…Кетсин мендан оҳу войим,
Обод бўлсин мазгил жойим,
Дуо қилган, қиблагойим,
Отам Қултой, хуш қол энди…
“Алпомиш” достонидан Алпомиш сўзи
Юзи аралаш тушган қамчидан сўнг орқасидан тепки еди — кўпкариларда ўзларига йўл очиш учун олдини тўсган отларнинг биқинига тепиб ўрганган қайнилар бу барзанги ва на хотинни, на рўзғорни биладиган, умри молнинг изидан таёқ судраб, қир-у адирларда ўтаётган ва шунга яраша куч-қувватга тўлиб турган одамни бошқа жойига тепиб йиқитиб бўлмаслигини, хотинидан бошқа ҳеч кимга айтмаган сирини — айнан шу чап оёғини қирнинг устида бўри ғажиб, қувватсиз бўлиб қолганини билишгандай мўлжалдан адашмай нақ тиззасига, бўрининг тишлари қолган ва беш йилдан бери намгарчилик пайтлари зирқираб, азоб берадиган чандиқ устига орқа тарафдан кетма-кет зарба беришди — Улжоннинг кўзидан ўт чақнаб кетди. У оёғим синди деб ўйлади ва шунинг учун энди нима қилиб бўлса ҳам моматалоқ бўлиб кетмасин деб, бир пайтлар Ражаб чўпон билан Толли яйловида муз ёғаётган дўл остида қолиб, устига эшакнинг жабдуғини ёпиниб қутулиб қолишгандай, дўлдай ёғилаётган қамчилардан ҳимояланиш учун юзини қўллари билан тўсганча ҳар қандай ҳўкизни орқа оёғидан бир тортиб, қассобларга боғлаб берадиган чайир панжаларига агар биронтасининг ақалли балоғи илашиб қолса ҳам худди қутурган шердай тагига тортиб, тилка-пора қиладигандек, қайниларининг яқин келишини пешонасидан сизаётган қондан ачишиб турган кўзларини қисиб олганча пойлаб ётар, қайнилар ҳам ичидагини билиб туришгандай оёқларини унинг қўллари етмайдиган масофада сақлаб, худди пахта савалашаётгандай бири қўйиб, бири қамчилар, Улжон энди тақдирга тан берган кўйи, кўз олдига негадир ҳали қулоғи кесилмаган кучуги келган, кейин булар мени ўлдириб қўйса, изимдан йиғлаб қоладиганим ҳам йўқ, анови эси кирди-чиқди маймоққа эса мен ўламанми, қоламанми, фарқи йўқ, у мендан кейин ҳам этагига тезак йиғиб, ўтган-кетганга ишшайиб юраверади деган жосусона фикр лип этиб ўтганди-ю томоғига аламли хўрсиниқ тиқилиб, ҳатто қаршилик қилиш ҳақида ўйлашга ҳам қурби келмай, бўшашганча, ўзи неча марта кўзига қараб туриб, бўғизлаб ташлаган новвосларнинг жонҳолатда пишқиргани каби ҳансираб ётаркан, бирдан аёлнинг чинқириғини эшитди-қайдандир маймоқланиб Арзихол пайдо бўлганди; у қайниларнинг атайлаб учига қотирилган тери ўрнатилган қамчилари моматалоқ қилаётган Улжоннинг бошига ўзини ташлади: энди қамчилар аёлнинг елкаси аралаш визиллар, Арзихол бор овози билан қишлоқдошларини ёрдамга чақирганча, худди ёш гўдагини бағрига олиб, бостириб келаётган бало-қазолардан асраётгандай Улжоннинг бошини товон-у бармоқлари бирлашиб кетган майиб оёқлар билан туғилгани ва айни шу нуқсони учун соғлом ва нуқсонсиз одамлар дунёсида бир умрга бўйнини қисиб, бошини эгиб юришга маҳкум этилгани бери бошидан аримаган ҳақорат ва хўрликдан йилма-йил кичрайиб бораётган миттигина жуссаси билан тўсиб олганди. Улжон нақ бурнига тегиб турган аёлнинг кўкрагидан ачимсиқ тер ва ўзига жуда таниш бўлган кўкрак ҳидини тўйди: бир зум у бу ҳид қаердан келаётганини ва бу ҳид димоғида қачон ва қандай ўрнашиб қолганини англолмай, ўзини калтаклашаётганини ҳам унутиб, беихтиёр худди эмаётгандек тамшанди. Тамшанди-ю, кейинчалик шу ҳолатини эслаб жаҳли чиқди, сал бўлмаса, иккита сигирнинг оёғини гаврони билан уриб синдираёзди. Икки-уч ойдан кейин хотини уйга қайтиб, боласини эмизиб турганини кўрди-да, яна ўша ҳид эсига тушди. Бу ҳид жуда таниш, шу билан бирга нотаниш эди. Қисир сигирдан фарқи йўқ, бир маймоқ тўқолнинг кўкрак ҳиди ўзига таниш бўлиши ғазабини келтирди ва отасидан ўрганган одатини қилди: подага қўшиш учун сигирни етаклаб чиққан Арзихолниннг елкасига алам билан гаврон туширди. Бу марта аёлни аяди, гавроннинг учигина тегди. Арзихол унинг қўрс ва қўпол муомаласига ўрганиб кетганди. Елкасига гаврон тушганда майишиб кетар, оғриқни билдирмай унга ожиз ва ялинчоқ тарзда тикилганча маймоқ оёқларини судраб, нари кетарди. Шундай пайтлари Улжон Ражаб чўпондан ўрганган сўзлар билан “Энағар, маймоқ!” деб