Оғайним Алижонни кўрсам, ҳам куламан, ҳам куяман.
Бундоқ қарасангиз, бинойидек. Етти мучаси соғ, ақли-ҳуши жойида. Агар ўлгудек содда, болалардек ишонувчан ва хаёлпараст эканлигини нуқсон демасангиз, ҳеч қанақа камчилиги йўқ, кўнгли тоза йигит.
У ҳали ёш болалигидан отаси онаси билан ажрашиб кетган, билишимча, жуда ночор яшашарди. Шунга қарамай, акаси ўқиб, касб-ҳунарли бўлди-ю оёққа туриб олишди. Алижоннинг ўзи эса мактабдан кейин ўқимади. Ҳайдовчилик курсини битириб, автопаркка ишга кирди. Орамизда биринчилардан бўлиб ҳарбий хизматга бориб келди. Кейин яна ўзининг эски ишига қайтди. У шаҳар атрофига қатнайдиган йўналишли автобус ҳайдовчиси бўлиб ишларди.
Шу тахлит орадан йиллар ўтди…
Бир куни эшитсак, уни уйлантирадиган бўлиб қолишибди. Бу пайтда акаси аллақачон уйланиб, бола-чақали бўлиб кетган, онаси хасталаниб уйда ўтириб қолганди.
Хуллас, Алижоннинг тўйига ҳамма собиқ синфдошлари тўпланиб бордик. Тўй жуда чиройли ўтди-ю кутилмаганда хунук тугади. Алижон тўй ўтган куннинг эртасигаёқ “хотини билан ажрашаётган эмиш” деган гапни эшитиб, қотиб қолдик.
Маълум бўлишича, Алижонга олиб берилаётган қиз никоҳ куни кечаси йиғлаб, “Мени мажбурлаб сизга узатишяпти. Ўзимнинг яхши кўрган, юрадиган йигитим бор”, деганмиш. Энди, бу ёғини тасаввур қилаверинг! Алижон деганлари бир кечадаёқ адойи-тамом бўлди. Бунақа ҳодиса ҳеч кимнинг бошига тушмасин-у, жуда ҳунук бўларкан.
Ўша кунлари Алижонни гузарда кўриб, очиғи таниёлмай қолдим. Озиб-тўзиб кетган, соқол-мўйлови ўсиб, халқ таъбири билан айтганда, “иккита қулоғи билан битта бурни қолганди”, холос.
У мен билан истар-истамас кўришди. Мен буни сездиму, “Кўп сиқилма, оғайни. Айб сенда эмас-ку!” деб овутдим, к маъюс бош чайқади.
– Йўқ, бўшанглигим, кўнгилчанглигим бошимга етди, – деди ортиб. – Янгам “Узоқроқ қариндошимизнинг қизи. Хўп десангиз, бас” деса, лаққа тушиб ўтирибман. Ўша қиз билан учрашмабман ҳам. Олдидан ҳам ўтмабман. Энди билсам, унинг уйдагилари “юрадиган” йигитига узатишга қарши эканлар. Мана энди икки ўртада мен шарманда, қип-қизил томошақовоқ бўлиб қолдим…
Шу учрашувимиз, шу қисқагина гап-сўзимиз сабаб бўлдими, ҳайтовур, кейнчалик ҳам у билан тез-тез кўришиб турадиган бўлдик. Назаримда, у бизникига келиб, мен билан суҳбатлашса, хуфтон дили ёришади, юракдаги оғриқлари ҳийла босилади.
Мен мактабда ишлайман. Тил-адабиётдан дарс бераман. Баъзан, ўзим тенгги ёш ўқитувчи йигитлар билан “Халқа йўл” яқинидаги чойхонага бориб ошхўрлик қилиб турамиз. Бир куни қўярда-қўймай, Алижонни ҳам шу даврага судраб бордим. Жуда яхши ўтирдик-ку, зиёфат охирлаганда, Алижоннинг сал кайфи ошиб қолди ва уйга қайтиб келгунимча миямни қоқиб, қўлимга олиб берди.
“Барибир шаҳардан кетаман. Узоқроққа – тоққами, чўлгами, бирон дарё бўйигами? Ўша ерларда овчилик қиламан, балиқ тутаман, деҳқончилик билан шуғулланаман. Бу ерда акам билан янгамнинг қош-қовоғига қараб ўтираманми? Ўша ёқларда жайдари қишлоқ қизларидан бирига уйланаман. Туриш-турмушимни эпақага келтириб олгач, онамни ҳам олиб кетаман. Шундан кейин янгам ҳам, акам ҳам мендан қутилишади!”
Ўшандан кейин анчагача кўришолмай юрдик.
Мени пойтахтга “Малака ошириш курслари”га ўқишга юборишди. Бир ой қолиб кетдим.
Ишонасизми-йўқми, Алижон тушмагур, мени қидириб ўша ёққа ҳам борди. Тоза шаҳар айландик. Соатлаб суҳбат қурдик ва ўшанда ҳам мен Алижон аввалги романтик хаёлларидан қутула олмай юрганини сездим.
