қишлоқда у «мен отамни кўрдим», деб, бир даврада гап очди. Ҳеч ким бу гапга ишонмади.
Авжи баҳор эди. Жонмурод даштда қўй боқиб юрганди. Катта йўлдан икки киши унга қараб келаверди. Таниди: тоғаси Зафар. Иккинчиси эса ўша, излаб тополмагани Карим ғилдирак экан. Ҳол-аҳвол сўрашгач, Карим шундай деди:
— Мен бир пайтлар Гулдуракда қабрларни кавлаганман. У
ерларнинг хоки-туробларини кўчирганим бор гап. Одатим мен кимнинг қабри қаровсиз қолган бўлса, мен у ерда ҳеч ким йўқ экан дейман. Ўшанда мен “Ҳаққул -бахши жойида йўқ”, деган бўлсам, дегандирман… Отангизнинг гўри обод эдими ўзи?
Жонмурод жим қолди.
Бир вақт кўзларида нимадир чарсиллаб, учқунлар сачрай бошлади. Кўксида оғриқ турди, лекин тез ўтиб кетмади, ерга қаради, оғриқ янаям кучайди. Шунда юзини тоғлар томон бурди. Қулоғи остида кимдир товуш берди. Қайрилиб қаради: ҳеч ким йўқ. Ҳатто тоғаси билан Карим ғилдирак ҳам кетиб қолибди. Уни кимдир чақиргандай бўлди. Юксак тоғларга туташган дашт томондан элас-элас товуш келди. Сесканди. Ахир, бу отасининг товуши. Вужуди титраб тинглади:

Анал билан Мансурга қурган дормиди,
Тирик айрилган бир кўргани зормиди,
Юр, чироғим дейди, мени қўймайди,
Сенда ота, менда ўғил бормиди?

Жонмуроднинг кўзларидан ёш қуйилди. Ота айтган қўшиқни беихтиёр давом қилди:

Йиғлаганда ёш ёғилар юзима,
Қулоқ сол отажон, айтган сўзима:
Кетдинг, сенга бу дунёлар тормиди,
Сенда ўғил, менда ота бормиди?

Шунда… шунда унинг кўксидаги оғриқ қўйиб юборди. Аммо кўзларидаги ёш ҳали бери тўхтамайдиганга ўхшарди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 17-сон