сўкинарди. Ражаб чўпон одамови ва қаҳри қаттиқ одам эди. Унга мол билан одамнинг фарқ йўқ, ким жаҳлини чиқарса, узун гаврони билан тушириб қолар, шунинг учун терсоталиклар уни кўпам давраларга қўшавермас, у подаси билан яйловда қанча юрса, қишлоқ шунча тинч бўлади дейишарди. Унинг ана шу қўрс ва ўзига ёқмаган ҳар қандай масалага гаврон билан аралашиш одати, гарчи пушти камаридан тушган фарзанди бўлмаса ҳам Улжонга тўлиқ кўчиб ўтганди. Ражаб чўпон қаҳри қаттиқ бўлгани билан мижғов эмасди. Улжоннинг асранди эканини бирон марта ҳам юзига солмади, шу сабабли Улжон бу уйга асранди экани хаёлига ҳам келмасди. Бола қизи билан кўкрак талашиб катта бўла бошлагач, бировнинг фарзанди экани ҳам Ражабнинг эсидан чиқиб кетди ва у олти ёшга кириши билан ўзига қўшиб, подага олиб кетди. Шундан сўнг гоҳ Чит устидаги, гоҳ Толлидаги яйловларда ойлаб қолиб кетишар, ота-бола пода кетидан юриб, ўз изларидан худди ўз умрларининг ёрқин ва навқирон даврларини бирма-бир ёқиб, кейин ўчиришаётгандек тутаб ётган ўчоқлар билан бирга мол тезаклари қолдирганча, гавронлари билан сигир оёқлари-ю ўзларига ёқмаган одамлар елкасига жиззаки феълларининг асоратларини чизиб, ўзларининг гоҳ юввош, гоҳ зардали кайфиятлари каби ўзгарувчан фасллар-у йилларни бу тоғ яйловлари ва дашту-далаларга бирма-бир алмаштириб чиқишарди. Улжон мактабда ўқимади, унинг борлигини биров эсламади ҳам. Шунинг учун худди дашт бўриси каби жиззаки ва циркаси сув кўтармайдиган қизиққон бўлиб ўсди. Орадан йиллар ўтиб, балоғат ёшига етгандагина, ҳужжат кераклиги ёдига тушишдими, Ражаб чўпон бир қўзили қўйга эски таниши орқали туғилганлик гувоҳномасини тўғирлаб олди. Шундай қилиб, Улжоннинг асранди фарзанд экани ҳам, кенжа қизи икки ойлик бўлганда, баҳорнинг охирларида безгак тутиб ётган хотини касал ҳолида отасиникига кетиб, қўлида бир ҳафталик бола кўтариб келгани ҳам эсидан чиқиб кетди. Ўшанда у хотинининг қўлидаги эти ҳилвираб ётган чақалоқни кўриб, отасиникида икки кун қолиб кетгани учун гаврон билан савламоқчи бўлди-ю, аммо хотинининг ўзига ялиниб, илтижо билан титраб, безгак тутиб турганини кўргач индамади. Устма-уст қиз туғиб, мендан калтак еявергани учун ҳам бу болани олиб келган деб ўйлади ўзича. “Бир қариндошимиз туққан куни ўлиб қолибди, қизинг ҳали сутдан чиқмаган деб менга беришди, бу энди бизнинг боламиз, отаси” деди Роҳат. Ражаб энди туғилган қўзичоқдай бўлиб ётган чақалоққа қаради-ю, бошқа бу бола кимнинг боласи, қандай қариндоши бўлади, қайнотаси нега касал хотинини айнан шу кунлари Читга шошлинч чақирди ва хотини қандай қилиб бу болани олиб келди, қайта суриштириб ўтирмади. Ҳатто унга исм қўйиш ҳам эсдан чиқиб кетди. Орадан бир ҳафта ўтмай хотини безгакдан қалтираб иккита чақалоқни боқишга қийналаётганини айтди ва отасининг уйида ўтириб қолган маймоқ синглисини олиб келишини сўради. Ражаб чўпон индамади. Хотини куви пишишга ҳам қурби етмай қолганини ва кундан кун худди кузги шувоқдек тўкилиб бораётганини биларди—Арзихолни қайнотаси бир сўз демай, худди бу эр олмас қиздан безор бўлишгандек, битта эшак қулоғича келадиган бўғчага ўралган кийимлари билан ташлаб кетди. Ҳатто куёвнинг кўзларига қарамади ҳам. Ражабнинг майдакашлик одати йўқ эди. Бунга эътибор ҳам бергани йўқ. Кейинчалик бола юра бошлаганда Ражаб боланинг бўлиқ оёқларига қараб туриб, хотинига “Бу энди бизнинг ул бўлди, Улжон қўяқол” деди. Шундай қилиб, Читлик бола Ражаб чўпоннинг меросхўри бўлиб қолди ва Арзихол ҳам қайтиб отасиникига кетмади. Улжоннинг ҳам асранди экани баъзида келиб, отасининг уйи-ю молига иддао қилиб кетадиган қизлари демаса, ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Аммо қизлар Ражаб чўпоннинг Улжонга бўлган муносабатини кўриб, бу ҳақда очиқ-ошкора оғиз очишмасди. Роҳат тўшакка михланиб қолгандан кейин бутун рўзғор мўйлови сабза уриб, отасидай бағритош ва қўпол бўлиб вояга етаётган Улжоннинг турткилашлари-ю қамчиларидан қирқдан ошар-ошмай муштдай бўлиб қолган шу маймоқ аёлга, Ражаб чўпондан сўнг қишлоқнинг подаси эса Улжонга қолди.