“… Яқинда биронта тоғ қишлоғига кўчиб кетаман. Ҳайдовчиларга ўша ерларда ҳам иш топилади, – давом этди у жонланиб. – Тасаввур қил! Шундоқ тоғ этагидаги қишлоқ. Жимжит… Битта буқа, иккита сигир, беш-ўнта қўй-эчки сотиб олиб боқаман. Сен ҳам келинни, болаларингни етаклаб дам олгани бориб турасан!..”
Оғайнимнинг шунақа хаёлпарастлиги, болалардек соддалигидан ҳайратланиб, унга меҳрим ошади, баъзан ҳавасим ҳам келиб кетади. Ётоқхонадаги суҳбатимиз кун ботгунча давом этди.
Ўша куни ётоқдаги ҳамхонам – Бакир деган оҳангаронлик ўқитувчи ёнида бир нотаниш йигит билан кириб келиб қолди. Кўришдик, танишдик. Суҳбатимиз суҳбатимизга қовушиб кетди. Қайтадан дастурхон тузатдик. Шишалар очилди. Меҳмонимиз – Зулқарнайн исмли йигит, довон йўлидаги Ойбулоқ деган қишлоқдан экан.
Алижон “довон” деган сўзни эшитиб, билрдан сергакландию, Зулқарнайнга қаради.
– Сўраганнинг айби йўқ. Сизнинг қишлоққа ҳам электр борганми? Кўчалари асфальтми? – сўради узундан-узун киприкларини пирпиратиб.
– Албатта, – илжайди Зулқарнайн. – Шаҳардан қолишмайди. Кўчаларимиз теп-текис. Мактаб, боғча, медпункт, ҳатто “супермаркет”имиз ҳам бор.
– Бе-е, бўлмабди, – қўл силтади Алижон ҳафсаласи пир бўлиб, – Унақада қизиқ эмас экан. Қишлоқ бўлса, тоғлар орасида бўлса… Сойлар, дарёлар шарқираб турса… Электр, чироқ, телевизор бўлмасаям майли!
Буни эшитиб кулишдик.
– Сиз айтгандақа қишлоқлар ҳам йўқ эмас, – кулимсиради Зулқарнайн.
– Қаерда? – кўзларини жавдиратди Алижон яна.
– Шундоқ тоғнинг ортида, – деди Зулқарнайн Алижонга маъноли қараб қўйиб. – Тоғларнинг орасида, кичкинагина. Ҳавоси қаймоқдек… Дов-дарахтлари кўп… Катта сой қишлоқни айланиб оқади… Аҳолиси асосан қўй-эчки боқади, деҳқончилик қилади. Узум, ўрик етиштиради. Сиз айтганингиздек, у ерда асфальт кўчалар у ёқда турсин, машина юрадиган йўлнинг ўзи ҳам йўқ. Одамлар отда, эшакларда юришади.
– Воҳ! Мен борадиган қишлоқ экан! – деб юборди бирдан Алижон завқланиб менга қараб қўяркан.
– Сиз айтганингиздек, электр ҳам йўқ. Одамлар лампа шиша ёқиб ўтиришади, – давом этди Зулқарнайн. – Лекин одамлари жуда содда, меҳнаткаш, жайдари одамлар. Қизларини айтмайсизми? Нақ, тоғ оҳуларининг ўзи. Бири биридан сулув…
– Оҳ, оҳ, оҳ! – яна хитоб қилди Алижон кўзлари чақнаб. – Менга манзилини беринг, биродар. Ўша ёққа бораман!
Яна кулишдик. Алижон ташқарига чиққанда мен меҳмон йигитга унинг мураккаб ҳаёти ва у азалдан шунақа хилват бир макон излаб, ўша ерда яшаб, ишлаш хавасида юрганини қисқача айтиб бердим. Зулқарнайн мени диққат билан эшитиб ўтирди-да, Алижон киргач, ҳикоясини яна келган жойидан давом эттирди.
– Мен ўзим у ерда атиги бир марта бўлганман-у, лекин умр бўйи эсимда қолган, – деди у энтикиб. – Нақ эртакнинг ўзи! Унинг олдида Швейцария курортлари бир пул. Жаннатнинг !филиали” дейсиз. Ҳавонинг тозалиги, ҳар хил маза-бемаза гап-сўзларнинг йўқлиги, умуман, тараққиётдан узоқлиги одамларнинг ҳам феъл-атворига таъсир кўрсатаркан, шекилли, у ердаги одамларнинг соддалигини кўриб ҳайрон қолгандим.
– Оти нима ўша қишлоқнинг? – сўради Алижон шошилиб.
– Тошбосгансой, – жавоб берди Зулқарнайн.
– Бўлди, мен Тошбосгансойга кетаман, – деди Алижон бир зум жим қолиб ва жиддий оҳангда қўшиб қўйди. – Ўша ерда уй қуриб, уйланиб, бола-чақа қиламан. Ўрик экаман, узум етиштираман, қўй-сигир боқаман…
Шу-шу қачон Алижонни кўрсам, ундан бир хил гапни эшитадиган бўлиб қолдим:
“Мана кўрасан, барибир Тошбосгансойга кетаман. У ёқда ҳаёт зўр. Бормагансан-да, билмайсан. Нақ жаннатнинг “филиали!” – дейди ҳаяжондан кўзлари чақнаб.