Улжон Арзихолни бошидаёқ ёқтирмасди: у бу мажруҳ аёл нега ўзлари билан яшаётганини узоқ вақтгача тушунмади — кейин эса онасининг ўрнидан туролмай ётганда ёлғиз шу майиб холаси кунига яраётганини кўрганда, баттар ғаши келди: унга бу аёлнинг бирон ишни эплаб қилолмаслиги, иш буюрса, ҳамиша чаласи бўлиши, чироқ ёққанда, шишаси ёрилиши, идиш ювганда коса синдириши, нон ёп деса, хамир оқиб кетиб, нонсиз қолишлари, соғиб олган сутига, албатта, мол гўнги қўшилиб қолиши, умуман, аёлга хос бўлган жуда кўп фазилатлар бу Худо урганда йўқлиги унинг ғашини келтирар, устига устак бу аёлга раҳм қиладиган, унга ачинадиган одамнинг ўзи йўқ, отасидан тортиб, опаларигача Арзихолга бир кераксиз ва ортиқча буюмга қарагандай қарашар, боболари билан тоғалари ҳам Читдан қидириб келишганда Арзихол билан номига сўрашар, гўё у аллақачон ўлиб кетгандай, бу майиб аёл бир бегонадай, унинг ҳали ҳам ўша отаси билан олиб келган бўғчадаги кийимлари устига илиниб турган абгор қиёфасига эътибор ҳам беришмас, Роҳат эса касаллик ҳеч кимга кераги бўлмаган бир маймоқни эмас, айнан ўзини танлаб, ҳаёт шамларини бирма-бир ўчираётгани учун алами келгандек ётган жойида Арзихолни “Сен тўқол, мени ўзингдай бебурд қиласан, мени иснодга қўясан” деб қарғанар, кўзи тушган жойда уни гўрдан олиб, гўрга тиқар, шунда ҳам бу аёл хўрлик ва ҳақоратга лойиқдай бирон эътироз билдириш тугул, ҳамиша қўрқиб, ҳуркиб, бурчак-бурчакларга бекиниб, бировларнинг кўзига кўринмай яшар, бу эса Улжоннинг ғашини баттар келтирар, уни кўрган жойда турткилаб ўтар ва ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деб сўкарди.
Қайниларининг қирдан ошиб келаётганини кўргандаёқ Улжон буларнинг нияти бузуқлигини билганди. Аммо том айланиб қочишга ё бекинишга ғурури йўл қўймади. Отнинг абзалини тортганча уларни пойлаб тураверди. Биринчи қамчи келиб тушганда, от ҳуркиб, қочиб қолди. Қишлоқда ҳар ким ўз иши билан банд, тўртта барзангининг қишлоқдаги ҳар қандай йигитни бир чўқишда қочирадиган Улжондай одамни уйига келиб калтаклаши хаёлларига ҳам келмасди. Аммо қайнилар бир сўз демай куёвни савалашга тушишди. Товуқларга дон бериб, катакдан ўрмалаб чиқаётган Арзихол кўриб қолиб, ўзини устига ташлаб, бор овози билан бутун қишлоқни оёққа турғизгандагина қишлоқдошлари ажабланган кўйи бирин-кетин югуриб кела бошлашди.
Бойқул чол Қўшкўллик қайниларни жеркиб берди.
— Сингилларингни ҳайдаб юборган бўлса, қамчи билан қўшасизларми? Ҳе, ўргилдим сизлардай оркашлардан.
— Синглимиз энди бу ҳўкизнинг уйига ўлса ҳам келмайди! Бунга бошқа хотин топиб беринглар! — деди ўртанча қайни.
У жимитдай гавдаси билан Улжоннинг бошини тўсиб олган Арзихолнинг елкаси оша қамчи туширганда акасидан бир қамчи еб, бўйнини ушлаб турарди.
Қайнилар от чопиб, қишлоқларининг орини кўтариб юрган одамлар эди. Кекса чол билан тортишиб ўтиришмади. Бундан ташқари терсоталиклар ҳам ўз қишлоқларига қамчи кўтариб бостириб келишганидан нафсонияти қўзғалиб, бири таёқ, бири паншаха кўтариб олишган, важоҳатларидан ака-укаларни ғажиб ташлагудек кўринишарди. Улар отларига миниб, бир сўз демай жўнаб қолишди. Арзихол юзидан сизаётган қон бўйни орқали ичига оқиб кетаётганидан бехабар Улжоннинг юзидаги жароҳат изларини рўмоли учи билан артар, нарига учиб кетган телпагини қоқиб бошига кийдирарди. Унинг меҳрибончилиги Улжоннинг жаҳлини чиқарди. У ўзига келиб, аёлни итариб юбориб, ҳали қирга етмаган қайниларига бир кўз ташлаб, омборга қараб югурди. Арзихол унинг нима учун омборга кирганини билди. Маймоқланиб, Бойқул чолга нимадир деб ғулдураганча, изидан чопди ва омборнинг эшигига таёқ ўтказиб қўйди. Ичкаридан Улжон эшикни тепиб бақираётгани эшитилди. Улжон бир илож қилиб, эшикни бузиб, қўлида милтиқ билан чиққанда қайнилар аллақачон қир ошиб кетганди. Улжон аламига чидолмай қўндоқ билан Арзихолни бир уриб йиқитди.
— Энағар маймоқ, уларнинг ўрнига сени ўлдираман!
Улжон хотинининг кетиб қолиши-ю, қайниларининг ўзини савалашгани аламини биратўла маймоқ аёлдан олди: ҳар доим подадан қайтганда Ражаб чўпон оёқ остида ётмаслик учун ўргатган жойга — айвоннинг шифтига тиқиб қўйилган узун ирғай таёқ билан Арзихолни солиб қолди. Аёл сал бўлмаса икки қадамга, айвонга териб қўйилган буғдой қоплари устига учиб бориб тушди: унинг жимитдай танаси худди коптокдай юқорига кўтарилиб тушганини бу ерга нафсониятлари қўзғалиб эмас, кўпроқ томоша учун келган терсоталиклар аниқ кўришди. Арзихол Улжонга ожизона ва заиф овозда нимадир демоқчи бўлди, мусичанинг қуриллашидай овоз чиқарди, аммо ҳеч нарса демади, таёқ тушиши билан бошидан учиб тушган рўмолини олиб, эсига тушгандагина қатиққа ювиладиган сочи патак бўлиб ётган тўзғоқ бошига ташлаб, Улжоннинг кўзидан яшириниш учун молхона тарафга пилдираб ўтиб кетди.
Кечга яқин Ўрол уста қоп-қорайиб кетган таёқ ўрнини кўриб, заифлашиб қолган тирсакни ушлаб кўраркан, аёлчалиш қилиб қарғанди:
— Ҳўкиздай бўлмай ўл-да, сен, Улжон. Келиб-келиб бир майибга кучинг етдими? Қўлини синдириб қўйибсан-ку, жувонмарг.
Арзихолнинг оғриқдан кўкариб кетган юзига қараб, ўзи устани бошлаб келиб, ўзи дакки эшитаётгани жаҳлини келтирдими, ё қилган ишидан уялдими, Улжон чолга бир оғиз гап қайтармай нари кетди.
— Уни қарғаманг, уста бова, — деди Арзихол оғриқдан терлаб, инқилларкан. — Айб ўзимда. Ўзим йиқилиб тушдим. Хотинини мен сиғдирмадим. Мени деб кетиб қолди. Нима қилай, мен бир Худо урган аёл эканман. Бунга ҳам дардисар бўлдим. Ўзи опамнинг ўрнига мен ўлиб кетсам бўларди.
Терсоталикларнинг биронтаси Улжонни койий бошласа ва у ҳақда ёмон фикр билдирса, Арзихол бирдан уни “Аслида айб менда, опамнинг ўрнига мен ўлиб кетсам яхши бўларди” деган сўзлар билан ҳимоя қилишга тушарди. Роҳат одам танимай, кўзлари орқали рози-ризолик қилиб ётаркан, Арзихол розилик сўраш ўрнига “Сизнинг ўрнинигзда мен ўлсам яхши бўларди, Улжон ҳам шуни истаяпти”, деб йиғлаганини ҳали ҳалигача қишлоқдошлари эслаб юришарди. Терсоталиклар бу мажруҳ аёлнинг ҳамиша ўзи қилмаган айбни бўйнига олиши ва ҳамиша ҳуркак, бир нарсадан хавотирда юргандай доимо Улжоннинг олдида қалтираб туриши, Улжон деса касаллигига қарамай ўрнидан туриб кетиши, Улжон келмаса кечалари токи у келгунча мижжа қоқмай чиқиши, баъзида оч кетганда, овқат кўтариб, майиб ҳолига қарамай, икки қир нарига — яйловга пиёда бориб келиши, болалари ва хотинининг тайёр чўриси бўлиб қолганининг сабаби — аёл унга ўрганиб қолган, шу сабабли Улжоннинг уйдан ҳайдаб юборишидан қўрқади, пода изидан юравериб, ўзи ҳам ҳўкизга ўхшаб қолган бу ёввойи уни ҳайдаб юборишдан ҳам қайтмайди, шунинг учун ҳам бу аёл ўзига шунча азоб берган одамга барибир меҳрибонлик қилаверади, чунки бу асрандини чақалоқлигидан ўзи кўтариб катта қилган, ўз боласидай бўлиб қолган, бир уйга бека бўлиш бахтидан маҳрум бўлган шўрликнинг шу чўпондан бошқа бу дунёда овунчоғи қолмаган, фақат шу Улжонга бўлган меҳргина бу бебахтни дунёда ушлаб турибди дейишарди.
Ўрол уста ўшанда қарийиб ўттиз йилдан бери Ражаб чўпоннинг уйида ярим жон ва миттигина бўлишига қарамай, қўли косов, сочи супурги бўлиб қолган аёлнинг йиқилиб тушганига ишонмаганди: таёқнинг ўрни билиниб турарди. Арзихол ҳеч қачон бирон кишига айтмаган бўлса ҳам унинг гоҳ пешонаси, гоҳ юзи шилиниб, кўкариб юрганини кўрган қишлоқдошлари бу Улжоннинг иши эканини билишарди. Уста Ўрол тухум суртиб, Арзихолни додлатиб, тирсакни худди мунчоқ тераётгандай силаб-ишқалади, цинган суякларни қўли билан текислаб бўлгач, чорчўп қилиб боғлаб қўйди. Оғриқ қолгандек бўлди-ю, аммо Арзихолнинг тирсаги йиллар ўтиши билан қалтирайдиган, кейин эса, салга чиқиб кетадиган даражада мўртлашиб қолди. Орадан йиллар ўтиб, Арзихолнинг чиқиб кетган тирсагини худди қўғирчоқнинг қўлидек жойига солиб қўйишга Улжоннинг болалари ҳам ўрганиб кетишди, тирсакни жойига солиш пайти аёл дод-вой қилиб турганда, Улжон секин уйдан чиқиб кетар, шунча йиллар ўтган бўлса ҳам негадир қайнилари келиб кетганда алам устида Арзихолни калтаклагани ёдидан чиқмас ва ўша кунги тер ҳиди келаётган кўкрак ҳидини димоғида туярди. Ваҳоланки, у бу маймоқни жаҳл устида таёқ билан солиб, майиб қилиб қўяй деган ҳолатлар умри давомида кўп бўлган, буларнинг биронтаси ҳам эсида қолиш тугул, ҳатто бир мўйини қилт эттирганини эслолмасди. Нега айнан ўша кунги воқеа ёдида бунчалик узоқ сақланиб қолганини тушунмасди. Энг кайвони кампирлару оқсоқолларнинг ҳам қўлидан келмагач, терсоталикларни ҳайратга солиб, пою-пиёда маймоқланиб Қўшкўлга кириб борган Арзихол билан бирга уйига қайтгани сабабли сингиллари билан юз кўришмас бўлиб кетгани учунми ё турмуш дегани чимилдиқдаги энтикишдан бошқа нарса эканлиги туфайлими, хотинининг тобора инжиқ ва мижғов бўлиб бораётганига