Мен эса унинг гапларини эшитиб, ҳар сафар ҳайрон бўламан, унинг ишонч билан, худди ўша қишлоққа бориб келгандек гапириши мени ҳайратга солади…
Хуллас, “малакани ошириб” келгач, яна ишга шўнғиб кетдим. Алижон ҳам автобус паркидан бўшаб, қанақадир қурилиш корхонасининг катта юк машинасини ҳайдашга ўтди. Кам кўришадиган бўлиб қолдик. Бир-икки уйига йўқлаб борсам, “Ҳали у вилоятга, ҳали бу туманга кетган дейишди.
Ахийри, бир куни гузарда унинг юк машинаси турганини кўрдиму, автобусдан тушдим. Алижон сигарет олгани дўконга кирган экан. Кўришдик. Машина кабинасида бирпас суҳбатлашиб ўтирдик.
– Кўринмай кетганингга аллақачон Тошбосгансойга жўнаворгандирсан, деб ўйлагандим, – деб ҳазиллашдим.
– Йўқ, боролмаяпман, – маъюс кулимсиради у. – Онамнинг тоблари йўқ…
Ўртага жимлик чўкди. Алижон бир лаҳза машинанинг олд ойнасидан номаълум бир нуқтага хаёлчан тикилиб қолди.
– Ҳалиям Тошбосгансой деб юрибсанми? – кулдим мен. – Энди бунақа бўлмағур хаёлларни қўй, оғайни. Катта бўлиб қолдик. Уйлан, бола-чақа қил…
– Аввал Тошбосгансойга кетай, кейин… – сўзимни бўлди Алижон хаёлчан товушда.
– Ўша қишлоққа ўзинг бирон мартаба бормагансан, кўрмагансан-ку, ахир? – қизишдим мен асабийлашиб.
– Бормаган, кўрмаган бўлсам ҳам, биламан. Тошбосгансой менинг иккинчи ватаним, – деди Алижон менга қарамай.
Ўша учрашувимиздан кейин орадан кўп ўтмади. Кеч кузнинг изғирин кунларидан бирида хунук хабарни эшитиб, донг қотиб қолдим.
Нима эмиш? Алижон ўзининг машинасида қайси бир чекка тумандан қайтаётиб, тўсатдан катта йўл юзига югуриб чиққан уч-тўртта болакайларни кўриб, шошиб қолибди… Тормоз босишга улгуролмаслигига кўзи етгач, рулни йўл четига буриб юборибди ва машина юк-пуки билан жарликка қулаб, Алижоннинг ўзи ўша ерда ҳалок бўлибди!
Бу гапни эшитдиму, уйига югурдим. Афсуски, ўша узун-қулоқ гап рост бўлиб чиқди. Алижон чиндан ҳам ҳалокатга учрабди…
* * *
… Орадан ярим йилча вақт ўтди. Эрта баҳор кунларининг бирида хизмат юзасидан пойтахтга йўлим тушдию, иттифоқо, бир вақтлар ҳамхонам бизни таништирган ўша Зулқарнайн исмли йигитни учратиб қолдим. У ҳам мени таниди. Автобус бекатида бирпас суҳбатлашиб қолдик ва мен унга Алижон, унинг фожиали ўлими ҳақида гапириб бердим.
Зулқарнайн бунга жуда ачинди.
– Эсиз, болалардек содда, беғубор йигит эди-я! – деди таассуф билан бош чайқаб. – Худо раҳмат қилсин. Оиласи бормиди?
– Йўқ. Айтгандим-ку, биринчи турмуши бўлмаган… “Тошбосгансойга бориб уйланаман, бола-чақа қиламан” деб орзу қилиб юрарди, – дедим мен ва қизиқсиниб сўрадим. – Ўша қишлоқ ҳалиям борми?
– Бе, қаёқда?! – деди Зулқарнайн лабларини қимтиб. – Унақа қишлоқ таг-туги билан йўқ. Ҳаётда кўрмаганман. Ўша куни сизлар билан чақчақлашиб ўтириб, оғайнингизнинг кўнглини кўтариш учун айтгандим… Баъзан ширин хаёллар ҳам қилиш руҳий мадад бўлади дейишади-ку?!..
Ўртага жимлик чўкди ва уни яна Зулқарнайн бузди:
– Бир гап айтайми, ака, – деди у ўйчан оҳангда. – Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам ўша қишлоқнинг борлигига ишонаман… Очиғи, кўпинча турмуш ташвишларидан чарчаганимда ўша ёққа бош олиб кетиб қолгим келади…
Мен қаршимдаги йигитни энди кўраётгандек ҳайрат билан тикилиб қолдим.
Шу тобда теварагимдаги кўп қаватли уйлару, асфальт кўчаларни кўзим кўрмас, қулоқларим том битган, сершовқин шаҳар, машиналар товуши, одамларнинг ғовур-ғувури ҳам эшитилмас, гўё ўша Тошбосгансой қишлоғи йўлида тургандек эдик, назаримда…