қарамай изма-из туғилаётган болалар ўша кунги калтакланганининг аламини ҳам, хотинининг заиф жойини сотиб қўйганини ҳам, қайнилари уни уриш учун айнан ўша заиф жойидан фойдаланишганини ҳам, ўша куни Арзихолни жаҳл устида уриб, биринчи марта чеккан хижолатини ҳам унинг хотирасидан суриб чиқаришди, аммо ачимсиқ, тер таъми бор кўкрак ҳиди эсидан чиқмади. У бу ҳидни илгари қаерда ҳидлаганман деб кенг водийда ёйилиб ўтлаётган подаларга худди ўз мулкини кузатиб турган шаҳоншоҳдай серсолиб қараганча, Арзихолнининг гоҳ елкаси, гоҳ оёғига тушавериб, ўзи ҳам аёлнинг билак ва елкаларига қўшилиб, йилма-йил ейилиб-силлиқланиб бораётган таёққа суяниб, азобли ўйининг тагига етишга уринарди. У йилларнинг уваланиб кетган кесаклари ва сувоқлари остида қолган йилтиллаб турган ўша хотирасини топгандек бўлди: Арзихол маймоқ чақалоқлигида ўзини овутиш учун кўкрак берган, шу йўл билан Роҳат онаси йўқ пайтлари, кейин эса, касал бўлгандан кейин ҳамиша тер ҳиди келаётган, оёқларидек заиф ва ҳаёт асари йўқ, худди сузмаси ачиб қолган халтадек сўлғин, сассиқ кўкрагини оғзига тутган, ҳид ўшандан димоғида қолган деб ўйлади ва бу уни баттар тутоқтириб юборди — у бу маймоқни эр ҳам олмагандан кейин менга кўкрагини бериб, ўзини овутган, шунинг учун мени худди ўзи туғиб қўйгандай меҳрибонлик қилган, бу ҳид ўша пайтлардан хотирамда қолган деган хулосага келди: бу унинг жаҳлини баттар қўзғади, агар шу пайт маймоқ олдида бўлганда, гаврони билан елкасига солиб қолишдан ва соғ қўлини ҳам майиб қилишдан қайтмасди. Шунинг учун у кейинчалик ҳам Арзихолнинг майиб оёғига қўшилиб, ўнг қўли ҳам бутунлай ишламай қолганда, бирон марта ўзини айбдордай ҳис қилмади: аксинча, унинг бир пайтлар, онаси ўрнига ўзининг шўрланган теридай кўкрагини тутгани учун кечиролмади. Улжоннинг аёлга бўлган бундай муносабати кейинчалик унинг болаларига ҳам ўтди: эсини таниётган болалари ҳам чақалоқларнинг иштонини ювишми, тезакдан гувала қилишми, қозон остига олов ёқишми, қиш кунлари қуриган юлғун териб, тўқайзор титиб юришми, ҳаммаси маймоқ аёлнинг чекига тушганидан заррача ҳам ажабланишмай қўйишган, уни момоларининг синглиси деб эмас, уйларидаги ўзлари қилишга ирганадиган ёки қўллари бормайдиган қора ишларни бажаришга маҳкум этилган чўри деб тасаввур қилишар, Роҳат ўлгандан кейин Арзихол сичқон ҳиди босиб кетган омборга кўчиб ўтган — Улжон нозик меҳмонларга атайлаб тоғда отиб келган, шамолда қуритиб, қотириш учун омборни тўлдириб илиб ташлаган ва қотгани сайин шунча мазаси чиқадиган тўнғиз этлари билан бирга бу аёлнинг умри ҳам кичкина ҳужрада йилма-йил қуруқшиб борарди.
Аслида хотинининг кетиб қолишида Арзихолнинг айби йўқ эди. Арзихол келинни ҳайдатиб юбориш тугул, унга ўқрайиб қарашга ҳам юраги бетламаган, аксинча, келин келган куниданоқ бу маймоқ аёлга бутун жасадини ташлаб олганди. Олдинига номига бўлса ҳам Улжоннинг онаси ўрнидаги холаси, шуларнинг хизматини қиласан дейишди келинга. Аммо Арзихол келинга хизмат қилдиришга имкон ҳам қолдирмади. Ҳали чилласи чиқмаган деб уй юмушларини ўз зиммасига олди — келиннинг бахти бор экан — чимилдиқдалигидаёқ текин хизматкорга эга бўлди. Келин пода изидан кетган, баъзи кечалари туни билан ҳам яйловда тунаб қоладиган куёвни кутиб ўтирган тунларда Арзихол уни овутишга уринарди — ҳали ҳеч кимга, ҳатто ўз опасига ҳам айтмаган сирларини шивирлаб айтиб, келиннинг куёви келмаётганидан пайдо бўлган ҳижронини бироз бўлса ҳам босишга уринарди. Келин биринчи бор кўргандаёқ бу аёлнинг оёғини тўғрилаб босишдан бошқа армони бўлмаса керак, бундай аёлда орзу-ҳавас нима қилади деб хато ўйлаганини ўша кунлари билиб қолди. Зеро Арзихолнинг ана шу сиридан бошқа биронта ҳам бошқаларга айтишга арзигулик хотираси йўқ эди. Шунинг учун чилласининг чанқоғини босолмаган келинга шу хотирани айтиб, чимилдиқдан чиқмасдан куёвдан норози бўлаётган келинни чалғитишга уринганди. Шундан бошқа нияти йўқ эди. У келинга уялиброқ, лекин хўрсиниқ билан бир чавондоз йигитга кўнгли тушганини, ўзларига маймоқ келинни муносиб кўрмаган ота-онасидан нолиб, у йигит ҳу анови қир ортидаги қишлоқдан келиб, тўқайзорда учрашиб турганини, Арзихол ҳам уйларидаги сув тўла челакларни ўрага ағдариб, тез-тез сув олиб келиш учун дарё бўйига—ўша тўқайга тез-тез бориб туришини, йигитнинг қамчисига каштали бандак тўқиб берганини, кейин нима бўлиб, чавондоз йигит кўринмай қолганини, орадан ойлар ўтса ҳам ундан хабар бўлмаганини, у эса юрак ютиб бировга бу ҳақда гапиролмаганини, ҳали ҳам ўша йигит навқирон ва ўктам қиёфада, юлғун ва зирк билан тўлган тўқайда юргандек, ўша тўқайга боргиси, уни кўриб, кўкрагига бош қўйиб шунча йиллик айрилиқ учун гина қилиб, тўйиб-тўйиб йиғлагиси келишини айтиб қўйди. Ўша пайти келин бу гапларни бирон кишига гуллаб қўймасликка ваъда берганди. Аммо болалар туғилиб, Улжоннинг холасига бўлган қўпол-қўрс муомаласи аста-секин келиннинг ҳам бетини қотирди—у ҳам Арзихолга эрига ўхшаб муомала қилишни ўрганди. Олдинма-кетин туғилаётган болаларнинг бешигини тебратавериб аёлнинг қўллари чилвирдай эшилди, кейин эса кўтаравериб, елкасининг яғири чиқди. Аммо буни аёл бир марта ҳам на Улжоннинг, на келиннинг юзига солгани йўқ. Аксинча у худди ўз невараларини бағрига олиб, тарбия қилаётгандай болаларнинг на хархашасидан, на тўполонидан безор бўлар, болалар уни қийнаган сайин аёлнинг уларга меҳри ийиб, кўпроқ суйиб борар, болалар уни гоҳ от, гоҳ эшак қилиб миниб, бутун ҳовлини айланиб юрганини кўрганда Улжон асли бу маймоқнинг эси йўқ, бунинг ўзини тарбиялаш керак олдин, у томонидан бу томони яқин қолган кампир ҳам шунақа қилиб болалар билан ўйнайдими деб ўйлар ва шундай бир аёлни ўзига дардисар қилиб ташлаб кетган онасидан норози бўлиб, қўлидаги гавронни ғазаб билан ушлаб қўярди. Келин ҳам энди унга бир хизматкорга қарагандай қарар, уй ишлари-ю, супур-сидир, мол-ҳолга ва болаларга қараш Арзихолнинг зиммасида эди. Йиллар ўтиши ва чимилдиқдан узоқлашиб, турмушнинг бетийиқ эҳтиросларига ўралашиб қолган келин берган ваъдасини унутди. Бир куни Улжон дастурхон устида қир ортидаги бир чавондозни байтали тепиб ўлдирганини айтиб, жанозага бораяпман деб, хотинини шошира бошлади.
— Энағарни бедов эмас, байтал тепиб ўлдирибди. Худди ўч олгандек, нақ қаншарига тепибди, — деди у.—Бойқул чол кутиб турибди. Худди ўзи борса қирда бўри ейдигандай… Тез бўл…
Шунда келин бефаросатлик қилди.
— Бу, ҳалиги, сиз билан ваъдалашиб юрган чавондоз эмасми, — деди пичинг аралаш келин бир четда Улжоннинг хуржунини омбордан олиб чиққан Арзихолга. — Ҳали поччамнинг азасига бораяпман денг…
Улжон ажабланиб хотинига қаради. Арзихол эса тахтадай қотиб қолди — у ҳозир ҳаммаси тугайдигандек, Улжон унинг сирини билиб, терисига сомон тиқадигандек гезариб-қалтираб турарди. Унинг юзи бунчалик оқариб кетганини ва бунчалик саросимага тушганини ҳали ҳеч ким кўрмаганди. Унинг юзи кечириб бўлмас гуноҳ устида қўлган тушгандек оқариб кетганди. Аммо Улжон хотинининг гапидан бошқа маъно туйди: бир ҳафта олдин келиннинг холаси тўй қилганда Улжон “Поччангнинг олдида тўй қарзим йўқ, мен тўй қилганимда ҳам келгани йўқ, орамиз очиқ” деганди. Бир ҳафтадан бери тўмтайиб юрган хотини қош қўяман деб кўз чиқарганини кеч англади, пичинги қимматга тушди.
Безрайиб турган Арзихол аралашишга улгурмади, келин фақат қариндошларининг тўй-азасига бормай қўйгани учун эмас, эри йилнинг уч фаслини яйловда ўтказаётгани ва ўзининг гулдай умри иккита чурвақанинг биғиллаши билан ўтиб бораётгани учун тўлиб турган эканми, тилига келганини оғзи чарчагунча гапирди, Улжон ҳам қўли чарчагунча уни савалади. Улжон кетгач, елкаси маматалоқ бўлган келин болаларини олиб, Қўшкўлга, отасиникига кетиб қолди. Арзихол Қўшкўл қиригача ялиниб борса ҳам келин қайрилиб қарамади: у келиннинг изидан токи қош қорайгунча қараб ўтирган қир устида эртасига тўртта отлиқ пайдо бўлди….
* * *
Ўзига тенгдош аёллар аллақачон келинли бўлиб, болалар-у набиралар, келинлару қизлар парваришида, етти қават кўрпа устида соғликларидан нолий бошлаганда ҳам Арзихол на соғлигидан, на турмушидан нолир, ҳали ҳам отаси Ражаб чўпонникига опасининг хизматини қилиш учун ташлаб кетган ўша сунбула оқшомидек тонгдан шомгача Улжоннинг йилма-йил каттариб бораётган ғалвали рўзғорида, қўзи изидан тўқайзору баҳор пайтлари худди дунё ўткинчилигини таъкидлаётгандек шошиб-тўлиқиб оқадиган дарё бўйида, пода тезаги тушган қиру адирда, қишлоқнинг миш-мишлару ғурбат кўмилган чанг кўчаларида ўзининг шум тақдирини етаклаб юргандек куймаланиб юрар, уни майиб қилиб яратган тақдир худди уни энди сийлаётгандек ёши ўтган сайин у тетиклашиб, кучга тўлиб борар, янаям жонсарак бўлиб қолган, кечаси ҳаммадан кейин ётар, очилиб қолган болаларнинг ва Улжоннинг устини ёпиб қўяр, совуб қолган печкага тезак ташлар, ухлаб ётган келиннинг уйғониб қолишидан хавотирланиб, нафасини ичига ютиб бешик тебратиб чиқар, кейин алламаҳалда йиллар-у фасллар қор ва ёмғир қиёфасида емиравериб, каламушнинг уясидай ғариб қилиб қўйган омборга кириб кетар, эрталаб эса маймоқланиб ё офтобани, ё сут тўла кадини ағдариб юборган шовқин билан бошқаларни уйғотар, энди товуши дўриллай бошлаган Улжоннинг болалари ҳам уни худди оталаридай жеркир, келин эса тиним бермай юмушга кўмиб ташлар, у эса яроқсиз бўлиб қолгач ташлаб юбориладиган буюмга ўхшаб бу уйдан ҳайдалишдан чўчигандек ҳеч бир ишдан бўйин товламас, у ўзини кераксиз бўлиб қолаяпман деб ўйлагани сайин Улжоннинг болаларидан тортиб, ўзи ҳам кампирга кўпроқ суяниб борар, унинг оғриб ё касал бўлиб ётиб қолишини тасаввур ҳам қилишолмасди. Худди ўзи чиқмаса, қишлоқ моли ўрмайдигандек, Улжонни пода изидан Азлар қиригача кузатиб қўяр, агар кеч қолса, ҳеч кимга айтмай яна ўша қирга, чайир ва темирдай мустаҳкам илдизлари тошларни ёриб, қояга чирмовуқдай ёпишиб олган, шохлари қуриб-қақшаб кетганига қарамай энг баланд новдасида ҳали жўшқинлик ва кўклам ҳиди барқ уриб турган, бир жуфт ғуддасини худди бутун дунёга кўз-кўз қилаётгандай силкитиб қўядиган ва табиатнинг фасллар қиёфасида гоҳ изғирин, гоҳ жазира, гоҳ сел бўлиб келадиган барча синовларига матонат билан дош бериб келаётган ёлғиз кекса заранг дарахти ёнига бориб, хира торта бошлаган кўзларини олис яйловларга тикиб, чўккалаб ўтириб олар, гўё кекса заранг билан сабр ва матонат борасида баҳс бойлашаётгандай токи узоқлардан келаётган поданинг чанги кўринмагунча шу ҳолатда қилт этмай ўтираверар, пода кўриниши билан маймоқланиб, туртиниб-суртиниб, пешвоз чиқар, қарийб эллик йилдан бери ёлғизликдан зериккан дарахт эса уни қўйиб юбормаслик учун жулдур кийимларидан бир парча юлиб қолганини ҳам, кейин асов шамолда худди ғолиблик туғидай лахтакни ҳилпиратиб турганини ҳам сезмай, Улжон сари отиларди. Аёл қариган сайин жонсарак, ҳаракатчан, серғайрат бўлиб борар, энди уни бошқа терсоталакларнинг ҳам хизматини қилиб, турли ҳовлиларда ғимирлаб юрганини кўриб қолишарди.
Уни кўрганда ўз қисматдошини топгандай шабада тили билан овоз чиқарадиган зарангнинг зорланишлари ҳам, маймоқ кампирнинг худди жандасини судраб юрган дарвишдай ойма-ой тўкилиб бораётган танасини бошқаларга билдирмаслик учун азод кўтариб юриши ҳам энди пешонасига ёзилган тақдири азал ҳукмини ўзгартиролмади: Арзихол бир умр қўрққан нарса кузнинг ўрталарида тегирмондан ярим халта ун торттириб келгандан сўнг содир бўлди — у бирдан ётиб қолди — худди жон томири узилиб кетгандай кундан кунга юзларидан ҳаёт асари йўқола бошлади. Шу ётиш билан хазонрезгини ўтказиб, қишнинг нақ чилласида қайтиш қилди. Туфласа тупук музлайдиган тонгда уни сўнгги манзилга кузатишга ўнтача терсоталик ва ҳали бетлари қотмаган қариндошлар йиғилишди: бу ерга йиғилганлар азага келгандан кўра чет қишлоқдан келиб, бошқалар бир неча кунда эгаллаб оладиган терсоталикларнинг кўнглига қирқ йилдан ортиқ яшаб ҳам киролмаган, кириш у ёқда турсин, кириш эшигини тақиллатиб ҳам кўрмаган ва шунча йиллардан бери ўзининг маймоқ оёғини, қирқ йилча бирга яшаб ҳам сирли ва номаълум бўлиб қолган кўнглини ўзларидан яшириб ўтган мажруҳ аёлнинг ҳеч қурса сўнгги кунида, худди қулаган қалъага бостириб кирган қўшиндай, унинг бор сирини энди фош қилиш мақсадида йиғилишгандай эди: Улжон ҳам айни шундай кунда ўзини ташвишга қўйганидан норози тўнғилларди.
— Бу маймоқнинг ўлган куни ҳам ўзига ўхшаган ташвиш бўлди-я…
У бу гапларни атайин бошқаларга эшиттириб айтди, шу йўл билан касал онаси ўлгандан сўнг ҳам Читга қайтариб олиб кетмай ўзининг бошига мажруҳ аёлни дардисар қилиб қўйгани учун бобоси билан тоғасини чақиб олмоқчи эди. Бобосининг энди парти кетиб, шарти қолганди, унинг гапига парво қилмади — у ўзининг дармонсизликдан осилиб тушаётган бошини зўрға кўтариб турар, тоғаси эса ўзини эшитмаганга соларди.
Улжон номига бўлса ҳам чолларнинг қистови билан майит ётган омборхона туйнуги олдида туриб, рўмолча билан кўзларини ишқалаган бўлди, таёққа суяниб, “холам-ов” деди. Унинг бу йўқлови тинч осмонда момоқалдироқ гумбурлагандай таъсир қилди, йўқловдан кўра зардага ўхшаб эшитилди. Азага келганларнинг кулгуси қистади. Чоллар ёши қирқдан ошиб ҳам эл русумини тушунмаган бу бесўнақай ва қўрс одамдан норози бўлиб бош чайқаб қўйишди. Шунда кимдир келиб, Улжоннинг қўлтиғидан олди. Улжон секин бурилиб, кенжа тоғасини кўрди. Тоғаси Читдан эрталаб икки киши отда суяб зўрға олиб келган ва айвоннинг бир четида тагига омонат тўшалган пўстакда ўтирган бобоси чақираётганини шивирлаб тушунтирди. Улжон кўпам жини суймайдиган ва шунча йилдан бери онда-сонда боболигини эслаб қоладиган, шунда ҳам бирров келиб, тез жўнаб кетадиган чолнинг ўзида нима гапи бўлиши мумкинлигига ажабланиб, лайлак юриш қилиб, чолнинг олдига борди-да, “Нима дейсиз?” дегандай сурлик билан таёққа суяниб турди. Бобоси худди айбдордай бошини эгиб олганди. Кейин қариликданми ёки барибир маймоқ ва мажруҳ бўлса ҳам фарзанди ўзидан олдин дунёдан ўтганидан эзилганиданми, кўзлари ёшга тўлиб, хириллоқ товушда деди:
— Онам деб йўқланг, болам. Онам денг.
Улжоннинг ғаши келди. Энди шу етмай турувди деб ўйлади.
— Нега она деб чақираман? Онам ўлиб кетганига ўттиз йилдан ошди.
Бобоси чуқур хўрсинди. Кўзларини олиб қочди. Кейин пичирлади:
— Арзихол сизнинг туққан онангиз бўлади, болам. Салом чавондоз бадном қилиб кетгач сизни Роҳатга бердик. Аслида сизни Арзихолнинг ўзи эмизиб катта қилди, болам… У сизнинг ҳақиқий онангиз…
Чол бошқа ҳеч нарса демади. Куннинг аёзини жунлар ичига кириб олиб енгмоқчидай, пўстакни оёқларига ўраб, кўзларини юмиб олди ва шу билан ўзининг сўнгсиз дардларига ва маймоқ қизини исноддан қутқариш учун ўйлаб топган ўша олис хотирасига кўмилиб кетди.
Улжон эса “Бу эсини еган нима деяпти?!” дегандек тоғасига қаҳр билан қаради. Тоғаси бошқалар эшитиб қолишидан қўрққандек, отасининг гапини тасдиқлаб, “Шундай!” дегандек индамай бош ирғади ва у ҳам бу бетийиқ жияни таёқ билан солиб қолишидан қўрққандек нари кетди. Улжон худди бу азали ҳовлининг безовта ҳилпираётган яловидай юзи пирпираб, атрофга илинж билан тикилар, кимдир бу гапларни ёлғон дейишини кутар, аммо ҳамма ўз иши билан банд ва бу гапни инкор қиладиган марднинг ўзи бу ҳовлида кўринмасди. Шунда аввал қайнилари калтаклашга келган кунда туйган кўкрак ҳидини димоғи тагида туйди, кейин бу ҳид унинг аллақачон зулмат қаърига сингиб кетган хотирасини — ўзининг тамшаниб эмаётганини ва ўзига ҳам гуноҳкорона, ҳам қўрқув билан боқиб турган ёш ва опасининг навбатдаги қарғишидан дилдираб турган Арзихолни лип этиб ёритиб юборди.
Улжонни қабр тепасида ёлғиз қолдиришди. Унинг қирқ йилдан ошиқ елкасидан қўймаган ва азада суяниб турган таёғини бу аёлнинг ҳам изидан йиғлаб қолган кишиси бор дейишгандай шунчаки удум учун қабрга тиқиб қўйишди. Энди Улжон дастлаб Ражаб чўпоннинг, кейин эса қарийб ўттиз йил ўзининг қўли билан гоҳ ўчоқ бошида бутун ҳовлини тутунга тўлдириб юборгани, гоҳ куви пишаман деб ёғи билан қўшиб ағдариб қўйгани учун, гоҳ сигирни эмиб ётган бузоқ олдида, гоҳ хамири оқиб кетган тандир бошида Арзихолни таъқиб этган, қачон жаҳли чиқса, қачон қаҳри қўзиса, нуқул оёғи остида ўралашадиган, урган сари ургиси, хўрлаган сайин хўрлагиси келаверадиган, шунча хўрликларга индамай чидаб, яна мени ур дегандай қаршисида пайдо бўладиган, нимжон ва мажруҳ аёлни гоҳ турткилаб, гоҳ савалаб, ўзи ҳам энди савалаган сайин бир қучоқ қуриган ўтиндай кўтариб келишиб, манови дўмпайиб турган қабрга тиқишган аёлнинг устихонлари каби силлиқлашиб-ингичкалашиб қолган ва Улжон учун бу ҳаётда подасининг изидан эргашиб юрадиган итчалик ҳам қадри бўлмаган жимитдай жуссали аёлга берилган шунча йиллик хўрликларига “мана, мен гувоҳман” деётгандек қад кериб турган таёқ билан юзма-юз турарди.